Абдулла АЪЗАМ. Аброрлар ҳайрати

alibek_rustamov

(фалсафий эссе)

Академик Алибек Рустамов таваллудининг 90 йиллигига бағишланади

Фалсафанинг бош муаммоси

Яратганнинг энг буюк мўъжизаси – инсон. Албатта, умуман табиат (борлиқ, материя) – мўъжиза. Бироқ тирик мавжудот – яна ҳам мўъжизавийроқ, инсон эса – энг олий мўъжиза.
Фалсафа инсонни ижтимоий мавжудот сифатида ўрганади, аммо одатда унинг табиатидаги мўъжизавийликни тадқиқот доирасига киритмайди. Ҳолбуки, ижтимоийлик бошқа жонзотларда ҳам кузатилади.
Инсоннинг бошқа мавжудотлардан, айниқса, жисмонан унга энг яқин одамсимон маймунлардан фарқи нима? Бу саволнинг жавоби моҳиятан “инсон нима (яъни, қандай хилқат)?” деган савол жавобидан келиб чиқади.
Файласуфлар бу саволга минг йиллар давомида жавоб излаганлар. Суқротнинг “Ўзингни англа!” деган хитоби остида ҳам аслида шу савол ётган.
Энг буюк файласуфлардан бири, дея эътироф этилмиш Иммануил Кант ҳам мазкур саволга жавоб излаган, “Фалсафанинг асосий уч муаммосидан бири – инсон моҳиятини англаш”, деган хулосага келган, уни ҳал қилиш устида шуғулланган, аммо қониқарли ечим топа олмаган ва эътиборини ахлоқ фалсафасига қаратган. Шунинг учундирки, умрининг охирларида ёзилиб, айнан инсон моҳиятига бағишланган “Антропология­га прагматик нуқтаи назар” асари, бошқа асарларидан фарқли, машҳур эмас.
Собиқ Шўро даврининг энг йирик профессионал файласуфи деса бўладиган Т.Ойзенберг (1914–2017) 2004 йили “Вопросы философии” журналига берган интервьюсида совет файласуфлари “Материя бирламчими ёки онг?” деган схоластик, сунъий табиатли муаммоларга, “Социализмнинг капитализмдан афзаллиги” каби амалда ўзининг тасдиғини топмаган масалаларга умрини сарфлашганини афсус-надомат билан таъкидлаб, фалсафанинг бош масаласи “Инсон нима?” деган саволга жавоб излаш эканини эътироф этган эди. Юз ёшдан зиёд яшаган бўлса ҳам, ечим тополмай вафот этиб кетди.
Ғарбу Шарқ мутафаккирлари ҳамон бу саволга жавоб изламоқдалар.
Албатта, ўтмишда ҳам, замонамизда ҳам саволга жавоб топгандай бўлганлар йўқ эмас. Аммо топилган жавоблар муаммони қониқарли тарзда ҳал этмаганки, умуминсоний тафаккур унсурига айланмаган.
Ҳолбуки, Алишер Навоий бундан беш юз йил аввал:
– Инсон нима?
– Одамнинг ҳайвондан қандай фарқи бор?
– Одам одамдан нима билан фарқ қилади?
– Одам нима учун дунёга келади?
– Одамнинг ҳаётидан нима маъно?
– Одам қандай яшаши керак?
– Одам вафотидан сўнг нима бўлади?
деган фундаментал саволларга жавоблар топган, жавобларни мукаммал фалсафий таълимотга айлантирган ва “Ҳайратул-аброр” рисоласида баён қилган.
Тўғри, бу асар шеър билан ёзилган ва шунинг учун достон дейилади. Қадимги Рим файласуфи Кар Лукрецийнинг “Нарсалар табиати ҳақида” рисоласи шеър билан ёзилган, шунга қарамай, у бадиий асар эмас, фалсафий рисола деб қаралади. Фахриддин Ироқийнинг соф фалсафий асари “Ламаъот” ҳам Ибн ал-Арабийнинг “Фусусул-ҳикам” рисоласининг назмдаги баёнидан иборат. Албатта, назмда ёзилган ҳар қандай асар адабиётга дахлдор. Фақат бу ўринда баённинг шаклидан кўра матннинг мазмунига кўпроқ эътибор қаратиш мақсадга мувофиқ.
Бошқа фалсафий таълимотлар сингари, Навоий фалсафаси ҳам бир-икки жумла билан ифодаланадиган, осонгина тушунтириладиган назария эмас. Уни изоҳлашни илдизларидан бошлаш, йўл-йўлакай у ёки бу баҳона билан асосий мавзудан чекинишлар қилиб боришга тўғри келади.

Тарихдаги биринчи она тили патриоти

Савол туғилади: нима учун Навоийнинг фалсафий таълимоти дунёга ёйилмай қолди? Бош сабаб – Навоийнинг патриотлигида.
Навоий форс ва араб тилларини мукаммал билган. Ўша даврда кўплаб буюк форсийнавислар ижодий мероси туфайли форс тили улкан ҳудуднинг адабий тилига айланган. Бундан аввал араб тили илму фан, айниқса “Қуръон” ва ҳадис илмининг тили сифатида мактаб ва мадрасаларда чуқур ўрганилган, Навоий даврида ҳам бу тенденция давом этган, албатта. Навоий Ҳиротда мактабда ва Машҳадда мадрасада эгаллаган араб тили бўйича билимини Самарқандда, бу тилнинг Абуллайс Самарқандийдек билимдони қўл остида ҳадди аълосига етказган. Бу шундан ҳам кўринадики, Навоий қаламига мансуб “Сабъату абҳур” номли қўлёзма мавжуд бўлиб, у 100 000 дан зиёд (!) арабча сўз ва иборалар луғатидан иборат.
Шунинг учун Навоий араб тилида ҳам бемалол ижод қилиши мумкин эди ва бунда унинг шуҳрати нафақат Шарққа, Ғарбга ҳам тез ёйилар эди. Хусусан, унинг асарлари XVI асрдаёқ Европагача етиб борарди – европаликлар араб тили билан муайян сабабларга кўра жуда эрта – IX-X асрлардан таниша бошлаган.
Навоий форс тилида ижод қилганда ҳам XVIII асрдан Европада шуҳрат қозониши мумкин эди – шу даврдан форс адабиёти вакилларининг шеър­ларидан намуналар немис тилига таржима қилина бошлаган. Низомийдан то Жомийгача. Уларни ўқиган Гёте қаттиқ мутаассир бўлган, ҳавас билан “Ғарбу Шарқ девони” деган шеърлар туркумини яратган.
Афсуски, немис тилига таржима қилинган муаллифлар сафидан Навоий тушиб қолган. Сабаби – у шоҳ асарларини она тилида ёзгани.
Гёте даврида шов-шув бўлган форсийнавис шоирлар шеърларига қизиқиш ундан кейинги Ғарб файласуфларида кузатилмайди. Бунинг сабаби – шеъриятга назм мухлислари қизиқиши, файласуфлар эса эътибор беравермаслигида. Ҳолбуки, Шарқ фалсафасининг кўплаб ғоялари шеърий асарларда акс этган. Саноий, Низомий, Аттор, Румий, Саъдий ва Жомий шоирдан кўра кўпроқ файласуфлардир: уларнинг ижодий мероси шаклан шеър, мазмунан кўпроқ фалсафага мансуб. Чуқур фалсафа. Гёте ҳам файласуф шоир эди, шунинг учун таржима қилинган ғазаллар ва дос­тонларнинг парчаларидан Шарқ фалсафаси моҳиятини пайқаган. Айнан шунга кўра, “Ғарбу Шарқ девони”да ҳам поэзияга нисбатан фалсафа кўпроқ. Биз ҳатто Гётени сўнгги файласуф-шоир дейишга мойилмиз. (Таъкидлаймизки, шоир-файласуфлар кўп).
Навоий форс тилида ижод қилганида, Гёте унинг асарлари, хусусан, “Ҳайратул-аброр” билан танишар ва Навоийни устоз дея тан олар эди, деб ўйлаймиз. Зотан, дунё тарихида Навоий каби ҳам фалсафий таълимот яратган ва унга тўлиқ амал қилган мутафаккир бир нечта, холос.
Хуллас, Навоий ўз шон-шуҳратидан она тилининг шон-шуҳратини юқори қўйди ва бутун истеъдодини асосан турк тили (ўша давр ўзбек тили)нинг мавқеини юксалтиришга йўналтирди.
Ҳеч шубҳасиз, бунга муваффақ бўлган.
Шунинг учун Навоий “Инсоният тарихидаги биринчи она тили патриоти”дир.
Бугун дунёнинг туркология илмий марказларида шуғулланадиган олимлар Навоий билан танишгач, унинг мухлисига айланмоқда. Навоийни ўқимоқда, ўрганмоқда. Навоий даҳосини эътироф этмоқда.
Шунга қарамай, Навоийнинг фалсафий таълимоти ўз қийматига яраша тарқаляпти ва баҳоланяпти, муҳими, инсоният ҳаётига етарлича таъсир ўтказяпти, дея олмаймиз. Бунинг сабабларидан бири – унинг таълимоти асосан назмий асарларида баён қилинган бўлиб, сифатли таржима қилиш қийин, шунинг учун Ғарбда уларни аслида ўқиб тушунадиганларнинг сони жуда оз.

(Давомини журналдан ўқийсиз)
2021/6

Ижтимоий тармоқларда ёйиш:
0 Menga yoqdi
0 Menga yoqmadi