Муҳаммад Али. Клеопатра

muhammad_ali

Тарихий роман

Ўзбекистон халқ ёзувчиси Муҳаммад Али халқимизнинг тарихий илдизларини ўрганишга қаратилган янги “Клеопатра” тарихий романини ёзиб тугатди. Қизиқарли сюжет чизиғига эга бу роман буюк миллий қаҳрамонимиз Спитамен авлоди бўлган машҳури замон момомиз, милоддан аввалги 69–30 йилларда яшаган Мисрнинг сўнгги маликаси, гўзал ва қудратли аёл Клеопатранинг суронли ҳаётига бағишланади. Ширали тилда ёзилган асарда қадимги Миср ва Рим манзаралари, ўтмиш давр этник қатламлари ва халқлари ҳаёти, турмуш тарзи, юнон афсоналари ўзининг бадиий ифодасини топган.
Муҳтарам журналхонлар ҳукмига ушбу романнинг айрим бобларини ҳавола этмоқдамиз.

Биринчи қисм

Биринчи боб

Фарос машъали

Улуғ денгиз гўё ҳеч нарсадан хабари йўқдай чайқалиб, қирғоққа бош уриб ётарди.
Денгиз бўйига худди узукдаги кўз мисоли ярашган Искандария шаҳри шовқин-суронга кўмилиб кетди. Бутун шаҳар марказий Каноб шоҳкўчасига тошиб чиқди. Шимолдаги Лохий буруни жойлашган боғ-роғларга чўмилган Птолемейлар саройи ва маъбуда Исида ибодатхонаси томондан кўчани тўлдириб келаётган – хор ва оркестр, кифара, арфа, систр, қасқонига арслон териси таранг қопланган доира сингари чолғу асбоблари тутган, йўқлари эса тунука лаганларни ушлаб темир таёқчалар билан урган эллик кишилар чамаси мусиқачилар осмонни бошга кўтаргудай айюҳаннос солишар, юракларни баргдай титратишарди. Кўчанинг бир томонида ўнта, иккинчи томонида ўнта, қўлларида шақилдоқларни ўйнатиб уларга жўр бўлаётган овозлари кучли одамлар қулоқларни батанг қилиб бўкириб қичқиришарди:

Биз – Мисрнинг сиримиз, сиримиз!
Миср – она еримиз, еримиз…

Суронни эшитиб уйларида жим ўтира олмаган кишилар бинолар ораларидан битта-битта чиқиб катта оқимга қандай қўшилишиб кетишганини сезмай қолишарди.
Оломон орасида сурияликлар, лидияликлар, ифриқийлар, мисрлик­лар, шумерликлар, готлар, фракияликлар, жуҳудлар, массагетлар, сак­лар, парфияликлар, албанлар, ҳиндилар, ёлланма юнонларни учратиш мумкин. Коҳинлар, сарой аъёнлари, саркардалар, ибодатхона хизматчилари, жангчилар, савдогарлар, бозорчилар, дўкончилар, баковуллар, усталар, кулоллар, қурувчилар, фаллоҳлар, тайинли иши йўқ дайди тиланчию юпун гадолар, девоналар, қуллар бари аралаш-қуралаш сафларни қуюқлаштириб юборган. Кўкда чуғурлашган қушлар ҳам ғаройиб томошага маҳлиё, йироққа кетишолмас, тепада айланишиб, гурр этиб у томондан, бу томонга учишгани учишган…
Ҳаммани ҳайрон қолдирган нарса, даранг-дурунглар ҳам, жунбишга кирган сурон солаётган одамлар ҳам, тип-тиниқ феруза тусли осмон ҳам эмас, издиҳом бошида шоҳона аробада ўлтирган, сурнай чалиб, атрофидаги созандаю гўяндаларни бошқариб келаётган, кимсан Миср ҳукмдори Птолемей Неос Дионис Филопатор Авлет, яъни – “Отасини севгувчи Янги Дионис Птолемей Сурнайчи” эди!
– Олампаноҳ Птолемей Авлет Филопатор омон бўлсинлар! – наъра тортишарди чап ёқдан.
– Птолемей Неос Дионис Филопатор узоқ замонлар давру даврон сурсинлар! – жўрликда ҳайқиришарди ўнг томондан.
Садолар ҳар тарафдан ёғилар, аммо биров бировни эшитмасди.
Кун ғарбга оға бошлади.
Йўлнинг чап томонида қирқ ёшлардаги сарой энагаси Персефона ўн тўрт яшар қизнинг қўлидан тутиб олганча одимларкан, дам-бадам ортига қараб:
– Ҳай яшшамагурлар! Имиллашларини!.. Ирада! Хармиона! Мелисса! Анқаймай-лалаймай юринглар! – деб қўярди.
Ўн икки-ўн уч ёшли гўзал жория қизлар қаттиққўл ва тақводор энага сўзларидан ҳушёр тортишади. Персефонанинг аждод-аждодлари узоқ йиллар саройда энагалик қилиб келганлар. Асрлар давомида бу оилада энагалик сирларини она – қизига, қизи эса ўз навбатида ўз қизига ўргатган. Лекин Персефонанинг фарзанди йўқ… Ҳозирданоқ ўзининг ўрнига кимни қўйиб кетишни ўйлайди. Унинг фикрича, бунга дуркунгина Ирада муносиброқ кўринади…
Одамлар энага билан ҳамманинг ичида ярқ этиб ажралиб турган қизга салом бериб, йўл бўшатиб, бир-бирларига “Фиръавн қизи!”, “Подшо қизи!..” деб шивирлаб имо-ишора қилишади. Орқадагилар ҳам бошларини чўзиб, мағрур бораётган кўҳлик бикр қизга бир қараб қўйишга ошиқишади.
Чиндан ҳам, бу Миср подшоси Птолемей XII нинг шаддод, шўх, ҳали ёш эканига қарамай довруғи таралган ҳурилиқо қизи Клеопатра эди. Унинг бошидаги ўртасига заррин бургут пати қадалган, иккита илоннинг бир-бирига талпиниб тургани тасвирланган олтин тожи ярақлаб, кўрганнинг диққатини тортади. Қизнинг бўйнида кўкрак билан елкани қоплаган безак­ли гулдор ёқа, икки билагида ўша матодан ясалган “билакузук”лар, эгнида белини оқ, қизил, сариқ энсиз тасмалар ўраган таги кўк сидирға кўйлак… Буларга уч қатор жияк-уқалари ярашган, пойчалари товонигача тушган, орқа томони ёқимли тўқ кўк рангдаги лозими қўшилиб, унинг қадди-қомати, кўрки-камолини аён кўрсатиб турар, боққан киши кўзини ололмай қоларди.
Қиз сурнайни қойилмақом чалиб, хор ва оркестр бошида келаётган ҳукмдор отасини кўриб, шоҳона аробага қўшилган кумуш юганли гижинг­лаган отига қараб ич-ичидан севинар, қувонар, ғурурланар, дам-бадам мамнун энагаси Персефонага кўз ташлар, айни пайтда нималардандир, отасининг сал дарвишнамолигиданми, ичида хижолат ҳам чекарди.
Падари бузруквори завқу шавқни ўлимдан юксак қўядиган, шаробу май, театру томошалар, айшу ишратлар ҳомийси, уларни уюштиргувчи, мухлисларига мангу ҳаёт бахш этгувчи юнон худоси Диониснинг тажассуми сифатида кўрарди ўзини. Ривоятларга қараганда, Птолемейлар аждодлари Дионисга бориб уланар эмиш. Ростдан ҳам, Птолемей XII Дионисга ўхшашга тиришар, томошалар жони-дили эди, худолар ҳаётидан пьесалар ҳам ёзар, подшо саройининг муҳташам залларида ўзи саҳнага қўяр, ижрочилардан бирига айланар, бу ҳам етмагандай, хор бошланганда ўрнидан туриб, сурнайини чалиб қўшилиб кетганини билмай қоларди.
Маъбуд Дионис – эҳтирос, кайфу сафога берилиш, майга ружу қўйиш, мастлик ила издан чиқиш, Европа, Осиё ва Ифриқияда узумзорлар барпо қилган соҳибкор, табиатнинг яратувчи қудрати тимсоли, шаҳвоний хоҳишлар рамзи. У доим қўлида қора барқут матога ўралган, учига қарағай ғуддаси қўндирилган асо тутган ҳолда юради. Агар маъбуд Аполлон – ёруғ нур, ақл-идрок мусаффолиги, борлиқда уйғунлик, ҳар нарсада тартиб, қонун ва меъёр-мезонни билиш тажассуми эса, Дионис – зулмат, шўришу ғавғо, ҳар бир одам кўнглининг туб-тубига, онгига эмас, онгининг ортига яшириниб олган, ҳамиша ташқарига отилмоққа шай турган айшу ишрат, тийиқсизлик, сира босилмайдиган ҳирсу ҳиссиётлар тимсоли…
Ёш қиз Клеопатра наздича, одамларга башоратчи, шифо улашувчи табиб, санъат ва кўчманчилар ҳомийси, паҳлавон эр йигит тимсоли, олтин сочли, кумуш ёйли ёруғлик худоси Аполлондан кўра, Дионис суюмлироқ, киришимлироқ, кирчимолроқ туюлади. Бунинг сабаби, Диониснинг, бошқа худолар каби, маъбуд ва маъбудалардан эмас, – чунончи, Аполлоннинг ота-онаси Зевс билан маъбуда Латона эдилар, – балки Зевс ва Фива подшосининг қизи, маъбудамас, Ер фарзанди Семела деган аёлдан туғилганидадир?..
Шундоғми, шундоғмасми, ҳарқалай, Дионис одамларга яқинроқ, табиати ҳам бандаларникига ўхшаб кетади! Балки Диониснинг онаси Ер қизи Семела экани учун йилда тўрт – марта арпа пишиғи, узум пишиғи, зай­тун ва зиғир ҳосилию бошқа йиғим-теримларга бағишланган Ерни, оддий меҳнат кишиларини шарафлайдиган Дионис байрамлари ўтказилар. ­Тантаналарда ҳамма – каттадан-кичик, бою қарол, эркагу аёл жони роҳатда яйрайди. Ҳамма ерда вақтичоғлик бошланади, одамлар турмуш икир-чикирларини унутади, ғаму андуҳларни нари қувади, бунда хоҳлаганча овқат тановул қил, тўйганингча майдан нўш эт, ўйна-кул, яйра, Дионисни васф айлайдиган сурнай ва кифара наволарига йўғрилган дилтортар қўшиқлардан айт, завқу шавққа мустағриқ бўл, нафсингга эрк бер, дилдорингни бир чеккага торт, айшингни сур…
Бу байрамнинг номи – вакханалия. У – меҳнат байрами, борлиққа тўлиб-тошган қувончлар намойиши. Олам-жаҳон ёрқин рангларга чулғаниб, ҳамма нарса рост, табиий кўринади бу байрамда. Бари инсоннинг асил тийнати, унинг табиати, руҳиятидан келиб чиқади. Инсон борлиқ оламнинг бир узвига айланади, уни на худолардан, на махлуқлардан фарқлаб бўлмай қолади…
Зевснинг хотини – никоҳ илоҳаси, қаҳри қаттиқ Гера ўз ўғли – уруш худоси Ареснинг ёвуз ва айёрлиги, шу сабаб ҳатто худоларга ҳам ёқмаслиги-ю, ўгай ўғли Дионис номи эса ҳамманинг тилидан тушмаслигини кўргач, аламига чидамай, унга ёмонлик тилаб дуоибад этди ва қаттиқ қарғади. Худолар жазо беришни ўйласа, аввал одамни ақлдан айиради. Қарғишга учраган Дионис ҳассага таяниб, телбаҳол, эллар аро сарсон-саргардон кезади, ортидан эса ҳамтабақлари – ярим яланғоч қулу чўрилар, эчкиоёқ сатирлар – ишқ муҳиблари, маст-аластлар, дайди девоналар, саёқлар эргашиб юради…
Ростини айтганда, Клеопатранинг ўзига ҳам Дионис кўпроқ ёқади. Мана, отаси ўз номига “Янги Дионис” лақабини қўшиб олди. Ёш маликанинг ҳам кўнглида, онги ортида, ортининг ҳам ортида тийиқсиз эҳтирослар жавлон уради, ёруғликка чиқай деб ғавғолар қилади. У буни теран сезади. Агар дунёга меҳр қўйса, бутунлай меҳр қўйишни, кимдандир нафратланса, то абад ёмон кўришни, қувонса боши кўкка етгунча қувонишни, йиғласа, кўзларида охирги томчи ҳам тўкилиб то қон чиқмагунча йиғлашни истайди… Ўртада бошқа йўл йўқ.
Миср – унинг Ватани. Фиръавнларнинг ўттиз бир сулоласи, Буюк Искандардан кейин уч юз йил давомида боболари Птолемейлар даврон сурган Миср тупроғи озодлик ва ҳурлик нашъу намоси ила безаниб келмоқда. Бу Сурия эмас, Қибрис эмас, Карфаген эмас, Киренаикага ўхшамайди, Парфияга ҳам. Бу – ўз номи билан Миср, сирлар, ажойиботлар ўлкаси. Отаси Птолемей XII ҳар сўзида, Миср истиқлоли энг олий мақсадимдир, ётнинг оёғи муқаддас еримизга тушмаслиги керак, боболаримиз ҳам шундоқ йўл тутганлар, жонимни бераман, аммо унинг эркинлигига дахл этишларига асло йўл қўймайман, қизалоғим, буни ёдингда тут, деб тайинлайди.
Қандай тенгсиз сўзлар! Қиз эса ўйланганча, бу қутлуғ сўзларни юрак-юрагига жойлайди. Клеопатра шунинг учун ҳам отаси подшо Птолемей XII Янги Дионис Филопаторни беқиёс яхши кўради ва ич-ичида у билан фахрланади. У ҳам Миср фарзанди, она юртини бир фарзанддай севади, унинг учун ҳеч нарсасини аямайди, керак бўлса, жонини, умрини фидо қилади…
Хурсанд Персефона Клеопатрага қараб, шундай шовқин-сурон ичида унинг хотиржам хаёлларга чўмиб кетганидан ҳайрон қолмади. Унинг одати шунақа, катта одамларга менгзайди.
Энага хурсандчилигининг боиси бор: уч йил олдин Клеопатранинг туғишган эгачиси малика Береника IV фитналар уюштириб, ёмон одамларга қўшилиб, отасини Мисрдан бадарға эттирди, тахтга мингач, Персефонани Клеопатра ва жориялари билан бирга саройдан четлаштирди, очиқчасига қувиб сарсон қилди, эркин нафас олишига қўймади…
Уларга изма-из узун-қисқа бўлиб бораётган икки бақувват қул – баланд бўйли Аполлодор билан калтабақай Виссарион ўзларига топширилган подшо қизини қўриқлаб боришдай вазифадан ғоятда мамнун эканини яширмасди.
Асли пелопоннеслик Аполлодор саргардонликда юра-юра Мисрда қўним топган, мисрликка айланиб кетганди. Птолемей XII Сурияда қувғинда эканида, унинг хизматига кирди, бақувват ва эпчил йигит ўз одоби-тутуми билан подшога маъқул келди. Оқибатда у Клеопатра қуллари қаторидан жой олди. Содда ва тўғрисўз Виссарион эса мисрлик, Мемфисга яқин қишлоқда туғилган, омади чопиб, подшо саройига хизматга кирганди. Йигитни жория қиз Мелисса қизиқтирарди, унга қарагиси келаверарди, бу, албатта, ичида… Йигит қизни кўрса олами ёришиб кетгандай туюларди. Мелисса буни сезарди, аммо ўзини билмаганга оларди.
– Подшойимнинг яна тахтга қайтганлари зўр бўлди-да! – деди қувониб Аполлодор.
– Бўлди, бўлди… – жилмайди Виссарион. – Буни қарагин! Буюк Искандар подшодан буён уч юз йил ичида Птолемейлар сулоласининг эллик нафари юрт сўрабди. Бизнинг подшомиз ўша сулоладан. Шунга қарамай одамлар қарши… Уч йил олдин фитна қўзғаб, исён кўтариб, уни Мисрдан ҳайдагандилар…
– Фитначилар кўп… Ажабо, Виссарион, фитналар уюштиришади, ҳамма билади, аммо ҳеч ким уларни жазолаш керак, танобини тортиш лозим, демайди, қул ҳам, подшо ҳам… У нопоклар подшонинг хаёлини ўғирлашади, чалғитишади, билганларидан қолишмайди. Сени қоралаб, бир-икки туҳмат гап қилишса подшо ҳам ишонади, сени ёмонга чиқаради. Ҳа, подшомизнинг қайтганлари шунчалар яхши иш бўлдики, нариёғи йўқ. Римликлар ёрдам берди-да, римликлар… Габиний аскарлари. Бу ёғини сўрасанг, уларнинг ичида Сурия, Киликия ва бошқа вилоятлардан ёлланган ўғрилар, қароқчилар, дордан қочган қуллар бор, ҳа… – Аполлодор маъноли, оркестрдан орқароқда йўлни тўлдирган кенг ола-була чопонларга ўралган, соқол қўйган, ола-қура матодан қалпоқлар кийган суворийлар тўдасига бир назар ташлаб фикрини давом эттиради. – Яхшиямки, римликлар бор, “Ҳой! Ҳой!”, деб йўл кўрсатиб тургувчи, йўлга солгувчи, адашсак, бир шапалоқ уриб эсимизни жойига киритиб қўйгувчи, бўлмаса биз мисрликлар бир-биримизнинг гўштимизни ейишдан ҳам тоймаймиз…
– Ҳа… гўштимизни еб, суягини бир ёққа йиғиб ҳам қўямиз… – заҳарханда сўз қотди Виссарион.
Искандариянинг марказий Каноб шоҳкўчаси бутун шаҳарни кесиб ўтади, шарқдаги “Қуёш дарвозаси”ни ғарбдаги “Ой дарвозаси” билан боғлайди. Бу муҳташам, чиройли ва донғил кўчанинг ўқдай тўғрилиги инсон ақлини шоширади, узунлиги саккиз минг қадам, эни ўттиз беш қадам бўлиб, икки томонида кета-кетгунча тилла суви юритилган нақшинкор мисрий колонна-устунлар, уларни безаган хурмосифат муқарнаслар, маҳобатли ибодатхоналар, бежирим бутхоналар, аркони давлат ва оқ­суякларнинг дабдабали кунгурадор иморатлари бўй чўзган.
Кўчанинг ўртасидаги Месопедион деб аталадиган катта майдонда Буюк Искандарнинг подшо Птолемей II томонидан тикланган маҳобатли мақбараси жойлашган. Бу ерни зиёрат этмоқ Рим императорлари учун одат тусига кирган.
Чап томонда Адлия ишлари саройи, Серапис ва Исида ибодатхонаси қўр тўккан, ўнг томонда Гимнасий, Кронос ибодатхонаси қад кўтариб турибди. Кўчадан юрган одам ўзини худди колонналар ўрмони ичидан ўтаётгандай сезади. Клеопатра бу бинолар орасида чинглинг шаҳарчага ўхшаган, эни тўрт юз, узунлиги, чамаси, минг қадам чиқадиган Мусейон ва унинг ичида жойлашган Искандария кутубхонасини барча-барчасидан ортиқ кўради. Кутубхонада муҳташам заллар, қироатхоналар, нақшинкор бўлмалар, баҳаво дарсхоналар, шинам аудиториялар, китоб сақланадиган хоналар, кенг долонлар, жами мингдан ортиқ хоналар мавжуд эди. Ёш маликанинг кўп вақти шу ерда ўтар, кўп тилларни биладиган Орест-муаллимдан сабоқ олар, кутубхона нозири файласуф Клавдий Иеронимдан дунё, коинот, Миср, Рим, илм, фалсафа, беадад олам янглиғ инсон тафаккурининг мўъжизаларидан ваъзлар эшитар, ақли тўлишарди. Гоҳида шаҳарнинг Серапион мавзеида жойлашган иккинчи кутубхонага ҳам бориб турарди.
Лохий бурунидан жанубга элтадиган иккинчи катта кўча эса Каноб шоҳкўчасини кесиб ўтиб, шаҳарни тўрт депарага бўлади. Шаҳар деворига мувозий қурилган кунчиқишдан кунботишга борадиган еттита катта кўча шимолдан жанубга чўзилган ўн бир кўча ҳам бир-бирлари билан кесишади. Ёз ойларида кўчаларнинг тўғри ва тахтиравонлигидан, сарин денгиз шабадаси тўсиқсиз шаҳар йўлларини, боғларини эмин-эркин оралаб, танга роҳат бағишлайди.
Милоддан аввалги 332 йилда Буюк Искандар фармонига кўра денгиз бўйида Ракотис деган қишлоқча ўрнида қад ростлаган бу улкан шаҳар лойиҳасини родослик меъмор Дейнократ яратганди. Бу пайт жаҳонгир Фиви шаҳрини вайронага айлантириб, Юнонистонни тўла ўзига бўйсундирди, Кичик Осиё майдонларида от чоптирди, Форслар подшоси Доро III ни мағлуб этди, Фаластин, Сурия ва Мисрни батамом ўзига қаратди, лекин ҳали “Осиё подшоси” унвонини олиб улгурмаганди.
Искандар кемадан тушиб, Миср тупроғига илк бор қадам қўйганидаёқ шу ерни ёқтириб қолди ва унда чақмоқдай фикр туғилди: “Мана шу ерда шаҳар бунёд этилажак!” Тўрбурчак шаклдаги узунлиги беш, эни бир ярим километр шаҳар тархи чизилган қоғозга, бешта йирик ҳарф ёзди: “АБГДЕ”. Бу – қадимги юнон тилида “Александрос Базилевс Генос Диос Ектисе” сўзлари бўлиб: “Искандар-подшо, Зевс зурёди, шаҳар тамал тошини қўйди”, маъносини берарди. Кейинчалик тарихчилар, бу ҳарфларни шаҳарнинг зиё, илм ва ижод маскани сифатида дунёга донг таратишига ишора эди, деб шарҳладилар.
Шаҳар лойиҳаси кўркам ва бежирим чиққанидан, денгизнинг шарқий қирғоқларида жойлашган Родос, Милет, Эфес, Пергам, Магнесия каби шаҳарларда ҳам ундан намуна олгандилар. Шаҳарда кўп нарса ишлаб чиқариларди. Юнонистон, Парфия, Сурия, Ҳабашистон каби мамлакатларга ипак мато, фил суяклари, қурилишда ишлатиладиган турфа хил тошлар, ҳайкаллар, зумрад, феруза ва маъдан идишлар, жун кийимлар сотиларди. Айниқса, Миср гиламларининг харидори кўп эди. Денгиз орқали Ҳиндистон билан тижорий алоқалар яхши йўлга қўйилганди.
Издиҳом шаҳарнинг Месопедион майдонига яқинлашиб қолди. Одамлар оқимидан кўча тирсиллайди, бамисли лиммо-лим тўлиб оққан, қирғоғидан ана тошиб кетаман, мана тошиб кетаман, деган дарёни эслатади. Ўнг томонда сарой ҳарам оғаси катта каллали Потин, новчадан келган файласуф ва нотиқ Теодот, буқабўйин саркарда Ахиллас бирга суҳбатлашиб боришарди.
– Ана бу сурнайчига бир қараб қўйинг! – юзларини аста силаб қўяркан, масхараомуз кулди қирқ беш ёшлардаги кўсанамо Потин шерикларига, подшо ёққа қараб. Ҳарам оғасининг ингичка овози қулоққа ботгудай жаранглади. – Подшоми шу? Подшо эмиш!.. Мисрнинг шўри қуриган экан-да, куни шундай телба-тескариларга қолди-я. Афсус…
– Уч йил олдин қувилиб, ўрнига унинг қизи Береника IV тахтга чиққанди. Отасини қувган, унга қарши исён кўтарган ҳам шу қизи. Қувонган эдик… – сўзга қўшилди гирдиғумдан келган Ахиллас. – Бекорга қувилмаган, чунки у сурнай чалишдан бошқага ярамайди. Топиб олгани ўйин-кулги, айш-ишрат бу телбанинг… Қарға қағ этадур, ўз вақтини чоғ этадур. Мана, яна юртга қайтибди… Малика Береника IV ни эса ўлдиришга буюрибди. Тахтни деб ўз жигаргўшасини ўлдирди-я, номард… Ўзимиз ҳам бепарво қарадик, бу гап рост…
– Римликлар билан тил топишди-да, баттол… – деб ғўлдиради аламли Потин. – Топади бу… Телба деймиз-у, йў-ўқ, телба эмас, ишига пухта, ичидан пишган, жуда пишган, тулкидай айёр. Ўзини телбага солиб юради, холос. Сизу биздан ақлли. Бундан тўрт йил аввал, эсингиздами, Рим императори Юлий Цезарь Мисрни Римга қўшиб оламан деб иддао қилганди. У Миср тугул, бутун дунёни эгалламоқчи! Бу гап оламни тутиб кетди. Шунда Птолемей Филопатор Авлет, Миср мустақиллиги муқаддас, уни сақламоқ керак, деб дарҳол Цезарга ошкора олти минг талант кумуш ришва чўзди. Цезар-а! Ҳатто Цезардай подшо ҳам пора олди-да, ип эшолмади. Ҳа-ҳа, буни ришва-пора дейдилар! Сахийликни кўрингки, Қибрис оролини ҳам порасига қўшиб юборди…
– Порани ўшанда ёлғиз Цезарь олмади, уялди, шекилли, триумвирлар Красс ва Помпейлар билан бўлишиб олди. Очиқчасига, куппа-кундузи!  – аниқлик киритди Ахиллас. – Кумушнинг бир донаси Римнинг хазинасига тушгани йўқ… Подшога эса Сурия ноиби Габиний аскарлари ёрдам бериб, ҳаммасини тинчитди. Унга ҳам ришва узатганми ё, номард…
– Бу аниқ! Ўн минг чўзди Габинийга ҳам! Габинийнинг аскарлари шу ердан кетолмай қолди-ку. Важи бу ёқда-да… – бир кўзини қисиб қўйди Теодот. – Ҳа, Птолемей XII катта ўйинчи! Оти ҳам подшо эмас, сурнайчи, яъни Авлет! Бу лақабни римликлар қўйиб берди, ҳа! Бу туришда узоққа бормайди. Бизларни Амон-Ра қўллаяпти, подшонинг ўғли беш яшар Дионисий, жуда ақлли, зийрак, ажойиб бола бўлиб ўсяпти-да! У осмоннинг устуни қани, деб сўрайди, ҳозирча йўқ, сиз бўласиз-да, дейман унга… Жилмайиб қўяди. Мана, кўрасизлар, у фиръавн мақомига эришади, шак-шубҳасиз эришади, Птолемей XIII номини олади, дунёни эгаллайди… Рим ҳам бир чеккада қолиб кетади ҳали!
– Хўб айтдингиз! – қўллаб-қувватлади Ахиллас.
– Унга ким оталик, устозлик қилаётир ахир? У кимнинг тарбиясини олмоқда, кимдан билим ўрганмоқда?.. – Теодотни мақташга тушди Потин. – Файласуф, нотиқ, ақли тошни ёрадиган, зеҳни Нилдан ҳам чуқур, ҳурмати баланд Теодотнинг нақ ўзлари-да!..
– Бу гап рост. Келажакда фиръавн Птолемей XIII нинг устози ва маслаҳатчиси Теодот жаноблари деб аташурлар… – қўшилди Ахиллас гапга яна пишанг бериб.
Аллақандай ғурурдан кўнгли ёришган Теодот сийрак чўққи соқолини силаганча, хиёл ёшланган кўзларини кунботишга – Фарос машъали тарафларга тикди. У ўз шогирдининг машҳур подшо ва етук саркарда сифатида камол топишига комил ишонч билан қарар, бу йўлда ҳар қандай қийинчиликни енгиб ўтишга шай турарди.
– Ҳа, кунлар келади, Дионисий тахтни эгаллайди, у фиръавнларнинг ўттиз иккинчи сулоласини бошлаб беради, фиръавнларнинг буюк шон-шуҳратини оламларга ёяди!.. Ҳали кўрасиз, шогирдим Дионисий учун Фарос машъалини, албатта, бир ўчириб ёқамиз!
Файласуф Теодотнинг сўзлари қатъий жаранглади, унинг овози Потин­нинг ҳам, Ахилласнинг ҳам кўнгилини бирдан ёриштириб юборди.
Одамлар дарёси Искандариянинг ғарбидаги Фарос оролига қараб оқарди. Бу ерда бундан икки юз эллик йиллар муқаддам Птолемейлар сулоласи асосчиси Птолемей I Сотер дунёнинг уч мўъжизасидан бири ҳисобланадиган Фарос машъалини бунёд этишни буюрган. Баландлиги бир юз ўн метрдан иборат машъала биноси юқорига кичрайиб борадиган уч қаватли мурабба шаклида эди, узоқлардан ёрқин юлдуздай кўринарди, денгизчилар Фаросга юз километр қолгандаёқ ланғиллаб ёниб турган машъалага кўзлари тушарди.
Хор ва оркестр шаҳарни орол билан боғловчи, Шарқий ва Ғарбий порт­ни бир-биридан ажратиб турувчи узунлиги минг уч юз метрлик Гептастадион дамбасига чиқди. Қош қорая бошлади. Денгиз рангсизланишга турди. Кўп ўтмай суронлар ичра бу ерда Птолемей XII нинг тахтга миниш шарафига ўчирилган машъалани қайтадан ёқадилар.

(Давомини журналдан ўқийсиз) 2021/6

Ижтимоий тармоқларда ёйиш:
0 Menga yoqdi
0 Menga yoqmadi