Сельма ЛАГЕРЛЁФ (1858–1940) Нильснинг ёввойи ғозлар билан саёҳати

(Eingeschränkte Rechte für bestimmte redaktionelle Kunden in Deutschland. Limited rights for specific editorial clients in Germany.) *20.11.1858-16.03.1940+Swedish authorNobel Prize laureate 1909at her desk in her homePhoto: Martin Munkacsy (Photo by Martin Munkacsi/ullstein bild via Getty Images)

Эртак-қисса

 

* * *

Атоқли болалар ёзувчиси Сельма Оттилия Ловиза Лагерлёф 1858 йилда Швециянинг Верланд вилоятида таваллуд топган. У қадим халқ эртаклари, ривоят ва афсоналарга таяниб, ўзига хос адабий олам яратган, борлиқни болалар нигоҳи билан кўриб, болалардек самимий, тиниқ ва рангин услубда тасвир этишга моҳир адибадир.

С.Лагерлёф “Эртак ҳақида эртак ҳамда бошқа эртаклар” (1908), “Лильекрунлар уйи” (1911), “Аравакаш” (1912), “Тролли ва одамлар” (1915–1921), “Бадарға қилинган одам” (1918), “Морбакка” (1922), “Болалик ёдномалари” (1930), “Кундалик” (1932), “Иблис мўъжизалари” (1897), “Кўринмас кишан” (1894), “Кунгаҳелла маликалари” (1899), “Қадимги хазина ҳақида ривоятлар” (1899), “Жаноб Арненинг пуллари” (1904), “Исо ҳақида афсоналар” (1904), “Португалия императори” (1914), “Лёвенёльдлар узуги” (1925), “Шарлотта Лёвенёльд” (1925), “Анна Сверд” (1928) сингари ўнлаб китоблар муаллифи.  У шу каби ёднома, саргузашт-қисса, фантастик-тарихий романларида фольклор ва адабий хаёлот қудратини санъаткорона уйғунлаштира олгани учун  1909 йилда халқаро Нобель мукофотини қўлга киритган.  Сельма Лагерлёф мазкур мукофотнинг адабиёт соҳасидаги биринчи аёл совриндоридир.

Қуйида унинг машҳур “Нильснинг ёввойи ғозлар билан ғаройиб саёҳати” эртак-қиссасидан айрим бобларни эътиборингизга ҳавола этмоқдамиз.

 

Таҳририят

 

 

 

1-БОБ

 

1

 

ЎРМОННИНГ  МИТТИ  ЖОДУГАРИ

 

Швеция қишлоқларидан бири – Вестменхёкда  бир вақтлар Нильс исмли бола  яшаган. Бола ўз номи билан бола-да. Нильс, жайдарича айтганда, ерга урса, кўкка сапчирди. Яхши ўқимаслиги, қулоқсиз ва шумтакалиги сабаб кундалигини  фақат “икки” баҳолар безарди. Текканга тегиб, тегмаганга кесак отадиган бу шоввознинг ўрмондаги қушларнинг инини бузиш, ҳовлидаги ғозларга тегажоғлик қилиш, товуқларни чирқиратиб қувиш, сигирга тош отиб тинчини бузиш, уйнинг бир кунжида тинч ётган мушукни ушлаб, деворга осилган қўнғироқчанинг арқонини тортгандек думидан силтаб азоблаш каби хурмача қилиқлари талайгина эди.

Нильснинг шу хилдаги қилиқлари у ўн икки ёшга тўлгунча давом этди. Кейин эса ҳаётида кутилмаган ҳодиса юз берди.

Бу воқеанинг тафсилоти шундай: якшанба кунларининг бирида отаси билан онаси қўшни қишлоқдаги бозорга борадиган бўлиб қолди. Нильс уларнинг тезроқ кетишларини тоқати-тоқ бўлиб кутарди. “Тезроқ жўнаб қолишсай-ди!” кўнглидан ўтказди Нильс, отасининг девордаги михга осиғлиқ ов милтиғига ер остидан кўз ташлаб. – “Болалар, қўлимда ов милтиғини кўриб, ҳасаддан ичлари куйиб адо бўларди-да”.

Отаси унинг ичида қандай фикр кечаётганини сезгандек:

– Ҳой бола, уйдан бир қадам ҳам жилма! – деди қатъий қилиб. – Дарсингни қил, кунингни бекорга ўтказма. Тушундингми?

– Тушундим, деди Нильс, аммо “Нимага мен якшанбани бошқалар­дай дам олмай,  дарс қилиш билан ўтказишим керак?” дея ўйлади.

– Ўқигин, болам, ўқигин, хўпми, – деди онаси меҳрибонлик билан ва токчадан дарсликни олиб стол устига қўйди, ўғли ўтириши учун курсини унга томон сурди.

Отаси дарсликнинг ўн бетини ажратиб белгиларкан, қовоғини уйганча қатъий оҳангда буюрди:

– То бозордан қайтгунимизча шу ўн саҳифани ўқиб, сув қилиб ичасан. Келиб текшираман.

Ниҳоят, улар чиқиб кетишди.

“Ота-онамга қандай яхши, эркин қушлар-а! – оғир хўрсинди Нильс. – Мен эса бу бош оғриқ дарсликнинг дастидан қопқонга тушган сич­қондайман”.

Нима қилиши керак? Нильсга отасининг феъли беш қўлдай аён. Ялқовлик қилса, оқибати яхшилик билан тугамайди. У яна чуқур хўрсин­ди ва ноилож курсига чўкди. Олдидаги дарслик саҳифасига қанча кўз ­ташлаган бўлса, ундан ҳам кўпроқ қаршисидаги деразадан кўчага қарарди. Бу бошоғриқ иш чиқмаганда у ҳам бугун мириқиб ўйнарди.

Йилнома бўйича ҳали мартнинг боши бўлса ҳам, бироқ, – Швециянинг жанубида кўкламнинг қиш устидан ғалаба қилаётгани сезилиб турар, буни ариқларда оқаётган сувнинг тезлашганидан, дарахтларнинг бўртиб қолган куртакларидан ҳам  билиш мумкин эди. Айниқса, қора қайинзорли қалин Бук ўрмони дов-дарахтлари новдаларининг яшил тусга кираётгани, тунд булутлар сийраклашиб, тиниқлашиб  бораётган  кўклам осмони қировли қиш аёзининг чекинганини аниқ кўрсатиб турарди.

Шундоқ деразанинг тагида товуқларнинг қанотларини керганча ҳурпайиб донлаб юриши, чумчуқларнинг сакраб-сакраб бир-бирини чўқилаб  шовқин солиши, ғозларнинг лойқа кўлмак сувини қанотлари билан шалоплатиб ғағалаши ҳам баҳор келганидан дарак берарди.  Атрофи баланд девор билан тўсилган молхонадаги сигирларнинг кўкламни ҳис этиб, бор овози билан мўъраши, кишига гўё: “Бизни оғилхонадан чиқариб юборинглар, оғилхонадан чиқариб юборинглар!”, деётгандек туюларди.

Нильс овозини баралла қўйиб бақиргиси, қўшиқ айтгиси, қўшни болалар билан бирга ўтлоқзорда у ёқ-бу ёққа югуриб,  шовқин-сурон солиб ўйнашни хоҳларди. У алам билан кўзини деразадан узиб, яна китобга  тикилди. Ўзини зўрлаб ўқишга кўришди. Ҳарфлар эса нигоҳига тутқич бермай, ўз-ўзидан сакраб кетар, сўз қаторлари гоҳ бир-бирига қўшилиб кетса, гоҳ ҳар ёққа сочилиб кетарди. Бироқ, бу ҳол  кўпга чўзилмади. Нильс пинакка кетганини  ўзи  ҳам сезмай қолди.

Бола ниманингдир шитирлаган товушидан уйғониб кетмаганида, ким билади дейсиз, эҳтимол, у шу кўйи кечгача ухлаши ҳам мумкин эди. Нильс бошини кўтариб, қулоғини динг қилганча атрофга кўз ташлади. Ўтирган столининг қаршисидаги осиғлиқ ойнада бутун бошли хона тўлиқ кўринарди.  Нильсдан бўлак хонада ҳеч ким йўқ… Гўё ҳамма нарса тартибли, ҳаммаси ўз жойида. Кутилмаганда… Нильснинг  бақириб юборишига сал қолди! Кимдир сандиқнинг қопқоғини очган эди.

Сандиқда онаси ўзининг энг ноёб буюмларини сақларди. Бу ерда унинг қизлик ва келинчаклик давридаги кийимлари – деҳқонча мовутдан кенг қилиб қўлда тикилган юбкаси, майда мунчоқлар қадаб безатилган гулдор нимчаси, қордек оппоқ қилиб крахмалланган иссиқ ва юмшоқ бош кийимлари, кумуш тўқа ва занжирлари турарди. Онаси бу матоҳларини ўзидан бошқа ҳеч кимга ишонмас, Нильсни ҳатто унинг яқинига ҳам  йўлатмасди. Сандиқни қулфламай қолдириш ҳақида гапириш  у ёқда турсин, буни хаёлга келтириш ҳам мумкин эмас. Бирон юмуш билан уйдан кўчага чиқиш зарурати туғилиб қолганда ҳам онаси энг аввал сандиқнинг қулфини кўздан кечиради. Ҳа, бугун ҳам онаси бир эмас, икки марта остонадан орқасига қайтиб, сандиқнинг қулфини бир неча бор силтаб тортиб кўриб, ишонч ҳосил қилгачгина  чиқиб кетганини Нильс яхши эслайди.

Унда сандиқни ким очди экан?

Нильс пинакка кетганида нарсаларни  ўмариш учун хонага ўғри тушган бўлса, демак, у ҳали шу ерда – қаергадир бекиниб турибди. Балки эшикнинг орқасидадир ёки шкафнинг ичига яшириндимикан? Нильс дамини ичига ютиб, киприк қоқмай кўзгуга тикилди.

Сандиқнинг бурчагида қандайдир соя борга ўхшайди. Ҳа, у ростданам қимирлаяпти… Секин ўрмалаб чиқаяпти… Сичқон? Йўқ, сичқонга ўхшамайди…

Нильс унга тикилатуриб, кўзларига ишонмай қолди. Сандиқнинг бир четида миттигина одамча ўтирарди. У худди инсониятнинг қайта дунёга келиши  ҳақидаги қадимий тақвим суратларидан ажралиб чиққанга ўхшарди. Бошида кенг соябонли шляпа, эгнида ёқаси тўр билан безалган манжетли  қора чакмонча, тиззасигача чўзилган пайпоғининг иплари капалак нусха қилиб боғланган, оёғидаги қизилранг сахтиён туфличалари устидаги кумушранг тўқачалар йилтиллаб турарди.

“Ҳа, бу ўша ўрмоннинг митти жодугари – Гном![1]– Нильс ниманидир эслади. – Худди ўзи, ҳақиқий одамнусха митти гном!”

Нильсга онаси ўрмоннинг одам қиёфасидаги сеҳргар махлуқлари  ҳақида кўп гапирган. Унинг айтишича, жимитлар фақат ўрмонда яшармиш. Улар фақат одамлар билангина эмас, парранда-ю даррандалар билан ҳам бемалол гаплаша оларкан. Одамнусха бу жонзодлар етти қат ер остига кўмилган ҳамма хазина-ю дафиналар жойларини беш қўлдек билармиш. Хазина тупроққа хоҳ бир аср, хоҳ минг йил олдин кўмилган бўлсин, бу уларга зиғирча мушкуллик туғдирмаскан. Жодугар жимитлар истаса қаҳратон қишда қор устида баҳордагидек гулларни очилтирар, истаса ёзнинг жазирама саратонида дарёларнинг сувларини музлатиб кўяркан.

Аммо нима бўлганда ҳам у билан юзлашганда қўрқиб кетиб қалтираш ярамайди. Ахир жимжилоқдек митти махлуқчанинг ҳеч қачон сенга кучи  етмайди!

Бироқ, жимитвой хонада ўзидан бўлак ҳеч ким йўқдек бепарво ва хотиржам ўтирарди. У Нильсга бундоқ қайрилиб ҳам қарамади. Кўзлари сандиқдаги қат-қат кийим-кечак ва тақинчоқлардан тепароқда турган енгсиз бахмал нимча ҳамда дарёнинг майда марваридларидан гул солиб тикилган матодан бўлак ҳеч нимани кўрмасди. Жимитвой қадимий матоларнинг жимжимадор безакларига завқ билан суқланиб тикилаётганида, Нильс бу чақирилмаган ғалати меҳмонни қандай қилиб қўлга тушириш режасини тузар эди. Яхшиси, уни сандиқнинг ичига туртиб тушириб, шу заҳоти устидан  қопқоқни бекитади. Бундан бўлак яна нима ҳам қилиши мумкин…

Нильс ўгирилиб қарамай, ўтирган жойида хонани яна бир қур кўздан кечирди. Ойнадан ичкаридаги бор нарса худди унинг кафтида тургандай аниқ-равшан кўриниб турарди. Токчадаги қозон, товоқ, чойнак, косалар, ҳаттоки қаҳвадон ҳам тартиб билан қандай қўйилган бўлса, ҳаммаси ўз жойида турибди. Дераза ёнида ҳар хил лаш-лушлар илинадиган шкаф яқинида отасининг деворга осиғлиқ ов милтиғи, яна шу михга турли хил ҳашаротларни овлайдиган матрап[2] илинган эди. Мана шу унга керак нарса!

Нильс столдан аста сирпаниб полга тушди ва секингина михда осиғлиқ турган матрапни қўлига олди. Уни эпчиллик билан бир силкитган эди, қарабсизки, жимитвой худди ниначидек тўрнинг ичига тушди. Кенг соя­бонли шляпаси ғижимланиб, оёғи чопончасига ўралиб қолди. Шу ҳолда тўрнинг тубида типирчилаганча қўлларини чорасиз силкита бошлади. Бу ҳаракатлари билан қаддини бироз ўнглаб олишга улгурди. Нильс қўлидаги матрапини силкитган эди, жимитвой яна тўрнинг тубига қулаб тушди.

– Менга қулоқ сол, Нильс, – деди жимитвой ялиниб, – ўтинаман, мени қўйвор. Сенга кўйлагинг тугмасидан ҳам катта олтин танга бераман.

Нильс бир зум ўйланиб қолди.

– Нима ҳам дердим, балким, бу таклифинг ўринлидир, – деди у қўлидаги матрапини ўйнатишдан тўхтаб.

Жимитвой фурсатни бой бермай, чаққонлик билан юқорига интилди. Тўрнинг латта боғичларига ёпишиб, чаққонлик билан кўтариларкан, кўп  ўтмай матрапнинг темир чамбарагининг бир чеккасида унинг боши кўринди.

Шу дамда Нильснинг кўнглига жудаям арзон баҳога кўндим, деган хаёл келди. Ахир, олтин тангага қўшимча  – жимитвойдан ўзининг ўрнига дарсини ўзлаштиришини талаб қилганида яхши бўлармиди. Ҳалиям кеч эмас, бемалол амалга оширса бўлади!

Унинг ҳаёти ҳозир менинг қўлимда, айтганларимни бажаришга мажбур! Қўлимда матрап бор экан, у билан суришиб ўтираманми! – Нильс қўлидаги тўр қармоқни қайта силкитди.

Бироқ, шу пайт кутилмаганда кимдир унинг қулоқ чаккаси аралаш тарсиллатиб солиб қолди. Унинг қўлидан тўр қармоқ учиб кетди, ўзи эса ғилдиракдек юмаланганича уйнинг бир бурчагига бориб тушди.

 

(Давомини журналдан ўқийсиз) 2021/7

 

Рус тилидан  Очил ТОҲИР таржимаси

 

[1] Гном – ўрмонда яшовчи митти афсонавий сеҳргар.

 

[2] Матраптўр қармоқ.

 

Ижтимоий тармоқларда ёйиш:
0 Menga yoqdi
0 Menga yoqmadi