Донишманд зот эдилар

aziz_qayumov

Камина атоқли навоийшунос Азизхон Қаюмовнинг ижодини кўпдан бери ўрганиб, файз топиб юрардим. Бунинг устига, устоз менинг номзодлик (1968), докторлик (1990) диссертацияларимга оппонентлик қилиб, юқори баҳолаган. Шунинг учун Азизхон Қаюмов билан дилдан суҳбатлашиш, у кишининг ижтимоий келиб чиқиши, ижодий жараёни билан ошно бўлишни жуда-жуда истардим. Аллоҳга минг қатла шукр­ким, муаллим билан бир пиёла чой устида суҳбатлашиш насиб этди. Қазорогурунг, фикр алмашиш давомида у кишига бир неча савол билан мурожаат этдим:

– Сизнинг дадангиз машҳур муаллим, адабиёт фидойиси эканини ­биламиз. Адабиётшунос бўлишингизга ана шу муҳит таъсир қилган­ми ёки бунинг бошқа омиллари ҳам бўлганми?

– Ҳақиқатан ҳам, дадам Ҳамза Ҳакимзоданинг яқин улфати, адабиёт муҳиби, унинг хазинабони эдилар. Бобом Абдуқаюм Мирзо хаттот бўлганлар. “Ажаб ус-салотин” асарида бу ҳақда қисман маълумот бор. У киши кўчирган баъзи китоблар тошбосмада нашр қилинган. Бобомнинг дадалари Абдураҳим Мирзо хон саройида котиб бўлган. Бир томондан ана шу анъана, иккинчи томондан биринчи синфдан ўнинчи синфгача менга дарс берган ўқитувчим Ҳамзахон Аббосов (машҳур кинорежиссёр Шуҳрат Аббосовнинг амакиси) мурғак қалбимда адабиётга завқ уйғотган. У киши менинг дастлабки шеърларимни Қўқон шаҳар газетасида бостирганлар. Мен шеър, ҳикоя, ҳатто драмалар ҳам ёзганман. Кейинчалик хонадонимизга тез-тез келиб юрган Чархий домла менинг шеърларимни таҳрир қилиб, “Янги Фарғона”, “Коммуна” газеталарида чиқартирганлар. Мана бу мисралар ҳамон ёдимда:

 

Дилим мағрур ўлкамнинг ободидан,

Ёруғдир йўлим бахт бунёдидан.

Териб ғунча гуллар кўнгил шодидан,

Очилди бу таъбим Ватан ёдидан.

Хуш илҳомдур, хуш илҳомлар.

 

Чархий домла билан умрининг охиригача устоз-шогирд эдик. У киши менга аруз қоидаларини ўргатган, шеърият назариясидан сабоқ берган. Демак, бадиий-илмий ижодда менинг дастлабки устозларим Ҳамзахон Аббосов ва Чархийлар ҳисобланишади.

Қуйидаги бир воқеа менинг оёққа туришимга, ижодда, ҳаётда балоғатга етишимда асосий туртки бўлган: Иккинчи жаҳон урушининг айни қизғин пайтларида Фазлиддин қори деган ҳофиз меҳнат фронтидан қайтди. Чархий домла уни ўз ҳимоясига олиб, қўшиқ қилиш учун шеърларидан берарди. 1944 йил 15 май куни ҳукумат раҳбари Усмон Юсупов Қўқонга келади. У дўсти Чархийни чақириб шаҳар боғида меҳмон бўлади. Ана шу зиёфатда Фазлиддин қори уларни ўз қўшиқлари билан хушнуд этади. Шу жараёнда ҳофиз менинг шеърим асосидаги ашулани ҳам куйлаган. Эртаси куни Усмон ота шу боққа мени чақиртириб, узоқ суҳбатлашдилар. Қўқон нефть техникумининг иккинчи курсида ўқишимга қарамай, мени Тошкентга чақиртириб олдилар. Дўрмонда бир ой яшадим. Усмон ота­нинг умр йўлдоши Юлия Леонидовна Степаненко беш боланинг ёнига мени олтинчи фарзанд этиб қабул қилдилар. Ёзда дорилфунунга ўқишга кириб, беш йил давомида Усмон отанинг ўғиллари билан бир хонада яшадим. Умрларининг охиригача биз ота-бола эдик. У киши мен учун муқаддас қоя!

Университетнинг Шарқ факультетидаги ўқишим давомида Ёзувчилар уюшмасидаги йиғилишлар, анжуманларга қатнашиб юрардим. Ёшликдан ёзувчи бўлиш ниятида юрган мендек – ёш йигитчага уюшмадаги жанжаллар, бир-бирига нисбатан бўҳтонлар, ғаламисликлар қаттиқ таъсир этди, мени бу ниятдан қайтарди. Натижада мен илмий иш билан шуғулланишга аҳд қилдим. Аслида, дадамнинг қўлидаги кўплаб манбалар, адабий далиллар мени келажак илмий-ижодий ишга тайёрлаган, шакллантирган эди…

Дорилфунунни имтиёзли диплом билан тугатган Азизхон Қаюмов “Исмат Бухорий ижоди” мавзусида диплом иши ёзган бўлса ҳам, бутун фаолиятини қалбига адабиёт меҳрини жо қилган Қўқон адабий муҳитини тадқиқ этишга сафарбар қилди. Натижада XVIII аср охири ҳамда XIX аср ўрталарида Қўқон хонлигидаги маданий, ижтимоий, иқтисодий, сиёсий ҳаёт, адабий муҳит мавзуси тадқиқи унинг номзодлик ҳамда докторлик диссертациялари юзага келишига асос бўлди. Ана шу узлуксиз изланишлар кейинчалик “Қўқон адабий муҳити” деган фундаментал асарнинг юзага келишига тагкурси вазифасини ўтади.

Шу соҳадаги илк йирик тадқиқот ҳисобланган ушбу рисолани яратишда муаллиф, бир томондан, ўзигача бўлган шарқшунос, тарихшунос, элшунос олимларнинг илмий тадқиқотларига, иккинчи томондан эса, Фазлийнинг “Мажмуаи шоирон”, Қори Раҳматуллоҳ Возеҳнинг “Туҳфат ул-аҳбоб фи тазкират ул-асҳоб”, “Тазкират уш-шуарои Ҳашмат”, Ҳакимхон Тўранинг “Мунтахаб ут-таворих”, Имомали Қундузийнинг “Таворихи манзума”, Мирзаолим Ҳўқандий бинни Мирзараҳим Тошкандийнинг “Ансоб ус-салотин ва таворихи хавоқин”, Мушриф Исфарагийнинг “Шоҳномаи нусратпаём”, Муҳаммадамин домулло Рўзи бинни Муҳаммад Атторнинг “Туҳфат ут-таворих”, Мулла Ниёзмуҳаммад ибни Авазмуҳаммаднинг “Тарихи Шоҳруҳия”, Исҳоқхон тўра Ибратнинг “Тарихи Фарғона”, Афзал Пирмастийнинг “Афзал ут-тазкор фи зикр уш-шуаро ул-ашъор”, шунингдек, “Тазкираи шуарои мутаохири Бухоро”, “Тазкират уш-шуарои Бадеъ Самарқандий” сингари кўплаб ўзбек ва форсий тилдаги қўлёзма манбаларга таянган. Айни пайтда ҳам, тарихий шароит, ҳам адабий жараённи изчил ёритишда Пўлатжон домулло Қаюмийнинг “Қўқон тарихи ва адабиёти” дастхат асари, замон шоирларининг бевосита бадиий ижодидан ҳам бир манба сифатида истифода этган. Натижада олим, биринчидан, XVIII асрнинг охиридан XIX аср ўрталаригача бўлган даврдаги Қўқон хонлиги ҳудудидаги ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ҳаёт, қўшни давлатлар билан савдо-сотиқ муносабатлари, давлат тузилиши, идора усуллари, юқори ва қуйи давлат бошқарув тизимларини атрофлича текширган, таҳлил қилиб, яхлит, зарур илмий хулосаларга келган. Иккинчидан эса, тадқиқотчи ўрганилаётган даврда Қўқон хонлиги қарамоғида ўзига хос бир адабий муҳит пайдо бўлгани ва уни Амирнинг ўзи бошқарганини уқтирар экан, маданий-адабий ҳаётнинг барча жабҳаларини бутун зиддиятлари билан изчил, ўзаро мутаносибликда ўрганади, жуда кўп далилларни илк бор илмий истеъмолга жалб этади. Уч қисмдан иборат мазкур рисолада шоир Акмалдан тортиб Мирзаолим Мушрифгача бўлган ўндан зиёд шоирларнинг ҳаёти, фаолияти ва ижодий мероси анча батафсил, тадрижийликда таҳлил қилинган.

Китобда давр адабиётининг жанрлар таркиби, тематик доираси, образлар силсиласи, етакчи ғоявий-бадиий хусусиятлари ҳам батафсил кўрсатиб берилган. Бу рисола аксарият маъхазларнинг биринчи бор тадқиққа жалб этилгани, кўплаб янги масалалар илмий жамоатчилик эътиборига ҳавола этилгани билан ҳам қадрлидир. Шунинг учун ҳам кейинчалик Маъдан, Нодира, Увайсий, Ҳозиқ каби ижодкорлар ҳақида устознинг раҳнамоликлари ёки фатволари билан номзодлик ва докторлик рисолалари ёқланди, алоҳида монографиялар яратилди. Хуллас, “Қўқон адабий муҳити” китоби ўз вақтида катта илмий ва адабий ҳодиса бўлган улкан асардир.

– Муҳтарам Устоз! Сиз Қўқон адабий муҳитини ҳар жиҳатдан мукаммал ўрганиб, Ҳозиқ, Махмур, Нодиралар ҳақида биринчи бўлиб алоҳида китоблар яратдингиз. Лекин 70-йилларга келиб Навоий ижодини астойдил тадқиқ этишга киришиб кетдингиз. Бу маънавий эҳтиёжмиди ёки бошқа бирор сабаб борми?

– Кунлардан бир кун уйимга укам Лазизхон (Аллоҳ унинг охиратини обод қилган бўлсин) кириб келдилар ва суҳбат орасида:

– “Ёш гвардия” нашриёти учун “Буюк кишилар ҳаёти” рукнида Навоий ҳақида китоб ёзиб беришингиз керак, – дедилар.

– Бу фикрингиз маъқул. Лекин нашриётнинг ўзи менга мурожаат қилсин, – дея жавоб бердим мен.

Ҳақиқатан ҳам, кўп ўтмай нашриёт бош муҳаррири, таниқли шоир Барот Бойқобилов хонадонимга келиб, “Алишер Навоий” номли асар ёзиб беришимни илтимос қилди. Ўша кунлари мен Сочига истироҳат учун кетиш тараддудида эдим. Натижада домла Бертельс ва бошқа олимларнинг Навоий ҳақидаги китобини, 5 жилдлик хрестоматиянинг 2-жилдини ўзим билан дам олишга олиб кетдим. Бу орада айрим масалалар бўйича маслаҳат сўраб заҳматкаш навоийшунос Суйима Ғаниевага нома билан мурожаат ҳам қилдим. Устозларнинг тадқиқотлари, шоир асарлари аслини кўплаб мутолаа қилиш жараёнида “Алишер Навоий” номли китоб юзага келди. Назаримда, илмий-публицистик, бадиий моҳиятдаги бу асарни кенг китобхонлар оммаси илиқ кутиб олди.

Ана шу жараёнда менда Навоий ижодий меросини янгитдан кенгроқ жиддий таҳлил қилиш эҳтиёжи туғилди. Назаримда, Навоий ижоди – асосларнинг асосидай туюлди. Унинг асарларида тасвирланмаган, акс этмаган бирор ҳаётий масала қолмаганини сездим. Натижада “Хамса” дос­тонларини қайта бошдан синчиклаб ўқиб-ўрганиб чиқдим. Ҳар бир дос­тондаги муаллиф ижодий ниятининг ботиний жиҳатларини илғашга интилдим, кўп мушоҳадалар юритдим. Охир-оқибатда беш достонга бағишланган махсус рисолалар вужудга келди. Бундан ташқари, Навоий ижодига доир кўплаб мақолалар яратдим. Менинг Навоий меросига юз буришимда Ўзбекистон халқ шоири Барот Бойқобиловнинг ўрни катта. Шунинг учун ҳам бу шоир шахсияти, ижодини алоҳида ардоқлайман. Ҳатто унинг асарларини алоҳида таҳлил қилгим келади.

Ҳақиқатда ҳам, “Хамса”га бағишланган рисолаларида устоз ҳар бир достоннинг, улар таркибидаги ҳамд ва наътлар, ҳикоятларнинг анча батафсил, изчил талқину таҳлилларини яратишга муваффақ бўлганлар. Мазкур китобларни мутолаа қилган ўқувчи буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий достонларининг кўп қиррали туб моҳиятига тугал тушуниб етади, унинг санъаткорлик сеҳри билан ошно бўлади. Навоий ижодига бўлган ана шу меҳр, дилбасталик “Лисон ут-тайр” достони, насрий асарлари ҳақида кўплаб тадқиқотлар яратишга, мақолалар ёзишга сабаб бўлди. Бугина эмас, академик Азиз Қаюмов бир қанча навоийшуносларга ҳам раҳнамолик қилди. Бундан ташқари, устоз Навоий асарларининг рус тилига таржима қилиниши ва русийзабон ўқувчилар орасида тарғиб этишига ҳам катта улуш қўшди.

Кенг қамровли донишманд Азиз Қаюмов Шарқ халқлари адабиётининг нуктасанж, қилни қирқ ёрадиган билимдони эди. Камина олимнинг Хусрав Деҳлавий, Ҳофиз, Саъдию Жомий, Донишу Ҳозиқлар ҳақидаги мақолаларию чизгиларини ўқиганман, кузатганман. Ҳатто Махмур, Ҳозиқлар ҳақидаги тадқиқотларида тожикча шеърларни ўзлари таржима қилган. Бугина эмас, Устод Абдураҳмон Жомийнинг кўп байт ва мисраларини қироатлаб юрардилар. Ана шу форсийзабон шеъриятга дилбасталик у кишининг Низомий даҳосига мафтун этганди. Ушбу вобасталикни “Низомий улуғ мутафаккирларга илҳом бахш этган”, деб махсус таъкидлаб ҳам юрардилар.

Шунинг учун забардаст ижодкорнинг сўнгги тадқиқотларидан бири ҳам “Низомий “Хамса”си талқини” деб аталади. Асар муқаддимадан ташқари “Панжганж” – “Хамса”даги ҳар бир достоннинг тўлиқ, изчил таҳлилидан иборат. Асарда дастлаб бир томондан, “Хамса” таркиби мухтасар тарзда қайд этилади, ўқувчи Ганжа шаҳри билан таништирилади. Иккинчи томондан эса, “Хамса”нинг турли йиллардаги нашрлари, танқидий ­матнлари хусусида маълумот берилади. Китобхон Низомий дос­тонларининг Жонибек Субхон, Олим Бўриевлар қилган таржималари моҳияти билан таништирилади. Улар хусусидаги муайян илмий хулосалар умумлаштирилган тарзда изҳор этилади.

Шундан сўнг муаллиф “Панж ганж”даги барча достонларнинг изчил, мукаммал тадқиқини яратади. Аввал асарнинг сюжети билан китобхон лўнда ҳолатда ошно қилинади. Кейин эса ҳар бир достон сюжети, композицион қурилиши, образлар тизими, ғоявий-бадиий хусусиятлари тад­рижий такомилликда таҳлил этилади; тимсолларнинг тарихий, оғзаки ижоддаги илдизи аниқ кўрсатилади. Ҳатто домла “Маҳзан ул-асрор”, “Иқболнома”, “Шарафнома” ҳамда бошқа достонлардаги ҳикоятларнинг таҳлилига, уларда шоир ижодий нияти нечоғлиқ бадиий ифодаланганига ҳам дақиқназарлик билан эътибор берган. Ўқувчини ишонтирмоқ учун айрим ҳикоятларнинг қисқача мазмуни нақл этилган.

Маълумки, Низомий “Хамса”си ўтмиш замонларда аслиятда ҳам, туркийча таржимада ҳам халқимиз орасида маълум ва машҳур бўлган. Ана шулардан бири Феруз илтимосига кўра “Ҳафт пайкар”нинг Огаҳий томонидан бажарилган насрий таржимасидир. Монографияда устод мазкур таржиманинг аслият билан анча батафсил қиёсий-типологик таҳлилини берган. Бунда муаллиф “Огаҳий достонини кенг халқ оммасига манзур қилишни кўзлаб, насрда таржима қилган”, деган фикрни ҳар жиҳатдан асослаб кўрсатишга муваффақ бўлган. Умуман олганда, бу асар ўзбек шарқшунослигида Низомийга бағишланган энг сўнгги фундаментал тадқиқот сифатида ғоят катта илмий, маърифий моҳиятга моликдир. Зероки, у китобхонга илм беради, оламжаҳон адабий-эстетик завқ бағишлайди. Огаҳий таржимаси “Панжганж” аслияти билан, унинг озарча ўгирмаси билан улар асосида жиддий назарий хулосалар чиқарилгани шундай хулосага келиш ҳуқуқини беради.

– Домла, сиз Кинолаштириш қўмитаси раиси, Маданият ишлари вазири, Ўзбекистон Фанлар академияси Тил ва адабиёт институти директори, Тошкент давлат Маданият институти ректори сингари кўп масъул вазифаларни бажариб келгансиз. Илмий, ижодий ишларни бу фаолият билан қандай мутаносиблаштириб боргансиз?

– Бу гапингиз тўғри. Менга раҳбарлик ишларини ижод билан боғлаб олиб бориш, танлаган йўлда собитқадам бўлиш тарбиячим, моддий ва маънавий ҳомийим Усмон ака Юсуповдан юққан. Аслида эса, бадиий, илмий ижод уйқу ҳисобига, кўп ҳолатларда соғлик ҳисобига бажарилади. Ижод учун том маънодаги шарт-шароит ҳамма учун ҳам ҳамиша муҳайё бўлавермайди. Инсонда ижод дарди бўлмоғи лозим…

Мен устознинг идоралари, ижодхоналарида бўлганимда, бунинг шоҳи­ди бўлганман. У кишини ҳамиша Навоий ижоди бўйича нимадир ёзаётган, шоир асарларининг ўзга тилларга таржимаси устида бош қотираётган ёки Ғафур Ғулом, Ойбек сингари адибларнинг ижод сеҳри хусусида мушоҳада юритаётганда кўрасиз. Кўп ҳолларда эса устоз адабиёт тарихининг муҳим жиҳатларига доир ёки ҳозирги адабий жараённинг долзарб масалаларига бағишланган илмий рисолаларни таҳрир қилаётган, ўқиётган бўлардилар.

Ана шундай! Академик Азиз Пўлатович Қаюмов адабиётшунослигимизнинг ҳар бир жабҳасида саркор бўлиб келди. У кишининг раҳбарлигида 20 дан зиёд ёшлар мумтоз адабиётимизнинг долзарб масалалари, матншунослик, ҳозирги адабий жараёнга доир масалалар бўйича докторлик, номзодлик диссертацияларини ҳимоя қилганлар. Домланинг бағри кенглигию заҳматкашлиги, барчага бирдай меҳрибонлигию ўта меҳнатсеварлиги ўзига хос ибратдир. У кишининг асарлари ҳамиша ёшларни сабот-матонатли бўлишга, самимийликка, меҳрибонликка ва адолатпешаликка ундайверади.

Кейинги йилларда устоз ижодий ишлар билан янада жиддий шуғул­ландилар: бисотларидаги илмий ва бадиий асарларни йиғиб, бир неча жилдлик мукаммал нашрини тайёрладилар. “Мумтоз сўз” нашриёти уларни тўлиқ чоп этди. Бундан ташқари, забардаст олим бир неча йил Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети талабаларига “Навоийнинг ҳаёти ва ижодий мероси” мавзусида ўзбек ҳамда рус гуруҳларида махсус курс ўқидилар. Шу билан бирга, у киши университет профессор-ўқитувчиларидан М.Ҳамидова, Б.Тўхлиев, И.Шамси­муҳаммедов, И.Йўлдошевларнинг докторлик ва номзодлик диссертация­ларига бевосита раҳнамолик қилган ва бош-қош бўлган. Афсуски, устоз 2018 йили бу фоний дунёни тарк этдилар.

 

Ҳомиджон Ҳомидий

2021/7

Ижтимоий тармоқларда ёйиш:
0 Menga yoqdi
0 Menga yoqmadi