Озод МЎЪМИН ХЎЖА. Тарихий наср: манба ва мантиқ

Ozod_mumin

Дунё сўз санъатида тарихий асарларнинг алоҳида ўрни бор. Уларни барча халқларнинг китобхонлари бирдек севиб ўқийди. Сабаби, бундай асарлар бизни ўтмишдаги ғаройиб воқеалар гирдобига тортибгина қолмай, айни чоғда тарих ҳақида ҳам кенг маълумот беради. Шу боис тарихий мавзуда қалам тебратувчи ижодкорлар, одатда, ўз ишига ўта жиддий ёндашади. Чунки майда бир хатолик ҳам зукко ўқувчию закий олимлар танқидига учраши мумкин. Оқибатда эса асар муаллифи истеҳзоли кулгилар остида қолади, ножиддий қаламкаш сифатида “ном чиқаради”.

Улуғ рус адиби Лев Толстой “Уруш ва тинчлик” романида ўзи учун яқин тарих – рус халқининг Наполеонга қарши кураш даври – 1805–1812 йиллар воқеаларини тасвирлаш жараёнида ҳеч қандай тарихий хатога йўл қўйган эмас. Машҳур Ғарб адиблари Вальтер Скотт, Фенимор Купер, Томас Манн, Лион Фейхтвангер, Стефан Цвейглар ҳам ўтмиш мавзуидаги асарларида энг кичик деталгача ҳаққоний акс эттирган. Шу ўринда америкалик адиб, биографик жанр устаси Ирвинг Стоуннинг ўзимга жуда ёқадиган “Азоблар ва қувончлар” романини ҳам тилга олишни хоҳлардим. Ғарб Ренессансининг буюк вакили, мусаввир ва ҳайкалтарош Микеланжело Буонарроти ҳақидаги бу асар ХVI аср Италия ҳаётини худди аслидагидек гавдалантиради. Юқорида номлари зикр этилган асарлар дунёнинг жуда кўп тилларига таржима қилинган ва тарихи акс эттирилган халқларни жаҳонга янада кенг танитган. Ўзбек адабиётида ҳам шундай асарлар бир талай. Абдулла Қодирийнинг “Ўтган кунлар” ва “Меҳробдан чаён”, Ғафур Ғуломнинг “Шум бола”, Пиримқул Қодировнинг “Юлдузли тунлар” ва “Авлодлар довони” каби  роман ва қиссалари фикримизга далил бўла олади.

Кейинги йилларда камина ҳам тарихимизда ўтган буюк зотлар ҳақида асарлар битишга жазм қиляпман. Ҳозиргача “Ҳазрат Сайид Амир Кулол”, “Хўжа Муҳаммад Паррон”, “Шайх Зайниддин Тошкандий – олим ва валий”, “Паҳлавон Маҳмуд – туркий полвонлар валийси”, “Хожа Абдуҳолиқ Ғиждувоний – тариқат асосчиси”, “Икки оламда буюк – Ҳазрат Баҳоуддин Нақшбанд”, “Бир томчи раҳмат – Абулҳасан Ҳарақоний” асарларини ёзиб тугалладим. Буларнинг бир қисми чоп этилди, бошқа қисми эса чоп этилиш арафасида. Эътибор қилган бўлсангиз, асарлар, асосан, тасаввуф оламининг етук вакилларига бағишланган.

Улуғ мутасаввифлар ҳақида асар битиш ҳар қандай ижодкор учун оғир синов. Сабаби, у тарих ва тасаввуфни пухта ўрганиши зарур. Акс ҳолда,  тарихий воқеаларни тасвирлашда ҳам, тасаввуф таълимотини ёритишда ҳам хатога йўл қўяди. Бу эса, юқорида қайд этганимиздек, зукко ўқувчию закий олимларда таажжуб уйғотади, сизга нисбатан истеҳзоли пичинглар келтириб чиқаради. Демакки, гап яна айланиб, масъулиятга бориб тақалаётир.

Ўз қиссаларимни яратишда тарих ҳаққоний акс этган китоблар, ишончга сазовор мўътабар манбаларга таяндим. Бироқ айрим саҳифаларда мантиқсиз ўринларга ҳам дуч келдимки, ҳали-ҳануз тарихчиларимиз уларга эътибор қаратмаган экан. Ушбу мақолада ана шундай хатолардан баъзиларига батафсил тўхталиб, айрим улуғ пирларнинг таваллуд ва вафот саналарини қандай аниқлаганим ҳақида сўз юритмоқчиман.

Аввало, юртимизда “Хожагон” ва “Яссавия” тариқатлари пайдо бў­лишига замин яратган табаррук зот – Хожа Юсуф Ҳамадоний ва унинг илк шогирдлари ҳақидаги маълумотларни келтириб ўтсам. Тўлиқ исми Абу Ёқуб Юсуф ибн Айюб Ҳамадоний бўлган бу муборак шахс 1048 йилда Ҳамадон шаҳри яқинидаги Бузинжард қишлоғида туғилган. У ўн саккиз ёшга тўлганида ўша даврнинг йирик илм маркази – Бағдодга йўл олади ва бу ердаги энг нуфузли мадрасага ўқишга киради. Ёш Юсуф Абу Исҳоқ Шерозий қўлида сабоқ олишни бошлайди. Устози унинг ўқиш-ўрганишга қунт билан жиддий ёндашишини барча шогирдларига ўрнак қилиб кўрсатарди.

Юсуф Ҳамадоний фиқҳ, ҳадис илмларига қизиқиб, бу икки соҳани чуқур эгаллашга интилади. Бироқ шундай бир вақт келадики, у ўзининг бош йўли тасаввуф эканини англаб етади. Шундан сўнг пир қидириб, Хожа Али Формадийда тўхтайди. Ҳамадоний унинг қўлида тасаввуфни ҳам назарий, ҳам амалий ўрганади. Йиллар ўтиб, етукликка эришгач эса, устозидан тариқат хирқасини қабул қилади. Ундан мустақил фаолият юритишга оқ фотиҳа олади. Бу воқеа Юсуф Ҳамадоний  ўттиз-ўттиз беш ёшларга кирганда, яъни 1078–1083 йиллар оралиғида юз беради. 1084 йилда эса пири – Хожа Али Формадий саксон ёшида вафот этади. Маълумотларга кўра, Юсуф Ҳамадоний шундан сўнг – 1085 йилда Бағдодни тарк этиб, Хуросонда яшашга қарор қилади.

У Бағдодни тарк этгач, қайси шаҳарларга боргани ва қандай фаолият юритгани ҳақида тўлиқ маълумот йўқ. Фақат умумий ва узуқ-юлуқ ахборотлар мавжуд, холос. Демак, бу даврда унинг қачон қаердан қаерга кўчгани, қандай фаолият олиб борганини мустақил аниқлаш зарур. Бунга эса фақат мантиқий ҳисоб-китоблар орқалигина эришиш мумкин.

Хуллас, 1085 йилда Юсуф Ҳамадоний шарқий салжуқийлар салтанати пойтахти бўлмиш Марвга боради. Етти йил шу шаҳар атрофига муридлар йиғиб, тасаввуфни тарғиб қилади. Бироқ, афсуски, шогирдлар орасидан фавқулодда истеъдодли мутасаввифлар ўсиб чиқмайди. Тўғри, шогирдлар орасида умидлилар ҳам бор эди-ю, аммо улар тариқат поғоналаридан жуда секин юксаларди. Шунинг учун Юсуф Ҳамадоний тахминан 1092 йилда янги шогирдлар излаб, бошқа йирик шаҳар – Ҳиротга йўл олади. Бу ерда ҳам у  хонақоҳ ташкил этиб, уни беш йил бошқаради. Бироқ, афсуски, бу шаҳар ҳам унга фавқулодда истеъдодли шогирдлар инъом этмайди. Лекин буюк пир Марвда ҳам, Ҳиротда ҳам халққа мунтазам тўғри йўл кўрсатиб, ваъзлар қилиб турган, аҳоли ҳурматини қозонган. Айниқса, марвликлар унга бениҳоя ихлос қўйган эдилар.

Ниҳоят, 1097 йилда Ҳамадоний Самарқандга йўл олади. Бу шаҳарда ҳам у Марв ва Ҳиротдаги каби фаолият юритади. Бир неча умидли муридлар пайдо бўлади. Аммо улар ҳам етукликка тез кўтарилувчи эмасди. Бу ерда ҳам етти йил умр ўтказгач, Бухорога қадам ранжида қилади. Ўшанда 1105 йил бўлиб, Юсуф Ҳамадоний эллик еттига тўлган, лекин жуда бардам эди.

Бухоро уламолари Юсуф Ҳамадонийни хурсанд кутиб оладилар. Унинг ният-мақсадини англаб, кичикроқ ҳовли сотиб олишига ёрдамлашадилар. Тасаввуфга иштиёқманд ҳамюртларини ҳамадонлик валий ҳузурига йўллайдилар. Бироқ улуғ пир улар орасидан икки нафарини танлаб олади, холос. Зеро, Юсуф Ҳамадоний кексалик даврида мурид кўпайтирмоқдан наф йўқ деб ҳисоблар ва энг истеъдодлиларнигина саралаб олиб, уларни камолга етказишни кўзлар эди.

У танлаган биринчи шогирди анча билимдон Абдулла Баррақий эди. Баъзи тадқиқотчиларимиз уни Барқий деб ҳам ёзишади. Баррақийнинг таваллуд санаси бирор манбада сақланиб қолмаган. Вафоти эса икки хил кўрсатилган – 1150 ва 1160 йиллар. Бу маълумотлардан дастлабкиси ҳақиқатга яқинроқ. Сабаби, ундан сўнг Ҳамадоний гуруҳини бошқарган Ҳасан Андоқийнинг вафот санаси 1157 йиллиги аниқ. У ўзидан катта мурид Абдулла Баррақий ҳали тириклигида бу вазифани зиммасига олмаган бўлар эди. Мантиқан олганда, Баррақийнинг туғилган йили ҳам Андоқийникидан илгарироқ бўлиши керак. Мен бу санани 1067 йил деб тахминладим. Бундан эса аён бўладики, Баррақий устози вафотидан сўнг, яъни 1141 йилдан 1150 йилгача Бухородаги тасаввуфий гуруҳни бошқарган. У 1067 – 1150 йиллар оралиғида умргузаронлик қилган.

Иккинчи шогирди Ҳасан Андоқий 1069 йили таваллуд топган ва 1157 йили вафот этган. Бу саналар манбаларда аниқ кўрсатилган. Андоқий устозининг гуруҳини 1150 йилдан 1157 йилгача, яъни вафотига қадар бошқарган.

Икки мурид Юсуф Ҳамадоний ҳузурига келиб, имтиҳондан ўтганда, биринчиси ўттиз саккиз ёшда, иккинчиси эса ўттиз олти ёшда бўлган.

Аҳмад Яссавий бу гуруҳга улардан анча кейин, тахминан 1110 йил – йигирма етти ёшида қабул қилинган. Унинг вафот санаси барча манбаларда бир хил – 1166 йил деб қайд этилган. Бироқ Яссавийнинг туғилган йили ҳақида турли маълумотлар учрайди. Ҳатто уни, 130 йил яшаган, деб ҳам ёзишади. Бу гапга ишонсак,  Яссавий 1037 йили туғилган, Бухорога кексайганда келган  бўлиб қолади. Қолаверса, унинг ёши устози Юсуф Ҳамадонийдан ҳам катта бўлиб чиқади. Демак, Яссавийнинг 130 йил яшагани ҳақидаги маълумот  мантиққа зиддир. Бошқа бир манбада эса у 1105 йилда туғилиб, олтмиш бир ёшида вафот этган, дейилади. Бу маълумот ҳам шубҳали. Яссавий айнан шу – 1166 йилда таркидунё этиб, “ер ости”да яшай бошлаган деган фаразни қабул қилсак, у дарҳол вафот этган бўлиб қолади. Ҳолбуки, у “ер ости”да анча йиллар мурид тарбиялагани ҳақида ишончли маълумотлар бор. Мен воқеа-ҳодисалар кетма-кетлигини таққослаб,  Яссавийнинг таваллуд санаси  1080 йилларга тўғри келса керак, дея хулоса чиқардим. Бироқ шу фикрга келган вақтимда “Сулаймон Боқирғоний” китоби (У.Ембергенов, Ж.Шомуродов. “Ўзбекистон” НМИУ, 2015 йил) қўлимга тушиб қолди. Унда Яссавийнинг таваллуд санаси 1083 йил деб кўрсатилган экан. Бу эса хулосамга анча яқин эди, шу сабаб уни қабул қилдим. Демак, Яссавий 1110 йили Ҳамадоний ҳузурига боргунча, бир неча йил мадрасада таҳсил кўриб, диний ва дунёвий илмни пухта ўрганган эди. Бу вақтда у жуда ёш – ғўр ҳам, етмишдан ошган – кекса ҳам  бўлмаган. Шунга  асосланиб, Хожа Аҳмад Яссавий бир юз ўттиз йил ҳам эмас, олтмиш бир йил ҳам эмас, балки саксон тўрт йил ҳаёт кечирган, дейиш мумкин.

Яна бир муҳим жиҳати, Юсуф Ҳамадоний Бухорода фаолият юритар экан, Марв ва Самарқанддаги шогирдларини ҳам ташлаб қўймаган. У бу икки  шаҳардаги хонақоҳларига бот-бот қатнаб, муридлари ҳолидан хабар олиб ва уларга зарур таълимларни бериб турган. Шундай сафарларда унга бухоролик шогирдлари ҳамроҳ бўлишган. Бу ҳақда манбаларда етарлича маълумотлар бор.

Бухорода Юсуф Ҳамадоний қадамжоси ҳозиргача сақланган. У шаҳарнинг “Корхона” гузарида жойлашган. Қадамжога Тоқи Заргароннинг ўнг тарафидаги Пойи Остона маҳалласи орқали борилади. Камина ўша қадамжони илк бор 2014 йил, январнинг аёзли кунларида зиёрат қилган эдим.

Манбаларда Юсуф Ҳамадонийнинг 1141 йилдаги вафоти икки хил баён этилган. Мен бу икки баёндан дастлабкисини маъқул топдим. Чунки мўътабар деб саналанувчи “Рашаҳот”¹ китобида шундай ёзилган. Ке­йинги баён эса Хожа Абдухолиқ Ғиждувонийга нисбат берилган “Юсуф Ҳамадоний мақомати” рисоласида келади. Унда буюк пир Самарқандда жон бергани ва ўша ерга дафн этилгани битилган. Ваҳоланки, аслида, Юсуф Ҳамадоний мақбараси Марвда жойлашган. “Мақомат”да очиқдан-очиқ нотўғри маълумотлар, тўқималарни учратиш мумкин. Унда баён этилган баъзи воқеалар чиндан-да юз берганига, дейлик, каминада шубҳа бор. Чамаси, гарчи хаёлотга жуда бой бўлса-да, аммо мантиқ илмидан тамом бехабар бир хаттот кейинчалик рисолани анчагина бузиб, ўзидан айрим маълумотлар қўшиб кўчирган. Баъзи замонавий олимларимиз эса бу тўқима маълумотларни, ҳеч ўйлаб-нетиб ўтирмай, мақола ва китобларига киритаверган.

Фикрим исботи учун бир неча мисол келтирсам. Ёзилганки: “Юсуф Ҳамадоний чингизий мўғулларни қарғамас эди”. Савол туғилади: Чингиз қўшини қачон Мовароуннаҳрга кирган? 1221 йилда, тўғрими? Яъни, буюк пир вафотидан саксон йил ўтиб. Яна бир ахборот: “Буюк пир Чата ва Тўқмоқ лашкарлари бостириб келганида уларга қарши жанг қиларди”. Чата  (бошқача ёзилиши Жета) ва Тўқмоқ қўшини кимлар? XIV асрда Амир Темур салтанатига қарши турган, унга таҳдид қилган мўғулистонликлар. Қизиқ, буюк пир чингизийларни қарғамас экан-да, уларнинг авлоди билан вафотидан бир неча аср ўтгач, жанг қилар экан! Борингки, бир мўъжиза юз бериб, Жета қўшини ўша чоғлар ғоят қудратли бўлган Қорахонийлар салтанатига бостириб келди ҳам дейлик. Бунда бир ҳолат кишини ажаб­лантиради. Абдухолиқ Ғиждувоний ўз устози Юсуф Ҳамадоний билан пири етмишдан ошганида кўришгани аниқ. Энди мўйсафид авлиёнинг совут кийиб, от миниб, қилич яланғочлаб: “Урҳо-ур!” дея, душман устига бостириб боришини тасаввур қилинг! Яна ёзилганки: “Ҳамадоний шайхининг шайхи бўлган Абул Ҳасан Харақонийни кўрган эди”. Абул Ҳасан Харақоний яшаган даврга бир назар ташлайлик: 933–1037 йиллар. Ўйлаб кўринг: 1048 йилда туғилган инсон қандай қилиб 1037 йилда вафот этган шайх билан мулоқот қилади? Яна ёзилганки: Юсуф Ҳамадоний номаҳрам аёллар ва ёш болаларга тикилиб қарамасди. Буни қандай тушуниш мумкин? Валий зотдаги шу хислатни таъкидлаш ўринлими? Ёки муаллиф бу таъкиди билан ўзга валийлар тикилиб қарарди, демоқчими? Шу фикрларни ўқигач, ўзи рисолани Абдухолиқ Ғиждувоний ёзганмикан, дея савол беришингиз табиий.  Менингча, йўқ! “Хожагон” тариқати асосчисига нисбат берилган ва бизнинг давримизгача етиб келган бу рисола бошқа бир кимсага тегишли ёхуд уни бирор “хаттот” ўзича “таҳрир” қилиб кўчирган.

Энди яна бир баҳсли сана – Хожа Абдухолиқ Ғиждувоний вафот этган йилни аниқлаштириб олсак. Замонавий кўплаб китоб, мақола ва рисолаларда, ҳатто ушбу табаррук зот мақбарасида ҳам айни сана 1179 йил деб битилган. Мен ўз асаримга материал йиғишда бир мантиқсизликка дуч келдим.  Ғиждувонийнинг тўртинчи шогирди, устоз ишининг давомчиси Хожа Ориф Ревгарий туғилган сана аксар манбаларда 1165 йил  деб кўрсатилган. Вафот этган йили эса 1234 (35), 1236, деб турлича қайд этилган. Баъзан ҳатто 1237, 1262, 1266 йиллар, деб кўрсатилган манбаларни ҳам учратиш мумкин. Хуллас, таваллуд санаси – аниқ, бошқа вариант йўқ. Мазкур санани ҳаққоний деб қабул қилиш мумкин. Бироқ Ғиждувонийнинг вафот санаси 1179 йил деб олинса, бу ҳолда у шогирди Ревгарийни  ўн уч ёшидаёқ камолотга етказиб, қазо этган бўлиб чиқади. Демак, ушбу сана мантиққа тўғри келмайди. Бошқа  айрим манбаларда Ғиждувоний вафот этган сана 1220 йил, деб кўрсатилган. Чунончи, биз юқорида мўътабар деб тилга олган  “Рашаҳот”да ушбу сана абжад ҳисобида келтириб чиқарилувчи тўрт мисрали қитъа берилган. Қолаверса, бир ривоят ҳам бор: Шайх Нажмиддин Кубро Хоразмга бостириб келаётган Чингизхон қўшинига бир ўзи валийлик қуввати-ла қарши туролмаслигини англаб, шогирдларини Ғиждувонга юборади: Боринглар, Хожага айтинглар, ёрдам берсин, дейди. Аммо улар йўлда хабар топадиларки, Хожа яқинда вафот этибди. Чингизхоннинг Хоразмга босқини  1221 йил эканини аниқ биламиз. Ушбу ривоят чин ёки ёлғонлигидан қатъи назар, аввалги икки далилнинг ўзиёқ Хожа Абдухолиқ Ғиждувоний вафоти мантиқан 1220 йил эканини тасдиқлайди. Юқоридаги мулоҳазадан келиб чиқиб,  ўз асаримда шу санани танладим.

Бундан ташқари, кўплаб замонавий китобларда яна бир ишончсиз маълумот учрайди. Абдулхолиқ Ғиждувонийнинг падари бузруквори Абдулжамил ота бир юз ўн уч ёшда уйланган эмиш. Мен бу афсонага ишонмай, уни элликдан ошган инсон сифатида гавдалантирдим. Нега бундай қилганимга қуйидагича изоҳ бераман.  Абдулжамил отанинг ёши “Рашаҳот”да ҳам, бошқа ишончли манбаларда ҳам аниқ кўрсатилмаган. Фақат 1908 йилда нашр этилган Абу Хофс Нажмиддин Умар ан-Насафий ас-Самарқандийнинг “Қандия” асаридагина Абдулжамил ота бир юз ўн уч ёшда уйлангани ёзилган, холос. Илмий нуқтаи назардан, инсон бундай табаррук ёшда физиологик жиҳатдан анча заиф бўлиб қолади. Тўғри, шу ўринда менга эътироз билдириб: “Аллоҳ валий зотларга шу ёшида ҳам мустаҳкам соғлиқ ато этади-ку!” –  дейишлари мумкин. Лекин Абдужамил ота авлиё эмас, оддий имом бўлган, бу эса барча манбаларда аниқ қайд этилган.

Қолаверса, “Қандия” асарини ҳозирги даврда қайта нашр эттирган тарихчи-манбашунос Комилжон Каттаев ўз сўзбошисида шундай деб ёзади: “Китобдаги баъзи ривоятлар машҳур алломалар Абу Мансур Мотурудий, Абдухолиқ Ғиждувоний ва Амир Сайид Али Ҳамадонийларнинг тилидан баён этилган. Китобда келтирилган баъзи тарихий саналар ва мавзеларнинг номларида баҳсли фикрлар мавжуд… Мазкур китоб бошқа диний-тарихий асарлар каби бўрттирма ривоятлардан холи эмас, албатта… Зукко ўқувчи бундай ривоятлардан тарихий ҳақиқатни ажрата олади, деб умид қиламиз…” (“Қандия”, “Сўғдиёна” нашриёти, Самарқанд шаҳри, 2011 йил. 8-бет).

Хожа Ориф Ревгарий ҳақида ҳам асар бошлаганман, у ҳали якунига етгани  йўқ. Асарни ёзишга киришишдан олдин Ревгарий ҳақидаги барча маълумот ва ривоятлар билан танишдим. Юқорида қайд этганимдек, кўпгина рисолаларда унинг таваллуд санаси қайд этилмаган, борларида 1165 йил деб кўрсатилган. Вафот санаси эса турлича берилган. Хатто бир манбада 1212 йил деб ёзилган. Аммо бу маълумот хато, чунки унинг “Орифнома” рисоласи 1225 йилда ёзилгани маълум. Бундан ташқари, баъзи асарларда Ревгарий юз йил яшагани ҳам таъкидланган. Хуллас, чину ёлғон аралаш маълумотлардан бош қотади.

Оқибатда, тасаввуфшунос олим Сайфиддин Сайфуллоҳга мурожаат­ қилиб, ундан ёрдам сўрадим. У: “Хожа Ориф Ревгарий 1165 йилда туғилган ва 1237 йилда вафот этган. Бу ҳақда Абдулмажид Хонийнинг 2007 йил Истанбулда нашр этилган “Адаб” китобининг 59-бетида маълумот бор. Турк тасаввуфшуноси Наджат Тўсин ҳам шундай деб ёзган”, деб айтди. Хуллас, ана шу саналарда тўхталдим: Хожа Ориф Ревгарий (1165–1237). Зотан, ушбу саналар мантиққа ҳам тўғри келади.

Хожа Ориф Ревгарий ҳақида ақлга сиғмас баъзи ривоятлар бор. Шундай ривоятлардан бири “Рисолаи Сиғноқий” асарида келтирилади. Унда баён этилишича, Хожа Аҳмад Яссавий таом пишираётиб, муриди Хожа Дўғийга Ғиждувонга бориб, Хожа Абдухолиқдан қатиқ олиб кел, деб буюрибди. Аммо у Ғиждувонга етиб бормай туриб Хожа Ориф Ревгарий қатиқ олиб келиб қолибди. Бундан хабар топган Хожа Дўғий, Ориф мендан устун экан, деб тан берган экан. Энди фикр юритайлик. Хожа Аҳмад Яссавий 1166 йили вафот этган, Хожа Ориф Ревгарий эса 1165 йили туғилган бўлса, бир ёшли гўдак қандай қилиб Ғиждувондан Яссига қатиқ олиб келади? Қолаверса, Ғиждувондан Яссигача неча кунлик йўл – қатиқ ачиб қолмайдими? Ушбу ривоят, албатта, эзгу ниятда, Хожа Орифнинг фавқулодда истеъдодини улуғлаш истагида тўқилган, аммо мантиқсизликка йўл қўйилган.

Манбаларда Ҳамадоний хонақоҳини унинг вафотидан сўнг аввал Баррақий, кейин Андоқий ва у ҳам қазо қилгач, бир муддат Яссавий бошқарган, сўнг эса Туркистон диёрига кетган, дейилади. Афсуски, бу маълумотда ҳам мантиқсизлик мавжуд. Чунки 1083 йилда туғилиб, 1146 йили – 63 ёшида “ер ости”га кирган Яссавий бу вақт, яъни 1157 йилда Бухорога  кела олмас эди. Ана шу нуқтага “Сулаймон Боқирғоний” китоби (“Ўзбекистон” НМИУ, 2015 й.) муаллифлари ҳам эътибор қаратган.

Манбалардаги яна бир мантиқсизлик ҳам кўпчиликни адаштириб келаётир. Бу – Ҳазрат Баҳоуддин Нақшбанднинг “яссавия” тариқати бўйича устози Ҳазрат Халил ота Мовароуннаҳр тахтида олти йил ҳукмдор бўлгани ҳақидаги маълумотдир. Таассуфки, баъзи тадқиқотчилар бу ривоятга чиппа-чин ишониб, уни ўз мақолаларида келтиришмоқда.

Тасаввур қилинг, юртимизда ҳокимият – чингизийлар қўлида. Ана, мўғул келяпти деса, ҳамма чўчиб, жон ҳовучлайди. Мўғул хонвачча ва амирлари тож-тахт орзусида на ўзи ва на бошқаларни аяйди. Шундайлардан бири – Амир Қозағон олти йил аввал Қозонхон билан жангда бир кўзидан ажралган. Бироқ у ўз орзусидан воз кечмай, янги кучли қўшин йиғади-да, ниҳоят, Қозонхонни мағлуб этади, бироқ тахтга ўзи чиқмай, уни душманининг маслаҳатчисига тортиқ этади. Мен, тўғриси, бундай  бўлишига ишонмайман. Афтидан, бу  Халил отани улуғлаш мақсадида тўқилган чўпчак бўлса керак. Чунки тарихдан маълум: ҳар бир тахтга даъвогарнинг ёнида катта сиёсий кучга эга амиру саркардалар туради. Улар ҳокимиятдан ўзига муносиб ўрин олиш –  ҳукмдорга яқин амалдор бўлишни хоҳлайди. Шулар томирида чингизийлар қони оқмаган, ҳарб ишидан бехабар бўлган бир сарой маслаҳатчиси хон қилиб кўтарилишига рози бўладими?! Ҳатто Амир Қозағон бунга журъат этган тақдирда ҳам, улар аввал ўзларини лақиллатиб жангга солган, сўнг тахтни душман тарафдори бўлган кимсага қўшқўллаб топширган раҳнамосини омон қолдирадими?!

Мен тасаввуф тарихида бирор валийга Аллоҳдан, тахт учун кураш ва уни эгалла, дея ишорат келганини билмайман. Фақат бир мисол бор, у ҳам акс мисол: Фаридуддин Атторнинг “Тазкиратул авлиё” асарида Иброҳим Адҳам ҳақида бундай ҳикоя қилинади: Ҳукмдор кечаси том устида туясини қидираётган одамдан ажабланиб сўрабди: “Эй, гумроҳ! Ким том устидан туя қидиради?” У эса жавоб берибди: “Гумроҳ – ўзингсан! Аллоҳни сен тахтда ўтириб қидирсам – топаман, деб ўйлайсанми?” Шундан сўнг Иброҳим Адҳам тахтдан воз кечади-да, тариқатда бемисл камолотга эришади. Тахтда ўтириб ҳам тариқат чўққисига кўтарилишнинг иложи бўлса, у салтанатдан воз кечармиди?!

Аллоҳ баъзи валийларга ишорат орқали бундай топшириқ берган: сиз   ҳукмдор ёнида маслаҳатгўй бўлиб турингки, бундан раиятга катта наф етсин. Ўтмишда, Ҳазрат Халил отадан ташқари, Шаҳобиддин Суҳравардий халифа ан-Носирнинг, Ҳазрат Сайид Амир Барака буюк бобомиз Амир Темурнинг, Хўжа Аҳрори Валий темурийзода Абу Сайид Мирзонинг асосий маслаҳатгўйлари  бўлишган.

Ҳазрат Халил ота ҳукмдор бўлгани тарих саҳифаларида акс этмаган. Уларда шундан ёзилган: Амир Қозағон 1346 йили Қозонхонни тахтдан қулатгач, чингизийлардан бўлган Донишмандчани қўғирчоқ хон этиб тайинлаган, икки йил ўтгач эса уни ўлдиртириб, Боёнқулихонни тахтга ўтқазган. Амалда эса то 1359 йилгача мамлакатни ўзи бошқарган. Ушбу маълумот барча тарих китоблари, чунончи, Мирзо Улуғбекнинг “Тўрт улус тарихи”да ҳам қайд этилган.

Манбаларда яна бир маълумот ҳам борки, у барча уйдирмалардан ўтиб тушади. Нима эмиш, ёш Нақшбанд муридликни тарк этиб, султонлик қилаётган Халил ота саройида жаллод бўлган эмиш! Тасаввур қилаяпсизми, бўлғуси Баҳоуддин Балогардон – жаллод! У одамларни қатл этиш эвазига оила тебратяпти! Бунга ишонувчилар ақл юритиб кўрсинлар-а: Ҳазрат Халил ота султон ёки ҳукмдор бўлмагач (буни юқорида исботладик), табиийки, муриди ҳам унинг қўлида жаллодлик қилмайди-да.

Бошқа бир ривоятга – бир умр матога нақш босиб, оила тебратган ҳунарманд одам – Баҳоуддиннинг отаси ёши олтмиш-етмишларга борганда тўсатдан ёлланма аскарга айланишига ҳам ишониб бўлмайди.

Шунингдек, кўплаб замонавий асарларда ёш Хожа Муҳаммад Порсо илк бор устози Баҳоуддин хонадонига борганда, уни Ҳазратнинг канизаги қарши олган, деб ёзилади. Шу ўринда Нақшбанд битган бир тўртликни ёдга олиш айни муддао. Унинг мазмуни қуйидагича: “Менга ҳеч қандай ғулом ҳам, канизак ҳам керак эмас, мен бир итга ўхшаб, қулай жойни топаман-да, ўша ерда бошимни қўлларимга қўйиб ухлайбераман”. ­Бундан ташқари, Ҳазрат Балогардоннинг яна бу сўзлари ҳам мавжуд: “Инсон – Яратганнинг бандаси, унинг қули. Бандага хожалик тўғри келадими? Қулга қул тутмоқ, хизматкорга хизматкор тутмоқ жоиз эмас”. Шунинг учун мен ўз асаримда ёш Порсони Ҳазратнинг онаси қарши олган, деб тасвирладим.

Хуллас, уйдирма ривоятлару чўпчаксимон ҳикоятларни чиндан-да бўлган, дея бадиий асар ёки илмий мақолага киритиш асл ёзувчи ва олимларга ярашмайди. Ҳар бир манбадаги маълумотларни аввал обдон ўрганиш, уларни сарак ва пучакка ажратиш, шундан сўнггина ўқувчи диққатига ҳавола этиш лозим. Ана шунда тарихий мавзудаги бадиий асарларимиз жаҳон адабиётининг энг сара намуналари билан тенглаша олади.

 

Ижтимоий тармоқларда ёйиш:
0 Menga yoqdi
0 Menga yoqmadi