Олам – бола нигоҳида[1] 

O'tkir_hoshimov

Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ўткир Ҳошимовнинг “Икки эшик ораси” ва америкалик Нобель мукофоти совриндори Уильям Фолкнернинг “Мен ўлган кунда” асарларида муаллифлар қаҳрамонлар дунёқараши орқали жамият ҳаётини, унинг муаммолари, ўтмиши ва бугунини баҳолайдилар ҳамда ўз фикрларини қаҳрамонлар сўзларида ҳавола қилишлари туфайли уларни ровийга айлантирадилар.

Иккала адиб асарларининг ривоя структурасидаги ўхшашликлардан бири − катталар олами бола ёки ўсмир нигоҳи билан тасвирланишидир. Бундай услуб дунё адабиётида, масалан, В.Гюго, Л.Андреев, Ч.Айтматов, Х.Ли асарларида кенг қўлланилган. Уильям Фолкнер ва Ўткир Ҳошимов асарларида катталар оламига ўзича қаршилик кўрсатган боланинг тоза виждони тасвирланади. Бу хусусият иккала адибнинг барча асарлари учун хосдир[2].  Болалар катталар ҳаётининг ташқи суратини кўради, улар ҳамиша ҳам рўй бераётган ҳодиса моҳиятини англамайди, воқеликни баъзан тушунгандек бўлади. Боланинг катталарда нима содир бўлаётганини тушунмаган ёки тўлиқ тушуна олмаганлигини тасвирлаш иккала адибга ҳам хос хусусиятдир. “Икки эшик ораси” романида бола (у хоҳ Музаффар, хоҳ Робия бўлсин) тилидан берилган ҳикояни ўз ичига олган боб бор. Ўткир Ҳошимовда бола (Музаффар) катталарни – тамаки ҳиди анқийдиган отасини, коптокдек думалоқ аммасини, иягида холи бор аёлни кузатади. Уильям Фолкнерда эса ҳикоя янада мураккаблашади, роман қаҳрамонларидан бири – Вардаман, ақлан етук бўлмаган бола воқеалар мағзини тушунмаган ҳолда кўради, аммо катталар учун аҳамиятсиз деталларни топиб беради. Масалан, у Адди қабри устида учаётган, кундан-кунга кўпайиб бораётган калхатларни санайди. Катта ёшдаги қаҳрамонларнинг бирортаси бу деталга аҳамият бермайди.

Ёзувчилар болаларга хос соддадиллик сифатини тасвирлайди. Болалар катталар бажарадиган мажбуриятлардан холи, бу Ўткир Ҳошимов романида аниқ кузатилади: “Қора амма”мни кўриб қолдим. Қўлида боғичи ечилган қийиқча. Бошидан рўмоли сирғалиб елкасига тушган. Негадир титрайди. Оппоқ сочлари учидаги сўлкавой чўлпиларининг жиринглаши чилдирма шовқини, сурнай овозида эшитилмаса ҳам бир-бирига урилиб кетаётганини сездим” (“Икки эшик ораси”, 108-бет). Кичкина бола нигоҳида аёлнинг ички кечинмалари берилади. “Кумуш сўлкавойлар овози” – бу бола учун ўйин, аммо китобхон айнан шу детал орқали Робия (ўғли Кимсаннинг қайлиғи)ни бошқа одамга узатаётган онанинг изти­робини ҳис қилади.

Ўткир Ҳошимов ва Уильям Фолкнер асарлари қаҳрамонларининг  ўта таъсирчанлиги ҳидлар ва овозлар ифодаси орқали тасвирланади. Иккала адибнинг кичкинтой қаҳрамонлари атрофдаги оламни ҳид ва овозлар ­билан ҳис қилади. Масалан, “Икки эшик ораси” романи бошида овозлар ва ҳидлар бирор ҳаракатнинг содир бўлишидан огоҳлантиради. Музаффар аммасини қатиқ ҳиди билан бирга тасаввур қилади, чунки унинг ҳаяжон туфайли зўрайиб ғишиллаган нафасидан шу ҳид келади. Раъно образи гунафша ҳиди, унинг атри билан боғланган, Музаффар у билан биринчи учрашганида: “Ундан ажиб ҳид тараларди” (354-бет), деб хаёлидан ўтказади. Кейинроқ, Раъно Музаффарнинг олдига яна келганида, у: “Димоғимга яна гунафша ҳиди кирди”. Йиғлагим келди. Билмайман, балки гунафша иси кўзимни ачиштиргандир”, (398-бет) − дейди. Ўткир Ҳошимов асарида турғун ҳид детали, албатта, хотираларнинг ажралмас қисми бўлиб келади.  Ўтмиш билан боғлиқ ҳидларчалик ҳеч бир нарса ўтмиш хотиралари саҳнасини жонлантириб юборолмайди. Шунингдек, Кимсан ва Робиянинг тоза,  самимий муҳаббати олма дарахти гулларининг ҳиди билан уйғун берилади, Кимсан билан театрдан қайтаётганида Робия: “Димоққа гуллаб турган олма ҳиди урилди…” (86-бет )дейди. Музаффар ва Мунавварнинг ўзаро муносабатлари тасвирланганда ҳам адиб айнан шу ҳидни эслатиб ўтади. Бу ҳиднинг асарда такрор келиши Кимсан ва Робия муҳаббатининг  ёшларда ҳам такрорланаётганидан дарак беради. Бу ҳолат табиат ҳиди ва овози билан ҳамоҳанг тасвирланади, бу ерда инсон овози пасайиб, балки бутунлай “ўчади”. “Итлар тумов бўлгандек бўғиқ акиллайди. Ҳавода тезак ҳиди аралаш ғўзапоя иси анқийди. Узоқда, қишлоқ томонда қарсак овозлари эшитилади” (477-бет). Ҳид образи қаҳрамонларнинг руҳий ҳолати билан боғлиқ равишда ўзгариб туради. Робия табиб ўғли − Очилга турмушга чиқишни рад этганида, Очилнинг ҳолати қор ҳиди билан уйғунлаштирилади: “Ҳавода қор иси сезилди”  (125-бет). Асардаги ҳидларнинг тутган ўрни синчиклаб ўрганилганда, таъкидлаш керакки, бир томондан, ҳидлар образларнинг асл табиатини очиб беришини кўрамиз: “Қора амма”мдан қатиқ иси, Роби опамдан лампамой ҳиди анқийди. Мен бўлсам дадамнинг тамаки иси анқиб турган мўйловини, елкасидаги чуқур чандиқни ўйнаб ётишни қўмсайман…” (28-бет). Бола ҳидларга кўпроқ ишонади: “Ростдан ҳам кечаси ёнимда дадам ётгани аниқ. Ёстиқдан папирос ҳиди келяпти”  (“Икки эшик ораси”, 28-бет).

Иккинчи томондан, роман ҳид билан боғлиқ хотираларга тўлиб-тошиб ётибди. Робия хаёлидан: “Дастурхон қатини очишим билан димоғимга офтоб, буғдой, ер ҳиди урилди. Худди Кимсан акамнинг юзидан анқиб турадиган исга ўхшаш бўй…” (98-бет),деган ўй кечади. Баъзи бир ҳолларда ҳидлар воқеалар билан бирга содир бўлади, масалан, тўйга тайёргарликда ҳам. Кичкина Музаффар аммасиникидан уйига қайтганида, отасидан унга таниш тамаки ҳиди эмас, балки оҳак ҳиди келади. Айни шу ҳолатда ҳид нафақат маълум хусусиятга эга бўлиб, балки ҳаракат компоненти, сюжет ўсиб бориши ва тўйга тайёргарликдан огоҳ этувчи ўзига хос кодга айланади. Агар қор иси олма ҳиди таъсирини йўққа чиқарган бўлса, валерианка ҳиди гунафша – умид туйғусини барбод қилади: “Димоғимга гунафша ҳиди урилишини кутган эдим. Йўқ, валерианка иси анқиди. Бундан чиқди, юраги касаллиги рост…” (439-бет)Музаффар онаси билан сўнгги маротаба учрашганида шундай ўйлайди. Айнан валерианка ҳиди Раънонинг аҳволини, қачондир ўз айби билан йўқотган ўғли олдидаги ҳолатини аниқ-тиниқ намоён этади.

Ўткир Ҳошимов романи учун ҳидларнинг товушлар билан ҳам­оҳанглиги хос хусусиятдир. Айнан ҳидлар ва товушлар рамзий ифодаси ўзбек ва америка адибларининг ижодида асосий маънога эга. Бу алоҳида ўзига хос фалсафий асосга эга услуб хусусияти бўлиб, қаҳрамонлар хотираларини тўлдиради, қўшимча мазмун беради.

Улар биргаликда асардаги замон тимсоли ва тасвири сифатида  муҳим роль ўйнайди. Протез (ясама аъзо)нинг шағал устидан ғирчиллаб юришига ўхшаш товушлар инсоннинг ўзига хос хусусиятини кўрсатиб туради, кейинги товушлар замон образи тимсолини акс эттиради: “Музика янграйди, ора-чора “гум-гум”, “вош-вош” деган товуш эшитилади. Аллақаёқдан гармон овози қулоққа чалинади. Узоқроқда чилдирма бака-банг қилади. Кимдир йиғлайди, кимдир кулади. Каттакон осма соатнинг миллари ўндан йигирма минут ўтганини кўрсатиб турибди” (95-бет). Поезд шовқини Кимсаннинг фронтга кетиши билан боғлиқ ва уруш даврининг фожиасини кучайтиради: “Ниҳоят охирги вагон ҳам тарақ-туруқ қилиб ўтиб кетди… Олислаб бораётган паровоз нола чеккандек чўзиб гудок чалди” (97-бет). Вокзал образи уруш даврини ҳамиша эслатиб туради: “…Кейин ҳам ёз кечалари ойим билан айвонда ётганимда Алвасти кўприк томондан ғилдираклар тарақлагани, паровознинг нола қилгандек чўзиб гудок чалишини эшитиб қолсам, вокзалдаги ўша манзара кўз олдимга келар, юрагим орзиқиб-орзиқиб кетар эди…” (99-бет). Бундай ҳолда товушлар ва ҳидлар маъжозий маънога ўзгариб, бошқа хусусиятга эга бўлади.

Шунга ўхшаш хусусиятлар Уильям Фолкнернинг “Мен ўлганимда”   асари учун ҳам хосдир. Вардаман кечинмалари ҳидлар ва товушлар ­билан уйғун келади: “Ўрмонни тинглайман, жимжитлик: мен сукунатни биламан. ­Товушлар жонли эмас – улар ҳам …хириллаш, тапиллатиш, совиган бадан ҳиди…” “Иссиқ ис, мен унинг каравоти ва юзидан илғаяпман. Оғил қоронғи ва тинч… ҳид анқийди…” (“Мен ўлганимда”, 19-бет). ­Уильям Фолкнерда ҳид араванинг қатнов йўли билан параллел келади, бир томондан, бу ҳид марҳума Адди ҳолатини доимо эслатиб туради, бошқа томондан эса, дафн этиш жараёнининг кечиш вақтини ифодалайди.

Ҳар иккала адиб учун воқеаларни бола идроки орқали бериш қарама-қарши руҳият: болалар ва катталар руҳиятини очиб беришда жуда қўл келади. Бўрижар, Алвасти кўприк деталлари ҳам ҳар хил ҳолатда турли  маъно касб этади. Эсингиздами, ҳар сафар “Алвасти кўприк”ка яқин келиши билан оёғи қалтирайдиган Робия, Шомурод тоғасининг уйига тасодифан кириб, Раънонинг хиёнатини кўргач, “Раъно янгамникида кўрганларим олдида “Алвасти кўприк” нима бўпти, деган хулосага келади. Бу кўприк инсонларнинг сарасини саракка – пучагини пучакка ажратадиган воситадек таассурот қолдиради.

У.Фолкнер романида ҳам дарё тасвири бор. Бу романга ҳам дарё детали бежиз киритилган эмас. Дарё тошиб кўприкни олиб кетади. Хачирлар сувга чўкиб, маййит ортилган арава сувга ағдарилади. Бу билан У.Фолкнер бу дунёда маънавият қолмади, сувга оқиб кетди, дегандек бўлади.

Ҳар бир персонаж ҳикоясида турфа хил диалоглар боғловчи вазифасини бажаради. Шунингдек, Ўткир Ҳошимовда, биринчи қарашда, диалогнинг асосий  схемаси имкон қадар оддий: ёзувчи қаҳрамонларнинг рўпара туришини беради, масалан, Музаффар ва Робия, Музаффар ва ­Раъно ва бошқалар. Бироқ роман диалогларини ўрганиш қуйидаги хулосага келиш имконини берди: унда фақат иккита яхлит диалогга эмас, балки иккита “парчаланган” (М.Бахтин термини) овозга дуч келинади. Тақдир ҳукмига кўра, бутун умр Кимсанни севган Робия Шомуродга, Музаффарнинг отасига турмушга чиқишга мажбур бўлади.  Чиндан ҳам бу унинг томонидан Кимсанга қилинган хиёнат эди. Робия тўйдан бироз ўтиб сандиқдаги нарсаларни тартибга солаётганида қийиқчани кўриб қолади. Четига  қизил ҳошия тикилган қийиқча кутилмаганда Робиянинг қалбидаги туйғулар бўронини уйғотиб юборади. Унинг кечинмаларини адиб ўша пайтда унинг ёнида бўлган кичкина Музаффар нигоҳи билан тасвирлайди: “Роби опам қийиқчани тиззасига ёйиб узоқ қараб қолди. Қийиқчани секин-секин силади. Аввал ранги ўчди. Кейин лаблари титрай бошлади. Қийиқчани юзига босди. Елкалари титраб-титраб, бирдан ўзини намат тўшалган ерга отди.

− Ночорман! − деди ўкраб. − Шўрим қурсин!

Қаддини ростлаб, қийиқчани бағрига босганча яна мук тушди.

− Кечиринг мени! − деди қийиқчани юзига босиб. − Рози бўлинг!

Сурма аралаш кўз ёшидан қийиқча бир зумда қоп-қора бўлиб кетди. У қийиқчани лабига босганча бўғиқ овозда аянчли чинқирди:

− Бошимни қаёққа олиб кетай! − икки қўлини қийиқча аралаш баланд кўтариб сочини чангаллади…

У ўтирган жойида мени бағрига босди. Кўз ёшидан жиққа ҳўл бўлиб кетган юзини юзимга босди, ингради.

− Болажон! Шўргинам қурсин, болажо-о-он!

Шу ерда болакай Музаффарнинг ички овози шундай дейди: “Қўрқиб кетдим, дадамнинг: “Яхши бола бўлмасанг, Роби опанг кетиб қолади”, дегани эсимга тушди.

− Йиғламанг! − дедим қучоқлаб. − Роби опа, йиғламанг, ойи… Майли, дадамминан ётмайман, сизминан ётаман…”  (114-бет).

Бу диалог Робиянинг Кимсан билан боғлиқ хотираларини акс эттиради: у Кимсан олдида ўзини айбдор ҳис қилади – мустаҳкам, чуқур ўрнашиб қолган биринчи муҳаббат хотиралари уни яна изтиробга солади. Кутилмаган детал – қачондир Кимсанга атаб тикилган қийиқча туйғуларни туғёнга келтиради, оғриқ солади, ўтмиш хотираларини уйғотиб юборади. Қаҳрамон нутқининг ташқи қурилиши бутунлай бошқа тусга киради: узуқ-юлуқ, чалкаш, чала-чулпа. Робия нутқи романнинг сюжет чизиғини, чунончи, Робия ва Кимсаннинг ўзаро муносабатларини равшан кўрсатади.

Қаҳрамонларнинг очиқ ва ёпиқ берилган диалоглари роман учун хос хусусиятдир.  Робия репликаси “истиғфор” монологи бўлиб келиши мумкин, у нафақат ёнидаги Музаффарга, балки кўринмас  Кимсанга мурожаат қилади. Жараён драматизми Музаффар нутқи билан янада ёрқин намоён бўлади. Овозларни бундай жойлаштириш Кимсаннинг сюжетдан ташқаридаги ролини, Робиянинг аччиқ фожиаси ва кичкина Музаффар руҳиятини ёрқин кўрсатади. Музаффар барча муаммога сабабчи ўзи деб ўйлайди ва Робияга юзланади: “…Майли, дадамминан ётмайман, сизминан ётаман!”

Ёзувчи диалогнинг бундай турини Музаффарнинг ўз онаси Раъно ­билан учрашувини тасвирлаган “Ғалати хотин” бўлимида ҳам давом ­эттиради. Бу бўлим, бизнинг назаримизда, романдаги энг таъсирли қисм ва кичкинтой Музаффарнинг нигоҳи билан қаралганда, айниқса, шун­дай. Раъно қачонлардир эмизикли боласини бировга бериб ўзи туғилиб ўсган жойларга кетади. Унга эса, боланг ўлди, деб айтишади.  Кейинроқ, у тасодифан ўғли Музаффарнинг тирик эканини билиб қолади.  Музаффар дўсти Абдували билан бирга мактаб боғидан ёнғоқ ўғирлаётганида Раъно уни учратади. Табиийки, болалар Раънони боғ қоровулининг қизи ёки келини бўлса керак, биз қўлга тушдик, деб ўйлайди. Албатта, болалар гунафша ҳиди анқиётган бу нотаниш аёлнинг ҳолатини англамас эди. Улар фақат боғдан тезроқ қочиб қолиш кераклигини биларди.

“– Сен  Музаффарсан-а? – деди товуши титраб… 

– Ҳа! Нимайди?

– Ўғлим! – хотин инграб юборди, қўлидан сумкаси тушиб кетди. Қучоқ очганча мен томонга отилди. Шу ерда Музаффар кўнглидан шундай ўй кечади:

“Қараб турибман: Абдували ерга уч қулочча қолганда тап этиб сакради-ю тепалик орқасига уриб кетди. Бўлди! Қутулдик!”  

– Кетма-а! Музаффар! (Музаффар ўйлади): нимага унақа бўлганини ўзим билмайман. Лекин оёғим чалишиб тўхтаб қолдим.

 – Тирик экансан-ку?” (349-бет).

Бу диалогда ўғлини ўлган деб ҳисоблаган онанинг уни қайта топганидаги ҳолати акс эттирилган. Ёзувчи бу ҳолни бир томондан Раънонинг ўкраб юборган нолали овози, бошқа томондан, Музаффарнинг ички нутқи – ўйларини ифодалаш орқали очиб беради. Ўз навбатида шу ерда Ўткир Ҳошимовнинг ўзига хос услуби − бошқа персонаж овозини қаҳрамон нутқида бериш услуби ёрқин намоён бўлади, бу Абдулла Қодирий қаламига мансуб “Ўткан кунлар” романига ҳам хос хусусиятдир. Раъно болакайга унинг ҳақиқий онаси ўзи эканини тушунтиришни, чеккан изтироблари, уни шафқатсизларча алдашгани, бу учрашув эса унинг ҳаёти ва тақдирини бутунлай ўзгартириб юборгани ҳақида гапириб беришни истарди. Музаффар эса бегона аёлнинг сўзларига эътибор бергудек аҳволда эмасди, у ёнғоқ териш билан жуда банд эди. Ёзувчи кутилмаган бир пайтда Музаффарнинг ички нутқи – ўйига эътиборни қаратади, у қорин оғриғидан бошқа ҳеч нарсани ҳис қилмаётган эди: “У тағин қучоқлади. Бир маҳал қорнимга алланима қаттиқ ботаётганини сездим. Кейин билсам, ёнғоқ тўла дўппини ҳалиям қорнимга босиб турган эканман. У бағрига босган сайин ёнғоқлар ботиб қорнимни оғритарди” (349-бет). Бу реплика воқеа драматизмини бироз пасайтиради, шунингдек мантиққа зид ҳолда, айнан шу Раънонинг чорасизлигини кучлироқ акс эттиради. Бундай “тарқоқ  диалог” типи ёзувчига ҳолатнинг бутун мураккаблиги билан тасвирлаш имконини беради, бола руҳиятини очиб беради ва Раънонинг аҳволи танглигини аниқ-равшан ифодалайди. Бир томондан, Музаффарнинг ички нутқи – ўйи кутилмаганлиги билан ҳолатни тўла идрок қилишимизга имкон яратади. Музаффар ҳақиқатан Раъно ёнида эмасдек, хаёли дўпписи ва ёнғоқлари билан банд эди. Бу ўз навбатида Раъно фожиасини тўлиқ идрок қилишга имкон беради.

Қаҳрамон тилидан муаллиф фикрининг берилиши  Ўткир Ҳошимов ва Уильям Фолкнер романлари учун характерли бўлиб, ровий муаллиф овози англашиниб туради ва аксинча, муаллиф нутқида у ёки бу қаҳрамон овози сезилиб туради.

Бунда на муаллиф, на ҳикоя қилувчи аниқ кўринади. Ҳикоя қилиш мобайнида муаллиф нутқидан қаҳрамон нутқига тез ва сезиларсиз ўтилади. Шу билан бирга бундай мураккаб матн тузилишида биз тил орқали қаҳрамон образини ва гап кимнинг номидан кетаётганини аниқ билиб оламиз. Айни вақтда ёзувчилар нафақат ҳикоя қилувчи образида намоён бўлмай сюжет ривожига қараб узоқлаштириши ва яқинлаштириши мумкин бўлган бир қанча нуқтаи назарларни кўрсатади. Маълумки, ҳикоя қилишда бирининг доирасига иккинчисининг кириб бориш услуби  М.Бахтин[3] томонидан кўп овозли Ф.Достоевский ижодини ўрганишда қайд этилган ва услуб эркинликларининг юқори даражаси дея баҳоланган.

Ҳикоя қилувчиларнинг кўплиги, ҳикоя қилишда муаллифнинг ўзини четга олиши ўқувчида руҳий таъсирчанликни орттиради. Бўлаётган воқеалар ва одамларга берилган муаллифнинг аниқ баҳоси, муаллиф ҳикояси ўрнига китобхон маълум бир персонажлар шууридаги одамлар ва улар англанган  воқеалар  билан дуч келади. Бу ёзувчига турли персонажларнинг ички оламини чуқур очиб бериш имконини беради. Хусусан, китобхон тайёр муаллиф мулоҳазасини олмайди, у беихтиёр ҳақиқат қидиришга уринади. Ёзувчи китобхонни фалсафий фикрлаш жараёнига тортади, уни сюжет воқелигини оддийгина қабул қилмасликка, ёзувчи илгари сурган муаммолар устида бош қотиришга мажбур этади. Ўткир Ҳошимов, Уильям Фолкнер ва бошқа адиблар романнинг бундай шаклида ижод қилишлари, жоиз бўлса, тажриба ўтказишлари инсон ички оламини чуқур очиб беришга имкон беради. Ўзбек адиби Ўткир Ҳошимов ижодини жаҳон классик адабиёти вакили Уильям Фолкнер ижоди билан муқояса қилиш тажрибаси шуни кўрсатдики, ХХ  аср адабиётини ҳикоя қилиш услубининг янги шакллари билан бойитган модернистик анъаналар ўзбек адабиёти тараққиётида Ўткир Ҳошимов ижодида ажиб воқелик бўлиб намоён бўлди. У “Икки эшик ораси” романи билан ўзбек ёзувчиларининг кейинги авлоди томонидан шу услубда ёзилган асарлар юзага келишига замин яратди. Шу билан бирга, қиёсий-типологик таҳлил барча бадиий стилистик ўхшашликларга қарамай, ҳар бир асл сўз санъаткори ижодининг мазмун-моҳияти теранлигини яна бир бор кўрсатди.

 

Муҳаббат ШАРАФИДДИНОВА,

филология фанлари доктори

[1] Ушбу мақола марҳум олиманинг шахсий архивидан олинди.

 

[2] Бола нигоҳида олам мавзуси Ўткир Ҳошимовнинг “Дунёнинг ишлари”, “Тушда кечган умрлар” ва бошқа асарларида; Фолкнернинг “Қачон тун чўкади” (“Когда наступит ночь”),  “Вилли амаки” (“Дядя Вилли”), “Адолат” (“Справедливость”) ҳикоялари, “Хўрланган жасад” (“Осквернитель праха”) романи, “Айиқ” (“Медведь”) повестида учрайди.

 

[3] Бахтин М. Вопросы литературы и эстетики. Исследования разных лет. – М.: Художественная литература, 1975. – С. 137–140.

 

Ижтимоий тармоқларда ёйиш:
1 Menga yoqdi
0 Menga yoqmadi