Имодиддин Насимий тасаввуф таълимотидаги ҳуруфийлик тариқатининг йирик намояндасидир. Ҳуруфийлик – жамики нарса ва тушунчаларни: инсонни, илоҳни, азални, абадни, ибтидони, интиҳони, коинотни, табиатни ва ҳоказоларни ҳарфларда кўриш фалсафасидир. Ҳуруфийликнинг моҳиятини Насимий қуйидаги рубоийларида яққол ифодалаган:
Бир зотда бор экан ўттиз икки ҳарф,
У икки оламдир – на мазруф, на зарф.
Яъники, ҳарфларнинг асли у зотдир,
Эй олим, эй воиз, на наҳву, на сарф!
Шоир айтмоқчики, Оллоҳ жамики мавжудотни 32 ҳарфда мужассам этган. Тасаввуримиздаги икки олам бирор-бир зарф, яъни идиш ҳам ёки у идишнинг ичига қўйиладиган нарса-буюм ҳам эмас. Эй, оламларни кашф этувчи олим, эй олам сирларидан сабоқ берувчи воиз, ҳарфлар ифодалайдиган нарсалар сен ўйлаган сарф ҳам, наҳф ҳам эмас. Балки ҳарфларнинг аслияти ул Зот, яъни Ҳақ таолодир. Бунга имон келтириш учун оламга Оллоҳга бўлган ишқ-муҳаббат билан назар солиш керак. Шундагина ҳақиқат аён бўлади:
Келдим, уш Ҳақдин кетирдим хушхабар,
“Айн”у “шин”у “қоф” ила қилдим назар,
Ўн сакиз минг олам ичра сарбасар
Ҳақни кўрдим, тўп-тўладир баҳру бар.
Демак, шоир “айну шину қоф” ҳарфлари ташкил этган “ишқ” орқали назар солса, жамики мавжудот Ҳақнинг нури билан тўла-тўкис экан.Насимий ушбу тушунчани бошқа бир байтида янада аёнроқ ифода этади: “Насимий қайси томон боқса, суратинг кўражак, Жаҳонда ўзгасини кўргали нигоҳим йўқ”.
Насимий шеърларида Мансур Ҳалложга мансуб “Аналҳақ” ғоясининг турли-туман талқинларини кўришимиз мумкин. Насимийча, инсоннинг моҳияти Илоҳни танимоқдадир. Токи Ҳақнинг зотини танимас экан, уни чин маънодаги инсон дейиш даргумон:
Шойистаи даргаҳи Ҳақ бўлмоқ тиласанг, кел
жўёйи Ҳақ ўлким,
Ҳар кимсаки, Ҳақни танимас, бўлмағай инсон,
ҳайвон дегил они.
Инсоннинг жони, жисми, жамоли, Насимийнинг фикрича, Ҳақнинг мазҳари, яъни намоён бўладиган, акс этадиган маконидир. Зотан, Оллоҳ ўзидаги энг гўзал ҳусну жамол, энг юксак ақлу заковатни Инсонда мужассамлаштирган:
Зебо яратибдур, санамо, Холиқи субҳон
бу жисм ила танни,
Ҳар кимки демас суратингиз мазҳари Ҳақдур,
воқиф эмас ондин.
Насимий Ҳақни бошқа жойлардан излаш бефойда, Илоҳ инсоннинг ўзида мужассам, деган ғояни қайта-қайта, очиқ-равшан иқрор этади:
Эй кўнгул, Ҳақ сенда-ку, Ҳақ сенда-ку,
Сўзла ҳақниким, “Аналҳақ” сенда-ку,
Нури мутлақ, зоти мутлақ сенда-ку,
Мусҳафин ҳарфи, муҳаққақ, сенда-ку!
Насимийнинг ушбу ғояси буюк мутафаккир Жалолиддин Румийнинг қуйидаги сўзлари билан жуда ҳамоҳангдир:
Онҳоки, талабгори худоед, худоед!
Берун зи шумо нест, шумоед, шумоед!
Чизе, ки накардед гум, аз баҳри чи жўед,
В-андар талаби гумшуда аз баҳр чароед?
Исмеду ҳуруфеду каломеду китобед,
Жабрили аминеду расулон шумоед.
Насимий одамнинг тили ва ёзуви ҳаётбахш илоҳий қудратга эга эканини эътироф этади. Шоир:
Мурдага жонлар нисор айлар тилинг,
Кофу нундин йўқни бор айлар тилинг,
Булбули ошиқи зор айлар тилинг,
Ҳам “Аналҳақ”да қарор айлар тилинг.
Аслида, “кофу нун” ҳарфлари ҳосил қиладиган “кун” – ярат, қил, бунёд эт маъноларидаги сўз орқали Оллоҳ мавжудотни яратган. Бироқ шоир ушбу илоҳий бунёдкорликни инсонда ҳам кўради.
Насимийнинг бир қанча асарларида Мансур Ҳалложнинг “Аналҳақ” концепцияси ўзи яққол ифодасини топган. Мана, шундай ғазаллардан бирининг дастлабки уч байти:
Ман мулки жаҳон, жаҳон ўзимман,
Ман Ҳаққа макон, макон ўзимман!
Ман арш ила фаршу кофу нунман,
Ман шарҳи баён, баён ўзимман.
Ман кавну макону “кун-факон”ман,
Билгилки, нишон! Нишон ўзимман!
Ғазалнинг кейинги байтлари ҳам шундай руҳда давом этади. Бундай ғазалларида Насимий тариқат ғояларини батафсил шарҳлайди.
Мана бу ғазални Насимийнинг ва ҳуруфийлик фалсафасининг шеърий ҳайкали деса ҳам бўлади:
Манга сиғар икки жаҳон, ман бу жаҳона сиғмазам,
Гавҳари ломакон манам, кавну макона сиғмазам.
Арш ила фаршу кофу нун манда билинди жумла чун
Кес сўзингни ва абсам ўл, шарҳу баёна сиғмазам.
Кавну макондир оятим, зотиндадир бидоятим,
Сан бу нишон ила мани билки, нишона сиғмазам.
Кимса гумону занн ила, ўлмади Ҳақ ила билиш,
Ҳақни билган биларки, ман занну гумона сиғмазам.
Сурата боқу маънийи сурат ичинда таниким,
Жисм ила жон манам, вале жисм ила жона сиғмазам.
Ҳам садафам, ҳам инжуям, ҳашру сирот асанжиям,
Бунча қумошу рахт ила ман бу дўкона сиғмазам.
Ганжи ниҳон айнан ўзим, айни аён айнан ўзим,
Гавҳари кон айнан ўзим, баҳраву кона сиғмазам.
Гарчи муҳити аъзамам, отим Одамдир, одамам,
Тур ила кун-факон манам, ман бу макона сиғмазам.
Жон ила ҳам жаҳон ўзим, даҳр ила ҳам замон ўзим,
Кўр бу латифаники, ман даҳру замона сиғмазам.
Анжум ила фалак ўзим, ваҳийла ҳам малак ўзим,
Чек тилингни ва абсам ўл, ман бу лисона сиғмазам.
Зарра ўзим, қуёш ўзим, чор ила панжу шаш ўзим,
Суратни кўр баён ила, чунки баёна сиғмазам.
Зотилаям сифат ила, гулшакарам навот ила,
Қадрилаям барот ила, писта даҳона сиғмазам.
Шахд ила ҳам шакар ўзим, шамс ўзим, қамар ўзим,
Руҳи равон бағишларам, руҳи равона сиғмазам.
Тир ўзим, камон ўзим, пир ўзим, жавон ўзим,
Давлати жовидон ўзим, ойинадона сиғмазам.
Гарчи букун Насимиям, Ҳошимиям, Қурайшиям,
Мандан улуғдир оятим, оята, шона сиғмазам (96-97).
Бу ғазал сўфиларда бўладиган жазба ҳолатини эслатади. Гўёки уни Насимий Ҳаққа етган ҳолатда, жазавага тушган аснода, рақсу само қилаётган бир ҳолатда ёзгандай. Ушбу ғазални сокин, вазмин, оддий бир ҳолатда ўқиш имконсиз. Унда лирик қаҳрамон гир айланиб, чир айланиб самога парвоз қилаётгандай тасаввур уйғотади. Ғазал ўзбек шоири Бобораҳим Машрабнинг қуйидаги ғазалига жуда ҳамоҳангдир:
Ажаб мажнун эрурман, дашт ила саҳроға сиғмамдур,
Дилим дарёйи нурдур, мавж уруб дунёға сиғмамдур.
Шариат ҳам, тариқат ҳам, ҳақиқат мендадур мавжуд,
Чу султони азалдурманки, арши аълоға сиғмамдур.
Халилосо бу йўлда оташи Намруд – меърожим,
Ҳамон дурри ҳақиқатманки, ҳар дунёға сиғмамдур.
Ризо мулкидаман, ҳалқумни туттум тиғи Акбарға,
Бу йўлда сийнаи поки Забеҳуллоға сиғмамдур.
Агарчанде зиёрат қилмадим мен Каъбаи зоҳир,
Тариқат ҳожисидурманки, Байтуллоға сиғмамдур.
Гаҳи бўлдум фақиру, гоҳи шоҳу, гаҳ гадодурман,
Ажаб девонаман, фардоки маҳшаргоҳға сиғмамдур.
Мақоми ҳайрат ичра гоҳи худман, гоҳи бехудман,
Жунун бозорида мастманки, истиғноға сиғмамдур.
Гаҳ ўрус, гоҳи черкас, гоҳи мўъмин, гоҳи тарсоман,
Не кавнайни миёни лоу иллоллоға сиғмамдур.
Мудом мискин эрурман чун ғуломинг – Машрабингдурман,
Мени бечора бу дунё билан уқбоға сиғмамдур.
Ажаб эмаски, мазкур ғазал Насимийнинг ғазали таъсирида ёзилган бўлса. Ғазал лирик қаҳрамонининг дунёқараши бизнинг бугунги дунёвий тасаввуримизга сиғмас даражада кенгдир. Ушбу лирик қаҳрамон илоҳий ишқ жунунига мубтало бўлган мажнунсифат ошиқ. Аммо унинг ошиқлиги ишқини тушунмаган жамиятга сиғмасдан қочиб, саҳро-ю биёбонларда макон қурган афсонавий Мажнун ишқидан ҳам ўзгача. У ушбу маҳдуд дунёнинг дашт ила саҳроларига ҳам сиғмайди. У Насимийнинг “Манга сиғар икки жаҳон, ман бу жаҳона сиғмазам”, дегувчи лирик қаҳрамонига маънавий маслакдош.
Насимий шеъриятида диний бағрикенглик, яъни толерантлик хусусиятини ҳам кузатиш мумкин. Ислом тарихида зоҳидлар, сўфилар, дарвешлар бир-бирларини рад этадилар. Насимий, аслида, тариқатда ҳамманинг маслаги, мақсади бир – Оллоҳ дийдори эканини уқтиради:
Мани манъ этма, эй зоҳид, қувонма зикра, эй сўфи
Ки, сан мағрурсан зикра, манам муштоқ дийдора.
Насимий боқийлик бахтини ўткинчи, ёлғон дунё манфаатларидан устун қўяди. Унинг “ёпишма” радифли ғазали тўлиғича шу мавзуга бағишланган:
Эй руҳи қудс, жифаи дунёя ёпишма,
Гулзори жинони қўюбон, хора ёпишма,
Маҳбуби эмин, ёри абад бор экан, эй дўст,
Ағёр этагин тутмаю ағёра ёпишма.
Шоирнинг лирик қаҳрамони бойлик, зару зевардан кўра фақирликни афзал билади: “Бўлди Насимий чун сани, кечди қамудин, эй санам, Қўйди ҳариру атласин, кирди абову шолина”.
“Истама” радифли ғазалда ҳам бошдан-оёқ шоирнинг мол-дунёга, ҳирсу тамага сўфиёна муносабати тасвирланади. Шоирнинг наздида, дунёнинг ўзи бевафо. Унинг одамлари орасидан вафодор ёр излаш ўринсиздир. Вафосиз дунёдан вафоли ёр ахтариш тиканзордан гулу гулзор ахтаришдай бир гап.
Ўзбек адабиётининг Насимий ижодиётига ва Насимий шеъриятининг ўзбек адабиётига таъсири жуда катта бўлган. Насимий худди Яссавийдек ҳали олам яралмасдан бурун Оллоҳнинг ошиғи сифатида мавжуд бўлганини ёзади: “Ер ила кўк бино бўлмасдин аввал, Насимий ошиқ эди ул жамола”.
Алишер Навоийнинг қуйидаги байтини севиб ёдлаб юрамиз:
Мозию мустақбал аҳволин такаллум айла кам,
Не учунким, дам бу дамдур, дам бу дамдур, дам бу дам.
Насимий шеърларини таҳлил этар эканмиз, “дам ғанимат”, айниқса, ҳозирги замон ғаниматлиги ғояси ва ифодаси Насимийда ҳам борлигининг гувоҳи бўламиз:
Ногиҳон бўстонга кирдим дам-бадам,
Лоланинг илкида кўрдим Жоми Жам,
Савсан, эшитдимки, айтур дам-бадам:
“Дам бу дамдур, дам бу дамдур, дам бу дам !”
Фалсафий фикрни ифодалашдаги Насимийнинг бадиий маҳорати шундаки, у ҳаётсеварлик ғоясини “бўстон”, қўлидаги Жоми Жамни ушлаган “лола”, ушбу дам ғаниматлигини қайта-қайта иқрор этаётган “савсан” образлари, табиат тасвири орқали гавдалантиряпти.
Улуғ мутафаккирнинг мол-дунё ва нафси аммора тўғрисидаги фикр-мулоҳазалари Бобораҳим Машраб ғазалларида таъсирчан акс-садо беради. Ҳатто, Насимий “истама” радифли ғазалида панд-насиҳат, маслаҳат оҳангида сабоқ берган бўлса, Машраб дунё манфаатларини жуда кескин рад этади: “Дунё ясаниб, жилва қилиб келди қошимға, Кетгил нари деб, кетига бир шатталаб ўттим”.
Насимийнинг “Тушмиш муанбар сунбулинг хуршиди тобон устина, Шул расм ила мушкин холинг гулбарги хандон устина” матлали гўзал бир ғазали бор. Ушбу ғазал сатрларида ишқи мажозий тариқасида ишқи ҳақиқий жуда пайваста, уйғун тасвирланган. Уни ўқиганда дунёвий гўзалнинг тенгсиз ҳусну жамоли жилвасини ҳам кўриш, айни пайтда, мазкур жамол тасвирида тажалли нури порлаб турганини ҳам ҳис этиш мумкин. Айниқса, қуйидаги байтлар беназир бадиий маҳорат маҳсулидир:
Рухсоринг узра зулфинги ҳар кимсаким кўрди, деди:
Куфри ситяҳдур сонасан, доғитмиш имон устина.
Ёқути райҳондур хатинг, эй қути жон, лаъли лабинг,
Шул расма тушмишдур Хизр ул оби ҳайвон устина.
Нури тажалли сиррини юзингда кўрди кўзларим,
Кўрким, на сурат боғламиш бу чашми гирён устина.(37)
Ушбу ғазални ўқир эканмиз, буюк ўзбек мутафаккир шоири Муҳаммадризо Огаҳий “Мушкин қошингнинг ҳайъати ул чашми жаллод устина, Қатлим учун нас келтирур нун элтибон сод устина” матлали ғазалини ёзишда Насимий ғазалидан таъсирланган бўлса, ажаб эмас, деган фикрга келамиз.
Хулоса қилиб айтганда, Имодиддин Насимийнинг шеърияти Шарқ донишмандлиги ҳикматлари билан суғорилган маънавий хазинадир. Ушбу ижод нафақат Озарбайжон ва Шарқ, балки жаҳон адабиётининг ўлмас дурдоналари куллиётидир. У тасаввуф таълимотидаги ғояларни ўзида бадиий яққол акс эттирган. Насимий шеъриятидаги гўзал бадиий тасвирлар абадий умуминсоний моҳиятга эга.
Нусратулло Жумахўжа,
филология фанлари доктори