Келажакка очилган эшик

astrol

Итальян рассоми Жузеппе Арчимбольдо асарлари XVI асрда яшаб ижод этган бошқа Европа мусаввирлари ижодидан кескин фарқ қилади. Жаҳон замонавий санъатшунослиги Ўрта асрлар санъати анъаналаридан чекиниб, хотирада тез муҳрланиб қолувчи ёрқин, ўзига хос услубга эришган бу рассомни абстракт санъатнинг илк намояндаси сифатида тан олади. Дарҳақиқат, XХ асрга келиб тасвирий санъатда кенг ривож топган сюрреалистик оқимга хос хусусиятларни Арчимбольдо асарларида кузатиш мумкин.
Жузеппе Арчимбольдо Италиянинг Милан шаҳрида таваллуд топган. Унинг ҳаёти ҳақидаги маълумотлар қисман сақланган бўлиб, туғилган йили тахминан 1526 ёки 1527 йилларга тўғри келади. Отаси Бьяжо Арчимбольдо черков ва бошқа меморий иншоатларни бадиий безатиш билан шуғулланувчи декоратор рассом бўлган. Жузеппе ёшлигидан отаси билан бирга ишлаб, рассомлик машқини олади. 1549 йилга оид Милан собори витражлари ва гравюраларини тайёрлашда ҳам иштирок этган. Маълумотларга кўра, унинг отаси Бьяжо Арчимбольдо, Леонардо да Винчининг Бернардино Луини исмли шогирди билан қалин дўст бўлган. Жузеппе унинг уйида буюк да Винчи альбомлари ва қўлёзмалари билан танишган. Унинг рассом сифатида шаклланиши шу каби асослар билан боғланади.
Арчимбольдонинг машғулоти фақат расм чизиш бўлмай, серқирра ­фаолият билан шуғулланган. У 1560 йилдан Миланни тарк этиб, 1562–1587 йилларда Рим императорлари Фердинанд I, Максимилиан II, Рудольф II каби ҳукмдорлар саройида муҳандис, рассом, суд портретчиси, суд ижрочиси, тантаналар ташкилотчиси каби турли вазифаларда хизмат қилади. Императорлар унинг маҳоратига мухлис бўлиб, ижодига ҳамиша ҳомийлик қилган. Арчимбольдо ҳукмдорлар саройларида буюртма асосида ишлаш мобайнида чинакам рассом бўлиб шаклланади ва сермаҳсул ижод қилади. Айниқса, Рудольф II унинг иқтидорига катта баҳо беради. Рассом умрининг асосий қисмини Прага ва Венада шоҳона ўтказган бўлса-да, кексалик йилларида она шаҳри Миланга қайтади ва 1593 йили вафот этади.
Арчимбольдонинг ҳаёти ва ижодий фаолияти сарой билан боғлиқ бўлган. Ҳукмдорлар ҳомийлигида ижод қилиб, умри давомида шон-шуҳрат остида яшаган бўлса-да, вафотидан кейин унинг номи тез унутилади, асарларининг катта қисми йўқолиб кетади. Бунга ҳукумат ўзгаришлари, турли тарихий-сиёсий омиллар сабаб бўлгани табиий.
Орадан вақт ўтгач, XVIII асрнинг охиридан бошлаб, Eвропа рангтасвирида абстракт оқимлар юзага келиши Арчимбольдо асарларининг бадиий қиймати янгидан кашф этилишига йўл очди. Сюрреалист рассомлар илгари сураётган шартли услуб XVI асрдан, хусусан, Арчимбольдодан бошлангани маълум бўлди.
Мусаввирнинг сақланиб қолган асарлари асосан портретлар бўлиб, метофотик-фантастик тасвир тили у яшаган Ренессанс даври рангтасвирига хос эмас эди. Албатта, дастлабки портретлари бундан мустасно. У ижодининг илк паллаларида ўз даврига хос борокко услуби чегараларидан чиқмаган. Габсбурглар сулоласи вакиллари тасвирланган “Максимилиан II оиласи”, “Рудольф II портрети” асарлари бунга яққол мисол бўлиб, уларда мавжуд анъаналардан узоқлашмаган. 1560 йиллардан кейинги ишларида унинг ижодий қарашлари тубдан ўзгаради. Бу тафовут айниқса, императорлар портретларида яққол сезилади. 1563 йили ишланган “Император Максимилианнинг оилавий портрети” ва 1590 йили чизилган “Рудольф IIнинг Вертурн образидаги портрети” асарлари услуби, бадиияти жиҳатидан бир-биридан кескин фарқ қилади. Биринчиси, Ўрта асрларга хос аниқликда ишланган бўлса, иккинчи портрет бутунлай рамзий мазмунга эга.
Жузеппе Арчимбольдо услубининг алоҳидалиги, янгилиги шундаки, асарларида тасвирий санъатнинг икки жанри – натюрморт ва портрет уйғунлашиб кетади. Портрет объекти бўлган фигура тўғридан эмас, ён томондан акс этади, орнамент сифатида ўсимликлар, гуллар, мева ва сабзавотлар, ҳайвонот дунёси, буюмлардан шакл ҳосил қилинади. Ренессанс даври санъати учун инсоннинг жисмоний ва руҳий ҳолатини идеаллаштириш хос бўлса, Арчимбольдо бундан фарқли равишда абстракт композициялаш йўлидан борди. Унинг портретлари бир қараганда эртак қаҳрамонларини эслатса-да, мазмунида аллегорик кайфият, танқид, реаллик яширин.
Унинг энг машҳур “Йил фасллари” туркуми 1563 йили ишланган. Туркум “Баҳор”, “Ёз”, “Куз”, “Қиш” номли тўрт портретдан иборат бўлиб, ўз даврида муаллифига ҳақиқий шон-шуҳрат олиб келган. Тўрт портретнинг ҳаммасида образ ён томондан ишлаган бўлиб, ҳар бирида фаслларга хос орнаментлар қўлланилган. “Баҳор” картинаси ёшлик ва покизаликнинг тимсоли бўлиб, унда чап ёни билан турган инсон қиёфаси ранг-баранг гуллар билан тасвирланади. “Ёз” портрети ёзги мевалар коллекцияси асосида ишланган. Картинанинг умумий мазмуни инсоннинг навқирон фаслини ифода этади. Қолган “Куз” ва “Қиш” картиналарида ҳам худди шундай композициялаштирилган шартли тасвирни кўрамиз. Мазкур туркумда инсон ва табиат мукаммал тарзда уйғунлаштирилган. Бу асарлардан кейинчалик император Максимилиан II буюртмасига биноан нусха кўчирилган. Лекин бу кўчирмалар оригиналининг айнан такрори бўлмай, алоҳида янги асарга хос бадииятга эга.
“Тўрт унсур” (1566 й.) туркуми ҳам “Олов”, “Сув”, “Ҳаво”, “Ер” номли тўрт картинадан иборат. Ҳар бир асарнинг аниқ концепцияси бор ва мавзудан келиб чиқиб инсон қиёфасида композициялаштирилган. “Ер” картинаси тасвири ҳайвонот дунёсига асосланган бўлиб, заминда яшовчи жониворлар шу қадар изчилликда жойлаштирилганки, томошабин замин ҳақидаги бутун моҳиятни шаклан инсон образида кўради. “Сув” картинасида ҳам сувда ҳаёт кечирувчи жониворлардан тортиб, денгиз жавоҳирларигача қамраб олинган. Худди шундай “Ҳаво” асарида ҳам қушлардан иборат коллекция инсон портретига усталик билан солинган. Тўртинчи “Олов” картинасида эса, сочлари аланга олган ўтинлар, салгина очиқ оғзи ва ияги мойчироқ шаклидаги, бутун гавдаси ва юзи шам, чироқ, ўтин, хас, милтиқ, тўпотар каби ўт чиқарувчи манбалар жамланмасидан иборат одам суратини кўрамиз. Бу картиналарнинг ҳар бирида борлиқнинг тўрт унсури моҳияти мажозий асосда ифода этилган.
Арчимбольдонинг рассом сифатидаги кашфиёти “предметлар тили”дан санъаткорона фойдаланганидир. Энг машҳур асари “Кутубхоначи” асари ҳам худди шундай – китоблардан таркиб топган инсон портретидир. Бу асарни абстракт рангтасвирнинг 1566 йилда чизилган мукаммал намунаси, деб аташ мумкин.
Рассом асарларининг бадиий қиймати фақатгина оригинал шаклида эмас, балки ўша шакл муайян муносабат ва фикрнинг тимсолий ифодасига айланишидир. Акс ҳолда аниқ мавзулаштирилган предметлар ё ўсимликлар коллекцияси шунчаки натюрморт бўлиб қолаверарди. Арчимбольдо эса натюрмортни портретга уйғунлаштириш орқали жиддий фикрларни, ҳис-туйғуларни ифодалашга эришди. Масалан, “Юрист” (1566) портретига қараб, муаллифнинг яширин истеҳзосини, аллегория­сини уқиш мумкин. Унда тасвирланган қаҳрамоннинг юз қисми пиширилган катта-ю кичик ҳажмдаги товуқ ва балиқлардан иборат, бошининг тепа қисми қулоқларигача қора, энсиз бош кийим шаклида. Бошига нисбатан баҳайбат гавдаси бўйин қисмигача қат-қат қоғоздан иборат, қорнида эса қалин китоблар акс этган. Бу портретда мажозий маъно ташиётган предметларнинг номутаносиблигида аллегория бор. Яъни, бу бюрократ, боши қора хаёллардан иборат, илмини нафсига сарф этган мансабдорнинг танқидий образидир. “Ошпаз”, “Шароб қўнғизи”, “Бош ва мева савати”, “Боғбон” каби асарларида эса юмористик кайфият устунлик қилиши билан бирга, ҳаётнинг аччиқ ҳақиқатларига аниқ ишоралар сезилиб туради.
Умуман, ўз замонасининг “сарой рассоми” бўлган Жузеппе Арчимбольдонинг гоҳ буюртма асосида, гоҳ мустақил яралган асарлари катта маҳорат, ҳур тасаввурнинг маҳсули ҳисобланади. Мусаввирнинг ўзи эса санъатдаги муҳташам қолипу тамойилларни ҳатлаб ўтиб, ўзлигини топган, ўз тафаккур оламининг эшикларини келажакка очиқ қолдирган кашшоф сиймодир. Унинг асарлари ҳозирда Италия, Франция, Австрия, Чехия, АҚШ, Швейцариядаги нуфузли музей, галерея ва санъат уйларида сақланади.

Яшна ЭМИНОВА

Ижтимоий тармоқларда ёйиш:
0 Menga yoqdi
0 Menga yoqmadi