Хитойнинг 1912–1949 йиллардаги Республика даври адабиётида ўз номига эга бўлган Сяо Хун, Люй Бичэн, Ши Пинмэй ва Чжан Айлинлар Чин юртининг энг иқтидорли ва ардоқли адибалари бўлиб, ўзбек китобхони уларнинг ҳаёти ва ижоди билан унчалик таниш эмас. Боиси ушбу ижодкорлар асарлари ўзбек тилида босилмаган. Уларнинг умр ва ижод йўллари билан танишиш, бизнингча, муштарийларимизни хитой адабиётига янаям яқинлаштириб, билимларини оширади.
Сяо Хун
(1911–1942)
Сяо Хун, Цзо Ин, Лин Лин, Тянь Ди тахаллусли, асл исми Чжан Найин бўлган бу аёл оғир ва қисқа, аммо жўшқин ҳаётни бошидан кечирди. Сяо Хундан бой адабий мерос қолмади, унинг атиги учта тўплами маълум. Уларнинг ичида машҳур “Кичик шаҳар баҳори” новелласи ҳам бор. Шоира ва ёзувчи бўлган Сяо Хун ўз асарларида бир миллион хитой ёзувидан иборат иероглифларни ишлата олган истеъдод соҳибаси эди.
Сяо Хун Хитойнинг сўнгги Цин салтанати (1644–1912) ва унинг ҳукмдори Цисининг охирги йиллари кечаётган 1911 йилнинг 1 июнида маориф мулозими оиласида дунёга келди. У туғилган маскан Хитойнинг шимоли-шарқий нуқтаси бўлмиш Харбиндан 28 километр узоқликдаги Хулань шаҳарчаси бўлиб, адиба кейинчалик она тупроғи ҳақида шундай ёзади: “Хэйлунцзянь вилоятининг Хулань шаҳарчаси шундай жойки, бу ерда йилнинг тўрт ойида қор бўронлар сира тинмайди”.
Уларнинг оиласи яшил ғиштли, тунука томли уйда яшарди. Бугунги кунда адибанинг зиёратига келганлар бу ерда унинг уй-музейи ва ёдгорлик монументини кўришлари мумкин.
Сяо Хун хотираларида адабиётга илк муҳаббатини бобоси уйғотганини яширмайди. Эртакчи бобо ёш набирасига жуда кўп ҳикояту ривоятлар, шунингдек, қадимги Хитой ҳаётидан тарихий воқеаларни сўзлаб берар эди, бўлғуси адибанинг ижодида бу изсиз қолмади. Сяолар оиласи маорифчи бўлганлиги боис, амакиси ва катта акаси Пекинда сабоқ олар, улар таътилда Хуландаги қадрдон гўшаларига қайтганларида ўқишдаги воқеалар билан ўртоқлашар, шунингдек, адабиёт ва маърифат ҳақида суҳбатлар қурар эдилар. Айниқса Пекинда қизлар ва ўғил болаларнинг бир синфда ўқиши Сяони ҳайратга соларди. Пойтахт таълимидаги бундай ислоҳот республика шамоли олиб келган маорифдаги янгиланишларнинг илк куртаклари эди.
1926 йили Харбиндаги мактабга қатнай бошлаган Сяода рассомлик ва бадиий ижодга жиддий қизиқиш уйғонди, замонавий хитой адабиёти асосчиси Лу Синь (1881 – 1936) ва Мао Дунларнинг (1896 – 1981) асарлари билан танишди. Лу Синь асарларида у янги замон ва миллий анъаналар уйғунлигини илғаса, Мао Дунда кўпроқ рус адабиётига иштиёқни сезди.
Харбиндаги ўқишни якунлаб, Хуланга қайтганида Сяо Хун суюкли бобосининг вафотидан хабар топиб, қаттиқ ўксиди. Кўп ўтмай отаси билан ўрталарида низо чиққач, файзи кетган уйидан Харбинга қайтиб, у ерда илк муҳаббати Ли Цзеуни топди ва толеидан бахтиёр бўлди. Ошиқ-маъшуқлар бир олам орзулар билан Пекинга йўл олишди. Аммо кўп ўтмай йигитнинг бошқа оиласи ҳам борлиги маълум бўлиб, Сяо Хуннинг тарвузи қўлтиғидан тушди. Жанжаллардан тоқати тоқ бўлган Сяо 1931 йилнинг кеч кузида ниҳоят ундан юз ўгириб, якка-ёлғиз Пекиндан Харбинга қайтди.
Ишончи, орзулари поймол бўлган Сяони Харбинда саргардонлик ва йўқчиллик кутарди. Кўп қийинчилигу, азоб-уқубатни бошидан ўтказган бўлғуси ижодкор охир-оқибат мадад сўраб, “Гоцзи себао” рўзномаси таҳририятига бир неча бора хат ёзди. Ёзган мактубларида чорасиз қолган аёлнинг фарёдини уқиш мумкин эди. Рўзнома муҳаррири Фэй Лаопэй алданиб, йўқсилликда қолган аёлга ёрдамга ошиқди. Кўп ўтмай Сяо Хун ҳаваскор қаламкаш йигит Сяо Цзюнь билан танишди. Ҳаммуаллифликда уларнинг қалами остидан бирин-кетин ҳикоя ва очерклар босилиб чиқа бошлади. Икковлари бахтиёр эдилар. Ижодлари ҳам гуркираб, ноширлар қўлёзмаларини сўрай бошлашди. Иккови ҳамкорликда илк катта ижодий меҳнатлари – “Йўл азоблари” номли сайланмани нашр эттиришди.
Аммо кутилмаганда Харбинга Япония ҳужум қилиб, шаҳарга бомбалар ёғдирди. Япон аскарлари биринчи галда зиёлиларни қувғин қилдилар, нашриётларни ёпиб, китобларни оловда ёндирдилар. Сўзига кирмаганларни пешонасидан отдилар. Иложсиз қолган жуфтлик 1934 йил 15 июнда аввал поездда, кейин паром орқали Циндао шаҳрига келади. Агар Гоминдан ҳукумати томонидан коммунистларни таъқиб этиш бошланиб, қора рўйхатга улар ҳам тушмаганларида ёш ижодкорлар ўзларига яна илҳом бахш этган бу шаҳарда кўп йиллар қолишлари мумкин эди.
Шанхайга кўчиб ўтишгач, улар адабиёт дарғаси Лу Синь томонидан бошпана билан таъминланади. Айнан шу ерда Сяо Хун ижодининг чўққиси бўлган “Ҳаёт-мамот даласи” асари чоп этилди ва у элга танилди. Лу Синь унга оталарча ғамхўрлик қилиб, қўлёзмаларини ўзи таҳрирдан чиқарар, ноширларга берарди. Шаҳарда адабий салонлар, театр, опера ва бошқа кўнгилочар масканлар кўп эди.
Бир қанча вақтдан сўнг Сяо Хун раҳнамоси Лу Синнинг маслаҳати билан Токио сафарига отланди. Гарчи япон адабий муҳити билан танишув мароқли кечган бўлса-да, бу сафар унга муваффақият келтирмади, асарлари японларда қизиқиш уйғотгани йўқ.
1936 йил 19 октябрда Лу Синь сил касалидан вафот этгач, Сяо Хун Шанхайга қайтиб, устози қабри узра бош эгди. Олдинда адибани янги изтироблар кутарди. Турмуш ўртоғи билан ўрталаридаги муносабат бузилгани боис Сяо Хун ўта тушкун кайфиятда 1937 йили уйини ташлаб, Пекин сари йўл олди. Бироқ япон бомбалари аввал Пекинга, августь ўрталарида Шанхайга ҳам ёғила бошлади. Одатда шаҳар ҳавоси ёзда дим ва иссиқ, кузи эса анчайин салқин кечар, аммо уруш туфайли Шанхайдаги бу дилраболикдан асар ҳам қолмагандек эди. Уч ой японлар билан қирғинбарот жанг бўлгач, ноябрь охирларига келиб генерал Чан Кайши шаҳарни ғанимга топширишга мажбур бўлди.
Сяо Хун ҳам жон сақлаш илинжида шаҳардан қочиб, ҳориб-толиб Уханга келди ва Дуаньму Хунлян тахаллусли ижодкор йигит билан танишди. Аммо уруш бу ерда ҳам уларни қўймади. Икки ижодкорнинг фронт чизиғи бўйлаб саргузашт ва азоб-уқубатга тўла сафари бошланди. Чунцин шаҳрига етиб келгунга қадар икковлон япон ўқларидан аранг жон сақлашди. Аммо Чунцинда ҳам уларни осойишталик кутмаётганди. Душман самолётларининг нохуш овози шаҳар осмонини ларзага солди. Бомбаларнинг бири Сяо Хун турган бино яқинида портлади. У қулоқларини беркитиб, энгашиб йиғлар экан, тақдирига ва урушга лаънатлар ўқирди.
Дўстларининг маслаҳати билан Дуаньму иккови Британияга қарашли Хонконг шаҳрига отландилар. Сяо Хун бандаргоҳ шаҳарда 1940 йил баҳоридан 1942 йил январигача яшади. Дуаньму билан йўллари айро тушгач, адиба яна ёлғиз қолиб, мусофирлигу, фақирликдан қаттиқ қийналиб, ўпка хасталигига йўлиқиб, шифохонага ётқизилди. Беморнинг аҳволи борган сари оғирлашди. Касалхона каравотида ётган Сяо Хун деразадан япон самолётлари шовқинини эшитиб, алам билан кўзларини юмди. Наҳот уни уруш шу ергача таъқиб этиб келган бўлса? 1942 йил 13 январь куни японлар Хонконгга бостириб келдилар. Тиббий ёрдамсиз қолган шўрлик Сяо Хун 21 январь тонгида ҳушидан кетди, кечга яқин унинг юраги уришдан тўхтади. Шу тарзда бутун умри сарсон-саргардонликда ўтган Сяо Хун 30 ёшида дунёдан эрта кетди. 1957 йили адиба хоки Гуанчжоуга кўчирилди. Фақат 1980 йилларга келиб, Харбин ноширлари унинг сайланмаларини нашр эта бошладилар. Бугунга келиб замонавий Хитойда Сяо Хун асарлари энг кўп чоп этиладиган ижодкорлардан биридир.
(Давомини журналдан ўқийсиз) 2021/8