Азиз Несин – Драматург

Aziz Nesin

ХХ аср жаҳон адабиётида ўз сўзини айта олган турк адиби Азиз Несинни ўзбек китобхони ҳам яхши билади. Аммо бизда уни кўпроқ ҳикоянавис ва романчи сифатида танийдилар. Ваҳоланки, Азиз Несин адабиётнинг деярли барча жанрларида ижод қилган. Унинг бешта шеърий тўплами чоп этилган. Икки мингдан ортиқ ҳикоя ва эртаклар, еттита роман, икки жилдли хотиралар, ўндан зиёд драма ёзган. Бу адабий мерос адибнинг ижодий кўлами кенглигидан, ёзарман сифатида талантидан далолат беради.
Ижодкор учун муҳими, қайси жанрда қалам тебратмасин, бадиий жиҳатдан пухта, ўқувчи дилига ўрнашадиган асар ёзишдир. Азиз Несин яратган асарлар ҳақида бемалол китобхонни ўзига тортувчи, унга эстетик завқ берибгина қолмай, дидини тарбиялайдиган, фикрлашга ундовчи асарлар дейишимиз мумкин. Адиб жаҳон китобхонларига кўпроқ сатирик, ҳажвий ҳикоялар устаси ва романчи сифатида танилган бўлса-да, унинг драматик асарлари бадиий жиҳатдан ҳикояларидан қолишмайди. Драматургияда муаллиф кўпроқ диалог устаси сифатида кўзга ташланади. Азиз Несин ўнлаб пьесалар ёзган драматургдир. Унинг илк пьесаси 1958 йили битилган. “Бу ёққа кел”, “Бирор нима қилгил, Мэт”, “Тросслик ёвуз”, “Мени ушла, Ровни”, “Ўлдир мени, меҳрибоним”, “Ҳуштак сотувчиларнинг чўтка сотувчилар билан уруши”, “Юрадиган уч бахтсизлик”, “Бир аёлнинг дуэти”, “Сен Гара эмассан”, “Яшасин сариқ-пуштилар” пьесалари ижодкорнинг моҳир драматург эканлигидан далолат. А.Несин ижодига хос аччиқ кулги, воқеани қаҳрамонлар тақдирига боғлаб кўрсатиш ва воқеликка айрича муносабат, қисқа-лўндаликка интилиш муаллифнинг драматик асарларида ҳам ўз аксини топган.
Драманинг ўз меъёрлари бор. Бутун воқеликни қаҳрамонлар хатти-ҳаракати орқали кўрсатиш, уларнинг характерини, ўзига хос жиҳатларини сўзларида, қилаётган ишларида ифодалаш даркор. А.Несин пьесаларида мана шу жиҳатлар керагича акс этганига гувоҳ бўламиз. Унинг пьесаларида ҳам ҳажвийлик, сатирик руҳ устувор. 1985 йили “Искусство” нашриётида чоп этилган “Пьесалар” тўпламига сўзбошисида А.Несиннинг ўзи драматургиядаги ижодига батафсил тўхталиб ўтган:
“Менинг барча пьесаларимдаги умумий жиҳат нимада?
Биз атроф-муҳитни аввало кўриш, эшитиш ва ҳоказо сезим унсурларимиз билан англаймиз. Аммо бу сезгиларимиз орқали кўпроқ нурнинг тушишини, товушларнинг паст-баландлигини ҳис қиламиз. Табиий жиҳатдан инсон англаши мумкин бўлмаган жиҳатларни, тебранишларни сезмаймиз. Шунинг учун турли микроскоп, телескоп, овоз кучайтиргичлар, электрокардиографиялардан фойдаланамиз.
Ёзувчи англамоқчи бўлган борлиқ фақат кўзга кўринадиган нарсалар эмас, бу инсоннинг кўринмас ички дунёси, қалби. Фавқулодда мураккаб, ўзгарувчан руҳий олами.
Мен ҳар хил “ускуналардан” фойдаланган ҳолда ўз пьесаларимда мана шу қалб оламининг марказини эгаллашни ўйлайман. Унинг энг юқори тебранишларини, иккиланишларини, одамнинг англаш мушкул бўлган ички зиддиятларини, шахснинг ўзгалар билан, жамият билан келишмовчиликларини англатишни истайман. Бошқача қилиб айтганда, инсон қалбида кечаётган ҳодисаларнинг барча қирраларини кўриш, унинг қалбидаги ҳақиқатни томошабинга етказишни хоҳлайман.
Қаҳрамонларимнинг ички дунёсидаги сирлардан воқиф бўлишда, билишда, ҳар хил “асбоб-қуролларга” муҳтож бўлган ҳолда мен ўзимни беморининг дардини аниқлаш учун турли таҳлилларга, рентген ёрдамига суянган докторга қиёс қиламан. Бу “асбоб-ускуналар” нималар? Бу – мавҳумлик, рамзлар, хаёлот ва тасаввур… Буларнинг бари пьесаларда мақсад эмас, воситадир. Масалан, аниқликни акс эттириш учун мен абстракцияга ёки абсурдни ифодалаш учун антидрамага мурожаат қиламан. Баъзилар мени Ғарбнинг авангард руҳидаги пьесаларидан нусха олишда айблашади. Тўғри, мен гоҳида ғарбча усуллардан фойдаланаман, жангда ҳар икки томон бир хил қуролни қўллаши мумкин-ку.
Менинг “қуролларим”, мен тутган йўл пьесаларимга бадиий умумлашмани берувчи кўпқирраликка эришишда қўл келади. Айни пайтда қаҳрамонларнинг руҳий оламида, ҳаракатида кўринадиган миллийлик ҳам пьесаларимга хос. Асарларимдаги қаҳрамонлар номи туркча бўлмаслиги мумкин. Айрим ҳолларда уларнинг номлари ҳам йўқ, аммо унда турк халқи характеридан кўринишлар бор. Менинг пьесаларимда ижобий қаҳрамон деярли учрамайди. Ҳаммаси салбий. Уларнинг фазилатларини кўрсатганимда ҳам, оқибатда бари салбий бўлиб қолаверади.
Бироқ “салбий қаҳрамон” деганим, буларнинг ҳаммаси ёмон одамлар дегани эмас. Уларнинг ичида ҳамдардлик уйғотувчи ёқимлилари ҳам бор. Салбийликка тўқнаштириш билан мен оммани асарларимда кўтарилаётган муаммони мустақил идрок этишга ундайман. Бу ҳам менинг ўзига хос услубим, “қуролим”дир.
Айни пайтда камина қуйидагича мақсадни ҳам кўзлайман. Математик услубдан фойдаланиб, томошабининг театрга келгунча бўлган ҳолатини А, В, С… дея белгилайлик. Томошадан сўнг бу ҳолат яхши томонга ўзгариши, кўтарилиши керак. Яъни, А+Х, В+Х, С+Х… Тўғри, саҳна асари ҳаммага бир хил таъсир қилмайди. Бунинг турли сабаблари бўлиши мумкин. Томошабиннинг асарни тушуниб қабул қила олиш даражаси, руҳий ҳолати, маданий савияси ва ҳоказо сабаблар. Шунинг учун Х билан белгиланган қалб ҳолати пьесани томоша қилиб бўлишгандан сўнг қуйидагича кўринишда бўлади: Х-1, Х-2, Х-3… Х-Х. Муҳими, инсоннинг маънавий бойишига эришишда, унинг онгида из қолдиришда, кейинги ҳаётига таъсир қилишда”.
Азиз Несиннинг драматург сифатида битган шу сўзлари драма назариясини яхши билиши ва амалда қўллай олишидан далолат беради. Ижодкорнинг юқорида келтирилган фикрлари драматурглар учун, айниқса, ёш қаламкашлар учун дастуруламал бўлиши керак. Пьеса ёзишдан мақсад, асарнинг томошабинга таъсири, саҳна асари томошабин қалбини туғёнга келтириши кераклиги ҳақидаги пурмаъно фикрлар ижод йўлига қадам қўяётган ёш авлод учун жуда муҳим.
А.Несин ижодига хос сатира – ҳажвийлик унинг драмаларига ҳам хос дедик. Адибнинг барча драматик асарларини сатирик драматургия қаторига қўшиш мумкин. Унинг илк пьесалари халқ оғзаки ижоди, аниқроғи, турк халқ театри таъсирида ёзилган. Туркияда асрлар давомида шаклланган Қоракўз ва Соя халқ театрлари жуда машҳур бўлган. Халқ яратган образлардаги ўзига хослик – Ҳоживатнинг шумлиги, Қоракўзнинг зукколиги, тўғрисўзлиги А.Несиннинг “Қоракўзнинг уч томошаси” асарида ёрқин ифодаланган. ХХ асрнинг 60-70-йиллари турк адабиётида драматургия жанрининг анча салмоқ касб этганини ва бунда А.Несин драмаларининг аҳамияти катта бўлганини адабиётшунослар алоҳида таъкидлайдилар. Масалан, рус турколиги С.Утургаури А.Несин ижодига бағишланган мақолаларида адибнинг насрий асарлари ҳақида кўпроқ фикр билдирса-да, пьесаларини ҳам унутмайди.
Азиз Несиннинг саҳналаштирилган илк пьесаси “Бу ёққа кел” деб номланади. Жамиятдаги ахлоқий меъёрларнинг бузилиши, зўравонларнинг омади чопгани-ю, ҳалол яшашни истаганларнинг оёқости қилиниши бу асарда жуда чиройли очиб берилган. “Тросслик ёвуз” пьесасида Нури Саянер оиласининг ташвишлари, шу оилага атрофидагиларнинг муносабати, ўша даврдаги ижтимоий ҳолат ҳажвий йўсинда баён этилади. Нурибей – ювошгина киши. Хотини Меҳрибон қирқ йил аввал кўрган тушини пеш қилиб, уни хиёнатда айблайверади. Ўғли Метин – талаба, қизи Гулой уйда кашта тикади. Уларни ўн саккиз йилдан бери ижарада турган уйларидан кўчиришмоқчи. Уй соҳиби Зиё Чалакчи буларга қарши тўнини тескари кийган. Қиш олди, буларнинг эса борадиган жойи йўқ. Улардан юқори қаватда Усмон Кумуштекин – Усмон Думан лақабли ашаддий жиноятчи, пастки қаватда қилар ишининг тайини йўқ ёш йигитлар туради. Буларнинг ғашига тегиш учун юқорида ҳам, пастда ҳам шовқин-сурон тинмайди. Бунинг устига Нурининг оиласини кўчириб бер, дея Зиё Чалакчи Усмон Думанга пора ҳам берган. Мана шундай оғир вазиятда уйидагилар Нурибейни жандарм маҳкамасига шикоят учун жўнатадилар. Умрида маҳкама эшигига бормаган, бундай жойларни айланиб ўтадиган Нурибей маҳкамага бориб, киришга юраги бетламай турганида, бир миршаб чиқиб, нимага бу ерда икки соатдан бери айланиб юрибсан, дея олиб кириб кетади. Комиссарнинг ёнига зўрлаб киритилган Нурибей ҳолатини кўрсатаркан, муаллиф комиссарнинг бошқа бир маҳбус билан суҳбатини ҳам келтиради:
“Комиссар (эшик ёнида турган қоровул билан Нурини кўрмаётгандек, оталарча юмшоқ овозда маҳбусга гапираётир): “Ўғлим, болажоним… Хавфсизлик хизмати нима? Номининг ўзи бу ер хавфсизлигини англатиб турибди. Сен хавфсиз жойдасан. Сенга биздан бошқа ҳеч ким ҳеч нима қила олмайди… Бирор киши сенга қўлиниям теккизмайди, биздан бошқа… Энди ҳаммасини айтиб бер, болагинам, уялма, қўрқма, ҳаммасини айт, болажон…”
Шу кунларда тросслик ашаддий жиноятчининг Истанбулга келгани ва унинг қўлга олиш учун бўлаётган ҳаракатлар ҳақида матбуот роса шов-шув солаётганди. Нури билан гаплашганида, комиссар тортмасидан бир суратни олиб қарайди-ю, Нурибейга шубҳаланиб тикилиб, сўнг ҳибсга олдиради. Нурибей қидирилаётган тросслик жиноятчига қуйиб қўйгандек ўхшар экан. Ўн бир ой қамоқда ётгач, Нурини руҳий касал сифатида озод этишади. Уйига келгач, оиласи ундан ўзини олиб қочади, аёли ёлғиз қолишдан қўрқади. Атрофидагилар уни ёвуз жиноятчи деб билиб, шунга яраша муносабатда бўлади.
Азиз Несин пьесаларидаги яна бир жиҳат шундаки, бирор воқеа, бирор деталь изсиз кетмайди. Масалан, Нурининг метрикаси йўқолгани, бу ҳужжатни тросслик ёвуз топиб олиб, унинг номини ўзлаштиргани билан боғланади. Ёки кўрган туши сабаб, эрини рашк қилиб, қирқ йил ғингшиган хотини уни ёвуз кимса, ашаддий каллакесар деб ўйлаган вақтида, истаганингча кўнгилхушлик қилишинг мумкин, дейди. Зиё Чалакчи уй учун энди сира ижара ҳақини олмасликка ваъда берса, каллакесар Усмон Думан сен учун жонимни бераман, дея хушомад қилади. Шунда Нурининг ёвуз бўлиш ҳам яхши экан-да, деб айтган кесатиғи кишини ўйлантириб қўяди. Асл тросслик ёвуз бир бегуноҳга жабр бўлибди дея ўзини полиция маҳкамасига топширганида, аҳвол яна тескарисига айланади. Яна уйига дўқ-пўписа билган кирган Усмон билан Зиё Чалакчига Нурибей ўзини ёвуз қилиб кўрсатмаса тинчлик йўқлигини сезиб, дўқ-пўписа қилмоқчи бўлади. Атрофидагилар яна ўзгариб қолади. Асарда адиб персонажлар нутқи орқали жамиятдаги иллатларни, муносабатларнинг сунъийлигини, омонатлигини шу қадар усталик билан тасвирлайдики, бадиий тўқимага ўқувчини ҳаётда бўлгандек ишонтириб қўяди.
Азиз Несиннинг яна бир пьесаси “Ушла мени, Ровни”да иккитагина персонаж бор. Бу цирк артистлари бўлган эру хотин – Ровни билан Мела. Мана шу оила тақдири мисолида шахс фожиаси ифодаланган. Бугун жаҳон драматургиясидаги кенг тарқалган усуллардан бири, персонажлар кам бўлсину, фикр қуюқ бўлсин. А.Несин бу асарини мана шу тенденцияга асосланиб ёзган. Умуман, қатнашувчиларнинг кам бўлиши А.Несин пьесаларининг ўзига хос хусусияти дейишимиз мумкин. Циркда акробатлик қилиб пул топадиган бу жуфтлик мисолида муаллиф инсон ички дунёсидаги чигалликларни жуда аниқ кўрсатади. Севишиб турмуш қурган, лекин маълум вақт ўткач, бир-бирига тоқат қилолмай қолган, буни яширишга мажбур шахсларнинг кўнглидагини сездирмай, ниқоб билан яшаши сабаби аён – улар бир-бирисиз пул топа олмайди, мудом бириси бошқасига керак. Иш туфайли ажрашолмайдилар. Улар учун ёлғиз қолиш ҳасратли. Юраклари ғамдан эзилса-да, кулиб туришга маҳкум инсонлар тақдири бу. Уларнинг фожиаси тирикчилик учун бирга бўлишга мажбурликларида. Айни пайтда гоҳида ёшликдаги севгилари ҳам эсларига тушиб қолади. Бу асар драматургнинг фалсафий қарашлари акс этган пурмаъно пьесаларидан бири. Муаллифнинг Мела тилидан айтилган муҳаббат ҳақидаги фикрларига эътибор беринг: “Муҳаббат – бу мувозанат. Бари уни қандай эҳтиётлашга боғлиқ. Агар эр ва хотин ўзаро мувозанатни, уйғунликни ярата олмасалар, улар ажрашишади…”. Бу ажралиш расман бўлмаса-да, қалбан бегоналашувдир. Нақадар ҳаққоний фикр.
Ровнининг: “Агарда инсон ўзига сўз берса-ю, сўзининг устидан чиқолмаса, бу унинг секин-аста ўлаётганидир…”, деган гапидан ҳам теран маънони уқиб олиш мумкин.
Ровнининг аввал уйланганлиги китобхонга асарнинг ўртасида маълум бўлади. У ўзининг шотисига Местини деб от қўйиб олган. Мела эса циркда миниб томоша кўрсатувчи велосипедига Ланфа дея, туғилмай нобуд бўлган боласига аталган номни беради. Драматург шу тафсилотларни уларнинг нутқи орқали баён этаркан, китобхонда эр ва хотин гоҳо бир-бирини шу ашёлардан қизғанаётгандек таассурот уйғонади.
Мела образи орқали аёл учун энг муҳими эри уни деб нима қила олишида экани яхши очиб берилган. Ўзгалар наздида бахтиёрдек бўлишса-да, аслида бахтсиз турмушларини яширишга маҳкум жуфтлик фожиаси асар мазмунига сингдирилган.
“Ҳуштак сотувчиларнинг чўтка сотувчилар билан уруши” пьесасини памфлет асар дейиш ҳам мумкин. Фақат ўз манфатини ўйлайдиган, аммо буни яшириш учун ўзларини ватанпарвар қилиб кўрсатувчи сиёсатдонларнинг хатти-ҳаракати томошабинда ҳам кулги, ҳам нафрат уйғотади. Тинчлик, дўстона муносабатлар тарафдоридек кўринган бу мансабдорлар фойда йўлида уруш очишдан ҳам тоймайдилар.
“Сен Гара эмассан” пьесаси Азиз Несиннинг сатирик кулгиси авж пардада акс этган асарларидан. Урушда қаҳрамонлик кўрсатгани учун Гарага қишлоғида ҳайкал қўядилар. Ҳоким ва оқсоқол Гаранинг қандай ажойиб инсон бўлганлиги ҳақида нутқ сўзлайди. Митинг ўтказилиб, ҳайкал пойига гуллар қўйилади. Анжуман тугаб ҳоким билан оқсоқол гаплашиб турганида, бир жулдурвоқи келиб ҳайкалнинг тагига пешоб қилади. Аслида Гара шу эди. У ўлмаган, нотўғри маълумот туфайли қаҳрамонга айланиб қолган, бечораҳол аҳволга тушиб қишлоғига қайтганида уни танишни истамайдилар, аниқроғи, унинг тириклиги ҳокимият учун керак эмас эди. Унга қишлоқдан кетиши учун пул берадилар, кетишни истамаган Гарани охир-оқибат ҳокимнинг ўзи отиб ташлайди. Инсон тақдирининг аянчлилиги, тирик одамдан сохта шон-шуҳрат афзаллиги, шу шуҳрат ҳам кимлар учундир хизмат қилиши асарда яхши очилган. А.Несин маҳорати бир дайдининг маънавий олами унинг атрофида жамият машинасини юргизиб турган амалдорлардан баландроқ эканини кўрсатиб берганида билинади. Адиб айтмоқчи бўлган гапини китобхонга ҳам, томошабинга ҳам етказа олган.
“Яшасин сариқ-пуштилар” пьесаси бир-бирига ғараз йўлида муносабатда бўлган кишилар ҳақида. Муаллиф бу асарда ҳаётини фақат шахсий манфаатдан келиб чиқиб баҳолайдиган, дўст бўлишдаям, оила қуришдаям ҳисоб-китоб қилиб, фойдани кўзловчи, ёлғондан бўлса ҳам ўзини бахтли кўрсатиб яшовчи кимсаларни фош этади. Пьесадаги ота-она ҳам, улар ўзларидай ҳийлакор қилиб тарбиялаган қиз ҳам манфаат қули.
“Ўлдир мени, меҳрибоним” пьесасида ёлғизлик фожиаси икки қўшни аёл мисолида тасвирланади. Катта шаҳар тумонат одам, лекин кимларнидир ёлғизлик қийнайди. Кишиларда меҳр-оқибат қолмаётгани, жамиятдаги ёлғон-яшиқ ва ўзаро бегоналашув каби иллатлар айниқса якка-ёлғиз инсонларни азоблаётгани асарда маромига етказиб очиб берилган.
Юқоридаги мисоллардан ҳам кўринадики, Азиз Несин пьесаларида ҳаёт мазмуни нимадан иборат эканлигини ўйлашга мажбур этувчи муаммоларни олиб чиқади, ижтимоий, ахлоқий масалалар, шахс ва жамият ўртасидаги муаммолар унинг драмургиясининг мағзини ташкил этади десак муболаға бўлмайди.
А.Несин пьесалари дунёнинг кўплаб мамлакатларида саҳна юзини кўрди. Унинг ижод наъмуналари АҚШ, Франция, Германия, Россия, Венгрия, Болгария, Руминия каби қатор давлатларда саҳналаштирилган. 1970-71 йиллар Туркияда Азиз Несин пьесалари энг кўп қўйилган асарлар сифатида тан олинди.
А.Несин ўзбек тилида чоп этилиши мўлжалланган китобларидан бирига сўзбоши ёзади-ю, негадир ёзгани ўз вақтида Ўзбекистонга етиб келмайди. Сўзбоши таржимон Миад Ҳакимов номига келиши керак эди. Шу сўзбошини адиб 1986 йили Туркияда нашр қилинган “Эҳ, биз қўрқоқ зиёлилармиз” тўпламига киритади. Кейинчалик Миад ака Несиннинг сўзбошисини топиб, ўзбекчага ўгириб, 1988 йили “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида эълон қилдиради. Азиз Несиннинг унда ёзганларидан айрим фикрларга эътибор қилайлик:
“Қадрли дўстим Миад Ҳакимов. Ўзбекистонда нашрга тайёрланаётган иккинчи китобим учун сўзбоши сўраган экансан, шуни сенга хат тариқасида ёзишга жазм қилдим.
Ушбу мухтасар сўзбошида мен санъатнинг туб моҳиятини қандай тушунишимни… ҳажв бобида қалам тебратишдан мақсадим нима эканини сенга, сен орқали эса муштарак тилда сўзлашувчи қардош ўзбек китобхонларига баён этиб бермоқчиман.
Мен шундай фикрдаман: ҳар қандай санъат одамзод бахт-саодати учун хизмат қилмоғи керак. Одамларга саодат улашмоқ – бу уларни бугунидан яхшироқ, гўзалроқ яшашга, эзгулик сари даъват этиш демакдир. Бинобарин, мен ҳам ўз санъатим билан шунга интиламан, бу билан ўзимни ва китобхонларимни бахтиёр қилсам, дейман.
…Мен дастлаб ҳажвчи ёзувчи бўламан, деб сираям ўйламаганман. Шахсиятим ва табиатимнинг таъсири бўлса керак, ёзган нарсаларимда ўз-ўзидан ҳажвга мойиллик сезила бошлади. Кейинчалик эса ҳажвиётни ўзим онгли равишда танладим. Билдимки, адабиёт турлари ичида энг таъсирчани, энг оммабопи ҳажвиёт экан. Шу тариқа ҳажвиёт мен учун кенг китобхонлар давраси, турли синф вакиллари билан, халқ билан мулоқотда бўлишнинг бир воситаси бўлиб хизмат қилмоқда.
Қадрли Миад, сен орқали мен тарихий қон-қариндошимиз бўлмиш ўзбек китобхонларига энг самимий ҳис-туйғуларимни изҳор этаман”.
Инсоний қадриятларни асраш ёзувчининг тарих ва жамият олдидаги бурчидир деб билган Азиз Несиннинг асарлари йиллар ўтса-да, китобхонни ўзига жалб этиб бораверади.

Адҳамбек Алимбеков,
ТошДШУ доценти

2021/9

Ижтимоий тармоқларда ёйиш:
0 Menga yoqdi
0 Menga yoqmadi