Бартольднинг бойликлари

бартольд-1024x720

“Қуръони карим”ни русчага таржима қилган академик И.Ю.Крачков-ский 1940 йилда бундай деб ёзган эди: “Тарихчиларимизнинг 1930 йиллардаги кашфиётлари ҳатто В.В.Бартольд махсус шуғулланиб келган шарқшунослик соҳасидаги манзарани ҳам ўзгартириб юборди. Бу каш­фиётлар қадим замонлардан тортиб то XIX асргача бўлган ҳамма ­даврларни хронологик тартибда ўз ичига олди. В.В.Бартольд Тожикис­тон ҳудудида сўғдийларнинг қимматли ҳужжатлар тўплами ва араблар Ўрта Осиёни истило қилиш даврига доир ягона арабча асар топилганини кўришга муяссар бўлмади. У Жўйборий шайхларининг XVI аср Бухоросидаги ер муносабатларини ва бутун иқтисодий ҳаётни ёрқин тасвирлаб берган архивлари билан таниша олмади. XIX асрдаги Хива хонлари архиви топилганини эшитиш ҳам Бартольдга насиб этмади”.
Ҳа, академик И.Ю.Крачковский ёзганидек, 1930 йилларда шарқ­шунослик бемисл тадқиқотлар билан ривож топди. Аммо ушбу фаннинг улкан, бақувват пойдеворини Евроосиё ҳудудида В.В.Бартольд қўйиб кетган эди.
Бартольд ёзганидек, “мусулмон оламида тарих ҳеч бир жойда бевосита архивдан олинган ҳужжатлар асосида ёзилган эмас эди”. Маълумки, Н.И.Веселовскийнинг 1877 йилда чоп этилган Хива хонлигига доир асари шарқшуносликка қўшилган катта ҳисса эди. Лекин Бартольд ёзганидек, “ У Хива тарихини ёзаётган вақтда ҳатто Мунис ва Огаҳийнинг йирик солномаларидан ҳам фойдаланмаган. Ваҳоланки, бу асарларнинг мавжудлигидан Веселовский хабардор эди”. Ҳа, Бартольд ғоят синчков аллома бўлгани боис ҳам ўзидан, ҳам бошқа тарихчилардан манбани ­эътибордан четда қолдирмай тадқиқ қилиш, ўрганишни талаб қиларди.
Алломани, табиийки, Хоразмдек қадимий цивилизация бешиги ўзига жалб этмай қолмаганди. Масалан, унинг шахсий архивидан Хива хонлигига доир жуда кўплаб қимматли материаллар топилди. Ҳаттоки, унинг қўлёзма мероси орасидан (В.В.Бартольднинг шахсий архиви ғоятда бой бўлиб, бугунги кунда Россия Фанлар Академиясидаги махсус бўлимда-68-фондда сақланмоқда) олим ёзган Хива шаҳар тарихи ҳам топилди. Бартольднинг Хива хонлиги тарихига доир ҳали фанга маълум бўлмаган қўлёзмалари ва хатлари 200 саҳифадан иборат.
Аллома Хоразм тарихини ўрганиш жараёнида Мунис ва Огаҳий асарларига жуда юксак баҳо берган. У бундай дея ёзади: “Мунис ва Огаҳий асарлари адабий ва тарихий асар сифатида муайян нуқсонлари бўлса-да, бироқ улар баёнининг мукаммаллиги ва ҳаққоний материаллари жиҳатидан Бухоро ва Қўқон хонликлари тарихига доир бизнинг давримизгача сақланиб қолган ҳамма асарлардан устун туради”.
Бундан ташқари, В.В.Бартольд жой номларидан ҳам келиб чиқиб, уруғчиликнинг ўзига хос жиҳатларини очиб берди: “Хива хонлигида уруғчилик тузуми ақидаси Бухородагига қараганда кучлироқ бўлгани шундан кўриниб турибдики, бу ерда Бухородагидек айрим кичик қишлоқларгина эмас, балки анча катта шаҳарлар (Қўнғирот, Манғит, Қипчоқ, Кунус ва шу кабилар) уруғлар номи билан юритилади, афтидан, ҳар қайси уруғ ўтроқликка ўтганида ўзини яхлит туркум деб ҳис қилган ва майда қишлоқларга сочилиб кетмаган”.
Шунингдек, В.Бартольд Хива шаҳар қурилиши масалалари билан мукаммал шуғулланган. У В.Назимовнинг 1742 йилда Хивага келиб махфий чизган харитасидан ва XIX асрдаги хариталардан фойдаланиб, шаҳарнинг ўсишини чуқур тадқиқ этади ва унинг XVIII асрдаги иншоотлар режасини тузиб чиқади. Шулардан келиб чиқиб, “кўпгина ажойиб маълумотларни ўз ичига олган Хива тарихини яқинда тўлиқ равишда нашр этиш ниятидаман”, дея ёзади. Афсуски, номаълум сабабларга кўра, Бартольднинг Хива – Хоразм тарихига доир ушбу асари унинг ҳаётлигида чоп этилмади, вафотидан то ҳозиргача ҳам нашр қилинмай келмоқда. Бартольднинг баъзи асарлари шу тариқа нашр этилмай қолса-да, у шарқшуносликка ғоят улкан ҳисса қўшди. Чунки Василий Владимирович нафақат теран тадқиқотчи, балки ғоят ғайратли ва сабр-бардошли инсон эди. Гарчи унинг оёғи оқсоқ бўлса-да, илм майдонида ғоят тез илдамлаб кетди. Оқсоқлигининг сабаби эса…
1893 йил. Тошкентдан Чимкент орқали Авлиёота (Жамбул)га бораётганда, экспедиция бошлиғи минган от нимадандир ҳуркиб, эгасини йиқитади. Оқибатда унинг оёғи қаттиқ жароҳатланиб, бир муддат ҳарбий госпиталда ётиб даволанади. Гарчи муолажалар бемор соғайишига ёрдам берса-да, бироқ у бир умр оқсоқ бўлиб қолади. Василий Владимирович бундан ўкинмай ўз олдига қўйган мақсади сари интилаверди.
Бартольд 1869 йил 15 ноябрда Петербургда, ригалик биржа даллоли ва питерлик банк хўжайинининг қизи хонадонида таваллуд топган, бу хонадон ўзига тўқ бўлгани сабаб болалигидан турмуш ташвишларига чалғимай вояга етганди. Шундай оилавий муҳит, қолаверса, ўткир зеҳни сабаб у гимназияни олтин медаль билан тугатди. Шарқ халқлари тарихи ва тилига қизиқиши эса уни Петербург университетига киришга ундади.
Бироқ у 1891 йили университетни битиргач Шарққа эмас, устози В.Розен маслаҳатига кўра Ғарбга йўл олади. Хўш, нега?
Бартольднинг Финляндия, Германия, Швейцария, Италия, Австрия, Венгрияга боришига сабаб бу мамлакатлар шарқшуносларидан маслаҳат олиш, уларнинг архивларидаги шарқ қўлёзмаларини, қолаверса, санксрит тилини ўрганиш эди. Европага борган Бартольд бу ердаги олимлар Шарқ халқлари ҳаёти ва тарихига беписанд муносабатда бўлишидан ғазабланди ва ўз олдига Шарқ турмуш тарзини холис ўрганиш асосида европаликларга асл ҳақиқатни танитиш мақсадини қўйди.
Шу тариқа, у 1892 йили Россияга қайтиб, университетда назарий билимини янада бойитди ва орадан бир йил ўтгач, Туркистонга илк сафар уюштирди. Гарчи шу илк сафарида у отдан йиқилиб, оқсоқ бўлиб қолса-да, 1893–1894 йилларда ўлкадаги илмий тадқиқот ишларини тўхтатмади.
Натижада тўплаган манбалари ва халқ орасида юриб, ўтмишга оид эшитган-кузатганлари асосида мақола ва китоблар ёза бошлади. Бартольд Петербург университетида дарс бераётгани боис, унинг китобларига асос ўқиган маърузалари эдики, булар шунчаки дарсни ўтказиш учун тайёрланган қораламалар бўлмай, юксак савияда, илмий маҳорат билан ёзилган тадқиқот ишлари эди. Қолаверса, у “Мўғуллар босқини даврида Туркистон” деб номланган диссертациясини 1900 йил 2 декабр­да муваффақиятли ҳимоя қилади.
Бартольд нафақат рус, балки дунё шарқшунослигига қўшилган катта ҳисса, дея эътироф этилган ушбу диссертацияни ёқлаганидан сўнг, Бартольд 1902 йилда иккинчи марта Тошкентга келади. Бу сафар ҳам олим қадим қўлёзмаларни тўплаш, тадқиқ этишга интилади.
“Ҳали ҳеч ким фойдаланмаган бой материалга эга Шарқ тарихини ўрганиб, ундаги қўлёзмаларни мутолаа қилар экансан, кўпинча ўзингни худди қадимий шаҳарлар ўрнини кавлаб, янги дунё очаётгандек тасаввур этиб, завқ-шавққа тўласан киши”, деб ёзганди ўз машғулотидан ғурур-ланиб Бартольд.
Ҳа, унинг бу гал қувонганича бор эди. Чунки 1902 йили Бартольд ўлкада кўплаб қўлёзма асарлар тўплади, уларни таҳлил этди. У Самарқанд, Қўқон, Ашхобод, Марғилон, Ўш ва Андижонда бўлиб, генерал Жўрабек, Муҳиддин қози, Саид Боқихон қози, Бекқулибек, Мирза Абдулла Исамуҳаммедов сингари кўплаб қўлёзмалар жамлаган зиёлилар билан танишди. Ўлкада фаолият олиб бораётган Туркистон халқ кутубхонаси ва музейи, Туркистон ҳаваскор археологлар тўгараги, рус жуғрофия жамиятининг Туркистон бўлими ишида қатнашди, маърузалар, мубоҳасалар ўтказди.
Бартольд Туркистонга қилган сафарини якунлаб Петербургга қайтгач, ўзи ихлос қўйган ўлкага оид мақола ва китоблар устида ишлашга ўтирди. Албатта ушбу тадқиқотлар Василий Владимировичнинг Туркистонда танишган қўлёзмалари, ёзиб олган, эшитган ривоятлари асосида, уларни бошқа манбаларга таққослаб, хулоса ясаган ҳолда ёзилганди.
Шу боис ҳам “XVII аср ўзбек хонлари саройидаги тантана маросими”, “Орол денгизи тўғрисида маълумотлар”, “Эроннинг тарихий-географик обзори”, “Еттисув тарихидан очерк”, “Бир Хива тарихчисининг ривоятига кўра, 1873 йилги Хива юриши олдидан содир бўлган воқеалар” каби талай асарлар дунё шарқшунослари орасида ўзининг холис ва ҳаққонийлиги билан шуҳрат қозонди. Бундан ташқари, Бартольд Лейпцигда чоп этилган ва дунёда катта нуфузга эга бўлган “Ислом қомуси”га Туркистон тарихидан мақолалар тайёрлабгина қолмай, 1912 йили Петербургда “Ислом дунёси” журналига ҳам асос солди. Бартольд бош муҳаррир ўлароқ нашрда Туркистоннинг ислом дунёсида тутган ўрни, ўлкадан етишиб чиққан буюк алломалар ҳақида илмий мақолалар чоп эттира бошладики, бу чиқишлар мустамлакачи Чор Русияси маъмуриятига ёқмади. Журнал фаолиятига, энг аввало, Русия императорининг хотини қарши чиқди. Бунга сабаб императрица Александра Фёдоровна Русия Шарқшунослик жамиятининг ҳомийси эди. Подшо хоним назарида, Шарқшунослик жамиятининг мақсади илм-фан эмас, Русия молларини сотишни таъминлаш мақсадида Шарқ мамлакатлари бозорини амалий ўрганиш эди. Табиийки, илмда холислик ва ҳаққонийликни асосий мақсад қилиб олган Василий Владимирович подшо хонимнинг қолипига тушмас, чизган чизиғидан юра олмас, Империянинг бундай манфаатлари талабига ҳам кўнмасди.
Шундай бўлса-да, Империя маҳкамасидагилар Бартольдни ўз шартларига кўндириш йўлларини излашди. Ҳатто 1913 йил бошларида уни Ички ишлар вазири Макаров ўз ҳузурига чақириб, дўқ-пўписа ҳам қилиб кўради. Бартольд эса чин олим, илм-фан фидойиси сифатида вазирга қарата, “Ислом дунёси” илмий нашр ва у фақат илмга хизмат қилади. Сиз эса, Ички ишлар вазири бўлсангиз, мендек олимга эмас, ўз қўл остингиздаги ходимларга буйруқ бера оласиз”, дея эшик томон йўналади. Шунда Макаров унга қарата ортидан: “Агар бизга фан доктори керак бўлиб қолса, сизга эмас, Ғарбга мурожаат қиламиз”, дея беписанд қичқиради. Начора, Ички ишлар вазири Бартольддек буюк шарқшунос олим Ғарбда йўқлигидан бехабар эди. Шундан сўнг Василий Владимирович журнал муҳаррирлигидан четлаштирилади. Шунда ҳам у журналга янги тайинланган бош муҳаррир Позднеевга бир неча бор мактуб йўллаб, фанни ҳукуматнинг бюрократик сиёсати қолипига солиш керак эмаслигини, журнал соф илмий нашр бўлиб қолиши лозимлигини таъкидлайди. 1913 йил 23 мартда ёзган хатида Бартольд: “Менинг мулойимлигим тўғрисида билдирган фикрингиз ҳақиқатга унчалик тўғри келмайди, таассуфки, ҳозир мулойимлик учун сабаб йўқ, фанга қарши шу қадар қаттиқ кураш олиб бораётган ва олимлар ўртасида ўзига шу қадар якдил қаҳр-ғазаб қўзғаётган бизнинг ҳукуматга ўхшаш ҳукумат камдан-кам топилса керак”, дея ёзганди.
Ҳа, Бартольд Чор ҳукуматининг илм-фанни ўз таъсир доирасига олиб, мафкуравий қолип ясашига шундай мухолиф фикр билдирганди.
Василий Владимирович “Ислом дунёси” журналидан ишдан бўша­тилгач, университетда талабаларга сабоқ беришда давом этди. Шунингдек, бошлаб қўйган илмий тадқиқотларини ҳам якунлашга киришди. “Европа ва Россияда Шарқни ўрганиш тарихи” асари бутун дунёда катта обрў-эътибор қозонгач, Русия императори теварагидаги амалдорлар ҳам уни тан олишга мажбур бўлди. Чунки, Бартольдни Н.Я.Марр, К.Зелеман, С.Ольденбург сингари жаҳонга машҳур олимлар, дунё илм-фан намояндалари қўллаб қувватлаётганди.
Шу сабабларга кўра, Бартольд 1913 йилда Рус археология жамиятининг олтин медалига сазовор бўлди, унга академик илмий унвони берилди. Ўз ватанида қилган меҳнатлари муносиб тақдирлангач, у яна 1916 йилда Туркистонга сари отланади. Бартольд Тошкент, Бухоро, Чоржўй ва Самарқанд шаҳарларида бўлиб, ўлка тарихига доир қўлёзма асарларни тўплайди. Уларни бошқа манбаларга таққослаган ҳолда мақола, китоблар ёзади.
1917 йил октябрь ойида Чор империясида давлат тўнтариши бўлди. Ҳокимият тепасига шўролар келди. Бироқ Бартольд ҳақиқий фан кишиси сифатида бирор тузум ва ҳукумат эмас, фақат илм истиқболи учун хизмат қиладиган инсон эди. Шу боис у Петербургда тинчгина илм билан шуғулланди, университетда ишлади. Шу билан бирга, 1920–1928 йилларда Туркистонга уч бора келиб, ўлкадаги халқ кутубхонаси, университет фаолиятига амалий ёрдам берди. Талабаларга маъруза ўқиб, зиёлилар билан мулоқотда бўлди.
Тўплаган қўлёзмалари, ўрганган манбалари асосида Туркистон тарихига оид асарлар ёзди, Брюссель, Финляндия, Англия, Туркиянинг нуфузли университетларида маърузалар ўқиб, ҳуқуқшуносларнинг халқаро конгрессларида қатнашди. Эътиборлиси шундаки, у 1926 йили Туркияга бориб, Истанбул университетида, Туркиёт институтида маърузалар ўқир экан, турк олимлари билан ҳам мубоҳасалар олиб боради. Шунингдек, шўро давлати “душман” деб қараган Заки Валидий билан яқин муносабатда бўлади. Заки Валидий дунёга таниқли туркшунос олим, айни пайтда, йирик сиёсатчи бўлиб, 1917 йилда Бошқирдистон Шўролар кенгашининг раиси бўлган, Ленин ва Сталин билан бирга ишлаганди. Аммо миллий масалаларда большевикларга қарши чиққани учун Ўрта Осиёга келиб, Хоразм ва Бухорода бўлади. Совет ҳокимиятига қарши қуролли ҳаракат – “босмачилар” ҳаракати билан қизиқади. Шу даврда унга большевиклар “душман” тамғасини босади. Оқибатда у аввал Бокуга бориб, у ердан Туркияга ўтиб кетганди. Шўро давлати фуқароси бўлган бошқа олимлар Туркияга борганида Заки Валидий билан учрашишга ҳайиқар, юртга қайтганимда бу учрашувим бошимга бало бўлади, деб ўйларди. Бартольд эса Туркияга сафари чоғида Заки Валидийни ўзига таржимон қилиб олади. У билан фикр-мулоҳазалар алмашади. Ҳаттоки, Кўпрулзода сингари Истанбул университети декани ва бошқа мутасаддиларга айтиб, Заки Валидий вақтинча ишсиз юргани, уни ишга олиш зарурлиги ҳақида тавсиянома ёзиб беради. Бартольд назарида, инсон қандай тузумда яшамасин, барибир, ўз одамийлигини йўқотмаслиги, илм аҳлини ҳар қачон қўллаб-қувватлаши лозим эди…
У нафақат ҳар бир соат, балки ҳар бир лаҳзадан унумли фойдаланишга интилар, бор фикру ёди доим илм-фанда бўлар, гўё Бартольд кам умр кўришини олдиндан билгандек эди. Бу ҳақда у ҳатто 1891 йил устози А.Розенга ёзган мактубида ҳам эслаб ўтганди: “Саломатлигим ҳозирча ўртача. Лекин, барибир, бир қарашдаёқ беморга ўхшайман.Ўйлашимча, кўп умр кўрмасам керак”.
Ҳа, Бартольд ички бир туйғу билан ўз тақдирини биларди. Зеро, у болалигидан касалманд – бўйраги оғрир, қолаверса, отдан йиқилиб, оқсоқ бўлиб қолганди. Шу хасталиклар боис олим 1930 йил 19 августда ўзи даволанаётган Эрисман касалхонасида вафот этади.У гарчи 61 йил яшаган, касалманд бўлса-да, жисмонан соғлом инсон қилиши қийин бўлган ишларни уддалади – дунё олимларини ҳайратга солиб, 685 та асар ёзиб қолдирди. Бу Бартольднинг бизга қолдирган буюк бойлигидир.

Умид БЕКМУҲАММАД

2021/9

Ижтимоий тармоқларда ёйиш:
0 Menga yoqdi
0 Menga yoqmadi