Исигуро КАДЗУО (1954 йили туғилган). Қалбингдан паноҳ истаб

kadzuo_ishiguro

Роман

IX боб

Воқеа бундай бўлганди: улар жанжаллашгандан бир неча кун кейин мен ва қизлардан кимдир ижодиёт хонасида натюрморт чизиб ўтирган эдик. Ҳаво ниҳоятда димлиги эсимда, ҳатто орқамизда чириллаб айланаётган электр елпиғичнинг таъсири сезилмаётганди. Расм соладиган кўчма курси (мольберт)ларни кимдир олиб кетганлиги сабабли, тахтачаларни тиззаларимиз устига жойлаштириб, кўмир билан чизаётган эдик. Синтия И. ёнимда ўтирганди, дастлаб иссиқдан нолидик. Сўнгра гап болаларга тақалди ва Синтия кўзларини расмдан кўтармай:
– Томмининг Рут билан муносабати узоққа чўзилмаслигини билардим, – деди, – энди сен тўлақонли вориссан, деб ўйлайман.
Бу, шунчаки, гап орасида айтилган бўлса-да, Синтияни фаҳми паст деб бўлмасди ва унинг бошқа гуруҳданлиги фикрига салмоқ берарди. Айтмоқчиманки – бу масалага ким қандай қарамасин, беихтиёр, Синтия ҳамманинг хаёлидагини баён этди, деган фикр миямга келди. Аслидаям, бу жуфтликнинг “даври” келмагунча, биз Томми билан бир неча йил дўст эдик. Четдан қараганда, мен чинданам Рутнинг “тўлақонли вориси”дек бўлиб кўринишим мумкин. Шундай бўлса-да, Синтиянинг фикрига мутлақо ­эътибор бермадим, у ҳам қўзғаган мавзусини давом эттирмади.
Орадан бир ёки икки кун ўтгач, Ханна билан айвондан чиққанимизда, у мени тирсаги билан туртиб, шимолий ўйин майдонидаги бир гуруҳ ўспиринларга ишора қилди.
– Қара, – деди у секин, – Томми бир ўзи ўтирибди.
“Хўш, нима бўлибди?” дегандек, елка қисдим. Гап шу билан тугади-ю, сал кейинроқ миямга турли фикрлар кела бошлади. Ханна нимани назарда тутди? Томми Рутсиз қандайдир ўзида йўқдекми? Бор-йўғи шуми? Йўқ, бунга ўхшамайди – Ханнани ниҳоятда яхши биламан. У тирсаги билан нуқиши, овозини пасайтиришидан, нима демоқчилигини билса бўларди: у ҳам бошқалар каби мени “Тўлақонли ворис” деб ўйларди. Буларнинг бари боя айтганимдек, мени жуда чалғитиб ташлади.
Икки йил аввал Уилтширдаги саломатликни қайта тиклаш марказида Гаррини бир марта кўргандим. Уни бу ерга ички аъзоси жарроҳлик йўли билан олинганидан кейин келтиришганди. Ўзим ёрдамчиси бўлган донор ўтган оқшом вафот этгани сабабли кайфиятим чатоқ эди. Бунда ҳеч қандай айбим йўқ эди – фожиага қониқарсиз ўтказилган жарроҳлик амалиёти сабаб бўлса-да, барибир ўзимни ёмон ҳис этаётгандим. Туннинг кўп қисмини тик оёқда ўтказдим, бундай пайтларда иш бошингдан ошиб кетади, эрталаб қабул бўлимида эдим, кетишга чоғланаётгандим дафъатан Гарри пайдо бўлди. Кейин аниқлашимча, ўзи юролмаганлиги учун эмас, ҳолсизлиги сабабли ғилдиракли курси келтиришибди. Аминманки, унга яқинлашиб саломлашганимда мени танимади. Унинг хотирасидан, қандайдир, алоҳида ўрин олишга даъво қилишим учун сабаб йўқ эди, деб ўйлайман. Ўша яқинлашишга уринишимиздан бошқа орамизда деярли ҳеч қандай муносабат бўлмаган. Мени эслай олганида ҳам, бир сафар олдига югуриб келиб, “Ишқий муносабат масаласида қандайсан”, дея сўрагач, ғизиллаб изига қайтган телба қизалоқ бўлиб хотирасида қолганман, деб тахмин қиламан. Айтишим керакки, ўшанда у ўзини катталардек тутди: қилиғимдан жаҳли ҳам чиқмади, мени сўзининг устидан чиқмайдиган алдамчи деб, ҳаммага айтиб ҳам юрмади, бирор ножўя ҳаракат ҳам қилмади. Хуллас, ўша кун уни олиб келишаётганини кўриб, қалбимда миннатдорлик туйғуси жўш урди-ю, унинг ёрдамчиси эмаслигимдан афсусландим. Ён-веримга алангладим, лекин унинг ёрдамчиси яқин ўртада кўринмади. Ходимлар уни палатага олиб кетишга шошилишгани сабабли кўп гаплашолмадик. Шунчаки салом бериб, тезроқ тузалиб кетишини тиладим, у ҳорғин жилмайди. Хейлшемни эслатганимда бош бармоғини кўтарди, бироқ мени танимаганини сездим. Мабодо, кейинчалик, у бунчалик камқувват бўлмаган ва дори-дармонлар билан гангитиб ташланмаган ҳолатида учрашганимизда, эҳтимол мени танишга уриниб кўрармиди?!
Мен, аслида, бирмунча олдинги гапларни – Томми билан Рутнинг жанжали режаларимни қандай бузиб юборганини айтаётгандим. Ҳозир Гаррини эслаб, виждоним қийналиб кетяпти. Бир ҳафта давомида унга луқма ташлардим-у, ичимда шу гапнинг тескарисини пичирлардим. Уни жуда қизиққон ва кейин қўлидан қутулишим қийин бўлади, деб ўйлаганман. Ҳар гал уни кўрганимда шоша-пиша нималардир дердим-у, жавобини кутмасдан қочиб қолардим. Балки Гарри мени салгина ақлдан озган деб ўйлагандир, агар у одобли ва босиқ бўлмаганида, кўз очиб юмгунча, кулгига қолишим тайин эди. Гаррининг атрофида икки ҳафтача ўралашиб юрдим, кейин эса менга Рут илтимос билан юзланди.
Ўша ёзда Хейлшемда ўт устида навбати билан ашула эшитишдек ғалати анъана пайдо бўлиб, кузгача – то ҳаво совигунча давом этди. Ўтган йилги савдолардан биз тасмали плеерлик бўлиб қолдик ва ўша ёз шундай “матоҳ”дан камида олтитасидан фойдаланардик. Бир неча киши очиқ жойда, битта плеер атрофида, қулоққа тиқиладиган мосламани навбати билан бир-бирига узатиб ўтиришарди. Тўғри, бу мусиқа тинглашнинг анча аҳмоқона усули эди-ю, лекин барибир кишида ёқимли таассурот қолдирарди. Йигирма лаҳзалар эшитасан-у, кейин мосламани бошқага берасан. Орадан бирмунча вақт ўтгач, бир тасма қайта-қайта қўйилаверганидан, ажабки, ашула тўла тинглангандек бўларди. Анъана, илгари айтганимдек, ўша ёзда пайдо бўлганди: катта танаффусга чиқсанг, албатта, бир неча гуруҳ плеер атрофида ўтирганини кўрасан. Ҳомийлар бундан хурсанд эмас эдилар, бунақада қулоқдаги юқумли касалликлар бир-бирига ўтиши мумкин, дейишарди-ю, лекин тақиқлашмасди ҳам.
Хейлшемдаги сўнгги ёзни шу плеерлар билан ўтириш-у, ишқ ўйинларимизсиз эслай олмайман. Кимдир келиб: “Нимани тинглаяпмиз?” деб сўрар, жавоб қаноатлантирса, даврага қўшилиб, навбат кута бошларди. Муҳит деярли ҳамиша жуда самимий бўларди ва бирон киши навбатга киритилмаганини эслай олмайман.
Бир сафар қизлар билан ўтирганимизда, Рут келиб, гаплашиб олиш учун четга тортди. Гап жиддийлигини дарҳол тушундим. Рут ётоғимиз томон бошлаб кетди. Хонада мен унинг дераза тагидаги каравотига қуёш нуридан қизиган кўрпаси устига чўкдим. У эса рўпарада, девор тагидаги менинг каравотимга ўтирди. Хонада катта пашша учаётган эди, биз саросимага тушган жонзотни кафтларимиз билан у ёқдан-бу ёққа қувиб, бироз “теннис” ўйнадик. Ниҳоят пашша деразадан ташқарига чиқиб кетди ва Рут:
– Томми билан ярашмоқчийдим, менга ёрдам берасанми, Кэти? – деди.
Таажжубли нигоҳимни бошқача тушунди чоғи, кейин:
– Сенга нима бўлди? – деб сўради.
– Ҳеч нарса. Шунча воқеалардан кейин… Шунчаки, бироз ажабландим.
– Томми билан ярашмоқчилигимни сендан бошқа ҳеч кимга айтганим йўқ. Ҳатто Ханнага ҳам. Бу борада фақат сенга ишонаман.
– Мен нима қилай?
– У билан гаплашиб кўр. Унинг табиатини яхши биласан-ку. Сенга қулоқ солади.
Оёқларимизни ликиллатиб, бироз каравотда ўтирдик ниҳоят:
– Менга “дард”ингни айтиб тўғри қилдинг, – дедим, – менимча Томми билан бошқалардан кўра яхшироқ гаплашишим мумкин.
– Ҳаммасини бошдан бошлашга тайёрман. Энди орамиз очиқ: иккимиз ҳам бир-биримизни қийнаш учун қанча аҳмоқликлар қилдик. Бўлди, етар. Энди бола эмасмиз, бўлиб ўтган нохуш воқеаларнинг ҳаммасини унутиб, бошдан бошлаш керак. Сен уни кўндира олишингга ишонаман, Кэти. Унинг кўнглига албатта йўл топа оласан. Агар бу гал ҳам эсини йиғиб олмаса, демак, пачакилашиб юришимнинг ҳожати йўқ.
Мен елка қисдим.
– Томми билан ҳамиша тил топишганмиз, бу масалада ҳақсан.
– Ҳа, у ҳам сени жуда ҳурмат қилади. Биламан, сенинг ўзингга яраша феъл-атворинг бор, айтганингдан қолмайсан, у менга буни тез-тез такрорларди. Оғир пайтда, ҳар қандай ўғил боладан ҳам, ёнида сен бўлишингни исташини айтганди. – У кулди. – Бу ҳақиқий мақтов, тўғрими, хўш, розимисан? Кўриб турибсанки, бизни қутқарадиган сендан бошқа одам йўқ. Томми билан мен бир-биримиз учун яралганмиз, бу аниқ, у эса фақат сенинг гапингга киради. Бизга ёрдам бер, Кэти, хўпми?
Бироз жим турдим-да, кейин:
– Рут, сен Томмига жиддий қараёласанми? – деб сўрадим. – Айтмоқчиманки, агар кўндирсам-у, тағин бирга бўлсангиз, уни яна қийнашни қўмсаб қолмайсанми?
Рут аламли хўрсинди.
– Албатта, бундан бошқача бўлиши мумкинмас. Ахир, ёш болалар эмасмиз-ку. Хейлшемдан кетишимизгаям оз қолди. Ўйин қиладиган вақтмас энди.
– Яхши. Хўп, гаплашаман. Ҳақсан: яқинда бу ерни тарк этамиз, майда-чуйдаларга вақт сарфлаёлмаймиз.
Шундан кейин яна анча нарсани гаплашганимиз ёдимда. Рут ўзини телбаларча тутгани, Томми иккови бир-бири учун яралганлиги, энди ҳаммаси бошқача бўлиши – бегоналарга ортиқча сир бермаслиги, муносабатларини ардоқлашини қайта-қайта таъкидларди. Суҳбатлашарканмиз, у ҳар бир нарса борасида мендан маслаҳат сўрарди. Кейин, бироз жим қолиб, узоқдаги тепаликларга маҳлиё бўлганча, деразадан тикилиб турганимда, Рут дафъатан елкамдан қучди. Сесканиб тушдим.
– Кэти, сенга ишониш мумкинлигини билардим, – деди у. – Оғир пайтда асқотишингни айтганда Томми ҳақ экан.
Турли ташвишлар билан бўлиб фақат бир неча кундан сўнггина жанубий ўйин майдони четида Томми билан гаплашиш имконияти туғилди. Сал аввал у икки бола билан тўп оширишни машқ қилаётганди, аммо ҳозир ёлғиз ўзи копток ўйнарди. Орқа томондан келиб, ўтлар устига, девор ёнидаги симёғочга суяниб ўтирдим. Патриция С. тақвимини кўрсатганимда, у ҳеч нарса демай кетганидан бери ҳали унча кўп вақт ўтмаганди: энди муносабатимиз қандайлиги намоён бўлиб турарди. Томми диққатини жамлаган ва хўмрайган ҳолда тўп ўйнашда давом этди – у тўпни гоҳ тиззаси, гоҳ товони, гоҳ пешонаси билан ўйнар, мен эса ўтириб, ўтларни юлар ва бир пайтлар жуда қўрқадиганимиз – узоқ ўрмонга тикилардим. Охир-оқибат, журъатимни тўплаб, гап бошлашга аҳд қилдим:
– Томми, кел, гаплашиб олайлик. Сенга айтадиган муҳим бир гапим бор.
Шундай дейишим билан, тўпни нарига думалатиб юбориб, ёнимга келиб ўтирди. Ҳозир у менга таниш аввалги ҳолатига қайтганди: гаплашишни таклиф қилган заҳотим бадқовоқлиги хуррамликка айланди ва бу менга кичик синфларда бирор қилиғимиз учун уришиб, сўнг юмшашини эслатарди. Серҳаракат ўйин сабаб нафас олиши хиёл тезлашганди, бундан хурсандчилиги янада ортгандек туюларди. Суҳбатимизнинг дастлабки лаҳзалариданоқ, у мени бироз ранжитди. “Томми, кейинги пайтларда анчайин хафа кўринасан”, дейишим билан: “Аксинча. Ҳаммаси жойида. Сен нимани назарда тутяпсан?” дея жавоб берди ва очилиб, табассум қилди, сўнгра, одатидагидек, баланд овозда кулди. Шу қилиғи мени янчиб ташлагандек бўлди. Агар бошқа пайт шундай қилиқ қилса, эҳтимол кулиб қўяқолган бўлардим. Аммо айни вақтда бу жинимни қўзғатди. Мабодо Томми нимадандир хафалигини айтса, ишонтириш учун юзига маъюс тус берарди. Бунда ҳеч қандай киноя бўлмасди, бу билан у фикрини исботлашга интиларди. Ҳозир эса ишлари жойидалигини исботлаш мақсадида, аксинча, ўта хушбахтлик ҳолатига кирди. Кейинроқ шундай пайт келдики, ундаги бу хусусият менга ҳатто маъқул ҳам бўлди. Бироқ Хейлшемдаги сўнгги ёзимизда у ҳали жуда болафеъл эканлигини ва бу табиатидан кимлардир фойдаланиб қолиши мумкинлигини яққол ҳис қилдим. У пайтларда Хейлшемдан ташқаридаги дунёда бизни нималар кутаётгани тўғрисида кўп нарса билмасдим, лекин у ерда бутун ақлимизни ишлатишимиз талаб қилинишини фаҳмладим, шу боис Томми ўзини бундай тутганидан саросимага тушдим. Ўша кунгача бундай фикрларимни унга қандай тушунтиришни билмаганимдан ҳеч нарса демасдим, лекин бу гал “портладим”:
– Томми, бу қилиғинг – ғирт телбаликнинг ўзи! Агар кимгадир сохта бахтиёрлигингни кўрсатмоқчи бўлсанг ҳам, бундай кулма! Гапимга ­ишон – ақлли одамлар бундай қилмайдилар! Томми, аслида, сен аллақачон улғайишинг керак эди, лекин болаларча тутяпсан ўзингни! Илтимос, ақлингни йиғ! Аслида, кейинги пайтларда ишларинг расволиги-ю, унга нима сабаб бўлганини иккимиз ҳам жуда яхши биламиз.
Томмининг юзида ташвиш кўланкаси пайдо бўлди, гапим тугаши билан:
– Ҳа, сен ҳақсан, – деди, – ҳаммаси барбод бўлди. Лекин сени тушунолмаяпман, Кэт. Нега иккаламиз ҳам биламиз, дейсан? Сен билишинг мумкинмас, чунки бу ҳақда ҳеч кимга оғиз очганим йўқ.
– Тўғри, барча тафсилотларини билмаслигим аниқ. Лекин Рут билан муносабатинг бузилганидан ҳамма хабардор-ку.
Томми дастлаб менга ҳайратланиб боқди. Сўнг яна ҳа-ҳолаб юборди, аммо бу галги кулгиси самимий эди.
– Энди тушундим, – дея тўнғиллади у, кейин ўйга толди. – Тўғрисини айтсам, Кэт, – деди озроқ сукутдан сўнг, – мени безовта қилаётган асосий нарса бу эмас, мутлақо бошқа воқеа. Ўша тўғрисида кўп ўйлайман. У Люси хоним билан боғлиқ.
Сўнг Томми ёзда Люси хоним билан бўлган ўша воқеани менга тўлиқ сўзлаб берди. Кейинчалик бу ҳақида бафуржа ўйлаб кўрганимда, ўша воқеа Люси хоним 22-синфхонада қоғозга ёзилган сўзлари ўчираётгани устидан чиқиб қолганимдан кейин орадан кўпи билан бир неча кун ўтгач рўй берганини англадим. Ўшанда бу ҳолатга унча аҳамият бермаганим ва Томмидан бор тафсилотни олдинроқ сўраб олмаганим учун қаттиқ афсусландим.
Ҳаммаси кечга яқин, машғулотлардан кейин, кечликкача бўлган “дам олиш вақти” дейиладиган пайтда содир бўлган. Люси хоним маъруза вақтида фойдаланадиган расмлар, қоғозчалар солинган қутиларини кўтариб, бош бинодан чиқиб келаётганини Томми кўрган. Унинг бирор бир нарсасини туширишидан хавотирланган Томми ёрдамга ошиққан.
– У менга нарсаларнинг бир қисмини бериб, хонасига олиб боришни тайинлади. Нарсалар икки кишига кўплик қиларди, ҳатто айримлари қўлимдан бир-икки марта тушиб кетди. Иссиқхонага етганимизда, у илкис тўхтади, мен бирон нарсаси тушди шекилли, деб ўйладим. Йўқ, у, юзимга жуда жиддий ва тик қараб турарди. Кейин, биз жиддий гаплашиб олишимиз керак, деди. Иссиқхонага кириб, унинг ўша ердаги хонасига ҳамма нарсани қўйдик. Ўтиришни таклиф қилгач, ўриндиққа чўкдим. Хўш, анча илгариги воқеани эслай оласанми, деб сўради. Дарҳол тушундим, менга айтганлари хонимнинг ҳамон хотирасида, чунки у худди ўша суҳбатнинг давомидек гап бошлади. Дабдурустдан, тахминан: “Томми, ўшанда мен сенга ҳамма ҳақиқатни айтмагандим. Буни аллақачон тан олишим керак эди” қабилида сўзлади. Кейин илгари берган маслаҳатларини унутишимни ўтинди. Ижодий иш масаласида эса, жуда хато қилганман, деди. Бу масалада у эмас, бошқа ҳомийлар ҳақ экан, ижодий ишларим бўлмағурлигини ҳеч нарса билан оқлаб бўлмас эмиш…
– Тўхта, очиқдан-очиқ “бўлмағур” дедими?
– Айнан шундай бўлмаса ҳам, шунга яқин сўз айтди. Фарқи нима, расво дейдими ё бошқами барибир ўша маъно келиб чиқади. Ўшанда сени йўлдан оздирганимдан жуда афсусдаман, шундай қилмаганимда, балки ишларинг ўнгланиб кетармиди, деди.
– Сен-чи, нима дединг?
– Умуман, нима жавоб қайтаришни билмасдим. Охирида яна ўзи сўради: “Томми, бу борада сенинг фикринг қандай?” Билмайман, лекин, ҳар қалай, хавотирланадиган ери йўқ, чунки ҳозир ишларим жойида. Ҳозир ҳеч ким устимдан кулмайди, дедим. У бошини сарак-сарак қилиб: “Ўшанда сенга нотўғри маслаҳат берганман”, деди. Шунда хоним келажакни, яъни бу ёқдан кетганимиздан кейинги даврни назарда тутяпти, деган фикр хаёлимга келди. Унга: “Хоним, мени деб бунча куйинманг. Мен тайёрман, эплаб кетаман. Донорлик муддати келганда, ҳаммасини айтилганидек қиламан”, дея таскин беришга уриндим. У бошини яна қаттиқ тебратаверди, ҳатто боши айланмасайди деб хавотирга тушдим. Кейин: “Томми, менга ишон, ижодий ишинг нафақат натижа учун, балки ўзинг учун ҳам жуда муҳим. Ундан ўзинг учун жуда кўп нарса оласан” деди.
– Натижа дегани нима экан?
– Билмайман-да. Лекин шу сўзни айтгани аниқ эсимда. Ижодий ишингизнинг муҳимлиги фақат натижа учун эмас, деди. Нимани назарда тутганини ким билади дейсан. Дарвоқе, қизиқиб: “Сира тушунмаяпман, бу Хоним ва унинг кўргазмаси билан боғлиқми?” деб сўрадим. Шунда у чуқур нафас олиб: “Ҳа, Хоним кўргазмасининг аҳамияти катта. Буни энди биляпман. Илгари ўйлагандан ҳам катта аҳамиятга эга”, деди. Кейин қўшиб қўйди: “Биласанми, Томми, Хейлшем тўғрисида, сенинг катта дунёдаги ўрнинг масаласида шунга ўхшаш кўп нарса борки, уларни тушунмайсан, мен эса тушунтира олмайман. Аммо қачондир, балки ҳаракат қилиб, ўзингни қизиқтирган саволларга жавоб топарсан. Сенга барини ошкор этишмайди, бунга умид қилма, лекин агар чиндан истасанг, эҳтимол, кўп жиҳатларини англаб оларсан”. Шундан сўнг яна бошини сарак-сарак қилди. “Тарбияланувчилар бу ерга келишади, кетишади, бироқ ўз саволларига ҳеч қандай жавоб тополмайди. Сен нима учун фарқ қилишинг керак?” У нима ҳақда гапираётганини тушунмасдим ва: “Хоним, мен учун азият чекаверманг”, дея такрорлардим. У бироз жим қолди, кейин илкис ўрнидан турди-да, энгашиб, мени қучди. Худди кичиклигимизда эркалаб қучоқлаганидек. Мен ҳамон жим эдим. У мени қучоғидан бўшатиб, бир қадам ортга тисарилди-да, сени нотўғри йўлга бошламаслигим керак эди, деди. Хонимнинг айтишича ҳаракат қилсам, ҳали ҳам кеч эмас эмиш. Агар ҳозир бошласам, бошқаларга етиб олар эмишман. Бу гапларига ҳам жавоб қайтармадим, у эса ҳамон тикилиб турарди. Ҳозир мени яна қучоқласа керак, деб ўйлагандим, лекин у секингина: “Мен учун ҳаракат қил, Томми”, деди, холос. У ердан тезроқ чиқиш мақсадида ҳаракат қилишга ваъда бердим. Уялганимдан қизариб кетган эдим. Ҳозир биз улғайганмиз, илгаригидек бола эмасмиз, тўғрими?
Томмининг ҳикоясига шу қадар берилиб кетибманки, нима учун келганимни ҳам унутибман. Лекин “биз улғайганмиз”, деган сўзлари хаёлимни жамлашга ёрдам берди.
– Томми, кел, юз берган бу воқеаларнинг ҳаммасини батафсил муҳокама қиламиз, – дедим, – сен жуда қизиқ гапларни айтдинг, ҳозир ўшанда кўнглингдан ўтган ҳолатларни тушуниб турибман. Сен энг аввал қандай бўлмасин, ўзингни қўлга олишинг керак. Биз ёзда бу ердан кетишимиз лозим. Шунга тайёр бўлишимиз зарур, бир масала борки, уни ҳозироқ ҳал қилишинг мумкин. Рут ҳаммасини унутиб, муносабатларини қайта тиклашга тайёр. Менимча, бу сен учун яхши имконият. Уни қўлдан берма.
Томми бир лаҳза ўйга толди, кейин:
– Билмадим, Кэт. Ҳали ўйлаб кўрадиган баъзи жиҳатлари бор, – деди.
– Томми, қулоқ сол. Аслида, сенинг эртакдагидек омадинг келган. Унча-мунча қизмас, айнан Рут сени хоҳлаяпти. Бу ердан кетганимиздан сўнг у ёнингда бўлса, ташвиш нималигини билмайсан. Бу ерда ундан яхшисини тополмайсан, қўлдан чиқарма. У ҳаммасини бошдан бошлаймиз, деяпти. Ўйлаб кўр, имкониятни бой берма.
Мен жавобни кутар, аммо Томми миқ этмасди, шунда асаб торларим таранглаша бошлади. Зарда билан:
– Сен аҳмоқ, ҳар қанча тиклашим мумкин деб ўйлаяпсан чоғи? Бу ерда ҳаммамиз унча кўп турмаймиз, тушун!
Томмининг жавоби ҳайратомуз тарзда хотиржам ва мулоҳазали эди – бу хусусияти йиллар ўтиб, янада кўпроқ намоён бўла бошлаганди.
– Биламан, Кэт. Айнан шунинг учун Рут масаласида таваккал қилмоқчи эмасман. Биз энди ҳар бир қадамимизни аввал ўйлаб, кейин босишимиз зарур. – У хўрсиниб, кўзларимга жиддий тикилди. – Тўғри айтяпсан, Кэт. Яқинда бу ердан кетамиз. Бу ёғига болаларча қарашлар кетмайди, жиддий ўйлаб кўришим керак.
Дафъатан довдираб қолдим – ўтирибман-у, нима дейишни билмайман, фақат майсаларни юляпман. Томми тикилиб турганини сезаман-у, кўзларимни ердан узолмайман. Бу ҳолат узоқ чўзилиши мумкин эди-ю, лекин бизга халал бериб қолишди. У билан бирга тўп ўйнаган болалар қайтиб келдими ёки сайр қилиб юрган бошқа бир гуруҳ бизни кўриб, ёнимизга ўтирдими, эслаёлмайман. Нима бўлгандаям дилдан бўлган суҳбатимиз узилди, ваъдамнинг устидан чиқолмасдан, қайсидир маънода, Рутнинг ишончини оқладим, деган хаёл билан қайтдим.
Суҳбатимиз Томмига қандай таъсир қилганини ўшанда билолмадим, негаки, эртанги кун кутилмаган янгилик келтирди. Чошгоҳ эди, галдаги маданиятни англаш дарси бўлаётганди. Келажакда ўзимиз юзма-юз келадиган миршаблар, официантлар ва шунга ўхшаш турли тоифалар ролини ўйнашимиз лозим эди. Бу машғулотлар бир пайтнинг ўзида ҳам қизиқтирар, ҳам хавотирга соларди, шу боис ҳам хийла ҳаяжонда эдик. Дарс тугаб, ташқарига чиқишга тайёрланаётганимизда Шарлотта Ф. хонага отилиб кирди-да, Люси хонимнинг Хейлшемдан кетгани дарров ҳаммага ошкор бўлди. Дарс ўтган жаноб Крис, аввалдан хабардор бўлгани учун, саволга оғиз очмасимиздан бурун айбдорлардек шошилиб чиқиб кетди. Аввалига Шарлотта бировдан эшитган ёлғонини айтаётгандир деб ўйладик. Аммо у қанча кўп гапирса, ҳақ эканлиги шунча маълум бўлаверди. Сўзларига қараганда, бугун эрталаб бошқа катта гуруҳдаги тарбияланувчилар Люси хонимнинг мусиқани англаш дарси ўтиладиган 12-синфхонага келишади. Унинг ўрнига Эмили хоним кириб, Люси хоним айни пайтда бандлиги ва дарсни ўзи ўтишини айтади. Дарс йигирма дақиқалар бир зайлда ўтади. Кейин Эмили хоним, Бетховен ҳақидаги фикрини тамомламай туриб, дабдурустдан, Люси хоним Хейлшемдан бутунлай кетганини эълон қилади. Дарс шу тариқа қоқ ярмида узилади, Эмили хоним қовоқ солиб, шоша-пиша чиқиб кетади, янгилик ўша заҳоти бутун Хейлшемга тарқалади.
Дарҳол Томмини излашга тушдим, чунки унга бу хабарни биринчи бўлиб етказишни жуда хоҳлардим. Лекин ҳовлига югуриб чиқиб, кечикканимни билдим. Томми нарироқда, болалар даврасида турганча, уларнинг гапини тинглар ва бош ирғарди. Бошқа болалар – безовта, кўзлари аланг-жаланг, Томмининг нигоҳи эса маъносиз эди. Ўша кун кечқурун Томми билан Рут қайта топишдилар. Бир неча кундан сўнг Рут “ишни дўндириб бажарганим учун” менга миннатдорлик билдирди. Ўшандан кейин унинг энг яхши кўрган дугоналари қаторида бўлдим. Хейлшемда ўтказган ҳаётимизнинг сўнгги ҳафталаридаги ҳолат шундай эди.

 

Рус тилидан Миршариф ХЎЖАЕВ таржимаси

(Давомини журналдан ўқийсиз. 2021/9)

Ижтимоий тармоқларда ёйиш:
0 Menga yoqdi
0 Menga yoqmadi