Кино санъатининг инсон ҳаётидаги ўрни ва аҳамияти хусусида кўп эътирофлар мавжуд. Буюк масхарабоз Чарли Чаплин “Ҳаётимни бир зум бўлсин, киносиз тасаввур эта олмайман. Яна бир бор туғилганимда ҳам шу санъатни танлаган бўлардим”, дейди.
Машҳур кинорежиссёр Бернардо Бертолуччининг фикри янада таъсирчан: “Кино мен учун ўзига хос покланишдир”.
“Кино карвонлари шаҳарлардан шаҳарларга, ўлкалардан ўлкаларга, қитъалардан қитъаларга йўл олмоқда, – деган эди таниқли адиб Чингиз Айтматов Тошкентда ўтказилган Осиё ва Африка мамлакатлари 3-халқаро кинофестивалининг ёпилиши маросимида сўзлаган нутқида. – Бизни асосан бу карвонлар қандай юклар билан бораётгани қизиқтиради. Бу юклар ноёб бойликларми ёки сохта, қалбаки нарсаларми, чинакам санъат асарларими ёки санъат асари ниқобига яширинган эски лаш-лушларми – бу масалага прогрессив кино санъатининг тақдири билан қизиқадиган ҳеч бир одам бефарқ қарай олмайди”.
Бу сўзлар бундан анча йиллар аввал айтилган бўлса-да, моҳиятини йўқотган эмас. Негаки, кино асарлари эндиликда бепоён саҳролар оша эмас, замонавий техника воситалари ёрдамида шу куннинг ўзида дунёнинг барча қитъаларига етиб бормоқда. Ўтмиш тарих, Ер юзида тирикликни сақлаб қолиш, табиатни асраш, Инсон манфаатларини, беғубор болаликни ҳимоя қилиш, маънавият, илм-маърифат, миллий ва диний қадриятлар каби ўлмас мавзулар ёнига эндиликда дидсиз-фаросатсиз, маза-матрасиз, “оммавий маданиятсизлик”ка элтувчи мавзулар қўшилдики, уларни ҳатто санаб ўтишнинг ўзи кўнгилни лойлайди.
Кино санъатида, бошқа ижодий соҳаларда ҳам бўлганидек, профессионаллик ва ҳаваскорлик қўшилиб кетди. Бекорчиликдан безиб, кино санъати билан шуғулланаётган “режиссёрлар”нинг сон-саноғи йўқ. Бу ҳол бир мамлакатни эмас, дунёнинг аксарият мамлакатлари маданий ҳаётини қамраб олди десак, муболаға бўлмайди.
Ғарбда катта экранларга дабдаба ва шов-шув билан чиқарилаётган замонавий кино “асар”ларида беҳаёлик, қотиллик, гиёҳвандлик, ишқий саргузаштларни очиқ-ошкора тарғиб қилиш, оила таназзулининг муқаррарлигини исботлашга уриниш оддий ҳолга айланди, десак муболаға бўлмайди. Аммо бу ҳали муаммонинг ҳаммаси эмас.
Чингиз Айтматовнинг оғриқли хотираларида шундай сатрлар бор: “Бир йили Европа ўтказиладиган нуфузли кинофестиваллардан бирининг ҳакамлари ҳайъатига раислик қилишимга тўғри келди. Фестивалга тақдим этилган фильмларнинг мавзулари турлича. Аммо… улар орасида бир жинсли оилага бағишланган асар ҳам бор. Ҳайъат аъзолари ташкилотчилар билан бирга раис сифатида мендан шу асарнинг ғолиб деб топилишини илтимос қилишди. Табиийки, мен бу таклифни қатъиян рад этдим…”
Кино бошқа миллий санъатларга нисбатан анча ёш бўлишига қарамай, қисқа вақт ичида ғоят сермаҳсул йўлни босиб ўтди, инсон ҳаётининг ажралмас қисмига, буюк тарбия мактаби, жамиятнинг ижтимоий-маънавий ойнасига айланди. Кейинги юз йилдан ортиқ даврда туғилиб вояга етган авлодларнинг кўпи кино санъати таъсирида улғайди десак, хато бўлмайди. Буни ўзбек миллий кино санъатининг дунёда эътироф этилган кўплаб ёрқин намуналари мисолида ҳам кўриш мумкин. Кино ўзининг бой ва кенг имкониятлари билан тасвирий санъат, адабиёт, мусиқа каби неча мингйиллик санъатлар қаторидан мустаҳкам жой олди.
Киношунос Себостян Кербер “Фильм отилган ўқни тўхтатиб қололмайди, аммо қўлида ўқлоғлиқ милтиқни ушлаб турган одамни тўхтата олади”, деган эди. Дарҳақиқат, бу санъат уруш олови, қонли можаролар, шафқатсиз босқинлар олдида ожиз қолиши мумкин, аммо у ўзининг тенгсиз таъсир куч-қудрати, ижтимоий таҳлили, маънавий-ахлоқий намуналари билан уруш талафотлари, фожеа ва офатларни енгиб ўтиш, чидаб бўлмас даражадаги ҳолатлардан омон чиқиш, яшашда давом этиш, ҳаётни қайта изга солишда ҳал қилувчи аҳамият касб этади.
Кино ўзининг дастлабки овозсиз қадамларидан бошлаб юксак инсоний фазилат, маданият ва маърифат ғояларини тарғиб этиб келган ва шундай бўлиб қолиши керак. Бу ноёб санъатга бағишланган анжуманлар кино санъатининг бугунги мураккаб дунё олдидаги масъулияти – умумбашарий мақсадлар билан йўғрилган эзгу ғоялар, тинчлик, тараққиёт, дўстлик ва ҳамкорлик алоқаларига хизмат қилиши ва шу аснода дини, тили, дунёқараши турлича бўлган халқларни бир-бирига яқинлаштириши керак. Таассуфки, кейинги пайтларда халқаро миқёсда ўтказилаётган кўплаб кино анжуманлари машҳур санъаткорларни алвон поёндоз устида ярим яланғоч ҳолда намойиш қилиш мусобақасига, кўзга кўринмас даражадаги либослар ярмаркасига, навқирон маъшуқаларнинг расмий тақдимотига айланиб кетмоқда. Шу билан бирга, йирик танловларга тақдим этилаётган фильмлар орасида эзгулик, меҳр-оқибат, раҳм-шафқат, инсоният тақдирининг умумий қирралари ифодаланган асарлар қаторида ишқий майлларнинг эркинлиги, муаммоларни ҳарбий куч билан ҳал этиш, она заминдан ўтиб, бутун коинотни қурол-яроғларга тўлдириш ниятлари ва бу йўлдаги жиддий амалий ҳаракатларга бағишланган асарлар кўпайиб бораётгани ғоят ташвишлидир. Она бешикни асраш, Ер, сув ва ҳавони покиза сақлаш бошқа маънавий соҳалар қатори кино санъатининг ҳам муқаддас бурчи ҳисобланади.
1958 йили Тошкентда ўтказилган биринчи халқаро кинофестивали “Тинчлик, демократия ва ижтимоий тараққиёт учун” шиори остида ўтди. Фестиваль Осиё ва Африка қитъаси кино ижодкорлари иштирокида 1988 йилгача ўн марта ўтказилди. 1978 йилдан бошлаб Тошкент анжуманида Лотин Америкаси кино ижодкорлари ҳам иштирок эта бошладилар. Тошкент кинофестивали Бурунди, Гамбия, Гана, Гвинея, Замбия, Камерун, Мали, Нигерия, Сенегал, Того, Тунис каби ўз киносанъатига эга бўлмаган давлатлардан келган ижодкорлар учун ўзига хос маҳорат мактаби бўлди, уларни бошқа қитъалардаги ижодкорлар билан ҳамкорлик қилишларига имконият яратди. Шу аснода “Тошкент – дўстлик, ҳамкорлик шаҳри”, “Тошкент руҳи” деган иборалар пайдо бўлди. 1958 йилдаёқ пойтахтимизда Осиё ва Африка мамлакатлари ёзувчиларининг биринчи мулоқот давраси бўлиб ўтди. Кейинчалик бу ҳаракатга бошқа соҳа ижодкорлари ҳам қўшилдилар.
Шу ўринда эслаб ўтиш жоизки, бугун дунёда кино санъатига бағишланган мингга яқин катта-кичик фестиваллар ўтказилади. Уларнинг энг йириклари “А” ва “Б” гуруҳига ажратилган бўлиб, биринчи гуруҳга Берлин, Канн, Токио, Таллин, Ҳиндистон, Карлов Вари, Локарно, Шанхай, Москва, Венеция, Торонто ва Тошкентда, иккинчи гуруҳга Каптахен, София, Истамбул, Трансильвания, Киев, Сидней, Валенсия, Мумбай, Анталье, Стокгольм, Калькутта, Турин шаҳарларида ўтказиладиган анжуманлар киритилган эди.
Кекса авлод ўша ҳаяжонли кунларни яхши эслайди. Дунёнинг уч қитъасидан келган меҳмонлар Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Хивада меҳнатсевар, бағрикенг, покиза ниятли ўзбек халқини, мамлакатимизда тинч-тотув, аҳил-иноқ яшаётган турли миллат ва элат вакилларини кўрдилар, улуғ аждодлармиз яратган маҳобатли обидаларга ҳайрат кўзлари билан боқдилар. Ўзбек халқининг бой маданияти ва улуғвор тарихи уларда катта қизиқиш уйғотди. Дунёга машҳур Раж Капур шаҳар кўчаларида ўзига қарата чўзилган мингларча қўлларни, сон-саноқсиз гулдасталарни, самимий ҳурмат-эҳтиромни кўриб, “Мен кино санъатининг куч-қудратини тасаввур қиламан, албатта, аммо бутун халқ, бутун мамлакат бу санъатнинг чинакам ошиғи эканлигини кўриб ҳайратим минг чандон ошди, Ўзбекистонда шунча мухлисим борлигидан бошим кўкка етди. Халқларимизнинг дўстлик анъаналари қадим тарихга эга, бу меросни асраб-авайлашимиз керак”, деган бўлса, Ботир Зокировнинг қўшиқларини тинглаган америкалик санъаткор Пол Робсон “Унинг овозида мафтункор сеҳр, ўзига тортувчи куч бор”, деган эди.
Давлатимиз раҳбарининг қарорига биноан мамлакатимизда кино санъатига бағишланган Тошкент кинофестивалининг қайта тикланиши мустақиллигимизнинг 30 йиллигига бағишланган тантанали маросимларга уланиб кетганида ҳам ўзига хос маъно бор. Кейинги беш йиллик умримизнинг ҳар куни, ҳар соати бой мазмун-моҳияти, амалий натижалари билан бошқа йиллардан ажралиб туради. Ички ва ташқи сиёсатда инсон манфаати билан боғлиқ янги саҳифалар очилди, етакчи хорижий давлатлар, биринчи навбатда, қондош ва жондош қўшни мамлакатлар билан манфаатли ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилди. Ўзбекистон раҳбарининг яхши қўшничилик, ўзаро ишонч ва ҳурмат-эҳтиромга асосланган сиёсати минтақа ижтимоий-маънавий ҳаётига ҳам таъсир кўрсатди. Давлат-жамият-шахс муносабатлари очиқланди. Ҳар бир кишида, айниқса, ёшларда ислоҳотларга бевосита даҳлдорлик, ташаббускорлик, етакчилик кайфияти юзага келди. Аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизими муттасил равишда такомиллашаётгани, ёш оилалар ҳар жиҳатдан қўллаб қувватланаётгани, муҳтож ва ногиронларга уй-жой берилаётгани дунё миқёсида олганда ҳам эътиборга молик ижтимоий ҳодисадир.
Ўзбекистон бугун давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларини тубдан янгилашга қаратилган инновацион ривожланиш йўлидан бормоқда. Бу бежиз эмас, албатта. Чунки, миллий тараққиётга эришишнинг бошқа самарали йўли йўқ. Замон шиддат билан ривожланиб борар экан, бундай шароитда жамиятга янги фикр, янги ғоя, янги инновацион сиёсат, янги етук кадрлар зарур бўлади. Бусиз кўзланган марраларга етиб бўлмайди.
Йиллар бир-биридан фарқ қилади. Бугунги дунё кечаги дунё эмас. Ҳар бир давлат ўз манфаати учун курашади, ўз қарашлари ва тартиб-қоидаларини бошқаларга сингдиришга ҳаракат қилади. Ўзга халқларнинг турмуш тарзини “замонавийлаштириш”, илмсиз, масъулиятсиз оломонга мўлжалланган “маданият”ни дунёга ёйиш орқали ёшларни бефарқлик ва бундан келиб чиқадиган худбинлик касалига мубтало қилиш мақсади ётади. Мафкуравий хуруж кўринмас офат янглиғ халқ, миллат ҳаётига сўроқсиз, қўнғироқсиз кириб келади, ёшлар онгида илдиз отиб, одоб-ахлоқ қоидаларини емиради, онг-шуурда хиёнат ва сотқинликка майл уйғотади. Бу хуружга илмий тафаккур, мустаҳкам имон-эътиқод, шу билан бирга, бадиий адабиёт, санъат, кино ва театрнинг бемисл таъсир кучи билангина қарши туриш мумкин. Тошкент киноанжумани шу маънода катта аҳамият касб этиши шубҳасиз. Ўзбек томошабинлари дунё кино санъатидаги илғор тенденциялар, новаторлик тажрибалари, буюк ижролар, янгича талқинлар, маҳорат мактаблари билан яқиндан танишадилар. Айни чоғда, миллий кино санъатимизга ҳам танқидий кўз билан қараш, ютуқ ва камчиликларни аниқлаш имконияти вужудга келади. Шундай экан, холис ният билан, қайта тикланган фестивал ўзбек кино санъатини (сценарийнавислик ва режиссёрликни) тор ва зерикарли маиший мавзулардан қутқариб, ҳаётнинг ижтимоий-фалсафий муаммолари талқинларига ошно этади, дея умид қилишга ҳақлимиз.
Аҳмаджон Мелибоев
2021/9