Михаил САЛТИКОВ-ШЕДРИН (1826–1889). Бир шаҳар тарихи

Михаил САЛТИКОВ-ШЕДРИН

(Роман)

Муаллифдан

Мен кўпдан бери айнан мана шу даврдаги бирорта шаҳар (ёки ўлка) нинг тарихи ҳақида ёзишни кўнглимга тугиб юрардим, аммо айрим ҳолатлар бу мақсадимни амалга оширишга халақит қиларди. Асосан ишимни орқага сурган сабаб қайсидир даражада ишончли ва ҳақиқатга яқин манбаларнинг етарли эмаслиги бўлди. Ҳозир эса, Глупов шаҳри архивини титкилай туриб, кутилмаганда “Глупов солномаси” деб умумий номланган дафтарлар жамламаси қўлимга тушиб қолди. Ёзувларни ўқиб чиқарканман, улар менинг мақсадимни амалга оширишда яқин кўмакчи бўлиши мумкинлигини англадим. “Солномачи”нинг қайдлари деярли бир хил бўлиб, асосан унда бир аср мобайнида Глупов шаҳри тақдири устидан ҳукм ўрнатган шаҳар ҳокимларининг таржимаи ҳоли ва уларнинг эътиборга молик ёки маъқул топилган ишлари, жумладан, почта аравасидаги тезкор юришлар, қарздорликларнинг турли усуллар билан ундирилиши, аҳолидан бирор йиғим турини йиғиб олиш ҳуқуқини сотиб олган ижарадор – откупшикларни солиққа тортиш ва шу кабилар қайд этилганди. Шунга қарамай, ҳатто мана шу арзимас фактлар билан ҳам шаҳар физиономиясини англаш ва унинг тарихида юқори доирада бир вақтда содир бўладиган воқеликлардаги турли ўзгаришларнинг қандай акс этганини кўриш мумкин эди. Масалан, ўша вақтдаги бошқарувни яхлит олиб таҳлил қиладиган бўлсак, Бирон давридаги шаҳар ҳокимлари мутлоқ бемулоҳазаликлари, ўйламай иш тутишлари билан ажраб туришарди, Потёмкин давридаги ҳокимлар эса анчайин уддабурон бўлиб, бошқариш қобилиятини эгаллаб олгандилар, Разумовский вақтидаги шаҳар ҳокимлари – келиб чиқиши бетайин бўлиш билан бирга, рицарона жасорат билан ўзига хослик касб этишганди. Бу хилма-хилликка қарамай, улар учун умумий бир хусусият бор эди, яъни, уларнинг ҳаммаси ҳам халқнинг бошида қамчи ўйнатди, биринчиси сўраб ўтирмай ураверди, иккинчиси эса ўзининг бу золимона бошқарув усули сабабини цивилизация талаби, дея изоҳлади, учинчиси халқ ҳар қандай масалада ҳам унинг жасоратига суянишини истади. Албатта, бошқарув тадбирларининг бундай хилма-хиллиги маҳаллий ҳаётнинг энг ички қатламларигача таъсир кўрсатмай қўймади; биринчи ҳолатда, аҳолининг қўрқув ичра қалтираб туришида онгсизлик зоҳир эди, иккинчи ҳолатда – онгли равишда, ўз манфаатлари учун елкаларини қисиб қалтираб туришарди, учинчисида эса – ишонч-эътиқодга айланиб, мана шу эътиқод халқни қўрқув даражасида ушлаб турарди. Ҳатто почта араваларининг тезкорлиги ҳам отдек бақувватлик ва тетиклик мисолида аҳолининг руҳини кўтаришга муқаррар равишда таъсир кўрсатиши керак эди.

Солнома кетма-кетликда тўртта шаҳар архиви бошлиқлари томонидан сақланиб келиниб, 1731 йилдан 1825 йилгача бўлган даврни қамраб олган эди. Бу йилларда, афтидан, ҳатто архив ходимларида ҳам маҳорат етишмаган. “Солнома”нинг ташқи кўриниши мутлоқ ҳақиқий, бошқача айтганда, унинг ҳақиқий эканлигига заррача ҳам шубҳа туғдирмайдиган ҳолатда эди; варақлари табиий равишда сарғайиб кетган ва қинғир-қийшиқ ёзувлар билан белги қўйилган, шунингдек, ҳар қандай қадимдан сақланиб келадиган ёдгорликлар сингари сичқонлар томонидан кемирилган ва чумолилар томонидан кирланган кўринишда эди. Солномада қандайдир Пимен номли архив бошлиғининг ёниб турган ёғли шам титроғи остида ўтириб қилган меҳнати ва бундан ташқари, жаноб Шубинский, Мордовцев ва Мельниковларнинг ишқибозлардан уни асраганликлари кўриниб турарди.

Солномаларда алоҳида ҳисоботлар ёки “рўйхат”лар келтирилган ва шубҳасизки, улар охирги солномачи томонидан тартибга солинган; бундан ташқари унга тасдиқловчи ҳужжат сифатида маъмурий-назарий мазмунга эга бўлган қўлёзма машқларни ўз ичига олган бир қанча болалар дафтарчалари илова қилинган. Масалан, “Барча шаҳар ҳокимларининг маъмурий маслакдошлиги тўғрисида”, “Шаҳар ҳокимларининг кўркам ташқи кўринишлари тўғрисида”, “Тинчлантиришнинг нажоткорлиги тўғрисида (суратлар билан)”, “Солиқларни ундириш борасидаги фикр­лар”, “Вақтнинг тескари оқими” ва ниҳоят, “Қаттиққўллик тўғрисида”ги катта ҳажмли тадқиқот ишлари шулар жумласидан эди. Ишонч билан айтиш мумкинки, илова қилинган ҳужжатлардаги қайдлар ёзувига кўра шахсан шаҳар ҳокимларининг қаламига мансуб бўлиб (айримлари ҳатто имзоланган ҳам), қимматбаҳо хусусият касб этган. Негаки, биринчидан, улар рус алифбосининг ўша даврдаги кўринишини мутлоқ ишончли тарзда акс эттиради ва иккинчидан, уларда солномачилар ҳикояларига нисбатан, муаллифнинг ўзи келтириши мумкин бўлган даражада тўлиқ, асосли ва образли ижодни аниқ кўриш мумкин.

“Солнома”нинг ички қиёфаси, яъни мазмунига келадиган бўлсак, унда хаёлот устунлик қилади, маконга нисбатан олганда эса айрим тафсилотлар ҳатто бизнинг ҳозирги маърифатли давримизда ҳам ақл бовар қилмаслиги мумкин бўлган даражада. Мисол тарзида оладиган бўлсак, шаҳар ҳокимини мусиқа билан биргаликда тасвирлашни ҳеч нарса билан қиёслаб бўлмайди. Яна бир жойда, солномачининг ҳикоя қилишича, шаҳар ҳокими ҳавода учиб юрармиш, бошқа бир тасвирга кўра эса, оёқ панжаси орқа томонга қараган бир шаҳар ҳокимининг ҳокимлик чегарасидан чиқиб кетишига бир бахя қолгани ҳикоя қилинади. Солномачи ушбу муфассал тафсилотларни яширишга ўзини ҳақли, деб билмаган, аксинча, бўлиб ўтган бу воқеаларни аниқлик билан тўлиқ келтирилиши ўқувчига бизни ундан ажратиб турган тубсизликни янада яққол кўрсатиб беради, деб ҳисоблаган. Боз устига, тафсилотчида ҳукмрон бўлган фикрлардан яна бири шуки, ҳикоялардаги бўртма тасвирлар уларнинг маъмурий-тарбиявий аҳамиятини йўққа чиқармайди. Учиб кетаётган шаҳар губернаторининг калтабин такаббурлиги тавсифи ҳатто ҳозирги пайтдаги ўз амалидан муддатидан олдин кетишни истамайдиган замонамиз амалдорлари учун ҳам огоҳлантириш сифатида тарбия вазифасини ўташи мумкин.

 

 

Рус тилидан Шаҳло АҲРОРОВА  таржимаси

 

(Давомини журналдан ўқийсиз. 2021/10)

 

Ижтимоий тармоқларда ёйиш:
1 Menga yoqdi
0 Menga yoqmadi