Алишер НАВОИЙ (1441–1501).

alisher_navoiy

ДОМДИН ЙЎҚ ЧОРАСИ ҲАР ҚУШКИ, БЎЛҒАЙ ДОНАДЎСТ…

Войким, душмандек ўлди аҳдидин бегона дўст,
Душманим ўлтурса, аҳд эттимки, тутмай ёна дўст.

Соғаримда заҳру саҳро узра пўям шиддатин
Билмас улким, бор анга ҳамкосаву ҳамхона дўст.

Жон қуши ўртанди севгач ёрнинг ўтлуғ юзин,
Найлагай куймай, чу бўлғай шамъ ила парвона дўст.

Водийи ҳижронда ағёриға ёр ўлдум, не тонг,
Гар бўлур ғули биёбоний била девона дўст.

Дўстлуқ жонондин истармен, манга олам эли
Душмани жон бўлса бўлсун, бор эса жонона дўст.

Аҳли дин паймоншикандур, қилса бўлмас дўстлуқ,
Бас манга муғ дайрида улким, тутар паймона, дўст.

Зулфиға тушса Навоий холи шавқидин не тонг,
Домдин йўқ чораси ҳар қушки, бўлғай донадўст.

(“Ғаройиб ус-сиғар”, 87-ғазал)

ЛУҒАТ:

1. Ёна – яна.
2. Пўя – қадам.
3. Ағёр – ўзга, ғайр, душман.
4. Не тонг – не ажаб.
5. Ғули биёбоний – саҳро жини.
6. Паймоншикан – аҳдни бузувчи.
7. Муғ дайри – зардуштийлар ибодатхонаси; маж.: маърифат майхонаси.
8. Донадўст – донни яхши кўрувчи; очкўз.

Байтларнинг насрий баёни

Олим ДАВЛАТОВ шарҳи

1. Эвоҳ, дўстим душманлар каби аҳдидан қайтди. Аҳд қилдимки, агар душманим ўлдирса ҳамки, бошқа дўст тутмагайман.
2. Кимки дўсти билан улфат ва хонадош бўлса, менинг қадаҳимдаги заҳар ва саҳрода ёлғиз кезишимнинг шиддат ва машаққатимни билмайди.
3. Ёрнинг ўтли юзини севгач, жоним қуши куйиб-ўртанди. Ахир, парвона шамъ билан дўст тутингандан сўнг куймай нима қилсин?!
4. Ҳижрон водийсида ундан бегоналарга ёр бўлдим. Зотан, девона саҳро жини билан дўст тутинса, ажаб эмас.
5. Мен жонондан истайманки, агар у жонона дўст бўлса, бутун олам жоним душмани бўлишига ҳам розиман.
6. Дин аҳли ўз аҳдини бузувчилардир, улар билан дўстлик қилиш даргумон, менга муғ дайрида ким жом тутса, ўша дўст бўлар.
7. Навоий ёр холининг шавқидан унинг зулфи домига илинса ажабмас, негаки донга ўч қушнинг тузоққа тушишдан ўзга чораси йўқ.

Ғазалнинг умумий мазмун-моҳияти

Алишер Навоий ғазалларида фалак ғамхонаси ва даврон аҳлидан чеккан жабру жафолари энг қуюқ ранглар ва қалтис ташбеҳларда ифода этилган. Улуғ мутафаккир нозик ва ҳассос қалб соҳиби бўлгани сабабли, бошқалар учун одатий ҳолга айланиб бўлган бевафоликлар, сотқинликлар, субутсизликларни жуда оғир қабул қилган. Бинобарин, унинг деярли ҳар бир ғазалида қайғули сатрларни учратиш мумкин. Бошқача ҳам бўлиши мумкинмас. Ҳар лаҳзада турли қиёфага кирадиган фалакнинг буқаламунлиги, қора қуюндек босқин уюштириб турадиган ташвишлар лашкари, номард замона аҳлининг номардликларини кўра-била туриб, фақат шодлик ва тўкислик тараннум этиш маънавий шабкўрликдан бошқа нарса эмас.
Айни пайтда, Навоийнинг бундай “шикоят изҳори”да кўнгилларни яқинлаштирувчи назокат ва самимийлик борки, ўқиган одам беихтиёр шоир ва ўзи ўртасидаги замон ва макон фосилаларини унутиб, дардкашлик ҳиссини туяди, унинг ғуссаларига шерик бўлади. Жумладан, таҳлил этилаётган ғазалда ўз аҳдига содиқ қолмасдан, душман ишини қилган дўстдан ранжиган шоир энди душман қўлидан ҳалок бўлса ҳамки, дўст тутишни хаёлига келтирмаслигини қуйидагича ифодалаган:

Войким, душмандек ўлди аҳдидин бегона дўст,
Душманим ўлтурса, аҳд эттимки, тутмай ёна дўст.

Мумтоз адабиётда дўст тимсоли ўртоқ, севикли ёр, пири комил, Аллоҳ таоло ва унинг расули маъноларини ифодалашга хизмат қилади. Мазкур ғазалда шоирнинг мухотаби – мурожаат қилган шахс мавжуд инсон бўлиб, бу байтлардан ирфоний маъноларни қидириш зўракилик ҳисобланади. Негаки, Аллоҳ ва унинг йўлидаги кимсаларга бевафолик ва сотқинликни нисбат бериб бўлмайди. Навоийга жафо қилаётган кимса – шунчаки таниш ёки кундалик муносабатдан нарига ўтмаган таниш эмас, балки у билан бир хонада яшаб, бир косада таом еган кишилардек яқин ва қарин бўлган азиз инсон. Шундай қалин дўстликни андиша қилмай, аҳдига вафо қилмаган кишидан узоқлашишни ихтиёр этган одамнинг ичгани заҳар, макони кимсасиз саҳро бўлади. Дўст хиёнати оғудан ҳам қаттол, нокасликлари бекасликдан ҳам оғир ва шиддатли:

Соғаримда заҳру саҳро узра пўям шиддатин
Билмас улким, бор анга ҳамкосаву ҳамхона дўст.

Шоирга нисбатан ким ва қачон қаерда ноҳақлик қилгани маълум эмас. Аслида бунинг унчалик аҳамияти ҳам йўқ. Навоий учун дўстлик шартига риоя этмаганнинг кимлигини ошкор этишдан кўра, поклик ва тўғриликни истаган ҳолда ушбу ришта узилгандан кейин садоқатли инсонлар қалбидаги изтироб ва қийноқларни ифода этиш муҳимроқ. Шунинг учун кейинги байтда дўстнинг иссиқ юзини кўрганида жон қуши ўртангани, бу ҳолат шамъ билан парвона ўртасидаги иштиёққа ўхшаш эканлигини баён этади. Булар ҳижрон водийсида ёрнинг кимлигидан бехабар, нодон ва саҳройи кимсалар билан дўст тутинган ошиқ айрилиқ ота­шини пасайтирмоқ учун қилинган беҳуда ва девонавор уринишларидир. Инсон ҳаммадан қочиб кетиши мумкин, аммо ўзидан қочиб қаерга ҳам борарди?! Дўстдан ранжиб саҳрога юз тутган инсон ҳам барибир хаёлидан, фикру зикридан уни чиқариб ташлаёлмайди. Дўстни унутиш учун уриниш – жунуни қўзғаб, саҳро жинлари билан дўст тутинган девона каби иш қилмоқдир:

Водийи ҳижронда ағёриға ёр ўлдум, не тонг,
Гар бўлур ғули биёбоний била девона дўст.

Фоний оламдаги муносабатлар ҳам субутсиз, бебақо бўлади. Шу сабабли, олам аҳли билан қилинган дўстлик ҳам, душманлик ҳам – муваққат. Боқий дўстлик фақат жон ичидаги жонон – Ҳақ таоло ҳузурида. Аллоҳ шундай Дўстки, намрудлар ёққан гулханни яшнаб турган гулшанга айлантиради, унинг амри билан дарёлар дўстлари учун очиқ йўл, душманларига ҳалокат маскани бўлади, балиқнинг қорни севган бандаси учун саждагоҳга айланади… Бу дўстликка эришган инсон бутун олам душманлигига ҳам парво қилмайди. Мансур Ҳаллож айтишича, Ҳақ таоло агар кимнидир дўст тутса, гоҳида олам элини унинг душманига айлантиради. Аммо ҳақиқий дўстлик шаробидан сармаст одам бунга асло парво қилмайди:

Дўстлуқ жонондин истармен, манга олам эли
Душмани жон бўлса бўлсун, бор эса жонона дўст.

Олтинчи байтда дин аҳлининг “паймоншикан”лиги – ўз ваъдасида турмаслиги, уларни ёр тутиб бўлмаслигини таъкидлаб, муғ кўйида унга бир қадаҳ шароб тутган кишини ўзига дўст тутмоқчи эканлигини билдиради. Бу билан шоир нима демоқчи? Дин аҳли, яъни зуҳд ва тақвони шариат ҳукмига мос равишда маҳкам тутиб, унга амал қилувчилар нега ўз аҳдларида турмайдилар? Нега муғ дайрида май берувчилар, яъни сўфийлар мажлисида маърифат тутганларда вафо ва дўстлик бор?
Саъдий Шерозийнинг бир қитъасида шундай ҳикоят қилинади: кўнгли огоҳ бир зот мадрасани тарк этиб, хонақоҳ аҳлининг ҳалқасига қўшилади. Шайх Саъдий бунинг сабабини сўраганида, донишманд шундай жавоб беради:
– Мадраса аҳли умр дарёсидан ўзлари эмин ўтиш фикридадирлар, хонақоҳ аҳли эса чўкаётган одамларни қутқаришни ҳаёт маслаги деб биладилар.
Фақат ўз омонлигини ўйламай, бошқа инсонлар тақдирига ҳам қайғуриб, уларни маърифат ва муҳаббат шаробидан баҳраманд қилиш, бошқаларнинг муроди ҳосил бўлишини ўз саодати калити деб ҳисоблаш, ўзига хуш келган нарсани бошқаларга ҳам беминнат улашиш – дўстликнинг гўзал намунасидир. Бундай дўстликни Навоий ишқ ва ирфон аҳли орасида топган:

Аҳли дин паймоншикандур, қилса бўлмас дўстлуқ,
Бас манга муғ дайрида улким, тутар паймона, дўст.

Мақтаъда ёр зулфини тузоққа, холини тузоқ ичидаги донга ўхшатиб, Навоий кўнгил қуши ёр зулфига қандай банди бўлишини шоирона лутф билан ифода этган. Шоир зулф – моддий дунё тимсоли, хол – илоҳий сир-асрор тимсоли эканлигини айтаркан, илоҳий сирларни англаш йўлида чуқурлашиб кетиш моддий дунё ташвишларига асир бўлиш, асл моҳиятдан узоқлашиш хавфи ҳар бир инсон йўлидаги тузоқ эканини ҳам таъкидлаб ўтади. Натижада, ҳам ишқий, ҳам тарбиявий мазмундаги байт ғазалга якун ясаган:

Зулфиға тушса Навоий холи шавқидин не тонг,
Домдин йўқ чораси ҳар қушки, бўлғай донадўст.

Худди шу маъно Ҳофиз Шерозийнинг “дўст” радифли ғазалининг қуйидаги байтида ифода этилган:

Зулфи ў дом асту холаш донаи он дому ман
Бар умеди донае афтодаам дар доми дўст.

(Маъноси: Унинг зулфи тузоқ, холи эса ўша тузоқдаги дондир. Мен дон умиди ва илинжида унинг тузоғига тушганман).
Бинобарин, бу ғазалнинг яралишига Ҳофиз Шерозийнинг шу радифдаги шеъри илҳом манбаи ва тажриба мактаби бўлиб хизмат қилган. Бу икки ғазални қиёсий таҳлил қилиш кўплаб янги далиллар аниқланишига хизмат қилади, деган умиддамиз.

Ғазалнинг инглизча таржимаси

Таржимон – Қосимбой Маъмуров

IF A BIRD WANTS A SEED…

An alien friend has broken his promise like an enemy, alas.
If my enemy killed me I’d promise not to make again a friend.

He who doesn’t know my bowl’s poison, desert hardships
Would make a companion and shares a room with my friend.

Seeing the burning face of the beloved, soul’s bird suffers a lot,
Why shouldn’t the moth burn when making a candle her friend.

In the separation valley I fell in love with strangers, alas!
No wonder if the mad makes desert’s demon his friend.

Even if the whole mankind were my soul’s enemy,
Let my beloved make my soul’s enemy her friend.

All believers don’t keep their promises, they can’t make friends,
So, he who offers me a goblet in idols” house would be my friend.

No surprise if Navoi falls in a trap of beauty’s plait by excitement,
If a bird wants a seed it is destined to fall in a seed trap, hey friend.

(Ghazal 87, from “Wonders of Childhood” by Alisher Navoi)

2021/10

Ижтимоий тармоқларда ёйиш:
3 Menga yoqdi
1 Menga yoqmadi