Имант ЗИЕДОНИС (1933–2013). Эпифаниялар

Имант ЗИЕДОНИС

Имант Янович Зиедонис латвиялик таниқли шоир ва ёзувчи. “Рангли эртаклар”, “Ҳар қудуқнинг ўз акси садоси”, “Перепендикуляр қошиқ” каби қатор назмий ва насрий тўпламлари чоп этилган, сценарийси асосида фильмлар суратга олинган.
Қуйидаги эпифаниялари назмий наср – мансуралардир. Адиб бу асарда ҳаёт фалсафаси, ахлоқий меъёрларнинг жамиятдаги ўрни ва инсонийлик бурчи ҳақида фикрларини китобхон билан бўлишади.

* * *
Мени тўсатдан қўрқув босди. Ўз синглимни унутиб, бутунлай бегона бўлиб қолсам-а?!
Ҳаётда нотанишлар билан жуда кўп суҳбат қурганман, туғишган синглим билан сўзлашгани фурсат бўлдими?
Учрашардик, саломлашардик. Саломлашиб, хайрлашардик.
Нимагадир, айнан бугун унинг кўзи атрофидаги майда ажинлар, меҳнатдан дағаллашган қўллари ва меникига жуда ўхшайдиган нигоҳини аниқ кўрдим.
Ростини айтсам, бирон марта бошини силамаганман. Гўдаклигида бўлса бордир. Кўпинча уни урардим. Ҳамма жойда менга эргашар, мен эса буни истамасдим.
Ўшанда унинг мендан бошқа яқин одами, дўсти бўлмагани учун нуқул ёнимда бўлгиси келади, деган фикр бирон марта хаёлимга келмаган.
Кейин дўстлар пайдо бўлди. Синглимнинг ҳаётида нишонланган саноқли кунлари ёдимда. Қариндошлар еб-ичиб, иш, пул ҳақида гап сотишарди. Ҳеч ким унинг чарчаган, ҳолсиз қўлларига эътибор бермасди. Меҳрга муҳтож чиройли сочлари, тиниқ мовий кўзларига биров назар солмасди. Кимдир “Сенга нима керак, ёрдам берайми?” – деб сўрагани йўқ. “Қиз эмас, тилла!” – дейишарди.
Ўшанда ҳам олдингга бориб, елкаларингни бағримга босиб эзгу тилак билдирмасдан, бегонага айтгандай одатий табрик сўзи билан чекланганман. Сен билган катталар ичида энг кичиги ва сенга яқини ўзим эдим, мен аканг эдим, сени тушунишим керак эди.
Кейин тўй бўлди. Синглимнинг тўйи. У пайдо бўлгач, қариндошларни ўйлашга вақт ҳам қолмади.
Сўнгра сенинг болаларинг – менинг болаларим, сенинг ишинг – менинг ишим, сенинг ташвишинг – менинг ташвишим, хуллас, иккимиз ўзимиздан ортмасдик.
Бугун мени ғалати қўрқув босди – тушимда сенинг мурғаклигингни кўрдим, бирдан қондошлигим ёдимга тушди.
Мен бегоналар билан қиёмат дўст бўлган одам, туғишган синглимнинг бошини ҳеч силамабман. Мен унинг энг яқиниман, кўзлари меникига жуда ўхшайди…
Тўсатдан ваҳима босди. Ботинда, қоронғиликда қондошлик руҳи уйғонгандек.

* * *
Ҳеч ким йўқ, хавотирланма. Мен сен учун чипта сотиб олганман, сен ёнимда ўтиришга ҳақлисан. Сени ҳеч ким ҳайдамайди, жим ўтирсанг бас.
Йўқ-йўқ, хоним, бу жой бўш кўринса ҳам, аслида, банд. Бу ерда руҳим ўтирибди, унинг бунга ҳаққи бор. Тўғри, у пальто кўринишида бўлса ҳам менинг руҳим. Мендами? Ҳа, ичимда ҳам руҳ бор. Лекин буниси ҳам – меники. Менда иккита руҳ бор. Сизларда ҳам бир одам эгалик қилиши мумкин бўлганидан икки ҳисса катта тана бўлганидек. Сиз шу тана билан мени суриб иккита ўринга эгалик қилардингиз. Энди руҳим ўтиришига ҳам рухсат беринг.
Ҳа, сиз танангиз билан мени суряпсиз. Мен буни троллейбусда, дўкондаги навбатларда сезаман. Жонингизга қарши жонингиз билан курашишингиз менга аён.
Ўтган йили ёзда руҳим безовталаниб, иссиқ денгиз ва озроқ жануб қуёшига зор бўлди. Лекин жануб учун йўлланмани сиз олдингиз, менинг вужудимни гавдангиз сиқиб чиқариб, Қора денгиз бўйида сон-саноқсиз баданлар билан роҳат-фароғатда бўлди. Биз эса руҳимиз билан шаҳарда қолдик, йўлланмани бизга қишда беришди, ваҳоланки, унга ёзда муҳтож эдик.
Ўзингни бос, хавотирланма, бу ерда ўтиришга ҳақлисан. Бу аёл – уятсиз. У асабга тегяпти. Тана уятсиз бўлади. Фақат балерина ва гимнастикаларникидан ташқари. Уларники тана эмас – руҳ. Бемалол ўтиравер.
Лекин булар – арзимас нарсалар, мен ҳозир курорт ҳақида гапиряпман. Аммо сиз мени яна сиқиб чиқардингиз. Сиз суратда, мен эса рамка орқасида қолдим. Ўшанда сизнинг қайсидир рамкалар бошқармасида танишингиз бор эди. Улар ҳаёт фақат рамкалардан иборат бўлишини хоҳлашарди. Уларга айниқса, қолипга тушган бадан ёқарди. Қўл билан пайпасласа бўладиган, ҳеч нарсани ўйламайдиган бадан. Сут соғувчи аёлдан кўра сигирни тасвирлаш осон. Хуллас, мен рамкадан ташқарида қолдим.
Чиптамни текширмоқчимисиз? Марҳамат, мана улар. Бу жой банд, бу ерда руҳим ўтирибди. Ёзувчи ва рассомларга қўшимча майдон берилади. Нима деб ўйлайсиз, кимга – танагами ёки руҳга? Илтимос, анави аёлга айтинг, бу ерга ўтирмасин, руҳимни эзиб қўяди…
Тўғри, мен руҳимни ўзимга қайтариб олишим мумкин. Бу жўн, руҳи билан одамларнинг иши йўқ. Уларнинг ичида гуллаган боғчалар, муқаддас китоблар, дорлар бор. Менда эса буларнинг бари ташқарида – ёнимда. Бу пальтом эса шунчаки, сурат холос. Моҳиятан бу менинг гулшаним, топинган китобим, дорим. Нима учун руҳим пальто бўлиб кўринмасин?! Маяковский бўйнига яшил бодринг илиб, ўз руҳини иштонли булут шаклида олиб юрган. Нега энди менинг руҳим пальто бўлиб кинозал ёки театр саҳнасида мен билан ёнма-ён турмасин?
Айтганча, эй хоним, сиз мени томоша залидан ҳам суриб чиқардингиз. Ўтган сафар гапираётганимда, худди мен йўқдек ўрнимга суқулиб киргансиз. Сиз ўшанда жисмингизга ишониб, тинмай моддият ҳақида гапирдингиз. Ҳатто нафасингиз ҳам шунчалар моддий эдики, бўғилиб қолдим.
Ўшанда менга саҳна балиқ, тузланган карам ёки бодринг тўлдирилган бочкага ўхшаб кўринди. Сиз саҳнани балиққа, бодрингга айлантирдингиз.
Мана энди мен ҳаммасини бошидан бошлаяпман. Балиқ ва бодрингли бочкаларни жонлантиряпман.
Бундан кейин мен икки жойни эгаллайман – ўзимга ва руҳимга. Иккинчи жоним бўлмиш пальтом учун.
Ўзингни бос, хотиржам бўл! Бу ерда ўтиришга ҳақлисан. Хоним буни тушунмаяпти, холос.

Рус тилидан Гулгун УСМОНОВА таржимаси

(Давомини журналдан ўқийсиз. 2021/10)

Ижтимоий тармоқларда ёйиш:
0 Menga yoqdi
0 Menga yoqmadi