(Маърифий татаббуъ)
- Қисқа муқаддима
Мумтоз шеъриятдан ҳар ким ўз идроки, маърифати даражасида баҳра топади. Ҳар ким ўз кўзасига яраша ундан сув олади. Амир Низомиддин Алишер Навоий ўз девонини бекорга “Хазоин ул-маъоний” (“Маънолар хазинаси”) деб атаган эмас. Унинг ғазалларида шу қадар теран ирфоний маънолар, хос тасаввуфий истилоҳ ва иборалар, мажозларга бурканган ҳақиқатлар, ишқи илоҳийга далолат қилувчи қуйма тимсоллар борки, булар ҳақиқатан маънолар хазинасидир. Бу маънолардан фақат тасаввуфий истилоҳларни англаш йўли билангина тўлиқ баҳраманд бўлиш мумкин. Ғазалларнинг ташқи маънолари, мажозий тасвирлари кишига қанчалик ҳайрат, завқ, сурур бахш этади. Бас, жонга ҳузур-ҳаловат, қалбга нур ва зарофат, онгга маъно ва ҳайрат етмоғи учун моҳиятдан – ички, ҳақиқий маънолардан хабардор бўлмоқ лозим.
Алишер Навоийнинг хушоҳанг, яширин ранг ва турфа маъноларни ўзида мужассам этган асарларидан бири “Жон ва жонон” ғазалидир. Ғазални шартли равишда шундай номлаймиз. Зеро, унда жон билан жонон сирлари пинҳондир. Тан билан жон, жон билан жонон бир-бирларига қандай пайваста бўлса, ғазалда мажоз ва ҳақиқат ана шундай бир-бирига боғланган.
Жонбахш лаб ҳақиқати
Ҳар лабинг ўлганни тиргузмакда, жоно, жон эрур,
Бу жиҳатдин бир-бириси бирла жоножон эрур.
Эй жон! (Эй жоним-севгилим!) Ҳар бир лабинг ўликни тирилтиришда бир жондир. Бу жиҳатдан икки лабинг бир-бири билан жоножондир, ажралмас дўстдир.
Матлаъни ва умуман ғазални яхши тушуниш учун “лаб”, “жон”, “жонон” истилоҳларининг ирфоний-тасаввуфий маъноларини билмоқ лозим. Саййид Жаъфар Сажжодийнинг “Фарҳанги истилоҳот ва таъбироти ирфоний” (“Маърифий истилоҳ ва иборалар луғати”), Саййид Содиқ Гуҳарийнинг “Шарҳи истилоҳоти тасаввуф” (“Тасаввуф истилоҳлари шарҳи”), Сулаймон Улудоғнинг “Тасаввуф теримлери сўзлугу” (“Тасаввуф атамалари луғати”) асарларида муҳим истилоҳлар батафсил изоҳланган. Муҳаммад Ғиёсуддин ибн Жалолуддин ибн Шарафуддин Ромпурий – Мустафоободийнинг машҳур “Ғиёс ул-луғот”ида ҳам баъзи луғавий шарҳлар бор.
“Лаб” – маълум аъзо, дудоқ. Орифлар тилида – калом, сўз. (Фахруддин Ироқий). Баъзилар “лаб”ни “нафаси раҳмоний”, яъни илоҳий тажаллийларга ишорадир, деганлар.
Турли ирфоний маънолар тақозоси билан “лаб” деганда “жон”, “жон” деганда “жонон” истилоҳлари бир-бирига эргашиб келаверади.
“Ҳар лабинг ўлганни тиргизмакда, жоно, жон эрур…” Матлаъда “лаб” “жон”ни эргаштириб келди, иккинчи байтда “жон” “жонон”ни эргаштириб келади. Илк байтда “жон” сўз ва ўзак сифатида уч бор уч маънода қўлланган: 1) жон-о – эй жон, эй менинг жоним бўлган севгилим; 2) жон – жасаддаги руҳ, ҳаёт; 3) жоножон – жонни жонга боғлаган ажралмас дўст. Бу иштиқоқ – ўзакдош сўзларни қўллаш санъатидир.
Навоий “Ғаройиб ус-сиғар” девонидаги бошқа бир ғазалида айтади:
Бармоғи ҳайрат билаким лаъли хандон ичрадур,
Ул алиф янглиғдурким, филмасал жон ичрадур.
Ул маҳбубанинг бармоғи ҳайратдан хандон лаъли лабининг орасидадир, бамисоли алиф жон ичида бўлганидек.
Байтда лаб, яъни лаъли хандон яна “жон”ни пайдо қилди. Одатда қизлар ҳайратдан бармоқ тишлайди. Гўзалнинг лаълдек хандон лаблари орасидаги ҳайрат бармоғи худди жон орасидаги алиф кабидир. Байтнинг мажозий ва ирфоний маъносидан ташқари яна “имловий” маъноси ҳам бор: “жон” сўзи арабчада алиф иштирокида ёзилади ва алиф ҳарфи жим билан нуннинг орасида бўлади.
“Тасаввуф атамалари луғати”да “Лабдаги намлик оби ҳаётга, ишқ ва муҳаббат чашмасига ўхшатилади”, дейилган. Нега байтда “лаъли лаб” зикр қилинганда дарҳол “жон” эсланди? Чунки “лаб” деганда инсонга жон, руҳ, ҳаёт бахш этувчи манбаъ – ишқ ва муҳаббат булоғи тушунилади. Бу жонбахш, ҳаётбахш лаб мумтоз шеъриятда лаби шакарий, лаби ширин; лаби лаъл ёки қисқача лаъл каби иборалар билан тавсифланади. Бу таъбирлардан ҳар бирининг яна ўз тасаввуфий маънолари бор:
Лаби шакарий – шакар лаб, шакар дудоқ: пайғамбарларга фаришта Жаброил алайҳиссалом воситасида Аллоҳдан нозил қилинган калом, сўз, яъни илоҳий калом, муқаддас сўз; авлиёларга эса қалб тасфияси, яъни қалбни поклаш, мусаффо қилиш натижасида илҳом қилинадиган сўз, каломдир. (Фахруддин Ироқий).
Лаби ширин – ширин лаб, чучук дудоқ: 1) идрок қилинмасдан ва ҳис этилмасдан бевосита келган калом, сўз; 2) маъшуқ сўзи; 3) севгили, маъшуқ; севгили лаби. (Фахруддин Ироқий, Тахонавий).
Лаби лаъл – қизил лаб, ол дудоқ: 1) сўзнинг ботини, ичи, моҳияти, яъни маъшуқнинг каломи, сўзи; 2) руҳнинг нафаси, жон киритувчи, тирилтирувчи нафас. Ва яна “лаби жонбахш”дан мурод борлиқ соясидаги йўқликдир, деганлар. Яъни, нафаси раҳмонийга – илоҳий нафас, илоҳий тажаллийларга ишора бўлган лабнинг нишона-белгилари ва лавозими – тақозосидан вужуднинг вужуби иҳотасидаги йўқлик имконининг намойишидир. Чунончи, Навоий мазкур матлаъ билан бошланган ғазалида айтади:
Лаъли бир сўз бирла юз йиллик ўлукни Хизр этар,
Гўёйиё Руҳуллоҳ ушбу оби ҳайвон ичрадур…
Севгилининг лаби бир сўз билан юз йиллик ўликни тирилтиради, яъни Хизр алайҳиссалом ҳаёт сувини ичиб, абадий ҳаёт топганидек, бу лаб юз йил ўлиб ётган жасадга боқий ҳаёт бахш этади. Гўёки Руҳуллоҳ, яъни Ийсо алайҳиссалом бу ҳаёт сувини топишда восита бўлгандек.
Мазкур байтда юқоридаги маъноларнинг ҳаммаси мавжуд: маъшуқ сўзи ҳам, бевосита илоҳий калом ҳам, илоҳий тажаллийлар ҳам, Руҳуллоҳ, яъни Ийсо алайҳиссалом ҳам, муқаддас калом ҳам. Қуръони карим ҳақиқатан инсонга руҳ бағишлайди, хастага шифо, заифга қувват, дамсизга дам, очга озуқа, адашганга ҳидоят, бахтсизга бахт, ўлик дилга ҳаёт бўлади. Бу маънолар тасаввуфий шеъриятнинг рангин гулзоридир. Фузулий айтади:
Мен лабинг муштоқиям, зуҳҳод – Кавсар толиби,
Нечаким, маста май ичмоқ хуш гелар, ҳушёра сув…
Мен лабинг муштоқиман, зоҳидлар эса Кавсарга талабгордирлар. Нечунким, мастга май ичмоқ хуш келади, ҳушёрга эса сув ичмоқ.
Бундаги мастлик илоҳий ишққа мазҳарлик ва зикр ила яна ишқ талаб қилишдир.
“Лаб” мажозининг асл-асосини баён этишдан олдин “жон” ва “жонон” истилоҳларининг маъноларини кузатайлик.
(Давомини журналдан ўқийсиз. 2021/11