Аргентиналик Антонио Поркьянинг ижоди ўзига хос “тафаккур мусиқаси”дир. Унинг “Нидолар” китобига киритилган шеърларини афоризмлар ва япон хоккусини ёдга солувчи, адабий ақидаларга бўйсунмас, одатий шеъриятнинг ҳар қандай усул ва воситаларидан холи, мусиқийлик ва маълум мезоний аломатлардан озод, муайян фикрий фаолият жараёни деб талқин этиш мумкин. Бу шеърларни “Хушнаво тафаккур нидолари” деб аташ тўғри бўлади.
Муаллифнинг “Нидолар” китоби дастлаб ўтган асрнинг 40-йиллари бошида Аргентинада нашр этилган. Мазкур тўплам 1949 йили француз тилига таржима қилинди, 1969 йилда эса АҚШда инглиз тилида чоп этилди. Қуйида ушбу асардан айрим намуналар эътиборингизга ҳавола этилмоқда.
* * *
Мен мана шу ерда, туманли ёлғизликлардан бирида, мен ҳам таркибий қисми ҳисобланадиган жаҳоний мувозанат бузилмаслиги учун ўз ишим билан машғулман.
* * *
Мазмун-моҳият бой берилаётганидан огоҳ киши барчаси қайтадан қай моҳият касб этишини тасаввур қила олади.
* * *
Бир коса ошу бир бурда нондан иборат ғарибона ризқимда илк даъфа ўз қисматимга иқрор бўлдим.
* * *
Ярим асрлик болалик бахтини менга тортиқ қилган отагинам вафот этди.
* * *
Тубанликлар абадийдир, қолган ҳамма-ҳаммаси кўз очиб юмгунча ўтиб кетади.
* * *
Ҳақиқатнинг содиқ дўстлари кўп эмас – саноқли, аммо шу саноқли дўстлар ҳам ўз жонларига қасд қиладилар.
* * *
Менга ўзим муносиб бўлган тарзда эмас, балки рисоладагидек муносабатда бўл.
* * *
Одам ҳеч қаёққа юрмайди. Ҳамма нарса келажак каби одамнинг истиқболига пешвоз чиқади.
* * *
Соддалик нуқси мени сира тарк этмайди, аммо айнан шу соддалигим мени муҳофаза этади.
* * *
Рўпарамдаги очиқ эшикдан кираман, атрофимда эса юзта эшик ёпиқлигича турибди.
* * *
Мен мутлақ қашшоқ эмасман: ахир ўзим борман-ку.
* * *
Юқорига қарамаган киши ўзини энг юксак нуқтадаман, деб ҳисоблаши мумкин.
* * *
Ҳеч ким менга ўрнак бўлмади, оқибатда эса ҳеч кимга ўхшамай қолдим.
* * *
Биламан сенда ҳеч вақо йўқ. Шунинг учун ҳам мен сендан ҳамма нарсани сўрайман. Ҳамма нарсанг бўлиши учун.
* * *
Одамзот яхши хотира умиди билан яшайди.
* * *
Инсон гўё барча билимлардан хабардордек ҳамма-ҳамма нарса ҳақида гапираверади.
* * *
Ботинимда қўл силтамаган кўп ишлар ғайришуурий тарзда ўз-ўзидан содир бўлмоқда.
* * *
Ҳамма нарса дарёлар каби нишаблик ҳосиласидир.
Рус тилидан Гулчеҳра Омонтўраева таржимаси