Жуброн Халил ЖУБРОН (1883–1931) Девонанинг ривоятлари

Khalil-Gibran-Portrait-The-Daily-Beast

Лубнон арабларидан бўлмиш Жуброн Халил Жуброн мағрибу машриқда бирдай донгдор, бирдай севимли ёзувчи, шоир, рассом ва файласуф ҳисобланади. Унинг энг машҳур асарлари – “Ал-Мустафо” ҳамда “Қайрилган қанотлар” қиссалари, қатор ҳикоялари устоз таржимонлар томонидан муқаддам ўзбек тилига ўгирилган.

Жуброн Халил Жуброннинг ушбу асари эса, каминанинг таржима борасидаги илк яхлит иши. Муаллиф Америкада истиқомат эта бошлаганидан сўнг инглиз тилида ёзилган биринчи асари – “Девонанинг ривоятлари” билан танишар экансиз, гоҳи назмга эш услубни, гоҳ масал ва ривоятларга хос қисқаликни кўрасиз. Бунинг боиси шундаки, асарнинг аслиятдаги номи “The Madman. His parables and poems” бўлиб, “Девонанинг ривоятлари ва шеърлари” тарзида тушунилади. Услубдаги қабариқлик, жумлалардаги айни синтактик қолипларнинг фаол такрори ҳам шундан.

Таржимон

  МУҚАДДИМА

 Сиз мендан қандай қилиб девона бўлиб қолганимни сўрайсиз. Бунинг тарихи шундоқ: кунлардан бир куни, кўпгина худолар таваллудидан илгари, ширин уйқудан уйғониб не кўз билан кўрайки, барча ниқобларимни ўмаришибди. Ҳа, худди шундай, бурунги етти ҳаётим давомида бирма-бир тақиб юрганим – етти ниқобнинг ҳеч бири йўқ. Дод солиб югурдим, шир яланғоч юзим билан оломон тўлиб тошган кўчаларда: “Ўғрилар! Каззоблар! Лаънатилар!”, дея бақирдим.

Эркагу аёл кулди устимдан, ҳаттоки уйларига ура қочди бировлар каминадан қўрқиб. Бозоржойга етган эдим ҳамки йиғлаб юборди том устида турган болакай: “Ана, девона келяпти!” Уни кўрмоқчи бўлиб юқорига қараганим замон қуёш яланг юзимдан илк бор бўса олди. Ҳа, ишонаверинг, қуёш илк марта юзимдан ўпиб қўйди ва каминанинг қалбида унга нисбатан муҳаббат аланга олиб, ниқобга ортиқ эҳтиёж сезмадим. Ҳўнграй кетдим сармаст кишидек: “Яшасин, яшасин ниқобларимни ўмарганлар!”

Шундай қилиб девона бўлдим.

Камина эрк топди шу телбалигидан. Мана шу жунун каминага ҳаловат бахш этди. Бу шундай эркки, танҳоликка йўл очгувчи; шундайин ҳаловатки, англанмоқ хавфидан фориғ этгувчи. Боиси бизни англагувчи кимсалар ботинимизда ненидир банди этар.

Бироқ каминани ўз ҳаловати ила андармон бўлишига йўл берманг. Ахир ҳеч замонда зиндондаги киссавур бехавотир бўла олармиди бошқа киссавурлардан?

 

СЎЗ

 

Қадим замонда, лабларимга сўзнинг илк қалтироғи кўчган куни муқаддас тоққа тирмашиб чиқдим ва Худога юзланиб дедим:

– Эй, Эгам, камина қулингдир. Сенинг амринг қонун мен учун; бутун умр бўйсунгайман сенга.

Бироқ жавоб қилмади Худо, ўтди-ю, кетди мисли қудратли бўрон.

Тағин минг йиллар ўтиб кўтарилдим ўша муқаддас тоққа ва Худога юзланиб дедим:

– Эй, Яратгувчи, яратиғингман сенинг. Мени гилдан айладинг бино, сенингдирман бору йўғим-ла.

Бироқ лом-мим демади Худо, тағин ўтди-ю, кетди минглаб учқур қанотлар янглиғ.

Тағин минг йиллар ўтиб кўтарилдим ўша муқаддас тоққа тирмашиб ва Худога юзланиб дедим:

– Эй, Ота, зурриётингман сенинг. Менга ҳаёт бердинг, кўрсатиб севги-ла шафқат. Инчунин, муҳаббат ва эътиқод-ла бўлмоғим шарт мулкингга соҳиб.

Таассуф, тағин жавоб қилмади Худо, ўтди-ю, кетди олис чўққиларни ўраб олган туман янглиғ.

Тағин минг йиллар ўтиб илоҳий чўққига тирмашиб чиқдим ва Худога юзланиб дедим:

– Эй, Худойим, эй, Мақсудим, эй, Матлабим! Ўтмишингман сенинг, сен эса эртам. Мен ердаги илдизингман, сен – кўкдаги бутоғим; икковлашиб ўсажакмиз қуёшга қараб!

Шунда Худо мен сари энгашиб, болдай сўзларни шивирлади қулоғимга. У мени бағрига олди бепоён денгиз ўзи сари оқиб келган жилғани қучгани мисол. Сўнг камина водийлар томон инганида бирга эди У ҳам камина билан.

 

ИККИ ЗОҲИД

 

Якка-ю ёлғиз бир тоғнинг тепасида Худога сиғинадиган, бир-бирига муҳаббатли икки зоҳид яшарди. Бу икковининг биргина сопол тоғорасидан бўлак ҳеч вақоси йўқ эди. Кунларнинг бирида ёши улуғроқ зоҳиднинг ичига ёвуз руҳ кириб олиб, ёш зоҳиднинг олдига бориб деди:

– Бирга яшаётганимизгаям анча замон бўлди. Иккимиз учун жудолик муддати етиб келган. Қани, энди бисотимизни бўлишиб олсак.

Бундан навқирон зоҳиднинг ҳафсаласи пир бўлди.

– Бу каминани азобга солади. Оғам, сен кетишим керак демоқдасан. Ростдан кетишга мажбур бўлсанг, майли шундай бўла қолсин, – дея ёш зоҳид сопол тоғорани келтириб унга берди. – Биз буни тақсимлаб ололмаймиз, оғам. Яхшиси, у сеники бўла қолсин.

– Мен садақангга кўз тикканим йўқ. Ўз улушимдан бўлак хасни ҳам олмайман. Шундай экан, бисотимизни тенг тақсимламоқ лозим.

– Тоғора синса, сенга ё каминага не фойдаси бор? Модомики сени шу нарса мамнун этса, кел унда буни улоқтирамиз кўздан нарига.

Катта зоҳид тағин сўз қотди:

– Мен адолатни ва ўз улушимни кўзлайман, бошқани эмас. Тоғора иккига бўлинмоғи шарт.

Шунда навқирон зоҳид ортиқ чидаб туролмай деди:

– Агар бу ростданам сенинг ихтиёринг эса, чиндан ўз улушингга ҳалол эга чиқмоқчи бўлсанг, майли, тоғорани синдирганимиз бўлсин!

Туйқусдан қария зоҳиднинг ранг-рўйи бўзариб, йиғлашга тушди:

– О, сен лаънати қўрқоқ, нега тузукроқ қаршилик кўрсатмайсан?

 

ОЛМОҚ ВА БЕРМОҚ ЗИКРИДА

 

Қадим замонда бир одам яшаган экан. Унинг беҳисоб игнаси бўлган эмиш. Кунларнинг бирида Исонинг волидаси шу кишининг ҳузурига келиб:

– Биродар, ўғлимнинг либоси йиртиқ, ибодатхонага боришидан олдин уни тикиб қўймоғим шарт. Биттагина игна бермайсизми? – дея сўрабди.

Шунда у аёлга игна эмас, ўғли бутхонага боришидан аввал фарзандининг қулоғига қуйсин деган мақсадда олмоқ ва бермоқ зикрида маъруза ўқиб берган экан.

(Давомини журналдан ўқийсиз. 2021/10)

Инглиз тилидан Шоҳрух Усмонов таржимаси

 

Ижтимоий тармоқларда ёйиш:
3 Menga yoqdi
0 Menga yoqmadi