Тақдиримиз ўз қўлимиздами?

Пауло Коэльо

Пауло Коэльонинг асарларини идрок этиш, тадқиқ ва талқин қилиш учун, энг аввало, Таврот, Инжил, Забур, Қуръоний ҳақиқат, ишора, рамз ва фалсафалардан бохабар бўлиш даркор. Ёшлигидан Хорхе Борхес ва Генри Миллер китоблари таъсирида ўсган, дунёни чуқурроқ англаш учун сайёҳликни ўзига касб қилиб олган, магия – сеҳр-жоду билан шуғулланган Пауло Коэльони чинакамига ҳис этиш, англаш учун у тушуниб етган ва ўз асарларида бадиий талқин қила билган моҳиятга яқин бориш зарур.

Бадиий адабиётнинг ижтимоий ўрни ҳақида икки хил: а) бадиий асар омма учун яратилади ва б) алоҳида хос шахслар учун яратилади қабилидаги қарашлар мавжуд. Жаҳон адабиётининг кўп йиллик тарихида битилган асарлар мана шу икки тамойилни ўзида намоён этади. Дейлик, Франс Кафканинг “Жараён” асарини оддий ўқувчи бир неча саҳифа ўқигач, идрок этолмай четга суриб қўйиши ҳеч гап эмас – бу четга суриб қўйишнинг, албатта, “Жараён”нинг санъат асари сифатидаги қимматига заррача дахли йўқ. Дейлик, “Анна Каренина” ёхуд “Ўтган кунлар” қизиқарли воқеа ишқибозлари учун қанчалик ўқишли бўлса, “Санъат санъат учун” тамойили тарафдорлари учун ҳам бу асарларнинг қатида теран маъно-мазмун топилади. Пауло Коэльонинг асарлари эса ҳар иккала тоифадаги китобхоннинг талабига жавоб беради.

“Алкимёгар”, “Иблис ва Прим хоним”, “Портобелло жодугари” романларини мутолаа қилиш жараёнида шундай фикрлар туғилади:

– бу романлар, энг аввало, анъанавий, монологик эмас;

– роман матнининг ички қаватларидаги рамз ва белгиларини идрок этиш учун алоҳида тайёргарлик керак, соддароқ айтганда, ҳар қандай ўқувчининг дабдурустдан “тиши ўтиши” қийин;

– теология – илоҳиятдан, турли динлардан, қолаверса, тасаввуфдан хабардор бўлиш асар моҳиятини англашга ёрдам беради;

– шунингдек, Ҳиндистон, Хитой, Европа ва Шарқда яратилган фалсафий таълимотлардан бохабарлик романларга очқич вазифасини ўтайди;

– асарларнинг умумий пафосидан “Минг бир кеча” таъсирини, Яъқуб, Юсуф, Исо Масиҳ ҳақидаги ҳақиқат – ривоятлар руҳини, айниқса, колумбиялик адиб Г.Г.Маркес адабий-фалсафий мактаби оҳанг ва услубини илғаш қийин эмас.

Бу асарлар классик реалистик роман эмас. Уларда эпосга хос анъанавий тизим йўқ. Қизиқарли сюжетга, кутилмаган тасодиф, ғайритабиий ҳодисалару сеҳр-жодуга бой бу романларни соддароқ тилда “Ўйла, изла, топ” қабилидаги бошқотирма дейиш муболаға эмас. Ўзбекона қилиб айтсак, мулоҳаза учун бошдан дўппини олиб қўйишга мажбур этувчи тилсим романлар булар.

Пауло Коэльо асарларининг қон томири, лейтмотиви бу – инсониятнинг абадий муаммоси: тириклик ва ўлим, уруш ва тинчлик, тақдир ва башорат, жабар (инсоннинг Тангри берган тақдирни ўзгартира олмаслиги) ва қадар (жаҳд, ҳаракат, риёзат билан ўз тақдирини ўзгартириш мумкинлиги)дир.

Бу ўта мураккаб ва боқий муаммолар бетакрор тақдир эгалари қисмати, руҳий-маънавий интилишлари фонида очиб берилади.

“Алкимёгар” таржимасининг уч муаллифидан бири, зукко сўзшунос Аҳмад Отабой ҳам роман аннотациясида мангу саволларга урғу берган: “Инсоннинг ердаги умри мобайнида амалга оширадиган ишлари нималардан иборат? Ўз тақдир йўлидан юриб кўнглига туккан орзу-умидларини амалга ошириш учун инсонга энг зарур нарса нима?”

Бу каби абадий муаммолардан баҳс этувчи “Алкимёгар” романи таҳ­лили ҳаётда кимдир ўзини теран идрок этиб, топиб бораётганини, яна кимдир хазина изловчи бўзбола – Сантьяго, бошқа биров Фотима, чинни сотувчи, кимдир туякаш, оқсоқол, Алкимёгар эканини кўрсатади, назаримда.

Пауло Коэльо табиатан осойишталикка мойил бўлса ҳам, Европа ва Африканинг турли ижтимоий тузумлар ҳукмрон мамлакатларида бўлган. Унинг таржимаи ҳолидан бохабар китобхон асарлари қатига сингдирилган ижтимоий норозилик кайфияти, фикрлар ботинидаги ҳақиқатлар, рамзу ишораларни илғаб олади.

Биламизки, санъатнинг ҳар қандай тури зулм, шафқатсизлик, зўравон­лик ва эрксизликка қаршидир. Бу қаршилик ғоя, фикр, исён ёки бошқа ҳар қандай кўринишда чин санъат асарининг умумруҳи – пафосида яширин яшайди.

Пауло Коэльо “Алкимёгар”да ҳар бир қаҳрамоннинг руҳий оламига чуқур кириб боради. Сеҳр-жоду кўп тилга олинган романнинг ўзи ҳам аллақандай тилсимга эга – беихтиёр сизни ўзига ром этади.

Пауло Коэльо ижодига психологизм ва семиотика нуқтаи назаридан ёндашсак, муаллифнинг матнга кўчган руҳий таъсир қобилияти қаҳрамонларда сезилиб туришини илғаймиз. Шу таъсир-куч китобхон учун маёқдек орзулари рўёбига йўл бошлайди, эзгу ғояларга эргаштириб, ўз кучига ишончни мустаҳкамлайди. Китобхон ҳам ўз-ўзига жиддий, танқидий қарай бошлайди, қалбида тушкунликка, омадсизликка қарши исён уйғонади, теранликка интилади… Ақл-идрок ва Руҳият тантана қилган мазкур романни ихтиёрсиз бир завқу зарб билан мутолаа қила бошлайди.

Коэльонинг танқидчилари таъкидлаганидек, роман воқеалари ривожи ва тасвирида тизимсизликни сезиш қийин эмас. Лекин мароқли сюжет сизни, албатта, ўзига ром этади. Тўғри, бу мутаассирлик анча оғир кечади. Негаки, роман диққатни мудом бир жойга жамлашни талаб этади, рулда ўтирган кишидай бир лаҳзалик чалғиш ҳам қимматга тушиши мумкин: бирор деталь, тафсилот ёки рамзга эътиборсиз қараш шу жойни қайта ўқишга мажбур қилади. Романдаги рамз, белги ва матн остига яширин фикрларни бир ўқишда илғаб олиш мушкул.

Муаллиф гоҳида сюжетни атай чигаллаштиради. Бу романдаги реал ва сеҳрли ҳодисаларнинг ўзига хос бадиий синтезидан келиб чиқади.

Коэльо романларининг маънавий-маърифий аҳамияти шундаки, улар эзгулик, юксак инсоний идеалларга чорлаб, айни пайтда қилинажак ҳар бир тажовуз, қинғирлик, ёвузлик ортида муқаррар жазо, ҳадсиз азоб-уқубат борлигидан огоҳлантиради. Бу асарлар бирваракайига Александр Дюма ва Чарльз Диккенс, Михаил Булгаков ва Франс Кафка, Антуан де Сент-Экзюпери ва Габриэль Гарсиа Маркес ижодини ёдга солади.

Ёзувчи биргина жумбоқ, сирли туш ва унинг таъбир-ечими билан китобхонни асар воқеаларига қизиқтириб қўяди. Сирли ҳодисалар замирига эса, адиб дунёқарашида пишиб етилган фалсафий ғоя маҳорат билан сингдирилади. Коэльонинг улуғлиги шундаки, у умумдунё жараёнларини бир асар – микродунё ичига тўла сиғдира олган.

Ўз романлари билан адабиётда янгича услуб яратаётган Пауло Коэльонинг бадиий тажрибаларини машҳур инглиз адиби Жон Голсуорси фикри билан изоҳлаш мумкин: “Санъатда ҳам тажриба худди илм-фандагидек жуда зарур. У олдинга интилишга ёрдам беради ва тез-тез самара келтиради. Аммо аён кўриниб турган бир ҳолатни эсдан чиқариш ярамайди: мавзунинг ўзи тажриба қилишни қатъий талаб этган тақдирдагина ёзувчи умрбоқий асар яратиши мумкин. Ҳар ишни қилиб бўлса-да, фақат “бетак­рор бўламан” деган иштиёқ билан тажриба қиладиганлар эса бир муддат ўзига талаби суст мухлисларнинг диққат-эътиборини қозониши мумкин, лекин уларнинг ёзганлари қисқа фурсатда офтобда буғланиб, шабнамдек ёхуд ҳозирги замон шеърияти тили билан айтганда “Бўса туфайли лаб­лардан ариган бўёқ”дек йўқ бўлиб кетади”.

Биз шундай шиддатли асрда яшаяпмизки, барча соҳада бўлгани каби адабиёт ва санъат майдонида ҳам тажрибалар кўп. Уларнинг қай бири давр шамолида соврилади, қай бири абадийлик меҳваридан жой олади – буни вақт кўрсатади. Шу боис бугунги истеъдодли ёзувчига ҳар қачонгидан ҳам оғир. У ўз ижодида дунёда яратилган жавҳар асарларнинг энг сермазмун, ибратли, таъсирли, бадиий юксак, қизиқарли ва умуминсоний, бетакрор қирраларини бадиий синтез қилиши зарур. Яна Жон Голсуорсига мурожаат этсак, “Адабиёт – қимматбаҳо тошлардан таркиб топган маржон шодасига ўхшаш нарса, бу тошларнинг ҳеч бири бошқасига ўхшамайди”.

Коэльо асарлари бир қарашда сеҳр-жоду ҳақидаги илмий-бадиий ­оммабоп рисолага, гоҳ психологик микроанализга ўхшаб кетади. Лекин адабиётнинг мангу барқарор меъёрларини ҳам унутишга ҳаққимиз йўқ. Бугун санъатнинг қайси турида ёки жанрида ижод қилмагин, кўпчилик эътиборини забт этиш, мангуликдан ёрлиқ олиш осон кечмайди. Чунки адабиёт ва санъатда кўп йўллар аллақачон кашф этилган. Лекин асл ижодкор тахайюли, тасаввур ва тафаккури янгилик яратишга доим қодир.

Пауло Коэльо асарларига шу мезон ва талаблар билан ёндашсак, унинг ижоди ўзига хослиги билан ажралиб туради. Унинг бадиий топилмалари гўё қумда сочилиб ётган олтин зарраларига ўхшайди. Буларни йиғмоқ, сараламоқ, жило бермоқ лозим. Агар яна қиёс жоиз бўлса, Коэльо романлари – асримизда тараққий этган семиотик абстракт сурат. Ақл, тафаккур, хаёл кучи етгунча қабул қил ва талқин эт. Коэльо бадиий оламини бор бўйи билан идрок этмоқ учун анъанавий асарларни ўқиб юрган китобхон тажрибаси камлик қилади. Пауло Коэльо китобхони бўлиш учун алоҳида зеҳн-заковат, қобилият ва истеъдод даркор.

Адибнинг “Алкимёгар”, “Иблис ва Прим хоним”, “Портобелло жодугари” романлари мутолааси жараёнида Голсуорсининг қуйидаги фикрлари ҳам ёдга тушади: “Гап фақат истеъдодда ёки услубий маҳоратда эмас, гап фикрий босиқликни қалбимизда муайян сифатларни сақлаб қолишда. Бу сифатлар тўғрисида жиддий гапирса бўлади: гап шундаки, болаларча бир истак бор – китобхонни лол қолдириш хоҳиши. Ана шу хоҳишга берилиб кетиш яхши эмас – фикрбозлик ва чигал услубият пўпанаги босган сувга шўнғиш керак эмас”.

Уч романнинг таҳлил ва талқини жараёнида яна бир ҳақиқат юз кўрсатди. Бу – қаҳрамонларга хайрихоҳлик ва муҳаббат, эргашиш ва дарддошлик туйғуси. Ҳерман Ҳессенинг қатъий фикрича, “Муҳаббатсиз мутолаа, ҳайратсиз билим, қалбсиз таълим – руҳ қаршисидаги энг оғир гуноҳлардир.”

Тўғри, Пауло Коэльо асарлари Ҳомернинг “Илиада”си, Конфуций ёки Лао Цзининг ҳикматлари ҳам, Вергилий, Гораций, Овидий ёхуд авлиё Августиннинг “Иқрорнома”си ҳам эмас. Бу романлар Дантенинг ўз даврига исён сифатида ёзилган “Илоҳий комедия”си, Гётенинг “Фауст”и ҳам эмас. Булар Франсуа Рабленинг “Гаргантюа ва Пантагрюль”и, А.Дюманинг “Граф Монте Кристо”, М.Булгаковнинг “Итюрак”, “Уста ва Маргарита”си парадигмасида туради.

Бу асарларни баҳолашда Лев Толстой, Фёдор Достоевский, Оноре де Бальзак, Франс Кафка, Альбер Камю, Чингиз Айтматов асарлари қаршимизда тоғдек намоён бўлади.

Пауло Коэльо “Алкимёгар”нинг мақсад-муддаоси, фалсафий асосини шундай ифодалайди: “Бизнинг сайёрамизда бир буюк ҳақиқат бор: агар сиз чиндан ниманидир орзу қилсангиз, унга, албатта, эришасиз. Зотан, бу орзу олам қалбида ҳам туғилади ва айни шунинг ўзи сизнинг Ерда мавжудлигингизнинг тасдиғи, сизнинг тақдирингиздир”. Бу ғоявий мазмун тақдир йўлидан бораётган, курашаётган, орзуси – рамзий хазина томон интилиб, ўзлигини, ўз қалбини англаётган шахснинг руҳий эврилишлари, ботиний ва зоҳирий олами, Сантьяго ва Алкимёгар образлари призмасида ўз ифодасини топган.

Ёзувчи “Алкимёгар”га ёзган сўз бошисида одамзодга орзу йўлида дуч келадиган тўрт тўсиқни кўрсатиб ўтади. Бу тўрт тўсиқ ҳаммамизга таниш, пешонамизга маҳрумият ва муяссариятдан қайбири битилгани мана шу тўрт тўсиққа бўлган муносабатимизга боғлиқ.

Романнинг ўзагида инсоният қисмати ўз қўлидами ёки тақдир ҳукмидами, одам ўз тақдирини саъй-ҳаракат, шахд билан ўзгартириши мумкинми ёки йўқми каби саволлар туради. Ҳақиқатан ҳам тақдир аслида нима? Динимизда “тақдир”, “тақдири азал”, “қазо ва қадар”, “Яратганнинг ҳукми”, “пешонада бор экан”, “пешонада ёзилгани бўлади” каби тушунчалар муҳим ўрин тутади. Айниқса, бирор мусибат, жудолик, муваффақиятсизликка дуч келсак, чорасиз қолсак, буни дарҳол тақдирга, пешонага бурамиз. Лекин чуқурроқ ўйлаб кўрилса, шу мусибатга аксар ҳолларда ўзимиз сабабчи эканлигимизни англаймиз, бироқ буни тан олгимиз келмайди. “Тақдирдан қочиб бўлмас экан”, дея, айбни ўзимиздан соқит қилиб қўя қоламиз. Келинг, шу ўринда масаланинг моҳиятини очиш учун исломий манбаларга мурожаат қилиб кўрайлик.

Таъкидланишича, қазо ва қадар (яъни, тақдир) масаласи муҳим эътиқод масалаларидан бири ҳисобланади. “Қадар” сўзи “ўлчов” маъносини анг­латади, ислом ақидасида эса Аллоҳ таоло иродаси ила азалдан ҳар бир нарсани ўлчовли қилиб қўйганига эътиқод қилиш белгиланган. Ҳа, қазои қадар масаласи Аллоҳгагина боғлиқ, бандага боғлиқ эмас. Аллоҳ ҳар бир сифати чексиз Зотдир, инсонники каби чекланган, маҳдуд эмас. Аллоҳ таолонинг дунёдаги барча нарсаларни, атрофимиздаги оламнинг ибтидосидан тортиб то унинг охиригача, ипидан игнасигача билиб туриши ҚАДАР ҳисобланади. Бу тушунчани теран англаб, Аллоҳга боғлиқ нарсани инсон ихтиёрига боғламаслигимиз лозим. Аммо ушбу тушунча бузиб кўрсатилиши оқибатида қазо ва қадарга нотўғри, чалкаш фаразлар қоришиб кетган. Асрлар оша турли омиллар сабаб диний тушунчаларга ҳар хил янглиш фикрлар, бидъату хурофотлар аралашиб кетгани маълум. Исломий тушунчалар ичида энг кўп бузилгани, ҳатто тескари айланиб кетгани қазо ва қадар десак муболаға бўлмайди. Аслида эса бу жуда осон тушуниладиган соф ақидадир. Уламоларимиз қазо ва қадарни қуйидагича таърифлайдилар:

Қазо Аллоҳ таолонинг ҳамма нарсанинг келажакда нима бўлишини азалдан билишидир. Қадар ўша нарсаларни Аллоҳнинг азалий илмига мувофиқ равишда вужудга келишидир. Дарҳақиқат, Аллоҳ таолога уясида ғимирлаётган чумолидан тортиб, ўз фалагида айланаётган сайёраларгача, бари аён. Ана шу илоҳий илм қазои қадар деб аталади. Бунда баъзи нодонлар ўйлаганидек, Аллоҳ томонидан бандани мажбур этиш йўқ, балки олдиндан билиш бор. Чунки Яратганнинг илми чегара билмасдир.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда марҳамат қилиб айтадики: “Албатта Биз ҳар бир нарсани қадар ила яратдик”. Демак, Аллоҳ таоло ҳар бир нарсани ўлчов билан яратган, барини билиб туради.

Пайғамбаримиз (с.а.в.)дан Абу Ҳурайра (р.а.) ривоят қилган ҳадисда қуйидагилар айтилади: Пайғамбар (с.а.в.)”Аллоҳ азза ва жалла халойиқ тақдирини қазо қилган чоғида Ўз ҳузуридаги, Арш устидаги китобга “Албатта раҳматим ғазабимдан илгаридир” деб ёзди”, дедилар.

Ушбу ҳадисда қадар масаласи қисман баён қилинмоқда. Пайғамбаримиз (с.а.в.) “Аллоҳ халойиқ тақдирини қазо қилган чоғда” деганлари азалда ҳамма нарсани келажакда қандай бўлишини билган чоғда, деганларидир. Демак, Аллоҳ таоло махлуқотни яратишдан олдин келажакда уларнинг ҳоли не кечишини билган. Ҳадисда Яратганнинг раҳмати ғазабидан илгари эканлиги ҳам таъкидланмоқда. Бу эса сиз билан биз бандаларни доимо Тангри таолонинг раҳматидан умидвор бўлиб, эзгу амалларга шайланишимиз, қаҳри келадиган ишлардан узоқроқ бўлишимиз учундир.

Демак, бандаси ўз қилмишига қазои қадарни рўкач қилиши нотўғри, чунки Аллоҳ инсонни соф табиат билан яратади. Баъзиларни соф, бош­қаларни бузуқ табиатли қилиб яратмайди, ўша софликни сақлаб қолиш инсоннинг ўзи қўлида. Бундан келиб чиқадики, баъзиларнинг ўз гуноҳига қадарни узр қилиб кўрсатишлари тўғри эмас. Агар улар айтган гап тўғри чиқиб, инсон ҳамма ишни қилишга мажбур этилган бўлса, дунё тескари айланиб, яхши билан ёмоннинг фарқи қолмас эди. Чунки яхши яхшиликни мажбур бўлиб қилар, шу боис эзгу иши унга фазилат бўла олмасди. Ёмон ёмонликка мажбур бўлгани учун қусур амали унга айб бўла олмас, жавобгарлик ҳисси йўқолар эди.

Дунёнинг кўп мутафаккирлари қатори Пауло Коэльо ҳам инсоннинг қандай тақдир эгаси бўлиши унинг ўз қўлида, деган қараш тарафдори. Шу фикр “Алкимёгар” романида бошдан-охир Сантьягонинг саёҳат-риёзатлари орқали сеҳрли реализм услуби асосида очиб берилган. Бу тақдир Ҳақ томонидан ато этилган олий ҳақиқат, шу ҳақиқат, моҳиятга етиш учун инсон аниқ мақсад – идеал йўлидан чекинмаслиги керак, деган мағзи тўқ улуғ ғоя. Лекин моҳият, бахт, комилликка ўз-ўзидан эришилмайди. Мақсад йўлидаги шахс ким бўлмасин, қандай ишни бажармасин, адолатли, ҳақгўй, кўнгли ёруғ, нияти тоза, эътиқоди букилмас, иродаси синмас бўлиши даркор. Идеал-олий мақсад ва унга элтувчи йўл аниқ бўлмоғи, унга етиш учун ҳар қандай риёзатга руҳан, маънан, жисмонан тайёр турмоғи зарур. Айни пайтда бу йўлда ижтимоий, сиёсий, иқтисодий шарт-шароитлар ва тўсиқларни енгиб ўтиш ҳам муҳим. Олий ниятга раҳнамо Пир (Алкимёгар)нинг йўлбошчилиги, синовларисиз етиш мушкул. Унинг ўгитлари билан мурид ҳар қандай қийинчиликни енгиши мумкин. Пирнинг руҳий-маънавий қудратни худди йоглардек бир жойга – бир мақсадга йўналтириш тажрибасини эгаллаш, бу йўлда алдов, чалғиш, адашиш, енгилишдан қўрқмаслик, муваффақиятсизлик ва омадсизликдан чўчимаслик психологияси, иродасини тарбия топтириш катта аҳамиятга эга. Олий мақсад – Ҳақ – Идеал – Хазинага эришиш учун бутун имконият ва воситаларни ишга солиш ҳам муҳимдир.

Мана шу саъй-ҳаракат аниқ мақсадга йўналтирилса, Пауло Коэльо айтмоқчи, бутун олам руҳи сизга ёрдамга келади. Соддароқ қилиб айтсак, сендан ҳаракат, Ҳақдан баракат.

Хўш, юқоридаги ҳақиқатларни кўпчилик билади-ку! Нега орзу-идеал,­ ҳақ-хазинага ҳамма ҳам эриша олмайди? Жавоб учун яна Коэльонинг ўзига мурожаат қиламиз: “Хўш, нима учун ҳамманинг ҳам истак-орзулари ушалавермайди? Бунга тўртта тўсиқ халал беради. Биринчиси шундан иборатки, гўдаклик пайтдаёқ, ҳаётда эришишни жуда истаган нарсаларга интилганимизда, йўқ, буларга эришиб бўлмайди, деган гапни қулоққа қуйиб қўйишади. Бола ҳарчанд уринмай, барибир ўзим хоҳлаган нарсага эришолмайман, деган фикр билан улғаяди. Шу тариқа, йиллар мобайнида қалбида турли шубҳа-гумонлар, қўрқувлар илдиз отади, умидсизлик ва айбдорлик ҳисси кучайиб боради. Ва бир кун келиб, ўз тақдирини яшаш истаги шу оғир юк остида қолганини англаганида, ўзига инъом этилган олий имконни йўқотиб қўйгандай туюлади. Бироқ аслида бу имкон унинг қалбида яшаётган бўлади”.

Бу ғояда Пауло Коэльо Зигмунд Фрейд билан фикрдош, десак муболаға бўлмайди. Фрейднинг кузатишларига кўра, инсон хотирасида беш ёшгача кўрган-кечирганлари кўпроқ сақланиб қолади. Коэльо ҳам ёшликдан боланинг қалбига қўрқув солиш, ғайрат-шижоатини бўғиш, ташаббусини сўндириш оқибатлари ҳақида куйиниб ёзган. Ҳеч бир кишини четлаб ўтмайдиган бу тўсиқ ҳар қандай яратувчилик ва муяссариятга рахна солади. Қобилият эгалари ҳам ўз имконияти олдида ҳадиксираб қолади. Бу қўрқув инстинкт тарзида бўлиб, асрий давом этгани боис қонга сингиб кетган. У ҳатто оддий турмуш тарзига халақит беради.

Ахир, дорбоз ҳам дор устида бирдан юролмайди, ҳаётда муваффақиятга эришганлар энг аввало, илк тўсиқни енгганлардир. Бу тўсиқ – шубҳа, ўзига, ўз кучига ишонмаслик. Улуғ донишманд К.Боуви айтади: “Аксар муваффақиятсизликларимиз сабаби ўзимизга ишонмаслигимизда”. Ғарб адабиётининг буюк шоирларидан бири В.Шекспир шундай дейди: “Шубҳа – хоин: у бизни уриниб кўришдан қўрқитиб, эришишимиз мумкин бўлган яхши нарсалардан кўп ҳолларда маҳрум этади”.

Бироқ бу ерда илк тўсиққа қарши таваккал фалсафаси ҳам бор. Мавлоно Жалолиддин Румий “Маснавийи маънавий”да шундай ёзади:

 

Гар таваккул мекуни дар кор кун,

Кишт кун, пасттакя бор жаббор кун.

 

Ҳийлаҳоят ҳол гардад бас латиф,

Кулли шайъин, мин зариф ҳувва зариф.

 

Дарҳоят мурғи гардуни гирад,

Нуқсҳоят жумла афзуни гирад.

 

Мазмуни: Таваккал қилмоқчимисан, мақсадда, ҳаракатда, ишда қил, аввал эк, сўнг ҳосил сўра. Мақсад, ғояни амалга ошириш учун барча усуллардан фойдаланиш мумкин. Тарихчилар сенинг бу ҳийлаларингни илоҳий кўрсатма, деб баҳолайдилар. Барча нуқсонларинг етуклик белгиси сифатида баҳоланади.

Дарҳақиқат, Қуръони Каримда ҳам яхши ниятда, эзгулик учун қилина­диган ҳар қандай иш мақбул ва раволиги таъкидланган. “Алкимёгар”да ҳам Сантьяго атрофида кечган илк воқеаларда азалий тўсиқ – қўрқув устуворлик қилади. Лекин бўзбола бу тўсиқни енгишга, аввало, туш таъбири, Лўли кампирнинг башорати, шунингдек, ички туғёни билан жаҳд қилади. Воқеалар ривожи кўрсатадики, бу оламда мақсадга эришиш учун жуда кўп нарса халал беради.

Йўл (мақсад) аниқ бўлиши ва жилов йўлбошловчи қўлида бўлмоғи даркор. Романга кўра, мақсад – хазина, жилов бўзболанинг қўлида эди. Ва у манзил-хазина йўлида туш таъбири ва Пир ўгитлари билан олға интилади. Улуғ Фирдавсий, “Шоҳнома”да “Искандари замон бўлсанг ҳам пирсиз жангга кирма”, деган шарқона ҳикматни Пауло Коэльо “Алкимёгар”нинг моҳиятига жо этган.

Адабиёт инсониятнинг чин тарихини яратиш учун бир восита, ибрат, таъсир мактаби ва манбаи экан, Пауло Коэльонинг “Алкимёгар” каби асарлари бу вазифани тугал адо этган, десак ҳеч муболаға бўлмайди.

 

Илҳом ҒАНИЕВ,

филология фанлари доктори

 

Ижтимоий тармоқларда ёйиш:
3 Menga yoqdi
0 Menga yoqmadi