Карл Павлович Брюллов романтик ва гўзал картиналари билан ном қозонган рус рассоми. У 1799 йилда Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида рассом оиласида туғилган. Отаси Павел Брюллов Россия Бадиий академиясида ҳайкалторошлик, ёғоч ўймакорлиги, француз гравюрасидан сабоқ берган. Карл касалманд бўлишига қарамай, болалигидан отасининг хоҳишига кўра рассомчилик билан шуғулланади ва дастлабки тажрибаларини одам ва қушлар расмини чизишдан бошлайди.
Бўлажак рассом 1809–1821 йилларда Петербург академияси қошидаги билим юртида ўқийди. Таҳсил йилларида унинг ижодий қобилияти такомиллашиб, пухта асарлар чиза бошлайди. У 1817–1820 йилларда “Санъат даҳолари”, 1819 йили “Нарцисснинг сувга боқиши” асарларини чизади. “Нарцисснинг сувга боқиши” картинаси фонида Строгонов паркининг манзараси туширилган бўлиб, сувда ўз аксини томоша қилаётган Нарцисс Апалон Белвидер фигурасига ҳамоҳангликда яратилганлиги сезилиб туради. Табиат ва ўзига мафтун образнинг гўзаллиги картина мазмунини ташкил этади. Бу картинани унинг устози рассом Андрей Иванов ёқтириб қолиб, ўз коллекциясига сотиб олади. Ҳозирги кунда ушбу асар Санкт-Петербургдаги Рус давлат музейида сақланмоқда.
Брюлловнинг 1821 йилда битирув иши сифатида чизган Библия мавзусидаги “Мамврийдаги дуб дарахти ёнида уч фариштанинг пайғамбар Иброҳимга кўриниши” картинаси катта рассомлар эътирофига сабаб бўлади. Мазкур асари учун Академиянинг олтин медалига сазовор бўлади. Шу билан у чет элга бориш ҳуқуқини қўлга киритиб, 1822 йилдан ижодий сафарларини бошлайди. Кетма-кет Италия, Рига, Кенигсберг, Берлин, Дрездин, Венеция бўйлаб кезишлари давомида тинимсиз изланади. Италияда тарихий ва диний сюжетлар асосида ишлаган бир нечта асарлари уни чинакам рассом бўлиб шаклланганини намоён этади. Италияда яшаган вақтларида бир қанча машҳур санъат арбоблари ва таниқли кишиларнинг портретларини ишлайди. Уларда одамларнинг ички дунёси майда деталлар орқали очиб берганлиги кўриниш мумкин. Бу жиҳат бошқа асарларида ҳам сақланиб қолган.
Брюлловнинг “Италия тонги” (1823 й.) картинаси Петербургда Император Николай I ва Рассомлар уюшмаси аъзолари назарига тушади. Улар рассомга яна шундай иккита картина ишлаб беришни буюртма қилади. Брюллов 1827 йили “Италияда ярим кун” ва “Узум узаётган қизлар” асарларини чизади.
Рассом 1827 йилдан акварелда кичик ҳажмли расмлар ишлаш билан шуғуллана бошлайди. У ҳаётни чуқурроқ кузата бошлагани ўша даврга оид ишларида яққол кўринади. Асарларининг ҳаётийлиги, инсонларнинг турмуш тарзи ёрқин ифодалангани учун нафақат тасвирий санъатга дахлдор кишилар, балки оддий одамлар ҳам унинг ижодига қизиқиб, асарларини харид қила бошлайди.
Карл Брюлловнинг ижоди кўп фигурали асарларнинг ортиши, образларга психологик ёндашувнинг шаклланиши билан юксалиб борди. Брюллов 1830 йилда катта тарихий асар – “Помпейнинг охирги куни” картинасини чизишни бошлайди ва жиддий изланиш ва меҳнат эвазига мазкур асарни 1833 йили битиради. Бу асар ўз замонида Европа ва Россияда жуда машҳур бўлади. Картина император Николай I га совға қилинади. 1832 йили Император Екатерина Биринчининг қариндоши, аслзода Юлия Самойлова билан танишиб, унинг буюртмаси асосида “Юлия Самойлова тарбиячиси ва араб билан”, “Боғда” картиналарини чизади.
Рассом Россияга қайтишдан олдин Кичик Осиё, Греция ва Ионни оролига саёҳат қилади. Бироқ Афинада хасталикка учраб, юртига қайтишга мажбур бўлади. 1835 йили уни Москвага ташрифи байрамона қаршиланади. Рассом у ерда буюк шоир А.Пушкин ва москвалик атоқли рассомлар билан танишади. Шу жумладан, атоқли рассом Тропинин билан дўстлашиб, бир муддат унинг уйида ижод қилади. Брюллов Москвада “Шоир Алексей Толстой портрети”, “Ёзувчи Антон Погорель портрети”, “Фол кўрувчи Светлана” каби қатор асарлар яратади.
1836–1849 йилларда Карл Брюллов Петербург шаҳрида яшаб ижод қилади ва кўплаб машҳур шахслар портретларини чизиб донг таратади. У 1843 йилдан Исаакиевский соборини безашга таклиф қилиниб, бетакрор деворий суратлар ишлайди. Бироқ, собор қурилиши тугамасдан Брюлловни касаллик безовта қила бошлайди. Рассом лойиҳани тарк этиб, 1849 йили Россиядан чиқиб кетади ва Польша, Пруссия, Белгия, Англия, Португалия орқали Мадейра оролига бориб даволанади. Соғлиғи бирмунча тиклангач, 1850 йилнинг баҳорида Испанияга, ундан Италияга ўтиб, у ерда муқим яшаб қолади. Рассом дўсти Титтон уйида яшаб, ижодини давом эттиради. У 1851 йили “Археолог Микеланжело Ланчи портрети”ни чизиб тугатади. Бу унинг охирги дурдона асари эди. Моҳир рассом, гўзал қиёфалар мафтуни, атоқли портрет устаси Карл Брюллов 1852 йилнинг 23 июнь санасида 52 ёшида Римда вафот этади. Мусаввирдан қолган бадиий мерос Европа ва Россиядаги санъат уйларида сақланмоқда.
Иқбол ИЛҲОМОВ,
Ўзбекистон рассомлари уюшмаси аъзоси, рассом
2021/10