Иво АНДРИЧ (1892–1875) ДРИНА КЎПРИГИ

Иво АНДРИЧ (1892–1875)

Роман

Қўриқчиларга Чекрлиянинг қиёфасини тасвирлаб беришди-да, кў­ринишидан нимжон, ориқ бўлса-да, аслида кучли, жасур, ниҳоятда маккор душман, кўп марталаб патрулларнинг шундоққина бурни тагидан ўтиб кетган, дея огоҳлантиришди.
Федун бу огоҳлантиришни эшитгач, ҳар бир расмий хабарга ёндашгани каби, унга ҳам ўта жиддий қаради. Рост, бошлиқларнинг қўрқитиши унга бироз муболағадек кўринди, ахир, кўприк унча кенг эмас, атиги ўн метр келса, ундан ким ҳам сездирмай ўта оларди! У кўприкдаги кундузги ва тунги навбатчилик соатларини тинч, осойишта ўтказиб олди. Буйруққа биноан, ҳушёрликни чиндан-да оширди, аммо унинг диққати ўша Яков билан эмас – ахир, унинг қораси ҳам йўқ эди – ўз ташрифини турли-туман белгилар билан тобора қатъийроқ билдираётган баҳор билан банд эди.
Йигирма уч ёшингда, йигит вужудингда куч-қувват тўлиб-тошиб, томирингда қонинг кўпирганда, бунинг устига, атрофингда баҳор куйлаганида, гуллаб-яшнаганида, ифорлар сочганида диққатни бир ерга жамлаш жуда мушкул. Жарларда қор эрир, дарё хира кўзгу мисол товланар, шимоли-ғарбдан эсган шамол тоғлардан қор нафаси-ю водийдан бўртган куртаклар исини олиб келарди. Буларнинг баридан гангиган Федун паришон ҳолда иккала айвонча оралиғида қадам ташлар, тунда эса тўсиққа суяниб, шамолга эргашиб, малоросча ашулалар айтарди. Лекин тоқатсиз кутиш ҳисси уни на кундузи, на тунда қўйиб юбормас, ширин интизорлик ҳисси осмонда, ерда, сувда юз бераётган барча ўзгаришларда тасдиқ топаётгандай туюларди.
Бир куни туш маҳали кўприкдан ёш турк қизи ўтиб қолди. Қиз ҳали тўла ўранмайдиган, лекин очиқ ҳам юрмайдиган ёшда бўлганидан бошига каттакон шол рўмол ташлаб олган, сочи, қўллари, ияги ва пешонаси ёпиқ бўлса-да, кўзлари, оғзи, бурни, ёноқлари очиқ эди. Бўй етиш арафасида қизлар, одатда, ўзининг ярим болача, аммо етуклик нишоналари кўринган, эҳтимолки, эртагаёқ чодра абадий ёпиб қўядиган юзларини бокира қувонч ила кўрсатиб қўядилар.
Шу пайтда дарвозаларда жон асари кўринмасди. Федун билан бирга Прачадан келиб, жазо отрядига қўшилган деҳқон Стеван қўриқчилик қиларди. Ёши ўтган бу киши ракияни рад қилмас, ҳарбий низом билан иши йўқ, ҳозир тош ўриндиққа ётиб олиб мудрарди.
Федун ҳадик аралаш тортинчоқлик билан қизга қаради. Қиз яқин­лашаркан, гулдор рўмоли офтобда жонли, нозик булутдек тўл­қинланиб товланар, шамолнинг пуфлашига итоат этганча, қиз ортидан буралиб-буралиб эргашарди. Сириб боғланган рўмол ичидан сипо, гўзал бир чеҳра боқиб турарди. Кўзлари пастга қараган, лекин қовоқлари сезилар-сезилмас титрарди. Қиз аскарнинг ёнидан “лип” этиб ўтиб, нариги қирғоққа тушди-да, савдо расталари орасида ғойиб бўлди.
Йигит беихтиёр қадамини тезлатди, майдонга қарай-қарай айвонлар ўртасида кеза бошлади. Мана энди ростдан ҳам кутадиган одамим бор, дея ўйлади у. Орадан ярим соат ўтиб, дарвозаларда ҳамон сокинлик ҳукм сураётган пайтда бояги қиз шаҳардан қайтиб, ҳаяжон босган йигитнинг олдидан ўтиб кетди. Бу сафар йигит қизга узоқроқ қараб қолди, таажжубки, қиз ҳам кулиб турган кўзларини йигитга дадил тикди, гўё болалик қувлиги ила уни кўз уриштиришдек эрмакка чорлади-да, навниҳол, аммо кучли вужудини қучган кенг шолрўмолнинг минглаб ўйноқи бурмаларини шитирлатганча, унинг ёнидан сузиб ўтиб кетди. Рангдор рўмолнинг ёрқин шарқона нақшлари, жонли бўёқлари нариги қирғоқдаги уйлар ортидан ҳам анчагача кўзга чалиниб турди.
Шундагина йигит ҳушини йиғди. Федун ҳамон турк қизи унинг ёнидан ўтган жойда серрайиб турарди. Сесканиб милтиғини пайпаслади-да, худди хато иш қилиб қўйгандек атрофга аланглади. Стеван алдоқчи баҳор қуёшида ғофилларча мудраб ётарди. Федунга икковлари айб иш қилиб қўйгандек туюлди, чунки бу вақт ичида олдиларидан бутун бошли взвод ўтиб кетиши мумкин эди, у эса шу фурсатнинг қанчалик узун бўлганини-ю ҳам ўзи, ҳам бошқалар учун қандай аҳамиятга эгалигини аниқлашдан ожиз! Ўнғайсизланиб, жаҳд билан Стеванни турткилаб уйғотди, иккови навбатчилик тугагунча қимирламай постда туришди.
Ўша куни дам олган маҳалида ҳам, қоровулликда турган чоғида ҳам турк гўзалининг қиёфаси саноқсиз марта хаёлида намоён бўлди. Эртаси куни чошгоҳда, бозорда ҳам, кўприкда ҳам сокинлик ҳукм сурган пайтда қиз тағин, энди йигитнинг хаёлида эмас, кўз ўнгида кўприкдан ўтди. Чала-чулпа фаҳмланган ўйин қоидасига амал қилгандек, Федун қизнинг нақшдор рўмоли ўраб турган юзига кўз ташлади. Ҳаммаси худди кечагидек бўлди. Фақат қарашлар узоқроқ, табассумлар илиқроқ, эркинроқ бўлди. Гўё бу жайдари ўйиндаги ўз ролини аниқ ижро этаётгандек Стеван бу сафар ҳам тош ўриндиқда мудраб ўтирарди. Ҳолбуки, у кейинчалик, одатига кўра, ҳеч ҳам ухлаганим йўқ, умуман, уйқусизлик дардига мубталоман, ҳатто тунда, тўшакда ҳам кўз юмолмайман, дея қасамлар ичди. Қиз қайтаётиб, йигитнинг ёнига етганда, аскарнинг кўзларига тик қараб, қадамини секинлатди, йигит пойинтар-сойинтар бир нималар деди.
Бунақанги журъатни ҳатто орзу ҳам қилолмайсан! Қиз нариги қирғоқдаги уйлар ортида ғойиб бўлганда, йигит даҳшатдан қалтираб кетди. Турк қизи австриялик аскарнинг кўзларига тик қарашга журъат этганини ақлга сиғдириб бўлмасди. Кўз кўриб, қулоқ эшитмаган бундай воқеалар фақат хаёлларда, орзуларда ёки баҳор келганда дарвозаларда бўлади. Қолаверса, аскар шуни жуда яхши билардики, унинг учун мусулмон аёлга кўз ташлашдан ҳам ножўя, хатарли иш йўқ. Армияда ҳам, кейинроқ, жазо отрядида ҳам унга буни кўп уқтиришган. Бунақанги бетакаллуфлик учун қаттиқ жазо олиши аниқ эди. Шундай довюраклар ўзини ҳақоратланган дея ҳис қилган дарғазаб турклар қўлида ўлиши ҳам тайин эди. Аммо ҳамма насиҳатларга, кўрсатма ва ҳарбий низом қоидаларига бўйсуниш истагига қарамай, йигит аксинча иш тутаётганди. Бахтсиз одамларнинг бахтсизлиги шундаки, улар учун тақиқланган, имконсиз бўлган нарсалар бир лаҳза ичида мумкин ва жоиз бўлиб қолади ёки уларга шундай туюлиб кетади, бу алдамчи ҳиссиёт уларнинг пинҳона истаклари, ўй-хаёлларини эгаллаб олгач эса, яна улар кўз олдида бор моҳияти билан юз кўрсатади, яъни тағин иложсиз, ножоиз бўлиб қолади, қасд қилгани учун ўзининг бор оқибатларини намоён этади.
Учинчи кун чошгоҳга яқин навниҳол турк гўзали яна кўприкда пайдо бўлди. Гўё ҳамма нарса истакларга бўйсунган тушдагидек, Стеван ҳозир ҳам мудрар, дарвозаларда тағин жон асари йўқ эди. Йигит яна бир неча алмойи-алжойи сўзларни ғўлдиради, қиз эса қадамини секинлатиб, яна шундай тортинчоқлик билан тушунарсиз алланималар деб жавоб қилди.
Хавфли, телбаёна ўйин давом этарди. Тўртинчи кун, яна кўприкда одам йўқлигини пойлаб, қўриқчилар ёнидан ўтаркан, қиз вужуди ёнаётган йигитдан, яна қачон навбатчиликда турасиз, дея шивирлаб сўради. Йигит қош қораяр пайти, шомга яқин келаман, деди.
– Мен қари момомни шаҳарга тунагани кузатиб қўяман-да, ёлғиз ўзим қайтаман, – дея пичирлади қиз йўлида давом этаркан бошини бурмай, лекин йигитга еростидан маънодор нигоҳ ташлашга улгурди. Қиз айтган оддийгина сўзларнинг ҳар бир товушида бўлғуси дийдорлашувнинг яширин қувончлари пинҳон эди.
Олти соатдан кейин Федун уйқучи шериги билан яна дарвозаларда турарди. Ёмғирдан кейин салқин, унинг наздида, сурурли қоронғилик туша бошлади. Ўткинчилар тобора сийраклашиб борарди. Мана, Осойницадан келувчи йўлда таниш шолрўмол кўринди, ғира-шира қоронғиликда рўмол нақшлари синиқиброқ кўринди. Қизнинг ёнида оғир қора чодрага ўранган қадди букик кампир каловланиб келарди. У деярли икки букилиб олган, ўнг қўлида ҳасса тутганча, чап қўли билан қизнинг билагидан ушлаб олганди.
Улар шу тарзда Федуннинг ёнидан ўтиб кетишди. Қиз кампирнинг қадамига монанд секин одимлашга уринаркан, унинг кўзлари оқшомги соялардан каттайиб, энди дадил, тик боқар, афтидан, йигитдан назарини узолмасди. Икковлари уйлар ортида кўздан ғойиб бўлишгач, йигит сесканиб, бой берган сергаклигини қайта қўлга киритмоқчидек у айвончадан бунисига қараб шаҳдам одимлай кетди. У қўрқувга ўхшаш ҳаяжон билан қизнинг қайтишини кутар, Стеван эса аллақачон хурракни бошлаган эди.
“Келса нима деркин? – ўйлади аскар. – Мен унга нима дейман? Бирдан у тунда учрашувга кел, деса-чи?” Ўзида таъқиқ лаззати ва даҳшатини яширган шу биргина фикрдан йигит вужудини титроқ қоплади.
У бир соат, бир ярим соат кутса-да, бироқ қиз қайтмас эди. Аммо шу кутишнинг ўзидаёқ ширин бахтиёрлик бор эди. Бу туйғу қоронғилик қуюқлашгани сари кучаяверди. Ниҳоят, турк гўзалининг ўрнига аскарлар кўринди. Бу гал унинг ўрнини эгаллайдиган икки аскар билан бирга вахмистр Драженович ҳам келганди. Калта қора соқол қўйган қаҳри қаттиқ бу киши кескин, ёвуз бир оҳангда Федун билан Стеванга дарҳол казармага қайтиб, кейинги буйруқни олмагунларича ҳеч қаёққа жилмасликни буюрди. Ғира-шира айбдорлик ҳисси йигитнинг миясига қайноқ тўлқин мисол урилди.
Текис саф қилиб ўн иккита кат терилган кенг, совуқ ётоқ бўм-бўш, аскарлар кечлик овқатга ёки шаҳарга кетишганди. Вахмистрнинг тўсатдан ғазабга келиши-ю, ўзларининг қамалиб ўтиришлари сабабини топишга беҳуда уриниб, Федун билан Стеван хавотир аралаш сабрсизлик ила тушунмовчиликлар ҳал этилишини кутишарди. Бир соатча ўтиб, тунагани қайтган аскарлар билан бирга хонага қовоғи солиқ капрал отилиб кирди-да, жаҳлдор оҳангда ортидан юришларини буюрди. Бошлиқларининг ғазаби ошиб бораётганга ўхшар, бу эса яхшиликдан дарак бермасди. Йўлакка чиқишлари биланоқ икковини бир-биридан айиришиб, алоҳида-алоҳида сўроқ қилишди.
Тун тонгга улана бошлади. Шаҳарнинг сўнгги чироқлари ўчадиган фурсат яқинлашган, аммо казарма деразалари ҳамон ёруғ эди. Кираверишдаги дарвоза ёнида қўнғироқ жаранглар, калитлар шақирлар, оғир эшиклар тарақлаб ёпиларди. Ординарецлар тинмай кириб-чиқишар, зулматга чўккан шаҳарни кесиб ўтиб, казарма ва Кўнак ўртасида қатнашар, Кўнакда ҳам чироқлар ёниқ, буларнинг бари шаҳарда аллақандай тушунарсиз ҳодиса юз берганини билдирарди.
Тунги ўн бирларда Федунни ротмистр олдига олиб киришди, аскарга кўприкдаги навбатчилигидан бери гўё кунлар, ҳафталар ўтгандек туюлди. Столда чинни қалпоқча кийдирилган тунука мойчироқ ёниқ, чироқ ёнида ротмистр Крчмар ўтирарди. Нур унинг тирсагигача ёритар, боши ва танаси чироқнинг яшил қалпоқчаси соясида эди. Йигит думалоқ, кулранг кўзлари тагида қорамтир салқи доғлар кўринган бу захил, хотинсифат кўса башарани дарров таниди. Аскарлар шошилмай, босиқ гапирадиган, ҳаракатлари оғир бу норғул зобитдан оловдан қўрққандай қўрқишарди. Ротмистрнинг синчков қарашларига дош беришга, бир текис оҳангда шошилмай берилган, биринчи товушидан то охиргисигача чертиб-чертиб, худди мактаб дарсида ёки театр саҳнасида талаффуз этилгандек янграган саволларига камдан-кам одам аниқ-равшан жавоб беришга қодир эди. Столдан нарироқда вахмистр Драженович турар, унинг танаси ҳам ғира-шира қўйнида бўлиб, фақат жундор қўлларига чироқ нури тушиб турар, ўнг қўли бармоғида қалин тилла узук ярақларди. Драженович сўроқ бошлади:
– Шундай қилиб, соат беш билан етти оралиғида дарвозада жазо отрядининг ёрдамчи таркиби аскари Стеван Калацан билан навбатчиликда вақтни қандай ўтказдингиз?
Федуннинг миясига қон тепгандек бўлди. Ҳар ким ўз вақтини билганича, қўлидан келганича ўтказади, лекин ҳеч ким кейинроқ қатъий суд олдида ҳаммаси, биринчи дақиқадан бошлаб охирги лаҳзагача рўй берган энг майда тафсилотгача, мияга келган ўй-фикрларигача ҳисоб бериш, ўзини айблаш ёки оқлашни ўйламайди. Ҳеч ким, айниқса, йигирма учга тўлган, баҳор пайти дарвозаларда турган йигит! Нима деб жавоб берсин? Икки соатлик навбатчилик доимгидек, худди кечаги, ўтган кундагидек кечган, тамом-вассалом. Шу пайтда оддий, кундалик воқеалар орасидан айтиб беришга лойиқ бирортаси аскарнинг эсига келса қани! Миясига ҳар бир киши дуч келиши мумкин бўлган, аммо бошлиқларга айтиш тақиқлан­ган, шу билан бирга, навбатчиликка алоқаси йўқ воқеа тушди: Стеван одатдагидек мудраб ўтирарди, Федун нотаниш турк қизи билан бир-икки оғиз гаплашди, сўнгра зулмат қаърига тикилиб, қизни кутган кўйи аллақандай ширин, ҳаяжонли дамлар арафасида турганча, қадрдон юрт қўшиқларини куйлади. Оҳ, буни сўз билан ифодалаш бирам қийин, ҳатто имкони йўқ, яшириш эса виждонсизликдир! Лекин шошилиш керак, вақт ўтяпти, танглик эса ортиб боряпти. Қизиқ, у қанчадан бери жим турган экан?
– Хўш, – ниҳоят овоз берди ротмистр. Унинг “хўш” деганини ким билмайди, бу – аллақандай қудратли, мураккаб, синчиклаб мойланган механизм қаъридан сиқиб чиқарилгандек аниқ, силлиқ, гумбурлаган сўз эди.
Федун биринчи сўзлариданоқ тутилиб, дудуқланиб, шу билан ўз айбини ошкор қилиб қўйди.
Тун ўтиб борар, казармада ҳамон чироқлар ёниқ, сўроқлар, юзлаштиришлар давом этар, протоколлар ёзилган қоғозлар уюм бўлиб ўсиб борарди. Ўша куни дарвозаларда турган бошқа қўриқчилар ҳам сўроқ қилинди, бир-иккита ўткинчилар ҳам топилди. Ҳалқа Федун билан Стеван атрофида қисилаётгани аниқ эди, чунки сўроқда гап ёш қиз кўприкдан етаклаб ўтган кампирга келиб тақаларди.
Йигитга шундай туюлдики, гўё у тунги ваҳима чоғида пайдо бўладиган сирли, чигал, жумбоқли алланима учун жавоб бериши зарур. Тонг пайти уни Стеван билан юзлаштиришди. Стеван қув кўзларини пирпиратиб, нотабиий ингичка овозда чийиллаганча, гўл деҳқонларга хос анқовлик билан атроф қоронғилигини баҳона қилиб, “Мана шу жаноби Федун”га қулоқ солишдан нарига ўтмаганини таъкидлайверди.
“Мана, киши ўзини қанақа тутиши керак экан”, деб ўйлади йигит ҳаяжондан қалтираб, ошқозонининг очликдан қулдирашига қулоқ соларкан. Унга ҳали ҳам айби ёки хатоси нимадан иборатлиги ноаён эди. Эрталаб унга ҳаммаси ойдин бўлди.
Тун бўйи сўроқ жазавага тушган даврадек тинимсиз айланди, бу “доира”нинг марказида совуқ, шафқатсиз ротмистр турар, ўзи унсиз тек ўтиргани ҳолда, атрофдагиларни югуртирар, ҳеч кимни нафас ростлагани қўймасди. Ротмистр бутун қиёфаси, хулқи билан бурчга садоқату ҳақиқат учун курашнинг жонли тажассумидек таассурот қолдирарди, унинг фидойилиги ожизлик ва ҳиссиётлардан йироқ, ғайритабиий қувватга тўлиқ, овқат, уйқу, ором каби энг оддий инсоний эҳтиёжлардан холи бўлган даҳшатли жонбозлик эди. Тонг ёришаётган маҳал Федун икки марта ротмистрга рўпара қилинди. Хонада ротмистру Драженовичдан ташқари яна иккита қуролли жандарм, тағин аёл киши бор эди, Грегор аёлни арвоҳга ўхшатди. Чироқ ўчиқ эди. Шимолга қараган бу хонада этни жунжиктирувчи ғира-ширалик ҳукм сурарди. Тунги даҳшат тонг ёруғидан қўрқмай, чекинишни истамай давом этавергани йигитни лол қолдирди.

(Давомини журналмизнинг 2022 йил 3-сонидан ўқийсиз)

Рус тилидан Рисолат Ҳайдарова таржимаси

Ижтимоий тармоқларда ёйиш:
0 Menga yoqdi
0 Menga yoqmadi