(Қисса)
Етимча ҳар биримизга алоҳида-алоҳида қўнғироқ қилиб, тайинлади:
– Илтимос, соқол-поқол, костюм-шим, галстук дегандай, а!..
Биз, бодивойлар ноз-фироқни бошладик:
– Менинг қора костюмим йўқ…
– Галстук таққанимни қачон кўргансан? Қуруқвойларнинг бўйинтуруғи-ку!
– Душанбадан соқол ўстирмоқчи бўлиб турувдим-а…
– Мен икки кунга Шаҳарга кетаётувдим. Тоғамнинг тўйи бор.
– Вазирингнинг бизга нима иши бўлиши мумкин-а?
Етимча зориллади:
– Жон акалар, келинглар! Хурсанд бўласизлар… Зўр гап!
* * *
Биз юртнинг ҳар ёғида туғилиб ўсган курсдош жўралар эдик. Курсда бошқалар ҳам бор, лекин бизни айнан нима бирлаштирарди, биласизми? Ҳамма мароқ билан, хайрихоҳ қарайдиган нарсаларга биз энсамиз қотиброқ, бурун жийириброқ қарардик. Дейлик, улар Махмуру Мужрим Обид бисотини – ўша “Ҳапалак”у “Ҳасби ҳол”ни ҳижжалаб ётганида биз бодивойлар (бошқалар осган лақаб) жаҳон насрининг жадидлари аталмиш Оскар Уайльд ёки Виржиния Вулф мужмалотини таталаб юрардик. Жуғрофияни нари қўйиб турсак, соғлом ақл – улар машриқни кунчиқар, мағрибни кунботар деб биларди, биз албатта шуни тескари ҳисоблардик. Жонжонбоевнинг дангал таъбирича, бизлар – “оташинлар”, улар – “илмилиқлар”. Келажакда ким ютиб чиққанини эса ўзингиз кўриб турибсиз!..
Хуллас, ҳар боғдан бир гул дегандек (гул эмиш, тикан, тиканак деяверинг!), ҳали айтилгани – биз юртнинг тўрт тарафидан келиб, ўқиб-униб пойтахтда қозиқ қоққан жўжахўрозлар тўдаси эдик. Табиийки, ҳар биримизнинг илк азон билан қулоғимизга ўрнашган бинойи-бинойи исмларимиз бор эди, аммо нақлига киришганимиз ажаб ҳангомада уларни қўлламоқ жоиз эмасдек кўринди – бир-биримизга таққан лақабларимиз кифоядир. Бу насақлар азбаройи дўстона мутойиба йўсинида тўқилганки, уларга бирон-бир ижтимоий-сиёсий-миллий-маҳаллий-маиший-ахлоқий маъно берилгудек бўлса, биз барчамиз жамлашиб ва ҳар биримиз алоҳида-алоҳида хафа бўлмоғимиз бор.
Сираси, биз ўқишнинг биринчи кун биринчи соатларидаёқ тўқнашиб-танишиб қолганмиз десак лоф бўлмайди.
Олий таълим даргоҳига илк бора қадам қўйиб (услубга тирғалманг, бори ҳам шу-да!), аудитория аталмиш каттакон дарсхонага кирган биримиз, деярли нотаниш чеҳраларга бегонасирай бир назар ташлаб, олдинги партадаги (ҳозирча шундай) бўш ўринга ўтириб олади. “Ким сизни чақирди, ўртоқ?! – дейди шунда марғилондўппи кийган қиррабурун йигит сакраб ўрнидан туриб ва “кишт” деган каби қўл тўлғаб орқа тарафга “ҳайдайди”: – Сенинг жойинг ҳув у ёқда!” Худо хоҳласа, ҳали беш йил бирга ўқимоғи тайин бўлган бу дакангвойнинг дағдағасидан довдираб қолган Жанубий (боз устига – тоғлик жиззаки бола) ҳам бўш келмайди: “Нима, отангникими бу ер? Кимсан ўзи сен?” “Фалончижонман! Фамилиям ҳам керакми? Фалончижонбоев! Туғилган жойим-чи? Қўқонжон! Хўқанди латиф дейдилар! Билиб қўй, ука!” Баридан ҳам ана шу “ука”си ошиб тушади. Жиззаки тоғлик кимнинг акаю кимнинг укалигини кўрсатиб қўйишга хезланган жойида кетмондек бир кафт билагидан чангаллаб орқага тортади: “Кетдик, бирга ўтирамиз!” Барзанги ҳомийси билан хонанинг энг тўрига бориб ўрнашаркан, жиззакимиз ҳеч ўзини босолмайди: “Ўзиям “жон”, отасиям “жон”! Жонжонбоев! Мақтанчоқ хўроз!”
Шу-шу, тоғлигимизнинг луқмаи даҳани билан ҳалиги курсдош “Жонжонбоев” аталиб кетди. Муқаррар можаронинг олдини олган олижаноб йигит – Олотий билан эса улар ўша соат, ўша дақиқадан бошлаб қиёматли қадрдон бўлиб қолдилар. Кейинчалик неча бор аразлашиб-ярашганлари ҳисоб эмас, албатта. Олотий тоғликни “тожик” атаб жиғига тегмоқ бўлса, тоғлик уни “ўзинг туркмансан!” дея жонини чиқарарди. Одам қавмининг азалий низоси!
Ёнидаги арзанда ўринга водийлик узунсоч қизни ўтқазиб олган Жонжонбоев рашк ўтида ёниб, кунора машмаша қила-қила, тўртинчи курсга боргач ўша нозанинга уйланибгина тинчиди. Ажиб йигит чиқди у. Тўқнашувнинг эртаси куни дарсдан кейин ўз-ўзидан келиб тоғликнинг (энди – Жанубий) биқинига дўстона мушт солди: “Тумшайиб юришми? Бугун бир ош қилайлик! Пушкин боғида. Қўй яғига. Пичақ билан кесиб-кесиб, а! Харажати биздан!”
Ўша ошхўрликдан олтовлон чин ошна бўлиб чиқдик. Шу-шу, гап-гаштагимиз бир, футбол-стадионда ҳам бир тараф, кузги пахта теримларида ҳам бирга, хуллас, курсдошлар қурумида алоҳида давра-дастага айландик.
Ана шу ажралмас жўралар дастаси ўқишни битиргач, сафи бузилмай пойтахтда ишлаб қолди. Бири газетага, бири радиога, яна бири назарногир нашриётга ўрнашди. Тўғри, Жонжонбоев озроқ муддат Қўқонжонига бориб, аллақандай бирлашган газеталар таҳририятида юрди-ю, улфатларидан кўнгил узолмай қайтиб келди, амалдор қариндоши кўмагида деҳқончилик журналига жойлашиб олди. Жанубийимиз ҳам радиога илашолмай талай фурсат сарсон бўлгач, “бор-э” деб юртига кетворди, вилоят радиосида бир ой ишлар-ишламас, раиси билан сўкишиб қолиб, пойтахтга қайтди. Юра-юра ишга жойлашгач, радиода бир таҳририятга бошчи ҳам бўлди. То “ҳижрат”га қадар…
Дастлаб йўлимизга тўғаноқ бўлгани “прописка” балоси эди. Олотий билан Олтинчимиз икки дугонага уйланиб, осонгина шаҳарлик бўлиб қолди. Яна икки кишини тоғаси мелисада ишлайдиган бағрикенг Манчи жўрамиз кенг ҳовлисига рўйхатдан ўтказди. Жонжонбоев билан Шаҳарлик лақабли ошнамиз эса югура-югура “қибрайлик” бўлиб олишди.
Кейинги марра – уй-жой масаласи ҳам ана шундай ғурбатлар билан бир ёқли бўлгач, энди ҳамма хизмат курсиларига маҳкамроқ ўрнашиб, мансаб-мартаба ташвишига тушди. Очиғи, бу вақтга келиб олтовлон баримиз ишлаган жойимизда маъраса теваракни титратгулик серкага айланиб улгурган эдик. Бу орада юртга истиқлол келдию эплаган бир-икки поғона ўсиб, уддабуронлари сакраб-ирғишлаб катта-катта ўринларни эгаллай бошлади – мустақил давлатчиликка аъёну асҳоб, мулозиму мушовир деганларидан лак-лак керак-да. Бу ишларнинг мактаб-маорифи эса илгари ўзимизда йўқ, кун ҳаваскору ҳавасмандларга қолган эди. Кечагина қабулхона атрофида чой ташиб, сомса ташиб юрган дастёр бола, ярашса-ярашмаса, ёзин-қишин қора костюм-шим кийиб бош муҳаррирлик курсисига даъво қилакетди. Ўзимиздан ҳам чиқди денг, худо бўйдан берган жўрабошимиз (Жонжонбоев таърифи) Олотий бир силтаниб каттакон идорага муншийликка кўтарилиб борди. “Ашши-машши” дея, бошлаган гапини дадил тугатолмайдиган, ҳарфхўр Жанубийнинг бадхоҳлик ила заҳар сочишича, ҳатто “ҳ” билан “х”нинг фарқини билмайдиган, аммо ўлгудек одамохун улфатимиз Манчибой отахон бўлмаса-да, акахон дегулик марказий газетага хўжайин бўлиб қолди.
Бизникилар, қўймайсан!
Биласиз, улфатнинг қонун-қоидаси бўлак – эрмисан, шермисан, бир дастурхон атрофида ўтирасан, бир суякни ғажийсан! Икки ҳафтада бир марта Пушкин боғи, ўша пешгир тутган Жонжонбоев пешвоз, ўша қўй яғи, ўша “қора қилтириқ” девзира. Орамиздан чиққан калонполаримиз ҳам кечикиброқ бўлса-да, қўлтиғига сейфдаги “тозаси”дан қистириб, узр сўрай-сўрай келиб даврага қўшилади. Келмай кўрсин-чи, кечаси уйга борар! У ёқда улфатлар ортидан давра қурган хотинларнинг ҳам гап-гаштаги бор-да…
Шу ўринда лақаблару лақабдорларимизга жузъий изоҳ бериб ўтмасак бўлмайдиган кўринади – қалам чалғиб кетаётир. Ичимизда энг новчамиз, азамат жуссали жўрабошимиз Олотийга таъриф шарт эмасдир – аз Бухоро, биринчи курсда ғазал битиб, “Эй Олотий” деб имзолаганини қитмир Шаҳарлигимиз кўрган. Шаҳарликнинг ўзи-чи? Ўзи шаҳрисабздан-у, ушмундоқ сабзавор кентни тўлиқ атамай, “Бизнинг Шаҳарда ундоқ, бизнинг Шаҳарда бундоқ” дея чала гапиради, биз куламиз: “Бўлди-бўлди, сиз шаҳарлик, қолган ҳамма қишлоқи!” Шу ҳисобда пойтахтнинг қоқ киндигида нашъу намо топган, ҳар гапини “ман-чи…” деб бошлаганидан лақаби Манчивой бўлиб кетган ошнамиз ҳам Шаҳарликнинг олдида – қишлоқи. Жиззаки Жанубий (жуғрофий нисба) ва унинг “рақиби” Жонжонбоев билан эса илк дарсдаёқ танишганмиз. Гўзал Фарғонаю Қўқонжонини таърифлай-таърифлай чарчагач, у ёлғондакам надомат билан оҳ уради: “Шунча ёввойи ва тўпорининг ичида битта ўзим-а! Яшшавор, Жонжонбоев!”
Яна ким қолди? Хайр, қолган ўзидан кўрсин. Ишқилиб, олдидагини олдирмайдиган олтовлон… эдик, бир куни Жанубий қош-кўзи қоп-қора, жингалаксоч бир йигитчани ошхўрлигимизга бошлаб келди. Бидир-бидир, билмайдиган балоси йўқ. Унча-бунчага тиришиб турадиган Жонжонбоевимиз ҳам тан берди: “Жавпазак экан! Бизнинг Қўқонжонда бунақасини “жавпазак” дейди, эртапишар. Вундеркинд-да”. Тилингиз учида айланган гапни айтиб юборадими-ей, чанқаганингиз ҳамоно ўз-ўзидан сув тутиб турадими-ей! Хуллас, ҳаммамизга бирдай ука, туғишган жигардек бўлди-қолди. Отаси асли самарқандлигу онаси хоразмликми ёки тескариси – отаси хоразмлигу онаси самарқандликми, ўзи Тошкентдаги машҳур “Бувижон” етимхонасида катта бўлган. Бир вақтлар биз орзу қилган Ломоносов университетларини битириб келган. Жанубийнинг ёзғиришича, “шундай бала ЎзТАГда хор бўлиб юрибди”. Боз устига уйланмаган, бошпанасиз, аллақайдаги завод ётоқхонасида туради. “Беш тилни сувдек биладиган олов йигит-а?!” Дарров ёрдам қўллари чўзилди – аҳли аёлимиз ўтириброқ қолган синглиси борми, жияни борми, пайдар-пай тиқиштира бошлади. Ширин-ширин таклифларга тиржайиб қўяди-ю, кўнмайди баччағар. Кейинроқ маълум бўлишича, бебош талабалигида хотин жафосини кўрган, ул жафодан унган қизалоқми, ўғлонми, ҳозир Кривой Рогда боқчага қатнаб юрганмиш. Оббо, азамат-эй!
Шундай қилиб, олтовлонимиз етовлон бўлди. Еттинчи. Бунақа вақтда насақ илмоққа уста Жонжонбоевнинг елкаси тиришди: “Еттинчи эмиш, ёш бола-ку, етимча деяверинглар”.
Малолли лақабини эшитиб ўзи заррача оғринмаганига нима дейсиз! Начора, самарқандликми-хоразмликми падару модардан ном-нишон қолмаган бўлса, ниҳояти етимқўзилар ошёни “Бувижон”да юриб эсини таниган бўлса!
Етимчанинг отахону акахонлари мўл келади. Ўзи отасиз ўсган меҳрибон Олотий бир туртиб Етимчамизни мамлакат Ташқи ишлар вазирига матбуот котиби қилиб юборганига офарин демай иложингиз йўқ. Кечагина тухумдан чиққан мунший бола тез орада вазирнинг ўнг қўли бўлмаса ҳам юракка яқин ишончли қўлига айланганига яна бир офарин!
Ана шу “ишончли қўл” бир куни олтовлон ҳар биримизга алоҳида-алоҳида сим қоқиб чиқади. Шахсан вазир жаноблари, Етимча камоли эҳтиром ила “Ака” деб атайдиган нуфуздор зот бизларни ҳузури муборакига таклиф этган эмиш!
– Илтимос, соқол-поқол, костюм-шим, галстук дегандай, а!..
(Давомини журналдан ўқийсиз)
«Жаҳон адабиёти»/2022/8