Эзгулик учун курашнинг илк қиссаси
Инсоният маънавиятининг илк ҳосилаларидан бўлмиш “Изида ва Озарис қиссаси” қадимги Миср афсоналаридан биридир. Эрамиздан олдинги ХХ асрларда яратилган ва қадимги папирус қоғозларига Миср хатида ёзиб қолдирилган бу асарда афсонавий табиат худоси Озирис ва унинг бошидан кечирганлари ҳикоя қилинади. Озириснинг укаси, ёвузлик худоси бўлмиш Сэт унга ҳасад қилади ва ҳокимият талашиб, акасини маккорлик билан ўлдиради. Аммо опа-сингил маъбудалар Изида билан Нефтида Озирис жасадини топиб оладилар ва унинг устида кўзёши тўкадилар.
Маъбудаларнинг кўзёшлари Озирисни тирилтиради ва у Изидани яхши кўриб қолади. Улардан Гор исмли бола туғилади. Гор Сэтдан отасининг ўчини олади. Унга отаси Озириснинг унвони берилиб, арши аъло унинг қўлига ўтади. Горга бағишланган мадҳияда шундай дейилади:
Ҳақиқатан Озирис яшагандек яшайсан сен ҳам,
Ҳақиқатан унинг каби ўлмайсан сен ҳам,
Ҳақиқатан абадийсан у каби сен ҳам.
Бу қадимий афсона инсониятнинг эзгуликни улуғловчи, табиатнинг абадийлигини мадҳ этувчи илк ижоди намунасидир.
Жон ато этилган ҳайкал
Қадимги юнон афсоналаридан бирида нақл этилишича, Пигмалион деган бир ҳайкалтарош фил суягидан ниҳоятда гўзал бир қизнинг ҳайкалини ясайди. У ҳайкалтарошнинг устахонасида худди тирикдай турар, Пигмалион эса ўз асари ёнидан сира кетолмай, унга соатлаб кўз узмай тикиларкан. У ўша жонсиз ҳайкални севиб қолади. Табиийки, ҳайкал ўз яратувчисининг оҳларига жавоб бермас экан. Шунда ҳайкалтарош гўзаллик маъбудаси Афродитага илтижо қилиб, ундан ўзи ясаган ҳайкалга жон ато этишини сўрайди. Маъбуда унинг илтижосини бажо этади. Ҳайкалга жон кириб, юраги ура бошлайди.
Юқорида келтирилган воқеа – бир афсона, аммо қайси санъаткор ўзи яратган асарга ҳаёт берилишини чин дилдан истамайди?
Айтилган гап…
Қадимги Миср ёзувларига бағишланган тадқиқотларда, эрамиздан олдинги ХVI асрда яшаган донолардан бири, Гелиополнинг бош коҳини Хахахаперасинебнинг тахтачага ёзиб қолдирган мулоҳазалари келтирилади. “О, кошкийди, мен ҳали бировга маълум бўлмаган, бошқаларникига ўхшамаган фикрлар, ҳеч ким билмаган ва эшитмаган, аждодларимиз ҳам тилга олмаган сўзларни топсам эди, – деб бошлайди ўз сўзини Миср донишманди, – ичимдаги барча нарсалардан, кимлардир қачонлардир гапирган, доим такрорланиб келинган сўзлардан холи бўлардим.
Инсон токи янги сўз айтмас экан, ўз аждодларининг сўзларига ҳеч нима қўшмайди, фақат “Аждодларимиз қачонлардир шундай деган” дейди, унинг ўзи нима демоқчи эканлигини эса ҳеч ким билмайди. Бундай иш тутувчи ўз ҳалокатини излайди, холос, илло бировнинг сўзларини такрорлаганни ҳеч ким эсга олмайди…
Икки афсонавий шоир баҳси
Қадимги юнон манбаларида келтирилишича, буюк юнон шоирлари Гомер ва Гесиодлар Халкида шаҳридаги халқ байрамида шеърий мусобақа қилишади. Мусобақани Гесиод Гомерга қаратиб:
Илоҳий доноликка эришган шоир Гомер,
Қани айт, бу дунёда энг яхши иш нимадур?
деган шеърий мурожаат билан бошлайди. Гомер унга шундай жавоб қилади:
Одам учун яхшиси – умуман туғилмаслик,
Кимки туғилган бўлса тез кетсин у дунёга.
Гесиод: Яна бир гапни айтгин, эй табаррук Гомер сен,
Бу дунёда одамга роҳатли он бўлурму?
Гомер: Роҳат удир бўлса гар дастурхонинг тўс-тўкин,
Қадаҳлар кўтарилса баралла куй-қўшиқ-ла.
Гесиод: Қисқача айт нимани илоҳлардан сўрайлик?
Гомер: Тўрт мижжаю руҳинг соғ – шу эмасми олий бахт?
Гесиод: Бахт деганда нимани англасинлар одамлар?
Гомер: Ғамсиз ҳаёт, чин роҳату, дардсиз ўлим – шудир бахт.
Шундан кейин Гомер билан Гесиод ўртасида топишмоқнамо тортишув бўлиб ўтади. Мусобақа сўнгида Гомер ўзининг “Илиада” достонидан парча ўқийди, унда уруш ва жанг манзаралари акс этган эди. Гесиод эса меҳнат, ерга уруғ қадаш, қут-барака ҳақида куйлайди. Шеърий баҳс пайтида тингловчилар кўпроқ Гомерни олқишлайдилар, аммо ҳакамлар ғолибликни Гесиодга берадилар, чунки у одамлар учун энг олий бахт – жанг ва қирғинларда эмас – меҳнат ва яратишда туғилишини куйлаган эди.
Самовий куй
Қадимги Хитой афсоналарининг бирида ҳикоя қилинишича, илоҳ Хуанди бир куй ижод этган экан. Ҳукмдорлардан бири сарой созандасидан бу куйни чалиб беришни сўрабди. Созанда куйни чалганда ҳозир бўлганларнинг барчаси қаттиқ таъсирланиб, маъюс бўлиб қолишибди.
– Бу куйинг мунча мунгли? – дебди ҳукмдор. – Бошқасини чал.
Созанда яна бир куйни чалибди. Шунда осмонда учиб юрган барча паррандалар учиб келиб, оҳанг мақомига бош силкиб туришибди.
– Буниси олдингисидан ҳам мунглироқ экан, бошқасини чал, – деб буюрибди ҳукмдор.
Созанда учинчи илоҳий куйни чалишни бошлаган экан, осмонда булутлар ғужғон ўйнай бошлашибди, қаттиқ довул туриб, жала қуйибди, ҳаммаёқ остин-устун бўлиб кетибди. Бундан қўрқиб кетган ҳукмдор тилдан қолиб, кўп ўтмай вафот этибди.
– Ахир, илоҳий куй билан ҳазиллашиб бўладими? – деб тугалланади бу қадимий нақл.
(Давомини журналмизсидан ўқийсиз)
2022/8