Николас СПАРКС. (1965 йилда туғилган). МУҲАББАТ МЎЪЖИЗАСИ

nikalas_sparks

Роман

Саккизинчи боб

Айвонга чиққан Лекси йўлакчадан келаётган, дала гулларидан ясалган гулдастани кўтариб олган Жеремига кўзи тушди. Қиз “Қандай ёқимли”, деган хаёлга бориб, жилмайиб қўйди.
Аёл бўлиш нақадар мушкул иш – ҳар доим бирор жумбоқли масалани ҳал этишингга тўғри келади. Биринчидан, у ҳали Жереми билан бўладиган учрашувни нима деб аташ мумкинлиги ҳақидаги саволга жавоб топмади. Бу энди бирга тушлик қилиш дегани эмасди. Устига-устак кечага нима кийиши мумкинлиги ҳақида ўйлаб кўргани йўқ. Унинг либосини нафақат Жереми, балки барча кеча иштирокчилари кўради. Ўзи жондан ортиқ кўрадиган жинсини бу сафар кийиб боролмасди, аммо бошқа томондан оқшом учун мўлжалланган декольте кўйлак кийиш ҳам ноқулай туюлди. Лекси либос масаласида узоқ бош қотирди ва жиддийроқ кийинишга қарор қилди. У сарғиш кофта билан жигарранг костюмини кийишга қарор қилди.
Жереми бўлса кийиниш борасида бош қотирмаган кўринади, у ўзи­нинг а-ля Жонни Кеш костюмида йўлакчадан хотиржам қадам ташлаб келарди.
– Уйимни узоқ қидирдингизми? – деб сўради Лекси.
– Йўқ, жуда осон топдим. Ахир тепаликка чиққанимизда уни ўзингиз менга кўрсатганингиз ёдингиздан кўтарилдими?
Йигит қизга гулдастани узатди:
– Бу сизга.
Лексининг лабига табассум югурди. У жуда мафтункор эди.
– Раҳмат, кундаликларни ўқиб чиқдингизми?
– Ҳа, ўқидим, аммо у ердан бирор муҳим маълумот тополмадим.
– Ахир дарров бирор маълумотга эга бўлиш қийин иш. Балки бошқа кундаликлардан излаган нарсангизни топарсиз, – Лекси жилмайиб, гулдастага қаради. – Қандай чиройли гуллар. Бир дақиқа кутиб туринг, мен уларни гулдонга солиб, пальтомни олиб чиқаман. Кейин жўнаймиз.
– Яхши, кутаман.
Бир неча дақиқадан кейин улар машинада шаҳар кўчасидан елиб боришарди. Туман қуюқлашгани боис, Лекси Жеремига йўл кўрсатиб борди. Ниҳоят улар атрофида камида юз ёшга кирган эман дарахтлари саф тортган илон изи йўлга чиқишди. Уй кўринмаганидан Жереми баланд тўсиқ олдида тўхтаб, чор-атрофга тикилиб, қайси томонга юриш ҳақида ўйлади.
– Машинани шу ерда қолдирганимиз маъқул, – деб таклиф қилди Лекси. – У ёқда бўш жой бўлмаса керак. Бу ердан исталган вақтда бемалол кетишимиз мумкин бўлади.
– Жойнинг қулайлигига ишончингиз комилми? Бу ердан бирорта уй кўзга ташланмаяпти.
– Хавотирланманг, кеча ўтказиладиган уйгача пиёда боришимиз мумкин, – деди қиз. – Атайлаб пиёда юриш учун пальто кийдим.
Жереми қизнинг гапларига эътироз билдирмади, бир неча дақиқадан сўнг улар пиёда йўлга тушишди. Тўсиқ бўйлаб бироз юргач, уларнинг кўз ўнгида георгиан услубида қурилган қадимий улкан уй пайдо бўлди.
Бироқ Жеремини уйнинг гўзаллиги ва катталиги эмас, балки унинг олдида тўпланган машиналарнинг кўплиги ҳайратга солди. Уларнинг сони кўплигидан бетартиб жойлаштирилганди, энди етиб келганлари тўхташ учун жой қидирарди.
Тартибсизликни кўрган Жереми ҳайратдан донг қотди.
– Мен бу ерда тор доирада, камчилик одам йиғилади деб ўйлагандим.
Лекси бош ирғади:
– Ҳа, мэримизнинг фикрича, бу тор доирадаги дўстона учрашув деб аталади. Ахир у округда ҳаммани танийди, уларнинг ҳаммаси мэр билан дўстона алоқада.
– Демак, кўпчилик тўпланишини билган экансиз-да?
– Ҳа, сезгандим.
– Нега бу ҳақда менга индамадингиз?
– Битта гапни такрорлашдан чарчадим, чунки сиз мендан бу ҳақда сўраганингиз йўқ. Бундан ташқари, ўзингиз ҳам одам кўп бўлишини билсангиз керак, деб ўйладим.
– Мэрнинг тадбирни кенг миқёсда ўтказиши етти ухлаб, тушимга ҳам кирмаганди.
– Ташвишланманг, ҳаммаси кўнгилдагидай ўтади. Шаҳримиз аҳолиси самимий инсонлар, сиз эса шаҳарнинг муҳтарам меҳмонисиз.

* * *

Лекси ва Жереми машиналар орасидан ўтиб, уйга яқинлашишди. Зинадан кўтарилган меҳмонлар бир зум эшик олдида тўхтаб, атрофни кузатишди. Жереми бўсағада турган Родни Хопперни кўрди. Унга кўзи тушган Роднининг чеҳрасидан табассум қочди. Роднининг жиддий қиёфада, устига-устак қурол тақиб олгани Жеремини хавотирга солди.
Унинг ҳолатини кузатган Лекси тинчлантиришга уринди:
– Роднидан хавотир олманг, ахир сиз мен билансиз.
– Айнан шу нарса мени хавотирга соляпти, – деди Жереми. – Кечага бирга келганимиз унга ёқмади шекилли.
Лекси Жереми ҳақ гапни айтганини билди, аммо Роднининг ёнида Рейчелнинг туриши унга далда бўлди. Рейчел Роднини тинчлантиришни яхши биларди. Лекси анчадан бери улардан яхши жуфтлик чиқиши ҳақида ўйлар, аммо бу ҳақда Роднининг ҳис-туйғуларига озор етказмай қандай айтишни билмасди. Ахир бу ҳақда хайрия кечасида, шунчаки рақс пайтида гаплашиб бўлмасди.
Уларга зинада кўзи тушган Рейчелнинг чеҳраси ёришди.
– Эй, салом! – деди у қувонч билан Лекси томонга интилганча. – Лекси, костюминг жуда чиройли экан!
– Раҳмат, Рейчел, – деди Лекси. – Кўйлагинг сени ҳам гул-гул яшнатиб юборибди!
Хўмрайиб турган Роднидан нигоҳини олиб қочган Жереми сўз қотмади. Қизлар кўришиб бўлгач, орага ноқулай жимлик чўкди. Лекси Рейчелга маънодор боқди, уни сўзсиз тушунган қиз Жеремига ўгирилиб, бидирлай кетди:
– Жаноб журналист, сизни кўрганимдан қанчалар бахтиёрлигимни тасаввур ҳам қилолмайсиз! Шаҳримизда ҳамма сиз ҳақингизда гапиряпти. Лекси, ҳамроҳингни ўғирлашга рухсат берарсан? Уни мэрнинг ёнига кузатиб қўяман, азиз меҳмонни кутиб қолишди.
– Албатта, – деди Лекси ва Жеремига ўгирилди: – Сиз залга ўтинг, бир неча дақиқадан кейин олдингизга бораман.
Лекси бироз бўлса-да, Родни билан суҳбатлашиши лозимлигини ­англади.
Жереми ўзига келгунча, Рейчел унинг қўлидан судраб, ортидан эргашишга мажбур қилди. Йигит Лексининг Рейчелга қарата шивирлаб, “раҳмат”, деганини, унга жавобан Рейчелнинг кўз қисиб қўйганини сезди.
– Бу ер сизга ёқдими? Менимча, бундай улкан ва чиройли уйни учратишингиз хаёлингизга ҳам келмаган бўлса керак-а? – деб сўради Рейчел Жеремидан.
– Тўғрисини айтсам, буни кутмагандим, – деди Жереми ва кечани Бун-Крик шаҳри аҳолисининг саволларига жавоб бериш билан ўтказиши ҳақида ҳасрат билан ўйлади.
Рейчел Жеремини олиб кетгач, Лекси Роднига ўгирилди.
– Родни, бу сен ўйлаган нарса эмас… – деб гап бошлади қиз, аммо Родни кескинлик билан унинг сўзини бўлиб, гапиришга қўймади.
– Қулоқ сол, менга ҳеч нимани тушунтиришнинг ҳожати йўқ. Илгари ҳам шунга ўхшаш ҳолатга гувоҳ бўлганман. Нима, буни унутдингми?
Лекси Роднининг Жаноб Ренессансни назарда тутаётганлигини англади. У йигитнинг гапларини рад этиб, унинг ноҳақлигини исботламоқчи бўлди-ю, аввал ҳам шундай қилгани ёдига тушди. Ўшанда Родни Жаноб Ренессанснинг шаҳарда қолмаслиги, кетиши ҳақида огоҳлантирганди.
– Родни, сенга нима деб ўзимни оқлашни билмаяпман, – деди ниҳоят Лекси айбдор оҳангда.

(Давомини журналдан ўқийсиз)

2022/8

Рус тилидан Лола Шоимова
таржимаси

Ижтимоий тармоқларда ёйиш:
0 Menga yoqdi
0 Menga yoqmadi