8-боб
ОҚ, ОППОҚ ШАФАҚ
Биринчи савол:
Ошо, унақада мен ҳам эшакман. Агарда сен ҳам менга шу “ИҲМН” ҳарфларини бериб, бунинг устида ўйла деганингда, мен ҳам сенга сўзсиз ишонганча, менга айни зарур бўлган вазифани беряпти, деб олаверган бўлардим. Ёки гап ишончда эмасми? Сен менга устозидан вазифа олган шогирднинг тўғри муносабати нимадан иборатлигини тушунтириб бера оласанми?
Сен ўзингни нодон деб тан олганингдан бошлаб, сен энди нодон эмассан, чунки нодон бўлганингда, ўз ақлсизлигингни кўра олмас эдинг. Ақлсиз одам уни кўрмайди, шунинг учун ҳам у ақлсиз. Энг катта ақлсизлик – уни кўрмасликда (…)
Сен: “Унақада мен ҳам эшакман”, деяпсан. Агар чиндан-да шуни кўраётган бўлсанг, унда сен бундай эмассан. Демак, сенда ақлнинг илк нури пайдо бўлибди. Бирорта ҳам эшак буни тан олмайди, қайтанга катта ғавғо кўтаради. Унга: “Сен эшаксан!” десанг, у тепади! Сенинг душманингга айланади.
Кейин, сен бу ривоят маъносини нотўғри тушунибсан. Пир олдига келган одам толиб эмас. У бир қизиқувчан киши бўлган, холос. У хонақоҳга тасодифан келиб қолган. У аввал ҳам турли одамлар – барча пирлар, олим-уламолар, ҳар хил мактабларда бўлган – охир-оқибат бу пир олдига ҳам келган (…)
Мана, ривоятни яна бир бор эшитиб кўр:
Кўп йиллар маъною моҳият ахтарган бир киши пир олдига келиб, унга ўз изланишлари ҳақида сўзлаб берибди.
У, шубҳасиз, ўз изланишлари билан мақтанган. Ўзини пир: “Ҳа, сен буюк кашшофсан, катта ишлар қилгансан” деб расман тан олиши учун бу ерга келган. У бу ерга ўзлигини излаш, пир даврасининг бир бўлаги бўлиш учун келмаган. Пир даргоҳининг бир аъзоси бўмагунча, у билан робита ҳосил қилмагунча, мурид учун ҳеч нарса қилинмайди. Ҳалиги киши бегона эди, шунчаки келиб-кетувчи эди, мақтанчоқ кимса эди. У ўзининг мутлақо бемаъни изланишлар – нокерак бошқотирмалар билан шуғулланганини кўз-кўз қилиш учун келди.
Фалсафа айнан шундай: у маъною моҳият устида бош қотиришдан бошқа нарса эмас. У ўзи сўқур-у, бироқ ёруғлик ҳақида фикр юритган одамга ўхшайди.
Сиз, ҳойнаҳой, филни кўргани борган беш сўқир ҳақидаги қадимий ҳинд ривоятини эшитгандирсиз. Уларнинг ҳар бири филни ҳар томондан пайпаслаб кўришибди. Бири оёқларини пайпаслаб, уларни устунга ўхшатибди ва ҳоказо, ва ҳоказо. Шундан кейин улар ўзаро баҳсга киришиб кетибди. Ҳар бири фил тўғрисида ўз фалсафасини илгари сурибди, ваҳоланки, ҳеч бири филни кўргани йўқ. Уларнинг бари сўқир бўлгани ҳолда филни бир томондан пайпаслаган эди, холос. Бироқ қисм – бутун эмас. Агар сиз қисмни бутун деб санасангиз, унда сиз энг хавфли ёлғон тарғиботчиларидан бўлиб қоласиз. Бу ёлғон жуда хавфли, чунки унда бир мисқол ҳақиқат бор. Бу – чала рост, ярим ҳақиқат; чала ҳақиқат эса тўла ёлғондан хавфлидир. Чунки у одамзодни алдайди. У сизни алдайди, сиз бошқани алдайсиз, чунки унда бир қисм ҳақиқат бор.
Бешовлон ҳам баҳсу мунозарага берилиб кетибди. Файласуфлар айнан шундай қилади, бу файласуфлар ҳақидаги ривоят.
Ҳар бир файласуф бутунликнинг бир қисминигина билади, холос, чунки яхлитликни интеллект билан англаб бўлмайди. Яхлитликка фақат унга бутунлай шўнғиганингизда, унга ўз ЭГОингиз, ўз интеллектингиз, ўз қалбингиз билан сингиб кетганингизда – бамисоли океанга бир томчи бўлиб ғарқ бўлганингизда эриша оласиз. Шунда унинг яхлитлигини туясиз, уни бутун кўра оласиз. Акс ҳолда ҳар бир кимса бепоён коинотнинг фақат бир қисмини пайпаслаб кўради-да, кейин: “Бу ҳақиқат!” дея жар солади. Айнан мана шундай қилиб фалсафий тизимлар вужудга келади.
Пирнинг олдига келган одам, албатта, файласуф бўлган. У бу оламни ким ва нима учун яратган, яшашдан мақсад нима, унинг аъмоли қандай, асл манбаи-чи, шуларни билишга уринган. Буларнинг бари ечиб бўлмас бошқотирмалар, холос. Уларни ҳал этиб бўлмайди. Бу муаммолар билан фақат ақлсиз кишилар шуғулланади ва шундай одамлар ўзини олиму уламо санайди.
Пир бу кимсанинг беақллигини кўриб, унга яна бир бошқотирма берди, чунки уни фақат шу қизиқтирар эди, холос.
Мен ҳам агар олдимга эшаксифат киши келмаганини билсам, унга “ИҲМН” жумбоғини бермайман. Эшаклар мендан узоқроқ юришади, яқинроқ келса, кимлиги фош бўлишини билади. Менга яқинлашмоқ учун жасорат керак, чунки яқинлашганингиз сайин янада аён бўлиб, ёруғлик нурида яққолроқ кўриниб бораверасиз. Яқинлашганингиз сайин ўзингиз ҳақингиздаги фикрингиз бўлак-бўлакларга бўлиниб кетади, қанча яқин келсангиз, шу кунгача қилганларингиз абсурдлигига шунча амин бўлаверасиз.
Менга яқинлашиш учун матонат керак. Пирга яқинлашиш учун ҳар доим жасорат зарур.
Ҳалиги одам эса пир олдига азбаройи қизиқувчанликдан келган эди: балки у яна бир бошқотирма олар. Уни ҳақиқат эмас, балки бошқотирма қизиқтирарди.
Ҳақиқат – бошқотирма эмас. Яна қайтариб айтаман, ҳақиқат бошқотирма эмас. Ҳақиқат мутлақо масала ҳам эмас, йўқ. Ҳақиқат жуда оддий, ниҳоятда оддий.
Ҳақиқат бу – масала эмас, у сир – худди севгидек бир сир. Уни мантиқ, математика орқали ечиб бўлмайди. Севгига шўнғиш керак, телбаларча севиш керак, унинг лаззатини тотиш керак, у сизни ўзгартириб юборади, бу ечилиши зарур масала эмас – у сир, уни яшаш лозим.
Ҳақиқат – сизни қуршаб турган бутун сирдир: одамлар, дарахтлар, ҳайвонлар, қушлар, юлдузлар шаклидаги сир. Ушбу сирларнинг жамулжами ҳақиқатдир. Унда жумбоқдан ҳеч қандай асар йўқ. У айнан мана шу ерда. Сиз унинг бағрида яшаяпсиз, уни қандай еча оласиз? Сиз унинг ўзисиз-ку, хўш, уни ким ечади? Шу сирдан ўзга ҳеч нарса йўқ. Океан сиртидаги кичик мавж океан сирини оча биладими? Унинг ўзи – сирнинг бир бўлаги-ку! Биз ҳам ана шундаймиз..
Диндор одам – ҳаёт ечилиши зарур бўлган масала эмаслигини, у сирли ва ғаройиб оламлигини англаган кишидир. Сирга чуқурроқ шўнғиш керак. Уни байрам қилиш керак. Байрамга айлантириш керак. Қўшиқ айтинг, рақсга тушинг, севинг, ибодат қилинг, расм чизинг, мусиқа яратинг – бироқ уни ечишга урина кўрманг.
Мусиқачи файласуфдан кўра ҳақиқатга яқин, шоир ҳам файласуфдан кўра ҳақиқатга яқин, раққос эса мусиқачи ва шоирдан ҳам унга яқинроқдир. Нимага раққос яқинроқ? Чунки рақсда сиз эриб кетасиз. Раққоснинг ўзи йўқолади, фақат рақс қолади. Рақс – энг чуқур медитация.
Ҳиндистонда Худони раққос деб, Натараж деб тасаввур қилишади. Бунда жуда чуқур маъно бор, чунки рассом расм чизаётиб, дарҳол ўзини расмдан ажратади. Рассом ҳали расм унинг қалбидалигида у билан бирга. У ўз расми билан ҳали расм атиги уруғ, шунчаки ният, орзулигида биргадир. Бироқ у расмни чиздими, қалбидан қоғозга кўчирдими, энди расмдан ўзини ажратди, оқибатда иккиланиш юз беради. Шоирда ҳам худди шундай бўлади, мусиқачида ҳам айнан шу такрорланади.
Фақат раққосдагина ноёб бир хислат бор: раққос рақси билан бирга қолади. Рақсни бошлаганда ҳам бирлик йўқолмайди, иккиланиш юз бермайди. Мутлақ бирлик сақланиб қолади… Раққос рақсга айланади. Раққоссиз рақс йўқ, рақссиз раққос йўқ. Бу Unio Mystica, мистик қовушишдир.
(Давомини журналдан ўқийсиз)
«Жаҳон адабиёти» 2022/8
Рус тилидан Олимжон САЛИМОВ
таржимаси