Султон Жалолиддин Мангуберди Гуржистон савашида
Тарихий романдан парча
Мозий битикларига назар ташлар эканмиз, бу дунёи дунда ким эрк учун, кимлар бир қарич ер, яна аллақайси саркарданинг дунёга фотиҳлик қилиш илинжида шамшир кўтарганлигидан хабар топамиз. Бироқ энди минг йил аввал ғолиблик шоҳсупасида гердайганларни ҳам, мағлубият майидан нўш этганларни ҳам йўқлик зимистони ўз домига тортган, фақат ёзувларни варақлаётганимиздагина тарих қатидаги тўс-тўполонлар садосини эшитгандай бўламиз. Ана шундай лаҳзаларда жабр кўрганлар четда қолиб, кўпроқ ғолиблар тилга олинади. Мағлублар эсланганида, “Фалакнинг гардиши”, “Пешонага ёзилгани шу экан-да”, деймиз-у, кўпда сабаблар тўғрисида ўйламаймиз ҳам.
Гуржиларнинг улуғ истеъдод соҳиби, ёзувчи, биринчи навбатда тарихнавис қаламкаши Григол Абашидзенинг машҳур рус ёзувчиси Владимир Солоухин томонидан рус тилига ўгирилган “Долгая ночь” романини таржима қилиш жараёнида шундай мулоҳазалар хаёлимдан ўтди.
Ҳар қандай салтанат бир кун келиб ўзидан кучли, доно ва тадбирлироқ рақиб олдида тиз чўкишга мажбур бўлиши табиий. Бу ҳаёт қонуни, фалак чархининг инкор этиб бўлмас бурулиши эканлигини тан олиш ҳам мардлик аслида. Баъзи манбаларда Султон Жалолиддиннинг Гуржистон юришидаги музаффариятини шафқатсиз, адолатсиз ёхуд ундан-да жирканч сўзлар билан ифодалашга ҳарчанд уринишмасин, чархи кажрафтор тамойилларининг муқаррар эканлиги адибнинг теран мушоҳадаларида ўз исботини топган.
“Бошингга не бало келса ҳам, бировданмас, ўзингдан кўр”, дейди доно халқимиз. Муаллиф ўз асарида ўша замонлардаги гуржилар тақдири хоразмликлар қисматига ўхшаш эканлиги билан боғлиқ фалсафий фикр-мушоҳадаларини бот-бот ўртага ташлайди. Ҳолбуки, кўпсонли қўшинига ишонган Аловуддин Муҳаммад Хоразмшоҳ ҳамда узоқни кўра билмаган малика Русудан ва гуржи салтанати пешволарининг ўнглаб бўлмас сиёсий хатолари туфайли Чингизхон икки давлатни ҳам тўла ишғол этишга муваффақ бўлган. Демак, осмонини зулмат қоплаётган ҳар икки салтанат тақдир қуёши чарақлаб келаётган қудратли мамлакат олдида бўйин эгди, ютқазди, мағлуб бўлди. Бинобарин, дунё яралгандан бери бани башар учун муқаррар абадият қонуни қарор топди. Назаримда, боболарнинг музаффарона юришларидан фахрланиш баробарида, мағлубиятларидан сабоқ чиқариш ҳам, келажак авлодни жабрдийдалик кайфиятидан халос этиб, ҳақиқатга тик боқишга ундайди.
Тан олиш лозим, муаллиф ўз романида бадиий образлар силсиласига эътибор қаратаркан, Жалолиддин сиймосига нисбатан ўта назокат ва ҳурмат билан ёндашгани, бир-бирига душман тарафнинг маълум воқеликларини тасвирлашда адолат мезонларига суянгани диққатга сазовор. Ёзувчи, султон Жалолиддиннинг Гуржистонга юришини холис ёритишда ҳеч қайси тузум ёки мафкуралар тарозиси посангисига оғиш қилмай, муаррихлик шахси нуқтаи назаридан баҳо бергани мақтовга лойиқ. Адиб ўзи айтмоқчи бўлган фалсафий ғоялар кетма-кетлигини муайян тарихий шахслар ва тўқима қаҳрамонларнинг ўзаро мулоқотлари асносида маҳорат билан очиб берганлиги романнинг бадиий қатлами устунлигини янада оширган. Демак, тарихнавис ижодкорлар ўтмишга холисона баҳо бериш ёки халқлар ўртасида бўлиб ўтган тарихий зиддиятларни бирёқлама ёритиш орқали келажак авлодлар тасаввурининг қай ўзанда шаклланишига ҳам таъсир ўтказаркан.
Григол Абашидзенинг буюк аждодимиз, қатор Шарқ мамлакатларининг халоскори ва қудратли саркардаси сифатида улуғланаётган хоразмшоҳ султон Жалолиддин Мангуберди бобомизнинг саккиз аср муқаддам Гуржистон ўлкасидаги адолат савашига бағишланган “Тақдир чархпалаги” асари ўзбек китобхонлари, тарих ихлосмандларига муносиб туҳфа бўлишига шубҳа йўқ.
Камина таржимонингиз шу элнинг бир ижодкор ўғли сифатида узоқ йиллардан бери султон Жалолиддиннинг Гуржистонга юриши борасидаги жумбоқли сўроқларга жўяли жавоб тополмай андуҳда эдим. Мазкур китобни рус тилида мутолаа этарканман, қалбда пайдо бўлган тугунлар ўз-ўзидан ечилиб, миллатдошларимизнинг ҳам шу асар моҳиятидан баҳраманд бўлишларини чин дилдан истаган ҳолда, баҳоли қудрат она тилимизга ўгирганимдан бениҳоя хурсандман.
Мароқли мутолаа ҳамроҳингиз бўлсин.
Таржимон
(Асарни журналдан ўқийсиз)
Рус тилидан
Нур Аҳмад таржимаси
2022/9