14-боб
РАҚҚОСНИ УНУТИБ, РАҚСГА АЙЛАНИНГ
Биринчи савол:
Ошо, инсонлар аурасини кўришга қодир кишиларни тез-тез учратиб қоламан, шунда қани эди мен ҳам шундай қобилиятга эга бўлсам, дея орзу қиламан. Бу илмни эгаллаш учун нима қилишим керак?
Худо бу – кечинма эмас. Ҳеч бир кечинма ўз ҳолича руҳоний бўлолмайди, ҳамма кечинмалар – ақлнинг ўйини. Ундан эҳтиёт бўл. Кўриш мумкин бўлган барча нарса иллюзор оламнинг бир парчасидир. Кўргувчи инсон ҳақиқатдир, кўринган нарса эмас. Сен аурани кўришинг мумкин, фаришталарни кўришинг мумкин, энергиянинг умуртқа бўйлаб кўтарилишини кўришинг мумкин ва ниҳоят ботиний нурни ҳам кўришинг мумкин – аммо буларнинг бари кўринувчи нарсалар. Буларнинг ҳеч бири сен эмас.
Кўргувчи бу – гувоҳдир ва фақат гувоҳгина ҳақиқат саналади. Бундан бошқа барчаси – туш (…) Ҳар доим эсда тутмоқ зарур: барча кўринувчи нарсалар ҳеч нимага арзимайди, ҳатто у Худо бўлсаям. Кўзга кўринувчи бўлса – у Худо эмас.
Барча кечинмалар ғойиб бўлиб, сиз буткул ёлғиз қолганингизда – кўз ташлагани ҳеч вақо йўқ, бўм-бўш қоласиз, кечинма тўлиқ йўқолади – шунда сиз дафъатан ўз-ўзингизни англайсиз. Шунда сиз ўз-ўзингизга юз бурасиз ва ўз манбаингизга чўмасиз. Бу кечинма эмас, бу англашдир. “Кечинма” ва “англаш” сўзлари орасидаги фарқ ана шундай. Сиз бирор нарсани кўраётган, унинг устида тажриба ўтказаётган бўлмайсиз, энди сиз бошқа нарсанинг нималигини эмас, ўзингизнинг кимлигингизни англайсиз.
Буюк сўфий Мағрибий бундай дейди:
“Бизга мўъжиза ва кароматлардан баҳс очма, зеро, биз уларни аллақачон босиб ўтганмиз. Биз буларнинг бари хулё ва рўё эканини кўриб, ундан мардона ташқари чиққанмиз”.
Сиз бу ерда ҳануз шу ўйинлар-ла овора кўпгина кишиларни учратасиз. Улар ўз вақтини беҳуда ўтказиб юрган кимсалардир. Бундай одамлар даврасидан қочинг. Менинг ашрамимга ҳар хил тоифадаги одамлар, айниқса, спиритуализмга қизиққан кишилар келади. Улар бу ерга ўз касалликларини ҳам олиб келади. Улар турли-туман бемаъниликлар, чунончи, каромату руҳий кечинмалар ҳақида гап сотишади. Кимдир ана шулар ҳақида сўзлай бошладими, табиийки, сиз ўзингизни нимадандир бенасиб қолгандек ҳис этасиз. Бироқ сиз ҳеч нарсадан бенасиб қолаётганингиз йўқ, чунки бу ҳақда гап сотаётган одам атиги туш кўряпти, холос.
Аммо у сизда шундай ҳиссиёт уйғотадики, сиз ўзингизга гўё бир нима етмаётгандек, руҳий тарбияда кўнгилдагидек ўсмаётгандек, бу жараён сиз хоҳлаганчалик тез кечмаётгандек туюлади. Шунда сиз ўзингизни уқувсиз ҳис қила бошлайсизки, бу жуда хавфлидир. Ўзингизни уқувсиз ҳис қилганингизда, маҳзун бўлиб қоласиз, тушкун кайфиятга бериласиз, гўё юрагингизда оғир бир тош ётгандек бўлади – бу эса сизнинг ўсишингизга тўсқинлик қилади.
Агар аурани кўришни хоҳласангиз, бир кун уни кўра бошлашингиз ҳам мумкин. Чунки истак-хоҳиш тушларни яратади. Агар сиз бир нарсадан бебаҳра қоляпман, деб ўйласангиз, тез орада ақлингиз уни проекция қилишга киришади. Сиз нима хоҳласангиз, ақл уни ато этишга шай, мана шундай нарсаларни ҳам, чунончи. Агар сиз катта пул топишни орзу қилсангиз, бунинг ижобати қийин бўлиши аниқ, чунки бу ўз ақлингизгагина боғлиқ эмас. Агар сиз мамлакат президенти бўлишни истасангиз, бу ҳам енгил иш бўлмаслиги мумкин, чунки рақобат бениҳоя катта. Бироқ сиз аурани кўришни хоҳласангиз, бу ўринда ҳеч қандай рақобат йўқ, ҳеч ким сизга халақит бермайди – сиз бировларнинг аурасидан фойдаланмайсиз, ўзингизникини яратасиз, холос. Оқибатда фақат сизники бўлган аҳмоқона олам яралади. “Тентак” сўзининг маъноси айнан шундай: бу сўз сизнинг ўз шахсий кечинмалар оламингиз бор-у, аммо у реал оламга мувофиқ келмаслигини англатади.
Менга шуниси маълумки, ашрамимда бир неча киши бор – уларни маълум маънода лидер деб ҳисоблашади, чунки улар ўз атрофига бир қанча одамларни йиға олади. Улар эзотерика ҳақида фикр-мулоҳаза юрита бошлайди. Агар кимдир бир пайт эзотерика ҳақида сизга номаълум, пинҳон ҳақиқатлар хусусида сўз очса, у ўзининг билағон эканидан ҳузур қилади, сизни эса ғирт саводсизга чиқариб қўяди. Бу сизнинг қалбингизни яралайди. Тез орада ўзингиз ҳам бу ҳақда сўзлашга ва ҳар турли бемаъни китобларни ўқишга бошингиз билан шўнғиб кетасиз.
Сиз бу ерга, менинг ҳузуримда аурани, ботиний нурни, энергия кўтарилиши ёхуд чакра очилишини кўриш учун келганингиз йўқ. Мен ҳар доим сизни яккаю ягона, энг муҳим ҳақиқатга юзлантиришга интиляпман, бу – маърифат, нирвана, ўзингиз кимлигингизни англаб етишингиздир. Шундан бошқа барчасини четлаб ўтиш лозим (…)
Ақл энг охирига қадар сизни маҳлиё этишга ҳаракат қилади. У сизга ажойиб психоделик кечинмалар ато этади, улар шу қадар ёрқин, жозибадорки!..Уларга боғланиб қолиш ҳеч гап эмас. Улар билан қиёслаганда қорадори ҳам ҳеч нарса. Агар сиз ўз моҳиятингиз билан ишлашда давом этсангиз, сиз шундай теран кечинмалар билан юзма-юз келасизки, қорадори бундай кечинмалар тортиқ этишга қодир эмас (…)
Олий ҳақиқат учун ҳамма нарсадан воз кечмоқ зарур – барча руҳий кечинма деб аталувчи нарсалардан, эзотерик билимлардан, мўъжизалардан… Буларнинг барини четга улоқтирмоқ шарт. Энг юксак кечинма қадар юксалиш даркор – кечинма деб атаб бўлмайдиган нарсага қадар…
Ҳа, буниси энди кечинма эмас, чунки кечинмада бошдан кечирувчи ва бошдан кечирилувчи бир-биридан ажралган бўлади, бу олий кечинмада эса ажралиш йўқолади. Сизнинг ўзингиз ҳам англовчи, ҳам англанувчи, ҳам кўрувчи, ҳам кўринувчи, ҳам бошдан кечирувчи, ҳам бошдан кечирилувчи бўласиз – фақат бир ўзингиз қоласиз, холос.
Соф тирикликнинг мана шу мутлақ турғун нуқтаси асл мақсаддир. Унинг учун бошқа барча нарсадан воз кечмоқ керак. Бошқа нарсалардан эҳтиёт бўлинг (…)
Рус тилидан Олимжон САЛИМОВ
таржимаси
2022/9
(Давомини журналда ўқийсиз)