1
Бу жондор ҳақида на донишмандлар ва на алломалар шак келтирадиган бир ҳақиқат аён: илоннинг кўзида сеҳр бор. Унга дуч келган одам ақл-ҳушини йўқотади ва илон заҳридан азобланиб ўлади.
Эгнига халат, оёғига шиппак кийиб диванда ўтирган Харкер Брайтон қария Морристернинг “Фан ажойиботлари” китобидаги шу маълумотни ўқиб беихтиёр жилмайди. “Морристер даврида донишманду алломалар ишонган бу чўпчакка ҳозир аҳмоқлар ҳам ишонмайди”, – деб ўйлади у.
Кейин хаёлга берилганча китобни четга қўйиб нигоҳини хонанинг бир бурчагида ётган нарсага қадади. Каравот остидаги нимқоронғи жойда иккита нуқтача ялтираб кўринди. Балки ортидаги газ чироғининг нурида полга қоқилган михларнинг боши шуъла таратаётгандир? Брайтон беҳудага фикри чалғиганини сезиб, яна китобни қўлига олди. Лекин энди диққатини жамлай олмади, каравот тагига қарагиси келаверди. Шунда аллақандай нуқтачалар ёрқинроқ жимирлаётганини илғади. Оч яшил тусли бу бир жуфт ёғду диван томонга хиёл жилгандек туюлди. Лекин каравотнинг таги қоронғи эди, Брайтон ялтироқ нарса нималигини барибир билолмади ва яна мутолаага киришди.
Кўп ўтмай Брайтон сесканиб, қўлидаги китобни полга тушириб юборди: ўқиётган китобида каравот тагидаги нарса ҳақида ёзилган эди. У ўрнидан туриб, энгашганча яшил нуқтачаларга диққат билан разм солди. Брайтон адашмабди – каравот тагида бир йўғон илон кулча бўлиб ётар, ялтироқ нуқталар унинг кўзлари эди. Газанданинг жирканч, ясси боши Брайтон томонга бурилган, хунук пастки жағи бўртиб, яшил кўзлари унга қаҳр билан қадалиб турарди.
2
Замонавий шаҳардаги данғиллама уйнинг ётоқхонасида илон пайдо бўлиши камёб ҳодиса. Ушбу воқеага изоҳ беришдан олдин аслида бу уйга Харкер Брайтоннинг қандай келиб қолгани ҳақида тўхталиб ўтсак. Жисмонан бақувват, ўқимишли, қувноқ, бадавлат ва обрўли Брайтон узоқ ўлкаларга саёҳатдан кейин, яқиндагина Сан-Францискога қайтувди. Бир муддат Америкадаги тўкин-сочин ҳаётдан йироқда яшаган ўттиз беш ёшли бўйдоқнинг таъби жуда нозик бўлиб, ҳатто “Қаср” меҳмонхонаси ҳам унинг дидига мос келмади ва Брайтон яқин дўсти, машҳур олим, доктор Друрингнинг хонадонида меҳмон бўлишга қарор қилди. Доктор Друрингнинг эскича услубдаги данғиллама уйи шаҳарнинг бир пайтлар зодагонлар яшаган мавзесида жойлашган бўлиб, замонавий бинолар орасида мағрур қад ростлаб турарди. Бу иморат ўзига хос архитектура намунаси бўлиб, бир томони айниқса кўзга ғалати кўринарди. Ўша тарафдаги хоналар доктор Друринг учун ҳам лаборатория, ҳам ҳайвонот боғи, ҳам музей вазифасини ўтарди. Судралиб юрувчи жониворларни ўрганишни ҳаётининг мазмунига айлантирган олим айнан шу ерда илмий тажрибалар ўтказар, бошқа ҳеч бир жонзот докторни илон, калтакесак ва бақачалик қизиқтирмасди. У табиатнинг бу хунук жониворларига нисбатан меҳрини яшириб ўтирмас, ўзига “зоологиянинг Золяси” деб лақаб қўйганди.
Судралиб юрувчилардан жирканадиган хотини ва қизларини олим “илонхона”га яқин йўлатмас, ортиқча норозилигу жанжалларга ўрин қолдирмаслик учун бинонинг одамлар яшайдиган қисмида оила аъзоларига шоҳона шарт-шароит яратиб қўйган эди.
Илонхонада “истиқомат қилувчилар” нафақат ташқарига чиқиш, балки ичкарида эмин-эркин ўрмалаш имкониятидан ҳам мосуво эди. Бир-бирини тириклайин ютиб юборишга шай бу махлуқларни бошқача йўл билан ушлаб туришнинг иложи ҳам йўқ эди. Лекин шу таъқиқу чекловларга қарамай, баъзан илону қурбақалар уйнинг одам яшайдиган қисмига ўтиб кетар, кейин уларнинг қайси туйнукдан чиққанини билолмай ҳамманинг боши қотарди. Друрингникига меҳмон бўлиб келган Брайтон докторнинг илонхонаси борлигидан хабардор бўлса-да, унинг уйидаги шоҳона шарт-шароитни кўзда тутиб, бунга ортиқча эътибор бермовди.
3
Каравотнинг остидаги илонга кўзи тушгач, Брайтон эти жунжикиб, жирканди-ю, лекин қўрқмади. Дастлаб хизматкорни чақирмоқчи бўлди. Кейин икки қадам нарида, стол устида турган қўнғироқчани чалиш фикридан қайтди. Ахир у илондан қўрқмаяпти-ку, ёрдамга одам чақиришга ҳожат борми? Брайтон ўта хавфли бўлмаса-да, бироқ бемаъни вазиятга тушиб қолганди ва бу ҳолатдан бировнинг ёрдамисиз, ўзи чиқиб кетмоқчи эди.
Бу газанда илонларнинг қайси турига мансуб экани унга қоронғи эди. Кулча бўлиб ётгани боис, унинг узунлигини ҳам аниқлаб бўлмас, йўғонлиги эса Брайтонннинг билагидек келарди. Заҳарлимикан? Балки бўғма илондир? Илонлар ҳақида деярли ҳеч вақо билмайдиган Брайтон каравот тагига қанча тикилмасин, бу саволларга жавоб тополмади.
Заҳарлими, йўқми, нима бўлганда ҳам бу турқи совуқнинг нигоҳида қаҳр бор эди. Деворлари антиқа расмлар, жавонлари ажабтовур ҳайкалчаларга тўла уйнинг эгаси ноёб буюмларга ишқибоз экани шундоққина кўриниб турар, лекин манави хунук жондор бу ердаги манзарага мутлақо мос тушмасди. Унинг жойи ўрмонда. Брайтонга илон хонанинг ҳавосини заҳарлаётгандек туюлди.
Бундай ўй-хаёллар уни тезроқ чора кўришга ундади. Таҳликали вазиятда бир қарорга келиш осон эмас, албатта. Кучли ҳаяжон тўғри йўл танлашга доим халал беради.
Ниҳоят Брайтон ўрнидан туриб, илонни безовта қилмаслик учун оёқ учида юриб ортга, эшик томонга чекинмоқчи бўлди. Одатда, одам ўзидан анча кучли рақибга рўбарў келса шундай чекинади, негаки, ҳар қандай куч ҳукмронлик белгисидир. Брайтон орқага қарамай туриб ҳам пайпаслаб эшикни топа олишига ишонар, бироқ илоннинг ҳам ортидан ўрмалашига тайёр эди. Хонадан чиқиш жойидаги деворга шарқ мамлакатларидан олиб келинган, дами ўткир, ноёб қилич ва ханжарлар илиб қўйилганди. У қуроллардан бирини қўлга олиб, илонни чопиб ташлашни дилига тукканди. Газанданинг оч яшил кўзларидаги қаҳр тобора зўрайиб борарди.
Брайтон ортга қадам ташлаш учун ўнг оёғини кўтарди-ю, лекин ўзини чекинишга мажбурлай олмади.
“Ҳамма мени довюраксан деб мақтайди, – ўйлади у. – Демак, мен ботир эмас, димоғдор қўрқоқ эканман-да? Ҳеч ким кўрмаётганидан фойдаланиб қочмоқчи бўлаяпман-ку!”
– Бўлмаган гап! – деди у овозини баралла қўйиб, – ҳар қандай эси жойида одамнинг манави касофатдан қочиши табиий.
Брайтон курсининг суянчиғини пайпаслаганча ортга тисарилмоқчи эди, лекин беихтиёр олдинга қадам босди. Нега бундай қилганини англаб улгурмай чап оёғи ҳам каравот томонга одимлади. Шунда у ботқоққа ботаётган одам чўпга ёпишгандек қийшайиб икки қўли билан курсининг суянчиғига тармашди. Каравот тагида қилт этмай унга тикилиб турган илоннинг кўзлари чўғланиб уни ўзига чорлай бошлади.
Зўриққанидан ранги бўзарган Брайтон охир-оқибат ўз танасини бошқариш имкониятидан буткул маҳрум бўлиб, курсини полга ағдарганча инграб юборди. Илоннинг кўзлари энди машъалдек ёнар, Брайтонга бу ёрқин нурдан бўлак ҳеч вақо кўринмасди. Унинг қулоғига ноғора жўрлигида тилла арфа садосини эслатувчи майин ва ёқимли мусиқа эшитилди. Тонг маҳали Мемнон ҳайкали ёнида жарангловчи бу дилтортар куй унга таниш эди. Брайтон Нил ёқасидаги қамишзорда тик туриб, юзлаб йиллар наридан келаётган сеҳрли куйни берилиб тинглади.
Мусиқа аста-секин узоқдан эшитилаётган момақалдироқ гулдирашига ўхшаш шовқинга айланди. Кейин унинг қаршисида ранго-ранг камалакли осмон ва ям-яшил яланглик жонланди. Кўҳна шаҳар иморатлари қуршовидаги ялангликнинг қоқ марказида ётган баҳайбат тождор илон Брайтонга онасининг кўзлари билан тикиларди.
Бир пайт Брайтоннинг юзи ва кўксига нимадир зарб билан урилди-ю, бояги манзара ғойиб бўлди. Брайтон полга қулади, оғиз-бурнидан қон оқарди. У бир неча дақиқа шу аҳволда ётгач, ниҳоят ҳушига келди. Йиқилаётиб нигоҳи бошқа тарафга бурилгани учун илоннинг жодули кўзлари унга энди таъсир қилмаётганди. Энди у бир амаллаб хонадан чиқиб олиши керак. Илонга кўзи тушмаса бўлгани. Лекин Брайтон каравотнинг ёнгинасида ётар, илон эса бир сапчиб унга етиб олиши мумкин эди. Кутилмаган ҳамладан ўзини ҳимоялаш учун Брайтон рақибига қарашга мажбур бўлди ва тузоққа илинди.
Илон ҳамон каравот тагида қилт этмай турар, қаҳрли кўзини ундан узмасди. Лекин бу сафар Брайтоннинг эси оғмади, кўз ўнгида ҳар хил манзаралар жонланмади. Илон ўлжасига шафқат қилгандек эди гўё.
Аммо сулҳ узоққа чўзилмади. Кўп ўтмай Брайтоннинг қонталаш юзи мурданикидай кўкариб, оғзидан кўпик кела бошлади. Қўл-оёғининг томири тортишиб, бели майишиб қолди ва у илондек буралиб каравотнинг тагига бошини суқди.
4
Доктор Друринг хотини билан уйнинг китобга тўла катта хонасида ўтирибди, олимнинг кайфи чоғ.
– Ҳозиргина бир коллекционер менга ophiophagus совға қилди, – деди у.
– Бу нима экан? – деди хотини хушламайроқ.
– Ё, тавба, қандай адабсизлик! Азизам, хотини юнон тилини билмайдиган эркакнинг у билан ажрашишгаям ҳаққи бор. Ophiophagus – бошқа илонларни еб кун кўрувчи илон-ку!
– Шу касофат уйимиздаги ҳамма илонни қириб битирсин-да, ишқилиб, – деди хотини қўлига илинган бир китобни варақлаб. – Бошқа илонларни қандай қилиб ютар экан? Сеҳрларканми?
– Доим сенинг миянгга шундай тутуриқсиз фикрлар келади-я, – деди доктор хафа бўлиб. – Илонларнинг сеҳри бор деган гаплар ғирт сафсата эканини сенга неча марта айтганман.
Шу пайт юқори қаватдан кимнингдир жон аччиғида ўкирган товуши эшитилди-ю, доктор билан хотини ўринларидан сапчиб тушишди.
Даҳшатли ўкирик иккинчи марта эшитилганда доктор аллақачон зина бўйлаб тепага қараб югурарди. Брайтон ўтирган хонанинг эшиги олдига хизматкорлар йиғилган экан, ҳаммалари ичкарига ёпирилиб киришди. Брайтоннинг боши ва қўллари хона тўридаги каравотнинг тагида, гавдаси қилт этмай полда чўзилиб ётарди. Уни берироққа судраб ағдаришгач, жони узилгани маълум бўлди. Мурданинг юзи қон, кўзлари косасидан чиққудек чақчайиб қотиб қолганди.
– Юраги ёрилган, – деди доктор унинг кўксига кафтини босиб кўргач. Шу пайт Друринг каравот тагида ҳамон кулча бўлиб қимирламай ётган илонни кўриб қолди. – Ие, манави бу ерда нима қилаяпти?
У илонни олиб эшик томонга улоқтирди. Бу кўзининг ўрнига бир жуфт ялтироқ тугма қадалган ўйинчоқ илон эди.
Рус тилидан Алишер Отабоев таржимаси
2022/9