Пьеса
ГОДЗАЕМОН.
Ҳой қизим! Қани ўтир-чи!
О! Жаноби куёв, байрамлардагидек ясаниб олибсиз-ку, қимматбаҳо чакмон, қилич! Ясан-тусанни кўринг, бойвачча дейсиз! Оддий қоғозфуруш демайди ҳеч ким буни. Хўш? Яна ўша севги мавзесига отландингизми? Сизга покиза хотиннинг кераги йўққа ўхшайди. О-Саннинг жавобини беринг!
Шунинг учун келдим.
Энди қизим О-Санни
Ўз уйимга олиб кетаман!
РОВИЙ.
Қандай хунук, ёвуз башара,
Худди қурум ютганга ўхшар.
Дзихейда мадор йўқ бир сўз айтгали.
О-САН.
Отажон, наҳотки шундай совуқда биздан хабар олгани келдингиз? Бунча раҳмдилсиз, бунчалар меҳрибон. Ҳозиргина онажоним билан қайноғам Магоемон келиб кетишди. Улар эримга енгилтаклиги учун таъналар қилишди. Уларнинг ўгитларидан эрим қаттиқ таъсирланиб кетиб, юм-юм йиғлади! У ўз қилмишидан шу қадар пушаймон бўлиб тавба-тазарру қилдики, ҳатто қасамнома ҳам ёзиб берди.
У онажонимга берди
Бир қоғоз тумор.
Сиз у онтномани ўқимадингизми?
ГОДЗАЕМОН.
Ҳа, қасамнома?
Шуми айтган нарсанг?
РОВИЙ.
Ёнидан олар у бир парча қоғоз.
ГОДЗАЕМОН.
Бунақанги бузуқи аҳмоқлар, саёқлар истаган пайтда, истаган мавзуда қасамномалар ёзиб ташлайверишади, бу улар учун савдо ёзишмаларидай бир гап. Шу қасамномани ўқиб “Негадир одамнинг ишонгиси келмайди!” деб ўйладим ва тўғри бу ёққа келавердим. Агарки ҳар хил қасамномалар ёзиш учун вақтингиз шу қадар бемалол экан, унда яхшиси, талоқ хати ёза қолинг.
ДЗИХЕЙ.
Сизнинг менга жаҳл қилишингизга ҳаққингиз бор. Йўлдан озиб қилган гуноҳларим учун мени кечиришингизни ёлвориб сўрайман. Мен энди ҳидоят йўлига кирдим. Худди янгидан туғилгандайман. Менга раҳмингиз келсин. Менга раҳмингиз келсин! Хотиним билан бирга қолишга рухсат беринг.
Ҳатто мен, Дзихей,
Қашшоқ бўлиб қолганимда ҳам,
Тубанликда хор-зор қолсам ҳам,
Сарқитларни тиланиб юрган
Бир тиланчи – гадо бўлсам ҳам…
Барибир мен О-Санни
Юраман бошимга кўтариб.
Унинг ғам чекишига йўл қўймайман мен.
Хор-зор қилиб қўймасман асло!
Мен ундан ажрала олмайман зинҳор.
Иккимизни боғлаган нарса
Фақат никоҳ эмасдир, балки
Буюк миннатдорлик бурчи!
Гапларим чин,
Менга ишонинг!..
Ойлар ўтар орадан –
Ҳаммасини англаб етарсиз.
Менинг ғайрат-шижоатимга
Сиз берарсиз муносиб баҳо.
Изга тушиб кетар ишларим…
Ўтинаман, кечиринг гуноҳларимни,
Кўз юминг бемаъни қилмишларимдан.
Фақат олиб кетманг О-Санни.
Қолдиринг уни мен билан!
РОВИЙ.
У юм-юм йиғлар,
Кўзларидан ёш эмас,
Қонлар оқизар…
Пешонасин деворга босиб
Бетин узр сўраб ёлворар.
ГОДЗАЕМОН.
Ёлғон! Ёлғон!
Бузуқига хотин бўлолмас О-Сан.
Талоқ хати ёзиб бер.
Ёзгин тезроқ!
Буюмларни текширмоқчиман:
О-Санга сеп қилиб берилган
Барча анжом, кийим-бошларни.
Ҳар бир нарсага ўзим
Алоҳида муҳр босаман!
О-САН.
Йўқ-йўқ, керак эмас, отажон!
Ҳожати йўқ қайта санашнинг.
Ҳамма либосларим жойида.
Биттаси ҳам йўқолгани йўқ!
ГОДЗАЕМОН.
Ана у тугун нима?
Нима яширилган унинг ичига?
РОВИЙ.
Годзаемон тугунни очиб,
Ерга сочиб ташлар кийим-бошларни.
ГОДЗАЕМОН.
Гарчи менинг хотиним сенга амма бўлса ҳам, сенинг ўзинг менга мутлақо ётсан. Шундоқ экан, нега энди мен сен учун зарар кўрай? Магоемонга ҳаммасини айтиб бераман. Аканг барча пулларимни қайтариб берсин… Қани тез бўл. Қаламни ол, талоқ хати ёз!
ДЗИХЕЙ.
(Давомини журналдан ўқийсиз)
Рус тилидан Усмон ҚЎЧҚОР таржимаси
2022/9