(Қисса)
ҲАЁТ КИТОБИ
Мен, Озар Қурбоний, бу китобни мактаб кезлари тутган кундаликларим асосида ёздим.
Азалдан ўқитувчилару синфдош-дўстларим менинг турли ҳодисаларни тезгина илиб олувчи хотирамдан ҳайратланардилар. Яна мен ўзимизнинг қадрдон ва сўлим Зарнисордаги ҳар турли воқеаларни адабиёт фанидан ёзадиган мактаб иншоларимда қизиқарли ҳикоя ҳолида тасвирлаб ҳаммани қойил қолдирардим.
Тан оламан, болалигимдан ёзувчи бўлишни орзу қилар ва шу сабаб бу кундаликларимда менинг ёшлик ва ўспиринлик таассуротларим, кечинмаларим сақланиб қолган.
Энди бу ҳаёт китобини қаллиғим, ёрим Гулбаҳорга тўйдан олдин ўқиб чиқиши учун тутқазмоқдаман. Умид қиламанки, севгилим нима сабабдан ўз оилавий ҳаётимни бизнинг шаҳарчада – қариндошлару қўни-қўшнилар кўз ўнгида қуришни истамаслигимни тушунади.
Бу китобда болалик пайтимдаёқ қалбимга ўрнашган қўрқувим ҳақида айтиб беришга ҳаракат қилдим. Гулбаҳорим, бунга ишонасанми? Бу иккиланиш мени доим, аста-секин севгига айланган дўстлигимизнинг барча йиллари мобайнида қийнади. Оиламдагиларнинг ҳеч бири бу ҳақда билмасди. Ҳатто онамга ҳам сенга уйланиш ниятим ҳақида айтишга дарров журъат этолмадим. Бизда бежизга: “Деворнинг ҳам қулоғи бор”, дейилмайди, ахир…
Биз туман марказида – алюминий заводи қурилган шаҳарчада яшардик. Отам Наримон Абдуллаевич Қурбоний раҳбар – туман кенгаши раиси лавозимида ишлаган. Ҳамма уни ҳурмат қилар, атрофдагиларнинг отамга нисбатан бундай муносабати мен учун ҳам жуда муҳим эди. Аммо бир гал, ҳали ўсмир эди, ортимдан Озар Наримонович эмас, Озар Аҳриманович дея пичинг билан чақиришларини эшитиб қолгач, аввалига “Бу нима ҳазил?” деб ўйладим. Кейин билсам, Аҳриман лақаби отамга илинган тамға экан. Шундан сўнг турли манбаларни титкилаб, исмлар маъносини ўрганишга тушдим.
Наримон исми араб тилида “оташ каби”, “қўрқмас”, “жасур”, “руҳан кучли”, “оташин жангчи”деган маъноларни англатар экан. Бундай исмга эга бўлган одам ўта жозибадор, сершаҳват, тартибсиз жинсий муносабатларга мойил ва бир вақтнинг ўзида бир нечта аёлларга нисбатан ошуфта бўла олиши мумкин экан. Агар унинг бир аёлга бўлган қизиқиши сўна бошласа, у шу заҳотиёқ иккиланмасдан, унинг ўрнига бошқа аёлни ахтаришни бошлайди.
Наримонлар бир марта ва умрбодга уйланади. Оила бошлиғи сифатида мустабид ва қатъиятли. Ҳамма нарсани икир-чикиригача назорат қилишни афзал билади. Фарзандларига нисбатан қаттиққўл, аммо адолатли ота.
Руҳшуносликда эса Наримон ўта ўзгарувчан феъл-атвор эгаси сифатида талқинланиб, баъзан оиласи қолиб, бошқалар учун кўпроқ ҳиммат кўрсатишга қодир шахс сифатида тавсифланади.
Онам тожик тили ва адабиёти ўқитувчиси Анварова Садбарг Умаровна, болалигимизданоқ зардуштийликнинг муқаддас китоби “Авесто” ҳақида тез-тез гапириб берарди. Кейинчалик ўқиганларимдан зардуштийликдаги Аҳриман ёвуз руҳ, зулмат ва бетартиблик ҳукмдори, инсон саросимаси, умидсизлик ва нифоқ манбаи эканлигини билдим. У Аҳура Мазда (Ормузд, Ҳурмуз) деб номланувчи яхшилик руҳига доим қарши бўлган.
Аҳриман яҳудийлик, насронийлик ва исломда иблис номи билан аталади.
Оиламиз тақдирининг бу каби нозик жиҳатларини аниқлаш учун олдинда бутун ҳаётим бор эди. Менинг аниқлаганларим эса барча қариндош ва яқинларим қалбини оғритди.
Онам меҳрибон, сабрли, камгап ва Худодан қўрқадиган инсон эди. У бошидан кечирганларини ҳеч кимга айтмас, биз болаларидан отамизни ҳурмат қилишнигина талаб қиларди. “Улғайгач, ҳаммасини тушуниб оласизлар”, дерди доим.
Онам бор куч ва саломатлигини аямай бизларни ҳалол, меҳрибон, ақлли қилиб тарбиялашга интилди. Ҳаётнинг ҳар бир дақиқасини фойдали ишларга тўғри тақсимлашимизни кузатиб турарди. У бизга яхши таълим беришни ўзининг асосий вазифаси деб биларди.
Онамнинг тўрт нафар фарзанди – уч ўғил ва бир қизи бор эди. Тожиклар ўз болаларига қофия билан исм қўйишни яхши кўрадилар – шунинг учун барчамизнинг исмларимиз бир-бирига уйқаш – Ховар, Анвар, Озар ва синглим Нилуфар.
Онамнинг айтишича, мен туғилганимда дадам касалхонага келиб: “Мендан фақат ўғиллар туғилади!” деган экан. Лекин мендан кейин Нилуфар туғилгач, онам доим табассум билан отамнинг ўша гапларини ўзига эслатиб турарди. Синглим шундай ажойиб қиз бўлиб улғайдики, барчамиз унга меҳр қўйдик. Мени ҳам оиламдагилар ҳақгўйлигим ва оғир-босиқ табиатим учун яхши кўришарди. Онамга нисбатан меҳрим эса шу қадар чексиз эдики, унинг ҳар бир нафасини ҳис қилардим. Онамнинг ёнида эртак ё ҳаётий воқеаларни эшитдим дегунча ухлаб қолардим. Онам тинимсиз китоб ўқир, менга хам бу ширин “касаллик”ни юқтирганди. Энг муҳими, у доимо бизга отамизни ҳурмат қилишни уқтирар, Шарқда ота оила боши ҳисобланишини эслатиб турарди. Бир гал нима учун отам сизни ҳадеб хафа қилаверади деб сўраганимда эса, шундай жавоб берди:
– Сен ҳали боласан, улғайганингда тушуниб оласан. Ўзаро муносабатларни катталар ўзлари ҳал қилиб олишади, болалар эса она ва отани тенг ҳурмат қилишлари керак. Отанг бўлмаганда сен туғилмасдинг.
Акаларим Ховар ва Анвар мактабни муваффақиятли битириб, Душанбе университетларига ўқишга кетишди. Улар онамдан тез-тез йўқлаб туришини сўрашар, онам эса бу учрашувларга Нилуфар синглимни ўзи билан олиб кетарди. Отам авваллари онамнинг уйдан узоқда бўлишига сира йўл қўймас, эндигина ўғилларини кўриб келишга рухсат берадиган бўлганди. Мен акаларимни жуда соғинар, онам ва синглим уйдан кетган кунларида вақт тўхтаб қолгандек туюларди. Уйда бир илиқлик етишмаётгандек, яқинларим қайтиб келгунига қадар дақиқаларгача санаб чиқардим. Онам қайтгач, мени бағрига босиб, талаба бўлганимда мени ҳам кўргани тез-тез бориб туришини айтарди. Бир куни уйқуга кетишимдан олдин бошимни аста силаб, қандайдир илтижоли тарзда пичирлади:
– Ўғлим! Ўқишни тугатгач Душанбеда қолишингни жудаям истайман. Худо хоҳласа, аспирантурани тамомлайсан, кейин уйланасан. Мен сеникига кўчиб ўтаман. Сен билан бирга яшасам майлими?
Мен рози бўлиб, бош ирғадим ва ҳатто қувончдан йиғлаб юбордим.
Онам уйда бўлмаган кезлари Салима бувим (отамнинг онаси) қўшниларни чақириб маросим ўтказарди. Негадир дадам шу кунларда уйда кўринмасди. Келганда ҳам ярим кечаси ширакайф бўлиб қайтарди. Бувим дадамнинг бу қилиғини: “Ўғлим эркинлик шабадасидан нафас олсин”, дея маъқулларди.
Анча вақтгача бу гапнинг маъносини англамаганман. Аммо кейинчалик онамнинг кўзлари нима учун доимо ғамгин эканлигини тушуниб етдим. Нафақат бувим, балки отамнинг сингиллари Майрам ва Сайрам аммаларим ҳам хушсуврат укаларини бошқага уйланиши керак эди, деб ҳисоблардилар. Қўшнилар онамга бу сўзларни етказишар, онам эса шунчаки жилмайиб, қайнопалари унга ҳасад қилишларини айтарди.
Аммаларим ўз эрларини яхши кўрмаслиги ва аламларининг зўридан бошқаларнинг ҳаётини бузишларини тушундим. Отам эса доим фитналар марказида бўлишни ёқтиришини пайқай бошладим. Аммо онам ўзини жуда босиқ тутар ва тортишувларга аралашмасди. Эҳтимол, отам ҳеч қачон унинг ёнини олмаслигини билгандир…
Тожик тилида “Худам шоҳу табам вазир” деган мақол бўлиб, унинг маъноси – “Ўзим шоҳ, нафсим вазир” демакдир. Айнан шу гаплар отамиз Наримон ҳақида айтилган. У ҳамиша кўнглига келганини қилган – худбин, сўзи қонун – золим эди!
Катта акам Ховар ташқи кўринишидан отамга жуда ўхшаса-да, феъл-атвори бутунлай бошқача, ёшлигидан ўта хушмуомала ва зукко эди. Барчамиз унинг ана шу меҳрибонлигини яхши кўрардик. У оилада ҳимоячи эди. Онамга мени ва синглимни тарбиялашда ёрдам берар, чунки нанажон (биз онамни шундай чақирардик) уйда ҳам, мактабда ҳам кўп ишлашига тўғри келарди.
Акаларим билан тез камолга етдим, уларнинг этагидан тутиб катта ҳаётга қадам қўйдим. Улар талаба бўлишгач, уй юмушларининг бари менинг гарданимда эканини уқтиришарди.
Анвар билан менинг ўртамизда саккиз йиллик фарқ бор. Ховар ва Анвар худди мен ва Нилуфар каби изма-из туғилишган. Шундай қилиб, ака-укалар пойтахтга ўқишга кетишди ва мен ўн ёшимда уй ишларига масъул бўлиб қолдим. Ўшандагина акаларим мени не-не муаммолардан ҳимоя қилганини англадим.
Ўсмирлик чоғимда онамнинг оила мустаҳкам, фарзандлар бахтли яшаши учун қанчалар куч ва соғлигини сарфлашини ҳис қилганман. У кучли аёл эди. Мен унга қанчалик қийинлигини сезардим, лекин онам барибир отам ҳақида ҳатто ёмон ўйлашимга ҳам изн бермасди.
Бир куни онам Нилуфар билан Душанбедаги акаларимникига бормоқчи бўлди. Уй ишларини қойил қилиб, зерикмай ўтиришимни тайинлади. Мен унинг кўзларида қайғуни кўриб, нега бунчалик чарчаганини, нега тўйиб ухламаганини сўрадим. Онам йўл олдидан негадир узоқ вақт ухлай олмаганини айтди. Гўё у бизнинг шу сафаримиз нима билан якунланишини олдиндан сезгандек…
Онам кетгандан сўнг дарҳол Салима бувим билан Майрам ва Сайрам аммаларим етиб келишди. Бувим аёлларнинг маросимларини ўтказишни яхши кўрар, чунки қўни-қўшнилар унга совға-саломлар билан миннатдорлик билдиришарди. Бу сафар ҳам меҳмонлар таклиф қилинди. Нега бувим буларнинг барчасини онамсиз қиляпти, деб яна ҳайрон бўлдим.
Ўша куни, ҳозиргидай эсимда, сешанба эди, мен бувим ва аммаларимга ёрдам бердим. Майрам ва Сайрам аммаларим ерга катта дастурхон ёзиб, атрофига чиройли кўрпачалар тўшашди. Қўни-қўшнилар – ёшу қари таклиф қилинди. Салима бувим биби-халифа (китобхон аёл) сифатида маҳаллада танилган эди. Бу каби йиғинларда у муқаддас китобларни ўқиб, мазмунини тушунтирар, масаллар айтиб берарди.
Бувим ҳар гал бизникига келганида, кичкина хонага туташган меҳмонхонамизга жойлашарди. Бу унинг ётоқхонаси бўлиб, аммаларим эса онамнинг ётоқхонасидан ўрин эгалларди.
Маросим бошланишидан олдин, бувим одатига кўра, кўзгу олдида ўзига зап оро берди. Мен меҳмонлар йиғилганини айтиш учун унинг ёнига борганимда, бувим бир пиёлага шароб қуйиб, менга кўз қисди-да: “Бу жасорат учун”, дея бир кўтаришда ичиб юборди. Ўғлим, туя кўрдингми йўқ, тушундингми? – деди у ва сурма сурилган кўзларини шунчалик чақчайтирдики, қўрқиб кетдим.
– Хўп, онажон, – дедим ерга қараб.
– Майли, мени меҳмонларнинг олдига олиб бор, – деди кейин Салима бувим елкамдан тутиб.
Қўшниларимиз меҳмонхонага йиғилишди. Дастурхоннинг тўридан бувимга ёстиқлар билан фахрий жой ажратилган, икки аммам унинг ёнига ўтиришди. Қўшнилар амал-тақал “фахрий жой” қаршисига жойлашишди.
Меҳмонлар орасида энг яқин ва севимли қўшнимиз Парвин хола ҳам бор эди. У бутун умри давомида тарбиячи – аввал энага, кейинчалик эса раҳбар (мудира) бўлган. Ҳамма уни яхши кўрар ва болаларини айнан унинг боғчасига жойлаштиришга ҳаракат қилишарди.
Парвин холанинг эри Фаррух амаки отамнинг дўсти ва ҳайдовчиси эди. Тахминан ўн йил олдин дадам Ориповлар оиласи уй қурсин деб, уларга улкан боғимиздан ер ажратганди. Ҳовлиларимиз умумий ички дарвоза билан боғланган, уларнинг ўғли Равшан билан орамиздан қил ўтмас дўст бўлиб улғайдик. Ҳамма бизни ака-ука деб ўйларди.
Йиғин куни Парвин хола Равшанни менга ёрдам бериши учун олиб чиқди.
“Биби Сешанба” маросимининг Ислом динида қандай сақланиб қолганлигига қизиқиб қолдим. Унинг илдизлари исломгача бўлган қадимги зардуштийлик маъбудаси Анахитга сиғинишдан келиб чиққан экан.
Маросим давомида бош ўқувчи хоним етимга ёрдам берган муқаддас аёл Биби Сешанба ҳақидаги афсонани сўзлаб беради. Бу афсона худди “Золушка” эртагига ўхшаб кетар, чунки унда ҳам камбағал қиз ўз ақли, гўзаллиги ва меҳрибонлиги билан Шаҳзоданинг марҳаматига интилади.
Биби Сешанба маросимининг асосий рамзи супра бўлиб, махсус тери ёки қалин матодан тайёрланган бу дастурхон устида ун элакдан ўтказилиб, хамир қорилади. Маросимда супра уч марта ёйилади. Биринчисида муваффақият, омад ва бахт тилаклари учун. Иккинчисида Биби Сешанбе онадан ҳимоя ва йўл очишда ёрдам сўралади. Учинчисида эса бу ҳаракат мақсадга эришиш ва муаммоларни ҳал қилишда кўмак тилаб уй бекаси томонидан амалга оширилади.
Маросимдан кейин дастурхонга махсус таомлар тортилади. Охирида супра йиғилиб, уй бекасининг бошига қўйилади. Бошида супрали бека уйнинг остонасига борганида ундан: “Қаерга кетяпсан?” деб сўрашади. У жавоб беради: “Байрамга! Тўйга!”
Менга бу маросим ҳаётбахш бўлиб туюлди, чунки у аёлларга маълум бир маънавий қониқиш, кундалик муаммоларни муҳокама қилиб, уларни ҳал қилиш ва ечимлар топиш имконини берарди. Фақат ўша “Муқаддас сешанба” куни бизнинг уйимизда ҳамма нарса, аксинча, тескари бўлиб чиқди…
Дўстим Равшан билан тинимсиз у ёқдан-бу ёққа – ошхонадан меҳмонхонага ва яна меҳмонхонадан ошхонага қатнар, ошхона юмушларини қўшнимиз Анора кайвони хола бошқарарди. Анора хола кўчамиздаги хонадонларда уй байрамлари ва маросимларини ўтказишда асосий ёрдамчи ҳисобланарди. Унинг кўрсатмаси билан меҳмонларга таом тортилди.
Равшан билан тинмай меҳнат қилиб, маросим охирида Парвин холанинг ёнига ўтиришга қарор қилдик. Супра йиғилгач, катта Майрам аммам уни бошига қўйиб, меҳмонлар олдида юра бошлади. Салима бувим ундан баланд овозда сўради:
– Қизим, қаёққа кетяпсан?
Барча меҳмонлар бир хил савол билан бувимни қўллаб-қувватладилар. Аммам жилмайиб жавоб берди: “Байрамга! Тўйга, азизларим!”
Шунда Парвин холанинг юзи қизариб кетганини пайқадим. Бошида супраси билан аммамга қарамай, хотиржамлик билан бувимга юзланди:
– Уй бекаси Садбарг супра билан юриши керак эмасми? Нега у йўқлигида доим келиб йиғин ўтказасиз? Бундай маросимларни қизингиз Майрам ўз уйида ўтказиши ўринли бўларди.
Меҳмонхона жим бўлиб қолди. Салима буви бирдан қаддини ростлади ва жавоб берди:
– Сен ҳам бека ҳуқуқига эгасан! Ўғлим Наримондан ернинг ярмини тортиб олиб, унинг ҳисобидан уй қурдиларинг. Қайси хизматларинг учун? Эслатиб қўяйми?
– Бу уйда Садбаргдан бошқа бека йўқ, – жавоб қилди Парвин хола ҳайрон бўлиб.
– Онажон, тушунтириб қўйинг, – деди Майрам аммам ва баланд овозда кулди. – Озар билан Равшаннинг ўхшашлиги бежиз эмас-ку!
– Мен ҳар доим ҳаммага ҳақиқатни юзига айтаман, ҳатто баъзида ёқимсиз бўлса ҳам, – деб гап бошлади бувим.
– Биласизми нима? Ҳақиқат, энг аввало, инсоннинг кўзида, қалбида акс этиши керак. Бўлмаса, у юзига тарсаки билан қайтиши мумкин, – деб жавоб берди Парвин хола ва пичирлаб Равшан билан менга хонадан чиқишимизни илтимос қилди.
Меҳмонхонада кейин нима бўлганини билмадик. Лекин Парвин холанинг ҳаммага ниманидир жаҳл билан тушунтираётгани эшитилар, меҳмонлар эса жим эди. Кейин у уйдан чиқиб кетди. Равшан эса дарҳол онасининг изидан югурди.
Ҳовлида қўшнилардан бири иккинчисига: “Ўтиришимизам бор бўлсин-эй… Бечора Парвин Аҳримандан азоб чекди”, деганини эшитдим.
Бувим ва аммаларим шоша-пиша йиғинишга тушдилар. Бир соат ўтгач, уйга сукунат чўкди. Гўё маросим йиғини бўлмагандек. Мен ёлғиз қолдим ва ҳеч нарсани тушунолмадим. Қўшнимиз Анора хола уйни тартибга келтирди. Сўнг ёнимга келиб, бошимни силаб, Парвин холанинг олдига кетди.
Аллақачон шом бўлган, мен ҳамон ҳовли ўртасидаги каравотда ўтирардим. Эҳ, қанийди онам ёнимда бўлса… Парвин холаникига боришга қарор қилдим. Қўшнининг уй эшиклари очиқ эди. Хаммаёқ жимжит, тиқ этган овоз йўқ. Ҳайрон бўлганча хоналарни айланиб чиқдим. Уйнинг барча чироқлари ёниқ эди. Орқа ҳовли томон йўл олдим ва бирдан Равшаннинг баланд овоз билан йиғлаганини эшитдим:
– Онажон, онажон! Нимага бундай қилдингиз?
Омборда даҳшатли манзарага кўзим тушди – рўпарамда Парвин холанинг жонсиз танаси осилиб турарди.
Даҳшатдан қотиб қолдим – Равшанга бир оғиз сўз айтолмасдим. У чўккалаб ўтирар, унинг йиғисидан ҳатто осмон ҳам титраб, момақалдироқ билан жавоб бергандек туюлди, назаримда. Бирдан Равшан ҳушини йўқотиб, ёнбошига йиқилди. Уни кўтариб, турғизмоқчи эдим, кучим етмади. Сув олиб келишга югурдим ва бошидан челакдаги бор сувни қуйиб юбордим. Дўстим ўзига кела бошлади. Кўзларини очганда, унинг қотиб қолган ва совуқ нигоҳини кўриб, қўрқиб кетдим. Унга оёққа туришга ёрдам бериб, айвонга олиб бордим. Равшан чўнтагимга хат солиб: “Садбарг холага бер,” деди.
Қўшнилар ҳовлида қандай йиғила бошлаганини ҳам сезмадик. Эркаклар марҳумани арқондан ечиб олишди. Аёллар хонада майитни ювиш маросимига тайёрлаш ва дуо ўқиш билан овора бўлишди. Масжид домласи, кейин милиция ходимлари ҳам етиб келишди.
Равшан ниҳоят ўрнидан туриб, уйга қайтишимни айтди. Уни қучоқламоқчи эдим, аммо Равшан қотиб қолган нигоҳи билан мени тўхтатди ва юз ўгириб, онасининг хонасига кириб кетди.
Умумий дарвозадан ўтиб боғимизга кириб, беланчакка ўтирдим. Бу ерда онам ва Парвин хола ёзнинг иссиқ оқшомларини самимий суҳбат билан ўтказардилар. Оёғим остида боя Равшандан олган хат ётар, афтидан мен уни беланчакка ўтираётган пайтим тушириб қўйгандим. Хатни қоронғида ўқий олмадим. Осмонда улкан булутлар устма-уст осилиб турар, ой эса гўё ғам-аламдан уларнинг қуршовидан чиқолмаётгандек эди. Момақалдироқ гумбурлашидан қўрқиб, чўчиб тушдим. Титраб уйга югуриб кирдим. Қанча вақт карахт ўтирганимни билмайман, фақат йирик-йирик ёмғир томчиларининг ойнага урилаётган овозинигина эшитардим, холос.
Бирдан дарвоза ғичирлади. Отам инграб, айвонга учиб кирди. Мен унинг ҳўл кийимларини ечиб, алмаштирганини ва қўшниларникига югуриб кетганини кўрдим. Эрта тонгданоқ уйғондим. Онам келишидан олдин Парвин холанинг хатини ўқишга қарор қилдим. Отам ҳақидаги мудҳиш ҳақиқат кўнглимни оғритди, дилимни вайрон қилди. Ўша кун мени бир лаҳзада улғайтирди, ҳатто ҳали ўспиринлигимга қарамай, кейинчалик бошимда бир нечта оқ сочларни пайқадим. Хатни ҳеч кимга кўрсатмасликка ва бу сирни ўзимда сақлашга қарор қилдим.
Онам тонг ёришганида етиб келди ва мени кўриб, йиғлаб юборди.
– Нега бунча карахтсан, ўғлим? Нима бўлди? Кеча Парвин холани кўрдингми? Хаммасини кўрдингми? – хавотир билан сўради у.
Мен ҳеч нарса демадим, фақат афсус билан бошимни эгдим. Онам мени ўзига тортди ва оҳиста деди:
– Кеча туш кўрдим. Гўё мен тоққа чиққан эмишман ва у ерда католик черкови бор экан. Ичкарига кирсам, қўлида чақалоқ билан Биби Марям ҳайкали турибди. Яқинлашсам, қўлларидаги чақалоқ сен Озар, сен экансан. Менга қўлчаларингни чўзиб, сени бағримга олишни сўраяпсан. Уйғониб, ўғлим жуда ёмон аҳволда, мени чақираяпти деб ўйладим. Қайтиб келсам, бу ерда бундай қайғу…
Онам кўзёшларини артиб, меҳр билан қўшиб қўйди: “Бечорагинам…”
Онамнинг кўксига бош қўйиб, дийдамга келган кўзёшларини жимгина ичимга ютдим.
Шу кундан бошлаб кундалик ёзишни бошладим. Кўнглимда салбий туйғулар тўпланиб қолмаслиги учун уларни қоғозга тўкишга қарор қилдим.
(Давомини журналдан ўқийсиз)
Рус тилидан Дилфуза Абдимуратова
таржимаси
2022/10