Григол АБАШИДЗЕ. Султон Жалолиддин Мангуберди Гуржистон савашида

Григол АБАШИДЗЕ

Тарихий романдан парча

Русуданни ёшлигида, бор-йўғи шоҳнинг синглиси бўлган пайтлари ширваншоҳга хотинликка беришмоқчи эдилар. Ўшанда Русудан ёши ўтган, хунук, золим, бераҳм дея ном чиқарган, насроний динида бўлмаган ёт юртлардаги одамга турмушга чиқишга рози бўлмаганди.
Аммо кечалари йиғлаб чиқса-да, Русудан шоҳ ва сарой кенгашининг қарорига қарши боролмасди. Тўй кунини ва кўрарга кўзи йўқ куёвни кутишдан бошқа чораси йўқ эди. Ана шундай азобли кунларда уни севиб қолган бир рицар Русуданнинг оёқларига йиқилиб, ярим кечаси отларга ўтириб, саройдан хуфиёна ғойиб бўлиш мумкинлиги тўғрисидаги таклифини баён этаркан, вақт ўтиши билан никоҳ шартномаси бекор қилиниб, ака жонидан яхши кўрувчи синглисини кечиради, дея тасалли бермоқчи бўлди. Русудан рози бўлмади. У рицарнинг йўлига юрса, шоҳ ва мамлакатга қанчалик иснод келтиришини яхши англарди. Масъулият ҳисси йўлдан оздиргувчи истакларни инкор этаркан, ошиқ рицарга миннатдорлик билдириб, рад жавобини берди. Бу эс-ҳушидан айрилган рицар Гочи Мухасдзенинг ўзгинаси эди. Ўша куни у Русуданнинг ётоғидан юрагини чангаллаб чиқиб кетганди. “Шоҳлар саройидаги деворларнинг ҳам қулоғи бор” деган қадимий ҳикмат худди шу куни ўз тасдиғини топди. Кечга томон шоҳнинг буйруғи билан бахтиқаро рицарни сарой ҳибсхонасига ташлашди.
Сарой аҳли ҳар куни куёвнинг келишини кутарди. Эҳтимол воқеалар ривожи бутунлай бошқа томонга ўзгариб кетмаганида Русудан садоқатли, фидокор Гочи Мухасдзенинг тақдири нима кечганини билмасди ҳам. Дабдурустдан подшоҳ вафот этди. Бу мусибат саройда ошкор этиб бўлмайдиган миш-мишларга сабаб бўлди. Негаки шоҳ соғлом ва бақувват киши эди. Шу боис саройда ғаламисларни жазолаш ҳаракати бошланиб кетди. Ака-ука Ахалцихели, Варам Гагели ва Бакурцихелилар балоғатга етмаган меросхўр шаҳзодани тахтга ўтказиш тадоригини кўришаётган бир пайтда, салтанатнинг бошқа аъёнлари Русуданнинг малика бўлишини талаб қилишарди. Агарда Русудан узоқни кўзлаб, оқилона йўл тутмаганида саройдаги ихтилоф янада кучайиб кетарди. У кутилмаганда рақиблари ака-ука Ахалцихелиларни саройга чақиртириб:
– Сизларнинг онам ва ёш жиянимга садоқатингизни қадрлайман. Гуржистон подшоҳлигини албатта, у бошқариши керак. Бироқ ҳозирча у ёш бола. Оилавий жанжалларга чек қўйиш учун мен тахтга ўтирсам, рақибларингиз тинчийди. Меросхўр балоғатга етгач, унга тахт ва подшоҳликни топшираман. Бинобарин, сизлар ҳам муродингизга етасизлар, – деди. Шу заҳотиёқ Ахалцихелилар Русуданга Гуржистон подшоҳи сифатида таъзим бажо келтиришди. Саройда яна тинчлик, осойишталик ҳукм сура бошлади.
Русудан тахтга ўтирганидан сўнг, хоҳишига монелик қилмаган Ахалцихелиларни унутмади. Уларга бошқа бир сабабларга кўра Двин шаҳрини ҳадя қилди. Ахалцихелиларнинг тарафдорлари ҳам подшоҳ мурувватидан четда қолмади. Малика ҳаммага инъомлар улашиб, хурсанд қиларкан, мамлакат ҳаётининг бир маромда кечишини таъминлади.
Ўз-ўзидан маълумки, Гочи Мухасдзе ҳибсхонадан озод этилиб, сарой бош меъмори лавозимига тайинланди. Унинг Русуданга бўлган сирли муҳаббати ҳеч кимга ошкор бўлмай қолди. Очиғини айтганда, Гуржистондаги баҳодир, паҳлавон, ботир жангчиларнинг ярми гўзал маликага ошиқ эканликларини яширишмасди. Тўғри, ҳеч ким, жумладан, сарой меъмори ҳам тождор маликанинг эътибори-ю, марҳаматига сазовор бўлишни орзу ҳам қилолмасди. Гочи ўзининг Русуданга севгиси ҳеч қачон сўнмаслигини яхши биларди. Шу боис Махосиддиннинг тақдирига ҳасади келарди. Унинг юрагида севгилисининг эрига айланган ажнабий шоҳга нисбатан нафрат уя қуриб олгани рост эди. Аваг Гочи Мухасдзенинг Махосиддин ҳақида гапираётганида нега қизариб кетганини яхши биларди. Шунинг учун бўлса керак, бош меъморнинг гапини бўлиб, суҳбатни яна тез орада содир бўлиши кутилаётган уруш мавзусига бурди:
– Бизга яқин ерлардаги амирлар зулм қилаётганимиз, эътиқодларидан воз кечишлари учун мажбурлаётганимиз тўғрисида Жалолиддинга шикоят қилишибди.
– Яхшиси, у мусулмонларга тинмай азоб бераётган Чингизхондан ўч олсин. Жалолиддин – иккиюзламачи, риёкор. Уни Гуржистон ерлари эмас, олтинлари қизиқтирмоқда. Кейин гуржилардан тортиб олган жавоҳирларни одарбадағонлик дин пешволари билан баҳам кўради.
– Лекин биз ҳам ўзимизга бино қўймайлик-да! Жалолиддиннинг аллақачон мамлакатимиз сарҳадига яқинлашгани ҳақида ўйлайлик. Эртага у Тбилиси томон от қўяди.
– Биз ҳам шуни ўйлаяпмиз ахир. Йирик тўқнашувлар катта тайёргарлик талаб этади.
– Саркардаларимизга султоннинг ҳар бир қадами маълум. Одар­бада­ғонда бизнинг кўз-қулоқларимиз изғиб юрибди. Мудофаага масъул тўраларимиз катта қўшин тўплашмоқда. Доғистон ҳамда ўрта­қофқозликлар билан бирга саксон мингдан ортиқ жангчи йиғилиши кутилмоқда.
– Ўйлайманки, биз душманни Тбилисидан анча узоқда қарши оламиз.
– Уларни ким ҳам пойтахтга қўярди. Жанг Гуржистоннинг жанубий чегараларига яқин жойда бўлиб ўтади. Лашкарбошиларимиз Мхаргрдзели ва Ахалцихелилар жанубий музофотларимиз сарҳадларини беш қўлдай билишади.
– Биз бу урушда заҳмат чекмасак, ғолиб бўлолмаймиз. Олдинга назар ташлашимиз лозим. Гуржистон ҳукмдорлари узоқни кўзлаб режа тузишган.
– Нима ҳақда гапиряпсиз, князь?
– Бутун Шарқда нотинчлик, ғулғула, жумладан, Одарбадағон отабеки Ўзбекнинг ерларида ҳам.
Аваг ишонч билан сўз қотди:
– Одарбадағонда биз, гуржилар ҳукмрон бўлишимиз керак. Ўз юртидан қочиб юрган Жалолиддинга нима бор у ерда? Султонни ҳайдаб юборсак, бутун Одарбадағон бизники бўлади. Биз учун Тавриздан кейин Боғдодга йўл очилади. Эрон ҳамда Ироқда ҳам тартибсизлик. Ҳозир ҳаммага букилмас қўл керак. Боғдодни қўлга киритсак, халифани тахтдан ағдариб, ўрнига насронийлар черкови пешвосини ўтқазамиз. Шарқ ва Ғарбга Гуржистон ҳукмронлигини ёямиз.
Аваг шундай ишонч билан гапирдики, гўё аллақачон Тавриз ишғол этилиб, халифа тахтдан ағдарилгандай эди. Ваче овқатни ҳам унутиб, бутун вужуди билан пуч ғояларини баён этишга берилган Авагнинг гапларини тингларкан, ҳайратини яшира олмади:
– Наҳотки узоқ ҳарбий юриш қилиб, қатор мамлакатларни бўйсундириш мумкин бўлса?!
Аваг овозини янаям баландлатиб гапирди:
– Масофанинг узоқ-яқинлиги мақсадларимизга тўсиқ бўлолмайди. Александр Македонский Ҳиндистонгача борган. Македонский-ку майли, менинг амаким Захария ва отам Иване Хуросон, Казвин ва Ромгур шаҳарларини ишғол этишган. У пайтлари Шарқда ҳозиргидай ғалаёну тартибсизликлар бўлмаган. Бугун эса… Бугун бизнинг қўшинга бардош берадиган куч йўқ. Гуржистон ҳеч қачон ҳозиргидек қудратли, душманлари эса ожиз бўлмаган.
Аваг билан Торели жуда яхши суҳбатдош чиқиб қолди. Чоғирдан кўп истеъмол этишганлариданми, ўзларича дунё муаммоларини ҳал этишарди гўё. Ваче Авагнинг сўзларини тингларкан, унинг опаси – Хлат маликаси Тамтага жуда ўхшашлигини пайқади. Фақат юз тузилиши билан эмас, феъл-атвори, самимияти ва атрофидагиларни ўзига қарата олиши билан ҳам тождор опасига тортган эди у. Ўтириш бошида ийманиброқ турган Ваче меҳмондорчилик охирида атрофидаги аслзодалардан ҳайиқмай қўйди.
Ва ниҳоят лиммо-лим жомни қўлига олиб ўрнидан турган Аваг қадаҳ сўзи айтди:
– Қудратли Гуржистон учун!
У шаробни бир кўтаришда симириб, қадаҳни стол устига ағдариб қўйди.
Вақт ярим кечага етганида суҳбатдошлар кўчага чиқишди. Бутун шаҳар уйқуда эди. Тоғ тарафдан ғир-ғир эсаётган шабада зиёфатда тановул этилган таомлар лаззатидан ҳарорати кўтарилган танага жуда ёқарди. Қуро дарёсининг икки қирғоғида ястанган Тбилиси кафтдагидай кўриниб турарди. Шаҳарнинг дарё атрофига сиғмаётган қисми тоғ ён бағригача кириб борган.
Ой нури ёритаётган Тбилиси кумуш рангда товланиб, у ер-бу ерда узоқдаги гулханлар милт-милт йилтирарди. Метех қоясида қад кўтарган янги сарой ҳам худди шодиёнадагидай ёғду сочиб турарди.
Мухасдзе дўстларига юзланди:
– Русудан янги саройга кўчиб ўтишга шошиляпти. Шунинг учун усталар кечалари ҳам ишлашмоқда. Лекин қурилиш ниҳоясига етиб, майда-чуйда ишлари қолган, холос.
– Тбилисида ҳеч қачон бундай маҳобатли бино қад ростламаган. Ҳатто ўзга юртларда ҳам бунақа кошона борлигига шубҳам бор.
Гочи шоирнинг эҳтиросли нидосига жавоб қайтарди:
– Саройлар-ку, бор. Бироқ буниси бошқача-да. Ҳашаматли, улуғвор қасрлар ҳам бисёр. Лекин меники ҳар томонлама мутаносиб ва маҳобатли. Константинополдаги София ибодатхонаси олдида бизнинг Жвари черковимиз нима бўлибди. Бироқ мен ўзимизнинг шу янги саройни кўрганимда барини унутиб юбораман.
– Ҳа, сен ҳақсан, Гочи, – дея мезбонни қўллаб-қувватлаган Аваг, – Жвари ибодатхонаси Мцхет тоғининг тожидир. Худди шундай сенинг меъморчилигингда бунёд этилган кошона ҳам Метех қоясининг гулчамбари. Қизиғи шундаки, гуржилар ҳалиям шу қояда қад ростлаган тарихий иншоотнинг қадрига етишмаяпти. Назаримда, мазкур қоя асрлар давомида одамлардан тугал меъморий ечимни кутаётганди. Энди шу зарурат барҳам топди. Шаҳар суқилиб кирган тоғ дараси билан ўзига хос меъморий мутаносибликка эришди. Ушбу маҳобатли сарой давлатимиз учун юксалиш, тож-тахт, салтанат тимсолидир.
Суҳбатга киришиб кетган ватанпарварлар бир харсанг устига ўтириб олишди, шу пайт камгап Ваче уларнинг эътиборини шаҳарга қаратди:
– Қаранглар, шаҳар худди рассом чизган суратга ўхшайди. Бу манзарага ҳеч нимани қўшиб ҳам бўлмайди, олиб ҳам. Ҳаммаси жой-жойида. Бир-бирини тўлдириб турибди.
Бошқалар ҳам маҳлиё бўлиб, шаҳарни томоша қилишди.
Сукутни Гочи бузди:
– Мен қаттиқ чарчаган бўлсам керак, баъзан алағ-жалағ тушлар кўраман. Гоҳ ер қимирлаб саройимнинг деворлари бузила бошлайди. Гоҳида Қуро дарёси ўзанидан тошиб, сарой лойқа остида қолади. Дам Тбилисига ўт кетиб, камбағаллар кулбаси, ҳунармандлар устахоналари-ю, шоҳона саройларимиз ёниб кул бўлади тушимда. Додлаб уйғонаману, дарров деразадан қараб, ҳаммаси жойида эканлигини кўриб ўзимга келаман. Баъзан сарой томонга қарашга ҳам қўрқаман. Хаёлимда, худди у булут ёки тонгги туманга ўхшаб кўздан ғойиб бўладигандек туюлади.

Рус тилидан
Нур Аҳмад таржимаси

(Давомини журналдан ўқийсиз)

Ижтимоий тармоқларда ёйиш:
1 Menga yoqdi
0 Menga yoqmadi