(Ҳикоя)
Михаил Алексеевич Зайцевга бағишланади
1
Менинг бир дўстим бор. Ҳурматли одам, катта одам. Исми – Михаил, фамилияси – Куянов. Бироқ катта одамлар ҳам, биламизки, қачонлардир кичкина бола бўлишган. У кичкина бир бола эди ва менинг дўстим эди, шунингдек, у болалар уйи тарбияланувчиси ҳам эди. Уруш туфайли етим қолганда ҳали тўққизга ҳам тўлмаганди. Куяновда икки хислат, икки жиҳат дарҳол кўзга ташланади – тортинчоқлик ва қатъийлик. Гарчи унчалик гапдон бўлмаса ҳам, болалар уйида ўтган дамлари ҳақида сўзлаб беришни яхши кўради: ўша дамлардаги ғамлару қувончлар, турли шўхликлар, бўлиб ўтган воқеа-ҳодисаларни қайғу ва иштиёқ билан эслайди. Қачонлардир ундан эшитган ушбу ҳикояни ҳам мен сизларга сўзма-сўз айтиб бераман.
– Кузнинг аввал бошида Трясогузка лақабли тарбиячимиз – Настасья Тихоновнани қанақадир бошқа жойга ишга ўтказишди. Гоҳида шундай шовқин-сурон кўтариб, қитмирликлар қилардикки, у бўлса бақириб ҳам бизларни тинчлантира олмасди ва бир четга ўтириб йиғлаганича секин: “Оҳ етимчалар, нега бунча бешафқатсизлар-а, – дерди шашқатор ёшларини оқизиб. – Мен ҳам етимликда катта бўлганман, лекин бунақа бағритош бўлмаганман…” Бироқ ўн уч ёшли ўғил болаларнинг, қолаверса, болалар уйи тарбияланувчиларининг қалбини бундай гаплар билан юмшатиб бўлмасди. Уриниб кўришнинг ҳам ҳожати йўқ эди. Негаки, бундай оломон орасидаги раҳмдиллар бешафқатлар ортидан интиларди. Биз Настасья Тихоновна билан хайрлашаётганимизда ҳам ўз билганимиздан қолмадик: изидан тилимизни чиқариб, орқасидан унга бурнимизни кўрсатдик.
Ҳафта ўтмасидан бизларга янги тарбиячи жўнатишди. Мана буни тарбиячи деса бўлади – қараб кўзингни узолмайсан! Кўришимиз билан ҳайратдан қотиб қолдик. Бўйи – Илья Муромецдек. Қалин, тим қора соқоллари юзининг ярмини қоплаган, худди будёновчилар каби! Бошида – лангар билан иккита тасмали соябонсиз шапка. Эгнида матросларнинг қора бушлати, мисдан қилинган икки қатор тугмалари чўғдек ёниб турибди. Кўксида – медаль. Ергача тегиб турган ўнг шалварининг пастидан қоп-қора ботинканинг учлари кўринади. Чап оёғи томонидаги шалвари эса ихчамгина қилиб тепага қайрилган ва ёғоч қистиргич билан қистириб қўйилган. Илгарилари янги ўқитувчи ёки тарбиячи келадиган бўлса, уни бизларга директорнинг ўзи олиб келиб таништирар ва обдан мақтарди. Бу сафар ҳаммаси бошқача бўлди. Эшик очилиб, у синфга кириб келганида дарслар тугаб, биз эртанги кун учун берилган вазифаларни бажариш билан машғул эдик. Дастлаб бақрайганча унга тикилиб қолдик. Кейин бирин-кетин ўрнимиздан қўзғалдик. Шундай амаки ёнингда турганида ўтириб ҳам кўр-чи! У жим, бизлар ҳам тинчиб қолдик. Жимлик анчага чўзилди.
– Эркин, оғайнилар, ўтиринглар, – йўғон овозда ғўлдиради у. Биз, гарчи “оғайнилар” бўлсак ҳам, дарров ўтира олмадик.
– Ўтиринглар, ўтиринглар. Мен сизларнинг янги тарбиячингиз бўламан. Исмим Ялалетдин, фамилиям Кулиев, Ялалетдин Кулиев. Бир оёқли ҳарбий денгизчи. Севастополь остоналарида мина бир оёғимни олиб кетди. Ёшим қирқда. Шундай бўлгач, ёшга кўра мен оталарингиз тенги ёки флотдаги каби айтилганда отахонман. Менинг катта ўғлим Валетдин баҳорда Берлинни олишда иштирок этди, ҳозир ўша ерда хизмат қиляпти. Сизлардан сал каттароқ.
Бундан ҳайратландик. “Қанийди, мен ҳам Валетдинга ўхшаб барча фашистларни қириб, Берлинни қамал қилолсам!” – дея ич-ичимдан ҳавасим келди. Янги тарбиячимиз бироз жим бўлиб қолди, сўнг қўшиб қўйди:
– Яхши ишлар учун мақтайман, айб иш қилсаларинг, уришаман. – Яна бироз жим туриб қолди, сўнг қўшиб қўйди: – Ҳай ма-а-айли…
Билмадим… шу пайтгача кўп нарсани унчалик фарқламасдик, ҳамма нарса учун бир хил гап эшитардик – сўкиш, гоҳида мушт ҳам тушиб қоларди. Биз ўзимиз ҳам яхши деб ўйлаганларимизнинг барчаси охири шумлик бўлиб чиқарди. У оёқларини тақиллатганича бутун синф бўйлаб ўтди-да, ойна олдидаги табуреткага бориб ўтирди.
– Мен бу ерда жимгина ўтириб тураман, сизлар эса ҳовлиқмасдан, шошилмасдан дарсларингизни тайёрланг. Барча вазифаларни бажариб бўлганингиздан кейин менда бир таклиф бор. Қанақалигини ҳозирча айтмайман. Ҳарбий сир.
Биз ишга киришдик. Бундай пайтларда “Трясогузка” бизларга дарҳол бирон-бир қизиқарли китобни тиқиштирарди. Буниси эса шунчаки ўтирибди. Фақат унда-бунда бизга қараб қўяди, лекин кузатмайди, текширмайди. Шунчаки қараб қўяди, бўлди. Олдингизда ҳарбий сир кутиб турган бир пайтда шошилмаслик қийин, албатта, лекин ҳечқиси йўқ, сабр қиламиз, шошилаётганимизни сездирмаймиз.
Синфимиз атамани ғилай Гарибальдигина тушкун аҳволда. Унинг асли исми Мухтор. Барчамизни қаттиққўллик билан тутиб туради. Биз секин-секин шивирлаб, унга вазифаларни бажариб бўлганлигимизга ишора қиламиз, у эса индамасдан қимирламай ўтирибди. Бахиллик қиляпти, ярамас. Сабримизни синаб кўряпти. Бизларни қийнашни яхши кўради. Лекин каллали бола у. Кўзингни юмиб очгунингча у барча вазифаларни бажариб бўлади.
Ва ниҳоят ғилай кўзли атаманимиз ўрнидан турди, ўгирилиб бутун синфга қаради, сочлари кал қилиб қириб олиб ташланган ўттизта каллага кўз югуртиргач, деди:
– Вазифаларни бажариб бўлдик. Сизга кўрсатайликми?
– Яхши, тайёр бўлса жуда яхши. Кўрсатишларинг шарт эмас. Бугунча сизларга ишонаман.
– Биз ёлғон гапирмаймиз, – деди Гарибальди. – Бизда ёлғон йўқ. Ёлғончининг қулоғи синсин.
– Худди флотдагидек, – қўшилди тарбиячимиз. – Ёлғончини тутиб олиб, ҳамма унинг қулоғидан тортади. Ҳай, ма-а-айли. Бизда, менимча, бунчаликкача бориб етмаса керак. Энди ҳарбий сирга қулоқ тутинглар. Ҳаво очиқ, кун илиққина, – деганича ойнадан ташқарига тикилди. – Қаранглар, ўргимчак тўрлари ҳавода қандай учиб юрибди. Кечки овқатгача вақтимиз бор. Агар хоҳласаларинг, ўрмонда бироз сайр қилиб келардик. Шунга нима дейсизлар?
Ўрмон нима экан, бизга ҳатто кўчага чиқишга ҳам рухсат берилмайди. Юқори синфдаги қайсидир ўқувчи нимадир қилиб қўйибди, унинг бадалини барча баравар тўлаяпти.
– Ур-ра, ўрмонга борамиз! Ур-ра! – ҳаммадан аввал баланд овозда қичқириб юборди Айтимер. У, менимча, кичиклигида ўрмонга кўп борган, шунинг учун ҳаммадан кўпроқ қувоняпти.
– Унда нарсаларингизни йиғиштиринглар, йўлга тушамиз.
Ўша йилларда шаҳар тугаши билан эман ва жўка дарахтлари аралаш ўсиб ётган ўрмонзорлар бошланарди, барча жарликлар ўтиб бўлмас буталар билан қопланган бўларди. Биз ўзимизга яқин ўрмон томонга йўл олдик. Ҳаво очиқ, осмон тиниқ. Рангпар нурлар сарғайиб қолган ўтларнинг учларида ўйнайди. Шамол тугул шабада ҳам йўқ, тарбиячимиз айтган ўргимчакнинг ялтироқ тўри ҳавода узоқ чайқалиб туради. Ёғоч оёқларини оғир кўтарганича бизнинг чўлоқ баҳодиримиз илдамлайди. Бизлар эса унинг гоҳ ўнг ёнида, гоҳ чап томонида юрамиз, гоҳо олдинга қараб чопамиз. Унга яқинроқ боргим, нимадир сўрагим, нимадир дегим келади, бироқ нима деб мурожаат қилса, уни қандай атаса бўлади?
Мен ўзимизнинг “етимлар уюшмаси”да энг кичкинасиман, бироқ фронтга кетган отамни яхши эслайман. “Ота” сўзи тилимнинг учида айланади, мана уни қандай атаса бўлади! Айтсам ҳам бўларди, лекин Гарибальдидан олдин айтишга ҳаддим сиғмайди.
Ўрмонга келганимизда матрос бизларга қараб:
– Бир-бирингизга қараб юринглар, ўрмон – нима бўлганда ҳам ўрмон, – деди. Кейин Мухторга юзланди: – Исминг, фамилиянгни айт.
– Мухтор Ишбулдин Гарибальди. Лақабим китобдан олинган.
– Сен, Мухтор Ишбулдин Гарибальди, барчани ўз назоратингга ол. Эътирозлар йўқми? Ҳай ма-а-айли.
– Майли, оламан… Ялалетдин ота, – журъатсизгина жавоб берди у.
Ичимдан бир қалтироқ ўтди: мана уни қандай аташ керак! Шундан кейин ҳар томондан тинимсиз “Ялалетдин ота”, “Ялалетдин ота” дейилгани эшитила бошлади.
Шомга қадар ўрмонда бўлдик. Югурдик, бақирдик, курашдик, қурбақадек қурилладик, қувлашмачоқ ўйнадик, хумордан чиққунимизча копток орқасидан чопдик, эман шохларига осилдик. Чўнтакларимизни чўчқаёнғоқлар билан тўлдирдик. Энг кўп қизил рябиналарни тўпладик. Айтимер буталар орасидан қушнинг кичкинагина уясини топиб олди. Нима хоҳласак, шуни қилдик. Ҳеч ким бизга: “Бўлди!”, “Етар!”, “Бундай қилманглар!” демади. Ялалетдин ота ағдарилган бир эман устида ўтирар ва бизга қараб жилмаярди, худди биз озодликка чиққанимиздан қувонган каби. Мен ўйин билан андармон бўлиш баробарида уни зимдан кузатар ҳам эдим. Шундай яхши кунда мен билан боғлиқ кўнгилсизлик юз берди: дарахтдан сакраётганимда шохларга кўйлагим илиниб қолди ва кийимларим йиртилиб кетди.
Кўзим жиққа ёшга тўлганича Ялалетдин отанинг олдига келдим. Биламан: бундай кўнгилсизлик учун калтак еб қолиш ҳам ҳеч гап эмас. У менинг тақир бошимни силаганича сўради:
– Бу болакай ким экан?
– Миша Куянов, – деганча йиғлаб юбордим.
– Хафа бўлма, Миша Куянов. Кўйлагингни шундай тикамизки, олдингисидан ҳам яхшироқ бўлади.
Соябонсиз шапкасини ечиб, чўнтакларини ковлай-ковлай қаердандир қора ип ўтказилган катта игнани олди, ёғоч оёғини олдинга чўзиб, майин овозда секингина деди:
– Кўйлагингни еч, деди – ва шу заҳоти йиртилган жойларини тикиб ташлади. – Мана. Олдингисидан ҳам яхшироқ бўлди. Сен эса йиғлаб ўтирибсан…
Ростдан ҳам ҳатто чок ўринлари ҳам билинмайди.
Бошқа кўнгилсизлик содир бўлмади. Шундай қилиб, югуриб, сакраб уйга қайтдик.
Эртаси куни бизга шундай хабар етиб келди: директор “тартиб-қоида ва интизомни бузганлиги”, яъни бизларни ўрмонга олиб борганлиги учун Ялалетдин отага ҳайфсан берибди. Ялалетдин отага-ку фарқи йўқ бўлса керак, парвойига ҳам келмайди. Тўғриси, директордан қўрқмаса керак. Директоримиз чигирткадек бўлса, адмирал ота бир чертади – шу билан йўқ бўлади. Кейин қаердадир оёқларини тепага қилганича чириллаб ётади.
Рус тилидан Нигора Ўролова таржимаси
(Давомини журналдан ўқийсиз)
2022/10