СИР (СЎФИЙЛИК ҲАҚИДА СУҲБАТЛАР)

Osho_falsafasi

Тўртинчи савол:
– Ошо, сўфийлар “адаб” деб атаган нарса ҳақида батафсилроқ гапириб берсанг. Бу нима, “тариқат”, яъни муршид тарбияси воситасида мурид моҳиятига айланиб, унинг кундалик ҳаётидаги ҳар бир хатти-ҳаракатида акс этувчи усулми?
– Ҳа, адаб бу – тариқат, усул.
Адаб бу – шундай бир чексизлик ибтидосидирки, уни англашга ақл мутлақо ожизлик қилади.
Адаб бу – улуғ абадий зиёрат учун қўйилган биринчи қадам.
Пир билан бирга бўлмоқ – Аллоҳ билан бирга бўлмоқ дарсидир. Шунинг учун ҳам асрлар давомида муршидга мурид ва Худо ўртасидаги кўприк деб қарашган. Бу ғоят муҳим рамзий маънога эга. Бу – метафора.
“Метафора” жуда ажойиб сўз. Мета дегани “юксак, етиб бўлмас”, фор эса “бориш”: метафора сизни беҳадликлардан олиб ўтиш маъносини англатади. Пир бу – метафора: у сизни ўз чегараларингиздан нарига олиб ўтади. У фақат ибтидо, кўприкдир.
Пир билан бирга бўлмоқ – Аллоҳ билан бирга бўлмоқни ўрганиш демакдир.
Аллоҳни кўриб бўлмайди, устозни эса кўриш мумкин. Аввал кўри­нувчидан таълим олиб, сўнгра кўринмовчига ўтган маъқулроқ.
Сиз ҳеч қачон болалар китобларига назар солганмисиз? Болалар учун биз катта ва чиройли суратлар чизишимизга тўғри келади. Сўзлар эса кам бўлиши зарур. Агар болани М ҳарфига ўргатмоқчи бўлсангиз, манго суратини жозибали ва бўёқдор қилиб чизишингиз лозим. Боланинг М ҳарфи билан иши йўқ, чунки у бола учун мавҳумот – унинг болага қандай аҳамияти ҳам бўлсин. Бироқ манго уни албатта қизиқтиради. Бу чиройли, мангони кўриб, боланинг оғзига сув келади. Шу тарзда биз болага манго орқали М ҳарфини ўргатамиз. Манго метафорага айланади. Сўнгра расмлар секин-аста камая бориб, охири бутунлай йўқолади. Шунда М ҳарфи ўзидан-ўзи ишлай бошлайди. Энди болага М ҳарфини эслатиш учун мангони кўрсатишга ҳожат қолмайди.
Устоз ҳам худди шундай – уни кўз билан кўриш мумкин, Аллоҳни эса кўз билан кўриб бўлмайди. Кўринмовчига нисбатан адабни ўрганиб бўлмайди – сиз адабни кўринувчидан ўрганишингиз керак. Сиз пирни яхши кўриб қоласиз, Аллоҳни эса яхши кўриш жуда мушкул. Энг аввало, У қаерда ўзи? У қанақа? Борми Ўзи ёки йўқми? Аммо пир бор, у мана, қаршингизда, сиз уни яхши кўриб қоласиз-у, шу туйғунинг ўзидан руҳингизга файзу баракот ёғилади. Муҳаббат доимо файзу баракот олиб келади. Мана шу файзу баракот адаб демакдир.
Пирни яхши кўрсангиз, ўзингизни ўзгача тутасиз. Севги ўзни қандай тутишга ўргатади. Бу ўринда гап бирор мажбурий интизомда эмас. Агар сизни бирор ишга мажбур қилишса, демак, сиз пир ҳузурида эмассиз. Йўқ, адаб севгингизнинг бир қисми, юрагингизнинг бир қисми сифатида ўсиб чиқади. Сиз устозни шунчалар яхши кўрасизки, унинг ёнида бўлган пайтингиз, шу заҳоти сукутга кетасиз, сизни қувонч қамрайди. Руҳингизда ажойиб нафосат пайдо бўлади. Бирдан бутун ташвишларни, барча ўтмиш хотиралари-ю келажак режаларини унутасиз. Бир неча дақиқага бошқа дунёга кўчиб ўтасиз.
Бу – ибтидо. Аммо аста-секин бу сизнинг қалбингизда шу қадар чуқур илдиз отади-ки, энди пир сизнинг олдингизда бўлишига ҳожат қолмайди. Ҳар сафар, қаерда бўлманг, устозни эслаб, ўша дунё, ўша кенгликка тушиб қоласиз. Шунда аста-секин пирни эслаш зарурияти йўқолади. Бу хотира бамисоли нафас олишингиздай бир нарсага айланади – у латиф ҳолда доим сиз билан бирга бўлади. Шунда сизнинг бутун ҳаётингизга гўзаллик ва файз киради. Шунда сиз нафақат пир ҳузурида, балки ким билан муомала қилманг, барчасининг олдида ҳам ўзингизни гўзал ва тўғри тутасиз – бозорда ҳам, офисда ҳам, заводда ҳам – қаерда бўлманг, ҳамма ерда ва ҳамма билан. Пир сизнинг туб моҳиятингизга айлангач, сиз энди доим унинг даргоҳида бўласиз. Бу муомала аста-секин дарахтларга, тоғларга, осмонга ва юлдузларга ҳам кўчади. Бу сизнинг тавҳидга етишишингиз ибтидоси бўлади – аста-секин, қадам-бақадам, бир кун шунга гувоҳ бўласизки, на пир бор, на толиб… фақат Аллоҳ қолибди, холос!
Адаб бу – муайян интизом, бироқ у сизни тўлиқ жунбушга келтиради. Бу тариқат, усул – усул бўлгандаям буюк усул.
Адабни фақат муҳаббатли кишилар англайди. Уни фақат садоқатли толиб бўлган киши англайди. У фақат муҳаббатнинг кўзи олдидагина намоён бўлади, холос.
Бу шунчалар қийин илғанувчи кечинмаки, агар сиз устоз ҳузурига ўз ақлингиз ва билимларингизга тўлиб-тошиб келсангиз, уни пайқамай қолишингиз муқаррар. Бу шунчалар нозик ҳиссиётки, унга юрагингиздан жой бермагунингизча таъмини билолмайсиз.
Шунинг учун ҳам ҳар бир устоз охир-оқибат фақат ўз шогирдлари билангина яшашга қарор қилади. Чунки бу одамларга Худони танитишнинг ягона йўли. Пирни оломон қизиқтирмайди. Унга шунчаки қизиқувчиларнинг кераги йўқ. Пирни ўз ҳузурида фано бўлувчилар, ўз муҳаббатида ғарқ бўлувчилар қизиқтиради, холос.
Сиз пир даргоҳида адабни эгаллайсиз. Шу сукут адабнинг ўзгинасидир.
Юрагингиз пирнинг юраги билан ҳамоҳанг уриши, устоз нафаси билан бир моромда нафас олишингиз бу – адабдир (…)
Бугунга шунинг ўзи етар.

19- боб

ЧЕКСИЗ САБР

Бир аёл Жаннат меваси ҳақида эшитиб, уни қўлга киритишга аҳд қилибди.
Аёл бир дарвешдан сўрабди, дарвешни биз Сабр деб атай қоламиз:
– Бир ондаёқ ҳамма илмни эгаллаб олиш учун мен шу мевани қандай топсам бўлади?
– Сен яхшиси мен билан қолиб, илм эгалла, – деб жавоб берибди дарвеш. – Агар маслаҳатимга кўнмасанг, унда тиним билмай, ҳордиқ олмай, жидду жаҳд билан дунё кезишинг лозим бўлади.
Аёл Сабрни тарк этибди-да, Орифи номли бошқа дарвешни топибди, сўнг Ҳаким, Мажид, ундан ҳам кейин Олимга борибди, яна бир қанчаларни топибди…
Шу тариқа аёл ўттиз йилни қидирувда ўтказибди. Ниҳоят аёл бир боғга етиб келибди.
Боғда Жаннат дарахти ўсар ва унинг шохида жаннат меваси осилиб турар экан.
Дарахт ёнида эса ўша илк учратган дарвеши – Сабр турармиш.
– Нега биз илк бор учрашганимизда, сен бу меванинг қўриқчиси эканингни айтмадинг? – деб сўрабди аёл.
– Чунки сен менга ишонмаган бўлардинг. Бундан ташқари, дарахт ўттиз йилу ўттиз кунда бир марта мева беради.
Ўтган замонларда Италиянинг бир қишлоғида камбағал одам яшаган экан. У ҳаёт сирини билгиси келиб, эрта-ю кеч тинимсиз ишлаб, пул йиққач, Ҳимолайга бориб, Гуруни топмоқчи бўлибди. У бетиним ва қаттиқ тер тўкиб, йигирма йил деганда саёҳатга пул йиғибди.
Икки ҳафта кемада сузибди, лекин қўққис тўфон кўтарилиб, кема ғарқ бўлибди-ю, у кимсасиз оролга тушиб қолибди. Кейинги йигирма йилни шу оролда ўтказибди, кейин бир баржа уни қутқариб Бомбейга олиб бориб қўйибди. У Бомбейда самолётга ўтирибди – кема ғарқ бўлганида бир қисм пулларини сақлаб қолган экан.
Самолётда уни террорчилар гаровга олишибди. Сўнгра террорчилар дашту биёбонга қўйиб юборишибди. У бир қишлоққа етиб олиб, Ҳимолайга борадиган автобусни кутибди. Бир неча ойдан сўнг автобус келиб, уни Ҳимолай этагига элтиб қўйибди. У пиёда йўл юриб, йўл юрса ҳам мўл юриб, Гуру яшайдиган ғорга етиб борибди.
Ниҳоят у Гурудан ҳаёт сири ҳақидаги саволига жавоб сўрабди.
Гуру дебди:
– Ҳаёт бу – дарё.
Ҳалиги одам жаҳлдан қўлини тўлғаб, Гуруга бақириб берибди:
– Мен сенинг олдингга эллик йил йўл юриб келдим. Эшакдек ишлаб, пул тўпладим. Кемада ғарқ бўлдим, қароқчилар қўлига тушдим, дашту биёбонда кездим, сен бўлсанг менга ҳаёт бу – дарё деб ўтирибсан!
Гуру жавоб берибди:
– Ростдан ҳам шундай-ку!
Ҳаёт ечиш лозим бўлган масала ёки топишмоқ эмас. Ҳаёт бу – сир, уни севиш ва бошдан кечириш лозим. Ва бу сир жуда олисда эмас, у мана шу ерда, шу тобда. Бу сир яшамоқнинг ўзи, шунинг учун ҳам Гуру: “Ҳаёт – бу дарё” деб жавоб берган.
Гуру бу жавобни берганида балки дарё олдида ўтириб, унинг оқишини томоша қилаётгандир. Шу пайтда унинг онги дарё билан тўлган, унинг онгида дарёдан бўлак ҳеч нарса бўлмагандир.
Бошқа устоздар сўрашибди: “Ҳақиқат нима?” У: “Ҳовлидаги сарв дарахти”, деб жавоб берибди. Шу тобда у ҳовлидаги гўзал сарв дарахтига қараб ўтирган ва бу дарахт унинг учун бутун дунё бўлиб кўринган бўлса ажабмас. Шу лаҳзада у сарв дарахти билан тўлиб-тошган, ўша онда унинг учун сарв дарахтидан бошқа барча нарса йўқолган.
Яна бир устоз чой ичиб ўтирганида ундан сўрашган: “Ҳаёт нима?” У жавоб берган: “Бир пиёла чой”.
Бу жавоблар улкан аҳамиятга эга. Юзаки қараганда, улар муҳим бўлиб кўринмайди. Албатта бу жавоблар, эллик йил тинмай азоб чекиб, бу саволга жавоб ахтарган кишини жунбушга келтиради. Шуям жавобми? “Ҳаёт бу – дарё”, “Ҳовлидаги сарв дарахти”, “Бир пиёла чой”. Бу жавоб нафақат эллик йил овора бўлиб келган одамни, бошқа ҳар қандай кишининг ҳам фиғонини фалакка чиқаради. Лекин бу жавоблар ниҳоятда гўзал.
Жавоб – мана шу лаҳза, қандай бўлишидан қатъи назар, шу лаҳзадир. Бошқа жавоб йўқ. Шу лаҳзанинг борлиги – жавоб. Ҳақиқат доимо шу ерда ва шу тобда. Лекин “шу ерда ва шу тобда” деган ҳақиқат эгони сира қониқтирмайди. Эго бирор мушкулроқ ҳақиқатни истайди, у мушкулотлардан ўсиб чиқади. Эгонинг даъво-иддаолари ғоят катта. Агар ҳаёт бир пиёла чой бўлса, унда сизнинг эго ўзига қаердан мустаҳкам асос топсин?! Ҳаёт ҳовлидаги сарв дарахти бўлса, унда сиз қандай қилиб улуғ авлиё бўласиз? Унақада эго учун ҳеч қандай нажот қолмайди, унинг йўқолишига тўғри келади. Агар ҳақиқат шунчалар жўн, аниқ бўлса, эго учун озуқа қоладими! Унинг озиқланиши учун ҳеч нима қолмайди.
Устоз: “Ҳаёт бу – дарё” деганида ўша одамни оёқлари тиралиб турган заминдан мосуво қилган. Ўша киши фавқулодда муҳим бирор нарсани – қандайдир кароматни, Арши Аълодан тушаётган Худони, кўз олдида жилваланувчи ёрқин, чексиз шуълани, қалб кўзи бирдан очилиб кетишини – бирор мўъжизани кутган.
Гуру эса барчага маълум гапни: “Ҳаёт бу – дарё” деган гапни айтяпти! Агар сиз фикрга чўмиб, бу сўзлар моҳиятига кирсангиз, гувоҳ бўласиз-ки, Арши Аълодан тушиб келаётган Худо ҳам, кўзингизни қамаштирувчи ёрқин, чексиз нур ҳам, ҳайратомуз, ёрқин руҳий кечинмалар ҳам – буларнинг бари, аслида, болалар ўйини, эго ўйнайдиган ўйинчоқлардир.
Ҳақиқий дин оддий ҳақиқатлардан иборат бўлади. Оддий, кундалик ҳақиқатлар – сирнинг айни ўзидир. Одатийлик, яъни шу вақтгача сиз билан бирга бўлган, ҳозир ҳам сиз билан бирга бўлаётган ва бундан кейин ҳам сиз билан бирга бўладиган ҳақиқатлар Худодир.
Сиз билан Худо ўртасида ҳеч қандай масофа йўқ. Сизнинг бирор қадам босишингизга ҳожат ҳам йўқ.
Агар сиз шу ҳақиқатни тушунсангиз, сиз бутун динлар, барча илоҳий китоблар моҳиятини англаб етасиз.
Лекин эго бунга рози бўлмайди, қаршилик кўрсатади. Эго ҳеч қачон оддий нарсалар билан қизиқмайди, чунки оддий нарсалар узра қад кўтара олмайди. Вазифа қанча оғир бўлса, эгога шунча яхши. Шунинг учун ҳам динлар ортиқча қийинчиликлар билан қизиқа бошлади. Буларнинг номини риёзат, зоҳидлик деб аташди – бироқ аслида улар эго учун озуқадир. Бу машаққатлар ҳеч қачон ҳақиқатни билишга ёрдам бермаган. Аксинча, ҳақиқат йўлидаги тўсиқлар бўлган.
(…) Эго энг юксак даражада қийин бўлган ниманидир истайди, чунки сиз унга эришганингизда, бу сиз учун алоҳида имтиёз берсин – бунга фақат сиз эришдингиз, бошқа ҳеч ким эмас. Эго ҳақиқат Эверест чўққисига чиқиш ёки Ойга саёҳат бўлишини истайди. У шунчалар муҳим бўлиши керакки, бу ҳақда сиз оламга жар сола олинг. Шу туфайли ўзингиз жуда муҳим шахсга айланинг.
Оқибатда дин бора-бора садомазохизмга айланди. “Ўзингни қийноққа сол – қанча кўп қийноққа солсанг, сен шунча диндор бўласан”. Ўзини қийноққа солиш ва бошқаларни ҳам бунга ўргатиш икки карра паталогия, икки карра хасталикдир. У мазохист, чунки ўзини қийноққа солади, у садист, чунки бошқаларни ҳам бунга ўргатади (…)
Пир сизга ўргатаётган дин соғлом одамга мўлжалланган. Бу ўз эгосига қониқиш изламаган кишиларга аталган дин. У оддий, мутлақо оддий бўлишга тайёр одамлар учундир. У оддийлик ичида сингиб, йўқолиб кетадиганлар учундир. У мана шу “лаҳза”, айни шу ажойиб “ҳозир”да ўз уйини қура олишга шай турган, ҳеч қандай жаннатга ошиқмаётган, умуман, ҳеч нарсага интилмаётган – нариги дунё ҳақида, олтин тахтдаги илоҳ ҳақида орзу қилмаётган кишилар динидир.
Бу дин Худо бутун Тирикликни ўзи билан тўлдирганига ишонганлар динидир – У қушлар сайрашида, дарахтларнинг кўм-кўк япроқларида, шабнам томчиларида, қуёш нурларида, сизда, менда, ҳамма ёқда; кимнинг Худоси Ҳаётдан ва Тирикликдан ажралмаган бўлса, кимнинг Худоси бир пиёла чойда, ёнингиздан оқаётган дарёда ёки ҳовлидаги сарв дарахтида тажаллий эта олса, ана шундай кишилар динидир.
Бу шаккоклик эмас (…) Бу шу вақтга қадар зикр қилинган энг муқаддас ҳукмлардан биридир.
Бу тушунилиши зарур бўлган туб ҳақиқатлардан биридир. Агар сиз уни тушуна олсангиз, мана бу ажойиб ривоятни осонгина таҳлил қила оласиз.
Бир аёл Жаннат меваси ҳақида эшитиб, уни топишга аҳд қилибди…
Ҳар бир сўз мағзини обдон чақишга интилинг.
Бир аёл Жаннат меваси ҳақида эшитиб…
Диндор бўлган жуда кўп одамлар бирор хабар орқалигина диндор бўлганлар. Уларнинг хатоси айнан мана шунда: энг бошидан нотўғри йўлга қадам қўйганларида.
Агар сизни ўз ҳаётингиз диндор қилса, бу мутлақо бошқа гап. Агар ҳаёт тажрибангизнинг ўзи сизнинг ботинингизда ҳақиқатни излаш ниятини пайдо қилса, бунда гўзаллик мавжуддир. Бироқ сиз атиги одамлар Худо ҳақида, жаннат ҳақида, имон ҳақида айтган гапларини эшитганингиз учун, уларнинг асрлар бўйи давом этиб келаётган ўгит ва даъватлари сабаб, миллионлаб китоб ва муқаддас битиклар, шунингдек, черковлар, синегоглар, масжидлар борлиги-ю ҳали болалик чоғларингиздан сизнинг қулоғингизга Худонинг, жаннатнинг борлиги ва Уни излашингиз лозимлигини қулоғингизга қуйишгани боисгина художўй бўлган эсангиз… Агар шу тарғиботлар сабабгина Худони ахтаришга киришган бўлсангиз, сизнинг изланишларингиз аввал-бошданоқ мағлубиятга маҳкумдир. Сиз аллақачон нотўғри йўлдан кетмоқдасиз. Бу сизнинг ўз йўлингиз эмас, бировдан қарз олинган йўлдир. Бу қалбингизнинг ҳақиқий истаги эмас, у фақат сизнинг миянгиз маҳсули, холос. У тасодифан пайдо бўлган, чунки уни сизга буюришган. Агар буюришмаса, бу ҳақда қайғуриб ўтирмасдингиз. Ўзингиз ҳам буни кўришингиз мумкин (…)
Сиз эшитганингизга асосланиб изламанг, ҳис қилганингизга асосла­ниб изланг. Наҳотки сиз яшашнинг, борлиқнинг гўзаллигини, сирли эканлигини ҳис қила олмасангиз? Наҳотки сиз Тирикликнинг гўзаллиги ва сирини ўзингиз ҳис қилолмасангиз? Наҳотки сиз Тирикликнинг бу юксак поэзиясини қалбингиздан ўтказа билмасангиз? (…) Буларни ҳис қилиш учун бирор муқаддас китобга мурожаат қилишингиз зарурми?.. Наҳотки ўзингиз кўрмаётган бўлсангиз? Наҳотки кўриш учун кўзингиз, эшитиш учун қулоғингиз, ҳис қилиш учун юрагингиз йўқ бўлса? Унда бу оламда нима қилиб юрибсиз?
Сизга нима бўлган? Сиз яшаяпсизми-йўқми?
Тирик одам бу – ҳаётни кузатиб, унга гувоҳ бўлаётган – нафақат ҳаёт, балки гувоҳга ҳам гувоҳ бўлаётган одамдир. Шунда буюк савол туғилади: “Буни ҳаммаси нима аслида?” Бу савол бировдан қарз олинган, бировдан эшитиб олинган савол эмас. У сизнинг ҳаётингизнинг қоқ мағзидан, энг тубидан, гўё уруғдан ниҳол униб чиққандек ўсиб чиқади. Бу ўринда савол сохта эмас – бу чинакам атиргул. Фақат чинакам атиргулдагина ҳақиқий ифор бўлади.
Бир аёл Жаннат меваси ҳақида эшитиб қолибди…
Аёл атиги эшитган, холос, агар сиз бирор нарса эшитсангиз, сиз унинг нотўғри эканини албатта тушунасиз.
Ахир, “Жаннат меваси” – бор-йўғи метафора. У бу ҳақда сўзлашнинг бир усули, поэтик усули. Юксак ҳақиқатларни сўзлар билан ифодалаб бўлмайди. Уларни ифодалашга ҳеч қандай сўзнинг кучи етмайди. Шунинг учун ҳам метафора ишлатишга тўғри келади, ўхшатишдан фойдаланишга эҳтиёж туғилади – токи сизга озроқ бўлса-да, ишора берилсин, токи сиз озроқ бўлса-да, тушунча ҳосил қилинг. Сизга ҳақиқатни тўппа-тўғри кўрсатиш жуда қийин ва шунинг учун бундай усулларни ихтиро қилишга тўғри келади. Ривоятлар, ҳикоятлар айтишга тўғри келади, чунки ривояту ҳикоятлар ҳеч бир фикрни тўппа-тўғри айтмайди, улар фақат нозик ишоралар қилади, холос.
“Жаннат меваси” қандай маъно англатади? Агар сиз бу бирикмани бировдан эшитган бўлсангиз, у сиз учун шунчаки “Жаннат меваси” ва сиз бирор мева ҳақида ўйлай бошлайсиз. Лекин бу мева эмас, мева бериш тимсоли. Мева рамз ўлароқ мева беришни ифодалайди. Умуман, мева уч нарсанинг тимсоли: мева бериш, гуллаш ва ифор сочишнинг. Агар шу уч нарса – мева, гул ва ифор бирга мавжуд бўлса, тўртинчи нарса – рўёбга чиқиш юзага келади. Мана шу ҳақиқий мақсаддир.
Лекин сиз “Жаннат меваси” тимсолининг маъносини аниқламоқчи бўлсангиз, уни қандай қилиб топасиз? (…)
Бироз ақллироқ бўлинг. Кўпроқ ўз қалбингизга ишонинг. Бу ажо­йиб метафорани ўзингиз таҳлил қилинг, унинг устида яхшилаб ўйлаб кўринг (…)
Бировларга, эшитганларингизга ишонманг. Бировларнинг берган хулосаси ўз кучини йўқотади, қалбакига айланади. У мен учун ҳақиқий бўлиши мумкин, лекин уни сизга бераётган чоғимда у қалбакига айланади. Узатилиш жараёнининг ўзида у ўз ҳаққонийлигини йўқотади. Мен учун у ҳақиқий гул эди, бироқ сизга ўтиши ҳамоно у сунъий гулга айланади.
Бу тил муаммоси, бу улкан муаммо. Ҳамма даврларда дунёнинг барча мистиклари унга тўқнаш келган. Тил моддий оламни ифодалаш учун жуда қулай, лекин у руҳий оламни ифодалашга сира ярамайди.
Аммо бу воқеликни бировларга етказиш учун қандайдир усулларни топиш керак-ку! Ривоят ва ҳикоят бу борада жуда нозик усуллардир. Ҳикоят мўлжалга тўппа-тўғри урмайди, у фақат сизнинг қалбингизда бир жараённи солиб қўяди. У сизга қаттиқ зарба берувчи тош мисоли эмас. У гул ифорига монанддир, у сизгача бориб етади-да, сизни ўраб олади, сизни эркалайди.
Бировнинг ҳақиқатига ишонганингиз ҳамоно сизда унга эгалик қилишга иштиёқ туғилади.
Лекин ҳақиқатга эгалик қилишни исташ нораво. Ҳақиқатга эгалик қилмоқчи бўлган одам унга ҳеч қачон етиб боролмайди.
Ҳақиқат – мол эмаски, унга эгалик қилинса… Ҳақиқат биздан ташқарида эмаски, биз уни қўлга олсак. Ҳақиқат – бизнинг ўз ичимизда гуллаётган алланима, биз уни бировдан ололмаймиз. Агар сиз ҳақиқатга етишган бўлсангиз, бу пулга эга бўлгандек эмас, гўё уни биров йўқотса-ю, сиз топсангиз (…)
Ҳақиқат – миқдорий тушунча эмас, ёдда тутинг, у – сифатий тушунча.
Агар мен Ойнинг гўзаллигини кўрсам, бу мен унинг гўзаллигидан бир миқдорини олиб қолдиму, энди ҳеч ким унинг бу гўзаллигини кўролмайди, чунки мен уни ўзимники қилиб олдим, дегани эмас. Ойни гўзаллиги – сифат! Миллионлаб одамлар бу гўзалликни кўриши мумкин. Бу ерда ҳеч қандай рақобат ёки баҳс бўлиши мумкин эмас. Аксинча, Ойнинг гўзаллигидан қанча кўп одам завқланса, у шунча чиройли бўлиб бораверади.
Дарҳақиқат, бу нафосат мезонлари асосида яшовчи кишилар – шоирлар, рассомлар амалга оширган жуда муҳим кузатув: шоир Ой ҳақида шеър ёзганида, у Ойнинг ўзига пинҳон қолган шундай гўзаллигини очадики!.. Бу гўзалликни энди жуда кўплаб одамлар кўра олади ва уларнинг ҳиссиётчанлиги ортади.
Қуёш қандай чиқишини ҳамма кўрган, лекин сиз Винсент Ван Гог чизган қуёш чиқиши, унинг тушда қиёмга келиши ва шомда ботишини кўрсангиз, албатта ҳайратда қоласиз: у қуёшни ўзгача нигоҳ билан кўради. У қуёшни шу қадар телбаёна севганки, ҳеч ким уни ҳеч қачон бундай севган эмас. У бир йил давомида қуёш ва фақат қуёш расмини чизган, у шунча вақт фақат қуёш жазирамасида турган. Жуда иссиқ бўлса-да, у қуёшни ҳар хил кайфиятда муҳрлашга интилган. Ва у қуёшни барча кайфиятлари, барча ғаройиботлари, барча ифодалари билан муҳрлай олгану, бироқ ўзи ақлдан озган. У бир йил давомида қуёшга тикилганча, жазирамада турган – шу қадар иссиқ бўлганки, у бунга дош беролмаган. Унинг қуёшга муҳаббати шу қадар кучли бўлганки, оқибатда уни деб ақлдан озган.
Ван Гогнинг қуёш тасвирланган расмларини кўриб, сиз биринчи бор қуёш гўзаллигини англайсиз. Шундан сўнг қуёшга боққанингизда шуни англайсизки, Ван Гог нигоҳининг бир парчаси сизнинг қалбингизга ҳам кўчибди.
Табиат уни куйлаган шоирлар туфайли янада гўзаллашади. Табиат уни тасвирлаган рассомлар туфайли янада гўзаллашади. Табиат кўплаб одамлар унда гўзалликни кўргани ва бу бизнинг жонимизга сингиган меросга айлангани учун ҳам янада гўзаллик касб этган.
Ҳақиқат пулга ўхшамайди, у гўзаликка ўхшайди.
Бу гўзалликни қанча кўп одам кўрса, у шунча одатий бўлиб бораверади. Уни қанча кўп одам ўзлаштирса, улар ортидан янада кўпроқ одамлар ўзлаштиради.
Масала уни “ўзиники қилиб олишишда” эмас.
Лекин у аёл Жаннат меваси ҳақида энди эшитди, унга Жаннат меваси дараги энди бориб етди. Бу аёл энди ўзини, ҳойнаҳой, жуда бахтсиз, хафа ҳис қилаётган бўлса керак: “Ҳамма унга эришибди-ю, мен эса бебаҳра қолибман. Мен ҳам бунга қодирлигимни ҳали дунёга исботлашим зарур, ўзимга ҳам исботлашим шарт!”
Бу чинакам изланиш эмас, балки эгонинг ўйини – бу эгонинг яна ўша эски ўйини. Баъзи одамлар иложи борича кўпроқ пул тўплашга уринади, токи, бу пулнинг тепасига чиқиб, бутун дунёга: “Ҳеч кимда мендагидай кўп пул йўқ!” деб жар сола олсин. Бошқа бир одам ҳокимият ва сиёсатга муккасидан кетади, токи мамлакат президенти бўлсину: “Қаранглар! Мен мақсадимга етдим!” деб томоқ йиртсин. Яна бир тоифа одамлар ҳам борки, улар Жаннат мевасини қўлга киритса, дунёга бундай дея намо­йиш қилади: “Энди кўрдингизми, менинг кимлигимни? Мен муваффақият қозонган инсонман! Мен мақсадимга етдим, сизлар эса Жоҳилларсиз, Осийларсиз! Сизлар ҳалигача тупроққа қоришиб ётибсиз! Мен бундай юксакка кўтарила олдим!” Шунда одам, “Мен сенлардан кўра валироқман”, дея мағрур қиёфада юриши мумкин.
Бу аёл Жаннат мевасига эга чиқишни хоҳлади. Агар сиз ҳақиқат тўғрисида, Худо хусусида, маърифат ҳақида эшитсангиз, сизда: “Бировларда бор алланима менда йўқ. Мен албатта уни қўлга киритишим керак”, деган улкан истак пайдо бўлади (…)
Бу худди, бировнинг чиройли уйи бўлса, сиз ҳам шундай уйингиз бўлишини истаганингиз ёки бировнинг гўзал хотини бўлса, сиз ҳам шуни истаганингиз билан бир нарсадир. Наҳотки ҳақиқат – чиройли уй бўлса? Наҳот ҳақиқат – гўзал аёл бўлса?
…Ҳақиқат – сиздан ташқаридаги мол эмас, сизнинг кечинмангиз, ички ҳудудингиздир. У сизнинг моҳиятингизнинг қоқ марказида яшайди. Унга эгалик қилиб бўлмайди, уни ўзингизники қилиб ҳам бўлмайди, бироқ ҳар доим ана шунга интилишади (…)
Сиз қидирувни бировлар Худонинг борлигини айтгани учун эмас, ўзингизда қидириш учун кучли иштиёқ уйғонганидан, чанқоқлик ҳис этганингиздан, ичингизда аланга пайдо бўлганидан, сизни эҳтиросли эҳтиёж қаттиқ безовта қилаётганидан бошлашингиз лозим:
“Мен ўзимнинг ким эканлигимни билмасам, қаердан келганим ва қаерга кетаётганимни билмасам, ҳаётим бефойда. Мен шуларни билишим керак, чунки шуларни билмай нимаики қилсам, ҳаммаси бемаънилик бўлади. Маъно фақат мен ўз моҳиятимни англаганим ва унга мувофиқ ҳаракат қилганимдагина пайдо бўлади. Қувонч ва ҳузур фақат ўзим билан менинг атрофимдаги Борлиқ орасида буюк уйғунлик ҳукм сурганидагина келади”.
Ҳузур бу – орзу этилувчи нарса эмас. Ҳузур бу – эгалик қилиш учун интилинувчи нарса эмас.
Ҳузур сизга қараб интилмайди, сиз унга қараб интилишингиз керак. Агар сизни ташналик қийнаётган бўлса, сиз дарёнинг олдига келасиз. ­Дарёнинг сиз билан иши йўқ, у сизга, “Мана мен сувман, сенинг ташналигингни қондираман”, демайди. Ташна бўлсангиз, дарёдан сув ичасиз. Ундан сув ичмай иложингиз йўқ – бошқа чора мавжуд эмас.
Аммо бу муаммо доим қайта-қайта содир бўлаверади. Чунки биз бировларга жон деб қулоқ тутамизу, ўз моҳиятимизга ҳеч қандай эҳтиросли интилишни ҳис этмаймиз. Бизнинг интилишларимиз қарз олинган, юзаки. Ҳақиқатга интилиши бўлмаган одам эса ҳали одам ҳам эмас. У ҳалигача ҳайвонот оламига мансуб, у онгсиз ҳаёт кечиради. Ҳеч бўлмаганда бирор нарсангиз бўлиши, заррача бўлса-да ташналигингиз бўлиши керак – сиз “бу ерга” фақат ўз ташналигингиз билан келишингиз керак.
Бир ҳикоя эшитганим бор…
Дайди одам бир уй эшигини тақиллатибди. Эшик очилганида, уй эгасига бундай дебди:
– Афв этинг, хоним, мана шу тугмани пальтомга қадаб беролмайсизми?
– О, албатта, дўстим, – дея жавоб берибди оқкўнгил аёл. – Қани, ичкари киринг.
Дайди ичкари кирибди-да, аёлга тугмани узатибди
– Жуда яхши, – дебди уй бекаси. – Пальтойингиз қани?
– Афсуски, хоним, менда фақат тугма бор, холос. Мен шу тугмага пальто қадаб берасизмикан, деб ўйлагандим.
Худони ахтарган одамларда ҳатто тугма ҳам йўқ. Мен-ку пальто беришга тайёрман, лекин сиз, жиллақурса, тугма билан келинг! Жиллақурса, бирозгина ташналик, бирозгина ҳаяжон, бирозгина таввакал, бирозгина иштиёқ, бирозгина фидойилик… зарур!

(Охири. Давомини журналимизнинг 2022/10-сонидан ўқийсиз)

Рус тилидан Олимжон САЛИМОВ
таржимаси

Ижтимоий тармоқларда ёйиш:
0 Menga yoqdi
0 Menga yoqmadi