Истеъдодли қозоқ адиби Мухтор Авезовнинг 125 йиллигига
Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетига қозоғистонлик профессор Нурлан Мингбоев келди. Мухтор Авезовга бағишланган илмий анжуман хабаридан сўз очди. Мавзу тақдим этдим, ваъда бердим. Ваъда – қарз. Бўйнимда қолиб кетмасин. Ваъда мақолам мавзуси сарлавҳада турибди. Манбалар излаб, улуғлар хусусида, уларнинг дунёқараши, маънавий олами ҳақида мулоҳаза юритиш мароқли эканини сездим. Чунки ўз ваъдамни бажариш учун икки аллома адиб ҳаёти ва ижодидаги ўзаро уйғун нуқталарни кузатдим.
Мақолада одамнинг руҳий-психологик кайфияти, ички кечинмалари ва гоҳида иш жараёни ҳам ўз ифодасини топгани маъқул. Гоҳида тушлари ёки шоирона ҳис-туйғуларининг баёнлари ҳам олимнинг кўнгил одами, тирик инсонлигидан дарак беради. Акс ҳолда илмий-назарий деб аталган адабий мақолалар ичида одамнинг қиёфаси кўзга ташланмай қолади. Ўқувчини баъзида зериктиради.
Тўғри, мен ўзбек адабиёти тарихи, хусусан, Абдулла Қодирий ижоди билан шуғулланганман. Бу аллома адиб ҳақида “Қодирий қадри”, “Абдулла Қодирий ва герменевтик тафаккур”, “Ўткан кунлар” ибрати”, “Абдулла Қодирий феномени” каби бир нечта китоблар ёздим. Абай ёки Мағжон Жумабой ижодини билганим билан, тўғриси, қозоқ адабиёти тарихини, хусусан, Мухтор Авезов ижодини чуқур таҳлил қилмаганман. Афсусим бор. Айниқса, адибнинг бир қанча асарларини ўқиб кўрганимдан кейин Мухтор Авезов ижодининг кўп қирралари Абдулла Қодирий ижоди билан уйғунлигини сездим. Бунинг ўз асослари ҳам бор экан.
Мухтор Авезовнинг ўз миллий адабиёти ва санъати баробарида туркий халқлар адабий меросини авайлагани, хусусан, мустабид тузум даврида қирғизларнинг “Манас” эпоси ҳимоясида жасорат кўрсатганини Чингиз Айтматов билан Мухтор Шохоновларнинг “Чўққида қолган овчининг оҳи-зори” китобидан ўқидим. “Манас”га ҳужум бўлганида Мухтор Авезов жонини ўртага қўйиб “Қирғиз халқининг ҳаётидан “Манас” юлиб олинса, бутун халқнинг тилини кесиб олган бўламиз” деган гениал фикрни айтади. “Манас”ни авайлаб, сақлаб қолишда Мухтор Авезов тарихий бир хизмат қилди. Шу билан бирга ХХ асрнинг 50-йиллари ўрталарида собиқ иттифоқ тепасида ўтирган қотил раҳбар ўлганидан кейин Абдулла Қодирийни оқлаш масаласини ҳам биринчилардан бўлиб Мухтор Авезов кўтариб чиқади. Бу тўғрида ўзбек адабиёти назариётчиси Иззат Султонга маслаҳат беради. Иззат Султон ёзади: “Абдулла Қодирийни оқлаш масаласини биринчи бўлиб Москвада Мухтор Авезов кўтарган эди. Бу сатрларнинг муаллифи билан суҳбатда Авезов бу ишни нимадан бошлаш ҳақида ҳам яхши маслаҳат берган: “Абдулла Қодирий “Ўткан кунлар” романида Россиянинг Шарққа нисбатан прогрессив роль ўйнаганини биринчи бўлиб кўрсатди: Отабекнинг Шамайга саёҳати ҳақидаги ҳикоясида бу фикр яхши ифода этилган. Қодирийни реабилитацияси учун ҳаракат бошланг ва мана шуни дастак қилиб олинг”.
Бу сўзлар айтилган маҳалда Россиянинг Шарққа нисбатан ижобий роли ҳар жиҳатдан бўрттириб кўрсатилар эди ва шу сабабли реабилитациянинг муваффақияти учун ишни Қодирийнинг хизматини намойиш этишдан бошлаш у вақтдаги мураккаб шароитда ишнинг муваффақиятини таъминловчи фактор бўлиб қолди”. Ўзига устоз билан адиб қисмати учун қайғуриш, унинг номи ва асарларини оқлаш борасида куйиниб йўл кўрсатишдаги Мухтор Авезовнинг жонбозлиги ва жасорати унутилмасдир.
Ч.Айтматов билан Мухтор Шохоновларнинг “Чўққида қолган овчининг оҳи-зори” китобида яна бир диққатга сазовор эпизод бор. Мухтор Шохонов ёшлик, йигитлик палласида Мухтор Авезовга ҳавасланиб қараганини эслайди: “Қандай гапиради, қандай юради – ҳаммаси диққатимизни тортади. У хурсанд бўлиб кетган чоғларида бурнининг учини чимдиб-чимдиб қўярди”. Адибнинг индивидуал табиатига хос бир одати шунақа экан-да. Яна эслайди М.Шохонов: “Эсимда, Чимкент педагогика институтида сиртдан таҳсил олиб юрган вақтимда Одил Ермекбоев деган ўқитувчимиз бўларди. Ажабланадиган жойи шундаки, у Мухтор Авезовнинг “Абай йўли” эпопеясини бошдан охиригача ёддан биларди”.
Бу жуда муҳим бир хотира ва факт. Чунки Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” романи ёзилган паллада уни давра-давра бўлиб одамлар навбатма-навбат тун бўйи ўқишади, айни дамда адиб замондошлари орасида романни ёд олганлари ҳам бор эди. “Ўткан кунлар” билан “Абай йўли” романлари мутолааси тарихида бундай ибратли ва ойдин саҳифалар кўп, албатта. Қолаверса, ўзбек ва қозоқлар янги туғилган чақалоқларига машҳур романлар қаҳрамонларининг исмларини беришига ҳам Абдулла Қодирий ва Мухтор Авезовга бўлган эҳтиром рамзи ўлароқ қараш ўринлидир. “Чўққида қолган овчининг оҳи-зори” китобидаги айрим саҳифалар, Иззат Султон хотиралари Мухтор Авезов феноменини, қалбини, миллатпарварлиги ва жасоратини теран тасаввур қилишга ёрдам беради. Мухтор Авезовнинг адабий сиймоси шундай далиллар, хотиралар, эътирофлар, мулоҳазалар фонида бениҳоя улканлашиб боради. Ўзбек ўқувчилари адибнинг “Абай йўли” романи билан ХХ асрнинг 50-йиллар охирида Зумрад таржимаси орқали танишган эди…
Мухтор оғанинг таълим ва таҳсили Тошкент муҳити билан ҳам боғлиқ. У Ўрта Осиё давлат университети аспирантурасида таълим олади (1928-30), ўқув муассасаларида маърузалар ўқийди. Дастлабки бир қанча асарларини Тошкентда ёзади. Абдулла Қодирий, Ойбек, Ғафур Ғулом, кейинчалик Иззат Султон, Воҳид Зоҳидов, Асқад Мухтор каби ўзига даврдош бўлган зиёли-адиблар билан дўстлашади. Уларнинг асарларини ўқиб, албатта, муносабат ҳам билдиради. Профессор Қолдибек Сейданов ёзади: “Авезов Тошкентдалик пайтларида Фирдавсий, Низомий, Алишер Навоий, Бобур, Бедил, Хўжа Аҳмад Яссавий асарларини қунт билан ўрганади. Садриддин Айний, Абдулла Қодирийлар билан яқиндан алоқа боғлайди”. Бу жараёнлар хусусида М.Авезовнинг ўзи: “Шонли ўзбек насрининг илк даврида Айний ижод қиларди. Йигирманчи йилларга келиб Абдулла Қодирий етишиб чиқди. Мен 1928 йилдан бошлаб унинг асарларини ўзбек тилида ўқий бошладим”, дея эътироф этади.
Қозоқ адабиётининг гигант романнависи Мухтор Авезов Абдулла Қодирийни ўзига устоз деб билди. Абдулла Қодирий тўғрисида: “Абдулла Қодирий – Жулқунбой юксак романлар яратди. Унинг романлари 20-йилларда гўё текис саҳрода тўсатдан Помир тоғлари вужудга келгандай пайдо бўлди. Қодирий асарларини Қурмонғози ёки Чайковский куйларини тинглагандай дам олиб, мириқиб, гашт қилиб ўқийсан киши… Унинг тили равон, ширали, мусиқий, менимча, ҳамма Ўрта Осиё халқларига ҳам таржимонсиз тушунарли”, деган жуда муҳим мулоҳазаларини баён этади. Бу фикрлар менга маъқул келиб, 2002 йили “ХХ аср ўзбек адабиётшунослигида талқин муаммоси (қодирийшунослик мисолида)” мавзусида ёзган докторлик диссертациямда фойдаланган эдим. Дарҳақиқат, фавқулодда, “тоғдай вужудга келган” асарларнинг тагзаминида улкан бир адабий мерос, улуғ алломаларнинг поэтик тафаккурининг тотли мевалари, баҳайбат ерости қайнарбулоқлари борлигини Мухтор Авезов жуда яхши билар эди.
Адибнинг “Ким айбдор” ҳикоясини ўзбек тилига таржима қилган истеъдодли ёзувчи Носир Фозилов ўзининг “Мухтор оға” эссесида Мухтор Авезов билан 1959 йили танишганини эслаб, унинг ўзбек ёзувчилари асарларини айнан шу тилда ўқиганидан қувонганини ёзади. Носир оға қайси бир ўзбек адиби асари муҳокамасида қатнашар экан: “Муҳокама охирида Мухтор оға қандай ёзиш ва кимга эргашишни билмай юрган баъзи ёзувчиларимизга таассуф билдириб: “Мен ҳайронман, баъзи ўзбек ёзувчилари устоз қидириб узоққа чопади. Ваҳоланки, устозлари ўзларида турибди. Бу – Абдулла Қодирий, бу – Ойбек, бу – Абдулла Қаҳҳор. Мен бу мўътабар адибларни устоз дейишга ор қилмаган бўлур эдим. Абдулла Қодирий менинг ҳақиқий устозим бўладилар”, дерди… У киши Абдулла Қодирийни шахсан танир, Ойбек домла билан жонажон дўст эканлар. Қизиғи шундаки, Ойбек домла Мухтор оғани “муаллим” деб атарди, Мухтор оға ҳам ўз навбатида Ойбек акани “домла” деб ҳурмат қиларди. Бу икки буюк инсоннинг камтаринлигини кўриб, одамнинг ҳаваси келарди”.
Ҳар қандай одамнинг ҳаваси келадиган бундай оға-инилик, дўст-биродарлик ҳамда яқин ўтмишдаги сермаҳсул адабий ҳамкорлик бугун қанчалар маърифий зарурат ва маънавий эҳтиёж эканини ҳеч ким инкор қилмайди. Шахсан мен ёшим элликдан ошиб, ҳали шу кунга довур кўнгилёрар бирорта ўзимга тенгқур қозоқ, қирғиз ёки туркман миллатига мансуб адабиётшунос жўрам йўқлигидан афсусланиб юраман… Аслида улуғлар ҳаётида ҳам, ижодида ҳам, дўстлиги ва ҳамкорлигида ҳам улкан сабоқлар бор, албатта. Олинган сабоқни ҳаётга татбиқ этмоқ керак.
Носир Фозилов Мухтор Авезовнинг “Ким айбдор?” ҳикоясини ўзбек тилига маҳорат билан таржима қилди. Бундай саволли асарлар, миллатнинг маънавий ҳаётига тегишли воқеликларнинг қаламга олиниши ўзбек ва қозоқ жадидлари ижодига хос эди. Дарҳақиқат, Мухтор Авезов ижодининг илк даври қайсидир маънода жадидчилик ҳаракати билан боғлиқ. Унинг илк ҳикояларида жадидона кайфият сезилади. “Ким айбдор” – бу ҳикояда миллатнинг маънавий, маданий ҳолатини, инсон эрки масаласини бадиий талқин қилади адиб. Ҳикоядаги оддий қозоқ овули ва ундаги анъанавий урф-одатлар: меҳмондорчилик, қиз узатиш, келин-куёв кўришувлари, ота-онанинг орзу-ниятлари ва фарзандларнинг янгича фикрлашга бошлашлари, муҳими, покиза инсонлар қалбидаги дурри бебаҳо бўлган меҳмон туйғу – ишқ-муҳаббат кечинмалари каби жараёнлар тасвирланади. Ҳикояда берилган икки ёш юрак – Азиза билан Исломнинг қисмати одамни ўйга толдиради. Ҳикоя ўқувчиси Азиза фожиаси учун “ким айбдор” деган саволни қўяди. Ўзича муҳокамалар қилади. Шунда ҳар қандай одамнинг орзу-умидлари рўёби – бу инсон учун жуда улкан неъмат эканига амин бўлади. Бундай фожиавий саҳна Абдулла Қодирийнинг “Бахтсиз куёв” драмасида ҳам мавжуд. Гарчанд асар қаҳрамонлари Солиҳ билан Раҳиманинг никоҳ тўйлари бўлиб ўтган бўлса ҳам, улар саодатли умр кечира олмайди. Қарзга ботишади. Тўй-ҳашамлардаги бойлигини элга кўз-кўз қилишдек бир ярамас одат икки ёшнинг ҳаётига нуқта қўяди. Драма воқелиги қарзга ботган куёв ва келин ҳаётининг фожиавий саҳнасида тугайди. Абдулла Қодирий “Тўй” шеърида ёзади:
“Мундайин ишлар шаръимизда йўқ,
Кори маъжус, кори шайтон тўй…
Ўтса тўй бирла ёзу қишимиз,
Айлагай бизни ерға яксон тўй”.
Ўзбек ва қозоқ миллатидаги тўй билан боғлиқ бундай ҳолатлар, ортиқча исрофгарчиликлар жадидларни безовта қилди. Бу мавзу ҳаётга боқиб эси кирган одам учун бугун ҳам эскирган эмас, менимча…
Абдулла Қодирий билан Мухтор Авезов ҳаёти ва ижодининг айрим қирраларини таққослаб кўрилса, уйғунлик учун кўплаб мисоллар топилади. Бу масала аслида икки миллатнинг негизи, илдизи бир, уларнинг тупроғи ўзаро ёндош, ўтмиш тарихи бир-бирига яқин экани билан изоҳланади. Айни эътибордан бадиий асарларидаги воқелик ҳам ўзаро уйғун келиши, зиёлиларининг ўзаро оға-ини тутиниши, бири-бирини эҳтиром ила устоз ёки шогирд ўлароқ эътироф этишлари ҳам табиий. Мухтор Авезовнинг 1928 йили Тошкентда ёзилган “Кўкёл” ҳикоясини таҳлил этган профессор Иброҳим Ҳаққулов адиб қаламига, маҳоратига: “Мухтор Авезов мутафаккир санъаткор. Илк асарларидаёқ у ҳаётга мустақил назар ила қараши, мавзуни фавқулодда зиддиятли нуқталари орқали бадиий талқин қилиш салоҳияти билан бошқалардан ажралиб турган”, дея тавсиф беради.
Ўзбек адабиёти тарихида, хусусан, ўзбек романининг майдонга келишида Абдулла Қодирий жуда муҳим тарихий миссияни бажарди. “Ўткан кунлар”, “Меҳробдан чаён”дек чўнг романлари орқали ўзбеклар тарихини, урф-одатларини, ижтимоий ва оилавий муҳитини тасвирлади. Менинг тасаввурим бўйича, қозоқ адабиёти тарихида, хусусан, қозоқ адабиётида тарихий роман жанри тараққиётида, қозоқлар ҳаётининг қомусий манзараларини намоён этишда Абай Қўнонбой ўғли умр йўлини восита қилароқ худди шундай тарихий миссияни мутафаккир санъаткор адиб Мухтор Авезов бажарди.
Ҳар икки адибнинг ижодий мероси бир сидра кўздан кечириладиган бўлса, уларнинг орасидаги муштараклик, фикрий уйғунлик, бадиий асарларининг юзага келишдаги эволюцион ҳолат – бу сингари қатор илмий-назарий омиллари бири-бирига жуда ўхшайди. Дарҳақиқат, ҳар икки адибни майдонга чиқарган тарихий бир муҳитни тасаввур қилинг; тарихий давр – жадидчилик ҳаракатининг авж пардасига минган бир замонда бу икки ижодкор адабиёт майдонига кириб келди. Ўзбек жадид адабиётида насрий асарлари билан улкан ўрин тутган Абдулла Қодирий аввал бир нечта шеърлар машқ қилди. Кейин ҳикоялар, драматик асарлар ва ниҳоят тарихий романлар ёзди. Бундай тадриж М.Авезов ижодига ҳам хос.
Эътибор берилса, ҳар икки адиб ва уларнинг қаҳрамонлари янгиликка интилди. Савдогар ўлароқ дунё кезган, Семипалантинскка тижорат ишлари билан борган “Ўткан кунлар” романи бош қаҳрамони Отабек қайсидир маънода ижтимоий-сиёсий, маъмурий муҳитдаги янгиланишлар тарафдори эди. Романнинг бошларидаги бир эпизодда Отабек мажлис аҳлига Шамай (Семипалатинск) таассуротларини қуйидаги тарзда сўзлаб беради: “Шамайга бормасимдан илгари ўз ҳукмдорлиғимизни кўриб, бошқалар ҳам шундайдир, деб ўйлар эдим, – деди бек, – лекин Шамай маним фикримни ост-уст қилиб, ўзимни ҳам бутунлай бошқа киши ясади. Мен ўриснинг идора ишларини кўриб, ўз идорамизнинг худди бир ўйинчоқ бўлғанлиғини иқрор этишка мажбур бўлдим… Бизнинг идорамиз бу кунги тартибсизлиги билан кетаберса ҳолимизнинг нима бўлишиға ақлим етмай қолди. Шамайда эканман, қанотим бўлса, ватанга учсам, тўппа-тўғри хон ўрдасига тушсам-да, ўриснинг ҳукумат қонунларини бирма-бир арз қилсам, хон ҳам арзимни тингласа-да, барча элга ёрлиғ ёзиб ўриснинг идора тартибини дастуриламал этишка буюрса, мен ҳам бир ой ичида ўз элимни ўрисники билан бир қаторда кўрсам… аммо ўз элимга қайтиб кўрдимки, Шамайда ўйлағанларим, ошиққанларим ширин бир хаёл эмиш. Бу ерда сўзимни эшиткучи биров ҳам бўлмади, бўлсалар ҳам: “Сенинг орзунгни шу хонлар эшитадими, шу беклар ижро қиладими?” деб мени маъюс қилдилар. Илгарироқ мен уларнинг гапига бовар қилмай юрсам, сўнгғидан тўғри сўзни айтканларини билдим. Дарҳақиқат, мозористонда “ҳайя алалфалаҳ” хитобини ким эшитар эди”. Отабекнинг таассуротлари баёнида қиёс, ҳавас ва армон бор. “Ўткан кунлар” романини инглиз тилига ўгирган америкалик таржимон Марк Риз бу образ ҳақидаги тушунчасини: “Аниқки, Отабек – жадид… Отабек – бу Абдулла Қодирий ва унинг дунёга муносабати”, деган тарзда баён қилади.
Абдулла Қодирийнинг дунёга муносабатида жадидона кайфият мужассам эди. Таассуфки, янгилик тарафдори бўлган Отабекнинг орзу-умидлари ўй-хаёллигича қолади. Яна бир муҳим мулоҳаза Отабек тижорат билан борган Шамай (Семипалатинск)да Мухтор Авезов таваллуд топади, ўқийди. Бу жой Абайга ҳам бегона эмас… Қаранг, Абдулла Қодирий ҳам ўз қаҳрамонини бежиз ушбу нисбатан замонавий тараққий этган маконга сафар қилдирган эмас. Бунда қандайдир сирли, ички ва изоҳлаш қийин бўлган маънавий робиталар бор, деб ўйлайман.
Мухтор Авезов тарихий-биографик романи – “Абай йўли”нинг бош қаҳрамони шоир Абайнинг қозоқлар яшаш тарзини ўнглаш, ташқаридан миллий қадриятга ўхшаб кўринган, аслида эса бидъат иллатлари гирдобига ботган нарсаларни муҳокама қилиш, таълим-тарбияни кучайтириш, уруғлар орасидаги ўзаро низоларга барҳам бериш, инсоний муносабатлардаги душманлик зиддиятларни тугатиш ва дунёга очиқ кўз билан қарашдек орзу-ниятлари бор эди. Абай шеърлари ва “Насиҳатлар”ида бу фикрларни элга ёйди. Фикри тўқ одамлар ўзларини ўнглади. Абай “Насиҳатлар”ида мавжуд ҳол-аҳволни очиқ-ошкора ёзади. Бир мисол: “Бизнинг қозоқлар пойгага қўшган оти олдин келса, курашга туширган полвони йиқитса, учирган қуши ов олса, югуртган ити ўзганинг итидан илгари бориб ов тутса ер-кўкка сиғмай қувонишади”. Бу ҳолат Абайни қувонтирмайди, ўйлантиради. Бу ҳолатнинг миллат маънавиятига, маърифатига, инсоннинг одамийлигига қандай дахли борлигини тафаккур қилади. Рости бундай вазиятларни бошқа халқларда ҳам кўриш мумкин. Бу жиҳатдан битта қозоқ миллатига қарата айтилган фикрлари, албатта, бошқа кимсаларни ҳам, бошқа халқларини ҳам ўйлантириши лозим. Бундаги қувончни қувонишга арзийдиган санамайди, бундай қувонч негизини Абай нодонлик санайди. Абай учун маънавий даража, илм-маърифат, маънавият, одамий фазилатлар муҳим. Жадидона кайфиятли Абай ижодида ижтимоий ислоҳотчилик, илм олишга даъват, маърифатни қадрлаш етакчи ўринда туради. Абай насиҳатлари одамлар юзига тутилган кўзгу.
Табиийки, М.Авезов Абайнинг ҳаёти, ижодий меросининг негизини чуқур ўрганиш ва шоир дунёқарашидаги ана шундай янги ҳамда илғор тушунчаларини поэтик талқин этиш орқали ўзининг муҳташам эпопеясини бунёд қилди. “Абай” романида жуда кўплаб тарихий ҳамда тўқима образлар воситасида қозоқ миллатининг ижтимоий-сиёсий, оилавий муҳити, урф-одатлари билан бирга Абай теграсидаги адабий-ижодий муҳит ҳамда ўша давр аёл-қизларининг кайфиятлари ҳам тасвирланади. Улкан ўзбек адиби Одил Ёқубов шу қирраларга диққат қаратиб, романдаги образларни Абдулла Қодирий ижодига боғлаб тушунтиради: “Зотан, “Абай” романидаги аёллар образи жаҳон адабиётидаги энг гўзал, энг мафтункор образларни эслатади. Абайни ўз хоҳишига зид равишда севмаган қизига уйлантиришлари ва бунинг оқибатида ҳар иккаласининг фожиавий аҳволига мубтало бўлишлари нимаси биландир Отабек, Зайнаб воқеаларини эслатади. Абайнинг севгилиси Тўғжон эса, ҳам севги, ҳам ҳаётининг воқеи интиҳоси жиҳатидан Кумушбибини эслатади.
Мен кейинчалик Мухтор Авезовнинг “Менинг биринчи устозим Абдулла Қодирий эди”, деган сўзларини ўқиганимда, Абай дийдорига тўёлмай, ҳаётдан кўз юмган Тўғжонни эсладим”.
Дарҳақиқат, ўзбек ва қозоқ халқлари олис тарихдан то ҳозирга довур яқин қўшни, қон-қардош, қуда-анда бўлиб истиқомат қилишади. Бу икки миллатнинг тарихи, маданияти, фольклори, адабиёти ўзаро яқин ва гоҳида бири иккинчисини тўлдиради.
ХХ аср тонготарига назар ташланса, ўзбек жадид адабиёти билан қозоқ жадид адабиёти ўртасида ҳам муштарак жиҳатлар борлиги, бадиий ижодда, хусусан, Беҳбудий, Абдулла Авлоний ва Абай ижодидаги янгиланиш ҳамда ахлоқий концепциялар, шеъриятда Абдулҳамид Чўлпон кўнгли билан Мағжон Жумабойнинг эрк, озодлик, ҳуррият борасидаги дарду аламлари, мустамлакачилардан қутулиш илинжида ёзган битиклари бири-иккинчисини тақозо қилади.
Абдулла Қодирий ва Мухтор Авезов феноменларига доир кичик бир хулосада муҳтарам адабиётшунос Иззат Султоннинг “Улкан адиб сабоқлари” мақоласидаги фикрларни келтириш ўринли бўлади, деб ўйлайман. “Абдулла Қодирийни катта ҳурмат билан эсга олар экан, Мухтор Умархонович биз билан суҳбатда бундай деган эди: “Ер юзи тарихида “геологик давр” деб аталадиган даврлар бўлади. Бундай маҳалда табиат тамом ўзгариб кетади. Масалан, бизнинг Ўрта Осиё ҳудудини бир замонлар денгиз эгаллаган. Денгиз “кетган”, саҳро қолган, саҳрода янги табиат манзараси юзага келган, дарёлар оққан, дарахтлар кўкарган, обод қишлоқ ва шаҳарлар бунёд этилган. Бундай манзаранинг аввалги денгиз манзарасига сира ўхшашлиги йўқ, албатта. Абдулла Қодирий ижоди Ўрта Осиё халқлари маданиятида мана шундай “геологик давр”, бу буюк талантдан сўнг адабиётларимизнинг қиёфаси ва воситалари тамом ўзгарди. Қодирийдан сўнг аввалгича ёзиш мумкин эмас”. Менимча, Мухтор Авезов ҳақида ҳам, айниқса, тарихий жанр тўғрисида гап борганда, худди шу сўзларни такрорлаш мумкин. Қодирий ва Авезов бизнинг эстетик андозаларимиз ва ҳакамларимиздир” .
Дарҳақиқат, аллома адиблар адабий бисотида шундай дурдоналар бўладики, улар нафақат битта халқ адабиёти хирмонига, балки инсоният бадиий тафаккурига, жаҳон адабиёти хазинасига бебаҳо ёмби-жавоҳир ўлароқ қўшилади. Айни дамда бу тоифа бадиий асар эгаларининг ҳамма замонларда маърифатталаб ўқувчилар эътиборини оҳанрабодек ўзига тортиб турадиган гўзал инсоний фазилатлари ҳам бўлади. Абдулла Қодирий ва Мухтор Авезовларнинг бетакрор шахсияти шундай безакли эди.
Баҳодир КАРИМОВ,
филология фанлари доктори, профессор
2022/10