“Бобурнома” асарининг очилмаган қирралари
Қарийб беш асрдан бери жаҳон аҳлини ҳайратга солиб келаётган муҳташам “Бобурнома” асарининг кўплаб хислат ва фазилатлари батафсил ўрганилган, китоб йигирмадан ортиқ тилларга таржима қилинган, жумладан, инглиз тилига ўн марта, рус тилига тўрт марта, урду ва немис тилларига уч мартадан ўгирилиб, кўплаб марта тадқиқ этилган, неча минглаб ададларда такрор-такрор нашр этилган.
Бобур Мирзо асарлари ҳамиша алоҳида-алоҳида китоблар ҳолида чоп этилган. Лекин ҳамма даврларда ҳам сўзи ва ўзи ўлмас атоқли аллома ва шоир асарларини тўлиқ жамланган ҳолда кўриш орзу қилинган. Бунга биринчи марта XXI асрнинг 20-йилларида, аниқроғи, 2021–2022 йилларда муваффақ бўлдик. Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг асарлари янги Ўзбекистон тарихида илк марта олти жилдлик Куллиёт сифатида нашр этилди.
Куллиётнинг 4-жилди жаҳонга машҳур “Бобурнома” (“Воқеъоти Бобурий”) асарининг Фарғона даври воқеаларидан иборат бўлди. 5-6-жилдлари эса Кобул ва Ҳиндистон даври воқеаларидан таркиб топди.
Нашрга атоқли олимларимиз Порсо Шамсиев ва Содиқ Мирзаевнинг 1960 йилги нашри, таниқли япон олими Эйжи Манонинг 2004 йилги араб ёзувидаги илмий-танқидий матни ҳамда марҳум бобуршунос олим Саидбек Ҳасаннинг 2002 йилги нашри нусхалари асос қилиб олинди.
“Бобурнома” қадимий Мовароуннаҳр – бугунги Ўзбекистон, бутун Фарғона водийси, кўҳна Хуросон – ҳозирги Афғонистон ҳудудлари, жумладан, Кобул, Ҳирот, яна қадимий Ҳинд ўлкаси – бугунги Ҳиндистон ва Покистон ҳудудларини қамраган ягона кенг қамровли хотира асардир. “Бобурнома” – жаҳонни кезувчи китоб. Дунёнинг кўплаб халқлари бу асарни ўз манфаатлари нуқтаи назаридан ўрганган, тадқиқ этган, у орқали бир неча шарқ мамлакатларини таниган, уларнинг географияси, иқлими, яшаш тарзи, сиёсий-ижтимоий тузуми ва бошқа хусусиятларидан хабардор бўлган.
“Бобурнома”ни Фарғона, Кобул, Ҳиндистон даврлари дея даврларга ажратиб ўрганиш қачондан бошланган? Асар ўз замирида баён қилинган воқеалар жараёнига кўра, уч қисмга бўлинади, булар: Бобур Мирзонинг Мовароуннаҳр (1494–1504), Афғонистон (1504–1524) ва Ҳиндистондаги (1524–1530) ҳукмдорлик даврларидир. Олимларимиз кузатувига кўра, асарни уч даврга бўлиб тадқиқ ва нашр этиш XVIII–XIX-асрлардан Оврупода, хусусан, инглиз, француз, олмон, голланд олимларининг таржима ва тадқиқотларида урф бўлган. Таниқли япон олими Эйжи Мано “Бобурнома”ни араб имлосига асосланган қадимий туркий-ўзбек ёзувида ана шу илмий анъанага кўра нашр эттирган. Шу сабабли олти жилдлик Куллиётга “Бобурнома”нинг Эйжи Мано чоп эттирган илмий-танқидий нусхаси таянч қилиб олинди.
“Бобурнома”нинг асосий хусусият ва фазилатлари нималардан иборат? Бу хислатларни неча йиллар давомида муҳтарам олимларимиз тадқиқ этганлар. Уларни кенг қамровда янгидан баён этиш кўп вақт талаб қилади. Лекин аввал таъкидланмаган баъзи энг муҳим хислатларини қуйидагича эслаб ўтиш мумкин.
Биринчи хусусияти шуки, “Бобурнома” асари хилма-хил илмлар қомуси, қомусий илмлар хазинасидир. Дарҳақиқат, “Воқеъоти Бобурий”да адабиёт, шеърият, санъат, тилшунослик, луғатшунослик, китобат, сиёсат, иқтисод, жуғрофия, мактубнавислик, таърихнавислик (таърих жанри) санъати, дин ва дунё, шариат ва тариқат, фиқҳ ва тасаввуф, этнография, жамиятшунослик, инсоншунослик, фалакиёт (астрономия), табобат, ҳарбий таълим, боғдорчилик, мироблик, халқ оғзаки ижоди, математика, бинокорлик ва ободонлик, оила ва жамият, ислом аркони ва аҳкоми, тушлар таъбири каби кўплаб соҳаларга оид илмлардан намуналар, маълумот ва тушунчалар топиш мумкин.
Иккинчи хусусияти, асарда Бобуршоҳ ҳар бир нарсага, ҳар бир соҳага подшоҳона назар билан қарайди, воқеликка давлат раҳбари нуқтаи назари ва масъулияти билан ёндашади. Мамлакат ҳудуди ва чегараси, иқлими, табиати, тоғ ва обод ерлари, душман келиши мумкин бўлган тарафлари, боғ, полиз ва экин-тикинлари, халқининг хислати, дини, тили, ҳарбий қуввати, урф-одатлари, илму фан, маърифат ва маънавияти – ҳамма-ҳаммаси зукко муаллифнинг эътиборида туради.
Бобур Мирзо талқинларидан маълум бўладики, мамлакатнинг тинчлиги, халқнинг саломатлиги, давлатнинг барқарорлиги, мамлакат чегараларининг мустаҳкамлиги ва дахлсизлиги, ҳар бир инсоннинг ўз эрк ва ихтиёрига эга бўлмоғи, ҳар бир миллатнинг ўз ҳақиқий онаси бўлмиш Ватанига, туғилиб ўсган юрти, ота-бобосидан мерос қолган диёрига соҳиб бўлмоғи, она юртини бошқалар тасарруфига, хусусан, душман бўлган тоифалар ихтиёрига бериб қўймаслиги, ҳар бир халқ ўз маънавий манбаларига, ўз муқаддас Китобига асосланган ва асрлар бўйи асралиб келаётган муқаддас тавҳид динига эга бўлмоғи лозимлиги каби вазифалар ҳар бир ҳукмдор, яъни давлат раҳбарининг зиммасидадир.
Бобур Мирзо Фарғона вилояти ва унинг пойтахти Андижон ҳақида сўзлаб: “Эли туркдур. Шаҳри ва бозорисида туркий билмас киши йўқтур. Элининг лафзи қалам била росттур. Ани учунким, Мир Алишер Навоийнинг мусаннафоти, бовужудким Ҳирида нашъу намо топибтур, бу тил биладур”, дейди.
Бобур Мирзо мамлакатнинг турли хусусиятлари ҳақида сўз юритиб: “Теварак-атрофи тоғлар билан ўралган. Fарбий тарафида, яъни Самарқанд ва Хўжанд томонида тоғ йўқ. Ушбу ёқдан бошқа ҳеч бир томондан қишда душман кела олмайди”, дейди. Бу нозик ифодалар ҳукмдор ватанни душмандан қўриқлаш йўлларини билиши лозимлигига, мамлакат мудофааси ҳукмдорнинг тасарруфида бўлиши шартлигига ишорат қилади.
Учинчи хусусияти, “Бобурнома”да буюк ва эътиборли алломалар алоҳида эсланади. Биринчи жилд сўзбошисида Бобур Мирзонинг улуғ зотларга кўрсатган эҳтироми, хусусан, Ҳиротда ҳазрат Алишер Навоий уйларида яшаб турганларида у зотга нечоғ муҳаббат кўргузгани, барча девонларидан саралаб, янги бир девон тузгани каби ўта муҳим воқеалар эсланади. Ҳирот улуғлари ҳақида сўзлаганда ҳазрат Навоийни улуғлаб: “Фазилат, истеъдод ва санъат аҳлига Алишербекчалик мураббий ва ҳомийлик қилган одам дунёда бошқа топилмаса керак”, дейди.
“Бобурнома”нинг саккиз юз тўқсон тўққизинчи (1494) йил – Фарғона даври воқеалари шарҳида Марғинон қасабаси ҳақида сўз боради: “Яна бир Марғинондур, Андижоннинг ғарбидадур, Андижондин етти йиғоч йўлдур. Яхши қасаба воқеъ бўлубтур, пурнеъмат: анори ва ўруги асру хўб бўлур. Жангаралиқ (маҳорати) расми Мовароуннаҳрда шойиъдур (кенг ёйилгандир), Самарқанд ва Бухорода номдор жангаралар аксар Марғинонийдур”… Мана шу сўзлар давомида донишманд Бобур Мирзо бир жумла сўз айтади: “Соҳиби “Ҳидоя” Марғиноннинг Рушдон отлиқ кентидиндур”.
Албатта, Бобурдек аллома зот Марғинон ҳақида сўзлаганда жаҳоннинг буюк фақиҳи, дунёни забт этган, кўплаб таржималари ва юзлаб шарҳлари бўлган шарафли “Ҳидоя” асари муаллифи – ҳазрати имом, шайхулислом, ҳидоят йўлининг сарбони, Бурҳону-д-Дин вал-Милла (Дин ва миллат ҳужжати) Бурҳонуддин Марғинонийни эсламай ўтиши асло мумкин эмас эди. У зотни эслаш Бобурга хос, Бобурга ярашадиган, асарга зийнат берган хислатдир. Илм китобларида у зот Соҳиби “Ҳидоя” деб улуғланган. Улуғ фақиҳлар у кишининг муборак номларини “Ҳидоя”и шариф билан боғлаб, Соҳиби “Ҳидоя” дейдилар.
Бу улуғ одоб ва таъриф намунаси ўтган улуғлардан, жумладан, Заҳириддин Муҳаммад Бобурдан қолган олий анъана экани маълум бўлаётир. Яна Рушдон кентини эслаш у манзил дунё ҳаётида рушду ҳидоят топган олим ва саййидлар ватани эканини англатади.
Эслатиб ўтамиз: тўлиқ исмлари Абул-Ҳасан Али ибн Абу Бакр ибн Абдул-Жалил ал-Фарғоний ал-Рушдоний ал-Марғиноний. Марғинонда таваллуд топиб (1123), Самарқандда вафот этиб (1197), машҳур Чокардиза қабристонида дафн этилганлар.
Бир қанча асарлари бор, лекин энг машҳур асари “Ҳидоя”и шарифдир. Асарнинг тўлиқ номи: “Ал-Ҳидоя фи шарҳил-Бидоя” (“Бидоя китобининг шарҳи ила қўлланма”). Китобни ўн уч йил давомида ёзганлар. Таянган манбалари: Қуръони карим оятлари, суннат – тўрт халифа, саҳобалар (розияллоҳу анҳум) ва тобеъинларнинг ривоятлари, ҳадислар, аҳли суннат вал-жамоат имомларининг асарлари.
“Бобурнома”да яна буюк тарихчи аллома Хонд Амир (Хондамир) Муаррих, Хожа Қози (Хожа Мавлонойи Қози), улуғ шоир, ошиқ ва ориф зот Хожа Камол Хўжандий зикрлари ҳам алоҳида эътиборга лойиқдир. Тўққиз юз ўттиз олтинчи (1529) йил – Ҳиндистон даври воқеаларида Бобур Мирзо ёзади: “Ва Хонд Амир Муаррихким, турфа киши эди, тасонифлари (асарлари) борким, халқ орасида машҳурдур: “Ҳабибус-сияр” ва “Хулосатул-ахбор” ва “Дастурул анвор” ва ўзга таснифлари ҳам бор”.
Тўртинчи хусусияти, “Бобурнома” асарида номлари зикр қилинган тарихий шахсларнинг маноқиблари – хислат ва фазилатлари, феълларининг нодир қирралари, ҳаёт ва фаолиятлари алоҳида илмий тадқиқотга асос бўлади. Бу борада олимларимиз анча хайрли ишларни амалга оширганлар. Масалан, “Бобурнома”нинг Порсо Шамсиев ва Содиқ Мирзаев нашридан бошлаб (1960) шахс номлари алоҳида кўрсаткич тарзида илова этилган.
“Бобурнома”да бир минг беш юз нафарга яқин тарихий шахслар номи қаламга олинади. Булар орасида асрлар давомида номлари шарафланиб келган табаррук зотлар бор. Масалан, улуғ саҳоба ҳазрати Қусам ибн Аббос – Шоҳи Зинда (розияллоҳу арҳумо), Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор, Ҳофиз Кўҳакий Тошкандий, Алишер Навоий, Мунший Шайх Зайнуддин Хавофий каби шахслар ҳақидаги нозик тавсифлар шарҳланса, улкан бир китоб бўлади.
Бобур Мирзо ёзади: “Самарқанд ҳазрати амирул-мўминин Усмон (розияллоҳу анҳу) замонида мусулмон бўлгандир. Саҳобадан Қусам ибн Аббос у ерга боргандир. Қабри Оҳанин дарвозасининг ташқарисида. Ҳозиргача Мазори Шоҳ (Шоҳи Зинда, маънавий подшоҳ, асл раҳнамо) номи билан машҳур”.
Бобур Мирзо “Шоҳ” сифатини ҳар кимга ҳам тақаб бўлмаслигини, бу сифатнинг муҳтарам саҳобага боғланиши алоҳида маънога эга эканини билдирмоқда.
Ҳазрати Навоий мизожлари – табълари нозик шахс бўлгани маноқиб китобларидан маълум. Бу нозик мизожлик ҳоли шеърий асарларда ҳам акс этган. Ёш маҳалидан ҳазрат Навоийнинг назарига тушган Зайнуддин Восифий “Тошкент манзумаси” (“Тошкент ва унинг боғлари васфи”) асарида айтади:
Халқ ҳам амирийдан топгач ҳаловат,
Олди Алишердан илми назокат.
Яъни: “Халқ амирий деган қовундан лаззат ва ҳаловат топгач, Алишер Навоийдан табъи нозиклик илмини ўрганди”.
Амирий – Амир Алишер Навоий номи билан аталган қовун; бу қовуннинг кўриниши гўзал, Навоийнинг ҳам сиймолари гўзал, амирийнинг пўсти нозик, Навоийнинг табълари нозик, амирийнинг шакли кичик, ҳазрат Навоийнинг жуссалари кичик; амирийнинг тамъи ширин, Навоийнинг ижодлари ширин (сермазмун)”.
Олимларимиз бу табъи нозиклик сирини ана шундай шарҳлаганар.
Бобур Мирзо ҳазрат Навоийнинг бу ҳолини изоҳлаб айтади: “Халқ бу табъи нозиклигини молу давлатининг ғуруридан деб тасаввур қилар эдилар. Ҳолбуки, ундай эмас экан. Бу сифат у зотга жибиллий – туғма экан. (Чунки) Самарқандда (бекаслик, ғариблик, молу давлатдан йироқлик ҳолида) эканида ҳам худди шундай нозикмизож экандир”, дейди.
Номи икки ўринда зикр қилинган Ҳофиз Кўҳакий Тошкандий эса Мовароуннаҳрдан Ҳиндистонга – Бобур Мирзо зиёратига борган, у зотнинг вафотидан кейин Акбаршоҳни бориб кўрган, Тошкент шаҳрида мадраса ва масжид соҳиби бўлган, ҳозир ҳам пойтахтдаги Қўштут маҳалласида мадраса ва масжиди сақланиб қолган, ниҳоят, Ҳазрати Имом ҳазирасида, Абу Бакр Қаффол Шоший қабри яқинида дафн этилган муҳтарам алломалардандир.
“Бобурнома” хусусида ҳар қанча тадқиқотлар қилинган бўлса-да, лекин асардаги тарихий шахслар маноқиби етарлича ўрганилган эмас. Бу мавзу жаҳон халқларига, ўз халқимиз, айниқса, ёшларимизга кўп янги ва хилма-хил маълумотлар берадиган улкан тадқиқот манбаидир.
Бешинчи хусусияти, “Бобурнома” таърихнавислик санъатига доир бир қанча шеърий мисоллар билан зийнатланган.
Биринчи мисол, буюк аллома Мирзо Улуғбекнинг ўлдирилишига доир тўрт мисралик форсий шеърий таърихда: “Илм ва ақл денгизи бўлган Улуғбек дунё ва диннинг таянчи эди. Аббос қўлидан шаҳидлик болини тотди, عباس كشت – “Аббос кушт” (“Аббос ўлдирди”) ҳарфлари ўлим тарихи бўлди”, дейилади. Бу ибора абжад ҳисобида ҳижрий 853 йилни ташкил этади ва милодий 1449 йилга – Мирзо Улуғбек қатли санасига тўғри келади.
Иккинчи мисол, Мирзо Улуғбекнинг падаркуш ўғли Абдуллатиф ўлими بابا حسين كشت – “Бобо Ҳусайн кушт” иборасида дарж этилганини қайд этади, бу ҳижрий 854, милодий 1450–1451 йилларни ифодалайди. Шу ўринда Бобур Мирзо, Низомий Ганжавий байтини далил қилиб, падаркуш подшоҳ бўла олмаслигини, бўлса ҳам, олти ойдан ошмаслигини эслатиб, буни Абдуллатиф ўлими билан исбот этади.
Учинчи мисол, Бобур Мирзо فوت شد نويان –“Фавт шуд Нўён” иборасида ўз яқин кишиларидан Нўён кўкалдошнинг фожиали ўлими таърихини эслатади. Бу ҳижрий 907, милодий 1501–1502 йилларни ифодалайди.
Тўртинчи мисол, уч азиз-авлиёнинг каромати бўлган Хожа Сеёрон (Уч ёрлар) номли чашманинг ғарби-жанубий тарафидан ариқ қаздириб, бир тегирмон сувни ғарби-жанубий тарафдаги пушта устига келтирилгани айтилади. جوي خوش – “Жўйи хуш” иборасида ифодаланган бу таърих ҳижрий 925, милодий 1518 йилга мувофиқдир.
Бешинчи мисол, “Тўққиз юз ўн учинчи йил воқеалари”да Бобур Кобул аркида ўғли Ҳумоюн туғилганини айтиб, бу санани шоир Мавлоно Сайидий سلطان همايون خان – “Султон Ҳумоюнхон” деган иборада ифода этганини, олтинчи мисол, Кобулнинг ёш шоирларидан бири эса бу таваллудни “Шоҳи фируз қадр” (“Бахтли, толели, ғолиб, қадрланган шоҳ”) иборасида ифодалаганини эслайди. Бу иборалардан абжад ҳисобида ҳижрий 913, милодий 1507 (1508) сана келиб чиқади.
Еттинчи мисол, “Тўққиз юз ўттиз учинчи йил воқеалари”да Бобурнинг Ҳиндистонни эгаллаш тарихини Шайх Зайн فتح پادشاه اسلام – “Фатҳи подшоҳи ислом” иборасида жамлагани таъкидланади. Бу тарихий воқеа ҳижрий 933, милодий 1527 йилга мувофиқдир. Ўнинчи мисол, “Тўққиз юз ўттиз тўртинчи йил воқеалари”да Чандирийни эгаллаш воқеаси فتح دار الحرب – “Фатҳи дорул-ҳарб” иборасида таърих қилингани эсланади. Бу тарих абжад ҳисобида ҳижрий 934, милодий 1527 санага тўғри келади.
“Бобурномада “Таърих” жанрига оид олий ва ҳайратли мисоллар бир мустақил илмий тадқиқотга манба бўладилар гўзал тарих ёдгорликларидир.
Олтинчи хусусияти – “Бобурнома”да келтирилган арабий ифодалар, Қуръони карим оятлари ва ҳадислар матнидир. Уларнинг мазмуни, ўрни, аҳамияти ва келтирилиш сабаблари асарнинг ўзгача хислат ва фазилатларидандир. Камина “Бобур Мирзо асарларида арабий матнлар” китобимда “Бобурнома”, “Мубайян” ва “Рисолаи Волидийя” назмий асарларидаги арабий матнлар мавзусига муфассал тўхталганман. Унда ҳар бир арабий матннинг арабий шакли, жорий имлодаги ёзилиши, таржимаси ва қисқа изоҳи тақдим этилган. Қуйида “Бобурнома” фазилатларига далил бўлувчи баъзи зарур арабий матнлар шарҳини келтириб ўтамиз.
“Ябруҳус-санам” – يَبْرحوالصَّنَم сирлари. “Бобурнома”нинг саккиз юз тўқсон тўққизинчи (1494) йил воқеалари баёнида Фарғона вилоятининг теграсидаги тоғларида яхши яйловлари борлиги, Тобулғу деган дарахт бошқа ҳеч қайда эмас, балки фақатгина шу тоғларда бўлиши, пўсти қизил бўлиб, ундан асо (ҳасса), қамчи дастаси, қушларға қафас қилиниши, тарошлаб, камон ўқи ясалиши, уни табаррук санаб, йироқ юртларга олиб кетишлари хабар қилинади. Сўнгроқ меҳргиёҳ хосиятли “айиқўти” ҳақида ҳам сўзланади. Шу сўзлар орасида бундай бир жумла ўтади:
“Баъзи китобларда битибтурларким, “ябруҳус-санам” бу тоғлардадур, вале бу муддатта ҳеч (дараги) эшитилмади”.
“Ябруҳус-санам” қандай гиёҳ? Бобур Мирзо нима сабабдан бунга аҳамият қаратиб ўтяпти? Ўша замонда дараги эшитилмаганини нима учун таъкидлаяпти? Улуғ алломанинг эътиборидан маълум бўладики, бу ғоят нодир ва қимматли гиёҳдир.
Ябруҳ (ябруҳус-санам) – бир турли ўсимлик, унинг туби ва томири одам шаклидадир; астаранг; меҳригиёҳ, мардумгиёҳ деган номлар билан юритилади. “Ябружус-санам” ҳам дейилади. “Ғиёс ул-луғот”да айтилишича, у луффох деган ўсимлик томири бўлиб, форс тилида “мардумгиёҳ”, ҳинд тилида “лакҳманий” дейилади.
Ябруҳус-санамнинг икки томири эркак ва аёл шаклидадир, қўллари бир-бирини оғушлаган, оёқлари бир-бирига чирмашган, эркак томирнинг ўнг оёғи аёл томирнинг чап оёғига, аёл томирнинг чап оёғи эса эркак томирнинг ўнг оёғига тушган шаклдадир.
Бу камёб гиёҳдан тиб аҳли одамзод нафси табиатини, жисм анатомиясини, оилавий ҳаётда бир-биридан оладиган қувват, шифо ва маваддат – меҳрибонлик хислатларини ўрганса, ажаб эмас.
Ғиёсуддин Ромпурий бу маълумотни “Шарҳи Хоқоний” китобидан олганини изҳор этади. Шундай илмий, луғавий ва қомусий китобларда зикр қилинган бу маълумотлар, шубҳасиз, ҳаёт тажрибаларидан ўтган ҳақиқатлардир. Бобур Мирзо эътиборига мазҳар бўлган асос ана шудир.
“Кам мин фиатин қалийлатин…” ояти ва қисқа изоҳи. “Бобурнома”нинг Кобул даври – тўққиз юз ўн иккинчи (1506–1507) йил воқеаларида бир оят келтирилади. Бобур Мирзо Кобул-Қандаҳор жангларига оид воқеалар орасида: “Менинг била саноғлиқ ўн бир киши қолиб эди… Кишимизнинг озиға боқмай, Тенгрига таваккул қилиб, нақораларни қоқиб, ғаним сори боқиб юрудук” дейди. Сўнг ушбу байтни мисол қилади:
Кўпу озга Тенгридур бергучи,
Бу даргоҳда йўқтур кишининг кучи.
Кейин эса ояти карима келтирилади. У Қуръони каримнинг Бақара сураси, 249-оятидан олинган бўлиб, оятда Толут ва Жолут ўртасидаги жанг ҳақида сўз боради, Толут озчилик лашкар билан ғалабага эришгани, ҳазрати Довуд алайҳиссалом душман ҳукмдори бўлган Жолутни ўлдиргани баён қилинади. Хуллас, Бобур Мирзо келтирган ояти карима Аллоҳга рўбарў бўлишларини аниқ билган ва подшоҳ Толутга бўйсуниб, анҳордан ўтган кишиларнинг сўзи сифатида зикр қилинади. Энди ояти кариманинг матни, ўқилиши ва мазмунига ўтамиз.
Бақара сураси, 249-оят:
كَم مِّن فِئَةٍ قَلِيلَةٍ غَلَبَتْ فِئَةً كَثِيرَةً بِإِذْنِ اللّهِ
Ўқилиши: “Кам мин фиатин қалийлатин ғалабат фиатан касиротан биизниллоҳ”
Таржимаси: “Қанчадан-қанча озчилик гуруҳлар (борки), Аллоҳнинг изни билан, кўп сонли гуруҳлар устидан ғалаба қозонгандир…”
Бу ояти кариманинг изоҳида қиёс учун Оли Имрон сурасининг Бадр жангини баён қилувчи 13-оятига ишора қилинади. Мусулмонлар ва куфр аҳли ўртасидаги бешафқат Бадр жанги ҳижрий 2, милодий 623 йилда воқеъ бўлган, жаноб Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) лашкари 312 киши бўлиб, бунга қарши мушриклар 950 киши, яъни салкам уч баробар кўп эди. Мушриклар қурол-яроқ жиҳатидан ҳам бир неча баробар устун эди. Лекин мўъминлар буюк ғалабага эришдилар.
1. Бас, бу ояти карима Бадр жангини эслатувчи улуғ ёдгорлик оятидир.
2. Бу ояти карима соясида Бобур Мирзо ҳам озчилик киши билан (саноқли ўн бир киши билан) кўпчилик гуруҳ устидан ғалаба қозонганини баён қилади.
3. Кейинги давр одамлари ўртасида ҳам бу оятга таяниб ғалаба қозонган озчилик гуруҳлар бўлган. Хожагий Имканагий кароматлари бунга мисолдир.
Хожагий Имканагийнинг улуғ кароматларидан бири – Мавлононинг насиҳат ва илтимосларига қулоқ солмасдан, Самарқанд устига лашкар тортган Пирмуҳаммадхон устидан Боқий Муҳаммадхоннинг “ул жанобнинг ҳиммати мадади туфайли” ғалаба қозонганидир. “Китоб ун-насма” да айтилади: Ҳазрати Мавлоно ниҳоятда дарғазаб бўлиб, қайтиб келиб Боқийхонга дедилар: “Ўғлим, ўз аскаринг камлигидан андиша қилмагин ва бу ояти каримани ўқигин: ”Аъузубиллаҳи минаш-шайтонир рожийм. “Қанчадан-қанча озчилик гуруҳлар (борки), Аллоҳнинг изни билан, кўп сонли гуруҳлар устидан ғалаба қозонгандир. Аллоҳ сабрли (ва саботли) зотлар билан биргадир” (Бақара сураси, 249-оятидан).
Шундан сўнг Мавлоно кўмак қўлини унинг елкасига қўйиб, муборак фўтасини унинг белига боғлаб: “Аллоҳ азза ва жаллага таваккул қилиб, душман лашкари устига ташлан! Мовароуннаҳр сенга муборак бўлсин!” – дедилар”.
Ушбу башорат ишоратидан сўнг Боқий Муҳаммадхон лашкари тўрт мингга етар-етмас бўлишига қарамасдан, эллик минг нафар ғанимга қарши отланади ва ғалаба қозонади.
“Аллоҳумма, Анта Раббий” дуосининг матни ва мазмуни. “Бобурнома”нинг тўққиз юз ўн иккинчи (1506–1507) йил – Кобул даври воқеалари баёнида “Аллоҳумма, Анта Раббий, ло илоҳа илла Анта” деб бошланадиган дуо матни келади, бу матн асарнинг олдинги нашрларидан ҳеч бирида таржима қилинмаган ва шарҳланмаган. Бу матн қайси манбадан олинган? Унинг келтирилиш сабаби нимада? Бунга қайси тарихий ҳодиса асос бўлди? Дуонинг мазмуни ва аҳамияти нимадан иборат? Бу дуо билан қандай натижага эришилди?
Шуниси муҳимки, Бобур Мирзо бу дуони ўқиганидан кейин Аллоҳ таоло бир оғир зарарни дафъ этганини, у зот балодан қутулиб қолганини маълум қилади.
Қисқача айтганда, бу ўринда Бобур Мирзо ва тарафдорларига қарши ўлим хавфи билан ҳужум уюштирилади. Тўрт кишидан бири – Шерқулини чопиб йиқитишади. Бошини кесиш пайтида қутулиб қолади. Бу тўрт киши қилич еб, ўқ еб, ярадор бўлиб, ўша ерда Бобур Мирзо жамоасига қўшиладилар. Кўчада отлиқ халқ тиқилиб, тўхтаб қолади, Бобур Мирзо йигитларига: “Отдан тушинглар, (уларга қарши) ташланинглар!” деб буюради.
Бобур Мирзо ёзади: “Чорбоғнинг эшигидан Дўст Сарипулий пиёда қилич яланғочлаб кириб келди… Мен совут кийган эдим. Лекин камарбанд боғламаган, дубулға ҳам киймаган эдим. Бир неча марта “Ҳай Дўст, ҳай Дўст!” деб қичқирдим, Аҳмад Юсуф ҳам қичқирди. Совуқ ва қорда юравериб ўзгарганимданми ё мени танимади, ё уруш ғазабидан, тортинмай, яланг билагимга қилич солди. Тангри инояти бўлиб, бир тук учича таъсир қилмади.
Агар тиғи олам бижунбад зи жой,
Набуррад раге, то нахоҳад Худой.
(Маъноси: “Агар олам тиғи сенга қарши ўрнидан қўзғалса ҳам, то Аллоҳ хоҳламаса, бирор томирни кеса олмайди”.)
Мен ушбу дуони ўқиган эдим. Унинг хосияти бўлди, Тангри таоло, бу фалокатни даф қилди ва бу менга йўналган балони бартараф қилди. Ўша дуо мана бу дуодир…”
Шундан сўнг дуо матни келтирилади. Дуонинг арабий матни:
بِسْمِ اللهِ الرَّحْمنِ الرَّحيمِ *
أَللَّهُمَّ انْتَ رَبَّي لَا اِلَهَ ءالَّا انْتَ * عَلَيْكَ تَوَكّلْتُ وَ انْتَ
رَبُّ الْعَرْسِ الْعَظِيمِ * مَا سَا ءَ الله ُ كَانَ وَ مَا لَمْ يَشَاْء لَمْ يَكُنْ *
وَ لاَ قُوَّةَ ءالَّا بِاللهِ الْعَليِّ الْعَظيمِ * أَعْلَمُ أَنَّ اللهَ عَلى كُلِّ شَيْءٍ
قَدِيرٌ وَ أَنَّ اللهَ قَدْ أَحاَطَ بِكُلِّ شَيْءٍ عِلْماً وَ أَحْصَى كُلَّ شَيْءٍ عَدَدَاً *
أَللَّهُمّ اءِنّي اعُوذُ بِكَ مِن شَرِّ نَفْسي وَ مِن شَرِّ غَيْرِ وَ مِن شَرِّ كُلِ ّذِ شَرٍّ
وَ مِن شَرِّ كُلِّ دَآبَّةٍ انْتَ آخِذٌ بِنَاصِيَتِهَا * اِنَّكَ رَبُّ الْعَرْشِ الْعَظيم
Ўқилиши:
“Бисмиллаҳир-Роҳманир-Роҳийм. Аллоҳумма, Анта Раббий, ло илоҳа илла Анта, ъалайка таваккалту ва Анта Раббул-Ъаршил-азийм. Мо шоаллаҳу кона ва мо лам йашаъ лам йакун ва ла қуввата илла биллаҳил-ъалийил-ъазийм. Аъламу, анналлоҳа ъало кулли шайъин қодирун ва анналлоҳа қод аҳото бикулли шайъин илман ва аҳсо кулла шайин ъададан. Аллаҳумма инний аъузу бика мин шарри нафсий ва мин шарри ғайрий ва мин шарри кулли зи шаррин ва мин шарри кулли доббатин, Анта охизум би насиятиҳо, иннака Раббул-Ъаршил-азийм”.
Маъноси:
“Раҳмон ва Раҳийм (барча-барчага марҳамати сўнгсиз ва мўъминларга раҳмати чексиз) Аллоҳ исми билан (бошлайман).
Ё Аллоҳим, Сен Раббимсан, Сендан бошқа ҳеч бир илоҳ йўқ, мен Ўзингга таваккул қилдим – таяндим ва суяндим, Сен эса Буюк Аршнинг Рабби – Эгаси ва Парвардигорисан.
Аллоҳнинг хоҳлаган нарсаси бўлади, хоҳламаган нарсаси асло бўлмайди. Ҳеч қандай куч-қувват йўқ, магар фақат Олий ва улуғ Аллоҳдан келадиган куч-қувват бор!
Билурманки, Аллоҳ таоло, албатта, ҳамма нарсага қодирдур ва Аллоҳ Ўз илми билан ҳамма нарсани қамрагандир ва ҳамма нарсани саноқ-саноғи билан ҳисоблаб қўйгандир.
Ё Аллоҳим! Мен Сендан ўз нафсимнинг ёмонлигидан паноҳ тилайман ва бошқа нарсалар ёмонлигидан Сендан паноҳ тилайман. Ва ҳар қандай ёмонликларнинг ёмонликларидан Сендан паноҳ тилайман. Ва ҳар бир жонзотнинг ёмонлигидан Сендан паноҳ тилайман. Сен уларнинг манглай тукидан тутиб, Ўз ҳукминг ва ироданг остига олгувчи Зотсан! Шубҳасиз, Сен Буюк Аршнинг Рабби – Эгаси ва Парвардигорисан!”
Бу дуо матни асосан ҳадислар матни ва Қуръони карим ифодаларидан олинган. “Ҳеч қандай куч-қувват йўқ, магар фақат Олий ва улуғ Аллоҳдан келадиган куч-қувват бор! Билурманки, Аллоҳ таоло, албатта, ҳамма нарсага қодирдур ва Аллоҳ Ўз илми билан ҳамма нарсани қамрагандир”, деган жумла ҳазрати Имом Абу Довуднинг “Сунан” китоби “Адаб” бўлимида 111-боб, 5075-рақамли ҳадисда ҳамда ҳазрати Имом Насоийнинг “Ас-Сунанул-кубро” китобида баён қилинган. Шунингдек, “Ло қуввата илло биллоҳ” ибораси Каҳф сурасининг 39-оятидан, “Қод аҳото би кулли шайъин илман” ифодаси Талоқ сурасининг 12-оятидан, “Ва аҳсо кулла шайъин ададан” ифодаси Жин сурасининг 28-оятидан, “Охизум-би носиятиҳо” ибораси Ҳуд сурасининг 56-оятидан, “Роббул-Аршил азийм” ибораси Тавба сурасининг 129-оятидан олинган.
Яхлит ҳолда эса дуо матнини буюк аллома ҳазрати Имом Абу Ҳомид Муҳаммад Ғаззолийнинг “Иҳёу улумид-дин” (“Дин илмларини тирилтириш”) китобидан излашингиз мумкин.
Бобур Мирзо бу дуо боис қилич у кишининг бир тукига ҳам зарар етказмаганини билдирмоқда. Бу ҳолат улуғ алломанинг ихлос ва маърифатига дахлдор ҳодиса ҳамдир.
Еттинчи хусусияти, “Бобурнома”даги нозик фиқҳий масалалар баёни. “Бобур Мирзонинг фиқҳий ва тасаввуфий қарашлари”, “Мубайян” асарининг фазилатлари”, “Бобур Мирзо – буюк фақиҳ”, “Бобур Мирзо ва маънавият” каби мақолаларимизда китобдаги фиқҳий масалаларга бирмунча тўхталганмиз, ундаги илмий сўз, истилоҳ, муълама, атама ва иборалар хусусида сўзлаганмиз. Шунинг учун бу ўринда “Бобурнома” асари фиқҳий жиҳатдан мукаммал ўрганилиши лозим бўлган муҳим асар эканини таъкидлаш билан кифояланамиз.
Саккизинчи хусусияти, Темурий ҳукмдорлар ва уларга дахлдор шахсларни қариндошлик туйғуси билан эслаш. Бобур Мирзо улар ҳақида гапирганда ўз қариндошлик ва насабдошлик эҳтиромини унутмайди. Самарқанд шаҳри фазилатлари ҳақида гапирганда ўз бобокалонига буюк эҳтиром кўрсатиб: “(Самарқандни) Темурбек пойтахт қилиб эди. Темурбекдин бурун Темурбекдек улуғ подшоҳ Самарқандни пойтахт қилғон эмастур”, дейди.
Султон Соҳибқирон Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Султон Ҳусайн Бойқаро, Бадиуззамон Мирзо, Султон Масъуд Мирзо, Бойсунқур Мирзо, Абдуллатиф, Ғариб Мирзо ва бошқа кўплаб Темурийзода шахслар номи асарда ақраболик ҳисси билан эсланади.
Бобуршоҳ баъзи шахсларнинг айрим феълларидан норозилик ва хафалигини изҳор этса, баъзи шахсларнинг башарий нуқсонларини уларнинг фазилати билан ёпиб таърифлайди.
Тўққизинчи хусусияти, “Бобурнома”даги шеърий парчалар алоҳида илмий тадқиқот манбаидир. Ҳар бир шеърий парчанинг келтирилиш сабаби, тарихий табиати, хулоса ва натижаси бор. Китобда жами 447 мисра (223 байт) келтирилган бўлиб, бир тоқ сатр ҳам учрайди. Булар асосан туркий ва форсийдаги назм намуналаридир. Бу хусусда олимларимиз анча хайрли ишларни қилишган, шеърий парчаларни жамлаб, маъноларини очишга уринишган. Лекин камина бу мавзу Бобур Мирзо маърифати ва тарихий воқелик нуқтаи назаридан теран ўрганилиши лозим деган фикрдаман.
Ўнинчи хусусияти, “Бобурнома” асарида юксак тасаввуфий руҳ, тасаввуфий тушунчаларнинг мавжудлиги ва устунлиги, тариқат сирларининг нозик услуб билан баён қилиб борилиши – ҳали илмда ўрганилмаган мавзудир. Бу мавзу, шубҳасиз, алоҳида илмий тадқиқотга манба бўлади.
Бобур Мирзонинг ўз шахсиятида ҳамда хожагон-нақшбандия тариқатига ёки ўзга саҳиҳ сулукка мансуб бўлган бошқа шахслар замирида юз кўрсатадиган маънавий ҳоллар, фавқулодда ҳодисалар, каромат намуналари “Бобурнома”да жуда табиий, самимий тарзда баён этиб борилади. Ҳазрат Навоий ифодаси билан айтганда, зотида – замирида тахаллуф, қаршилик ҳисси бўлмаган кишилар бу ҳолатларни албатта қабул қилади. Лекин муаллиф инсонларнинг қабул этиш-этмаслигига парво қилмайди. Кўз олдида юқори савияли, маърифатли ўқувчини ҳозир тутади. Ўз юксак дунёқараши асосида фикрларини орифона баён этади.
Асардаги Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор, Шайх Пурон (Паррон), Шайх Маслаҳат – Муслиҳуддин Хўжандий, Хожа Мавлонойи Қозий каби зотлар ҳақидаги фикрлар маъно оламининг сирларидандир.
Дунё авлиё зотлардан холи эмаслиги, ҳаётда Ҳақ таолонинг валий бандаларининг тасарруфи ва маънавий таъсири борлиги, дунё ҳаётининг устки – зоҳирий томони бўлганидек, унинг ички – кўринмас ботиний тарафи ҳам мавжуд экани ҳақидаги тушунчалар “Бобурнома” баёнларида келадиган сирлар хазинасидир.
Карнон шаҳрининг хилват боғида душманлари Бобур Мирзони ўлдиришга қасд қилиб турганларида Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор ҳазратларидан маънавий ҳиммат етиб, ўлимдан қутулиб қолиши; у кишига подшоҳлик маснади етганига доир Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор ҳазратларининг тасарруфлари Бобур Мирзонинг ўз тушида ҳам, Қутлуғ Муҳаммад Барлоснинг тушида ҳам аён бўлиши;
“Қасидаи Бурда” муаллифи Муҳаммад ибн Саъид ал-Бусийрий ҳазрати Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) ҳақларида қасидасини ёзганидан сўнг фалаж касалидан халос бўлганидек, Бобур Мирзонинг ҳам Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор ҳазратларининг “Рисолаи волидийя” (“Оталиқ рисоласи”) асарини таржима қилиб, оғир дарддан буткул халос топиши;
“Кам мин фиатин қалийлатин…” (Бақара сураси, 249) оятининг баракоти ошкор бўлиб, Кобул-Қандаҳор жангларида Бобур Мирзонинг саноқли ўн бир кишидан иборат озчилик гуруҳ билан кўпчилик гуруҳ устидан ғалаба қозониши;
Бобур Мирзо “Аллоҳумма, Анта Раббий” (“Ё Аллоҳим, Раббим Сенсан”) дуосини ўқиганида хатар ва зарар дафъ бўлиб, ҳалокатдан қутулиб қолгани каби воқеалар тасаввуф оламининг нозик сирларидандир.
Булар Бобур Мирзонинг ўз ҳаёти билан боғлиқ маънавий ҳолатлардир. Асарда ўзгалар ҳаёти билан боғлиқ маънавий мартабалар ҳам таъкид билан эсланади. Масалан, муаллиф тўққиз юз учинчи (1497–1498) йил – Фарғона даври воқеаларида ёзади: “Хожа Мавлонойи Қозий ҳазрати Хожа Убайдуллоҳнинг муриди эди. Улардан тарбият топган эди. Хожа Қозийнинг валийлигига менинг ҳеч шак-шубҳам йўқдир. Валийликнинг бундан ҳам яхшироқ далили бўладимики, уларга қасд қилганлардан оз фурсатда ному нишон қолмади (ҳаммаси йўқ бўлиб кетди)”.
Яна айтади: “Хожа Қозий ажаб киши эди. Қўрқмоқ анда асло йўқ эди. Онча далер (довюрак) киши кўрулган эмас. Бу сифат ҳам валоят (авлиёлик) далилидур”.
Инсон бир кишида маънавий ҳол ва валийлик хислати борлигини билиши учун унинг ўзида ўша хислатдан насиба бўлиши лозим.
Тасаввуф аҳлининг хос одоби ҳақидаги баёнлар “Бобурнома”нинг энг муҳим ва нозик нуқталаридандир. Масалан, Бобур Мирзо китобда Умаршайх Мирзонинг ахлоқ ва атвори ҳақида сўзлаб, айтади: “Ҳанафий мазҳаблиқ, покиза эътиқодлиқ киши эди, беш вақт намозни тарк қилмас эди, умрий қазоларини тамом қилиб эди, аксар тиловат қилур эди. Ҳазрати Хожа Убайдуллоҳға иродати бор эди (мурид эди), суҳбатлариға бисёр мушарраф бўлуб эди, ҳазрат Хожа ҳам фарзанд деб эдилар. Равон саводи бор эди. “Хамсатайн” (Низомий Ганжавий ҳамда Амир Хисрав Деҳлавийнинг “Хамса”лари) ва (Мавлоно Жалолуддин Румийнинг) “Маснавий” китобларини ва тарихларни ўқуб эрди…”
Тасаввуф аҳлининг олий одобларидан бири улуғ зотлар, хусусан, Пири Комил ҳузурида кучли одоб сақлаб ўтиришдир. Бу азиз саҳобалардан келаётган одоб намунасидир. Ҳазрати Пирнинг йиғинида ўтириш маданияти, Муршиди Комилнинг каромати зоҳир бўлиши Султон Аҳмад Мирзонинг ахлоқ ва одоби ҳақидаги баёнда гўзал намоён бўлади:
“(Мирзо) Ҳанафий мазҳабида, покиза эътиқодли киши эди; беш вақт намозни тарк қилмай адо этар эди… Ҳазрати Хожа Убайдуллоҳга мурид эди. Ҳазрати Хожа (Убайдуллоҳ) унга мураббий ва ҳомий эди. Жуда одобли эди, хусусан, Хожа (Убайдуллоҳ) суҳбатида (қаттиқ одоб сақлар эди). Айтишларича, ҳаргиз Хожанинг мажлисида бир тиззасини иккинчи тиззасига чалиштириб ўтирган эмасди. Бир сафар ҳазрати Хожа суҳбатида, одатига хилоф равишда, оёқларини чалиштириб ўтирибди. Мирзо ўрнидан тургандан сўнг, ҳазрат Хожа (Убайдуллоҳ) Мирзо ўтирган ерни қараб кўришни буюрибди: бир суяк бор экан (шу сабабли ўз одобига мос ўтиришга қийналган экан)”.
Хулоса қилиб айтганда, “Бобурнома” замиридаги тасаввуфий руҳ, тариқат аҳлининг одоби масалалари алоҳида ўрганилиши зарур бўлган муҳим мавзулардандир.
Ўн биринчи хусусияти, “Бобурнома”даги Бобур Мирзо шахсининг манзараларидир. Сўз охирида шу хусусга қисқача тўхталмоқчиман. Илм аҳлига маълум, ҳазрати Бобур китобда ўз шахсининг қувватли тарафларини камтарлик билан намоён этиш билан бирга, ўз шахсининг заиф томонларини ҳам яширмайди. Мушкул ҳолатлардаги кечинмаларини, душман қаршисидаги изтиробларини ишоратлар ила баён қилади, ҳақиқат, адолат ва салтанат учун бўладиган курашларда душмандан ёрдам сўраш, душман билан ҳамкорлик қилиш хато эканини англайди. Ҳазрат Алишер Навоийнинг сермазмун, тагдор мактубини эслайди. Баъзи хатоларини ислоҳ қилиш мақсадида ўткир сатрлар, мақоллар ва ҳикматли сўзларни илова этади. Зотан, бор-йўғи 47 йил умр кўрган, ўз жонини салтанат соҳиби бўлган ўғлига фидо қилиб оламдан мардона ўтган, бу дунёда ўзини яхши-ёмондан ўткарган зот учун халқнинг таъна-маломати ҳам, мақтову таърифи ҳам баробардир:
Улуснинг таъну таърифи
манга, Бобур, баробардур,
Бу оламда ўзумни чун
ямон-яхшидин ўткардим.
“Бобурнома”нинг биз саноқ билан кўрсатган хусусиятлари шартли саноқлардир. Асарнинг хислат ва фазилатлари саноқ билан ифодаланса, бу адад анчага чўзилиши шубҳасиздир.
2022/10