Яссавийшунослик ҳақида айрим мулоҳазалар
Турк олами маънавиятининг отаси, турк машойихлари силсиласини бошлаб берган сиймо Хожа Аҳмад Яссавий бобомиз маънавий меросига, Япония, Европа ва АҚШ турколог олимларининг қизиқиши йилдан-йилга кучаймоқда, жиддий илмий тадқиқотлар олиб борилмоқда. Айни пайтда турк, ўзбек, қозоқ, татар ва рус олимлари ҳам муттасил изланмоқдалар. Аммо Аҳмад Яссавий ва унинг асари “Девони ҳикмат”га оид тарихий манбаларнинг бизгача тўла етиб келмагани ёки ҳали топилмагани туфайли, яссавийшуносликда ҳануз ойдинлик киритилмай қолаётган бир неча муаммолар мавжуд. Мавзуга батафсил тўхталишдан аввал, Аҳмад Яссавий ҳақида ёзилган рисолалар ва “Девони ҳикмат” китобининг қўлёзмалари ва нашрлари тарихи ҳақида қисқача маълумот бериш зарур, деб ҳисоблаймиз.
Аҳмад Яссавийнинг иниси Садр шайхнинг невараси, Мавлоно Сайфиддин Ўрунг Қўйлақий томонидан битилган “Насабнома” рисоласида улуғ бобонинг шажараси ҳақида нодир маълумотлар келтирилган. Жумладан, Аҳмад Яссавий йигирма ёшида Хизр бува ундан “қўлини сўраши” ва у келажакда “кўп муридли улуғ машойих” бўлиши тўғрисида ва шундан кейин Аҳмад Яссавий Сайрам вилоятидан Яссига келиб, юз йил шайхлик қилгани ҳақида хабар берилади. Қувондиқ Сарваровнинг хусусий кутубхонасидан олинган “Насабнома”да Мавлоно Сайфиддин Ўрунг Қўйлақий рисолани арабчадан туркий тилга таржима қилгани ҳам айтиб ўтилган. (Ўша манба, 14-бет.)
Аҳмад Яссавийнинг замондоши ва яқин шогирдларидан бўлган, Ҳаким Ота номи билан танилган Сулаймон Боқирғонийнинг (1091–1186) ўз пирига атаб ёзган ҳикматларидан парча келтирамиз:
Шариати ораста, тариқати пайваста,
Ҳақиқатга шоиста
Шайхим Аҳмад Яссавий.
Шариатни сўзлағон,
Тариқатни излағон,
Ҳақиқатни билдурғон
Шайхим Аҳмад Яссавий…
Эронлик олим Нажиб Мойил Ҳаравийнинг хабар қилишича, ҳозирги Қирғизистоннинг Ўш ҳудудида жойлашган Ўзган шаҳрида ХIII асрда яшаб ўтган машҳур шайх Бурҳониддин Қилич ўзининг икки қисмдан иборат “Мартаъ ал салиҳин ва зад ал-саликин” (“Солиҳлар ўчоғи”) рисоласида шайхни “Яссилик Аҳмад”, деб тилга олади, “Оллоҳ” деб зикр тушганини эслатиб ўтади.
Буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий “Насойим ул-муҳаббат” асарида Яссавий ҳақида шундай ёзади: “Туркистон мулкининг шайх ул-машойихидур. Мақомоти олий ва машҳур, каромоти мутаволи ва номаҳсур эрмиш… анинг мазори Туркистонда, Ясси деган ердаки, анинг мавлид ва маншаидур воқе бўлубдур ва Туркистон аҳлининг қиблаи дуосидур”.
Аҳмад Яссавийнинг муридларидан бири ХVI асрда яшаган Султон Аҳмад Ҳазинийнинг “Жавоҳир ал-аброр мин эмваж-и биҳар”(“Уммон тўлқинларидан солиҳлар жавоҳири”), ҳамда Сўфий Муҳаммад Донишманд Зарнуқийнинг (XII–XIII асрлар) “Миръотул қулуб” (“Қалблар ойнаси”), Хожа Исҳоқнинг “Ҳақиқат ал-арифин” (“Орифлар ҳақиқати”) ва Муҳаммад Шариф Бухорийнинг “Ҳужжат аз-зокирин” (“Зикр этганлар ҳақидаги ҳужжат”) шунингдек, 1504 йилда Мавлоно Фахриддун Али ибн Ҳусайн Сафий томонидан ёзилган “Рашоҳат айн ал-ҳаёт” (“Обиҳаёт томчилари”) ва Олим Шайх Азизон номи билан танилган Алиободи Самарқандийнинг милодий 1626 йилда ёзилган “Ламаҳат мин нафаҳат ал-қудс” (“Қуддус ифори шабадалари”) рисоласида Аҳмад Яссавийнинг тариқати, унинг тарихи, силсиласи ҳақида нодир маълумотлар берилган.
“Девони ҳикмат” китобининг Аҳмад Яссавий вафотидан сўнг, бир неча асрлар ўтиб кўчирилган бир қанча қўлёзмалари бугунги кунгача eтиб келган. Ҳозирги кунда “Девони ҳикмат”нинг энг қадимги нусхаси туркиялик олим Меҳмет Маҳур Тулум томонидан топилган 1650 йилда кўчирилган Миср нусхаси ҳисобланади. Олим бу қўлёзма Мулла Саййид Охун исмли шахс томонидан хаттот Мир Абдул Қодирий Ҳўқандийга ёздирилгани ҳақида хабар қилади.
Эронлик олим Меҳди Резаининг 2021 йили чоп этилган мақоласидаги маълумотга кўра, Эрон миллий кутубхонасида “Девони ҳикмат” асарининг туркий тилида ёзилган, янги ҳикматлар жой олган қўлёзмаси мавжуд. Олимнинг сўзига кўра, бу қўлёзма 190 бетдан иборат бўлиб, Исмоил Зеҳрашам исмли хаттот томонидан кўчирилган.
“Девони ҳикмат”нинг Миср нусхасидан ҳам аввалроқ мавжуд бўлган нусхаси борлиги ҳақидаги фаразларга қўшилиш мумкин. Муаррих Фазлуллоҳ Рўзбехоннинг милодий 1509 йилда форс тилида ёзган “Меҳмонномаи Бухоро” номли машҳур асаридан олинган ушбу парчага эътибор берайлик:
“Ҳазрати Хожа Аҳмад Яссавий китобини ўқиш бу фақирга насиб қилмиш. Илоҳий файз неъматларидандир. Бу китоб туркий тилда ёзилган. Бу китобдан турли илмларнинг нозик томонларини, тасаввуф ҳақиқатларини топдим. Шу даражадаки, сулукнинг мақсадлари, эришилган даражаларнинг эълон қилиниши, важдага эришишнинг ҳақиқатлари, донишмандларнинг тартибу зикри ва авлиёлар мақоми каби мавзуларда бундай бир китоб ҳали ёзилмаган, деб ўйлайман”.
Сўфи Оллоёр ўзининг “Сабот ул-ожизин” асарида Аҳмад Яссавий ўз издошларига қолдирган бир “китоб”га ишора қилиб, “…Шариатда эди ул офтобе, қолибдур биз ул эрдин китoбе…” деганида, балки “Девони ҳикмат”нинг тахмин қилинаётган бошқа қўлёзмаcи ҳақида ёзган бўлса ажаб эмас.
Яссавийшунослар орасида шоирнинг илк қўлёзмаси қайси асрга тегишли, деган муаммо устида баҳс мавжуд. Кимдир XVII, XVIII асрни, яна кимлар XIX асрни кўрсатади. Юқорида келтирилган Фазлуллоҳ Рўзбехоннинг “Меҳмонномаи Бухоро” асарида муаллиф “Ҳазрати Хожа Аҳмад Яссавий китобини ўқиш бу фақирга насиб қилмиш…” деб ёзар экан, у ҳолда Яссавийнинг илк қўлёзмаси қачон пайдо бўлганига маълум маънода аниқлик киритилиши мумкиндай туюлади. Аммо тарихчи Яссавий китобини қачон ўқиган, балки XV асрдадир (бу ҳақиқатга яқинроқ), – бу ҳақда маълумот бермайди. Бу далил китобнинг (қўлёзманинг) яратилиш тарихини Яссавий даврига хийла яқинлаштиради, айни пайтда бу йўлдаги изланишларни давом эттиришимиз лозимлигини англатади.
“Девони ҳикмат” асарининг қўлёзмалари Санкт-Петербург, Қозон, Тошкент, Самарқанд ва Туркияда сақланади. Мана шу қўлёзмалар асосида турколог олимлар Яссавий ҳикматларини нашр эттириб келмоқдалар. Жумладан, ғарбда биринчи бўлиб шарқшунос Армин Вамбери (1832–1913) қўлидаги “Девони ҳикмат” қўлёзмасидан намуналар таржима қилиб, уларни 1867 йили Лейпцигда “Chagataische Sprachstudien” (“Чиғатой тилини ўрганиш дарслиги”) китобига (115–123-бетлар) киритган.
Ўзбекистонда 1991 йили навоийшунос олим Иброҳим Ҳаққул туркиялик олим Камол Эраслон нусхасига асосланиб, “Девони ҳикмат”ни нашр эттирди. Расулмуҳаммад Ашурбой ўғли томонидан 1992 йилда Тошкентда тайёрланиб нашр этилган “Девони ҳикмат” эса 1836 йилги Қозон нашрига асосланган. Яссавийшунос Нодирхон Ҳасан шайхнинг янги топилган ҳикматларини жамлаб, 2004 йили “Хожа Аҳмад Яссавий: Девони ҳикмат (Янги топилган намуналар)” номи остида нашр эттирди. Бу нашр учун олим Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти, Ҳамид Сулаймон номидаги собиқ қўлёзмалар институти, Алишер Навоий номидаги Адабиёт музейи, Алишер Навоий номидаги Тил ва адабиёт институти Мумтоз адабиёт тарихи бўлими кутубхонаси, Истанбул ҳокимияти Отатурк номидаги кутубхона фонди, Қўқон адабиёт музейи, сайрамлик Отахон Азлархон, қўқонлик Аҳмадхон ҳожиларнинг хусусий китоб жамғармалари ва олимнинг ўз шахсий кутубхонасидаги “Девони ҳикмат” нусхаларидан ҳикматлар танлаб олинган.
Юқорида айтиб ўтилганидек, манбаларнинг камлиги ёки тўла топилмаганлиги сабабли, олимлар орасида “Девони ҳикмат” ҳақиқатан ҳам Аҳмад Яссавийга тегишлими, йўқми, деган гумонлар ҳам мавжуд. Масалан, америкалик профессор Девин Девис шайхнинг ҳикматлар ёзганига шубҳа қилади, ҳикматлар шайхнинг издошлари ижод маҳсули, Аҳмад Яссавий ёзмаган, деб ҳисоблайди. Машҳур турк олими Фуод Кўпрулу (1890–1966) эса Яссавийнинг ҳикматлар муаллифи эканига қатъий ишонади.
Аҳмад Яссавий ҳақида сўз юритган шайху шоирлар унинг шоирлиги ёки ҳикмат ёзганлиги ҳақида ҳеч эслатиб ўтмаганлар. Чунончи, Алишер Навоий “Насойим ул-муҳаббат” асарида Аҳмад Яссавийнинг шогирди Сулаймон Боқирғоний ҳақида ёзаркан, шоирнинг ҳикматларидан намуна келтириб, у ҳикматлари билан халқ орасида машҳур бўлганини таъкидлайди. Аҳмад Яссавий ҳақида сўз юритганида эса шайхнинг “Туркистоннинг шайхул-машойихи” экани ҳақида аниқ ёзади, аммо ҳикматлар ҳақида маълумот бермайди. Алишер Навоий қорахонийлар даврида яшаб ўтган шоир Юсуф Хос Ҳожиб ёки унинг “Қутадғу билиг” асари ҳақида сўз айтмаган, аммо Юсуф Хос Ҳожибнинг замондоши, шоир Аҳмад Югнакий (XII–XIII асрлар) – “Адиб Аҳмад” ҳақида яхшигина маълумот келтирган. Шунга ўхшаш ҳолат Заҳириддин Муҳаммад Бобурда ҳам кузатилади, яъни у ҳам Юсуф Хос Ҳожиб ҳақида ўзининг “Бобурнома” асарида ҳеч нарса айтмайди. Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур Юсуф Хос Ҳожибнинг ижодидан хабарлари бўлганми-йўқми ёки шунчаки манбалар ва маълумотларга эга эмас эдиларми, бу ёғи номаълум. Янги тадқиқотлар бунга аниқлик киритади, деган умиддамиз.
Шуни таъкидлаш лозимки, Аҳмад Яссавий ҳикматнинг муаллифи эканлигини исботловчи манба қўлимизда бўлмаса, ҳам бу Аҳмад Яссавий ҳикмат ёзмаган, дегани эмас. Шунингдек, ҳикматларнинг бир нечаси Яссавийнинг шоир издошларига тааллуқли эканлиги аниқланган эса-да, бу ҳам Аҳмад Яссавий умуман ҳикмат айтмаганига, ёзмаганига далолат бўлолмайди. Бу ерда, албатта, шайхнинг яшаган даври, муҳитига эътибор беришимиз, ўша замонлар шароитини назарда тутишимиз лозим. Баъзи олимларнинг фикрига кўра, Аҳмад Яссавий ҳикматларни ёзма кўринишда эмас, балки оғзаки шеър сифатида ижод этган, аниқроғи, айнан шеър қилиб ҳам тузмаган, зеро, шоирлик унинг учун биринчи ўринда турмаган, биринчи галда у тасаввуф оламининг машҳур алломаси эди. Фикримизча, у ислом ва унинг моҳияти ҳақида, тасаввуф ғояларини омма орасида чуқур сингдириш учун шаҳар, қишлоқ, овул, мадраса-мактабларда, катта йиғинларда жўшқин ваъзлар ўқиётганида, унинг ҳикматларга бой сўзлари, бемисл илоҳий илҳом, завқу шавқ кучи ва сеҳридан оддий сўз эмас, фавқулодда шеър бўлиб отилиб чиққан ва қулоқларга сингиб борган, шу тариқа эл ичида кенг тарқалиб кетгани ҳақиқатга яқин. Унинг шогирди Сулаймон Боқирғоний ҳам Аҳмад Яссавийга атаб ёзган ҳикматларида уни “сўйлағон”, “гапиради” деб бежиз ёзмаган. Мантиқан қараганда ҳам, у ҳикматларини оғзаки айтмаса, эл-халқ уларни қаерда эшитарди ва қандай йўсинда юртга ёйилиб кетарди. Унинг айтган ҳикматлари, насиҳатлари маҳаллий анъанага кўра авлоддан-авлодга қўшиқ тарзида ўтиб келган, деб тахмин қилинади. Масалан, ўзбек, қозоқ, туркман, қорақалпоқ ва бошқа кўплаб халқлар орасида бундан аввалги асрларда ҳам шундай бўлганлиги маълум. Бу ерда Бобораҳим Машраб (1657–1711), Бухар-жырау Қалмақан Ули (1668–1771), Махтумқули (1724–1783) ва Бердақ (1827–1900) каби ўзбек, қозоқ, туркман, қорақалпоқ шоирлари номларини айтиб ўтишнинг ўзи кифоя. Қолаверса, ҳозирги Қозоғистон ҳудудида Аҳмад Яссавий даврида қипчоқ туркларининг авлодлари яшаган. Аҳмад Яссавийнинг нафақат туркий халқ оғзаки шеърияти анъаналари билан таниш бўлгани, балки ўзи ҳам табиатан оғзаки импровизация қиладиган шоирга айланиб кетгани ҳақиқатга яқиндир. Шу сабабдан, унинг издошлари орасида минг-минг сатрларни ёд биладиган халқ бахшилари бўлгани бежиз эмас. Фикримизнинг исботи учун машҳур аллома ва мутафаккир Абдурауф Фитратнинг (1886–1938) Аҳмад Яссавий ҳақидаги қуйидаги сўзларини келтирамиз: “…Яссавийнинг адабиётда тутган йўли содда халқ шоирларининг тутғон йўлидир… Унинг ҳикматлари вазнда, қофияда, услубда халқ адабиёти аталган шеърлар билан баробар”.
“Аҳмад Яссавий ким ўзи? Агар сиз унинг ҳаёти ва асарларини ўргансангиз, унинг сиймосида бизнинг миллий ўзлигимизни кўрасиз”, деб ёзган эди машҳур турк шоири Яҳё Камол. Бу фикр, шубҳасиз, барча туркий халқларга тегишли, деб қарамоқ керак.
Албатта, улуғ шоир ва мутафаккир Хожа Аҳмад Яссавийнинг ҳаёти ва ижоди теран ўрганилмоқда, ҳали кўп ўрганилади, изланишлар давом этади. Ўзбек адабиётида алоҳида “Ҳикмат” жанрига асос солган, пурҳикмат шоирнинг ўлмас саси, унинг маъноларга бой ҳикматлари асрлар оша бизгача етиб келганининг ўзида ҳам катта бир ҳикмат борлигига ишонасан киши.
Дилбархон АҲМЕДОВА,
Вашингтон университети
магистри. Сиэтл, АҚШ
2022/11