Вилҳелм РААБЕ (1831–1910). СИРЛИ ҚОТИЛЛИК  ҚИССАСИ

Vilhelm_raabe
Вилҳелм Раабе атоқли олмон адиби, кўплаб машҳур роман, қисса, ҳикоя ва новеллалар муаллифи. Унинг “Шперлингсгассе хроникаси” (1856), “Ўрмондан чиққан одамлар” (1863), “Абу Телфан” (1867) сингари романлари ўз вақтида катта шуҳрат қозонган. Жумладан, “Абу Телфан” романи Халқаро Нобель мукофоти соҳиби Ҳерманн Ҳессе томонидан дунё адабиётининг дурдона асарлари қаторида эътироф этилган.
* * *
Жанубий Африкада мен дурустгина бойлик орттирдим. Бунга баъзи одамлар ўлик тиллар, адабиёт, санъат тарихи ёки фалсафа билан шуғулланмасдан туриб ҳам, осонгина эриша оладилар. Аслида ҳам маданият тарқатиш учун энг тўғри йўл ўзи шу; чунки Африкага бориб, у ернинг туб аҳолисига, яъни бушменларга мол-давлат учунгина билим ўргатиб келишни немис профессоридан талаб қилиб бўлмайди-ку.
– Бунинг учун, Эдуард, “Машъум йўл айрилиши”дан далил келтириб, адабиётшунослик илмидан ҳам бохабар эканимизни бир кўрсатиб қўяйлик!
Ҳа, Эдуард деганим, бу каминага чўқинтирилган пайтида қўйилган исм. Мопс эса, аркадиялик Август фон Платеннинг “Вақт-соати келиб, бир кунмас-бир кун ер-мулк сотиб оламан деб, яхши ниятда йиғиниб” юрган қўйчивони.
– Бу гапни у қаёқдан олибди? – сўрайди Аркадия қишлоғи оқсоқоли Дамон. Ҳолбуки, одамлар шундай саволни беришга ҳақли эдилар. Бироқ менга буни балки ўзлари айтиб беришар! Одамларга ҳайронсан, қаёқдаги гапларни валақлаб юришади-я!
Мен шу ўринда бунга қишлоқ почтачиси Штёрцерни масъул деб ҳисоблаш керак, деган бўлардим. Штёрцер менинг қадрдон дўстим. У билан болалигимиз Аркадияда –  туғилиб ўсган жонажон шаҳрим биқинидаги қишлоқ кўчаларида кечган, демак, ёруғ дунёдаги барча қишлоқ кўчалари ва денгиз йўллари биз учун шу ерда кесишган, десам бўлаверади.
Ўз ватанингда билимдон кишилар билан гаплашишга ҳақинг борлигини кўрсата олсанггина, қадр топасан. Бунга мен бугунги юрт одамлари учун имловий жиҳатдан тўғри ёки ҳаққоний ёза оламанми, йўқми, бир нарса деёлмайман, дея гап қистириш билан эришаман. Ўзи шу йўналишда камина йўқлигида катта-кичик одамлар ҳам ҳаракат қилиб кўришган ва полиция назорати остида ашаддий душманга мансуб ажиб истеҳзоли сўзни-да, қўллашган. Бироқ афсуски, олмон ҳам, буни биз тескари маънода тушунганмиз, демайди! У масалани ҳамиша, айниқса, гап ўз фойдаси, иззатталаблик ёки мақтанчоқлик хусусида бораётган бўлса борми, жиддий қабул қилади.
Аммо барибир ватанда бўлиш яхши-да, акс ҳолда, камина ушбу сатр­ларни Атлантика океани тўлқинлари узра сузиб бораётган “Hagebucher” кемаси бортида эрмак ё кўнгилхушлик учунгина ёзиб ўтирган бўлармидим. Агар об-ҳаво яхши бўлса, – Ҳамбургдан ҳисоблаганда – ўттиз кунлик денгиз саёҳатимни ноодатий тарзда қалам тебратиш билан ўтказиб, ундан унумли фойдаланишга ҳаракат қилардим. Шунда Оранжевая дарёси соҳилидаги ёки Трансвааль вилоятидаги қўшниларим каютада битилган ушбу қинғир-қийшиқ ёзувларимни қўлларига олиб, ўқий олсалар, бақалоқ оғайнимиз ҳақидаги битикларимдан ҳайрон қолиб, қанчалар хурсанд бўлишарди! Бироқ, на ундай ва на бундай бўлиши амри маҳол, чунки президентимиз – бурлар диёридаги яхши дўстимнинг ҳақиқатан ҳам бунга вақти йўқ, акс ҳолда у менга илтифот кўрсатиб, қўлёзмам ҳақида ўз фикрини айтган бўлар эди.
Юлдузлар чарақлаб турган бир тунда уйга қайтаяпмиз. Эзгу Умид бурнидан эмас, “Бруммерзумм”дан. Хайрият, бутун бир ярим дюжина олмонлар ичида ҳар тугул биттагина “пичоққа илинадигани” чиқиб қолди: у астрономиядан озроқ хабардор эканми, осмондаги юлдузлар номларини айтиб, кўрсатиб, ҳаммани оғзига қаратиб борарди. Бошқалари эса мум тишлаб олган, ҳайбатли коинот манзарасидан эсанкираб, бошларини сарак-сарак қилишдан, нари борса, “Ҳа, ажойиб, ажойиб!” деб қўйишдан нарига ўтишмасди.
 Қанча билимдон бўлмагин, барибир бир кун кимдандир, ниманидир ўрганишингга тўғри келади. Шу тариқа Сириус, Бетельгейзе, Арктур, Альдебаран каби юлдузлар қаерда жойлашганини билиб оласан. Орион (осмоннинг экватор қисмидаги юлдузлар туркуми)ни билганлар эса, бошқалардан хийла олдинда; чунки юлдузлар туркуми масаласида унча-мунчамиз мақтана олмаслигимиз аниқ. Ахир уларнинг ҳаммаси ҳам худди менинг юлдузим – Жанубий Хочга ўхшаб, манаман деб турмайди-да. Шимолликлар-ку, Катта Айиқ туркумини топа олишса ҳам катта гап, чунки кўпчилиги Қутб юлдузини Кичик Айиқ эмас, Катта Айиқ туркумига мансуб деб билади.
Бруммерзуммдан қайтаяпмизу юлдузли осмондан кўз узолмаймиз. Ажойиб манзара. Унга тикилиб беихтиёр ўйга толасан. Эҳ, бунақа пайтларда ёнингда болалик дўстларинг бўлгани тузук-да. Суҳбат қандай мавзуда бормасин, сиёсатми, биржа савдосими, фабрикага тегишли муаммоми ёки эстетика хусусидами, бемалол луқма қўшишинг, ҳазилу чин қилиб, мавзудан чалғитиб юборишинг мумкин. Ва шундан сўнг, кимдир бир чеким тамаки олиб, искайди, масалан, мен юлдузли осмонга кўз тикканча сигара тутатаман, ўйга толган бўламан.
Ҳа-да, кекса авлодга мансуб олмон бўлганингдан кейин, энг оддий йўлни танлайсан, фараҳбахш оқшом аро дилкаш улфатлар даврасига қўшиласан, қолаверса, саргузашт илинжида бошинг узра милтиллаб, жимирлаб турган “Сириус кенгликлари” бўйлаб йўлга отланасан. Бу – заминдаги ҳақ-ҳуқуқларимиздан бири. Бу ерда қандай одамлар билан бирга яшаётганимиз ва улар билан қандай муомала қилишимиз лозимлигини билиш, биз учун, Ойда ёки Марсда ҳаёт борми-йўқми, деган саволдан ҳам муҳимроқдир.
 Шундай қилиб, Марсда, Ойда, Сириус ёки Бетельгейзе, Зуҳро ёки Юпитерда нималар мавжудлигини билишдан ҳам кўра, менга бу оқшом суҳбатдош бўлгувчи ҳамроҳларим яқинроқ эди. Улар билан уззукун бирга бўлардим, бу ерда, яъни мусофирчиликда улар гоҳ ўнгимда, гоҳ тушимда, кўпинча ярим уйғоқ, ярим мудроқ пайтларимда ҳам тўсатдан кўз ўнгимда пайдо бўлиб, йўлим устидан чиқиб қолаверарди! Илгарилари етти ухлаб тушингга кирмаган бўлса ҳам, энди улар ҳақида тез-тез ўйлай бошлайсан киши:
 – Э, уми! Яхши йигит эди, ҳалиям юрибдимикан, ҳол-аҳволи яхшимикин?.. Анови чақимчи – мактабдош муғомбир-чи! Калта шим, енги калта пиджак кийиб юрадиган ўша йигит ҳозир, бандаргоҳга олиб борадиган кўча муюлишида қандай қилиб бирданига хаёлимга кела қолдийкин-а? Пальмалар, оқ заранг ва оқ гулли мокрицалар остида, бунинг устига, экватордаги шундай жазирама иссиқда-я?! Бироқ шундай жазирамада ва бутпараст ҳабашларнинг экзотик тугуни остида бўлса ҳам, германиялик ватандош насронийлар билан бирга бўлиш қанчалар қувончли, дунёда нақадар самимий инсонлар бор-а!.. Ёпирай, анови келаётган Майерми?.. Худди ўзи! Гўё чойқутидаги нақшинкор гулдан, Нанкингдаги нажотбахш минорадан чиқиб келгандек-а! Эски қадрдон ва нодон ошнамни танимай қолибман, сочларини қара, эгнидаги тўртинчи тоифага мансуб мундири, унинг мандаринни эслатувчи тугмалари-чи,  у буларнинг барига қандай қилиб эришдийкин?.. Ё тавба, Бақалоқми? Мактабда биринчи партада ўтирадиган ўша хомсемиз дўстим бу ерга қандай келиб қолди? Эҳ, Бақалоқ!.. Бақалоқ!
 Мен шу чоққача на шаҳарда, на Бруммерзуммда синфдошларимдан биронтасини ҳам учратмаган эдим. Негаки, бири ажали етиб ўлган, бошқаси эса…
Энди Бруммерзуммга келсак, бирови ундай, бирови мундай, яна бири уйланган, яъни оқшомги улфатчиликларга азбаройи оиласидан ортиб, чиқиб келолмаган. Яна битта ошнамиз ҳатто Бруммерзуммдан ҳам воз кечган ва, айрим сабабларга кўра, хотини  билан  унинг қўрғонида қолиб  кетган  эди. Ҳа, исми нима эди унинг. Нима эди-я.. майли зарарсиз, лақаби эсимда – Бақалоқ…
У мазкур саҳифалар орқали ҳали кўп сўзлайди. Эски қовоқхонада, чарақлаб турган юлдузли осмон остида уйга қайтаётганимизда ҳамда узун теракзор хиёбонда ҳам у ҳақда гап кетганди. Лекин орқароқда бўлганим учун анча вақтгача ушбу суҳбатларда қатнаша олмаганман, шу боис эски хотираларим билан кифояланиб, у ҳақда ўйлардим:
 Бақалоқ! Қизил хандақдаги Бақалоқ! Эдуард, буни сен пирогнинг энг яхши бўлаги сифатида охиригача сақлаб қолганмидинг? Бунақа яхши болани, ғалати ўртоқни шу пайтга довур қай бир Худо йўлингдан айро қилдийкин-а? Демак, Бақалоқ ҳақиқатан ҳам қизил хандақда экан-да! Мабодо эртага Африка ва Европа йўлингга кўндаланг туриб олса-чи: лекин сен уларни бир ёнга суриб, имкони борича барвақт туриб, Қизил хандақ сари, хомсемиз дўстинг бўлмиш Бақалоқ ҳузурига йўл оласан. Демак Бақалоқ ҳеч шубҳасиз Қизил хандақда!
Ҳали айтиб ўтганимдек, анчадан бери йўлим тушмаган жонажон шаҳрим Бруммерзуммдаги ресторанда мана ниҳоят, меҳмон бўлиб, ўша ерда битта стулни банд қилиб ўтирибман.
 Албатта, бу ерда теран олмон юраги, қалби ва кўнглидаги фикр-мулоҳазаларни, кайфият ҳамда туйғуларни етарлича, ҳатто батафсил тасвирлаш мумкин; лекин шу тобда бунинг иложи йўқ, фақатгина зарур нарсаларни қайд этишга тўғри келади.
 Чунончи, кўп йиллар муқаддам вафот этиб кетган раҳматли отамни болалигимда ўша ергача кузатиб борганман. Унинг тамаки трубкаси доимо ўзида бўлар, аҳён-аҳёндагина унга янгисини олиб чиқиб берардим. Баъзилар балки, раҳматли кекса жаноб боласига тоза ибрат кўрсатган экан-да, дейиши мумкин. Албатта, улар ҳақ, лекин қанчалик ҳақ эканликларини ўзлари ҳам мутлақо билишмайди. Тўғри, ҳақиқатан ҳам отам менга ажойиб бир тарзда ибрат кўрсатган  –  фақат бу маънода эмас.
 Шундай қилиб, камина болалигимдаёқ Бруммерзумм мижози бўлганман ва уни деб, ҳалол кекса отамга ўхшаб, анови “иссиқ Африка”даги ўртоқларимга ул-бул гапларни сўйлаб бериш учун уйланганман ҳам. Бир қадар ёввойилашган, чала-ярим олмон-голланд шумтакалар эса, ўз навбатида Бруммерзумм ҳақидаги гап-сўзларни бурлар, жанубий африкалик кафрлар ва готтентотлар орасида маданий аҳвол қабилида оқизмай-томизмай тарқатганлар. Улар одатда бундай дейишарди: отам шундай деди, у буни отасидан, Олмониядаги бобомиздан эшитган экан.
 Ҳа, майхонадаги тор фикрли олмон ана шунақа эди!
 Унга шунчаки елка қисиб қўя қолишарди, чунки нотўғри нарсани тўғри деб қабул қилишга ўрганиб қолишган эди. Ахир, Бруммерзуммдан бошқа яна қаерда тактикани осонгина ўзгартириш, ушбу зерикарли, бемаъни ва бемаза, ичи қора дунёни эслаш мумкин, деб ўйлайсиз? Ўта ра­зил, аблаҳ одамни ерга эгиб қўйиш учун дурустгина туртиб қўйишнинг яна бошқа қаерда ҳам иложи бор экан?

(Давомини 2022/11-сондан ўқийсиз)

Олмон тилидан  Мирзаали АКБАРОВ таржимаси
Ижтимоий тармоқларда ёйиш:
0 Menga yoqdi
0 Menga yoqmadi