Гулсифат Шаҳидий. Аҳриман – Зулмат ҳукмдори

gulsifat_shahidiy

(Қисса)

Нилуфарнинг ўзи учун бегона оилага қайтиши унга нақадар қийин­лигини тасаввур қила оламан. Лекин отамиз хўрланишига йўл қўйиб берди. Синглимни ташлаб қўёлмадим, тақиқларга кўз юмиб, кунда-кунора уйига боравердим. Уйда ҳеч ким бўлмаганида синглим хабар қилар, мени кўриб боладек қувонарди. Университетни аъло баҳоларга тамомлаётганимдан фахрланарди.
Онам ҳам Нилуфарни кўргани келиб турарди. Албатта, бу ёқимсиз эди, лекин қизи билан учрашиш учун онам ҳамма нарсага дош беришга тайёр эди. Баъзан мен ҳам уларга қўшилардим.
Нилуфар яна икки марта ҳомиладор бўлди, аммо ҳомиласи қорнида нобуд бўлаверди. Хуршид эса тери билан қопланган скелетга ўхшаб қолди. Бир гал онам ахлат қутиси ёнида шприц ётганини кўриб, уни сочиқ билан ушлаб, ердан олди-да, қизига яқинлашиб сўради:
– Бу ерда ким касал? Ким укол олади?
Нилуфар қўрқиб кетди. Онам эса давом этди:
– Айт, акс ҳолда мен шприцни олиб, текширишга топшираман.
– Ундай қилманг, онажон! Сизга ҳаммасини айтиб бераман. Муаммо­ларим билан сизни хафа қилишни истамагандим. Хуршид – гиёҳванд. Шунинг учун жуда озғин. Яқинда унинг мазаси қочди. Қайнонам шифокорни чақирди. Уларнинг гапларини эшитдим. Шифокор Хуршидни касалхонага ётқизишни талаб қилди. Акс ҳолда, у узоққа бормайди деди.
– Шунинг учун тилла буюмларингни тақмаётган экансан-да? Шунинг учун ҳам фарзандли бўлолмаётган экансизлар-да? Нега буларнинг барчасига чидаяпсан?
– Онажон, баъзида унга жуда ачинаман. Ўзига келганда, ярадор руҳини менга очади. У онасидан қўрқади, отаси эса у учун курашмайди. Хуршидни ташлаб, уларни шарманда қилмаслигим учун қайнонам мени қийнашни тўхтатди. Барча қўшнилар менга ҳамдард, чунки ойни этак билан ёпиб бўлмайди. Бу менинг пешонамга битилган тақдирим. Хуршиднинг ота-онаси уни тез-тез дала-ҳовлига олиб кетишади. Бир марта қайнонам чин дилдан: “Бегона – барибир бегона экан”, деди. Хуршиднинг аҳволи тобора ёмонлашиб бормоқда. У гиёҳванд моддаларни талаб қилганда жуда даҳшатли бўлади. Қанчалик чарчаганимни Худо билади. Аммо мен ўз муаммоларим билан ҳеч кимни қийнамоқчи эмасман. Мен тақдиримга тан бердим.
– Тайёр бўл, уйга Зарнисорга кетамиз, – деди онам қатъият билан. – Менинг битта қизим бор. Бу хўрликларга чидашни бас қиламиз.
– Ўзимга қолса анча олдин кетган бўлардим, лекин отамдан қўрқаман. У мени неча марта қайтарди. Сизга ҳам осон эмас. Икки эмас, уч олов орасидаман.
– Аммо отанг ҳам гиёҳванд билан яшашингга рухсат бермайди.
– Отам ҳаммасини яхши билади, она.
– Бўлиши мумкин эмас! Наҳотки у ҳаммасини билган? Сени хўрлагиси келдими?! Нега отанг сени бундай жазога лойиқ кўрди? Ёки мени жазоладими?
Нилуфар йиғлай бошлади, онам унга қўшилди. Эшитганларимдан, оиламга ачинганимдан бошимга оғриқ кирди. Лекин ўзимни эркакдай тутишим керак эди ва синглимдан нарсаларини йиғиштиришни қатъий талаб қилдим. Такси чақирдим ва биз кетдик. Йўлда Парвин холанинг мактубидаги сатрлар ёдимга тушди:
“Ҳурматли Садбарг, биламан, мени кўпчилик қораласа керак. Кучли бўл, болаларни ўйла, дейишади. Мен бу юк билан ўн йил яшадим ва доимо ўша кечанинг даҳшатли хотираларини онгимдан ўчириб ташлашни хоҳлардим. Ҳамма нарса патриархал қонунларга бўйсунган жойда қандай курашиш мумкин? Менинг ўрнимда ҳеч ким бўлмаслигини Худодан сўрайман…”
Нилуфарга қарадим, у бахтли бўлиши керак эди, деб ўйладим. Синг­лим ҳам номукаммал жамиятимизнинг ёзилмаган қонунларига қарши тура олмади. Ғийбатдан қўрқди.
Биз уйга кеч келдик ва чарчаган ҳолда дарҳол ухлашга ётдик.
Эрталаб отам Нилуфарнинг уйда эканлигини билди. У ҳамма нонуштага йиғилгунча кутиб турди ва сўроқ қилди:
– Эрингдан рухсат сўрамай яна келдингми?
– Эри сархуш эди, унга энди ҳеч нарсанинг фарқи йўқ, – деб дарров синглимга баҳона топдим.
– Сендан сўрамаяпман, – деб бақирди отам.
– Сизларни соғиндим, – деб секин жавоб қилди Нилуфар.
– Бугуноқ қайтиб кет!
Нилуфарнинг жавоби менга негадир маҳкумона эшитилди. Лекин унинг ҳар доимги итоаткорлигини билганим учун бунга эътибор бермадим.
Отам ишга кетди. Ойим ошхонада Нилуфарнинг севимли таоми – чучвара тайёрлашга уннади. Садоқатли қўшнимиз Анора хола ёрдамга ўз вақтида етиб келди. Мен тушликка мева теришга боққа бордим, Нилуфар эса онамнинг хонасини тозалашга киришди.
Боғда эгилиб қолган нилуфарга кўзим тушди – унинг пояси синган эди. Бирдан ғалати бўлиб кетдим. Қандайдир нохуш туйғу мени уйга киришга ундай бошлади. Нилуфар онамнинг каравотида гўёки тинч ва осойишта ухлар, ерда эса уйқу дорисининг бўшаган шишаси юмалаб ётарди…
Акаларим Ховар ва Анвар синглим билан видолашгани келишди. Нилуфарни Парвин холанинг ёнига дафн этдик. Онам бу ғам-ғуссадан кўз ўнгимизда кексайиб кетди. У нуқул нилуфар гул қизини, Нилуфарини ҳалокатдан асраб қололмаганини айтиб эзиларди.
Биз ўғиллар Зарнисорни тарк этиб, онамизни ўзимиз билан бирга олиб кетишга қарор қилдик. Уни Наримон отамиз билан қолдириш қўрқинчли эканлигини тушундик…

(Давомини 2022/11-сондан ўқийсиз)

Рус тилидан Дилфуза Абдимуратова
таржимаси

Ижтимоий тармоқларда ёйиш:
0 Menga yoqdi
0 Menga yoqmadi