(Роман)
* * *
Эй адашган қалбим раҳмони,
Худо ҳақи менга ёрдам бер!
Фақат Сенсан мендек гумроҳни
Тўғри йўлга солишга қодир!
Ҳофиз
Қуёш нурлари юзимга тушиб, уйғониб кетдим – зўриққан туйғуларим учун кипригимга ёруғлик тегса кифоя эди. Мен совуқдан дағ-дағ қалтирардим ва бу тез ўзимга келиб, ақлим равшанлашувига ёрдам берди: саховатли қуёш чарақлади! Мен бошимни кўтариб, унга салом бердим, юрагим фараҳга тўлди. Узун тун ортда қолганди.
Титроғим босилгач, на бир егулик, на ичгулигим борлигини англадим – мен тирик қолиш ғамидан ҳам кучлироқ эҳтиёжга гирифтор бўлган эдим. Бундан кулгим қистади. Агар бир ойгина муқаддам шундай ҳолга тушганимда борми, эҳ-ҳе, буткул афсус-надоматга чўмиб қолармидим. Ҳозир эса… Аллоҳ иродаси ила бўрондан омон қолдим, иблиснинг энг қудратлиси билан юзма-юз бўлдим. Худо асради, мана тирикман. Ҳа, тирикман… Юрагимга муҳрланган вазифани адо этиш учун тирикман.
Қуёш менга йўл кўрсатди ва мен шимоли-ғарб томон йўл олдим.Уч кеча-ю, уч кундуз йўл юрдим, охири тунгрегларга учрадим. Қурдош скарабейларим билан бирга намоз ўқиётганимда дуч келишди улар. Кўп ўтмай Агидезга келдим. Бу ерда мени алоҳида меҳр билан қуршаб олишди, лекин мен кечмишларим хусусида чурқ этмадим, сукут сақладим. Устозни кутишим, унинг ижозати билангина саргузаштларим борасида оғиз очишим мумкин эди.
* * *
Бир-икки ҳафта, балки бир ой ўтгандир. Қўриқчи хотинлар мен билан гаплашмас эдилар, бошқа ҳеч ким олдимга келмас эди. Улар ҳануз эшигим тагида пичирлашар эдилар, аммо мен бундан ташвиш чекмасдим. Фақат ёзганим-ёзган эди, барча воқеа-ҳодисалар қоғозга тугал тушмагунча тўхтам билмадим. Кўз ёшларим қотган сиёҳ билан хотирамда нимаики қолган бўлса, ҳаммасини қоғозга туширдим.
* * *
Охири кўз ёшларим оқмай қўйди, сиёҳдон эса қуриди, мен ҳамма гапни ёзиб тугатган, мирзалик бурчимни адо этиб бўлгандим. Сўнгги кунларда ишим фақат ухлаш бўлиб қолди, Устозни қўмсаб, кечаси-ю кундузи ухлар эдим. Ниҳоят, бир куни эрталаб уйғониб, не кўз билан кўрайки, у ёнгинамда ўтирибди.
Унинг исмини такрорлаб, лабларим унсиз қимирларди, бунинг туш эмаслигига ишонмаётгандим, унинг қўлини ўпганимда кўз ёшларим юзимдан жилға бўлиб оқди. У жавоб тақозо этмайдиган сўзлар билан мени чин юракдан олқишлади ва қўлимдан ушлади.
Устоз шу ерда! Менинг кўнглим кўтарилди, у қўлимдан тутганида юрагим нурга тўлди, У барча ғам-андуҳларимни ўзига тортиб олгандек бўлди. Шу нарсани сездимки, қандайдир йўл билан у ҳамма гапдан хабар топганди: мен яна гапиришга оғиз жуфтлагандим, у бош чайқади.
– Гапирма. Ўзингга зиён қилади.
Устоз хотиржам эди, овози ишончли жарангларди. У бир қўлини манглайига қўйди, кўз ёшлари юзларини юварди. Мен турмоқчи бўлдим, у бош чайқади, мен яна ўзимни ёстиққа ташладим.
– Энди гапир, – деди у мулойим оҳангда. Кейин кафтини манглайимга қўйди. Шунда хотирамни тўсиб турган парда сурилиб кетгани ва барча кўрган-кечирганларим яна юзага қалқиб чиққанини пайқадим. Бизга дардни ҳам, давони ҳам бергувчи Буюк Шифокорга ўхшаб, у юрагимдаги муҳрни олиб ташлади.
– Устоз, – шивирладим мен. Ортиқ гапиролмадим.
У менга сув берди, мен қаддимни кўтардим, унга бўрон ҳақида, ташландиқ шаҳар ва қудуқдаги иблис ҳақида ҳикоя қилиб бермоқчи эдим, аммо у қўлёзмам ётган хонтахтани кўрсатиб им қоқди.
– Ёзганларингни ўқиб чиқдим. Яхши иш қилибсан.
– Устоз, дарвеш… Йусус, унинг бошқа исмлари ҳам бор, аммо у ўзининг кимлигини оловда кўрсатди. У… Орниас экан, тарих жини. Мен…
– Сезгандим, – деди Устоз. – Бироқ у моҳир йўлбошловчи эди, буни ўзинг ҳам пайқагандинг-ку.
– Лекин у жин экан! Баолзубелга ўхшаган жин.
– Кўриниши шунақа, аслида ундай эмас. Сен на унинг узоқ достонидан, на қилган ишлари ҳақидаги ҳақиқатдан хабардорсан. Агар сизлар йўлбошчингизни кутиб турганингизда ва муҳрни олиб ташламаганингизда ҳатто жинларнинг ҳукмдори ҳам пойингизга келиб йиқилган бўларди – унинг тўлин ойдаги соядан фарқи бўлмасди.
Мен нима дейишни билмасдим. Йўлбошчимизнинг чинакам табиати Устозга азалдан маълумлиги мени лол қолдирганди.
Муқаддас битикларни ўрганганлар Орниас ҳақидаги ривоятларни биладилар, масалан, шундай ривоятларнинг бирида у шоҳ Сулаймон узугини ўғирлайди-да, вақтинчалик унинг қиёфасига киради. Энди эса кўнглимда юзлаб саволлар ғужғон ўйнайди: Орниас доно сарой аъёнларини лақиллата олмайди, чунки унинг ташқи кўриниши ички кўринишига муносиб эмас. Хўш, нега унда биз алдандик? Боз устига у Устознинг хизматида бўлди?
Фикрларимга жавобан Устоз жилмайиб қўйди.
– Сен ўсаяпсан. Саёҳат сенга кўп нарсани ўргатибди.
Бошқа вақтда бундай эътироф қалбимни севинчга тўлдирган бўлур эди, аммо ҳозир ғам-андуҳ ва жудолик билан боғлиқ жавобсиз қолган саволлар юкидан бошқа ҳеч нарса ҳаяжонга солмасди.
– Устоз, Али билан Рамий, улар…
– Энди шавкатли дарвешларим билан кўришмоғим лозим. Улар асло ўзларини йўқотишмади ва соғ-омон қолишди. Улар асирда. Кетдик, сен ҳали мирзалик бурчингни охиригача етказганинг йўқ.
Али билан Рамий асирда? Демак, улар тирик экан!
Юрагим гурс-гурс ура бошлади. Улар жинлар мамлакатида! Аллоҳ уларни омон сақлаб қолибди!
Эшитганларимнинг бирортасига шак келтирмасдим. Айтишларича, Қутб – бу икки дунё: одамлар дунёси ва жинлар дунёси ўртасидаги нуқта! Лекин мен ҳар доим жинлар дунёси ҳақидаги гаплар ташбеҳ ё ўхшатишдан бошқа ҳеч нима эмас деб ўйлардим. Энди маълум бўлишича, ривоят ҳали-вери тугайдиган эмас экан ва Рамий билан Али тўғрисидаги янгилик юрагимни севинтириб юборди, ҳолбуки бу менга профессор ва унинг икки қавмдош дарвешини шармандаларча саҳрода қолдириб келганини эслатиб турарди. Балки улар ҳам Худо қарғаган шаҳардан қутулиб чиқишгандир?
Фикрларимни ўқиган мисол Устоз йўқ дегандек бош чайқади:
– Уларнинг узоқ туни ҳали бошланмаган. Фақат сенгагина тонг сари бехатар йўл очилган эди. Аммо қўрқма, яқинда ҳамроҳларингни яна кўрасан.
Бехатар йўл…
Юрагимдаги саволларга сўз билан жавоб бериб бўлмайди. Эртага саҳро бизга ҳаммасини очиб беради.
Ана саҳро! Аммо биз бирга қайтамиз. Бундай истиқбол энди мени қўрқита олмайди. Устоз шу ерда эди, у тенгсиз йўлбошловчи. Умид менга дадиллик бағишлади. Барча шубҳалар ғойиб бўлди. Мен учи йўнилган қамиш қаламга ўхшардим. Ишқ йўли оқилона онгни тоблагани каби, қалам учини ҳам шундай йўниб чиқарадилар. Юракнинг қамиш бағридан қирқиб олинган бундай қалам фақат бир нарсани билади – таслим, итоатни. Мен жон-жон деб қаламга ўхшаб олдим.
Ортиқ битта ҳам савол бермай, тезда кийиндим-да, Устознинг ортидан чиқдим. У билан яна изма-из эргашиб юра олишимни ўйлаб, вужудимни сўз билан ифодалаб бўлмас қувонч чулғади. Биз ички ҳовлига ўтдик ва уларда муҳтарам Аменукални кўрдим. У Афарну билан чой ичарди. Бизни кўришиб, ўринларидан туришди.
– Соғайиб кетганингиз шундоқ кўриниб турибди, – деди менга Аменукал, жилмайиб.
Мен “ҳа” дегандай бош ирғадим. Кўрсатган ёрдамлари учун миннатдорлик билдириб, унга ва Алига таъзим қилиб қўйдим. Худди ғам-андуҳ каби муҳаббат ҳам одамни тилдан қолдиради.
Ҳамроҳларим ҳамон саҳрода овора бўлиб юришибди, биздан ёрдам кутишаяпти. Ака-укаларни эсладим, кўзларимдан милдир-милдир ёш қуйилди.
Аменукал буни сезмаганга олди, Афарну бўлса менга малолланиб, нохуш қараб қўйди. Кетмоқчи бўлиб, ўрнидан турабошлаганди, отаси унга меҳмонларга чой ва муздек ичимликлар олиб келишини буюрди. Афарну бизларга еб қўйгудек бўлиб қараб қўйди.
– Ўғлимдан хафа бўлманглар, – деди чол менга. – У саёҳат борасида ҳеч нарса билмайди ва сизнинг аҳволингизни тушунмайди.
Устоз бош ирғаб қўйди-да, менга қараб жилмайди:
– Кўз ёши – юракнинг қони. Ғам-андуҳ уни сувга айлантиради.
– Афсуски, шундай, – маъқуллади Аменукал. – Ишқилиб яқинда унинг бошига ҳам тушмасайди бу синов.
Улар нимани назарда тутишаётганини билмай, мен гоҳ унисига, гоҳ бунисига қарардим. Англаганим шу бўлдики, саёҳатимиз мақсади ҳақида Аменукал баъзи нарсаларни билар экан. Менимча, у Устоздан катта эди – ўз қабиласининг обрўли, мартабали унвонига эга шайхи ахир. Унинг камтаринлиги ва сабр-тоқати учун булар бари муносиб мукофот эди. Бироқ қаршисида энг баобрў одамлар ҳам бош эгадиган Устозга у ҳам тенг келолмасди. Энди мен англадимки, Аменукал ҳам Парвардигор гиламига қўшиб эшилган ип эди. Вақт ва ёруғ оламдан ташқаридаги, дунё чегарасидан наридаги саёҳатимизда у қандай роль ўйнайди?
Устознинг ҳамма гапдан хабардорлигига имоним комил эди ва бизни пинҳоний нури тўлин ойни ҳам уялтирадиган Қутб олиб боришидан яна бир карра суюндим.
Рус тилидан Амир ФАЙЗУЛЛА таржимаси
(Давомини 2022/11-сонда ўқийсиз)