БИЛГАНЛАРИМ
БУЮК ХАЗИНА “Девону луғатит турк” қўлёзмасиНИНГ ТОПИЛИШИ
Йигирманчи асрнинг 90-йиллари охирларида Ҳусайн Барган исмли туркиялик адабиётшунос билан танишдим. У Беҳбудий, Фитрат, Абдулла Қодирий, Абдулҳамид Чўлпон, Боту, Усмон Носир, Ойбек, Абдулла Қаҳҳор, Шайхзода каби ўзбек адиблари ҳаёти ва ижоди билан шуғулланаётган экан. Унинг Туркияда чоп этиладиган “Турк адабиёти” журналида “Шоир Чўлпон”, “Абдурауф Фитрат ва Туркия”, “Абдулла Қодирий”, “Усмон Носир”, “Қатл қилинган Туркистон мутафаккирларидан Боту”, “Абдулла Қаҳҳор” сингари мақолалари чоп этилган.
Ҳусайн ўзи шуғулланаётган мавзу бўйича ҳар бир нарсани суриштиради, ёзувчи ҳаёти ва ижодига алоқасиздек туюлган воқеа-ҳодисалар, далилларни ҳам синчиклаб ўрганишга, аниқлаштиришга ҳаракат қилади. Улардан муҳим хулосалар чиқаришни ҳам яхшигина эплайди.
У йигирманчи аср боши жадидчилик жараёнларининг шаклланиши, етакчи вакиллари ва уларнинг фаолиятини ҳам пухта билади. Қозон татарлари, бошқирдлар, озарбайжонлар, Марказий Осиё халқлари ҳамда Туркиядаги жадидчилик ҳаракатларининг муштарак ва ўзига хос хусусиятлари ҳақида мароқ билан гапиришни яхши кўради. Кўплаб ўзбек зиёлилари билан яқиндан таниш, айниқса Озод Шарафиддиновга меҳри бўлакча эди.
Ҳусайн Барган билан яқинлигимиз дўстликка айланди. Бир куни “Қутадғу билиг” асари Наманган нусхасининг топилиши, унда Абдурауф Фитрат хизматларини унга гапириб бердим. Ҳусайн “Девону луғатит турк”нинг топилиши тафсилотларини менга сўзлаб берди. Кейинроқ танишиш учун “Турк буюклари” рукнида чоп этилган “Али Амирий Афанди” номли китобни совға қилди.
Китобда “Девон”ни топган Али Амирийнинг ҳаёти, фаолияти, китобга, китоб йиғишга ишқибозлиги ҳақидаги қизиқарли маълумотлар билан бирга, “Девон”нинг топилиши, чоп этилиши жараёнлари тўғрисида ҳам кенг маълумотлар берилган экан.
Энди ақлини таний бошлаган бир ўспирин отасидан ўзи туғилиб ўсган Диёрбакр шаҳрида беш-олти юз йил аввал бир миллион қирқ минг китоб фондига эга кутубхона бўлганлигини эшитади. Бу маълумот уни жуда ҳайратлантиради. Шу сабаб бўлиб, у китобга, китоб сотиб олишга ишқибоз бўлади. Бу тўққиз ёшли Али эди. У бир миллионли, ҳеч бўлмаганда, ўн беш-йигирма минг китобларни ўзида жамлаган кутубхона ташкил этишни ният қилади. Қўлига пул тушди дегунча, тил, адабиёт, тарих, маданият, санъат ва сиёсатга оид китоб, нодир қўлёзмаларни сотиб ола бошлайди. У умрининг охирига қадар шу одатини тарк этмади. Ҳафтада икки-уч марта китоб дўконларини, расталарни, бозорларни айланарди, ўзига маъқул бўлган нодир китобларни, ноёб қўлёзмаларни сотиб оларди. Шундай қилиб у йигирма мингдан ортиқ китоб, қўлёзмаларни тўплади.
Али Амирий бир куни саҳҳофлар чорсисига бориб, Бурҳонбейнинг китоб дўконига кирди, эски китобларни титкилаб кўрди. Ўзига маъқул ҳеч вақо тополмагандан сўнг Бурҳонбейдан бирор янги нарса борми, деб сўради. Сотувчи бир китоб борлиги, лекин у жуда қимматлиги боис ҳатто Маориф вазирлиги ҳам сотиб олмаганини айтди.
Али Амирий бу китобни қўлига олиши билан ягона қадимий нусха эканлигини, асарнинг жаҳоншумул аҳамиятини тушуниб етди, бироз ҳаяжонланди.
Эътиборингизга ҳавола этилаётган хотирани ўқиб “Девону луғатит турк” асари қўлёзмаси қандай топилгани, қўлёзмани тартиблаш, нашрга тайёрлаш, турк тилига қилинган дастлабки таржималар ҳақидаги қизиқарли ва аниқ маълумотлар билан танишасиз. Қўлёзмани Амирийдан олиш учун машҳур олим Зиё Кўкалпнинг ҳаракатлари, бош вазир Талат пошо ва бир неча вазирларнинг аралашувини билиб оласиз. Бутун халқ, миллат мулки бўлган асарларни фидойиларча асраш, уларни ўз эгаларига етказиш муқаддас бурч эканлигига яна бир бор амин бўласиз.
Таржимон
* * *
Буюк инсонлар улкан ишлар, айниқса, сиёсий жараёнлар ҳақида хотира ёзишлари урфга айланган.
Бу бир гўзал ҳолдир. Бироқ хотира ёзган таниқлиларни ажратиб кўрсатишга на ҳожат, ёшларнинг кичикроқ ишларга доир хотира ёзишларига нима монелик қилади?
Кичик, арзимас бўлиб кўринган бир иш баъзан буюк ишлар каби муҳим аҳамиятга эга бўлиши мумкин. Дарҳақиқат, мен ҳам ўзимни билган кунимдан бошлаб қаерда ўқиганим, кимлардан таҳсил олганим, нималарни кўрганим, қандай ҳодисаларга гувоҳ бўлганим ҳақида ёзмоқчиман.
Мен “хотираларим” ўрнида “билганларим” сўзини қўллашни лозим топдим. Чунки мени кўрганларим ҳам, эшитганларим ҳам бунга киради.
Илмга, китобга хизматим кўп сингганлиги боис дастлаб илм соҳасидаги хизматларим ва бу масаладаги мушоҳадаларимни баён қиламан.
“Девону луғатит-турк” ва Амирий Афанди
Девонйўлидаги Қарабаба кўчасининг бошида Диёрбакир қироатхонаси жойлашган. Диёрбакирли Али Амирий афанди бу қироатхонанинг асосий мижозларидан бири эди.
У ҳар кечқурун шу қироатхонага келар, ўртоқлари билан кўришар, суҳбатлашар, ярим кечага қадар ўтириб, сўнгра Пармаккапидаги уйига кетарди.
Бу зот бутун ҳаётини китоблар мутолаасига бағишлаган, уйланмаган эди. У турли мавзудаги асарларни ўқиш билан бирга, асосий вақтини усмонли тарихини ўрганиш билан ўтказарди. Қувваи ҳофизаси жуда ўткир, ўқиган нарсаларини сира унутмасди.
– Ёдимда юз минг туркча байт бордир, – дерди у.
Бир марта уни эҳтиёткорлик билан синаб кўрмоқчи бўлдим. Қайсидир шоирнинг ғазалидан бир мисра ўқиб, ундан: “Ажабо, бу мисра кимники экан?” дея сўрадим.
У кулди: “Мени синамоқчимисан? Бу фалончиники. Ғазалнинг давоми шундай”, дея уни тўлиқ ёддан ўқиди.
Амирий буюк инсонларнинг таржимаи ҳоли билан ҳам кўп шуғулланган. Ўтган ислом ҳукмдорлари, машойихлари, усмонли шоирларининг таржимаи ҳолини муфассал биларди. Агарда ундан бирор шоир ҳақида сўралса, бу номда шунча шоир бор, қайсисини сўраяпсан, дер ва ҳар бири ҳақида маълумот берарди.
Ёз кунларининг бирида, кечга яқин, Аё София майдони дарахтлари остида сайр қилиб юргандим. Аё София ҳаммомининг эшиги устидаги тарихга кўзим тушди. Уни эслаб қолдим. Шоирнинг исми Ҳудайи эди. Мен уни Азиз Маҳмуд Ҳудайи деб тахмин қилдим. Ўша кечқурун қироатхонада шу ҳақда сўз очдим.
– Ғалати нарса, Азиз ҳазратлари ҳаммом тарихини ёзган экан, – дедим.
– Рифат, билиминг бўш, бироз шуғуллан. Билимингни ошир. Икки Ҳудайи бор. Бири – Азиз ҳазратлари, иккинчиси – Муеззинзода Ҳудайидир. Тарих Муеззинзода Ҳудайиникидир, – деди кулиб.
Бу зот ҳар кеча қироатхонага келиши билан ўз атрофига тарих ва адабиёт ихлосмандларини тўпларди. Шундан сўнг қироатхона бир зумда қизиқарли баҳс-мунозара майдонига айланарди.
Тарих қўмитасининг аъзоларидан Тавҳидбей, Арифбей, Амасия тарихчиси Ҳисомиддин унинг суюкли шогирдларидан эди. Мен ҳам унга кенжа шогирд бўлиб, йиғинларда қатнашардим, аммо улар орасида бўладиган баҳсларга унча аралашмасдим.
Ҳижрий 1333 йилнинг одатдаги кечаларидан бири эди. У қироатхонага келди. Бироз тарихдан, адабиётдан баҳс бўлгандан сўнг:
– Афандилар! Сиздан бир нарса сўрайман,– деди.
– Марҳамат, – дедик биз.
– “Девону луғатит-турк” номли бир китобни кўрганмисизлар ёки у ҳақда бирор маълумот эшитганмисизлар?
– Китобнинг ўзини кўрмадим, фақат Котиб Чалабий буни “Кашфи зуннун”да ёзганини биламан, – дедим мен.
Арифбей ва бошқалар араб тилидаги тарихий китобларда номи учрашини айтишди.
– Сиз кўрдингизми? – деб сўрадик ундан.
Бу саволимиз унга жуда ёқиб тушди. Ўзига хос бўлган тарзда хурсанд бўлди.
– Нима деяпсиз? Аллоҳнинг инояти билан у китобга эга бўлдим, – деди.
Барчамиз уни табрикладик. Сўнгра уни қандай қўлга киритганини, кимдан олганини сўрадик.
– Ҳамиша ҳафтада икки-уч марта саҳҳофлар бозорига бориш одатим бор. Янги китоблар бор-йўқлиги ҳақида сотувчилардан суриштираман. Кеча ҳам бозорга кирдим. Бурҳонбейнинг дўконига кирдим. Ундан бирор нарса борми, деб сўрадим.
– Бир китоб бор, аммо эгаси нархини ўттиз лира деб айтган. Бу китоб менга келганига бир ҳафта бўлди. Мен, буни қиммат нархда олар деб Маориф вазири Амриллоҳ афандига олиб бордим. У эса кўриб чиқиш учун билим жамиятига ҳавола этди. Жамият кўриб чиқмоқ учун бир ҳафта муҳлат сўради. Рози бўлдим. Бир ҳафтадан сўнгра бордим. Улар китоб учун ўн лира таклиф қилишди. Мен, китоб меники эмас, бошқаники. Ўттиз лирадан камига бўлмайди, дедим. Улар биз ўттиз лирага бутун бошли кутубхона сотиб оламиз. Ол китобингни, биз олмаймиз, дея китобни қайтаришди. Китоб эгаси билан келишган муддатимиз эртага тугайди. Эртага китобни қайтариб беришга мажбурман. Кўринг, агар маъқул бўлса, сиз олинг, – деди.
Китобни қўлимга олишим билан ўзимни йўқотиб қўйдим. Ўттиз лира эмас, ўттиз минг лира қиймати бор. Дунёда қиёси йўқ бир турк қомуси ва грамматикаси. Фақат буни сотувчига билдирмадим, баҳосини оширмаслик учун унга эҳтиёткорлик билан мурожаат қилдим: “Тартибсиз бир асар, шундай эмасми? Муаллифи ҳам қандайдир бир кошғарли одам экан. Ўзи ким, касби нима? Аниқ эмас. Майли, қандай бўлса ҳам бир асар. Маориф вазирлиги 10 лира таклиф қилган бўлса, мен бунга 15 лира бераман”, – дедим.
– Йўқ, бу сизга айтганим каби меники эмас. Меники бўлса берардим. Эгаси ўттиз лирадан камига берма деган. Олмасангиз, эгасига қайтараман, – деди у.
– Эгаси ким? – деб сўрадим.
– Кекса бир хоним. Эски молия вазири Назифбейнинг авлодларидан. Пошо бу китобни унга бераркан: “Сенга бир китоб беряпман. Яхши асра! Қийналганингда китоб сотувчиларга олиб бор. Олтин пулда ўттиз лира бўлади. Камига берма!” деган. Энди шу ўттиз лира хотиннинг қулоғига қуюлиб қолган. Йўқса, ўзи бир муҳтож хотин. Агар олсангиз ўша хотинга яхшилик қилган бўласиз.
– Ҳа, гап бу ёқда денг. Муҳтож бир аёлга ёрдам бериш савобдир. Яхши, келишдик, – дедим ва китобни олдим.
Кўрсам ёнимда фақат 15 лира бор экан. Уйга кетадиган бўлсам, китоб дўконда қолади. Кўпроқ бераман деган мижоз чиқиб қолса, китобфуруш таъмагирлик қилиб китобни унга сотиб юборишдан ҳам тоймайди. Пулнинг қолганини эртага берай десам ҳам бўлмайди, деган ўйлар хаёлимдан ўтди. Аллоҳга “Аллоҳим, бир дўст юбор, менга ёрдам этсин. Мени шу китобдан айирма!” деб ёлвора бошладим. Қаранг, дуоларим ижобат бўлди. Эски дўстларимдан, дорилфунуннинг адабиёт муаллими Фоиқ Решатбей шу ердан ўтаётган экан. Дарҳол уни чақирдим: “Азизим, ёнингда бўлса, менга йигирма лира бериб тур”, дея қулоғига шивирладим. Решатбей сумкасини очиб қаради. Ўн лираси бор экан. Уни менга бериб, қолганини уйдан тез олиб келаман, деб чиқиб кетди. Дўконда уни кутиб ўтирдим.
Анча вақтдан кейин Решатбей пулни олиб келди. Ўттиз лирани Бурҳонбейга бердим. Бурҳонбей: “Жуда яхши, менинг ҳақим-чи?” деди. Унга ҳам уч лира бериб хайрлашдим. Решатбей билан суҳбатлашиб бозордан ҳам чиқдим. Бурҳонбей яна пушаймон бўлиб, орқамиздан югурмасин, деган хавотир билан орқага қарадим. Кўрдимки, келаётгани йўқ. “Оҳ, Алҳамдулиллаҳ!” деб юборганимни ўзим ҳам сезмай қолдим.
(Давомини журналимизнинг 2022/11-сонидан ўқийсиз)
Турк тилидан Жўра Худойбердиев
таржимаси