Уч-тўрт йил муқаддам Наманган шаҳрида бўлиб ўтган ижодий учрашувларнинг бирида катта ёшли бир киши келиб, каминадан можар олими Армин Вамберига ҳамроҳлик қилган юртдошимиз Мулла Исҳоқнинг тақдирига доир бирор янгилик бор-йўқлигини сўраган эди. Ўшанда мен олис аждодимиз тақдири билан қизиққан кишига бирор жўяли фикр айтишга ожиз эдим.
Лекин яқинда архивимни титкилар эканман, марҳум тилшунос олим Хайрулла Исматуллаевнинг бундан роса йигирма йил аввал “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида чоп этилган “Вамбери олимми, жосус?” деган мақоласига ва яна бир қанча ҳужжатларга кўзим тушди…
Орадан яна бир неча йил ўтганидан сўнг, Тошкентга венгриялик олимлар келиб, Арань Яношнинг Мулла Исҳоқ қалами билан ўзбек тилига таржима қилинган “Ажойиб суйғуннинг ҳикояти” асари тақдимотини ўтказдилар. Ҳозир шу асарни варақлар эканман, Мулла Исҳоқнинг ким бўлгани, қаерда ва қачон вафот этгани масаласи фақат ўша наманганлик инсоннигина эмас, балки бошқа юртдошларимни ҳам қизиқтириши мумкин, деган фикр ушбу мақолани ёзишга ундади.
Венгер тили Олтой тиллари оиласига мансуб. Ҳозирги венгерларнинг олис аждодлари бир замонлар Сибирда, Бошқирд текислигида туркий халқлар билан қўни-қўшни бўлиб яшашган ва фалакнинг гардиши билан Буюк кўчиш даврида тарихий масканини тарк этиб, аста-секин Европа сари силжиб боришган.
Ўн олти ёшида можар (венгер) ва лотин тилларидан ташқари, француз, немис, инглиз ва Скандинавия халқлари тилларини яхши билган, славян тилларидан ҳам озми-кўпми хабардор бўлган Армин Вамбери умрини Ғарб ва Шарқ тилларини ўрганишга бағишламоқчи бўлади. Венгер тилининг илдизларини аниқлаш истагида 1852 йили Шарқ мамлакатларига сафарга чиқади. У дастлаб Туркияга келиб, Константинополь (ҳозирги Истанбул) шаҳрида истиқомат қилган бадавлат турк хонадонларида болаларга француз тилидан сабоқ беради. Шу аснода туркчани ўрганибгина қолмай, шарқона либос кийиб, турклардан сира ажратиб бўлмайдиган қиёфа касб этади. Айни пайтда ислом йўл-йўриқларини қунт билан ўрганиб, ҳатто “Рашид афанди” деган номни ҳам олади.
Рашид афанди 1863 йил бошларида Теҳронга йўл олади. У Туркиянинг Теҳрондаги элчиси ёрдамида Ўрта Осиёга дарвеш қиёфасида кириб бориш режасини тузади. Шарқ халқлари табиатини яхши билган элчининг фикрича, унинг Маккадан келаётган ҳожилар карвони билан бирга Ўрта Осиёга кириб бориши айни муддао эди. Рашид афанди бахтига, Маккадан йўлга чиққан ҳожилар карвони ўша йилнинг 27 мартида Теҳронга етиб келади. Элчи шу куни сафарга отланган Армин Вамбери шарафига катта зиёфат беради. 28 март куни эса Вамбери тонг азонда дарвеш қиёфасида карвон билан “Ўрта Осиё, қайдасан?” дея йўлга чиқади. Орадан роппа-роса икки ой ўтгач, 29 май куни у Хоразм хонлиги ҳудудига кириб келади. Вамбери 30 май куни кундалигига шундай деб ёзади: “30 май куни биз ўзбек қишлоғига кириб келдик. Бу қишлоқ аҳолиси мен кўрган биринчи ўзбеклардир…”
Янги Шарқ мамлакати ва унинг кишилари Вамберини ҳайратга солди. Унга Амударёнинг суви ҳам, Хивадаги меъморий обидалар ҳам, боғ-роғларда тўкилиб ётган мевалар ҳам – бари манзур бўлди. Олим Ўрта Осиёнинг ўзи кўрган Хоразм, Бухоро, Самарқанд ва Қарши шаҳарларининг жўғрофий мавқеи, ҳарбий салоҳияти, ер усти ва ер ости бойликлари, иқтисодий, маданий ва маиший ҳаёти тўғрисида мукаммал маълумот тўплай бошлади.
Рашид афанди Хивага келган дастлабки кунларининг бирида ўзи ҳақида яхши таассурот қолдириш мақсадида Муҳаммадамин мадрасасига бориб, нуфузли ўқув масканини зиёрат қилади. Мадрасада таълим олаётган бошқа муллалар қатори, Мулла Исҳоқ билан ҳам танишади. Мулла Исҳоқ асли қўнғиротлик бўлиб, ўша кезлари Маккага бориш ва ҳаж зиёратини амалга ошириш орзуси билан яшарди. У Рашид афандининг Ўрта Осиё сафаридан сўнг Маккага бориш ниятидан хабар топиб, ўша кундан бошлаб унга ҳамроҳлик қилади. Ҳатто сайёҳнинг Бухоро, Самарқанд ва Қарши шаҳарлари бўйлаб сафарида унга дастёрлик қилишни ўзига шараф деб билади. Рашид афанди ҳам жуда камтар, камсуқум, зукко, очиқкўнгил, айни пайтда билимдон ва чаққон бу муллаваччани хуш кўриб қолади. Бошқа муллалар Рашид афанди ёрдамида ҳажга боришга кўзлари етмай, уни тарк этганларида ҳам, Мулла Исҳоқ можар олимининг этагидан тутиб, унга бирдан-бир садоқатли ҳамроҳ бўлиб қолади.
Вамбери Ўрта Осиёга бағишланган китобларидан бирида у ҳақида бундай самимий сўзларни ёзган: “Билимга ташналиги ва менга яқинлиги ёш муллага эътиборимни оширди. Бу ёш мулладан, чиндан ҳам, бирор муносиб киши чиқишини сезганимдан кейин уни ташлаб кетмасликка ва иложи бўлса, ўзим билан бирга Европага олиб кетишга аҳд қилдим. Мен бу аҳдга Ҳиротга етмасимиздан анча аввал келган эдим. Илк суҳбатимиздаёқ унинг соф қалбли инсон эканини сезгандим, бу масалада мен сира адашмаганман”.
Демак, Вамберининг қисқа муддатли сафари давомида Ўрта Осиё шаҳарлари ва аҳолиси ҳақида муҳим маълумотларни тўплашида унга бу хокисор ва меҳнаткаш йигит катта ёрдам берган. Вамберининг бу оқкўнгил юртдошимиз тўғрисидаги фикрларини тўплаб ўрганган Х.Исматуллаевнинг ёзишича, “…у ҳар вақт ёши улуғ Рашид афанди – Вамбери билан бир косадан овқат емаган, Вамбери овқатдан олиб бермагунча қўл теккизмаган, у билан ёнма-ён туришни ҳам одобдан билмаган. “Мулла Исҳоқ энг ҳалол, очиқ кўнгил инсон эди, унинг ғараздан йироқ, самимий муносабати хавф-хатарга тўла йўлимда менга далда ва суянчиқ бўлди”, деб эслайди сайёҳ”.
Рашид афанди Мулла Исҳоқ билан бирга 1863 йил кузида Қарши шаҳрини тарк этиб, дастлаб Ҳиротга, 15 ноябрь куни эса Ҳиротдан Машҳадга йўл олишади. Олим асл қиёфасига қайтиб, яна Армин Вамбери сифатида ўша йилнинг 25 декабригача Машҳад губернатори вазифасини адо этаётган инглиз полковниги Долмажнинг меҳмони бўлади. 1864 йил 4 январь куни Теҳронга етиб бориб, Буюк Британиянинг Эрондаги элчиси Алисон билан учрашади, Эроннинг ёш подшоси Назриддиншоҳнинг қабулида бўлади.
Табиийки, Мулла Исҳоқ Рашид афанди – Армин Вамберининг махфий учрашувларида қатнашмай, сирли ҳамроҳини карвонсаройларда кутиб вақт ўтказади.
Сайёҳ Теҳронда икки ой тургач, 1864 йилнинг март ойида ҳамроҳи билан бирга Константинополга етиб келади. Мулла Исҳоқнинг қўлига пул бериб, Макка йўлини кўрсатади ва унинг ҳаж сафарига ёлғиз бориши кераклигини айтади. Мулла Исҳоқ алданганини сезса ҳам, Маккага ёлғиз боришга чўчибми ёки ҳамроҳи таъсирида ҳаж орзусидан воз кечибми, Рашид афандидан ўзини бегона юртда танҳо қолдирмасликни, у билан Европага бориб, у ерни кўриб, сўнгра Константинополга қайтишига имкон беришини илтимос қилади. Шундан сўнг улар бирга Венгриянинг ўша йиллардаги пойтахти Пештга йўл оладилар. Вамбери она Ватанига етиб келгач, Мулла Исҳоқни дўстлари ихтиёрига топшириб, ўзи сафар ҳисоботини бериш учун Лондонга жўнайди.
Мулла Исҳоқ Пешт шаҳрида яшаркан, Вамберининг дўстлари кўмагида қисқа вақтда венгерчани ўрганиб, Венгрия Фанлар академиясининг Шарқ қўлёзмалари бўлимига ишга жойлашади. У венгер олимларининг Шарқ қўлёзмаларини тўғри ўқишлари, уларнинг Шарқ, хусусан, ўзбек маданияти ва тарихини ўрганишлари ҳамда шу мавзуда илмий асар ёзишларида ўз маслаҳатлари билан ёрдам беради.
Ўша пайтда Шарқ қўлёзмалари бўлимида кутубхоначи бўлиб ишлаган, кейинчалик Будапешт университети олтойшунослик ва фин-угоршунослик кафедрасида мудирлик қилган, шу соҳадаги илмий ишлари учун Венгрия Фанлар академиясига аъзо этиб сайланган Йозер Буденц (1836 – 1892) “Тилшунослик хабарлари” журналининг 1865 йилги сонларидан бирида бундай ёзган эди:
“Ўтган йилнинг май ойи охирларида бу ерга Туркистон сафарида Армин Вамберига ҳамроҳлик қилган қўнғиротлик (24 ёшлардаги) Мулла Исҳоқ деган ўзбек йигити келган эди. У билан уч ой бирга бўлдим ва бундай ажойиб имконият менинг Хива ўзбеклари шевасини ўрганишимга катта наф берди. Мен бу борада ёзган бир неча қўлёзмаларимни унинг талаффузи асосида мукаммаллаштиришга эришдим. Хива хонлигидаги ҳозирги ўзбек тили намуналари ҳақидаги бу қўлёзмаларимни оз бўлса-да, туркий тилларни билишга қизиққан кишилар эътиборига ҳавола этаман. Келтирилган қисман тўлиқ (можарча) таржима туркий тиллар тузилиши билан маълум даражада таниш бўлганлар учун маълумотнома вазифасини ўташи мумкин. Бундан ташқари, матнлар эълон қилинганидан сўнг, қизиққан ўқувчилар учун Хива-ўзбек шеваси асослари ҳақида қисқача грамматик очерк ҳам илова қилиш ниятидаман. Можар тилидаги асл нусхаларни ўзбек “либос”ида кўриш мамлакат тилшунослари учун, айниқса, мароқли бўлади, деб умид қиламан”.
Ушбу сатрлар муаллифи И.Буденц Вамберининг дўсти бўлиб, у Мулла Исҳоқнинг венгер (можар) тилини ўрганиши ҳамда академия кутубхонасида шуғулланиши учун шарт-шароит яратиб берган. Мулла Исҳоқ ҳатто унинг ёрдами билан буюк венгер шоири Шандор Петёфининг дўсти, 1865–1879 йилларда Венгрия Фанлар академиясининг бош котиби бўлиб хизмат қилган Янош Арон (1817–1882) билан танишган ва унинг “Ажабли оҳунинг ҳикояти” (“Ажойиб суйғун ҳикояти”) деган асарини ўзбек тилига таржима қилган. Бу асарнинг венгер (можар) китобхонлари учун аҳамиятли томони шундаки, унда қадимги венгер ва хуннларнинг Шарқдан келиб чиққанлиги ҳақидаги ривоят келтирилган. Бу мавзу Мулла Исҳоқни ғоят қизиқтириб, бизнингча, унинг можар юртида бир умр қолиб кетишига сабаб бўлган.
1980 йиллар аввалида Тошкентда бўлиб ўтган туркологларнинг III халқаро конференциясида Будапешт университети Марказий Осиё кафедраси мудири профессор Георгий Кара ҳам иштирок этган эди. Олим Ўзбекистонга қилган илмий сафаридан бир олам таассурот билан қайтгач, “Ажабли оҳунинг ҳикояти” (“Ажойиб суйғун ҳикояти”) достонидан каттагина бир парчани шарҳи билан юборган. Унинг шаҳодат беришича, таржима 184 мисрадан иборат бўлиб, Й.Буденцнинг “Хива ўзбеклари ҳақида”ги мақоласига илова қилинган. Мазкур мақола 1865 йили Пештда нашр этилган “Тилшунослик хабарлари” журналининг 269–231, таржимаси эса 305–313-саҳифаларидан жой олган.
Г.Кара қарийб юз эллик йилдан бери ўзбек тили қўнғирот лаҳжаси оҳангини сақлаб келаётган таржиманинг лисоний хусусиятларини тавсифлаб, бундай ёзган: “Унинг тили ҳозирги ўзбек тилидан фарқ қилади, унда архаизм ва қадимий турк узун ундошларининг излари кўринади (бу ҳолатига кўра, туркманчага яқинроқ: Буденц ўз грамматик очеркида бу чўзиқликларни ёқут ва чуваш шевалари билан қиёслаб кўрган)”.
Шуни ҳам қайд этиш жоизки, Й.Буденц ўз мақоласида Мулла Исҳоқдан эшитган 150 та мақол ва топишмоқ, 13 та эртак ва ривоят, иккита “Хива фольклори намунаси”ни ҳам келтирган.
Қуйида “Ажабли оҳунинг ҳикояти” (“Ажойиб суйғун ҳикояти”)дан кичик парчани китобхон эътиборига ҳавола этамиз:
Шохдан-шохга қушлар учади,
Оғиздан-оғизга хабарлар боради.
Кўп замон дунёда ботирлар чиқибди,
Воқеаларидан яхши сўз қолибди.
Кўп яхши энадан ўғиллар тўғган,
Ўзлари ҳам яхши йигитлар бўлган.
Хунор ва Мажор деб от қўйдилар.
Бу икки қариндош овга чиқдилар.
Иккиси юз одам баробар олган.
Яхшисини олиб, ёмони қолган.
Ҳар бири у қадар яроғ олдилар.
Яроғни кўрганлар ҳайрон қолдилар.
Буларнинг ўқидин ов қоча билмади.
Кийиклар, суйғунлар қонга беланди.
Бир яхши оҳуни топиб йиқдилар.
Бузжинин қитириб ортидан қувдилар.
Бузжинин қитириб турганларида.
Бир даштга етдилар денгиз ёнида.
Кўб ёмон биёбон эрди у ерлар.
Бўрилар бўлса ҳам, йўл тутмасдилар.
Йўлбарслар, арслонлар анда “оҳ” уриб,
Кўб ҳайбат эрдилар даштга тўлдириб.
Қоплонлар ҳам анда болалаб туриб,
Боласин еб бирей қорни оч бўлиб.
Шунда қуёш ботажак бўлди.
Қуёшнинг шуъласи булутга урди.
Йигитлар турмаб оҳуни қувлай.
Бирдан оҳуни ҳеч кўра олмай…
…Бес Ҳунор айтди: Бу ерга тушиб
Роҳат иткимиз отларни ичириб.
Қардоши айтди: Бу кеча ётали
Тонг отганда ҳаммамиз қайтали.
Орадан бир йил ўтгач, Англиядан қайтган Вамбери Мулла Исҳоқ билан яна учрашади. Ушбу учрашувдан мутаассир бўлган сайёҳ қўнғиротлик собиқ ҳамроҳи тўғрисида бундай маълумот беради: “Бир йилдан сўнг Англиядан қайтиб келсам, не кўз билан кўрайки, муллам венгер либосида, салла ўрнида сўнгги модага биноан соч қўйган, венгер тилини тез ўрганиб олган. Ҳамма мулламни ёқтириб қолган экан. Бошқа бир сафар уни башанг бир ҳолатда кўрдим: қўлида қўлқоп, қандайдир хоним билан гурунглашиб турган эди. Буни кўриб, ростини айтсам, кулишни ҳам, йиғлашни ҳам билмай қолдим. Икки йил аввалги Хива мадрасасининг муллаваччаси қаерда-ю, ҳозирги башанг мулла қаерда?!.”
Афсуски, Мулла Исҳоқнинг шундан кейинги тақдири тўғрисида яқин-яқингача бошқа маълумот бўлмаган. Вамбери ва Буденцнинг юқорида келтирилган сўзлари асосида уни Венгрияда бир умрга қолиб кетган, деб тахмин қилганмиз ва бу тахминимиз тўғри чиқди. Изланишларимиз шуни кўрсатдики, кейинчалик Мулла Исҳоқ Вамберининг маслаҳати билан ўз исмини Csagatay Izsak (Чиғатой Исҳоқ) деб ўзгартиради ва бир венгер аёл билан турмуш қуради. Манбаларда бу венгер аёли ҳақида бирор маълумот йўқ. Фақат шу нарса маълумки, Мулла Исҳоқ бу аёлга уйланганидан сўнг, у билан бирга Венгриянинг Веленце шаҳрига кўчиб кетган ва 1892 йили 56 ёшида ўша ерда вафот этган. У қазосидан аввалроқ Содиқ исмини қабул қилган бўлса керакки, қабр тошига Мулла Содиқ (1836 – 1892) деб ёзилган.
Венгер ёзувчиси Шандор Лежак “Аттила – Худонинг қиличи” операсини ёзаётиб, венгер тарихи билан қизиққан, Вамберининг асарларини ўқиб, Мулла Исҳоқ билан ғойибона танишган. “…Тўқсонинчи йилнинг бошида, – деб ёзган эди ёзувчи ва Венгрия парламенти вице-спикери Шандор Лежак, – “Аттила – Худонинг қиличи” деган операни ёзаётганимда, манба ахтариб, Венгриянинг қадимий тарихини ўрганарканман, худди ота-боболаримиз хабар бераётгандек ғалати ҳолга тушдим. Ўша кунларда Вамбери ва унинг ҳамроҳи Мулла Содиқ (Исҳоқ) билан учрашдим. Мулла Содиқ (Исҳоқ) Арани Яношнинг “Ажойиб сўғуннинг ҳикояти”ни ўзбек тилига ўгирган эди. Хун-турк халқларининг венгер даштида ташкиллаштирилган Қурултой деган мажлисида, …Мандоки Қўнғир Иштван номидаги коллежда ва “Очиқ Шарқ” сиёсий дастурини қўллаб-қувватлайдиган гуруҳларда Вамберининг “татар”и Мулла Содиқ (Исҳоқ)нинг исми тилга олинади. Унинг Венгриянинг Веленце шаҳридаги сағанаси Лакителек шаҳридаги коллеж ва миллий форум билан биргаликда реставрация қилинди. 2011 йил 1 сентябрда Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 20 йиллиги байрами кунларида Ўзбекистон элчиси ва Венгрия жамоати вакиллари биргаликда Мулла Содиқ(Исҳоқ)ни хотирладилар”.
Шандор Лежак “Мулла Содиқнинг қабри Венгрияда” деб номланган ва Арани Яношнинг “Ажойиб суйғун ҳикояти” асарига сўзбоши тарзида ёзилган мухтасар мақоласини бундай самимий сўзлар билан якунланган: “Гўзал ҳикоямиз бўлмиш “Ажойиб суйғуннинг ҳикояти”ни таржима қилган Мулла Содиқнинг хотираси абадий бўлсин. Ўзбек ва бизнинг халқимизнинг келиб чиқиши айни илдизларга бориб тақалади. Орамизда ишонч ва эҳтиром бор”.