ПУЛ ЎЛСИН
Икки пардали комедия
Қатнашувчилар:
Жейн Перкинс
Генри Перкинс
Бетти Жонсон
Виктор Жонсон
Билл
Дэвен
Слейтон
БИРИНЧИ ПАРДА
Перкинслар уйидаги меҳмонхона. Вазият жуда қулай. Қиш оқшоми. Чироқ ёниб турибди. Саҳна бўш. Ошхонадан Жейн чиқади. Эгнида нафис кўйлак ва фартук. У овқатланиш хонасига ўтади. Бир сонияда қайтади, соатига қарайди, яна тез кетади. Қандайдир идиш билан қайтади. Унинг дастурхон тузаётгани кўринади. Яна соатига қарайди.
Жейн. Э, бу бемаънилик. Бориб турган бемаънилик! (яна яширинади).
Кириш эшиги очилади ва Генри пайдо бўлади. Эгнида плаш, қўлида “дипломат”. Оғир нафас олади, нимадандир ташвишда. “Дипломат”ни полга қўйиб, ўтиради. Жейн навбатдаги идишлар тўплами билан қайтади. Яна соатига қарайди.
Жейн. Бемаънилик, э-э, бошқа нарса эмас!
Генри эътибор бермайди. Қандайдир руҳий тушкунликда. Жейн эътибор беради.
Жейн. Худойим-эй, Генри! Ва ниҳоят!
Генри унга жимгина қарайди.
Жейн. Асабларим тугади. Қаерларда юрибсан?
Генри эшитмагандек атрофга боқади.
Жейн. Бетти ва Виктор айтилган вақтда қўйиб келишади.
Генри жимгина унга боқади.
Жейн. Айнан сенинг туғилган кунингга!
Генри унга қарайди.
Жейн. Ҳа, нега жимсан, Генри? Ишингда нимадир бўлдими?
Генри. Телефон маълумотномаси.
Жейн. Нима?!
Генри. Маълумотнома қаерда?..
Жейн. Маълумотнома нимага керак сенга? (Маълумотномани беради.)
Генри (варақлайди). Авиақатновлар… Авиақатновлар…
Жейн. Генри, сенга нима бўлди?
Генри. Хўп, Британия авиақатновлари.
Жейн. Британия авиақатновлари дейсанми?
Генри телефонда рақам теради.
Жейн. Қулоқ сол, ҳозир бизникига одамлар келишади!
Генри (гўшакка). Британия авиақатновларими? Мен самолётга иккита чипта банд қилмоқчи эдим.
Жейн. Генри, тўхта, қанақа чипта?!
Генри (гўшакка). Ҳа-ҳа! Бугунга!
Жейн. Нима?
Генри. Қаёққа?.. Фарқи йўқ.
Жейн. Генри!
Генри. Мен сизга айтдим-ку, фарқи йўқ. Виза талаб қилинмайдиган ҳар қандай давлатга. Дания, Голландия, Испания… Қайси вақтга? Бир дақиқа. Жейн, таксида аэропортга етиб бориш учун қанча вақт кетади?
Жейн. Бир соат…
Генри. Бир соат… Яна рўйхатдан ўтиш вақтини қўшиш керак…(гўшакка) Учиш вақтини ўндан кейин қилиб банд қилинг. Ҳа, иккита чипта. Кутаман. (Жейнга) Бор, нарсаларингни йиғиштир.
Жейн. Генри, ичиб олганмисан?
Генри. Энг муҳим нарсаларингни ол. Ҳа, паспортларни унутма.
Жейн. Ҳозир йиғлаб юбораман.
Генри. Ортиқча ҳеч нарса олма. Ўша ердан ҳаммасини сотиб оламиз.
Жейн. Ўша еринг қаер?!
Генри (гўшакка). Ҳа, ҳа! Барселона? Ажойиб! Айнан кутганим.
Жейн. Худойим, Генри!
Генри. Аэропортда нақд пул билан тўласам бўладими? Аъло! Демак, Барселонага иккита чипта, биринчи класс. Жаноб ва хоним Перкинслар. Йўқ-йўқ, фақат бир тарафга. Қайтишга керак эмас. Тушундим. Қайддан ўтиш учишдан ярим соат олдин. Катта раҳмат.
Жейн ўкиниб йиғлайди.
Жейн. Генри!..
Генри. (Яна гўшакни олади ва рақам теради) Шошма…
Жейн. Худойим-эй, яна кимга қўнғироқ қиляпсан?
Генри. Менга фақат тиш чўткам билан устарамни олсанг бўлди (Гўшакка) Алло, такси? Менга машина керак. Ҳозирнинг ўзида. Аэропортга. Икки киши. Жаноб Перкинс. Элгар Авеню кўчаси, 42-уй. Шундоққина бурчакда. Ўн беш дақиқадан кейин? Ажойиб! Раҳмат. Эҳ-ҳ… Барселона! Барселона!
Жейн. Генри, қанақа Барселона? Биз Виктор билан Беттини кутяпмиз.
Генри “дипломат”ни полдан кўтаради ва уни Жейнга кўринадиган қилиб очади. “Дипломат” пулга тўла.
Жейн. Нима бу?
Генри. Пул. Бир миллион етти юз эллик минг.
Жейн (гарангсиб). Миллион… етти юз эллик…
Генри. Минг фунт стерлинг. Ўттиз беш минг қоғоз. Ҳар бири эллик фунтдан.
Жейн. Ҳа, бу нима дегани энди?
Генри. Омадимиз чопиб қолди, дегани. Ҳа-а, паспортлар. (Унинг ортидан боради).
Жейн. Улар қандай қилиб сенинг “дипломат”ингда бўлиб қолди?
Генри. Ҳамма гап шунда-да, бу менинг дипломатим эмас.
Жейн. Қандай сеники эмас?
Генри. Шундай. Ишдан чиқдим, метрога ўтирдим, “дипломат”ни одатдагидек ёнимга қўйдим. Манзилга етгач “дипломат”ни олдим, метродан чиқдим. Жин урсин, паспортлар қаерда эди?
Жейн. Кейин-чи?
Генри. Кўча совуқ, шарф ва қўлқопни кийиб олиш керак, деб ўйладим, “дипломат”ни очдим, мана шу!
Жейн. Қандай даҳшат!
Генри. Мана улар. (Паспортларни чўнтагига солади). Мен адашиб бошқа одамникини олиб, ўзимникини метрода қолдирибман.
Жейн. Нега сен дарров қайтариб олиб бормадинг?
Генри. Қаерга? Метрогами?!. Ҳайратдан шошиб қолдим. Сен лаббўёғингни олиш учун сумкангни очсанг-у, у ерда бир минг етти юз эллик минг фунт стерлинг чиқса қай аҳволга тушишингни бир кўрардим!
Жейн. У ерда қанчалигини қаердан биласан?
Генри. Санадим.
Жейн. Катта кўчада-я?!
Генри. Йўқ. Пивохонага кирдим.
Жейн. Ҳа-а, айтдим-ку, сен ичгансан деб.
Генри. Албатта! Ўзимга келиб олишим ва кейин нима қилишни ўйлашим керак эди. Мен икки марта виски ичдим ва ҳожатхонага кетдим.
Жейн. Нега?
Генри. Хаёл ёки туш эмаслигига ишонч ҳосил қилиш учун… Ҳожатхонада ўтирдим ва санадим.
Жейн. Худойим, кейинчи?
Генри. Кейин ҳожатхонадан чиқиб яна икки финжон виски ичдим ва яна ҳожатхонага кирдим…
Жейн. Яна нега энди?
Генри. Қайтадан санадим.
Жейн. Нега бир соат кечикиб келганинг энди аниқ бўлди.
Генри. Тўғрисини айтсам, мен бу ҳолни яна бир қайтардим. Бу ҳолнинг тушим эмас эканлигига ишонишим қийин кечди.
Жейн. Генри, бу бизнинг пулимиз эмас! Бу ўғирлик!
Генри. Бўлмаган гап! Ҳожатхонада ҳаммасини таҳлил қилдим. Бу жиноий пуллар. Типик криминал. Қандайдир учар ноқонуний маблағни ўғирлаган. Айниқса жаноб Ловчила ҳеч ерда – қайдномада ҳам, декларацияда ҳам кўрсатмагани аниқ. Бу пуллар ҳеч қаерда ҳисобда йўқ. Бас, улар йўқ бўлгандан кейин, мен уларни ўғирлашим мумкин эмас!
Жейн. Генри, қўрқяпман…
Генри. Тинчлан. Бу – менга мукофот. Шунча йил арзимаган чақа учун ишладим, мана энди охири ҳақимни олдим.
Жейн. Ҳа, агар полиция қидирув бошлаб…
Генри. Полиция ҳеч нарсани бошламайди. Ҳеч ким бу пуллар ҳақида ҳеч қаерга арз қилмайди. Қани, бор, нарсаларингни йиғиштир.
Жейн. Генри, биз шундай… бирданига кетиб қололмаймиз-ку!
Генри. Қулоқ сол, нима сен тушунмаяпсанми? Биз энди бу ерда қололмаймиз. Мен ишга ҳам қайтиб боролмайман.
Жейн. Нега?
Генри. Агар жаноб Ловчиланинг “дипломат”и менда бўлса, демак, меники унда. Унда эса менинг хизмат ҳужжатларим. Эртага эрталабдан жаноб Ловчила мени ва “дипломат”ни топиш учун ишхонамизга қўнғироқ қила бошлайди. Аммо сен билан мен эртага эрталаб бу ердан минг мил нарида жаноб ва хоним Рокфеллерлар номидаги қандайдир испан меҳмонхонасида бўламиз. Шундай қилиб, яхши қолинг жаноб Ловчила. Жаноб Генри Перкинсдан салом!
Жейн (ҳайратланиб). Генри, мен сени ҳеч қачон бундай ҳолда кўрмаганман!
Генри. Чунки, мен энди бошқа одамман, жин урсин! (куйлайди). Барселона, Барселона!
Жейн. Генри, мен Барселонани хоҳламайман.
Генри. Бас қил! Сен Испанияни ёқтирасан-ку. Ўзинг неча марта айтгансан, таътилда ўша ёққа бормоқчилигингни.
Жейн. Таътилда! Кўчиб боришни эмас!
Генри. Майли. Барселонани хоҳламасанг кераги йўқ. Ўша ерда тунаймиз, кейин кетаверасан хоҳлаган ерингга… Австралиягами, Грециягами, Бермудигами… Сенга сотиб олиб бераман ўша Бермудини! Бор, нарсаларингни йиғиштир.
Эшик қўнғироғи жиринглайди.
Жейн. Э, Худойим!
Генри. Бу Виктор ва Бетти. Нарсаларни ўзим йиғиштираман, сен улардан қутул.
Жейн. Мен нима дейман? Уларни ўзимиз кечки овқатга таклиф қилганмиз-ку!
Генри. Ресторанда овқатланишади. (“дипломат”дан пул олиб Жейнга беради.)
Жейн (унинг ортидан йиғлагудай бўлиб). Ахир, бугун сенинг туғилган кунинг!
(Давомини 2022/11-сондан ўқийсиз)
Рус тилидан Ҳабиб СИДДИҚ
таржимаси