Драгослав МИХАЙЛОВИЧ
(1930 йилда туғилган)
(Ҳикоя)
Исмим Жика Бўри. Асл исмим Живоин Станимирович, аммо гўдаклигимдан мени Бўри деб аташади. Ўйлашимча, бунинг сабаби – ташқи кўринишимда. Айтганча, ҳозирда бўридан ҳам кўра кампирга кўпроқ ўхшайман, аслида уруш пайти Грозданов қаҳвахонасида Миле Лепин бурнимга курси билан туширгач, шундай бўлиб қолганман. Ўшандан буён бурним шунақа қийшиқ ва пачоқ, аммо такрорлайман, авваллари унақа эмасди. Эҳтимол, болалигимда худди бўридек тоғлар ва Окно атрофида изғиб юрганим учун Бўри дейишгандир, яна ким билади дейсиз.
Ёшлигимда жуда омадсиз бўлганман. Мисол учун, отам мени Чуприядаги гимназияга ўқишга берганди, аммо бундан ҳеч нарса чиқмади. Икки синфни бир амалладим, аммо учинчисини ҳеч қанақасига эплолмадим. Аввалига синфда қолдирдилар, кейин эса битта бола, эндиликда марҳум – ишқилиб, жойи жаннатда бўлсин – Момчило Теофилович Румин туфайли гимназиядан қувиб солишди.
У менга тирғалар, қадам босгани қўймасди, шуни ҳам айтиш керакки, мендан бир ёш катта ҳам эди. Нақ икки йил калтагига чидадим – бошимни кўтаришга қўймасди. Қанча айёрлик қилмай, барибир нафи йўқ эди.
Момчилонинг отаси, Сретен Теофилович – унинг ҳам лақаби Румин – Икки эгачи қишлоғида қаҳвахона очганди. Қарияларнинг ҳикоя қилишича, ўша қишлоқ яқинида – Худо билади қачонлардир – опа-сингил ҳалок бўлган экан. Улар қўй боқиб юришганида, кутилмаганда қароқчиларга рўпара келишибди. Ўшалар ушлаб олмоқчи бўлишганларида қизлар ўзларини қоядан жарга ташлаб, нобуд бўлишибди. Аввалига ўша қояни Икки эгачи дея атай бошлабдилар, кейинроқ атрофида қишлоқ пайдо бўлгач, уни ҳам худди шундай номлабдилар. Ўшандан буён қанча сув оқиб ўтгани номаълум, афсона эса ҳамон тилдан тилга кўчади.
Икки эгачи қишлоғи Окнодан уч чақирим нарида. Сретеннинг аёли серб эди, шу боис қаҳвахонасига серблар ва руминлар, деҳқону, кончилар келишарди. Айтганча, нафақат Окнодан, ўзга конлардан ҳам одамлар келар эди. Шу боис қаҳвахонада мудом иш топиларди.
Сретен Румин Чуприя ва Парадиндаги қаҳвахона эгалари билан ҳам савдо қилар, доимо уларга поездда нималардир олиб борар ёки худди шу йўл билан келтирарди. Унинг ўзи ёки ўғли Момчило биздаги поезд бекатига тез-тез чиқиб турарди.
Сретен пайдо бўлганида ҳаммаси жойида бўларди-ю, бироқ Момчило келди дегунча калтак ердим. Одатда, у Чуприядан келадиган йўловчи поездни, бошқача айтганда, мактабдан қайтишимни кутиб турарди ва менга кўзи тушгач, шундай дерди:
– Қулоқ сол, Бўри, бугун тунда яна битта қўзичоғимизни ўмариб кетибсан.
Кейин иккимиз бекат ортидаги Миладинов ўтлоғига ўтардик, ўша ерда Момчило мени дўппосларди.
Мен йиғлардим, шундай йиғлардимки, назаримда, осмон ҳам эшитарди, аммо одамлар эмас. Момчило менга бир-икки кун дам бериб, яна бекатда кутиб олар, тағин Миладиновга бошларди. Кўзимдан яна дув-дув ёш оқарди.
Мактабга эса мана бундоқ боришга тўғри келарди: Окнодан Чуприягача ўттиз беш чақирим йўл, ҳар куни тонгги соат тўрт ёки тўрт яримда ўрнингдан турасан ва Чуприяга элтувчи йўловчи поездига ўтирасан. Сўнг кун бўйи мактабда бўласан, кейин эса, Окнога қайтувчи поездга чиқиш учун бекат сари сандироқлайсан ва уйингга қоронғи тушганида етиб келасан. Мабодо поезд кечиккудек бўлса, бу ёғини айтмай қўя қолай.
Эҳ, оғажон, бола эмас, Яратганнинг ўзи бўлсанг ҳам, бунга бардош беришнинг иложи йўқ. Мен икки йил чидадим, Момчило пайт пойлай бошлагач эса роса азоб бўлди. Шундай қилиб, учинчи синфда икки йил қолиб кетдиму, уни ҳеч қачон тугатмадим. Ростини айтсам, мактаб мени унчалик ўзига тортмасди.
Баҳолар қўйилган табелни уйга олиб келганимда, отам аввал мени қайиш билан роса савалаб, сўнг кончи амаким Свето Младеновичникига чиқиб кетарди, икки кун ўтгач, барча қора ишчилар каби саҳармардонда туриб, конга тушардим.
Ёз бўйи кирки билан кўмир қазиб, сўнг вагонеткаларга юклардим. Бизнинг кон мана неча йилдирки берк, Окно ҳам аллақачон инқирозга юз тутган. Атрофга боқсам, кўзимга ёш айланади. У пайтлар эса кўмиримиз юқори баҳоланарди. Каттаконларнинг айтишича, ҳатто вазирлар ҳам исинишда ундан фойдаланишган экан. Шунинг учун ҳам Окно ўзгача эди.
Шундай қилиб вагонеткани кўмирга тўлдириб, стрелкага етгунча итарардим, ўша ерда вагонеткани дарвозага боғлашар, агар конимиз чуқур бўлмаса, уни от судраб кетарди, мен эса бўшаганини олиб, ортимга – конга қайтардим. Агар одам ўн уч-ўн тўрт ёшида шунақа ишласа, зерикиб ўлиши тайин. Бироқ, хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг, бу иш менга негадир ёқарди. Ўша пайтлари конда отлар ҳам меҳнат қилар, мен эса, азиз оғайнилар, ўша бахтиқаро жониворларни яхши кўриб қолгандим. Уларнинг ҳаммаси ҳали тойчоқлигидаёқ зулмат боисми ёки ёруғлигу, қоронғилик кўз ўнгида ҳадеб алмашаверганиданми, кўркаламуш каби сўқир бўлиб қоларди. Отни бир марта кон тубига туширишдими, энди уни қайтиб юқорига чиқазишмасди, ҳатто сайисхоналар ҳам кон тубида эди. Жониворлар бутунлай ҳолдан тоймагунча ёруғ оламни кўришмас, оқибатда пичоққа тортилишдан бошқа ҳеч нимага ярамай қолардилар. Сизга эса сўқир, лекин ақлли кўзлари билан шундай мўлтирашардики, гўё ҳаммасини кўриб, билиб тургандек…
Уларга шу қадар раҳмим келардики, оғажонлар, шунчалик раҳмдил эдимки, баъзан кўзимдан ёш тирқирарди. Бугунгидек ёдимда – кондаги икки-уч кунлик иш давомида йиғламаган пайтим камдан-кам бўлган.
Менга айниқса Лиско лақабли от ёқиб қолганди. У йирик, бесўнақай айғир эди, пешонасида оқ қашқаси бор, худди одамдек ақлли. Тўғри, отларнинг бари ҳам ақлли, аммо у сингари от ҳали дунёга келмаган.
– Салом, Лиско, – дердим мен, у бўлса товушимни эшитиб, қулоғини динг қиларди. Ишонсангиз, у мени ҳатто юришимдан танирди. Стрелкага яқинлашсам бас, бошини бурарди – кўриб турибдими, дейсиз!
Уни ҳар куни боқишга ўрганиб қолгандим. Онамдан нон ёки ит учун олиб қўйилган жўхори бўтқасини тиланиб олардим-да, чўнтагимга солиб, унга келтирардим. Яқинлашсам, Лиско аста кишнар, ҳавони ҳидлаб, бошини силкитарди. Нонни чўнтагимдан чиқариб унга берардим, ўзим эса атрофга олазарак боқардим – ишқилиб отбоқар кўриб қолмасин-да.
– Ма, Лиско, еявер.
Тумшуғини ўпиб, силардим.
– Е, Лиско, соғлом ва бақувват бўл. Имтиҳонларни топширгунимча икки йил чидаб бер яна, сўнг иккимиз…
Сўнг нима бўлишини айтишга журъатим етмас, бироқ гўё у кўриб тургандек қўлим билан тепага ишора қилардим. Айтганча, шунчалар гўл эдимки, ўзим бунга ишонардим. Тепада нима қилиш менга аён эди, аммо бир нимани билмасдим – Лискони қандай ўғирлаб кетишни?
– Сўнг эса, – шивирлардим қулоғига, – иккаламиз Бучинага қочиб кетамиз.
Окно тепасида савлат тўкиб турувчи шунақа тоғ бор эди.
– У ёқда катта ўрмон, ёввойи гулларга тўла ўтлоқ ҳам бор, майса кўкрагингдан келади. Бир кекса румин бор, табиб, Паун бобо, у даволашни билади, ҳамма унинг ҳузурига келади. Сенинг ҳам кўзингни тузатамиз, даволаймиз. Сен ўтлоқда сайр этасан, мен эса ёнингда ётганча осмонга тикиламан. Мана шундай яшаймиз.
Ёз қандайдир билинтирмай ўтиб кетди, яна мактабга қатнаш вақти келди.
Дарслар ана-мана бошланай деб турганда мен отамга дедим:
– Ўтинаман, мени мактабга юборманг энди. У ёққа боришни истамайман.
Отам жуда ғалати одам эди. У болалигида ҳам, кейинчалик, ёши улғайганда ҳам ҳаётда бирон нимага эришишни умид қилган, “одам бўлишни” истарди. Қишлоқдалигидаёқ бобомнинг қалин китобларини ўқирди. Вишневицеда истиқомат қилувчи бобомни қашшоқ десаям бўларди, бола-чақаси бир этак, шу боис отам аввал уйида қолиб кетди, кейинчалик, ёш йигитлигидаёқ конга ишга чиқди. У барибир қачон бўлмасин нияти амалга ошишига ишонарди. Ҳаёт эса ўз йўлидан бораверди. Отам уйланди, армияга кетди, сўнг болқон урушига, биринчи жаҳон урушига жўнади. Ҳаммаёғи ярадор бўлиб қайтиб келди, фақат аёлига ва бола қилишга яради, холос – мен ўн учинчи йилда дунёга келдим, синглим Анка эса – ўн бешинчи йилда.
Шундай қилиб, отам йигирма тўққиз ёшида ҳам қашшоқлигича қолганди, бу ҳам етмагандек, ўпкаси чатоқ эди. Шундай бўлдики, худди шу даврда бобом ҳам қишлоқда вафот этди. Отам меросдан қолган улушини сотиб, кон яқинида баққоллик дўкони очди. Бор-йўғи тўрт метрга тўрт метр жой – мана шунақа митти дўконча.
У аллақандай ғалати ғўлдираб гапирар, нима деётганини англаш мушкул эди. Аммо бизлар унга раҳмимиз келиб, худди шундай жавоб қайтаришга уринардик, итоатгўй эдик.
Дейлик, отам мендан сўрайди:
– Нима, сен чувринди бўлишни истайсанми?
Ялангоёқ деҳқонлар кончиларни шундай атарди.
– Чувриндилар қандай қоп-қора нон ейишини кўрганмисан? Сенга қайсиниси маъқул – чувринди бўлишми ёки дўконимда хўжайин бўлишми?
– Ота, – дердим мен, – дўконингизда хўжайин бўлиш менга насиб этармикин, чунки эртага ҳолим не кечиши на сизга, на каминага аён. Агар кунлар шундай давом этаверса, ўғлингиз Сретен Руминнинг ўғли Момчилонинг қўлида ўлиб кетиши ҳеч гап эмас.
– Сен учун қоронғи кунлар бошландими? Бунга Сретен ўғлининг нима дахли бор?
– Шунақа, – дердим мен, – у, отажон, ҳар куни мени тутиб уради. Уни деб мактабнинг ҳам, ҳаётнинг ҳам қизиғи қолмади. Ортиқ бардошим етмайди, тириклайин ўлиб бўлдим, отажон.
Отамнинг дўконида тамаки, қоғоз, туз, шакар ва керосин бор эди. Қисқаси, амал-тақал қилиб яшасак бўларди. Аммо унинг бурни осмонда.
– Бўлиши мумкин эмас, – дейди отам, – сени аллақандай ялангоёқ калтаклаши мен учун номус, уят. Сен ҳам ур, бўш келма.
– Албатта, нимасини айтасиз, – дейман мен, – лекин унинг киндигидан келсам, уришдан не наф?
– Майли, киндигидан келсанг келибсан-да, – дейди отам, – аммо менинг ўғлимсан-ку.
Шундай қилиб, яна мактабга қатнай бошладим.
Шуни айтишим лозимки, бутун ёз бўйи биз Момчило билан бирон марта ҳам учрашмадик. Мактабга қайтганимдан сўнг бари аввалгидек тус олди. У яна мени пойлаб турарди. Унга дуч келмаслик учун не-не айёрликларни ўйлаб топардим. Манзилимга бир бекат қолганда поезднинг деразасидан сакраганман, ҳамма тарқамагунча вагондаги ўриндиқ тагига яширинганман, офтоб сал қиздирганда эса Чуприядан то Окногача вагон томида кетганман, уч-тўрт соатлаб тормоз будкасида сиқилиб ўтирганман – ҳеч бири наф бермаган.
Мабодо бир гал бекиниб олсам, кейинги сафар у албатта топиб оларди. Ёзда чувринди-кончилар менга кўмир ўйишни, қизчалар билан ҳиринглашни, тамаки чекишни, ракия тикишни ўргатишганди, Ранконинг ўғли Милован Симич эса муштлашишни ўргатди. Эҳтимол, ўзим ҳам озгина куч тўплагандирман, билмадим. Фақат энди ундан қочмайдиган бўлдим.
Шундай қилиб, у мени кутиб турарди ва дерди:
– Бўри, нима бало, хўжайин бўлишни истаб қолдингми? Бахтиқаро чувринди! Аммо жаноб бўлмоқчи! Войбўй, одамлар, буни бир кўринг!
Хуллас, иккимиз яна Милодинов ўтлоғига ўтамизу, у яна мени дўппослайди, аммо энди бўш келмайман. Уни ҳам ураман. Ҳаммаси илгаригидек қолди: ҳар икки-уч кунда ўртамизда муштлашув, баданим мудом тирналган – гўё қўйнимга доим мушук солиб юргандекман – ваҳоланки ҳар куни саҳарда туриб, оқшом қайтаман, кўпинча кечга бориб ҳеч нимага ярамай қоламан. Бу муштлашувлар мени ҳолдан тойдираётгани кўриниб турарди.
Мавлуд арафасида Момчило яна теримни шилишга тушди. Қутулишнинг сира имкони йўқдек. Уни кўрган заҳотим бошимга нима тушишини биламан. У кўзимнинг оловини олиб бўлганди, шу боис қаршилик кўрсатишни бас қилдим.
Бир сафар кўчамиз бўйлаб бошимни эгиб борар эканман, кутилмаганда Милован чақириб қолди:
– Бўри, қаёққа?
– Уйга, – дедим.
У чўнтагидан шиша чиқарди.
– Қани, бир қултум отиб ол-чи.
– Иложим йўқ, – дедим, – онам ҳидини билиб қолади.
– Ҳўпла, сезмайди.
Шундай қилиб, ичиб олдим.
– Эшитдим, – деди Милован, – Румин яна сени пойлаётганмиш.
– Пойлаяпти.
Милован кулиб юборди.
– Хўп, нима бўпти? – деб сўради у.
– Ҳар доимгидек, – дея жавоб бердим, – аввал у билан тенгма-тенг олишардик. У мени урар, мен ҳам қараб турмасдим. Аммо кейинги пайтларда яна қўли баланд келмоқда, мени истаганча дўппослаяпти.
– Қизиқ, қандай дўппослайди? – сўради Милован кулишда давом этиб.
– Оддийгина. Бир-биримизга кўксимизни тақаймиз, у мени ё қулатади, ё оёғи билан силтаб отиб юборади ёки чалиб йиқитади. Сўнг устимга миниб олиб, истаганича дўппослайди.
Милованнинг кулгидан ичаги узилгудек бўлди.
– Истаганча дейсанми, истаганча-я?
– Кўнгилчаси нима истаса, шуни қилади.
У яна бироз кулиб турди-да, сўнг жиддийлашди.
– Биласанми нима? Агарда кўкрагинг билан у томон борсанг, енга олмайсан. Албатта у бақувват, Сретеннинг сути ва пишлоғи билан боқилган, устунлиги ҳам шунда. Руминга шунчаки тенг келадиган одам ҳали туғилгани йўқ. Онаси ҳали бундайини туғмаган.
– Хўп, нима қил дейсан?
– Бўш келма, қўлидан сирғалиб чиқ.
– Уриниб кўрганман, – дедим. – Уни ураман, ўзимдан олисроқда тутиб турмоқчи бўламан, аммо у чидаб беради, қўлларим орасидан ўтиб, ёпишиб олади. Ўшанда кўраримни кўраман.
Милован шишадан яна бир қултум сипқорди-да, енги билан лабини артиб, менга қаради.
– Унда сен, укажон, салгина пичоқ билан… Ялангоёқ дегани кимгадир ёпишиб олса, жони чиқмагунча қўйиб юбормайди. Сен уни пичоқ билан, укажон… агар тириклайин еб ташлашини истамасанг. Пичоғинг борми?
– Йўқ, – дедим, – қаердан олишни ҳам билмайман.
– Хўш? – деди Милован маъноли қараб.
Ўша оқшом отамнинг дўконига яширинча кирдим. У ерда, витрина вазифасини бажарувчи деразада, Худо билсин қачонлардан буён уч дона пичоқ ётарди. Бари бутунлай занглаб бўлган. Шунча пайтдан бери ҳеч ким тегмаган. Токчага газета тўшалганди. Мен пичоқлардан бирини олиб, газетанинг остига тиқиб қўйдим.
Икки-уч кун кутдим. Билишмади, сезишмади ҳатто. Учинчи оқшом яна дўконга яширинча кирганимда пичоқча мактаб сумкамга кўчиб ўтди. Кундузи, Чуприя станциясида поездни кутиб турарканмиз, четроққа ўтиб, пичоқни бетон симёғочда чархладим. Янгидек ярақлаб кетди.
Поезд Окнога келди, уйга қайтдим. Пичоқни билинмайдиган қилиб енгим остига тиқиб қўйгандим. Асабийлашиб, кузги япроқдек титрардим. Рақибим икки кун келмади, бугун келармикин? Атрофда ҳеч зоғ йўқ. Майли, эртага келар, дея ўйладим. Ростини айтсам, анча енгил тортдим! У билан муштлашиш, керак бўлса, ҳатто чавақлаш истаги бор эди, бироқ рақибимни сира кўрмасам, ундан ҳам яхши бўларди.
Уйга кетаяпману, бугун у йўқ, дея ўйлайман, жуда яхши-да, балки умуман келмас, аммо айни шу пайт кимдир ортимдан келиб бошимга тушириб қолди. Кепкам учиб кетди. Ҳамма ёқ қор, изғирин забтига олмоқда, станция атрофида қор эриб, балчиққа айланган. Кепкам лойга беланиб ётибди.
Бошимни бурмайман. У ёқда ким турганини биламан. Эгилиб кепкамни оламану, бошимга қўндираман.
Момчило ортимдан қийшанглайди.
– Нима, чувриндивой, ҳамон мактабга қатнаяпсанми? Ҳали кўп қатнайсанми? Чувринди каттакон жаноб бўлиш орзусида!
Теварагимизда кончиларнинг бола-бақраси аллақачон тўпланиб бўлган. Момчило устимдан кулади, улар эса унга тақлидан хохолашади. Ҳеч нима демай ўтлоқ томон юраман. Бизнинг жой ўша ерда. Ортимдан, албатта, у келмоқда, унинг ортидан эса бир гала бола. Бу мишиқиларга қандай калтак ейишимни кўриш ёқади.
Йўл-йўлакай сумкамни чап қўлимга оламан ва пичоқ пастроққа силжиши, қўл етар жойда бўлиши учун енгимни силкийман. Ҳеч нима бўлмагандек олға боравераман. Ўтлоққа етиб келдик. Теварак-атроф, борлиқни қор қоплаган. Айрим жойларда паровоз қатрони қор сиртини қорайтирганини ҳисобга олмаса, атроф оппоқ.
Сездирмай одимимни секинлатаман. Юришда давом этаману, аммо унинг яқинлашишига имкон бераман.
Момчило ортимдан:
– Олисга кетаяпсанми? – деб сўрайди.
Шунчаки, устимдан кулиш учун шундай демоқда.
Гапини эшитмаганга оламан. Бироқ кўп куттириб қўймоқчи эмасман. Яна уч-тўрт қадам босиб, сумкамни ерга қўяман, пичоқни ўнг қўлимга олиб, кутилмаганда ташланаман. Буни у сира кутмаганди. Оёқларини кериб, қўлларини силкийди. Кўзини олайтириб менга қарайди. Унинг кўзини аранг пайқадим ва пичоқни қулоғига санчиб олдим. Қон сачраб, бутун юзини белади. Момчило ҳали ўрнидан қўзғалишга улгурмай юзи, кўкраги қонга беланганди. У бошини чангаллаб чинқириб юборди:
– Вой онажон!
– Ие, онангни эслаб қолдингми?
У додлаб йиғлар, қон эса булоқдек бармоқлари орасидан сизиб чиқарди. Оёқлари тагидаги қор алвон рангга бўялди – худди бузоқ сўйишгандек. Бизни кузатиб текин томошадан завқланаётган чурвақалар чинқириб юборишди-да, тўрт томонга тумтарақай қочиб қолишди.
Пичоқни қорга отиб юбордим, сўнг сумкамни олиб, уйга жўнадим. Ўчоқ рўпарасида ўтирганча сукут сақлардим. Онам менга егулик берди – ҳам нонушта, ҳам кечки овқат. Егим келмади. Жим ўтирганча кутмоқдаман.
Ниҳоят жандарм Крстонинг қораси кўринди. У дўконга эмас, тўғри уйимиз томон келмоқда эди.
– Миленко, – дарвоза ортида турганча чақирди у отамни, – Миленко!
Онам остона ҳатлади.
– Нима керак, Крсто?
– Ўғлинг қаерда?
– Уйда, – жавоб берди онам, – унинг сенга нима кераги бор?
– Бу ёққа чақир-чи, – деди Крсто, – бир турқига қараб қўяй.
Онам Радунка беихтиёр ортга тисарилди:
– У нима қилиб қўйди?
– “Нима қилиб қўйди” деганинг нимаси? – деди Крсто. – Сретен Руминнинг ўғли уни деб қулоқсиз қолди-ку!
Онам ичкарига отилди:
– Оҳ, бахтиқаро! Нима қилиб қўйдинг, ярамас!
Шу пайт дўконда отам пайдо бўлди. Онамга кўз ташлаганди, у жим бўлиб қолди.
– Нима бўлди? – сўради у Крстодан.
Жандарм унга бор гапни сўзлаб берди. Отам менга қаради. Сўнг онам томон ўгрилиб:
– Унга биронта тўшак бер, қандай бўлсаям майли.
Шундай қилиб, қамоқдаги илк кечамни ўтказдим.
Эртаси куни тонг саҳарда Сретен Румин отамнинг дўконига келди ва иккаласи ишни судга оширмасликка келишиб олишди. Отам шифокорнинг хизмат ҳақини тўлайдиган бўлди ва устига яна бир динор қўшди. Ўша пайтда бу катта пул эди. Сретен таслим бўлди. Шундай қилиб, жарроҳ Чорович касалхонада ошнам Момчилонинг қулоғини тикиб қўйди. Аммо қулоғи барибир диккайганча қолаверди, ҳатто кичрайгандек ҳам кўринарди. Шунинг учун Окнода унга Чиноқ деб лақаб қўйиб олишди, бу лақаб ўлгунича ундан айрилмади.
Мени эса гимназиядан ҳайдашди. Эҳтимол, жандармлар қамоқда ўтириб чиққанимни етказишган, ҳайдашни талаб қилишгандир.
Отам мени дўконда қолдирмоқчи бўлди. Аммо бунинг менга нима кераги бор? Шу ҳам иш бўлдими? Хулласи калом, Свето амакининг ёнига, конга қайтдим.
Конда икки-уч йил ишладим ҳам. Бир куни Лиско кўз ўнгимда ерга қулади. Аввалига гурс этиб йиқилиб, сўнг тиззалаб қолди ва ҳориган кўйи, эҳтиёткорлик билан ёнбошига ағдарилди. Унга кўмак бериш учун барчамиз тўплангандик, аммо у ётганча қолаверди, ҳар замон бошини қайғули алпозда кўтарарди, холос. Энди у ўрнидан тура олмасди.
Ниҳоят, уни сўйиш ва тепага чиқариш учун етиб келдилар. Шу он бардошим битди, кафтларим билан қулоғимни беркитиб, оёғим ерга тегиб-тегмай коннинг ичкарисига қараб қочдим. То ҳамма қайтиб келгунча ўша ерда ўтиравердим. Шундан сўнг ўзимни худди улғайиб қолгандек ҳис этиб, Окнодан кетиш пайти келганини англадиму, ўша куздаёқ ниятимни амалга оширдим.
Рус тилидан Иброҳим Чориев таржимаси
2022/11