Давид ҚУҒУЛТИНОВ (1922–2006) ЭЗГУЛИК ДЕБ ЁНМАС ЭКАН ДИЛ...

davit_qug'iltinov

Давид Қуғултинов 1922 йил 13 март куни Россиядаги Қалмоғистон Рес­публикасининг Эсто-Олтой қишлоғида туғилди. 12 ёшидан шеърлари газеталарда чиқа бошлади ва улар “Ёшлик шеърлари” номи билан китоб ҳолида нашр этилди. Айрим шеърлари рус тилига ўгирилиб, Москвада чиқаётган тўпламга киритилди ва у 1940 йили таниқли адиб Александр Фадеев тавсиясига кўра Ёзувчилар уюшмасига қабул қилинди.
Қалмоқ педагогика институтида ўқиётган Давид 1941 йили ўз ихтиёри билан фронтга отланди. Аммо 1944 йилнинг май ойида фронтдан чақириб олинади ва ноҳақ айбловлар билан Сибирдаги Бийск шаҳрига жўнатилади. Унга шеър ёзишни тақиқлашади. У ҳукуматга қалмоқ халқи масаласини қайта кўриб чиқишни сўраб мактуб йўллайди. Шу мактуби учун Қуғултинов 10 йилга озодликдан маҳрум қилинади.
У 1956 йили тўла оқланади. 1957 йили Қалмоғистон қайта тикланди ва Қуғултинов Қалмоғистон Ёзувчилар уюшмасида масъул котиб бўлиб иш бошлади ва ўша йили Москвадаги Олий адабиёт институтига ўқишга кирди.
1958 йили шоирнинг “Моабит тутқуни” ва “Юрагим кўзи билан” китоблари чиқади. Ўқишни тугатган Қуғултинов Қалмоғистон Ёзувчилар уюшмаси раиси лавозимида иш бошлайди. 1967 йили “Мен сенинг тенгдошинг” китоби учун Россия Давлат мукофотига, 1969 йили “Қалмоғистон халқ шоири” фахрий унвонига муносиб кўрилади.
Давид Қуғултинов юртимизда ўтган кўплаб адабий анжуманларда иштирок этган. Адибларимиз билан қалин дўст эди, ўзбек халқи ютуқларидан қувонарди. 1969 йили Москвада ўтказилган ёшлар семинарида Давид оға Абдулла Орипов ижодини юқори баҳолаганди. Она тилимизда унинг “Ғаройиб қуш” (1981), “Дунёга ёғдулар таратиб яша” (2004), “Ноёб истеъдод” (2014) китоблари чиққан.
Эътиборингизга шоир шеърларидан таржималар ҳавола этмоқдамиз.

ОНА ТИЛИ

Ким она тилини суймаса жондан,
Ифтихор этмаса она тилидан
(Аслида бу туйғу ўтади қондан),
У кимса адашиб кетган йўлидан.
Бундай кимсаларга айтилар лаънат,
Чунки онасига қилмаган хизмат.

Кимки ўз исмининг жарангига маст,
Кибр-ҳаво отидан ҳеч тушмаса паст.
Кимки ўз тилига бўлиб маҳлиё,
Менсимаса ўзга тилларни асло,
Бундайлар кўрса ҳам сўқир аталар,
Бурнидан нарини кўрмайди улар.

Уларга яхшилаб уқтир, тушунтир:
Барча тиллар билан дунё бутундир.
Тиллар ака-ука, ўзаро якдил,
Ўзига хос гўзал, бойдир ҳар бир тил.
Тафаккурнинг олий ихтироси тил,
Толе йўлларининг нур-зиёси тил.

Кимки ўйламасдан аччиқма-аччиқ,
Ўзгалар тилига чапласа балчиқ.
Деса: менинг тилим баридан устун,
Қолган тиллар турсин олдида забун.
Бундай иғволарга солмагин қулоқ,
Улар даврасини тарк этгин шу чоқ.

Миллатлар суяшиб бири-бирини,
Улғайтирди замин тафаккурини.
Қўйганлари учун тилларга ихлос,
Бизга етиб келди зарга тенг мерос.
Пок ниятда учди фазога одам,
Чароғон келажак унда мужассам.

ЧИН ДЎСТЛИК СИНАЛАР…

“Чин дўстлик синалар ғамда, кулфатда”…
Бу ҳақ гап ва лекин қолма ғафлатда.
Ўзингга тақдирдан сўрама офат,
Бўғилиб юрмагин офат келган вақт.
Аслида, шарт эмас чекмоқлик алам,
Бордир дўст синашнинг бошқа йўли ҳам.

Тақдирдан сўрагин, кулиб боқсин бахт,
Табриклашга дўстинг келади албат.
Кўзига қарагин табриклаган вақт,
Унинг нигоҳида ҳавасми, ҳасад?
Кўзда кафтдагидай бари мужассам.
…Чин дўстлик синалар бахтли онда ҳам.

* * *
Замин узра жуда ожизи – инсон,
Чақмоқ куйдираман дер унга ҳар он,
Устингга қулайман дейди чўққилар,
Денгизда тўлқинлар солар қутқулар.
Олдида не кутар, билолмай ҳайрон,
Эртага қаршилар қандай қайғулар…
Замин узра жуда ожизи – инсон!

Замин узра жуда кучлиси – инсон,
Самога ҳар соат айлайди парвоз,
Довонлар устига йўллар солар соз.
Денгиз қутурганча солсин ғалаён,
У қўрқмай тубидан дур излар ҳамон,
Билар, эртага ҳам бахт чиқар пешвоз.
Замин узра жуда кучлиси – инсон!

* * *
Урушдан қайтмаган шаҳид ботирлар,
Тирик вақтдагидай тушимга кирар.

Улар қардошимдай мен учун азиз,
Урушда қон кечиб жанг қилганмиз биз.

Сафларда ёнма-ён ташладик одим,
Қизларнинг исмини айтдик мулойим.

Висол ҳақда ширин хаёллар сурдик,
Ёрни деб ўзимиз ўт-чўққа урдик.

Кўп дўстларим жангда бўлишди ҳалок,
Улар тушларимга киради гоҳ-гоҳ.

Табиат қонуни – отганда сабоҳ,
Кўраётган тушинг бўлинар ногоҳ.

Ёнгинамда кимдир сўзлар шивирлаб:
“Дўстим, шу ердамиз! Турибмиз қўллаб.

Биз сенга ҳамиша бўламиз қўлдош”.
Ҳа, ҳозир ҳам эски дўстларим йўлдош.

То тирик эканман улар ёдимда,
Яшар хаёлимда, яшар қалбимда.

Дунёдан ўтганлар яшайди бизда,
Уларни асрасак хотирамизда.

(Давомини журналимиздан ўқийсиз)

Рус тилидан Асрор МЎМИН таржимаси

2022/12

Ижтимоий тармоқларда ёйиш:
0 Menga yoqdi
0 Menga yoqmadi