Озарбайжоннинг шимоли-ғарбида асосий ҳудуди тоғлардан иборат бўлган ва бағридан талай сойлар оқиб ўтадиган Қазах деб аталувчи кўҳна ажойиб қасаба бор. Бир томони Гуржистон, бошқа томони Арманистонга туташ бу замин озар халқига уч асрлик тарихга эга Вакиловлар сулоласини тортиқ этгани билан ҳам машҳур. Атоқли саркардалар, педагогу шифокорлар, адабиёту санъат намояндаларини вояга етказган ушбу сулоланинг барча хизматларини санаб адоғига етиш мушкул. Шу боис Вакиловларнинг озар адабиётига қўшган улкан ҳиссасига доир икки мисол билан кифояланамиз. Бу ўринда сўз Қорабоғ хукмдори Иброҳим Ҳалилхоннинг доно вазири сифатида ҳам шуҳрат қозонган мумтоз шоир Мулла Паноҳ Воқиф (1719–1797) ва Озарбайжон ССРнинг биринчи халқ шоири Самад Вурғун (1906–1956) ҳақида бормоқдаки, улар шеърияти мангу безавол яшашига шубҳа йўқ.
Не ажабки, Самад Вурғуннинг икки ўғли – Юсуф ва Воқиф ҳам Вакиловлар сулоласи адабий анъаналари давомчиси бўлди. Юсуф Самад ўғли (1935–1998) Озарбайжон халқ ёзувчиси, Воқиф Самад ўғли (1939–2015) эса Озарбайжон халқ шоири унвонларига лойиқ деб танилди. Юсуф Самад ўғли бош асари – “Қатл куни” романи билан бутун инсониятни, “Қабоҳатдан тийилинг, зеро, қасос муқаррар”, дея куюниб огоҳлантирса, илк машқларидаёқ “Менинг унвоним – бениҳоялик…” деб ёзган Воқиф Самад ўғли эса ўз шеърияти билан инсон қалби, дарҳақиқат, коинотдек чексиз эканини тасдиқлади.
Қуйида бир неча ҳикояси чоп этилаётган Юсуф Самад ўғли ҳали Бакудаги 44-ўрта мактабда ўқиб юрган чоғларидаёқ келажакда ёзувчи бўлишига асло шубҳа қилмасди. Шу боис у 1953 йили ўрта мактабни олтин медаль билан тугаллаб, Москвадаги Максим Горький номидаги Адабиёт институтига ўқишга киради. Толени қарангки, Юсуфнинг бу нуфузли адабий олийгоҳдаги талабалик йиллари Хрушчев бошқарувининг илиқлик даврига тўғри келди. Бу ерда у ўша даврнинг эркинлик руҳини бутун ижоди давомида асраб қололган бўлғуси машҳур шоир ва адиблар – Евгений Евтушенко, Белла Аҳмадуллина, Роберт Рождественский, Василий Аксёнов, Николай Кузнецовлар билан бир курсда таҳсил кўрди. Яна бир омади, лирик-романтик услуби билан ХХ аср рус адабиётида ўзига хос ўрин тутган машҳур ёзувчи Константин Паустовский синфида сабоқ олди. Бу мураббий ҳақида буюк турк шоири Нозим Ҳикмат: “Агар ҳалоллик ва адабий истеъдод бир сиймода жамланса, буни – Константин Паустовский, деяверинг”, деб айни ҳақиқатни айтган эди.
Ёш Юсуф 1956 йили отаси қўққис вафот этгач, таҳсилни Бокуда, Озарбойжон давлат университети филология факультетида якунлашга мажбур бўлса-да, Адабиёт иститутида ўз руҳига кўчган ўша ҳур фикрлиликка сўнгги нафасигача содиқ қолди. У Брежнев бошқарувининг турғунлик йилларида ҳам инсон эрки, ор-номуси ва қадр-қиммати учун ўз қалами, ҳақ сўзи билан муросасиз курашди. Юсуф Самад ўғлининг шу даврда яратилиб, озар ҳикоячилигининг дурдоналари дея тан олинган “Галактика”, “Совуқ тош”, “Фото-фантазия”, “Остона”, “Баёти Шероз”, “Инжа дарасида баҳор чоғи” асарларида ҳукмрон Совет мафкураси тўсиқлари дадил бузиб ўтилади. Ушбу ҳикояларнинг айримларида чин ҳаёт йўлидан адашган кимсалар чигал руҳий кечинмалар гирдобида тасвирланадики, улар бу кечинмалар оша кўпинча, гарчи изтиробли бўлса-да, муҳим ҳаётий хулосаларга келади. Масалан, “Галактика” ҳикояси қаҳрамони – азалий миллий томирларидан узилган Карим муаллим беморлик кунларида бутун ҳаёт йўлини тафтиш қилиб, ўз гуноҳига бундай иқрор бўлади: “Ўттиз йил ақалли бир марта поездга ўтириб, ота-боболарим юртига бормадим… Нега мен йилдан-йилга, кунба-кун ўзгара-ўзгара, руҳан йўқсил бир кимсага айландим? Билатуриб ўзимни шу тупроқдан қўпордиму, сарғайиб сўлдимми? Бу далалару тоғларга нега хиёнат қилдим, биродар?”
Карим муаллим-ку, гарчи умр адоғида бўлса-да, чин ҳаёт маъносини топишга муваффақ бўлади. Жиллақурса, унда тавба қилиш, истиғфор айтиш имкони бор. Лекин муаллиф тайинли бир ном қўйишни ҳам лозим топмай, У дея атаб қўя қолган “Остона” ҳикояси қаҳрамони-чи? Замон сенга боқмаса, сен замонга боқ, нақлига биноан яшаб, жиноий тўдага қўшилиб кетган бу кимса ҳатто шу имкониятдан ҳам мосуво. Оқибатда у валламати Каримов ортидан ҳибсга олинишдан қочиб Гобистон тоғларига боради-да, шу серзарда сўзларни телбавор қайтарганча, ўз жонига қасд қилади: “Мени қўлга олмоқчи бўлдингизми? Олиб бўпсиз!” Муаллиф Унинг ҳаётида ҳам гарчи тансиқ эса-да, ёруғ онлар бўлганини ёддан чиқармайди ва буни Мустафо тоғанинг меҳмонга келиш эпизодлари орқали тасвирлайди: “Қани эди Мустафо тоғаси уларга хуржун тўла егулик олиб келган, эртаклар айтиб берган ўша кунларга қайтса. Қандай завқли дамлар эди-я… Ҳеч қанақа ташвиш йўқ, ғам-ғусса, қўрқув, ҳадик йўқ…” Аслида-ку, шундай биргина тотли, нурли хотиранинг ўзи инсонни, у ҳар қанча адашиб, улоқиб кетган бўлса-да, чин ҳаётга қайтара олиши мумкин. Бироқ, таассуфки, У аввалги ҳаётига шу қадар боғланганки, ундан воз кечиб, янги ҳаёт бошлашни ҳатто хаёлига-да келтиролмайди. Шу икки мисолнинг ўзиёқ Юсуф Самад ўғли ҳикояларининг етакчи хусусияти теран психологик таҳлил орқали мангу фалсафий саволларни ўртага қўйиш эканидан гувоҳлик беради.
Адиб 80-йиллар бошида “Қатл куни” романини ёзди. Унда муаллиф услубининг фавқулодда янги қирралари яққол юз кўрсатди. Озар адабиётшунослари мазкур романни фусункор реализм намунаси сифатида баҳоладилар. Дарҳақиқат, асарда ушбу оқим учун хос бўлган ҳаётий ва хаёлий воқеликнинг ўзаро чатишиб кетиши яққол кузатилади. Айрим тадқиқотларда ҳатто Юсуф Самад ўғли улуғ рус ёзувчиси Михаил Булгаков билан ёнма-ён қўйилиб, “Қатл куни” бу – озар тилидаги “Уста ва Маргарита”, дея таърифлар ҳам берилди. Худди “Уста ва Маргарита” сингари роман ичида роман усулида яратилган бу асарда марказий сюжет чизиғини муаллиф шартли равишда Бемор деб ном берган ҳақгўй, субутли, ҳалол адабиётшуноснинг хасталик кунларида ўз бошидан кечирган воқеалари ташкил этади. Сталинча қатағон қурбони – атоқли адиб Саъди Афандига бағишланган ҳақидаги ягона монография муаллифи бўлмиш бу олим ўзи ўрганаётган шахснинг ҳибсга олиниш тафсилотларини тўлароқ билишга, унинг дом-дараксиз йўқолган сўнгги романи қўлёзмасини топишга интилади. У кўп машаққатлардан сўнг, Саъди Афандининг қизи Салимахоним ёрдамида, аввал адибнинг қатағон йиллари кундалиги, сўнг эса сўнгги романи қўлёзмасини қўлга киритади. Саъди Афандининг кундалиги роман ичидаги бир роман бўлса, унинг сўнгги асари қўлёзмаси эса роман ичидаги яна бир романдир. Хуллас, уч сюжет чизиғида ҳам бир муаммо – Ҳокимият ва Ижодкор муносабати бадиий тадқиқ этилади. Адиб ўзаро қарама-қарши бу қутблар кураши орқали Эзгулик ва Ёвузлик, Адолат ва Бурч сингари абадий муаммоларни яна ўртага қўяди.
Дарвоқе, Саъди Афандининг Ўрта асрлар Хукмдори ва Шоири ўртасидаги зиддият асосига қурилган романи ҳам “Қатл куни” деб номланади… Юсуф Самад ўғли фикрича, Ҳокимият Ижодкор боши узра ойболта кўтарган кун – Ёвузлик Эзгуликка суиқасд қилган мудҳиш қора кундир. Бундай қабоҳатни балки оломон гунг-соқов томошабин бўлиб кузата олар, лекин Олам, Коинот бунга тоқат қилиши душвор. У Бобо Коҳо (Шамол ғори) бўлиб, шундай нидо қиладики, бу нидо юксакдан пастга отилиб, ўз йўлида учраган барча нарса, ҳатто урён қояларни-да парча-парча қилиб ирғитади. Унинг бу фарёд одамзод ваҳшийлигидан чекилган оҳми ёки унга ўқилган лаънатми: “Наслингиз қирилсин сизнинг, эй икки оёқли махлуқлар!”
Чингиз Айтматовнинг “Қиёмат” романи билан қарийб бир пайтда яратилган ва бадиий фалсафасига кўра унга ҳамоҳанг бўлган бу асарда инсоният ўз ёвуз қилмишлари учун бир кун бешафқат товон тўлайди, деган огоҳликка чорловчи ғоя илгари сурилади. Хулоса ўрнида шуни айтмоқ жоизки, “Қатл куни”нинг Озарбайжон романчилигида тутган алоҳида ўрнини 2014 йил адиблар орасида ўтказилган сўров натижаларига кўра у ХХ асрдаги энг яхши озар романи деб топилгани ҳам тасдиқламоқда.
Юсуф Самад ўғли Горбачёв бошқарувининг қайта қуриш йилларида миллий мустақиллик ҳаракати лидерларидан бирига айланди. Озарбайжон тарихига Қора ёхуд Қонли Январь номи билан кирган 1990 йил 20 январда Совет Армияси аскарлари Бокуда сиёсий муҳолифатни беаёв бостириб, юздан ортиқ тинч аҳоли ўлимига сабаб бўлганда Юсуф Самад ўғли “Озодлик” радиоси орқали бутун дунёга жар солиб, ушбу хунрезликни қатъий қоралади.
Озарбайжон халқ ёзувчиси Анар, Юсуф Самад ўғли вафоти муносабати билан ёзган хотираларида, марҳум дўсти умрининг сўнгги йилларида янги роман устида ишлаганидан сўзлайди. У шу роман орқали 90-йиллар воқелигига ўз муносабатини билдирмоқчи, кўнглидаги бор дардини бирйўла тўкиб солмоқчи эди, дея таъкидлайди Анар. Юсуф Самад ўғлидан ҳар гал: “Хўш, романнинг ёзилиши қандай кетяпти?” деб сўрашганда, у: “Ишлаяпман, ишлаяпман, жиддий ишлаяпман, Худо хоҳласа…” деб мубҳам жавоб берарди. Афсуски, адибнинг бевақт ўлими сабаб сўнгги роман 85-саҳифасидаёқ узилиб қолди…
Юсуф Самад ўғлининг илк ўзбек таржимони ажойиб шоир ва драматург Усмон Қўчқор (1953–2017) эди. У “Қатл куни” романини 80-йиллар охирида ўзбекчага ўгириб, “Ёшлик” журналининг 1991 йил иккинчи, учинчи ва тўртинчи сонларида давомли эълон қилдирди. Роман унинг таржимасида Чўлпон нашриётида алоҳида китоб ҳолида ҳам чоп этилди. Ўзбек китобхони Юсуф Самад ўғли ижоди ҳақида тўлиқроқ тасаввур ҳосил қилиши учун унинг ўнга яқин ҳикоялари “Жаҳон адабиёти” журнали буюртмаси билан янгидан таржима қилинди. Ушбу хайрли ишга Маматқул Ҳазратқулов, Нодира Афоқова, Шоҳсанам Сўфиева каби тажрибали мутаржимлар жалб этилдики, улар озар адибининг ҳар бир асарини ўзбек тилида худди аслиятдагидек ижодий қайта яратишга интилдилар.
Муҳиддин РАҲИМ
СОВУҚ ТОШ
Устига ёруғлик тушса, сўқмоқ четида ётган силлиқ тош кумушдан қуйилгандек кўринади, у бир замонлар тоғ тепасидан сакраган ва шу жойлардан оқиб ўтган дарёдан ёдгорлик эди.
Ҳаво очиқ, ёмғир ва тумансиз бўлганда йигит ҳар оқшом ўрмонга келади, шу тошнинг устида ўтириб папирос тутатади, ўйга ботганча, ўрмоннинг шивирлашига қулоқ тутади.
Ўт-ўланлар, япроқлар устига осмондан кўринмас томчилар тушаётгандек, ҳар ёққа сачраб, шитирлаётгандек туюлади унга.
Бу товушлар тушларида янграган мусиқани ёдига солади. У ҳамиша тушида мусиқа эшитади, ажабтовур рангларни кўради. Тонгда ўша мусиқани, рангларни хотирида тикламоқ истайди, лекин ҳеч эслай олмай, изтироб чекади…
Қиз дарахтлар орасидан сассиз ва майда қадамлар-ла чиқиб яқинлашаркан, у ҳеч нима демасдан, ҳатто саломлашмасдан ўрнидан туради ва уст кийимини ечиб, қизнинг кифтига солади. Қиз ҳар гал унинг пиджагини ёпинмоқ учун атай юпқа либосда келади.
Қиз бу оқшом кечикди, ой баландлаб кетиб, дарахтларнинг сояси қисқарганда келди. Йигит ўрнидан турди, пиджагининг тугмаларини еча-еча қизга яқинлашди… Қизнинг устидаги оқ жун жакетни кўриб, пиджагини ечмади, недир демоқчи бўлди, лекин ҳеч нима демасдан орқасига қайтди, тошнинг устига ўтирди. Ва тўсатдан тушида кўргани каби сим-сиёҳ туман дарахтлар орасидан буралиб-буралиб чиқаётгандек, қизни олиб қочаётгандек, ўзи эса ҳеч бир қаршилик кўрсата олмай, каловланиб жойида ўтириб қолгандек туюлди.
Бир фурсат вақт ўтди. Қиз дарахтга суяниб, шох-новдалар орасидан кўкка боқди. Йигит бошини солинтирганча, папиросини чекаверди.
Ҳаммаёқ жимжит. Ора-сира аллақайда қурбақалар қисқа вақирлайди. Ойнинг ёғдулари қари эманлар оралаб ўтиб, йигитнинг оёқлари остига кумушранг тўр-тўр мато ёйгандек бўлади. Шохдан-шохга тез-тез учадиган капалакларнинг қанотлари ялтирайди. Капалаклар ойнинг шуълаларидан ясалган ва ҳовуч-ҳовуч қилиб ҳавога сочиб юборилган марварид доналарига ўхшаб кўринади йигитнинг кўзларига. Туйқус шамол эсгандек бўлади, йигитнинг боши устида япроқлар шитирлайди. Шитирлаш зумда тинади.
Қиз пичирлайди:
– Юлдуз учди…
Йигит билдики, қиз бу гапни фақат орадаги таранг ва юракни сиқадиган сукунатни бузиш учун айтди. Ўтган кеча ҳам у аввал юлдузлардан сўз очди, лекин йигитнинг жавоб бермагани ва бошини қуйи солганча чекишда давом этганини кўриб, ҳеч нимадан-ҳеч нима кулди ва кетгунига қадар меҳмонларидан гапириб ўтирди. Бундан беш-олти кун аввал отаси Мадат муаллимнинг узоқ йиллик жўрасининг ўғли уларникига меҳмон бўлиб келибди. Қизнинг айтишича, меҳмон йигит яқинда дунё бўйлаб саёҳат қилиб қайтганмиш. У ҳар куни уйдагиларни атрофига йиғиб, ажойибу ғаройиб нарсаларни гапириб берармиш.
Қиз йигитга яқин келди ва қаршисида тик турди.
– Нега ҳеч нима демайсан?
Йигит бошини кўтариб қаради.
– Ўзим… Кел, меҳмонингиз нималар деганини айтиб бер-чи…
– Кўп нарсаларни гапирди. Дунёни айланиб келибди. Шундай нарсаларни гапирдики…
Қизнинг сўзлари йигитнинг қулоғига кирмайди, у фақат қизнинг овозини эшитади. Ҳар сафар шундай. Бу товушга қулоқ сола-сола кўзларини юмади, қизнинг чеҳрасини хаёлида жонлантиради. Унинг ингичка қошлари қоп-қора. Кўзлари ҳар доим бир рангда бўлмайди: эрталаблари руҳсиз кўринади, оқшомлари эса мовий шуъла сочади. Қизнинг кўзлари ичида бирин-кетин сон-саноқсиз юлдузлар учаётгандек туюлади йигитга. У гапирганда қўлини иягига тирайди, шаҳодат бармоғини букиб, пастки лабининг ўртасига қўяди, тез-тез жилмаяди. Нима ҳақда гапирса ҳам, ҳикоя айтаётгандек бўлади…
– Яна мени эшитмаяпсанми? – деди қиз.
– Қулоғим сенда. – Йигит шундай дея, кўзларини очди. – Меҳмонингиз нималар дейди?
– Италия ҳақида кўп гапиради. Италиянинг қизлари жуда чиройли, худди фаришталарга ўхшайди, дейди. Уззукун қаҳвахонада ўтирволиб, лимонад ичишаркан. Айтадики, Римда ғалати ресторанлар бор экан, у ерда яланғоч хотинлар рақс тушармиш…
– Бўлиши мумкинмас, – деди йигит бош чайқаб. – Меҳмонингиз ёлғон айтибди.
Қиз овозини кўтариб, негадир аччиқланиб жавоб берди:
– Ёлғон айтган эмас. Бизникига келганингда, ўз қулоғинг билан эшитардинг. Эҳ, холис айтганда, гапирганларининг ҳаммаси худди эртакка ўхшайди.
– Ўзимизнинг эртакларда мен на ресторанлар ҳақида ўқиганман, на яланғоч аёллар ҳақида.
– Мен умуман айтдим.
Қиз энтикиб-энтикиб нафас олди. Йигит хаёлида қизни яланғоч ҳолда тасаввур этмоқчи бўлди. Лекин уялганидан қулоқларининг учигача қизариб кетди.
Қиз:
– Сен Италияга боришни хоҳлайсанми? – деб сўради.
– Италияда нима қиламан мен?
– Шунчаки. Саёҳатга.
– Нимагаям истамай, ёмон бўлмасди.
Қиз юра бошлади. Япроқлар қизнинг оёқлари остида эзилиб шитирлашига яқиндаги дарахт шохлари орасидан бир қуш чирқиллаб учиб чиқди ва шу заҳоти зулматга отилган тошдек кўздан ғойиб бўлди.
Йигит “кўпинча ўзи шунақа бўлади”, деб ўйлади. Ёт бир киши олган нафас, тинчингни бузган янги бир товуш сени ногаҳон уйғотиб юборади, шу қуш сингари уянгдан ҳайдаб чиқаради, турган шохингдан учасан ва зулматда ғойиб бўласан.
– Нимага ўтирмаяпсан? – йигит шундай дея бошқа папирос ёндирди. Гугуртнинг заиф ёғдусида тош бир лаҳза порлаб кўринди. Бу совуқ пориллаш гўё йигитдан қизнинг ўрни нега бўшлигини сўради. Йигит қизга қаради.