Лу СУН (1881–1936). А КЮНИНГ ҲАҚИҚИЙ ТАРИХИ

LU_Sin1

(Қисса)

Биринчи бўлим

Ном

А Кю тарихи ҳақида ёзмоқчи бўлганимгаям ана-мана икки йил бўлиб қолибди. Гоҳи ёзмишим охирига етмай, гоҳи ўйим адоғини топмай ҳардамхаёл юраверганимдан ҳали “яхши” ёзувчи эмаслигим ошкор бўлади-қолади. Ахир, ўтмиш замонларда боқий инсоний ҳақиқатни, яшовчан адабиётни ёзмоққа қодир “ўткир қаламлар” бор эди-да. Тарихий одамлар асарлардан чиқиб, ким-кимларнинг қулоғига етиб борарди, гоҳи одамлар қолиб асарлар шуҳратга бурканиб кетган пайтлари ҳам бўларди! Бора-бора кимни ким машҳур қилганини билмай ҳам қоларди одам. Мен ниҳоят фикри-зикримни буткул асир этган “шайтонвачча” – А Кю ҳақида ёзмасам бўлмас даражага етдим!
“Умрбоқий” асар битишга чоғландим ҳамки, турли-туман дахмазалар ичра қолдим-ов. Хўп, бошладим ҳам дейлик, асарнинг номи қандай бўлади? Конфуций “Ном хато бўлса, сўзлар ҳақиқатга элтмайди”, дея бежиз айтмаган. Анча эҳтиёткор бўлмасам, шўримга шўрва тўкилиши та­йин. Таржимаи ҳолларнинг саноғини келтириб санаш мумкин: расмий таржимаи ҳол, автобиография, тарихий шахсларнинг таржимаи ҳоли, изнсиз ёзилган биографиялар, таржимаи ҳолга қўшимча, оилавий тарих, қисқача тавсиф… лекин буларнинг бирортаси қани энди асаримга мос бўлса! Уни “расмий таржимаи ҳол” деб атасам, кўплаб машҳури жаҳонларнинг рухсат этилмаган тарихлари олдида менинг ёзганим пучга чиқади. Буни автобиографик асар ҳам деёлмайман, ахир, А Кю мен эмасман. Асарни “рухсат этилмаган тарих” десак, унинг ошкор этса бўладиган ҳақиқати қаерда? “Тарихий биографик асар” десам, қаҳрамоним тарихий шахс, карим зотлардан эмас! “Биографик асарга қўшимча” ҳам деёлмайман, А Кюнинг асосий таржимаи ҳолини Миллий Тарих Академиясидан топиб бўпман! Англиянинг ошкор этишга рухсат берилган тарихлари сирасида қиморбозларнинг тарихи ҳақида ҳеч вақо бўлмаса ҳам, буюк ёзувчи Диккенс бир асарини “Қиморбозлар тарихига қўшимча” деб номлайди. Бундай ишлар биз ғарибларнинг эмас, буюкларнинг қўлидан келгич-да. Бизда “Оилавий тарих” деган гап ҳам бор-ку, лекин мен А Кюнинг на ўзи ва на бу асарни ёзишга ижозат олмоққа унинг бола-бақрасини танийман. Борди-ю асарни “А Кюга қисқача тавсиф” деб атай қолсам, унинг тўлиқ тарихини қаёқдан излайман? Хулласи калом, “Ҳақиқий тарих” деб аташга қарор қилдим. Услубим ҳақида-ку бош қотириб ўтирманг, – жуда оддий, тўпори – уни “Арава тортувчилару холва сотувчилар тили” деса ҳам бўлаверади – ҳарчанд уринмай ёзмоқчи бўлганимни “Ҳақиқий тарих” дейишга тилим бормаяпти. Бирор динга-ю бирон мактабга алоқаси бўлмаган ёзувчилар шугина жумланинг ўнгу ­чапидан ўтавермай, “сафсатани қўяйлик-да, асосий мақсадга ўтайлик” деб қўя қоладилар. Сар­лавҳага танлаганим икки сўз бул: Ҳақиқий тарих (“正传”). Менинг “Ҳақиқий тарих”им билан “Каллиграфиянинг асл тарихи” ўртасида тафовутлар бўлса-да, бу ҳеч нимани ҳал қилмайди.
Мени қийновчи яна бир масала шундаки, асар “Бош қаҳрамон, бош қаҳрамон исми-шарифи, воқеа содир бўладиган жой” асосига қурилади, аммо мен ҳатто А Кюнинг шарифини ҳам билмайман-ку. Борди-ю унинг фамилияси Жао бўлгудек бўлса, ўқувчи мутолаа чоғида қуюқ туман ичидаги кишидай йўлнинг у ёғини кўролмай гарангсиб қолмайдими? А Кю у ҳолда Жао Тай Е нинг ўғли Сю Цай бўлиб чиқмайдими? Бонгнинг садоси бу хабарни бутун қишлоққа маълум қилмайдими? Ҳали калламда пишиб етилмаган воқеа бундай кечади: А Кю икки пиёла сариқ мусалласни симиради-ю, рақсга туша бошлайди. Айтишича, А Кю ва Жао Тай Енинг насаби бир бўлиб, бу ҳол уни еттинчи фалакка чиқариб қўйганмиш. Шажарага кўра, А Кю Сю Цайнинг учинчи авлодига тўғри келаркан. Ўша вақтларда бу одамларга чуқур эҳтиром кўрсатилиб, пойи кўзга суриларди. Асарда тўсатдан қишлоқ оқсоқоли Ди Бао А Кюга Жао Тай Енинг хонадонига ташриф буюришини сўраса-ю, Тай Е уни кўрибоқ лунжлари қизариб, бақириб қолсами:
– А Кю, шунчаям бедаво бўладими одам дегани! Мен сенинг зоти паст наслингдан эмишманми?!
А Кю оғиз очолмай, мум тишлаб қолади.
Муҳтарам Жао Тай Енинг авзойи баттар бузилиб, у томонга катта-катта қадам ташлаб келади-да, дейди: “Қандай ҳаддинг сиғди бундай демоққа! Не жин уриб сен-у мен бир насабдан чиқсаг-а? Ёки чиндан фамилиянг Жаоми?”
А Кю яна мум тишлайди. Ер ёрилса-ю, ерга кириб кетса! Жао Тай Е шахд билан келиб, юзига тарсаки тортиб юборади.
“Не қилиб бу ном сенга илашиб олдийкин? Уни кўтармоққа мадоринг борми, ахир?”
А Кю Жао фамилиясидан воз кечолмай, бу ер юткур жойдан тезроқ даф бўлиш режасини тусмоллай бошлайди. Ди Бао зум ўтмаёқ тарсаки ловуллатган юзини ишқалаб тек қотган А Кюни остонадан ҳатлатиб қўяди. Кўчанинг ўртасида оқсоқол унга ҳайфсан эълон қилади ва мусаллас пули учун икки юз мис танга жарима солади. Шумхабар ўқдай учиб қишлоқ аҳлининг қулоғига кириб боради-ю, ҳамма уни телбага чиқариб қўяди. Ақлий соғ-носоғлигини кўрикдан ўтказиш қатъий амр этилади. Эҳтимол, у Жао эмасдир. Ҳатто чиндан Жао бўлган тақдирда ҳам, унинг Жао Тай Едек бу ерда яшаши ақлга сиғмас гап бўлар. Бу воқеадан сўнг ҳеч ким унинг наслини тилга олишга ботинолмайди ва шу-шу у номаълумлигича қолади. Чигалликлардан оша бу “шайтонвачча”нинг фамилиясини нима деб аташга гарангман.
Ҳалиям А Кюнинг исмини қандай ёзишни билмаслигимдан хунобим ошяпти. Кўзини очганидан буён ҳамма уни А Кю деб чақирган бўлса, кўзини юмгач ҳам шундай аташлари аниқ. Унинг исми бамбук ёки шойига битилувчи номлардан бўлса экан! Бамбук ёки шойига ёзилган тақдирда ҳам, бу қандай ном бўлдийкин, деб одамларнинг боши қотиши аён ҳақиқат. Жуда хўб ўйладим: А Кю A 桂 (Гуй) бўлсинми ё A 贵 (Гуй)? Агар унинг лақаби Юэ Тинг “Ойдин дара” бўлса-ю, туғилган кунини августда нишонласа, “Ой гули”ни англатувчи A桂 (Гуй) энг муносиб ном бўларди. Борди-ю, аввал-бошдан унинг лақаби бўлмай, қаҳрамонимизни халойиқ У деб чақирса, – бундан ташқари, туғилган кунига таклифномалар тарқатмаган бўлса, A 桂 (Гуй) деб аташ мантиқсиз туюлади. Агар А Кюнинг ака-укалари Ah 富 (Гуй), “бойвачча” деб чақиришса, шу номни берганимиз маъқулдир. Лекин у оддийгина одам бўлиб, исмини-ю ўзини қадрлаб, A 贵(Гуй) дейишга асосимиз йўқ. Бошқа исмлар бўлса, Кю сўзига ҳамоҳанг жарангламайди. Бу масалада дастлаб Жао Тай Енинг ўғли жаноб Мао Цайга оғиз очдим, кутилмаганда одамни қийин аҳволга солиб қўйишини туш кўрибманми?! Унингча, Чен Ду Сю “Ёшлар ҳаракати”ни ташкил этиб, Хитой маданиятига путур етказган Ғарб алифбосини жорий этишга жонбозлик қилгани оқибатида ўрганишга арзигулик ҳеч вақо қолмапти.
Қисқаси, сўнгги чорани қўллашга мажбур бўлдим: А Кю содир этган жиноятлар тўғрисида қишлоқдошларидан маълумот тўплашни биттасига топширдим. А Кю исмли кимса йўқлигини тасдиқловчи жавоб хати қўлимга теккунича саккиз ойлар вақт кетди. Унинг чинданам йўқлигини билмасдим, наҳот ҳеч иш қўлимдан келмаса-я! Миллий фонетик алифбомиз оммавий равишда қўлланилмай қўйганидан буён “Ғарб алифбоси”ни хоҳлаб- хоҳламай ишлатаётганимдан хавотирда эдим. Машҳур инглиз тилининг талаффузига мувофиқ, қаҳрамоним исмини Ah Quei (А Кю) дея танладим. Бу “Ёшлар ҳаракати”га кўр-кўрона эргашишнинг бир йўли эканидан халқим олдида узр сўрайман, ҳолбуки жаноб Мао Цай бу ишимнинг фаҳмига бормаса-да!
Тўртинчи даҳмаза – А Кюнинг ватани масаласи билан боғлиқ. Агарда унинг фамилияси Жао бўлганида, “Ноҳиянинг машҳур оилалари” рўй­хатидан ёки “Жой ва оила номлари” китобидан унинг ғарбий Гансу провинциясидаги Тьеншуйдан эканини билса бўларди. Афсуски, унинг фамилияси ҳам ишончли эмас, ундан ўтиб туғилган юртидан ҳам асар йўқ. Умрининг кўп қисмини Вейчуангда ўтказгани, тез-тез бошқа жойларни қўним қилганидан, А Кюни асл вейчуанглик деёлмаймиз ҳам. Кўпчилик уни асли Вейчуангдан деса-да, бу ҳақиқатга яқин эмас.
Бу исмни тўғри танлаганимдан суюнсам бўлармикан? Таскин берадигани шуки, исмнинг аввалида, яъни “А” иероглифида хатолик ҳам, ёлғон ҳам йўқ ҳисоби, ўқимишли кишиларнинг эътирози-ю хиралигига чидаб беролади. Бошқа “бошоғриқ”ларни-ку қўя турайлик, уларга мен каби саводи ҳаминқадарларнинг тиши ўтиши анча кулгили-ёв. Келажакда жаноб Ху Шининг шогирдлари – “Тарих ва битикларнинг мубталолари” сингари кимдир биров бу ишларнинг тагига етар. Ягона умидим шу. У вақтга бориб, менинг “А Кюнинг ҳақиқий тарихи” асарим унут бўлиб кетмасайди, деб қўрқаман.
Шу ёзганларимнинг ҳаммасини “Муқаддима” деб ҳисоблагайсиз.

Иккинчи бўлим

А Кюнинг ғалабаси ҳақида қисқача тавсиф

А Кюнинг фамилияси, исми ва туғилган жойига ишончим комил бўлмагани ҳолда, унинг Синг Жуангидан ҳам бехабарман. Вейчуанглик одамлар уни шундай аташган, улар А Кюни эшакдай ишлата-ишлата, майнадай мазах қила-қила, унинг “ҳаёти” билан сариқ чақалик ишлари бўлмаган. А Кюнинг ўзи ҳам бу ҳақда ҳеч оғиз очмаган. Кимдир билан жанжаллашиб қолганидагина, кўзи қонга тўлиб оғзидан шу гаплар чиқиб кетиши мумкин эди:
“Биз сендан бахтиёрроқ, бадавлатроқ яшаганмиз! Сенлар ким бўпсан?!”
А Кюнинг уйи бўлмаган; у Вейчуангдаги Тугуци ибодатхонасида яшаган. Унинг муқим маскани ҳам бўлмаган; одамларнинг турли ишини қилиб кун кечириб юраверган. Буғдой ўриш керак бўлса, буғдой ўрган, шоли янчиш бўлса, уни қилган. Қайиқ эш деса, эшаверган. Борди-ю иши кўпга чўзилса, вақтинчалик “хўжайин”ининг уйида тунаган, иш битди дегунча, ҳайё-ҳайт деб жўнаб қолган. Одамлар қўли-қўлига тегмай ишга кўмилганда, эшакнинг “ҳалол” меҳнатига эҳтиёж сезишганида А Кюни эсга олишади, бошқа пайт сўранг, танимайди ҳам. Уларнинг хатоси шу, А Кюнинг “тажриба”сидан ўрнак олай демайди.Улар гурунг бериб ўтиргандаям ҳатто А Кюнинг ўзининг эсидан чиқиб кетган “тажрибалар”и ҳақида оғиз очишмайди. Аммо-лекин бир қария унга зап баҳо берган-да: “А Кю ишнинг кўзини билади!” Ўша пайтда А Кю унинг қаршисида эгни юпун, ярим яланғоч, толиққан ва оч-наҳор турарди. Бироқ одамлар бу таърифнинг самимий ё кинояомуз айтилганини ҳануз англамайдилар. Чунки А Кю шу ҳолида жуда бахтли кўринарди.
А Кюнинг димоғи жуда баланд бўлган. Вейчуангда яшовчиларга бир калла тепадан қараган, у ердан олислаб кетганидаям, қишлоқдаги ҳодисалардан учалик Вен Донгнинг ҳам хабари бўлмаган. Бу даражасиз олимлардан эҳтимол келажакда Сю Цай чиқар, Жао Тай Е ва Чьен Тай Е эл орасида зўр эҳтиромга сазовор бўлар, қўшимчасига бой-бадавлат ҳам бўлиб кетишар, ахир, уларнинг иккиси ҳам даражасиз олимларнинг ота­лари бўлган. А Кюгина уларни юзи-кўзи учун ҳурматламас, дилидагини тилига чиқариб тураверарди. Аммо “Менинг ўғлим бўлганидами, сенлардан анча билимли чиқарди”, – деб хаёлидан ўтказиб қўярди.
У кўп жойларда бўлиб, донг орттиради, табиатан анча ўзига бино қўйганиданми шаҳарликларни ҳам жини суймайди. Буни қаранг, Вейчуангликлар уч оёқли уч тахтали ўриндиқларни “узун ўриндиқлар” деб атайди. Шаҳарликлар эса уни “узун тахтачалар” дейди. “Шуям ном бўпти-ю! Бемаънилик!” – ўзича таққослайди. Вейчуангликлар балиқ қовуришда кўк пиёзни иккига бўлиб солсалар, шаҳарликлар уларни юпқа тўғраб қовуриб оладилар. “Шуям иш бўпти-ю! Бемаънилик!” – ўзича ўйлайди у. Наҳот, Вейчуангликлар дунёга номаълум олчоқ деҳқонлар бўлса! Улар шаҳарда қовурилган балиқни ҳатто тушларида кўрган эмаслар!
А Кю аввалига “бадавлат” бўлган бўлса, кейинчалик тажрибаси ошибми, ишнинг кўзини билибми, ҳазилакам одам бўлмай қолади, нақ “Комил одам-а!” Афсуски, у пайтда ёши ўтинқираб қолади. Энг жондан ўтгани калласини “Қоплаб ётган” чандиқларнинг тинчлик бермай қичиши эди. Улар А Кюни безовта қилишига қарамай, унинг фикрича, булар эслашга арзигулик ҳол бўлмай, шунинг важидан “тақирбош”, “кал” каби сўзларни тилга олишни ўз даврасида тақиқлаб қўяди. Бора-бора тақиқ сўзлар кўпайиб кетадики: аввал “ялтироқ”, “қуёш”, кейинчалик “лампачироқ”, “шаъм” сўзлари ҳам табу сафига қўшилади. Кимдир билмай дафъатан бу тақиқни бузиб қўйса ёки қасддан қилсаям, А Кюнинг фиғони чиқиб, калласи оловдай ловуллаб кетади. У душманларининг кучини яхшигина чамалаб, шунга яраша тадорик қилади: гапи оғзидан тушиб-тўкилиб қолувчиларни бўралатиб сўкади-я, чумчуқ учса юраги шириллаб кетувчиларни-ку аямай дўппослаб хуморидан чиқади, аммо-лекин охир-оқибатда кўпроқ ўзига жабр қилади-да. Шунданми у ҳар “сабоқ”дан ке­йин тактикасини ўзгартира-ўзгартира муваффақиятлисини топади, душманларига кўзини лўқ қилиб енгадиган бўлади.
А Кюнинг бу “маданий” усули яна ўзига жабр келтирадики, вей­чуанглик бекорчихўжалар уни кўришлари биланоқ муғамбирона мазах қилишга ўтадилар:
“Уни қаранглар! Ие, қуёш чиқяпти-ку!”
А Кю одатича дарғазаб бўлиб, жаҳл билан тикилишини қўймайди.
“Рўпарамизда керосин лампаси турганга ўхшайди-я!” Улар пинагини бузмай, чўчимай калака қилишда давом этадилар.
А Кю ҳеч нима қилолмай, хаёли уларни боплаб қўядиган сўз қидириш билан банд бўлади:
“Сенлар шунга ҳам арзимайсанлар!..” Шунақа пайтлари калласидаги қўтирлари ғалати-ёқимсиз эмас, ноёб ва ажойиб туюлиб кетади. Ахир, А Кюнинг елкаси ноёб бошни кўтариб юриши бежиз эмасди. У тўсатдан тақиқ сўзларни тилига чиқариб юборишдан хавфсираб, индамай қутулади.
Такасалтанглар уни эрмак қилишдан тўхтай демайдилар. А Кюни дўппослай-дўппослай хуморидан чиқадилар. Рақиблари сарғиш кокилини тортиб тўзғитишган, тақирбошини чангаллаб ушлаб олишган, беш-олти марталаб деворга дўқиллатиб уришган – мана, А Кюнинг мағлубият манзараси. Бекорчи-танбаллар ўзларича ғалаба қозонган бўлиб, қа­дамлар шаҳдам, кўкраклар керилганча жўнаб кетадилар. А Кю андак қотиб туради-да ўйлайди: “Нобакор ўғилдан калтак еган отадекман. Зап замонлар бўлди-я!..” Сўнг у ҳам ғолибона юриб кетади.
А Кю ичидагини сақлаёлмай, “лоп” этиб айтиб қўяверишидан тағин бошига бало ёғилади. Унинг “ўз-ўзича ғалаба усули” бекорчиларнинг аланга ололмай турган мазахларига керосиндай қуйилади-ю, ўзи ўт ичида қолади. Унинг кокилини чангаллаганки одам оғзини шу калима билан очар бўлади: “А Кю, сен ўғли урган отамас, Худо урган махлуқсан! Ўзларининг тилидан ҳам бир эшитайлик-чи: “Худо урган махлуқман!” дегин-чи, қани!
А Кю икки қўли билан кокилини ушлаб, бошини силтайди-ю, дейди:
“Сиз махлуқнимас, ҳашаротни эзғилаяпсиз, яхшими? Менман ўша ҳашарот! Энди кетишга қўясизми?”
Йўқ, рақиб ҳашарот бўлсаям, уни кетишга қўйишмайди. Унинг калласи тайёр турган деворга одатдагидек беш-олти марта урилади-ю, тана шилқ этиб тушади. Ғолиб шаҳдам қадамлар билан мағрур ва мамнун кетиб бораркан, ўйлайди: “А Кю бу сафар бало билан тўқнашди!” Бир нафас ўтар-ўтмас, А Кю ҳам ўзича мағрур ва музаффар кетиб боради. Ўзини кичик, хокисор тутгани унинг “Ғолиб” экани эмиш. Қочиб қолсангу, ўзингни кичик тутмасанг, “Ғалаба”нг кўпга чўзилармиди! Ахир, мен учун Жуанг Юан ҳамиша музаффар! Сенлар ким бўпсан?!
А Кю рақибларини шу ва бошқа “оқилона” йўллар билан енггач, бўзахонага “танга даво”ни симиришга чопади. У ва бошқалар тағин бир-бирини хурсанд қилади, тағин жанжаллашади ва у доимгидек ғолиб бўлади. Сўнг ўзида йўқ мамнуният ила ибодатхонага бориб, бошини ерга қўйиши ҳамон уйқуга кетади. Унинг чўнтаги бўш бўлмаганидами, қиморхонага борарди. Тумонат одам ерга чўккалаб ўтириб олган, юзларидан реза-реза тер оқиб турган – А Кю кечиктирмай улар ичига сингиб улгуради. Сўнг овозини ўқдай қилиб чинқиради:
“Яшил аждар учун тўрт юз юан!”
“Яхши. Мен очдим!” Қиморбозларнинг “шефи” қутини очиб, юзидан тер қуйилиб ҳайқиради: “Меҳмон!” Бурчак пулини қайтариб олади! Одамлар ва Вестибюль ютқазди! А Кюга мис танга!
“Вестибюлга 100, йўқ 150 юан тикаман!”
“Шеф”нинг ҳайқириқлари остида, терлаб-пишиб кетган башаралар кўз ўнгида А Кюнинг халтадаги пуллари эгасини топиб кетаверади. Чўнтаги ҳилвираб қолгач, секингина четга чиққанини ўзиям сезмай қолади. Ноиложликдан базўр одамлар тўдасини ёриб ўтиб, ўйин охиригача орқа қаторда сўппайиб бошқаларни томоша қилишдан завқи келиб туради. Ҳамма тарқагач, истар-истамайгина ибодатхонасига жўнайди. Эртаси куни саҳармардондан ишга шўнғиган. Уйқудан кўзлари салқиган.
Эскилар топиб айтишган-да, “Ҳар бир ишда хайр бор”, деб. А Кюга омад кулиб боқмаганди-ю, аммо-лекин ютишига бир бахя қолганди!
Вейчуангда “Шукроналик кечаси” (Сай Шен) эди. Доимгидек опера садолари, саҳна атрофида қимор столлари қаторлаштириб қўйилган. Бонг ва ноғора овозлари А Кюнинг қулоғига кирмайди, у ёлғиз “шеф”нинг ҳайқириғини эшитади. У яна ва яна юта бошлайди! Унинг мис тангалари кумушга, кумуш тангалари юанга, улар эса уюла-уюла бир халтага сиғмай кетади. Шундай пайтлари унинг севинчи ичидан тошиб, ҳайқириқ бўлиб чиқиб кетади:
“Меҳмон”га икки юз юань!”
Тўсатдан тўс-тўполон бошланиб кетиб, А Кю анграйганча туриб қолади. Нимабалоларни кўтариб у ёқдан-бу ёққа жонҳалпида чопишадими-ей. Мусиқага басма-бас, чор томондан бақир-чақир, уриш-можаро, дупур-дупур қадамлар тинмайди. Бир муддат эсанкираб қолади ва инқиллаб оёғини судрай бошлайди. Қимор столлари кўздан ғойиб бўлади, қи­морбозлар ҳам тум-тарақай йўқолади. Олатасир мушту тепки зарбидан баданининг қайсидир жойларида оғриқ сезади, унга ҳайрат билан боқиб турган одамларни элас-элас эслайди. Ибодатхонада ўзига келиб, кўзини очиб қарасаки, пул тўла қопи йўқ! Шукроналик кечасидагиларнинг кўпи Вейчуангнинг одамлари эмас эди, уларни излаб қайси гўрдан топсин энди!
Кўзни қамаштирар жимжимали кумуш пуллар эди-я! Оғзидаги ошни олдириб ўтирсами! Эсласа, ўғлидан калтак егандаям ўзини бунчалик умидсиз ва бахтсиз ҳис қилмаган экан. Эсласа, ўзини ҳашаротга тенг тутганидаям бунчалик тушкунликка тушмаган экан. Шу сабаб воқеа бўлади-ю, у биринчи марта мағлубиятнинг аччиқ таъмини тотиб кўради.
Наҳот, мудом ошиғи олчи одам тўсатдан мағлубиятни тан олиб ўтирса! Ўнг қўли билан юзига кетма-кет тарсаки туширади – у ловуллатиб, ачиштириб, бироз оғритиб юборади. Ўз-ўзининг таъзирини берибгина, хиёл енгил тортади. Икки тарсакининг бири ўзи, бири ўғри учун насиба эди-ёв чамаси. Анча вақтгача бошқа бировни калтакладим деб хаёл қилиб ўтиради. Юзи ловуллаб, ачишишигаям парво қилмай, ўзидан мамнун, чўзилганча, узоқ вақт шифтга термилиб ётади.
Кейин хотиржам ухлаб қолади.

Хитой тилидан Севара АЛИЖОНОВА таржимаси

(Давомини 2022 йил 12-сонидан ўқийсиз)

Ижтимоий тармоқларда ёйиш:
0 Menga yoqdi
0 Menga yoqmadi