(Қисса)
Икки кундан бери кечаю кундуз гоҳ йўналишини ўзгартириб, гоҳ бирдан сусайиб изғирин эсарди. Қор гоҳида бир нафас тин олгандай бўлар, сўнг яна зўрайиб, жунбишга келар, атрофни ундай оқартирарди. Фарҳод тоғининг чексиз ён бағирлари паст-баланд даштликка бориб тақаларди. Дашт бошдан-оёқ оппоқ қорга бурканган, кўз илғар жойигача қаҳрли, ёт ва қўрқинчли кўринарди. Унинг сатҳида бир-икки соатдан бери дайди шамол изғийди, ўзини ҳар тарафга уради. Шамол тоғ салобатини енга олмаганиданми, ё бошқа бирон сабаб биланми, дашт охиригача етиб боролмас, ноилож дарғазаб ҳолда ортига чекинарди. Ўқтин-ўқтин бўридай увилларди. Қор ўз жиловини шамол измига топшириб, шаштидан қайтгандай бўларди. Пастлаб қолган осмон эса содир бўлаётган воқеаларни эринибгина кузатаётгандек эди гўё.
Рашод изғирин жонига тегиб, пўстин этагини бошидан кўтарди. Эснаб, оғир ағдарилди. Шу ҳолатда ҳаракатсиз ётиб, охири кўзини очди. Аввал ўчоққа қаради: эрталаб ёқилган ўтину тезакдан фақат бир ҳовуч кул қолибди. Нимқоронғи кулбанинг ўчоқ бошига зарра-зарра қор тушар, ўчоқ боши гирдини хиёл оқартирганди. Кул ҳали иссиқ, қумғондаги сув ҳам совиб улгурмаганди. “Бирор нарса еб олсам бўлармиди”, ўйлади Рашод, “Бунинг учун олов ёқиш керак”. Кўзларини қўллари орқаси билан уқалаб, тош кулбага назар солди. Битта пачоқ челак, икки-учта бўшаган қоп бурчакда устма-уст тахланиб ётарди. Девор остида ўн-ўн икки қовоқ ва бир тахлам қўй териси, эшак айили ва тўқим, камон, чироқ бор. Бир олахўржин девордаги михда осиғлиқ. Остонада мўки мўғёни, халачўп ва бир неча заранг таёқ; нариги бурчакда тўрт-бешта ёғоч коса-товоқ турибди. Эшик олдида, ўтин ва мол тезаги уюмидан нарироқда малла ит бир тутам похол устида ғужанак бўлиб ётибди. Тоб ташлаган эшик тирқишларидан ғув-ғув изғирин киряпти.
Рашод итдан кўз узмасдан хаёл сурмоқда. У бу вафодор ва зийрак жонзотни болалигида бир қўнғирот чўпондан ялиниб-ёлвориб олиб, ўзи катта қилган эди. Парвардигорнинг туну куни тез ўтар экан. Кўз очиб юмгунча шунча йил ўтиб кетибди. Ит ниҳоятда ақлли, ҳушёр, жуда меҳрибон эди; уни кўп балолардан сақлаб қолди. Қишнинг узун кечаларида қўра атрофида қўриқчилик қилди. Чилламаст бўрилар билан олишиб, уларни ҳайдади. Аммо, минг афсус, мана энди қандайдир қаттол касалга чалинди. Аввал туллак бўлиб, ярқираган жуни тўкилди. Кейин ёниқ кўзлари хиралашиб, қоқ суякка айланди. Югуриш нари турсин, энди у Рашоднинг анови икки итига ҳам етиб юролмайди. Ўқтин-ўқтин йўталади; оғзидан кўпиклар отиб, ҳолсизланиб, ўзини ҳамжинсларидан четга олади. Худди улардан уялаётгандек, бир бурчакка бориб, кўзи тўла ёш, ғуссага ботиб ётади. Ким билади, балки бу ёруғ дунёни кўрмайинам-куймайинам, деб ўзини ухлаганга солар.
Ит бемор бўлди, абгор бўлди. Ҳаво совуқ кунлари, Рашоднинг итга раҳми келиб, ичкаридан жой берди. Қанча даволагани билан, йўқ, бўлмади, шўрлик махлуқнинг аҳволи кундан-кунга ёмонлашиб борарди. Эгаси у ҳақида хаёл сураётганини сезгандек, ит қийналиб, қисқа-қисқа йўталди.
– Бебок, ҳой Бебок!.. – Рашод аввал секин, кейин қаттиқроқ чақирди. Аммо ит ё эшитмади ёки бош кўтаришга мадори етмади; лоақал кўзини ҳам очмади. У ўша алпозда қимирламай, ғужанак бўлиб ётарди. Эшик тирқишларидан кираётган совуқ шамолдан сийрак жунлари пирпирар, вужуди титрарди.
Рашод дилгир бўлиб, кўзини итдан узди. Устидаги пўстинни, кўрпани ҳам бир томонга суриб, тўшакдан турди, пўстинни тортиб елкасига илди. Чанг ва зах ҳиди анқиб турган, намиққан пўстак устида бирпас ўтирди. Кўнгли нотинч эди. Ярашиб турган, қалин қора қошлари тепасига ажин тушган, буғдойранг чеҳраси нимқоронғи кулбада нурсиз кўринар эди. Уч кундан бери, айниқса, кечадан бери, Рашод тинчини йўқотган эди. Бу бежиз эмасди. Биттаю битта ёрдамчиси Собир беш кун олдин қишлоққа кетиб, ҳалигача қайтгани йўқ. Ваъдаси бўйича, уч кун олдин қайтиши керак эди. Ёки бирор балога гирифтор бўлдимикан? Йўқ, Собир ақлли, пишиқ йигит, нима қилишни яхши билади. Яна ким билсин, фалокат оёқ остида, дейдилар. Бунинг устига ҳавонинг авзойи бузуқ, йўл олис. Бўриларнинг айни маст бўлиб, қутурган пайти. Нима бўлса ҳам, шикастсиз қайтсин-да. Озиқ-овқат Рашодга тоза кўйлак билан иштон олиб келмаса ҳам майли. Соғ-саломат қайтиб, яна ёнига кирса, шунинг ўзи катта гап.
Рашоднинг фикру хаёли бир томондан Собирда бўлса, иккинчи томондан дарахт қуртига ўхшаб тиниб-тинчимас Раҳим Акбарда эди. Бу эски дард, унинг аламини ютиш осон эмас. Ҳар ҳолда тўққиз йилдан бери Рашоднинг кўнгли ёришмас, салга асабийлашиб жиғибийрони чиқар, суякларининг илик мағизлари аралашиб, қоришиб кетаётгандай бўлиб кетаверарди. Ичига чироқ ёқса ёришмас, юрагини ваҳима чулғарди. Бундай дард-аламга дош бера олмай, ишқилиб ёшгина жонига қасд қилмаса-да, ё бошқа бир балога йўлиқмаса-да, деб қўрқарди.
Рашод беихтиёр ўчоқдаги кулга тикилди, қулоғига дайди шамолнинг чийиллагани чалинди-ю, оҳ тортди. Илож қанча, охирги кунларда у яна ўша нохуш ҳолатга тушиб, ёнаётган илондай тўлғанади. Ичидаги васвасани қандай қилиб чиқарсин, тўққиз йиллик хору зорликни қандай унутсин?..
Ит хиёл қимирлади, тумшуғини осмонга қилиб, узиб-узиб йўталди; ўпкаси оғзига тиқилгандек бўғилди.
Рашод қўл чўзиб, кул устидан қумғонни олди ва ёғоч косага илиқ сув қуйиб, дастурхонни очди. Косага нон тўғради, бўккан нон билан тўрт-беш бўлак ёғли яхна гўшт еди, устидан сув ичиб, бир қадар нафси ором олди. Дастурхонни нон ва гўшт қолдиқлари билан ўраб жойига қўйди. Хаёли тутқич бермай, қайчиланган мўйловини силаб қўйди-да, яна кулга тикилди. Томдан тушаётган қор ўйнаб-ўйнаб, ўчоқ атрофига қўнар, бу ҳам унинг ғашига тегарди.
“Олов ёқиш керак”, деб кўнглидан ўтказди Рашод. Елкасига пўстинини илганча ётоқ адоғи томон сурилди, оёқларига жун пайтава устидан тиззасигача яна бир қават пайтава ўради. Мўғённи кийди. Шу мўғённи ўтган кузда така терисидан ўзи учун махсус тиктирган эди. Кейин ўрнидан турди, пўстинни ҳам кийиб, камарларини маҳкам боғлади. Яна бир марта соқол-мўйловини силаб, телпаги қулоқларини туширди. Деворда осиғлиқ камонни олди ва чап елкасига илди. Ниҳоят, эгилиб остонадан гурзидай заранг таёқлардан бирини олди. Қандайдир андиша билан бир лаҳза итга боқди, у эса ҳамон ғужанак бўлиб ётарди.
– Бебок, ҳ-о-ой, Бебок…
Жонивор бу сафар кўзини очди.
– Ғам ема, Бебок, Худо хоҳласа, яна оёққа турасан. Қўйлар ортидан яна жавлон урасан. – Итнинг заъфаронга ўхшаб қолган сариқ кўзларига ёш қалқди, оҳиста инграб қўйди. У худди йиғлаётганга ўхшарди, ҳасрат қиларди.
– Дунёнинг ўнқир-чўнқири ҳисобсиз экан, Бебок. Менинг ҳам ҳолим яхши эмас. Мен ҳам дард чекяпман, азобдаман. Лекин наилож, чидаш лозим.
Рашод итнинг бошини меҳр билан силаб, қаддини ростлади.
– Мен қўйлардан хабар олиб, тез қайтаман. Келибоқ сенга атала пишириб бераман.
Ит худди тушиниб, майли дегандай кўзини юмиб баттар ғужанак бўлиб олди.
Рашод итнинг икки кўзидан юзига сизиб тушган кўз ёшидан ичи ачишиб эшикни очди. Бўсағага чиқмасдан аччиқ изғирин кулба ичига ҳамла қилди. Шамол ҳатто телпагини учириб кетишига озгина қолди. У ташқарига чиқа солиб, эшикни маҳкам ёпди. Атрофнинг буткул оппоқлигидан кўзлари тиниб, беихтиёр кулба олдида тўхтаб қолди. Бир пасдан кейин таёқни қўлтиғига қистириб, телпаги қулоқларини томоғига маҳкам боғлади. Камон ўқдонини елкасидан яхшилаб ўтказиб, совуқда жизиллаётган юзини қўллари билан уқалаб-уқалаб, шахдам одимлаб кетди.
Қўйлар қўраси кулбадан тахминан икки юз қадам нарида эди.
Қор бироз шаштидан қайтган, деярли ёғмас эди. Аммо атрофни бўрон буткул забтига олган эди. Изғирин гоҳ ўнгдан, гоҳ сўлдан эсар, нима қилишини билмагандай, ғазабдан ҳуштак чалар, нола чекар, уввос соларди.
Рашод шу тўс-тўполон ичида дам-бадам қоқиниб-суриниб, зўрға одимлаб борар экан, кўнглидан Собир қайта олармикин, деган ўй кечарди.
У беҳудага Собирдан ранжимоқда эди. Келмагани минг марта яхши. Бунақа ҳавода йўл юриш осон эмас. Ўн кишидан бир киши манзилга етади. Борингки, икки киши етсин, уч киши, етти киши… Аммо кишининг бахти ҳамиша чопавермайди. Ҳа-да, Собирнинг келмагани яхши. Акс ҳолда бунақа бўронда йўлини йўқотиши ҳеч гап эмас, ё совқотиб, ё чилламаст бўрилар галасига дуч келиб, нобуд бўлади.
Рашод йигирма саккизга кириб ҳозиргача, айниқса, шу икки туну икки кундан бери бўлаётган бунақа қорбўронни кўрганини эслаёлмайди. Бу йилги қиш қиш эмас, кетмас бало бўлди. Вабодан ҳам баттари, ўлат, деяверинг. Бир-икки ҳафта олдин ҳам ҳаво совуқ эди; нечта қўй таппа-таппа ташлаб ўлди. Ҳозир бутун сурув гўштдан қолган. Қўйларнинг кўпи ё касал, ё қувватсиз, эт-жирсиз зўрға юрибди. Икки-уч кундан кейин улар бутунлай юролмай қолади.У ёқ-бу ёққа юрмаса, қимирламаса нимани ейди? Тўл вақти яқинлашиб келаяпти, бу аҳволда Рашоднинг бошида яна не қора кунлар бор экан-а? Ўзи бу Раҳим Акбар деганлари нималар қилиб юрибди? Бир ойдан ошдики, қорасини ҳам кўрсатмайди? Афтидан, ўзию уйи, бола-чақасидан бошқасини ўйлашга вақти йўқдай. Бир ҳисобдан уники тўғри, ортиқча даҳмазанинг нима кераги бор? Тинч бўлса, уй ичида тўкин-сочинлик бўлса, бўлди-да! Молу пулдан ҳам ками йўқ. Эркак кишига яна нима керак? Аслида, ҳар бир ақлли инсон учун шунинг ўзи катта давлат.
Раҳим Акбарни эслаганидан ғаши келиб, Рашод ғазабланиб ерга таёқ урди… Қўра эшигига келиб, катта панжара тўсин остидан тираб қўйилган тўртта катта-катта тўнкани икки қўллаб у ёқ-бу ёққа сурди, зулфинни ҳам эшик оғзидан чиқарди. Кейин эшикнинг бир қанотини очиб ичкари кирди-да, устидан ёпди; зулфинни қайтадан тақиб қўйди. Қалин похол устида ётган иккита қулоқ-думи кесилган, ҳайбатли ит ириллаб, ўрнидан турди. Аммо ўша заҳоти иккаласи ҳам эгасини таниб, тинчланди. Бири яна ўз жойида чўзилиб, бошини бақувват олд оёқларига қўйди. Наригиси думини ликиллатиб, Рашодни кутиб олди. У Бебокка ўхшаган бўрибосарлардан эди.
– Аҳволларинг қалай, Малла?
Кўппак гоҳ танасини унинг пўстини этагига суйкаб, мўғёнини ҳидлар, гоҳ енгилгина сакраб, инграниб хурсандлигини намойиш қиларди. Рашод Маллага қараб деди:
– Очқадинг-а? Совқотдингми?
Жонивор нима деб жавоб берсин? Фақат эгаси атрофида парвона бўлар, суйкаланар, бутун оламга тушунарли бир тил билан ўз хурсандчилигини баён қиларди. Бўрибосарнинг меҳридан Рашоднинг кўнгли жиндек ёришгандай бўлди.
– Яхши-яхши, бор ухла. Овқатингни кейинроқ олиб келаман. Ҳа, бор-бор, бора қол.
Кўппак итоаткорлик билан шериги томон йўрғалади.
Рашод елкада камон, қўлда таёқ билан янаям пастроқ, мустаҳкам тошдеворга ёпишган чўзинчоқ ярим доирасимон бостирма ичкарисига қадам ташлади. Қиш кечалари қаттиқ совуқларда сурув шу бостирма остида ётарди. Изғирин ташқарини заптига олгани билан қўра ичи илиқдай туюларди. Зеро, баланд девор бўрон йўлини тўсиб, бу ерда, хоҳлаганидай жавлон ургани қўймас эди. Албатта, шамол тепадан тез-тез бош суқиб, ўзини билдириб турарди, аммо даштликдагидек қутуриб эсмасди. Бостирма остида икки юзтага яқин қўй бир-бирининг қорнига бош суқиб, совуқдан жон сақларди. Рашод бир неча дақиқа ичкарида айланиб кезинди, баъзи қўйларнинг устини, қорнини қашиб қўйди. Ноумид шайтон дейдилар-у, бироқ жониворларнинг аҳволи оғир эди, ҳаммаси озиб кетган, ярмидан кўпи эса сирқовланган.
– Кошки эди, бола ташламасдан, шикаст етмасдан кўкламга етиб олишса! Бу йил қиш жуда қаттиқ келди. Атайдан қилгандай бу йил пичанни ҳам кам ғамлабмиз.
Рашод бостирмадан чиқиб, қўранинг бошқа томонига ўтди. Бурчакдаги сомонхона эшигини очиб, пичан қучоқлаб чиқди-да, қўйларнинг олдига ҳар жой-ҳар жойга пичан ташлаб чиқди. Қуриган ўт ҳидию даланинг аччиқ совуғи димоғини ачиштириб, усти-устига аксирди. Рашоднинг кўз олдида беихтиёр офтоб аямай уфираётган оловдан қизиган дашт, зилол чашма жилваланиб кетди. Ҳатто у хаёлан сомон орасидан жизиллоқ овозини эшитгандай бўлди. Фақат бир лаҳзагина, холос.
Чунки Собирни ўйлаб, ҳар хил хаёлларга борар, кўнгли душманлик қиларди. Шу боисдан ёзнинг борлиқни тўлдирган ранглари ва дилга сиғмас қувончлари тушда кўргандай ўтди-кетди.
Ахир, хотиржамлик бўлса, хурсандчилик кўнгилга сиғади-да. Аммо наилож, унинг ғами анов-манов ғамлардан эмас. Агар қиш шу алпозда давом этадиган бўлса, сурувнинг ярми ҳам қолмайди. Ана унда айбдор ким? Албатта чўпон. Қўйларни эҳтиёт қилмаган, жон куйдирмаган шу Рашод-да! Ўзининг моли бўлса-ку, қараб ўтирмасди, шубҳасиз, жон куйдирар, елиб-югурарди. Керак бўлса, куну тун сурув ичидан чиқмай, ҳамма совлиқларни безарар қўзилатиб оларди. Шунақа! Худо кўрсатмасин, борди-ю тилсиз бу жониворлар қишдан чиқолмай қолса, гуноҳкор Рашод, вассалом! Ҳеч ким сўрамайди, ферма мудири қаерда эди, нима билан банд эди, нега чўпоннинг ҳолидан хабар олмади, деб. Йўқ, Раҳим Акбарнинг сиркаси сув кўтармайди. Бу атрофларда ўзини билган бир мард топилмайдики, уни кибр отидан тушириб, попугини пасайтириб қўйса. Ўзи шоҳу таъби вазир тахтидан тушириб қўйса. Бунақа одам йўқ. Ё бўлса ҳам, у билан бекорга ит-мушук бўлишни хоҳламайди. Ахир Раҳим Акбар бадавлат одам бўлса. Оғзидан чиққан гапи молу пул. Молу пули бўлмаган одам билан у гаплашмайди ҳам, одам ўрнида кўрмайди ҳам. Қўлинг шунақа узун бўлгандан кейин, қандингни ур!
Рашод мадорсиз, сомонни зўрға кавшаётган қўйлар орасидан бирини жойидан қўзғатиб, бошқасини меҳр билан эркалаб, қўра ўртасига келди. Негадир зарда билан оёғи остига тупуриб, бирпас ҳаракатсиз турди. Беихтиёр баланд Фарҳод тоғига қаради, у энг баланд чўққисигача қорга беланган. Осмонга кўз югуртирди: ҳавонинг ҳамон шашти паст, булутли. Шамол ғув-ғувига қулоқ тутди: бу бўрон балоси ҳали-бери тинадиганга ўхшамасди. Кун тез ботиб борарди. Ҳадемай қоронғи тушади. Қор ёғмаяпти, кечаси албатта совуқ бўлади, энг ёмони қўйларни ўпкасидан олади. Бу ёқда оч бўрилар хавфи. Улар неча кундан бери оромсиз, тинмай югурадилар, ўлжа қидирадилар. Кўзлари ваҳшиёна ёнган, қонлари қайнаб, йиртқичларга хос ғазабу ғарази авжига чиққан. Унчалик улкан бўлмаган даштни бир нафасда босиб, на тиғ дамидан, на ўқ зарбидан қўрқишади. Кеча ҳам бир галаси қўра атрофида пайдо бўлиб, итлар билан роса ғажишди. Қўйлар ҳидини олиб, ўзларини тўрт тарафга уриб, уввос солишди. Яхшиямки, қўра деворлари баланд, мустаҳкам. Бўлмаса, дуч келган қўйни ёриб, нечтасидан думба узарди. Лаънатилар, то Рашод кулбадан чиқиб, итларни тинчлантириб, бор овозда бақир-чақир қилмагунча, қайта-қайта ўқ узмагунча, қўра атрофидан кетишмади. Кошки бу кеча совуқ башараларини кўрсатишмаса, уни тонггача тинч қўйишса эди. Ҳар ҳолда, улар билан кундузи юзма-юз бўлган осонроқ. Кундузи кўз кўзга тушади. Кўз кўзга тушганидан кейин, ўқ ҳам нишонга тегади.
“Ажаб дунё”, – деб ўзича ғўнғиллади Рашод. Карами кенг Худо беозор жонивор – қўйга қарши бўри яратиб қўйибдики, уни ёрса, қийнаса, қонини тўкса, одамларни эса даҳшатга солса. Бу – ўзига ўхшаган бечора-ю, Раҳим Акбардек забардастлар ҳаётда борлигига ўхшайди. Наҳот ҳаёт мувозанатини фақат шу йўл билан сақлашса? Бошқа иложи йўқми? Йўқ, бор, албатта. Бор, лекин дунёнинг ўзи азалдан ғирром.
Рашод бостирма остида, қалин похол устида чўзилиб ётган икки итга бир кўз ташлади-ю, секин юра бошлади. Қўра эшигидан чиқиб, уни ёпди. Зулфинни илдириб, эҳтиёт юзасидан тўнкаларни эшик орқасидан тираб, кейин хотиржам кулба томон юзланди.
Шамол тез эсиб қўзғолон қилар, Рашоднинг кўнглига ваҳима соларди. Худди бошини қайси тошга уришни билмаётгандай туюларди. Шу сабабдан ўзини бир тарафдан иккинчи тарафга уриб, саноқсиз қор зарраларини ўнгга-чапга сочиб, жаҳл билан гирдобга айланарди. Осмон ва ер оппоқ туман билан бирлашиб, кўзни нуқрадек қамаштирарди. Бу кимсасиз саҳрода Рашод икки куну тундан бери нимагадир, кимгадир қарши қўзғолон қилар, ўзини, қўрасини, кулбасию сурувини, итларини ёлғиз, ожиз ва кераксиздек сеза бошлаганди. Хўрлиги келарди. Хаёлан бўлса-да, ҳаётда фақиру нотавонлигига тан берарди. Суянай деса, суянчиғи йўқ. Агар биттагина бўлса ҳам, суянчиғи бўлганда эди, бугун бу дашту даманда қўлда таёқ билан тўртта жипириқ қўй-қўзининг ортидан юрармиди, бунчалик жонини жабборга берармиди? Йўқ, ўзига яраша касбу ҳунар орттириб, икки кунлик роҳатини ғанимат биларди. Афсуски, пешонаси шўр экан.
У кулбага кириб, ортидан ғувиллаб кираётган совуқни сезиб, эшикни тезда ёпди. Пойгакда муштдай бўлиб ётган ит бўроннинг совуқ нафасидан бир сесканиб, аранг бошини кўтарди. Эгасини кўриб, яна хотиржам ухлади.
– Ухла, ухла, азизим, ухла. Ҳозир бирпасда сенга атала пишириб бераман.
Ит эшитдими-йўқми, ҳар ҳолда, қилт этмади. Рашод таёғини йўлакка қўйиб, ичкарироқ кирди. Камонни ҳам олахуржун ёнидаги михга осиб, бир муддат оёқда туриб, хаёл сурди. Кейин бўш челакни кўтариб, яна ташқарига чиқди. Уни қорга тўлдириб қайтди. Қўлларини қуритиш мақсадида латтага артди. Яна хаёл оғушида елкасидаги пўстинни туширди. Ўчоқ кулини бир адасқи халтага солиб, эшик олдига қўйди. Ўтин тўпидан бир неча арча шохини олиб, тиззаси ва қўлларида қарс-қарс синдириб, ўчоққа ташлади. Тагига ёқма қуйиб, гугурт чақди.
Ҳеч қанча вақт ўтмай, нимқоронғи кулба гулхан алангасида ёришди.
Рашод енгларини бандигача шимариб исинди. Челакни олов ўртасига қўйди. Ўрнидан туриб, деворда осиғлиқ турган қовоқлардан бирини, –карма қўшилган унни танлаб олди. Пўстакка ўтириб, уни ёнига қўйди. Арча ўтини яхши ёниб, часир-чусур овоз чиқарар, оташ алангаси ёпишган челак ва қор вашиллаб унга жўр бўларди. Кулба секин-секин илий бошлаган эди.
Рашоднинг хаёли яна Собирга боғланиб, юз кўйга тушган ҳолда бошини тиззаларига қўйди. Соғ-саломат бўлса-ку, яхши-я, лекин агар бу тўфонда йўлга чиқиб, бирор балога йўлиқса, ёш жони увол бўлади. Кошки эди, камони бўлса, кошки эшаги бақувват бўлса, кошки Парвардигор унинг ўзини бақувват оёқ-қўлдан бенасиб қилмаган бўлса эди…
Челакдаги қор эриб, оз-моз буғ чиқарди.
Рашод бошини кўтариб, олдин қандай бўлса, ўшандай қимирламай ётган кўппакка маҳзун боқиб, қовоққа қўл чўзди. Ундан икки-уч ҳовуч ун олиб, челакка солди. Сопи оловда куйиб, қорайиб кетган толчўмичда ковлади. Кейин яна ун солди, аралаштирди. У бу ишни бир неча маротаба такрорлаб, челакка туз ҳам ташлади. Сўнг бу ишни тўхтатиб, нимчаси устидан белбоғида осилиб турган, попуклар қўшиб безатилган – чармли қиндан пичоғини суғурди. Унинг ўткир дамини тирноқларида текширгандай бўлди. Отамерос пичоқ олов нурида жилоланар, кўзни қамаштирар, ҳамон ўткир эди. Шундай бўлса-да, Рашод вақт ўтказиш илинжида пичоқ дамини юмшоққина қайраб, иккиламчи бош бармоғи тирноғида текширди, чанг-пангини латтага артиб, қинига солди.
Атала қайнади.
Рашод аталани чўмичда ковлаб кўрди, ҳали суюқлигини билгач, яна икки-уч ҳовуч ун қўшиб аралаштирди.
Ўн-ўн беш дақиқача қайнаб, тайёр бўлгач, челакни ўчоқдан олиб, бир чеккага қўйди. Гулханга ўтин қалади. Телпаги қулоқларини кўтариб, пўстакка чўзилди. Туйнукка кўз тикди. Энди у ердан қор тушмас эди. Томнинг туйнугида шамол ғувиллаб, рақсга тушиб кўтарилаётган олов учқунларини дамига ютиб, тортиб кетарди. Рашод бошқа томонга ағдарилди. Танаси роҳатланиб, киприкларига иссиқ ўрлаб, уйқуси келарди. Аммо у уйқуни енгишга интиларди. Қанчалик ёқимли бўлмасин, қанча ширин бўлмасин, ҳозир ухлаб бўлмайди. Энг аввал итларнинг қорнини тўйғазиш керак. Шу боис аталанинг совишини интизорлик билан кутарди. Ҳа, Рашод нафақат сурув, энг керакли бўлган тилсиз миршаблар ғамини ҳам ейиши керак. Чўпон агар ўз роҳатини устун қўйиб, қандай хислати бўлишидан қатъи назар, кечаю кундуз хизматда бўлган итлари аҳволидан бехабар қолса, у одам эмас! Раҳмсиз, имонсиз бир махлуқ, холос. Рашод яна ағдарилиб оловга қаради; олов тафтидан пешона, юзлари қизараётганини ҳис этди. Қани эди, дунё ғамидан озод бўлса, майли, шу ерда, шу тошкулбанинг иссиғида, майли, шу бадбўй ёстиқда бўлсин, роҳатланиб ухласа; ўшанда бу изғириннинг ноласи ғашини келтирмас, паришонхотир қилмас, аксинча, алла айтар эди. Лекин наилож, Рашод ҳаётнинг ғалваларидан озод эмас. Ақлу ҳуши ҳам жойида эмас. Умуман, эски аламлар унутилиш ўрнига, айниқса, охирги икки-уч йил ичида қайнаб-кўпириб, баъзан суякларигача зирқиратади. Ҳозир ҳам у кеча, олдинги кундагидай нохуш вазият домида қолган. Кўнгли торайиб, калавасини йўқотиб, ўз-ўзидан ғазаби қайнаяпти. Қани эди бир бурчакка судралиб бориб, юзини тупроқ, лойга қориб, бор овозда дод деса, фарёд солса. Хуллас, Раҳим Акбар уни бадбахт қилди, ярим одамга айлантириб қўйди. Яримтаям гапми, Рашод жонсиз бир кўланка. Унинг ичи адоват, гина-кудурат, интиқомдан ўзга инсоний ҳиссиётни сезмай қолган эди. Ҳар ҳолда, у ўзининг борлиғини ана шу нафратли ранглар билан сезади. Бу юракни эзувчи дард-алам билан бирга, шайтонга бўйсунмаслик, одамгарчиликдан чиқмаслик, сабрли, тоқатли бўлишга ҳаракат қиларди-ю!..
Рашод ҳозир – айни шу онда ўтмиш хаёлларини унутиб, тинч нафас олишни, хотиржам бўлишни хоҳларди. Хотиржамлик баъзида унга қўл чўзгандай бўлади, аммо ҳозир негадир бунинг иложи бўлмаяпти. Сабаб тўфонми, сурувнинг оғир аҳволими, ё Собирми?.. Ғазаби баттар қайнаб, терисига сиғмас эди.
Тожик тилидан Ҳамза Хонов таржимаси
(Давомини 2022 йил 12-сонидан ўқийсиз)