Бадиий адабиёт хазинасини ўз дурдона асарлари билан бойитган Чингиз Айтматовнинг ижоди билан таниш бўлмаган китобхонни топиш қийин бўлса керак. Адиб асарлари дунёнинг барча қитъаларида севиб ўқилади. Ҳар бир миллат вакили уларни мутолаа қилар экан, ўзи, миллати ва ватани учун дахлдор кўп нарсаларга дуч келади. Асар қаҳрамонлари у билан замондош, тақдирдошдай айримларини ҳаётда кўргандай, мулоқотда бўлгандай туюлади.
Адиб ижоди Ўзбекистонда кенг тарқалган ва чуқур ўрганилган десак, муболаға бўлмайди. Бунда Асил Рашидов, Иброҳим Ғафуров, Суюн Қораев, Маҳкам Маҳмудов, Абдураим Отаметов каби маҳоратли таржимонлар, Ғайбулла Саломов, Акмал Саидов, Сайди Умиров, Париза Муҳаммаджонова каби таниқли олимларнинг хизмати катта. Айтматов феноменини ҳар жиҳатдан ўрганаётган тадқиқотчилар сафида Йўлдош Солижонов, Илҳом Ғаниев, Адҳамбек Алимбеков, Ойбиби Искандарова, Вафо Файзуллоҳ, Сувон Мели, Зуҳриддин Исомиддинов ва бошқалар бор. Ҳар йили мамлакатимизда адиб ижоди хусусида кўплаб тадқиқот китоблар чоп этилаётгани ғоят қувонарлидир.
Адибнинг тоғ ва дашт мавзусидаги қисса ва романлари китобхонни буюк истеъдод эгаси Чингиз Айтматовнинг бадиий оламига олиб кирди. Устоз Ғайбулла Саломовнинг адиб ижодининг сермаъно қирралари тўғрисидаги тадқиқотлари Чингиз оғага муҳаббатимизни оширди. Икки ёндош, қондош халқ орасидаги азалий дўстлик ришталари, адабий, маданий алоқалар адибнинг маҳоратли қалами, журъатли сўзи, беғубор қалби, шунингдек, Чингиз оғанинг ўзбек халқига бўлган алоҳида меҳр-муҳаббати боис янада ривож топди.
“Айтматов ижоди бизга кўп жиҳатдан сабоқ бергулик мактабдир, − деб ёзган эди Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Орипов, − Менинг учун Айтматов сабоқларидан бири қуйидагича: Чингиз оға ўзининг бениҳоя жасур истеъдоди билан ҳар қандай маҳдуд, қийин шароитда ҳам ҳақиқатни қиёмига етказиб, ўринлатиб айта билишини исботлади. Адибнинг “Алвидо, Гулсари” асарини эсланг. Асар қаҳрамони Танабойнинг ҳам, унинг содиқ йўлдоши Гулсари лақабли отнинг ҳам навқирон чоғлари жамият хизматига сарф бўлди. Бироқ, улар қартайгач назардан, эътибордан қола бошладилар. Ёзувчи мана шу фикрни мураккаб шароитда катта маҳорат билан бадиий асарга айлантирди. Бу гап бугунги кунда ҳам ўз актуаллигини, ҳаётий қимматини йўқотган эмас. Албатта, ҳар қандай буюк адибнинг ҳам ўз услуби, оҳанги бўлади. Толстойни Достоевскийдан фарқлашда доҳиёна белгиларни илғаш мумкин бўлганидек, Айтматов ижодини кузатганда ҳам фақат унга хос бўлган фазилатларни дарҳол топа оламиз. Булар − чуқур инсоний фалсафа ҳамда ғоят гўзал поэтик руҳдир”.
Айтматов халқимиз тарихи ва маданиятини, бой маънавий меросимизни яхши билар, чуқур ҳис этар, буюк алломаларимиз билан ўзбек халқи каби фахрланарди. Унинг қисса ва романлари, публицистик мақолалари, долзарб маърузаларида халқимизнинг шонли тарихи, аждодларимизнинг оламшумул кашфиётлари, Самарқанд, Бухоро, Хива каби мозийга шоҳид шаҳарларни бунёд этган архитекторлар билан фахрланиш, Орол кўлининг тақдирига куюниш, ўзи оқ, аммо иши, машаққати қора, харид нархи паст пахта ҳақида мушоҳада юритиш кўплаб учрайди.
“Асрни қаритган кун” романи қаҳрамонларидан бири Қазангап тақдир тақозоси билан олти йил Мирзачўлга келиб яшайди. Шу ерда хивалик Бўкей исмли қорақалпоқ қизга уйланади. Умри ниҳоясига етаётганида Орол денгизига бориб, бу баҳри уммон билан видолашади. Қуриб-қақшаб жон талашаётган денгизнинг қум босган соҳилларига тикилар экан: “Орол дунё тургунча турар эди, мана энди, шу денгиз ҳам қурияпти, одам умрини гапирмаса ҳам бўлади”, дейди ва Эдигейдан вафот этганида Она Байитга дафн этишини илтимос қилади.
“Жамила”даги Дониёр ҳам бизга ёт эмас. “Турмуш бу муштдек болани не куйларга солмаган, тирикчилик дардида у қаерларга бош урмаган. Дониёр кўп вақт Чақмоқ даштида қўй боқиб юриб, вояга етгач, жазирама чўлларда канал қазиган, янги тузилган хўжаликларда пахта экиб, экин суғориб, охири Тошкент яқинидаги Оҳангарон шахталарида ишлаб, ўша ердан армияга кетган эди”.
“Чўққида қолган овчининг оҳи-зори”да Чингиз Айтматов Соҳибқирон Амир Темурнинг Шероз шаҳрида ҳофиз Шерозий билан бўлган учрашувини ёдга олиб, улуғ ҳукмдорнинг қуйидаги сўзларини келтиради: “Ўз шоирини излаб юрган подшонинг қўл остидаги халқ бахтли бўлади. Бироқ, ўз ҳукмдорини излаб юрган шоирнинг халқи бахтсиздир”.
Устоз Миртемир домла “Манас” эпосининг дастлабки қисмларини ўзбек тилига ўгириб, муҳокама қилиш учун Қирғизистонга юборганида, Чингиз оға, “Ҳеч қандай эътирозим йўқ, жуда яхши таржима қилинган”, дея таржимага юқори баҳо беради.
Чингиз Айтматов ўзбеклар диёрини ўз юртидай, одамларини туғишган оға-иниларидай қадрлайди. Миртемир, Зулфия, Одил Ёқубов, Пиримқул Қодиров, Шукрулло, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Мақсуд Қориев, Зиёд Есенбоев, Ботир Зокиров, Асил Рашидов, Анвар Жўрабоев, Суюн Қораев, Париза Муҳаммаджонова ва бошқа кўплаб ижодкорларни оға-инидек билиб, улар билан умрининг охиригача самимий мулоқотда бўлди. Адиб Ўзбекистонда ижодига зўр қизиқиш билан қаралаётгани, баъзи асарлари қирғиз тилида чоп этилаётган асарларидан ҳам кўп нусхада босилаётгани, ўқувчилар уларни севиб мутолаа қилишаётгани, “Сарвқомат дилбарим”, “Момо Ер”, “Оқ кема”, “Алвидо Гулсари”, “Соҳил бўйлаб чопаётган олапар” ўзбек саҳналарида намойиш этилаётгани, таржимонлар, режиссёр ва актёрлар бор маҳоратларини ишга солиб, унинг ўй-фикрини китобхонга, томошабинга тўғри етказишаётгани, республика олий ўқув юртларида ҳаёти ва ижодига бағишланган анжуманлар доимий равишда ўтказилаётганидан хурсанд эди. “Менга ихлос қилиб, китобларимни ўзбек тилига таржима қилган дўстларимга, айниқса, адабиётшунос, таржимон Асил Рашидовга ташаккур айтмоқчиман, − деган эди Чингиз оға. − Чунки менинг “Оқ кема”, “Жамила”, “Алвидо, Гулсари” каби бир қанча повестларимни Асилжон ўзбекчага худди мен уларни қирғиз тилида ёзгандай жарангдор қилиб таржима қила олган”.
Чингиз Айтматов ижодини ўрганиш ва тарғиб қилишда алоҳида фаоллик кўрсатган олимларимиздан бири − география фанлари доктори, халқаро Чингиз Айтматов Академияси аъзоси Суюн Қораев бўлди. Адиб Суюн оға ижодига шундай баҳо беради: “Умримда касб-кори бошқа-бошқа эса-да, мен билан ҳамфикр, ростгўй, ҳақиқатгўй кўп одамлар билан мулоқотда бўлганимдан фахрланаман, уларни ҳурмат қиламан, қадрлайман, қўлга киритган ютуқларини кўриб хурсанд бўламан. Ана шундай инсонлардан бири − ўзбек-қирғиз халқларининг фарзанди, заҳматкаш олим Суюн Қораевдир. У менинг бир қатор асарларимни ўзбек тилига таржима қилган, матбуотда кўп мақолалари босилган. Меҳнаткаш олимнинг илмий фаолияти менинг ижодим билан чекланиб қолган эмас. Суюн Қораев ўзбек-қирғиз халқлари ўртасидаги қардошлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш, икки элнинг чин маънавий қадриятларини тарғиб қилиш, уларни янада юксак поғоналарга кўтаришга ўз ҳиссасини қўшиб келаётир. Илмий-публицистик мақолаларида “Манас” ва “Алпомиш” эпосларига, ўзбек ва қирғиз тилларининг айрим муаммоларига бағишланган эътиборга молик фикрлари ўқувчиларни бефарқ қолдирмайди. Ҳар қандай ижодкор икки элга Суюн Қораевдай жон-дили билан хизмат қилса, жамиятимиз учун ўта қадрли бўлар эди”.
Айтматовшунос олим А.Ақматалиев қуйидагиларни таъкидлайди: “Бир вақтлар қирғиз шоири Жўмарт Бўканбоев шеърларининг бирида: “Шундай вақт келадики, қирғиз адабиёти юрт ҳудудидан чиқиб, Европа бўйлаб, дунё бўйлаб қадам ташлайди, дунё адабиётининг кичик бўлса ҳам муносиб бир таркибий қисми бўлиб қолади”, деб башорат қилган эди, шунга ишонган эди. Кўриб турибмизки, у ҳақ бўлиб чиқди. Лекин ўша пайтлари бу шеър муаллифининг орзу-умидларини китобхонлар шоирнинг шунчаки ширин ҳаёти деб ўйлаганлари аниқ. Орадан бор-йўғи бир неча йил ўтди, бу орзу-умидлар Айтматов мисолида рўёбга чиқди. Қирғиз адабиёти адабий олимп сари шиддат билан кўтарилмоқда. Ҳаққоний, аччиқ ва айни пайтда, некбин бадиий сўз турли мамлакатлар ва қитъалар оша китобхонлар юрагида акс-садо топмоқда. Айтматовдек истеъдод эгасини тарбиялаб вояга етказган халқ бахтиёрдир”.
Устоз олим Нажмиддин Комиловнинг қуйидаги фикрларига эътибор берайлик: “Оқ кема” каби “Соҳил бўйлаб чопаётган олапар” қиссасида афсона ва реал ҳаёт тасвири қўшилиб, аралашиб кетади. Умуман, Айтматов ижодида асотир ва туш, табиат кучлари ҳақидаги ибтидоий тасаввурлар патриархал жамоа кишиларининг характерларини яратиш, ўзларини табиатнинг бир бўлаги деб билиб, унга сиғинган, ундан мадад олган ва табиат билан доимо курашиб келган одамларнинг турмуш тарзини акс эттиришга кўмаклашишдан ташқари, табиат ва инсон орасидаги муносабатларни янгича талқин қилиш мавжуд. Шундай усул туфайли қисса-истиора даражасига кўтарилган бу асар айни вақтда қисса-достон ҳамдир. Достон бўлганда ҳам драматик достон, насрий тилда ёзилган мунтазам ва мустаҳкам ички ритмга бўйсунадиган, ботиний лирик-публицистик интонацияга эга достон. Бу ритм асарга алоҳида руҳ бағишлаган. Серэҳтирос мусиқа аввалига вазмин, салобат билан янграйди, кейин бора-бора кучайиб, шиддат касб этади, руҳий қийноқ ва изтироблар пўртанасини алангалатадиган авжли, қуюқ оҳанглар босиб кела бошлайди, сўнгра охирида яна ёруғлик, нурни қалбга индирадиган фараҳли куй янграгандек бўлади”.
Дарҳақиқат, эътиборли ўқувчи Айтматов асарларини мутолаа қилар экан, кўз ўнгида ҳаётнинг кутилган-кутилмаган изтиробли пўртаналари, воқеа-ҳодисалар, кескин бурилишлар, айрилиқ ва йўқотишлар, фидойилик ва сотқинлик, соддалик ва маккорлик, вафо ва садоқат, исён ва кўникиш фикр-манзара, фикр-хулоса, фикр-ибрат янглиғ намоён бўлади.
Тадқиқотчи Ҳаким Сатторий шундай ёзади: “Оқ кема”даги образлар, унда кечган воқеаларни фалсафий-рамзий (аллегорик) деб қараш мумкин. Ҳаётдан безиган, доим ичиб юрадиган Ўразқул жамоадаги ягона мансабдор шахс. У буйруқ беради, одамларни у ёқ-бу ёққа сафарбар қилади, қулдек хизматида бўлган хотинини фарзандсизликда айблаб, тинимсиз калтаклайди. Қариб-чуриб қолган Мўмин чол – ўтмиш рамзи, у эски ақидалар билан яшайди, бироқ ҳеч ким унинг гапига парво қилмайди. Чолнинг бутун умиди Боладан, у келажак тимсоли, отаси ҳақида эшитган, бироқ уни кўрмаган, доим йўл қарайди, кемани ва унда келиши кутилаётган отасини пойлайди. Ота – тақдири номаълум, узоқларга бадарға қилинган одам. Тирик соғинч. У қатағон қилинганларнинг хаёлий тимсоли. Она Буғу – бир пайтлар ташлаб кетилган чақалоқни асраб қолган бўридек нажоткор куч, эътиқод ва яратувчи мўъжизанинг хаёлий тимсоли, муқаддас жонзот. Денгиз – тириклик майдони, унда Бола – келажакнинг чўмилиш ҳавзаси белгилаб қўйилган, чегаранинг нари ёғи – йўқлик, мавҳумлик (Адам саҳроси).
Тадқиқотчи С.Мақсимхонов туркий адабиётнинг икки буюк вакили – Алишер Навоий ва Чингиз Айтматов асарларида (“Лайли ва Мажнун”, “Қиёмат”) инсоннинг она-табиатга, тил-забонсиз махлуқотларга муносабати ва шу билан боғлиқ хатти-ҳаракатларида ўзаро яқинлик, ўхшашлик борлигини таъкидлайди: “Лайли ва Мажнун”ни варақлаймиз… Ишқ дардига мубтало бўлган Қайс “Мажнун” номини олади. Унинг Лайлига бўлган покиза ва эҳтиросли ишқ туғёнлари атрофидаги оломонга – замондошларига жиннилик, телбалик бўлиб кўринади. Қавмдошлари орасида Қайсга дардкаш, ҳасратдош топилмайди. Оқибат у “ваҳшатлиғ элдин улфат риштасин узиб”, “биёбон ваҳшийлари” орасидан паноҳ топади. Унинг дардини биёбон, дашт оҳулари, йиртқичлари тушунади. Оҳулар ўртасидаги Мажнун гўё чўпон, йиртқич бўрилар эса унинг содиқ итлари каби… “Қиёмат” романида Авдий адашган, инсоний қиёфаларини йўқотиб бораётган, пул, мол-дунё тўплаш учун ҳар қандай жиноятдан, ёвузликдан қайтмайдиган кимсаларни инсофга чақиради, эзгуликка даъват қилади, Аллоҳни ёд этишга ундайди. Гўшт планини бажариш учун Мўйинқумдаги сайғоқларни қирғин қилаётган ёлланма овчилар тўдасига қўшилиб қолган Авдий кўз ўнгида содир бўлаётган қиёматни кўриб даҳшатга тушади: “Мўйинқум кийикларига уюштирилган қирғин Авдийга шунчалар оғир таъсир қилдики, бу хунрезликни дарҳол тўхтатишни талаб қилди, ваҳшийлашиб кетган овчиларни тавбага чақирди, Худодан кечирим сўрайлик”, деди. Бу лавҳадаги Авдий Мажнунга ўхшаб кетади. Бироқ муаммонинг, воқеаларнинг ечими тамоман бошқача. “Қиёмат” романи қаҳрамони ёвуз шахс обер-Кандалов ва унинг ҳамтовоқлари – диёнатли Навфал ва унинг шериклари эмас. Аллоҳдан қўрқиш, иймон, тавба, эзгулик улар учун бегона. Тавбага, Аллоҳдан мағфират сўрашга даъвати учун кўзи қонга тўлган оломон – овчилар Авдийни ваҳшийларча калтаклаб, саксовул дарахтига “чормих” қилиб қатл этадилар”.
“Айрим асарларни китобхон ва танқидчи сифатида идрок этганимизда, фавқулодда ҳодисаларнинг гувоҳи бўламиз, − деб ёзади драматург Мар Бойжиев. − Айтматовни ҳаммамиз севамиз, унинг истеъдоди ва маҳоратига қойилмиз. У барчага яқин ва тушунарли. Таъкидлаб айтаман: барчага. Ваҳоланки, бошқа қирғиз ёзувчиларининг ҳам қизиқ, ҳатто маҳорат билан ёзилган асарлари бор, улар бизнинг ўзимизда муносиб бир тарзда эътибор топади-ю, республикадан ташқарига чиқса, жарангламай қолади… Шу боисдан, қўлимга қалам олганимда, вужудимни турли шубҳалар қоплаб, ўйланиб қоламан: ёзаётганим керакли бир нарсами? Шундай ёзсам бўлармикин? Ёзганларим юртдошларим билан бирга Қирғизистондан ташқаридаги китобхонларга ҳам маъқул бўлармикин?.. Айтматовга келганда, очиқ айтишим керак: бу тажриба менга халал беради. Халал беришининг маъноси шуки, Айтматовдан кейин миллий мавзуда унинг даражасида ёзиш қийин. У юксалиб бораётган прозамиз тараққиётидан ўн йиллар олдинга сакраб ўтиб кетди. Эндиликда бизнинг олдимизда нима ҳақида ёзиш кераклигидан кўра, қандай ёзиш керак, деган муаммо кўндаланг туриб қолди”.
М.Бойжиевнинг фикрича, драматургиянинг миллийлиги асар қаҳрамонларининг одатлари, феъл-атвори, қаламга олинган воқеликнинг вақти ва ўрни, муайян миллатга мансублиги билан ўлчанмайди. “Воқеа қишлоқ ёки шаҳарда кечадими, бундай ўлчам тор миллий, маҳаллий мазмуннигина белгилайди. Соф миллий драматургиянинг олий намунаси ўзининг бирмунча лўнда, аниқ бўлган миллий қиёфаси ва, асосан, руҳиятидан ўсиб бориб, нафақат битта миллат ёки минтақа, балки дунёвий муаммолар сари боради. Бу ўринда воқеа ҳатто кичик бир оролчада ҳам юз бериши мумкин, лекин у шу жойда ривожланиб, бутун қитъанинг муаммосини ўртага ташлай олиши керак. Бу ҳолат ҳозирча фақат Чингиз Айтматов ижодида яшаб турибди. Айтматов қаҳрамонлари гўё оддий қирғиз халқи, бироқ улар ўртага ташлаган муаммолар ер шари барча аҳолиси учун бирдек тааллуқли. Дунёнинг бир чеккасида олис қумлар бағридаги икки-уч хонадондан иборат кичик қишлоқ кишилари бутун замин, қолаверса, коинот масалаларини ўртага қўяётган эканлар, бу энди қирғиз халқининггина муаммоси бўлиб қолмайди…”
Чингиз Айтматовнинг қисса ва романлари нечоғлиқ ҳаётий, таъсирчан, чуқур мушоҳадали, адабий-фалсафий хулосаларга бой бўлмасин, уларнинг ҳар бири хусусида баҳс-мунозаралар ойлаб эмас, йиллар давомида авжидан тушгани йўқ, десак муболаға бўлмайди. Дастлаб “Жамила” ва “Юзма-юз” қиссалари, сўнг ”Биринчи муаллим”, “Алвидо, Гулсари” шоввоз танқидчиларнинг асоссиз зарбалари, ошкора айбловлари остида қолди. Уларнинг фикрича, “бу асарларда юксак бадиий ифода эмас, оддий ҳикоячилик − воқеликни шунчаки сўзлаб бериш услуби бирламчилик қилади, социалистик реализм адабиёти принципларига амал қилинмаган, қирғиз халқининг ҳаёти, турмуш тарзи бузиб кўрсатилган…” Яна шундай фикрлар ҳам бўлдики, “Айтматов қиссаларида муаллиф нечоғлиқ миллий ёзувчи, миллий қадриятлар тарафдори бўлиб кўринмасин, аслида бундай эмас, чунки унинг ўзи ҳам ёзувчи сифатида социализм бағрида камолга етганини рад этмайди”.
(Давомини 2022 йил 12-сонидан ўқийсиз)
Аҳмаджон МЕЛИБОЕВ