(Ҳикоя)
Баҳайбат, қўнғир айиқни Тэдди деб аташарди. Бошқа ҳайвонларнинг ҳам номи бор эди-ю, лекин Тэдди уларни сираям эслаёлмас, мудом адаштириб юрарди. Фақат ўз лақабини яхши билар, қачон чақирсалар, қулоқ солар ва айтганларини бажарарди.
Тэддининг ҳаёти жуда зерикарли эди. У аллазамонлардан бери циркда ишлар, итоатгўй, ювош бўлиб қолган, энди унга қафаснинг ҳожати йўқ эди, аммо шунга қарамай одатлари бўйича қафасда сақлашарди. Тэддига ҳеч ниманинг қизиғи қолмаган, ҳаммаси жонига теккан, фақат тинч қўйишларини истарди. Бироқ у кекса, тажрибали артист бўлганидан сира ҳоли-жонига қўйишмас эди.
Кечқурун уни юз-кўзига упа-элик суртилган новча одам у ёқдан-бу ёққа юрган чароғон саҳнага олиб чиқарди. Ўша киши оппоқ кўйлак-иштон, қора чарм этик ва олдига зар уқа тутилган лоларанг камзул кийиб оларди. Унинг кўйлак-иштони ҳам, камзули ҳам, рангпар, ҳиссиз юзи ҳам Тэддига ёмон таъсир қиларди. Лекин айиқ айниқса унинг кўзларидан қўрқарди.
Бир замонлар Тэдди йиртқичлигига бориб, бир неча бор исён кўтарганди. У аламидан бўкирар, қафас симларини суғуриб ташларди, ўшанда уни тинчитишнинг сира иложини топишолмаганди. Аммо қафас ёнига рангпар киши келиб, Тэддига тикилганида, айиқнинг уни ўчиб, орадан бир соат ўтар-ўтмас репетицияга чиққан эди.
Энди Тэдди хархаша қилмас, турли-туман қўполу бекорчи, ҳатто кўпинча бемаъни ишларни ҳам жимгина бажараверарди. Оқ кўйлак-иштонли киши ҳам энди унга ўқрайиб қарамас, айиқ ҳақида гап кетса, уни эркалаб “Ювошгина қария” деб атарди.
Тэдди саҳнага чарм бурундуқда чиқар, ўзини олқишлаб кутиб олган томошабинларга таъзим қиларди. Унга велосипед келтириб беришар, у ўтирғич оша оёқларини ўтказиб, рулни маҳкам тутганча, педални бор кучи билан босарди-да, мусиқа садоси остида саҳна бўйлаб айланарди. Томошабинлар эса тинмай қийқириб, қарсак чалардилар.
Тэдди яна бир неча антиқа ишларни бажара оларди: панжалари билан тез-тез айлантириб ғўлаларда учар, узун, ингичка темир таёқ тепасига чиқиб мувозанат сақлаб турар, қўлларига қўлқоп кийиб бошқа бир айиқ билан бокс тушарди. Тэдди ҳазилни тушунмасди, тўғрироғи ҳайвонларга хос ҳазилнигина тушуна оларди, шунинг учун бундай қўпол ва бемаъни ҳаракатларни бажараётганида одамлар нима сабабдан шодланишини сира тушунмасди.
Кечалари айиқ кўпинча ухламас, йўлакда миттигина чироқ хира нур сочар, кийимидан доим ёқимли ҳид анқиб турадиган қоровул чол роса хуррак отарди. Ҳайвонлар уйқусида ириллар ёки ғингширди, қафаслардан қўланса ҳид анқирди. Йўлакнинг қоп-қоронғи бурчакларида йирик-йирик каламушлар югуриб юрар, орқа оёқларида тик туриб бирдан қотиб қолар, шунда уларнинг сояси узун бўлиб полга тушарди.
Бирмунча вақт ғингшиб ётгач, Тэдди ўзини ялаб-юлқашга тушарди. У жиққа ҳўл бўлиб кетгунча эринмай панжалари билан қорнини ялар, сўнгра биқини билан орқасига ўтарди. Бироқ орқасини ялаш жуда ноқулай эди, оқибатда тез чарчаб, нохуш хаёлларга бериларди.
У болалигини ва онасини – панжалари юмшоқ, узун тили ҳароратли, келишган айиқни эслашга уринарди. Бироқ болалигини деярли эслолмасди. Фақатгина анҳор, сарғиш қум тўшалган соҳил ёдига тушарди, холос; қум майин ва қайноқ эди. У яна чумолиларнинг ўткир ҳидини эсларди, афсуски ўшандан буён бундай ҳидни қайтиб туймади.
У яна ўзига циркда бир пайтлар беришган тотли емишлар ҳақида ҳам ўйларди. Жуда кўп бошқа нарсалар ҳам ёдига тушарди: қандайдир шакл-шамойиллар кўз олдига келар, юрагига ғазабу ҳасрат тўлар, унинг ўкиргиси, аллақаёқларга бош олиб кетгиси, ўзига муносиб йиртқичона ишларни бажаргиси келарди. Сўнг туни билан ўкириб чиқар, эртасига ўзини беҳад ланж ва тунд ҳис этиб, репетицияга ҳам истар-истамас чиқарди.
* * *
Бир куни цирк сафарга отланди. Тэддини ҳам ола кетишди.
Шу чоққача айиқ жуда кўп сафарга чиққан, уни ҳеч нима ҳайратга солмасди; машиналардан анқиган ёқилғи ҳидини ёмон кўрарди, холос.
Ҳаммаси одатдагидек кечди: станцияда ҳайвонлар солинган қафасларни вагонга жойладилар, алланималар деб қичқириб, сўкиндилар, бир нималарни михладилар, охири эшиклар қарсиллаб ёпилди-да, йўлга тушишди. Кўп ўтмай ҳамма нарса бир маромда чайқала бошлади. Тэддининг роса уйқуси келди. Шу алпозда икки кечаю кундуз юришди, кейин поезд тўхтади. Эшикларни очиб вагонлардаги қафасларни юк машиналарига орта бошлаганларида Тэдди нотаниш ерга келиб қолишганини, аллақандай бегона ҳидлар бурқсиётганини пайқади, лекин ажабланмади.
Яна йўлга тушишдан аввал ҳайвонларни овқатлантиришга қарор қилишди. Хизматчи келиб қафасларни тозалаб, емиш келтирди. Тэддининг қафасига қайнатилган картошка, нон ва бир тоғора сули қўйиб, хизматчи нимагадир чалғидими, эшигини ёпмай чиқиб кетди.
Айиқ эшикнинг очиқ қолганига парво қилмади, роса очиққан эди шекилли, картошка билан сулини пок-покиза туширди. Кейин одати бўйича товоқни эшик ёнига суриб қўйди, ана шунда қафаснинг очиқ қолганини сезди. Тэдди жуда ҳайрон бўлди, бошини чиқариб уёқ-буёққа аланглади, эснади, ичкарига қайтиб кирди-да, кўзларини юмиб ётди. Аммо орадан бир дақиқа ўтар-ўтмас ўрнидан туриб яна бошини чиқариб қаради. Ҳавони искади, атрофни кўздан кечирди, худди бир нима эсига тушгандек тараддудланди, сўнг қафасдан чиқиб машинадан ерга сакради.
Шу чоқ ҳайдовчи кўринди. У кепкасини қўлтиғига қистириб олганча кавшаниб машинага яқинлашди. Шамол шофёр тарафдан эсарди. Тэдди колбаса ҳидини туйиб унга пешвоз юрди. Айиққа кўзи тушган ҳайдовчи кавшашдан тўхтаб тахтадек қотиб қолди. Тэдди орқа оёқларида ғоз туриб эркаланганча ғингшиди. Ҳайдовчининг қўлтиғидан кепкаси тушиб кетди, ўзи эса орқа-ўнгига қарамай эшиги тепасига аллақандай шиор осилган пастаккина уй томонга қочди.
– Ёрдам беринглар! – деб қичқирди у ўтакаси ёрилиб.
Тэдди олд оёқларини ерга қўйиб, ҳар эҳтимолга қарши нари кетди. У ҳатто аввалига қафасга қайтиб кирмоқчи бўлиб ортига ўгирилди, бироқ худди шу пайт айюҳаннос солиб уйдан одамлар югуриб чиқди. Тэдди уларнинг орасидан таниш қиёфани излаб қўрқа-писа ўгирилди, лекин танишларини тополмади. Унинг юрагини бирдан ваҳм босиб, урра қочди. Тушовланган отлар ёнидан ўтди: уни кўриб, отлар ўзини орқага ташлаб кишнадилар. Бунга жавобан Тэдди ҳам ўкириб, югуришда давом этди.
У пушталарда қоқилиб-суқилиб полиздан югурди, четандан ошиб ўтди-да, дала билан ўрмон томонга йўл солди. Пишқириб, қулоқларини чимириб елиб борар экан, вужудида номаълум ҳаловат туярди, лекин бутазорга етиб тўхтади ва хавотирланиб ортга ўгирилди: на станция, на одамлар, на машиналар кўзга чалинар, фақат жим-жит дала-ю, йироқда қорайган уйлардан бошқаси кўринмасди.
Айиқ ўкинди, дафъатан унинг циркка қайтиб боргиси, ғира-шира йўлакда яна ётгиси келди, ёқимли ҳидлар анқувчи қоровулнинг хуррагини соғинди. Лекин ортига қайтишдан қўрқди, орқа оёқларида ғоз туриб чайқалган кўйи ғамгин ғингшиб қўйди. Сўнг ўрмон томонга қараб, тумшуғини тозалаш учун бир неча бор пишқириб ҳавони искади. Мум билан қўзиқорин, яна аллақандай хушбўй ҳидлар анқиди. Тэдди ўрмонга қараб юрди. У буталар оралаб оҳиста борар, ҳар сафар ялангликка чиққач, бирор хизматчи ёки оқ кўйлак-иштонли киши кўриниб қолармикин, деган умидда ортига ўгирилиб қарарди. У ҳозир ўзини эркалаб ”Тэдди” деб чақиришларини истарди. Лекин ҳеч ким кўринмади, уни чақириш тугул тиқ этган товуш эшитилмас, ўрмондан эса тобора қудратли бир даъват баралла янграётгандек бўларди. Тэдди ҳадиксираб ўрмон ичига кирди.
* * *
Тэддининг омади юришмади. У ўрмоннинг одамлар истиқомат қилаётган қисмига келиб қолганди. Бу ерда ўрмон саноати корхоналари жойлашган бўлиб, катта майдондаги дарахтлар кесилган, ҳар ерда ўрмонга алоқасиз буюмлар: тор изли темир йўл, узуқ-юлуқ пўлат симлар, ёғ босган латталар, пайҳон қилинган сўқмоқлар, хода ётқизиб очилган йўллар кўзга ташланарди. Бу ерда қушлар билан ҳайвонлардан асар ҳам йўқ эди, кечалари эса темир-терсак садоси, мотор шовқини, паровозлар пишқириши тинмасди.
Тэддига ўрмон ғайритабиий, кўнгилсиз бир жойдек кўринди. Шу боис дастлаб қандай бўлмасин одамларни учратиш ҳақида ўйлади. Аммо айни чоғда алланима унинг машиналар тарафга юришига монелик қиларди. Ҳамма нарса унинг ғашига тегар, айиқ очиққан, уйқуси келар, дармонсиз эди. У биронтаси чиқиб, егулик берар деган умидда ўрганиб қолган фокусларини бажаришга чоғланди. Олдинги оёқларида туриб, орқа оёқларини худди коптокни отиб ўйнаётгандек ўйнатди, шу алпозда ялангликни айланиб чиқди, кейин умбалоқ ошиб, рақсга тушди, худди циркдагидек ўзини ўлганга солиб ётди, сўнг ўзидан мамнун бир қиёфада ўрнидан туриб ён-верига аланглади. Агар циркда шундай қилса, унга бирон нима берган бўлишарди. Аммо бу ерда уни ҳеч ким олқишламади, сули ёрмаси ҳам осмондан тушмади. Шунда айиқнинг митти кўзларида ғамгин ҳайрат аломати акс этди.
Айиқнинг умиди пучга чиқди, у одамлар ёнига қайтиб кетган бўларди-ю, аммо содир бўлган бир воқеа бегона кишилардан қанчалар қўрқиш кераклиги ҳақидаги тасаввурини тасдиқлади.
Кунлардан бир кун эрталаб Тэдди жарликда аллақандай гиёҳларни еб юрарди.
Бошини кўтарганида, бирдан юқорида турган одамга кўзи тушди. Тэдди ҳайрон бўлди ва орқа панжаларида ғоз туриб, ҳатто қувонганидан хўриллаб қўйди. Бироқ ўша киши унга ўхшаб қувонмади, айиқ кутганидек ”Тэдди” деб эркалаб чақирмади – у ранги оқариб, милтиғини айиққа тўғрилади, ўқ овози янграб, нимадир Тэддининг қулоғини куйдириб ўтди. У ўкириб юборди-да, чалқанча йиқилди. Тэдди оғриқдан эмас, аламдан, талвасага тушганидан бўкирарди. Одам эса орқа-олдига қарамай қочди.
Орадан бир дақиқа ўтгач, Тэдди қутуриб одамнинг ортидан югуриб кетди. Бироқ одам қочишга улгурдими, бирон ерга яшириндими, Тэдди уни тополмади. Ўшандан бошлаб у одамлардан қўрқадиган бўлди, иложи борича кимсасиз, овлоқ ерларни излашга тушди.
Аммо ҳақиқий ўрмон, овлоқ ерларга кетиш учун дарёдан сузиб ўтиш лозим эди. Тэдди эса сузишни билмас, шунинг учун аҳволи оғирлашарди. Бир неча бор дарё бўйига келиб сувда оқиб кетаётган ходаларга қараб турди, ўкиниб, яна ўрмон ичига кириб кетди.
* * *
Орадан икки кеча, икки кундуз ўтди. Учинчи куни кечаси Тэдди дарё бўйига борди-ю, ҳайратдан қотиб қолди: соҳилга туташ ерда ўртасига кулбача қурилган ҳайҳотдек сол турарди. Тўлин ой нур сочар, соҳилда деразалари қоп-қора оқиш уйлар саф тортган, теварак-атрофда биронта тирик жон кўринмас, тиқ этган товуш йўқ, фақат сол ходалари орасида сув сокин чайқаларди. Тэдди орқа оёқларида туриб ҳавони искади. Солдаги уячадан чидаб бўлмас даражада хушбўй жавдар ундан қилинган нон билан картошка ҳиди келарди. Тэдди лабларини ялаб, турган ерида чайқалди. Чайқала туриб у нима қилишни ўйларди.
Ҳид келаётган ёққа боришга қўрқди, чунки у ерда одамлар борлигини биларди, бироқ кўнгли шунчалар суст кетган эдики, айиқ соҳил бўйлаб уёқдан-буёққа юра бошлади, икки-уч бор сувга панжасини солиб кўрди, охири кулбанинг рўпарасида тўхтади. Вой-бў, шунчалар ҳам ажойиб ҳид бўладими?!
Сол қирғоқдан хиёл нарида турар, бир еридан кўприк ўрнида қирғоққа тахта ташлаб қўйилган эди. Аммо шошиб қолган Тэдди буни пайқамади, сувга тушиб бир зумда солга чиқиб олди. Ходалардан секин-аста одимлаганча кулбага яқин борди-да, атрофини айланиб чиқди. Ичкаридан хуррак овози эшитилди. Тэдди цирк қоровулини эслаб дадиллашди. У деразадан ичкарига қаради-ю, ҳеч нимани кўрмади. Шундан сўнг эшикни очиб уйчага кирди. Кирган заҳоти оғзидан сўлаги оқди – уйда пайтава, нону картошка ҳиди анқирди. Нон билан картошка столда эди. Тэдди стол ёнига келиб, аввал декча ёпилган илиққина лаганни тушириб юборди, сўнг қозонни ағдариб ўкирди-да, апил-тапил ея бошлади.
– Ҳой, ким бор? – деди дафъатан хуррак отаётган одам. – Федя! Сенмисан?
Айиқ қўрққанидан ўтириб қолди, сўнгра ғазабдан ўкириб, панжаси билан столга урди. Декча билан лаган полга тушиб, шу заҳоти бир нима нарвондан сакраб тушди, зипиллаганча эшикка ошиқди ва сол бўйлаб соҳилга югурди.
Тэдди аҳвол чатоқлигини тушунди, лекин шунда ҳам ютоққанча чапиллатиб, овқатни шоша-пиша тушираверди. У одамга қарши иш қилаётганини биларди.
Орадан бир дақиқа ўтар-ўтмас, соҳилда шовқин кўтарилди. Қочиш керак, аммо айиқ ҳали тўймаганди. Тэдди полда ётган картошкалардан бир нечасини чангаллаб эшикка югурди. Аммо ғира-ширада эшикни бирданига тополмади. Уйчадан чиққанида эса тумонат одам йиғилганини кўрди. Айиқни кўрган кишилар бараварига, худди станциядагига ўхшаб қийқириб юборишди. Тэдди нима қиларини билмай тўхтади. Соҳилга олиб борувчи йўл берк эди.
У солнинг нариги тарафига ўтиб қочмоқчи бўлганида, тўсатдан рўпарасида бир ёлқин чақнаб, ўқ овози янгради. Айиқнинг ўтакаси ёрилиб ортига қайтди-да, ўгирилиб кулба панасига қочди. Одамлар ёй шаклида уни солнинг бурчагига сиқиб кела бошладилар. Орқа тарафидан яна ўқ овози янгради, ўқ учириб юборган пўстлоқ айиқнинг қорнига тегди. У бўкирганча олдинга сакраб, ўзини сувга отди. Ой нурида кумуш томчилар сачради. Тэдди умрида сузиб кўрмаган эди, шу боис сув остидан қалқиб чиққанида дастлаб нима қилишини билмади. Лекин оёқлари беихтиёр ҳаракатга келди ва у тумшуғини кўтарганча жон-жаҳди билан шалоплатиб сузиб кетди. Сув уни секин-аста қуйига оқиза бошлади, солда қолган одамларнинг қичқириғи анчагача эшитилиб турди, айиқ эса панжаларини куч билан силкитиб, аксириб-пишқириб тумшуғини кўтариб сузиб борарди. Ярим соатча сувда оқиб боргач, қорайиб турган ўрмонга кўзи тушди. Бу яқингинада айиқ чиққан бояги ўрмон эмас, бошқаси эди. Бу ерда дарахтлар кесилмаган, сўқмоқлар билан одамларнинг бошпаналари кўзга чалинмасди.
Тэдди оёқлари ерга текканида лапанглаб соҳилга чиқди. Юнгидан тинмай сув оқарди. Ортига ўгирилиб йироқда, чироқларнинг заифгина нури остида элас-элас жимирлаб кўринаётган алланималарни пайқади-да, одамлар, чайлалар билан бояги сол ҳам ўша ёқда қолиб кетганини англади, шовқин билан хатар аригани, бу ер энди сокин, осуда эканини ҳис этди. У кулбада қолган картошкаларни эслаб, норози бўлиб ғингшиди, кейин бир неча бор силкинди-да, тик жарликни ёқалаб, улкан қарағайу арчалар сари кўтарила бошлади.
* * *
Бу дарёнинг у бошидан бу бошига қадар чўзилган ҳайбатли ўрмон эди. Теварагидаги тоғ Урал тизмалари ва то шимолга – тундрагача қўшилиб кетарди.
Бу ерда бўри, тулки, олмахону қуёнлар бисёр эди. Буғулар билан чағир кўзли қоплонлар ҳам учрарди. Одам оёғи етмаган бу ерларда бир замонлар қулаган дарахтлар туфайли ўтиб бўлмас чангалзорга айланган хилват гўшалар ҳам бор эди.
Бу ўрмонда баъзан ҳеч бир сабабсиз ёнғин чиқар, ўт кетган пайтларда поёнсиз кенгликлардаги дарахтлар билан буталар ёниб кулга айланар, сон-саноқсиз ҳайвонлар нобуд бўларди. Йўлида учраган нарсани кулга айлантирувчи аланга қандай гуркираган бўлса, худди шундай, тўсатдан, ўз-ўзидан ўчиб қолар, култепа-ю, ёниб битган дарахтларнинг яккам-дуккам таналаригина уни эслатар эди.
Кўп ўтмай шу ёниб битган ўрмон қолдиқларини дағал, қизғиш ўт-ўлан қопларди. Сўнг ўнқир-чўнқирда черника билан брусника, қайин билан қарағай новдалари қулоқ чиқарарди; ўрмоннинг беткай ерларида наматак билан хўжағат буталари кўзга чалинар, секин-аста бу ўрмон ҳайвонлар учун машъум биёбон эмас, ризқ-рўз сочилиб ётган ошиёнга – ҳурпайган карқурлар, серҳадик булдуруқлар, ўрмон қарчиғайлари ва қуёнлар танда қўйган маконга айланарди. Буғулар ҳам шу ерга келиб, оқиш кулранг чуқур излар қолдириб юришарди.
Одам оёғи етмаган ўрмонда ҳаёт қайнарди. Тўғри, бу ерда ҳам доимий кураш тўхтамас, зўрлигу ваҳшийлик қонунлари ҳукм сурарди. Эҳ-ҳе, мана шу мафтункор маконда ҳар куни қанчадан-қанча патлар, суяклар чириб кетмади дейсиз! Бироқ бу ердаги хатарли курашлар одамзод билан тўқнашувчалик омонсиз бўлмасди.
Ўрмонда ўқ овози камдан-кам янграрди, башарти шундай бўлиб қолса, тепаликлар ва жимжит қарағайзорлар устидан кескин ва шиддатли ўқ товуши момақалдироқдек гумбурлаб ўтар ва дарёнинг нариги соҳилида акс-садо берарди. Шунда олмахонлар ҳовучларидаги бужурларни ташлаб, қизиқиб қараш учун дарахтнинг қир учига чиқиб олишарди, ўтакаси ёрилган қуёнлар сакраб ўрнидан турар, бу қудратли товушни бир сония тинглаган буғулар ҳам бошқа ерга кўчишарди, чангалзор қўйнида мудраётган қоплонлар бир лаҳзагина уйқу босган сариқ кўзларини очиб, қулоқларини чимириб қўйишарди: фақат одамзодни яқиндан билган бўриларгина ҳамма нарсани ташлаб, тепаликка қочиб чиқишар ва анчагача лаънати одамнинг исини олиш учун жонҳолатда ҳавони искашарди.
Бу ерда яна майингина шалдираётган чашмалар ҳам кўп эди: жазирама пайтида ҳам бу чашмалар теграси салқин бўларди. У ер-бу ерда учрайдиган жарликлар бир-бирига иланг-биланг уланиб, дарё томонга чўзилиб кетарди. Мана шу дараларда бўрсиқ ва тулкилар уя қуришни яхши кўради, шу ерда – дарё яқинида бўрилар яшарди.
* * *
Тэдди қирғоқ ёқалаб кун бўйи шимолга қараб юрди. Ўрмон ичига киришга ботинолмай, бир неча бор ҳаётини сақлаб қолган дарёни кимсасиз ва номаълум ўрмондан афзал биларди у. Ҳар тарафдан турли товушлар билан ҳидлар уни таъқиб қилар, Тэдди буларни ажратолмай қийналарди. Айрим ҳидлар унга яхши таниш эди. Йўлда икки маротаба қоплоннинг изларига дуч келди-ю, ўша заҳоти циркдаги қоплон эсига тушди. Тўғри, циркдаги қоплоннинг ҳиди ёмон эди: тутқундаги ҳайвонлар қўлансароқ бўлади. Сўнгра Тэдди баҳайбат арчанинг остки шохида ўтирган булдуруқларни ҳуркитиб юборди-да, дастлаб ўзи ҳам чўчиб тушди. Буларнинг шунчаки оддий парранда эканини билгач, енгил тортди. Тулкининг изларини ҳам дарҳол ажратиб олди. Бироқ нуқул безовта қилаётган бир-биридан янги, нотаниш таассуротлар охири уни шунчалик ҳолдан тойдирдики, Тэдди ноилож баҳайбат арчанинг тагидаги қулайроқ жойга ётди-да, донг қотиб ухлаб қолди.
Ҳар қанча ғалати туюлмасин, бу баҳайбат йиртқич ўрмонда бутунлай ожиз ва ночор эди. Узоқ йиллар давомида у ўрмондан, бир замонлар кўришга улгурган нарсалардан беҳад узоқлашиб кетган, деярли унутиб юборганди. Табиат унга ато этган барча сезгилари сусайиб қолган, шу боис арзимас нарсалар олдида ҳам ўзини йўқотиб қўярди. Унинг дам-бадам қорни очар, илгари тўйиб овқатланишга ўрганганидан ҳозир очликдан қийналмоқда эди. Циркда унинг ҳолидан ҳар куни хабар олиб турувчи ходим бу ерда йўқ, айиқ ўз ғамини ўзи еб, овқат излашга мажбур бўларди. У егулик топиш у ёқда турсин, нима ейишини ҳам билмасди. Ҳеч ким она қадрини ёввойи йиртқиччалик ҳис қилмаса керак. Она ўз боласига яширинишни, уришишни, қочишни ўргатади, ким дўсту ким душманлигини тушунтиради. У чумолининг уяси қаерда бўлишини, черника, қулупнай, хушхўр илдизлар, балиғу бақалар яширинган жойларни билади; зилол сув, тинч, осойишта жойлар, офтобрўя майсазорлар қаердалигини ҳам яхши билади; унга ҳидлар сири ва яшаш жойини ўзгартириш сабаблари яхши аён. У яна ўрмонда ҳеч бир йиртқич узоқ яшамаслигини, албатта бирор кулфатга йўлиқиб нобуд бўлишини, бундан сақланиб узоқроқ яшаш ва насл қолдириш учун эпчил, довюрак ҳамда мудом ҳушёр юриш лозимлигини ҳам билади.
Агар Тэдди дастлаб ҳайвонот боғида, сўнг циркда улғаймай, она айиқ бағрида ҳаёт кечирганида, ҳозир қудратли йиртқич бўларди, нима қилиш лозимлигиги тушунмай қийналмасди. Афсуски, Тэдди оқ кўйлак-иштонли одам қўлида ҳаёт сабоғини олди, унинг ўжар руҳи болалигидаёқ эзилган эди. У ўрмонда яшовчи айиқлар учун мислсиз даҳшатли хатарлар борлигини билишга улгурганди. Шаҳарда у бошқа айиқлардан кўра тажрибалироқ, ақллироқ бўлиши мумкин эди, аммо унинг кўрган-билгани ўрмонда нимага ҳам ярарди! Ўрмонда Тэдди бир юмалаб гўё қайтадан заифу ночор айиқ болага айланиб қолганди.
Бор-йўқ фарқи шундаки, у энди жажжи айиқча эмас, балки қафасга ишқаланавериб юнги тўкилган баҳайбат, улкан айиқ эди, устига-устак ҳар нимадан бохабар онаси ҳам ёнида йўқ.
* * *
Тэдди қушлар чуғуридан уйғониб кетди. Қушчалар шудрингдан нам тортган новдаларда сакраб-сакраб чирқиллашарди. Тепалик ортидан қуёш кўтарилди. Қарағайзорни ҳарир туман қоплаган, шудринг жилва қилар, ҳаво беғубор эди. Тэдди тунги ошиёнидан чиқиб шимолга қараб йўлга тушди. Ўрмонда санғишга ўрганмаганидан икки кундирки, унинг панжалари оғриб-оғриб қўярди, шунга қарамай қайсарлик билан йўлида давом этди. Шимол сари бораркан, учиб кетишга чоғланган қушлардек ҳеч нимадан қайғурмасди. У ички бир туйғуга қайишиб серқуёш, емиш мўл, зилол сувлар оқиб ётган бемисл осойишта ўлка сари борарди.
Пешин пайти ялангликдан ўтаётганда айиқнинг димоғига ажабтовур ҳид урилди-ю, алланималар эсига тушди. Бироқ бу ёқимли ҳид қаердан келяпти? Тэдди кунчиқар тарафга ўгирилиб озгина юрганди, ҳид йўқолди. У безовталаниб изига қайтди – ҳид яна димоғига урилди. Шунда Тэдди чумоли уясининг қайси тарафдалигини аниқлагунча турган ерида айланаверди, йиллар ўтиб чумолиларни унутиб юборган бўлса ҳам бу ҳидни дарҳол сезганди.
Чумолидан ажойиб нарса борми дунёда! Улардан ширин нарса борми? Ёғли, нордонгина, иштаҳани қитиқлайди, бунинг устига тўйимли – истаганча ейиш мумкин!
Тэдди тумшуғини чумолининг уясига суқиб, ҳузурланиб пишқирди – бу ҳид шунчалар ўткир эди. У тумшуғини янаям чуқурроқ суқди-да, кўзларини юмиб, тилини чапиллата бошлади. Бир зумда тумшуғини йирик-йирик сариқ чумолилар қоплаб, қулоқларига ўрмалаб кирди, бироқ Тэдди бошини силкитиб иштаҳа билан тамшанаверди. Ниҳоят у нафаси қайтиб, орқа оёғига ўтирди-да, тин олди. Дафъатан аллақачон унутиб юборган бир нима эсига тушди-да, у чумоли уясини буза бошлади. Чумолилар энди унинг панжасига ёпишди-ю, Тэддининг бамайлихотир ўтириб, панжасини ялашдан бошқа иши қолмади. Бу жуда қулай эди – энди чумолилар унинг тумшуғига, қулоқларига кириб ғашига тегмас, оғзига тупроқ билан ўт-ўлан ҳам тўлмасди. Тэдди охири чумоли уясида ҳеч вақо қолмагач, нари кетди.
Йўлида давом этиб, ёнбағрини арчазор қоплаган бир тепаликдан ошди, жарликдан ўтди. Хўжағатзорга дуч келиб кечгача ўша ердан чиқмади.
Олдинига булдуруғу карқурларнинг парриллаб ҳавога кўтарилиши, ҳовуздаги балиқларнинг бехос сакраши, ўрмон шовқини, яқин атрофда югурган буғуларнинг қасир-қусуридан Тэдди чўчирди. Ғалати, номаълум, ўткир ҳидлар ҳам хавотирга соларди. Бироқ у қўрқувни енгиб, бу номаълум ҳиду товушларга кўникиш, кейинроқ яна дуч келганида улардан нарироқ бўлиш ёки пешвоз чиқиш учун ўзини чоғларди.
Ҳозирги ҳаётининг дастлаб ўзи ҳам пайқамаган яхши томони бор эди: одамдан бошқа ҳеч нимадан қўрқмаса ҳам бўларди. У на бўрилару қоплонлар, на сувсарлардан ҳайиқарди. Уни ҳеч нима безовта қилмас, у ҳеч нарсадан тап тортмас, ҳеч зоғ уни таъқиб этмасди. Аксинча, ундан ҳамма ҳайвонлар қўрқар, ҳолбуки, ўрмонда энг баҳайбат ва хавфли йиртқич ўзи эканини Тэдди билмасди. Буни анчадан кейин, кунларнинг бирида иккита катта-катта бўри буғу жасадини хомталаш қилаётганини кўриб қолган пайтида англади. Бўриларга кўзи тушган айиқ нима қиларини билмай тўхтаб қолди. Бўрилар эса таҳдидона ириллаб, ўша заҳоти нари кетишди, Тэдди буғу гўштини пок-покиза тушираётганида эса яқин келишга ботинолмай анча нарида айланиб юришди. Ўшанда Тэдди ўзининг қудратли эканини сезган, бундан фахрланган ҳам эди. Шундан кейин ҳам бир неча бор бу ерга қайтиб келди. Ҳар сафар уни кўрди дегунча оч бўрилар ўлжани ташлаб нари қочаётганидан қувонарди.
* * *
Бир манзилда бир кун, бошқасида икки кун тунаб, Тэдди тобора шимолга яқинлашиб борарди. Кун сайин қарағайлар йириклашар, хўжағатлар, қулупнай ва брусникалар кўпайиб, қишлоқлар камайиб борарди. Беҳад гўзал, одам оёғи етмаган хилват гўшаларда сукунат ҳукмрон. Яна нима керак?! Бироқ Тэдди хотирасида шунчалар гўзал манзаралар ўрнашиб қолган эдики, кўз ўнгидаги воқелик уни қаноатлантирмас, у ҳамон аллақандай қадрдон юрт, аллақайси жаннатмакон айиқлар ошиёнига ошиқарди.
Ўзи қулай деб ҳисоблаган жойни топиб, Тэдди атрофни кўздан кечириб чиқарди. Чириган тўнкаларни кавлар, каламушу қуёнлар, олмахонлар уясини бузар, оқиш йўсин қоплаган тошларни ағдариб шиллиққурт ва чувалчанг изларди.
Бир сафар камбаргина кўл бўйида, сувнинг туйқус шалоплашидан ўтакаси ёрилиб тўхтаб қолди. Қирғоқдаги қиёқзорда исинаётган чўртан балиқлар айиқдан қўрқиб, ўт-ўлан орасидан чиқа солиб сувга шўнғир эди. Тэдди сув ва қиёқзордан кўз узмай қирғоқ ёқалаб йўлга тушди.
У ҳали балиқ гўштининг таъмини билмасди. Бироқ нимадир мана шу жониворлардан бирини тутиб ейишга ундарди. Ниҳоят у қилт этмай турган чўртан балиқнинг шарпасини сезиб, товуш чиқармай, ерга қапишиб яқинлаша бошлади. Четдан қараганда айиқ жуда ғалати алпозда эди. Олдинги панжалари билан тумшуғи ерга қапишгудек, гумбаздек кети эса кулгили тарзда селкилларди. Бироқ айиқ пусиб келар, митти кўзлари эса мудҳиш йилтилларди. Чўртан балиқ ётган ерни пойлаб туриб панжаси билан кескин урди-да, бўкириб сувга тушди. Дастлаб зарби нишонга тегдими, йўқми ўзи ҳам билолмади. Бироқ зум ўтмай лойқа сув сатҳига чўртан балиқнинг оқиш чўтир қорни қалқиб чиқди. Тэдди уни қирғоққа улоқтирди. Пок-покиза туширгач, балиқ гўштининг таъми оғзида қолди. Илк ҳафта давомида Тэдди кўп нарса ўрганди. Ҳидлар қайси тарафидан келаётган бўлса, ўша ёққа бошини қўйиб ётадиган бўлди. Мевалар билан илдизлардан ташқари қўзиқоринлар ҳам хушхўр эканини англаб етди. Энди Тэдди дастлабки кунлардагидек дуч келган нарсани оғзина солиб кавшайвермасди; ширали илдизлар зах ерда бўлишини билиб олди: муздек булоқ сувидан ичишни, шамол йўналишидан фойдаланишни ўрганди, унинг зийраклиги ошди ва энди энг нозик ҳидларнинг ҳам эски ёки янги эканини ажратадиган бўлди. Айиқ баъзи мева ва қўзиқоринларни емаслик кераклигини ҳам тушунди.
У чиниқди, ҳуда-беҳуда толиқмайдиган бўлди. Илк кунлари оғриб безовта қилган товонлари чўп-тиканлар, тошлар ботавериб дағаллашди, циркда юрганида қирқиб ташлашган тирноқлари яна ўсиб чиқди. У секин, деярли овоз чиқармай юрадиган бўлди.
Бошида Тэдди одатдагидек кўпинча кечаси ухларди. Бироқ кейинчалик ўрмон кечаси жуда мароқли бўлишини сезди. Тунда дайдиб юрган қуёнлар билан тулкиларнинг изи уларнинг яқингинада шу ердан ўтганидан дарак берар, ўт-ўлан орасида бир нималар ғимирлар, бутазорда аллақандай ҳайвонлар кезар, жар ва ялангликда қандайдир маҳлуқлар у ёқдан-бу ёққа ўтар, тун сукутида хўп аломат товушлар эшитиларди. Қолаверса, Тэддини куни билан безор қилувчи чивинлар билан искабтопарлар ҳам кечаси ғойиб бўларди. Оқибат у кундузи хилват ошиёнларда ётиб ухлайдиган, кечаси эса тез-тез дайдиб юрадиган бўлди.
* * *
Кунлардан бир кун Тэдди қишлоққа яқин ердаги ўрмонда сули экилган чоғроқ майдонга дуч келди. Бу ташландиқ майдон бўлмай одамзодга тегишли экинзор эди.
Тэдди ўша ерни ёқалаб юрди. Сули бошоқлари майингина қитиқлаб, баҳри-дилини очарди. Экинзорни айланиб чиқиб бирон нарса тополмагач, Тэдди нари кетди, бироқ анчадан кейин қайтиб келди-да, сулизорга шўнғиди ва ой нурига ғарқ бўлган бехавотир ерда ётиб, бошоқларини каппалай бошлади. Шу тариқа у сули мазасини билиб олди, бу бошоқлар нимаси биландир деярли унутиб юбораёзган сули ёрмасини унга эслатди. Дастлаб Тэдди очкўзларча, донини ажратиб ўтирмай бандини қўшиб еяверди, сўнг фақат бошоқларини шимиб чайнашга ўтди, тонгга яқин экинзорнинг бир қисмини пайҳон қилиб жўнаб қолди. Сули жуда ёққан айиқ эртасига яна келиб, кечаси билан маза қилди. У индинига ҳам келарди-ю, лекин йўлда ботқоққа тушиб чалғиди: ўша ерда ўттизтача қурбақани ҳуркитиб юборди-да, тутиб ейман деб балчиққа ағанади, сўнг анчагача шалтоғини тозалашдан ортмади.
Тэдди шу куни эрталаб экинзор ёқасидаги йўлда аравада одамлар ўтганини, улар экинни узоқ кўздан кечиргач, фиғонлари фалакка чиқиб қайтиб кетишганини ва кечқурун болта-ю, тахта кўтариб келиб, ўзлари учун қулай деб билган баҳайбат қарағайга бир нималарни қоққанларини билмасди.
– Жуда соз, – деди улардан бири кафтларини ишқаб, бошқалари совуққина кулиб қўйишди.
Сўнгра одамлар четроққа чиқиб аравадан милтиқларини олгач, иккитаси қарағай тепасига тирмашди, яна бир шериклари эса қайтиб кетди.
Тэдди уйғонганида ой ўрмон узра ҳаволаниб улгурган эди. У сассиз, у ёқ-бу ёққа аланглаб, ҳавони искаб, сукунат бағрида анча ётди. Сўнг ўрнидан туриб эснади, керишди, сули ёдига тушиб экинзорга жўнади. Йўлда бирор ис олиб тўхтар, тумшуғини ўт-ўланга суқиб искай-искай ширали илдизни суғуриб чапиллатиб ерди.
Тэдди сулизорга етиб келди-да, ўзи икки кеча маза қилган жойни кўздан кечириб бораётганида, ўша ерга ўн беш қадам қолганида бирдан таққа тўхтади.
Йўқ, у тиқ этган товуш эшитмади, бирон нима пайқамади ҳам. Лекин ички бир сезги уни огоҳлантирди: бу ерда кимдир ўтирганга ўхшарди.
Тэдди экинзорни ўрмон ичи билан айланиб ўтиш учун ўнгга бурилди, жуни ҳурпайди, бироқ одатдагидек бўкирмади: товуш чиқармаслик зарурлигини ҳис этарди.
Ҳеч зоғ кўринмас, қилт этган шарпа йўқ эди. Енгилгина шабада эсиб, Тэддининг димоғига яна сули ҳиди урилди. Бироқ айиқ ҳар сафаргидек тамшанмади, сўлагини ютиб ой нурида оқариб кўринган йўлга чиқди. Димоғига куюнди, гўнг, тамаки ва одам иси келди. У тўхтаб ҳавони ҳидлади. От минган одамлар келгани, шу ерда тўхтаб чекишгани, сўнг жўнаб кетишганини англади. У яна ҳам дадилланиб йўл ёқасидан юрди, яна уни кесиб ўтиб, энди экинзорнинг бошқа тарафидан кирди.
Рус тилидан Олим Отахон таржимаси
(Давомини 2022 йил 12-сонидан ўқийсиз)